20 June 2012
15:54 - Тошкент бирликчиларининг йиғилиши сенсациями?
“Бирлик” Партияси Тошкент шаҳар ташкилоти фаолларининг шу йил 1 июндаги узоқ йиллардан бери биринчи расмий йиғилиши ҳақидаги хабар “Ҳаракат” тарафидан сенсация деб баҳоланганди. Бор-йўғи 20 кишининг йиғилиши ҳам сенсациями деган эътирозлардан ташқари, ўша йиғилишнинг баъзи қатнашчилари ҳам “сенсация” баҳосини бироз бўрттириш сифатида кўрибдилар. Аслида, бу хабарнинг сенсация ёки сенсация эмаслиги жуда муҳим нарса эмас, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, аммо шу баҳонада баъзи тарихий воқеаларни эслашдан фойда бор. 1988 йил 11 ноябрь куни Дадахон Ҳасаннинг уйида “Бирлик” халқ ҳаракатининг Ташаббус гуруҳи тузилиши – миллатимизнинг тарихида қоладиган воқеа бўлган. Бироқ, ўшанда бу йиғилишни сенсация деб баҳолашни қўйиб туринг, у ҳақда бирон ерда хабар тарқатишни ҳам ҳаёлимизга келтирмагандик. Кейинчалик Ташаббус гуруҳи 19 кишидан иборатлиги айтилабошлади. Чунки, биринчи йиғилишда қатнашмаган фан доктори Олим Каримов, буюк ёзувчимиз Ойбекнинг ўғли Бекжон Тошмуҳамедов ва яна бир неча киши Ташаббус гуруҳига кейинчалик киритилди. 11 ноябрдаги йиғилишда эса, “бор-йўғи” 13 ёки 14 киши бор эди. Кўз олдингизга келтиринг, ташқи кўринишидан унча кўп бўлмаган бир гуруҳ одам дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтирарди. Ҳеч қандай расмий чиқишлар бўлмаган, протокол ёзилмаган, расмий қарор чиқарилмаган. Мамлакатдаги вазият ва бошқа республикларда бўлаётган воқеалардан келиб чиқиб ва уларга тақлид қилиб, “Бирлик” номи остида оммавий ҳаракат тузиш лозимлиги гапирилди ва “овозга қўйиш” каби расмиятчиликсиз шунга келишилди. Мен Ташаббус гуруҳининг ташаббусчилари ичида эмасдим, бу йиғилишга қандай тайёргарлик кўрилганидан ҳам хабарим бўлмаган. Қарасам, одатда янги ташкилот тузилаётганда қабул қилинидиган ва “Декларация” деб аталадиган ҳужжат лойиҳаси ҳам тайёрланмаган. Буни ташаббусчиларга эслатдим, аввалига “декларация нима?” деб сўрашди, тушунтирдим, натижада уни тайёрлаш менга топширилди. Гуруҳнинг раисини сайлаш керак дедим. “Йўқ, раис сайланса, ҳукуматнинг босими биринчи навбатда унга қаратилади, раиссиз ишлайверамиз” дейишди. Эътирозларимга қулоқ солишмади. Тушундимки, ҳамма қўрқарди, ташаббусчилар ичида раис бўлиш жасоратига эга бўлган одам йўқ эди. “Ташаббус гуруҳи тузилгани ҳақида ҳозирданоқ ҳамма ерда гапираверамизми?” деб сўрадим. Ҳамма жим бўлиб қолди. Вазиятни тушундим ва шундай дедим: “Агар тузилаётган ташкилот яширин ташкилот бўлса, мен шу заҳотиёқ бу ердан кетаман. Менимча, шу дақиқадан бошлаб, “Бирлик” тузилаётганини ҳамма ерда гапириш, уни реклама қилиш керак.” Шундай қилишга ва Ташуббус гуруҳинининг мажлисларини ҳар ҳафтада бир марта ўтказишга келишдик. 1-2 кун ичида “Бирлик”нинг тузилиш декларациясини тайёрладим. Ташаббус гуруҳининг иккинчи мажлисида у тасдиқланди, уни тарқатишга бошладик. Кибернетика институтидаги ўзим раҳбарлик қиладиган лабараторияда биттагина машинка бор эди, янгигина ишга олинган Ойша исмли уйғур қизи кунига бир амаллаб, 5 ёки 10 дона декларация матнини ўзбек харфларисиз тайёрлаб берарди, уни тарқатардик. Ҳамма ёзувчиларнинг уйида ўзбек харфли машинкалар бор эди. Уларнинг биронтаси, кўп марта эслатишимга қарамасдан, ўз машинкаларида Декларация матнини кўпайтиришмаган. Қўрқишарди. Учинчи мажлисда мени зўрлаб Ташаббус груҳининг раиси қилиб сайлашди. Аниқ биламанки, ўша кунлари мен айтган нарсалар қилинмаса эди, яъни Декларация ёзилмаса, “Бирлик” тузилгани ҳақида очиқча гапиришга келишилмаса ва раис сайланмаса, “Бирлик” халқ ҳаракатидан роппа-роса бир ҳафта илгари бошқа бир ёзувчилар гуруҳи томонидан тузилган Ўзбекистон халқ фронти каби, “Бирлик” ҳам қоғозда қолиб кетарди. “Бирлик”нинг миллат тарихида умрбод қоладиган воқеага айланишининг сабаби – фақатгина унинг тузилишида эмас, унинг тузилиши Декларация воситасида ҳаммага маълум қилинишида, унинг мақсадлари ва иш услуби айнан ўша Декларация воситасида ҳаммага очиқча билдирилишида, Ташабббус гуруҳи “Бирлик”ни тузиш устида узлуксиз амалий иш олиб борганидадир. Ўша пайтда “Бирлик”ни ҳукуматда кучлироқ бўлган ташкилотга айлантиролдик. Аммо, ўзбек ёзувчиларининг мутлақо кўпчилиги табиатан хоинлар эканлиги, Ташаббус гуруҳида айнан ёзувчилар кўпчилик эканидан фойдаланган СССР КГБси “Бирлик”ни тузилганига 1 йил ҳам бўлмасдан парчалашга, КГБнинг меросхўри бўлган Ўзбекистон МХХси кейинчалик демократик мухолифатни бутунлай йўқ қилишга эришди. Орадан ўн йил ўтиб, 2001-2003 йиллари биз “Бирлик”ни қайтадан жонлантирдик, уни тикладик. Андижон воқеаларидан кейин мухолифат феълан яна йўқ қилинди. Ҳозир “Бирлик”ни яна тиклаш – унинг Тошкент шаҳар ташкилотининг йиғилишини 1 июнь куни ўтказишдан бошланди. Мен унинг тайёрланишида, ўша куни ўтказилишида узоқдан туриб қатнашдим. Шуни маъсулият билан айта оламанки, жаҳоннинг 10 та энг ёмон диктаторликлари рўйхатига кирган Ўзбекистонда бундай мажлисни биздан бошқа ҳеч ким ўтказолмасди. Очиқча айтиш керак, ўзбеклар бундай мардликни баҳолаш ва тақдирлаш савиясига эмас. Айнан шу сабабли, мақсадимиз Ўзбекни қайтадан миллат қилишдир, демоқдамиз. 1 июнь куни бир гуруҳ бирликчининг Тошкентда дастурхон атрофидаги йиғилиши, “Бирлик” Ташаббус гуруҳининг 1988 йил 11 ноябрдаги мажлиси каби, тарихий жараёнларнинг бошланишига туртки бўлишига эришишимиз керак. Тўғри, бу нарса, 1988 йилда ҳам бўлгани каби, ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Буни биз ўзимиз қилишимиз керак ва қиламиз. Ана ўшандагина Тошкент бирликчиларининг 1 июндаги йиғилиши ростакам сенсация эканлигини ўзбеклар тан олади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону