27 December 2011
01:22 - “Ҳаракат” хатқутисидан: (Қозоғистонда) “Сояда қолган қаҳрамон” ёхуд фидойи инсоннинг хизматларини яшириш кимга керак бўляпти?
Жанубий қозоғистонлик олим, математика фанлари номзоди Собиржон Ҳамид ўғли Нурматов 59 ёшида оламдан ўтди. У собиқ СССР тарихида биринчилардан бўлиб Миллий маданий марказ очган, халқ дарди билан, миллат қайғуси билан, давлат қайғуси билан юрадиган инсон эди.

1985 йил. С.Нурматов давр тақозоси билан миллат олдида турган, 70 йилдан бери тўпланиб келаётган муаммоларни кўтариш ва уни ечиш учун миллий ташкилот керак, деган хулосага келди.Бунинг учун миллатни, айниқса, илғор зиёлиларни жалб қилиш, уйғотиш зарур эди.Ўй ва фикрлари билан 1986 йилнинг куз фаслида юртимизнинг бир гуруҳ илғор зиёлиларидан билан ўртоклашди. У пайтларда миллий масала буйича дуч келган одам билан гаплашиб бўлмасди.Улар Собиржон акани қўллаб-қувватладилар ва тез орада ҳамкорликда иш бошлашади, тез-тез учрашиб, тузилажак ташкилот "Ўзбек маданият маркази" низоми ва дастурини ишлаб чиқишга киришадилар.

Чимкентлик бир гуруҳ зиёлиларнинг фаолияти ва ташаббусини Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раҳбарлари, жумладан, хамюртимиз, ёзувчи Одил Ёқубов, шоир Мирпўлат Мирзо ва Тохир Малик, қўллаб қувватладилар. Халқимиз орасида тушунтириш, ташвиқот ишлари олиб борилди. Кўпчилик уларни тушунмас, ҳатто улар билан гаплашишдан ўзини олиб қочарди.

Хуллас, маслакдошлар топиш қийинчилик билан кечади.1989 йил ёзига бориб уларнинг сафи аранг, 15-20 нафар кишига етди. Улар орасида: Икром Ниёзов, Марҳабо Абдиева, Абдулла Абдуқодиров, Матёқуб Алимов, Абдумажид Муханов, Махаммад Саидов, Тўлебий туманидан Абдусаид Қорахўжаев, Туркистондан Эрназар Рўзматов ва бошқалар хайрихоҳлик билдириб, фаол катнашдилар. Вилоят миқёсида қурултой ўтказиш учун тайёргарлик ишлари бошланиб кетди.

Собиқ Иттифоқда биринчи бўлиб Қозоғистондаги ўзбек миллатининг муаммоларини кўтариб, уларни ҳал этиш учун мўлжалланган ташкилот тузилмоқда эди. Ниҳоят, 1989 йил 17 декабрда, Чимкент шаҳрининг Вилоят Филармониясида 500 га яқин миллатимиз вакиллари иштирокида "Ўзбек маданият маркази”нинг таъсис қурултойи очилди ва халқнинг миллий байрамига айланди. Қурултойда миллатимиз олдида турган қатор долзарб муаммолар, жумладан, тилимизни, урф-одатларимизни сақлаш, анъаналаримизни тиклаш ва ривожлантириш, Ўзбекистон ва чет эллардаги ўзбек миллати вакиллари билан борди-келди, маданий ва иқтисодий алоқалар ўрнатиш, олдимизда турган муаммоларни тегишли ташкилотлар (давлатлар) билан хамкорликда ечилишни жадаллаштириш, таълим-тарбия, маориф, ўзбек тилида телекўрсатувлар ташкил килиш,миллий рўзнома чоп этиш, "Ўзбек драма ва комедия" театри очиш ва бошқа қатор масалалар кўрилди.

Қурултой иши давомида миллатимиз вакиллари ўз ўй-фикрлари билан ўртоқлашдилар. Шу аснода, ечимини кутаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди. Муаммоларнинг ечимини тезлаштириш мақсадида жойларда: Сайрам (Эрметов, Муҳиддинов), Тулебий тумани (А.Қорахўжаев), Туркистон шаҳри (Эрназар Рўзиматов), Кентов (Бекмуродов С.) каби шаҳарларида "Ўзбек маданият марказлари” очилди. Кўп ўтмай Ленинград шаҳрида, Тожикистонда, Қирғизистонда "Ўзбек маданият марказ"лари очилди, унда жанубий қозоғистонликларнинг тажрибалари қўл келди.

Тожикистонда ва Қирғизистонда ўтган анжуманларда вакилларимиз қатнашди. Қурултойда кўтарилган масалаларни Қозоғистондаги ўзбеклар муаммосини давлат муаммоси даражасигача кўтариб, Ўзбекистондаги "Қозоқ маданият маркази" раиси Ортиқ Укибаев билан ҳамкорликда, Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларига халқимиз олдида турган муаммоларини ҳал этиш масаласи бўйича мурожаат қилишди.Бу мурожаат эътиборсиз қолмади. Натижада, икки миллат-Қозоғистондаги ўзбеклар ва Ўзбекистондаги қозоқлар муаммолари Собиқ Иттифокда биринчилардан бўлиб, икки республика ўртасидаги 1990-1995 йилларга мўлжалланган республикалараро сиёсий-ижтимоий, иктисодий ва маданий алоқалар дастурига киритилди.

Кўплаб муаммолар икки давлат раҳбарлари Н. Назарбоев ва И. Каримовларнинг 1991 йилнинг ёзидаги Туркистон шаҳрида дўстлик, тинчлик, ҳамкорлик ва бошқа масалаларга бағишланган учрашувида ўз аксини, ечимини топди. Бу ҳам миллатимиз тарихида муҳим воқеа бўлди. Шундай қилиб, "Ўзбек маданият маркази" миллатлар орасида тинчлик -тотувликни сақлаш, дўстлик ўрнатиш ишига салмоқли ҳиссасини қўшди.

Шундан кейин марказнинг ишлари юришиб кетди. Тез орада "Дўстлик байроғи"(ҳозирги “Жанубий Қозоғистон”) рўзномаси очилди. Сайрам музейи вужудга келди. Ўзбекистон жумхурияти олийгоҳлари ва билим юртларига талабалар алмашинуви амалга оширилиши, вилоят ойнаи жаҳонида ўзбек тилида ойига икки соатлик эшиттириш учун вақт ажратилиши шулар жумласидандир. Вилоятимизга Ўзбекистондан шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар тез-тез ташриф буюриб туришди. Жумладан, ўзбек шоирлари Эркин Воҳидов, Мирзо Кенжабек, ёзувчи Ўткир Ҳошимов, таниқли адабиётшунос олимлар, профессор Умарали Норматов, филология фанлари номзоди Саъдулла Сиёёв ва бошқалар. Бу учрашувларни уюштиришда адабиётшунос олим, фалсафа фанлари номзоди Умринисо Мусаеванинг ҳиссаси катта бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юлдуз Усмонова, Камолиддин Раҳимов, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Кумуш Раззоқова, сўз усталари Обид Асомов ва бошқалар санъати билан халқимизни хушнуд этдилар.

1991 йили Ўзбек маданият маркази қошида кутубхона очилди. Юқори ташкилотларда, раҳбар кадрлар орасида миллатимиз вакиллари йўқ эди, бу борада ҳам бир оз силжишга эришилди.Чимкент шаҳридан 50 йил деганда марказ фаолияти натижасида Қозоғистон Олий Советига миллатдошимиз депутат этиб сайланди. Вилоятимизда соф ўзбек мактабларини сақлаб қолиш, сифатини яхшилаш ва унинг сонини кўпайтириїш масалалари кўтарилди. Раққоса қизлар дастаси ташкил этилди (раҳбарлар Зуҳра Қурбоновна, Озода Мусаева). А.Навоийнинг 550 йиллик тўйи кенг кўламда нишонланди, Наврўз ва бошка халқ байрамлари тикланди ва нишонланди.

Санъаткорлармиз ва миллатимиз вакиллари тумандан тортиб республика миқёсидаги байрам ва анжуманларда катнашиб, халк олкишига сазовор бўлди. Ўзбек маданият маркази республикамиздаги ўзбеклар муаммоларини кўтарганлиги ва айримларини ҳал этиш билан биргаликда, маҳаллий рахбарлар нафақат вилоят миқёсида, балки расмий равишда шаҳар миқёсида қонунлаштирдилар. Уларнинг олдида улкан вазифа, ташкилотни вилоят миқёсида расмийлаштириш вазифаси турар эди. Қозоғистон мустақил давлат бўлгандан буён 1992 йил 2 февралида марказга "Вилоят ўзбек жамияти" мақоми берилди, тўғрироғи, "Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек жамияти", деб атала бошлади. Жамият сўзини қўшишдан мақсад ташкилотига нафакат маданият, балки сиёсий тус ҳам бериш керак эди. Чунки, миллат сиёсат билан чамбарчас боғланган. Ташкилот олдида турган муаммоларни ҳал этишда Собиржон Нурматов бошчилигидаги ташаббускор гуруҳга яқиндан ёрдам берган ажойиб миллатпарвар, халқпарвар инсонларни афсус, бирма-бир санаб ўтиш имконияти йўқ.

Бу халқпарвар инсон ўзидан кейин ёруғ из қолдирди. Юқорида тилга олинган ишлар, албатта тарих зарварақларида мангу қолиши керак.Собиржон аканинг хизматини халқ унутмаслиги керак. Зеро, тарихини унутган жамиятнинг келажаги йўқ. Физика-математика фанлари номзоди бўлса ҳам Собиржон Нурматов маданият соҳасида ҳам оташнафас жамоат арбоби эди.

Минг афсуски, бу инсоннинг бажарган ишлари ва унинг хотирасини абадийлаштириш борасида ҳозир Жанубий Қозоғистон ўзбек оммавий ахборот воситаларида ҳеч қандай гап бўлаётгани йўқ. Бу жимжитликни қандай баҳолаш мумкин? Советлар даврида миллий маданият маркази қуриш учун, ўзбекларнинг ибораси билан айтганда, отнинг калласидай юрак керак эди одамга. Собиржон аканинг бу ишини ҳақиқий қаҳрамонлик деб баҳоласак, ҳеч муболаға бўлмайди. Зеро, бундай ишларни бошлаш ўз жонини гаровга қўйиш билан баробар эди.

Лекин, бу фидойи ва камтарин инсоннинг хизматларини яшириш кимга керак бўлаётган экан. Биз ўз фикр–мулоҳазаларимизни ёзиб, 14 август куни “Жануб жарчилари” таҳририятига олиб бордик. Лекин, газетанинг 25 август сонида мақола баъзи жойлари қирқиб ташланган, мазмуни ўзгартирилган ҳолатда чиқди. Бу ўзгаришлар ҳақида муаллифлар огоҳлантирилмади ҳам.

Журналист биродарларимиз ҳассос журналист Анатолий Аграновскийнинг“Кесилган ҳақиқат ёлғондан ёмондир”, деган доно фикрини унутиб қўйишганга ўхшайди. Мақолада Собиржон ака томонидан бажарилган ишлар ёзилган қисми қисман ёритилган. Демак, Собиржон аканинг элга қилган беқиёс хизмати тан олингандай. Бизнинг иддаомиз - Собиржон НУРМЕТОВ 1986 йилдаёқ миллий маданий қуриш ғояси билан чиққанлиги ва 1989 йили Жанубий Қозоғистонда ташкил этилган вилоят ўзбек маданий маркази ўша кишининг тинимсиз ҳаракатлари натижаси эканлигини эътироф этилишидир. Агар бу иддаомиз нотўғри бўлса, мутасадди мутахассис ва журналистлардан МДҲ давлатлари ё Қозоғистонда бу ишлар ким томондан бошланганлигини хабар қилишингизни сўранамиз. Биз қозоғистонлик ўзбекларнинг Қозоғистонннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта ўрин тутиб, юрт истиқболи, равнақи, сиёсий барқарорлигини мустаҳкамлашда катта ҳисса қўшишларини истар эдик.

Балки, Қозоғистон ўзбеклари ҳамжамияти раиси Ғафур Қосимов бу кишининг вафотидан ҳали хабарсиздир. Агар С.Нурметовнинг юқорида тилга олинган ишлари тасдиқ топса, давлатимиз Президенти Н.Назарбаев ҳам таъзия билдирган бўларди. Агар вилоятимиз маданият маркази фаоллари сукут сақласалар, "Жанубий Қозоғистон” газетасининг бир бурчагида оила аъзоларига таъзияномасини топиб ўқиб олиши керакмиди...

Бугунги кунда марказнинг барча фаоллари Собиржон ака очиб берган йўлдан боришмаяптими, яъни унинг шогирдлари эмасми? Фарзанд отасига қандай мурувват кўрсатса, вақти келиб, ўз фарзандидан шундай мурувват кутмайдими? Устоз билан шогирдчи? Ҳечдан кўра кеч яхши, дейди халқимиз.Шундай экан, шу мақола туртки бўлиб, бирин-кетин устозга бағишланган ёдномалар газеталар саҳифаларида чоп этилса ва қаҳрамонимизнинг хотирасини абадийлаштиришга бағишланган қатор тадбирлар амалга оширилса, деган умиддамиз.

Қанчалик яширишга ҳаракат қилинган тақдирда ҳам ҳақиқат барибир бир куни юзага чиқади. Бировнинг хизмати бировга сохта обрўдан бошқа ҳеч нарса келтирмайди,азизлар. Биз бунга аминмиз. Мақоламиздан мақсад, кимларгадир эътироз билдириб, кимларнидир айблаш эмас, балки барча жанубийқозоғистонлик зиёлиларга маънавий устоз бўлиб келган Собиржон Нурметовнинг хотирасини абадийлаштиришга ҳамюртларимизни чорлашдир, холос.Бу ишга юқорида тилга олинган ва олинмай қолган барча зиёли юртдошларимиздан сўранамиз.

Отабой РАҲИМҒОЗИЕВ
Муаззам НУРМАТОВА,
Муҳаммад СОБИРОВ,
Аваз Бўронбоев

* * *

Ушбу мақолани ўқиб Ўзбекистонга чегарадош мамлакатлар ўзбек маданий марказларидаги фаолият ҳақида бироз тасаввурга эга бўлиш мумкин, деб ўйлайман. Бу тасаввур эса, афсуски, ёқимли эмас. Яхлит ўзбек турки миллатининг ажралмас қисми бўлган бу қавмлар халқимизнинг ўзига хослиги, тили, урфи, маданиятини сақлаб қолиши, ўз мамлакатларида ўзбек жамоасининг сиёсий-ижтимоий ,ҳуқуқий ҳақларини ҳимоя қилиш каби масалалар билан шуғулланиши керак бўлган ўзбек маданий марказлари фаоллари кўпроқ “менинг хизматим кўп”, “миллий марказ мен истаганча иш юритади”, деган иддаолар асосида иш юритаётган кўринади.

Энг ёмони, мақоладан кўриниб турибдики, маданий марказнинг етакчилари қўли етадиган газеталар саҳифаларида ҳақиқатни юзага чиқариш учун баҳс юритиш ўрнига, цензорлик қила бошлаганлар. Ундан ҳам ёмони эса, ўзбек маданий маркази бошчилари олдига қўйган мақсади мамлакатларидаги ўзбек турғинларининг сиёсий–ижтимоий–иқтисодий-маданий-миллий масалаларининг ечимига қаратилганми ёки шахсий “обрў” ва иқтисодий – маъмурий мавқеини яратиб уни мустаҳкамлашга қаратилганми эканлигини англаб бўлмайди. Оддийгина бир мисол : 2001 йилда мен Чимкентга ишга борганимда, ўзбек мактабларида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари етишмаслигини, бунинг устига 67 та ўзбек мактаби учун на Ўзбекистонда ва на Қозоғистонда ўзбек тили адабиёти ўқитувчилари тайёрланмаётганидан ташвишландим.

Бу кетишда ҳозир бу фандан дарс бераётганлар нафақага кетишса,бирорта ҳам соҳа мутахассиси қолмаслиги аниқ. Демак, яқин келажакда бу мактабларда мутахассислар йўқлиги баҳонаси билан қозоқ адабиёти ва тили ўқитилишига замин яратилмоқда. Бусиз ҳам Қозоғистондаги ўзбек мактабларида аниқ фанлар, баъзиларида ҳатто гуманитар фанлардан қозоқ ўқитувчилари дарс бермоқдалар. Бунинг бир қараганда ,ёмон томони йўқдай, Қозоғистонда, айниқса, ўзбеклар яшайдиган минтақаларда қозоқ тили тўлалигича давлат тили мақомига эришган. Шунинг учун ўзбеклар бу ерларда ялписига бу тилда ўқиб, ёза оладилар ва бемалол сўзлашадилар. Ўзбек мактабларида қозоқ тили ва адабиётига жуда кўп соатлар ажратилган.

Булар, балки,яхши. Лекин Қозоғистон ўзбеклари қозоқ тилини ўзлаштириши шундай йўлга қўйилганки, улар ўзбек адабий тили ва адабиётидан (яъни миллий маданиятидан) тобора узоқлаштирилиб борилмоқда. Ўзбек мактабларида дарс берадиган хатто ўзбек ўқитувчилар адабий тилда ўқитишга эътиборсиз қараётган бир замонда, қозоқ ўқитувчилар ўзбек мактабларида дарсларни қозоқ тилида олиб бориши табиий, ҳатто қонуний кўриниш олмоқда. Оқибатда,ўзбек ўқувчилар адабий тил кўникмасини ҳосил қилиш имконидан маҳрумдирки, бу миллий анъана, миллий тарих, миллий адабиётдан, ниҳоят миллий ўзига хосликдан мосуво бўлишга олиб келади.

Хуллас, шу мавзуда “Ўзбек маданий маркази” фаолларига айтганимда уларнинг берган жавоблари тахминан қуйидагича бўлди: ”Э, буни биз ҳам айтганмиз, лекин фойдаси йўқ. Назарбоевга ҳам ёзганмиз, натижа бўлмаган”. Сизларга осон гапирасиз-да, Ўзбекистонга кетиб қоласиз, биз эса балога қоламиз”. Бу бало нима эканлиги билан қизиқдим. Бу бало унинг эгаллаб турган “лавозими”дан кетказилиши экан.

Бу маошсиз лавозимини ушлаб қолиш учунгина фаолият кўрсатаётган маданий марказ масъули у ердаги миллатдошлари учун нима қилиб бера олиши мумкин?! Дунёнинг қайси демократик давлатида бола йиғлашдан қўрқса, она унга сут берар экан! Мамлакатининг конституцияси доирасида,қонунга уйғун миллий талаблар қўйилса-ю .унинг учун балога қолинишидан қўрқилса,миллий марказда бундай кишиларга нима бор! Ундан кўра бизнес билан шуғулланса ёки миллий масалалардан йироқ бир иш билан шуғулланса, ўзи учун ҳам, миллатдошлари учун ҳам, яшаб турган мамлакати учун ҳам яхши эмасми?

Миллий маданий марказ, хусусан, Қозоғистондаги ўзбек маданий маркази фаолияти, асосан, Ўзбекистондан қўшиқчилар олиб келиш,ҳар замонда шоир ва ёзувчиларни таклиф қилиш каби ҳеч қандай марказсиз якка шахс ҳам бажара оладиган ишлар билан ҳамда байрамларда ўзбекча таомлар пишириб,атлас кўйлаклар кийдириш ёки илгари маданий марказсиз ҳам ёмон ташкил этилмаган наврўзда сумалак пишириш билан чегараланиши марказда миллат ташвишидан анча йироқ бўлган кимсалар йиғилиб қолганидан дарак бермайдими?!

Яна бир ташвишли хулоса, ушбу маданий марказ фаолияти билан Ўзбекистон ичидаги мухолифат ва айниқса хориждаги мухолифат фаолиятида муштараклик сезилмаяптими!?

Бахтиёр Исабек

Расмда: Ўзбек миллий марказининг Олмотадаги кўргазмаси, 2008

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону