18 March 2012
06:15 - ЕИ Марказий Осиёга қаратилган стратегиясини қайта кўриб чиқмоқчи
Ўзбекистон ва Қозоғистон оммавий ахборот воситалари 16 март куни Брюсселда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини амалга ошириш бўйича йиғилиш бўлгани ҳақида хабар бердилар. Йиғилиш ЕИнинг Россия, Шарқий қўшнилар ва Ғарбий Балканлар билан ишловчи Дипломатик хизматининг ижрочи директори Мирослав Лайчекнинг Марказий Осиё давлатларининг координаторлари билан учрашуви форматида ўтган. Қозоғистон тарафидан учрашувда Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алексей Волков иштирок этибди. Табиий, Ўзбекистон ўз вакилининг номини ҳам очиқламаган. Учрашувда Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари ҳам қатнашган.

Қозоқларнинг хабарига кўра, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус комиссари Пьер Морель бу учрашув хусусида шундай дебди: “ЕИ 5 йил аввал қабул қилинган Марказий Осиё стратегиясини қайта кўриб чиқмоқчи. Бу стратегия икки тарафлама ҳужжат эмас, шундай бўлса ҳам, биз марказий-осиёликларнинг фикрини ҳам эшитишни истадик, уларни инобатга олишга ҳаракат қиламиз.”

Маълумки, дейди “Ҳаракат” мухбири, ЕИ Андижон воқеаларидан кейин, масалан, Ўзбекистон билан алоқаларини тўхтатиб қўйган, Ўзбекистонга қарши санкциялар киритган эди. “Бирлик” партияси ЕИга мурожаат қилиб, диктктураларни изоляция қилиш ва уларга қарши санкциялар киритиш демократик жараёнларни ривожлантириш нуқтаи назаридан фойдасиз эканлиги, бунинг исботи сифатида АҚШнинг бурни остидаги Куба мисолига қараш лозимлигини таъкидлади. Диктатураларни Ғарбга интерация қилиш фойдалироқ эканлиги ҳақида ўз фикрларини баён қилди.

ЕИнинг Ташқи ишлар бўйича бош комиссари Хавьер Солананинг маслаҳатчиларидан бири “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатга макуб йўллаб, Хавьер Солана “Бирлик”нинг баёноти билан шахсан танишиб, уни маъқуллаганини ва Пьер Морелга Абдураҳим Пўлат билан доимий алоқада бўлиш топшириғи берганини айтганди.

Айнан ўшандан кейин ЕИ Марказий Осиё диктаторларини Ғарбга интеграция қилиш стратегиясини ишга солган. Айнан ўша стратегия асосида ЕИ Тошкентда ўз ваколатхонасини очди, 2010 йилнинг июнь ойи бошларида Пўлат Охун бошчилигидаги асосан “Бирлик”чилардан иборат бўлган Ўзбекистон демократик мухолифатининг делегацияси Европарламент ва Еврокомиссияда қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳаракат” агентлиги батафсил хабарлар берган.

Кеча тарқатилан хабарларда ЕИнинг 5 йил аввал қабул қилинган Марказий Осиё стратегияси қайси томонга ўзгариши айтилмайди. Аммо, тахмин қилиш керакки, ҳамма нарса “Бирлик”нинг таклифлари йўналишида бўлади, Марказий Осиё диктаторларини Ғарб демократияси қучоғига олиш тезлашади. Маҳаллий демократлар бундан яна ҳам самаралироқ фойдаланишни ўйлашлари керак

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону