04 October 2011
07:27 - ЕХҲТнинг кечаги мажлисида Васила Иноят қисқа, аммо оташин чақириқ қилди
Шу кунларда Варшавада ўтаётган ЕХҲТнинг йиллик “Инсоний ўлчов” анжуманида бу ташкилотнинг 56 аъзо-мамлакатидан келган ташқи ишлар вазирликларининг делегациялари иштирок этишмоқда. Пленар мажлислардан ташқари, турли секцияларнинг йиғилишлари шаклида ўтаётган Анжуманда иштирок этаётган “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноят “қийноқлар ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” ҳамда “болалар меҳнати”га бағишланган йиғилишларда чиқиш қилганини аввалги хабарларимизнинг бирида билдирган эдик. Кеча Васила Иноят ҳамма делегацияларнинг иштирокида ўтказилиб, “муҳожирлар ва қочқинлар, уларнинг фуқаровий, нофуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари”га бағишланган йиғилишда кўпчилик учун кутилмаган, аммо оташин чиқиш қилиб, ҳамманинг диққатини ўзига тортди. Бугунги йиғилиш муҳожир ва қочқинларнинг сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида ҳамдир, деб гапини бошлади Васила Иноят. Бу – ўн минглаб кишиларнинг тақдири билан боғлиқ бўлган жуда муҳим мавзу. Аммо, диктаторликларда яшаётган миллионлаб фуқароларнинг сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари бундан ҳам муҳим эмасми? Муҳим. Шу сабабли, мен Ўзбекистонда инсонларнинг сиёсий ҳуқуқларининг топталаётгани ва уларни тузатиш йўллари ҳақида гапирмоқчиман. Ўзбекистондаги мавжуд ҳокимият инсон ҳуқуқларининг топталиши бўйича “Эзгулик” жамияти ва бошқа ташкилотларнинг, қолаверса, халқаро ташкилотларнинг ҳам, Ғарб давлатларининг ҳам, танқидларига мутлақо эътибор бермайди, деб гапини давом эттирди Васила Иноят. Йиллардан бери инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўта ёмон аҳвол ўзгармаяпти ҳисоб. Биз шундай фикрга келдик: Мамлакатда сиёсий муҳит ўзгармагунча, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам аҳвол ўзгармайди. Сиёсий муҳит эса, демократик мухолифат расман тан олиниб, давлат сиёсатига таъсир эта оладиган структураларга, хусусан, парламентга киргандан кейингина ўзгариши мумкин. Шу хулосадан келиб чиқиб, биз сиёсий ҳуқуқлар масаласи, хусусан, демократик партияларни руйхатга олиш масаласи билан яқиндан шуғулланишни бошладик. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш учун растдан ҳам кураш олиб бораётган ягона партия – “Бирлик” Партиясидир. Аммо, Адлия вазирлиги мамлакат раҳбариятининг буйруғи билан 20 мингдан ортиқ партия аъзосининг ҳуқуқларини поймол қилиб, йиллардан бери бу масалани ҳал қилмаяпти, ўзининг сўнгги қарорини бермаяпти. Биз бу масала билан яқиндан шуғулланишга бошладик. Бизга демократик дунёнинг, хусусан, ЕХҲТ ва ЕИ каби структураларнинг ёрдами керак. Аммо, минг афсуски, бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Нима учундир сиёсий ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масаласидан ҳамма қўрқади. Бу ерда ҳам ўзгаришлар лозим. Афсуски, ЕХҲТнинг Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари Бюроси (ДИИҲБ) бу каби масалалардан қочмоқда. Гўёки улар асосан сайловларни мониторинг қилиш билан шуғулланишар эмиш. Сайловда қатнашиш учун партия рўйхатдан ўтиши керак. Демак, партияни рўйхатдан ўтказиш босқичи - сайловолди жараёнининг ажралмас бир қисмидир. Партияларнинг рўйхатдан ўтиш жараёнларини мониторинг қилиш - ДИИҲБнинг вазифаларидан биридир, бири бўлиши керак. Наҳотки, ДИИҲБдагилар шуни тушунишмайди? Қолаверса, бундай танқидий гаплар Халқаро Республикачилар Институти, Миллий Демократик Институт, Фридом Хауз ва Хьюман Райтс Вотч каби ташкилотларга ҳам тегишлидир. Умид қиламанки, ЕХҲТнинг ўзи ва унинг таркибидаги ДИИҲБ Ўзбекистонда демократик партияларни рўйхатдан ўтказиш масаласида ўзбек демократларига ёрдам қўлини чўзадилар. Васила Иноятнинг нутқи қарсаклар билан кутиб олинди, дейиш – воқеани бўрттириш бўларди. Аммо, унинг кутилмаган сўзлари ҳамманинг диққатини ўзига тортгани шубҳасиз. Васила Иноят минбардан тушиши билан унинг олдига келган ДИИҲБнинг Демократик бошқарув ва жамият масалаларида иштирок этиш бўлимининг раҳбари Dr. Marcin Waleccki унинг гапларидан таъсирланганини айтди ва сешанба, яъни бугун учрашишни ҳамда бу масалалар хусусида чуқурроқ маслаҳатлашишни таклиф қилди. Табиий, таклиф қабул қилинди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону