11 September 2010
22:18 - Абдураҳим Пўлат: Қуръон муқаддас, аммо унинг турли йўллар билан қилинган ҳар бир нусхаси муқаддас бўлолмайди
Америкалик бир аҳмоқ пасторнинг Қуръон нусхаларини ёқиш ниятига шиддат билан қарши чиқаётган баъзи мусулмонлар ҳам аҳмоқликда ўша пастордан қолишишмайди, шекилли. Уларга ва уларга ўхшаганларга қуйидагилар эслатиб қўйилса эди, анча фойдали бўларди, деб ўйлайман.

Қуръон – муқаддас. Аммо, у бизга китоб шаклида берилмаган. Кейинчалик одамлар Қуръонни аввал қўлда ёзиб, кейинчалик полиграфия усуллари билан китоб шаклида чоп этдилар. Яхши қилдилар. Ўтган юз йиллар ичида Қуръоннинг миллионлаб нусхалари яратилди. Қани ҳозир улар? Уларнинг ҳаммаси борми? Йўқ. Уларнинг мутлақо кўпи турли шаклда йўқ бўлиб кетди. Мен коммунист атеистлар йўқ қилган нусхаларни айтмаяпман. Мусулмон мамлакатларидаги миллионлаб оддий мусулмонларнинг, яъни Қуръонни муқаддас деб биладиган одамларнинг қўлида йўқ бўлган Қуръон нусхаларини айтмоқдаман.

19 асрнинг охиригача ҳар қандай информацияни сақлаш воситаси қоғоз бўлган. Кейин пластинкалар пайдо бўлди, энди CDлар бор, компютерлардаги файллар бор. Тахмин қилиш қийин эмаски, ҳозирданоқ, Қуръоннинг матни ёзилган CDлар, компютерлардаги файллар Қуръонни муқаддас деб биладиган одамлар тарафидан турли сабаблар билан йўқ қилинмоқда. Ҳақиқий мусулмонларнинг қанчалари хотирасида Қуръон ҳам ёзилган компютерларни ахлатхоналарга улоқтиришган бўлса керак. Баъзилар компютерни шундай улоқтиришган, баъзилари олдин Қуръон файлларини ўчириб ташлашгандир ҳам. Хўп, буни Қуръоннинг китоб шаклидаги нусхасини отиб юборишдан ёки ёқишдан нима фарқи бор? Қолаверса, яқин келажакда, Қуръоннинг нусхалари ҳам фақат компютер файлларида бўлади. Кимдир файлини ўчираман деса, унга қарши курашиб ўтирамизми?

Қуръоннинг ҳар бир нусхасини эъзозлашимиз керак, аммо ҳар бир нусхасини муқаддас қилолмаймиз. Буни тушуниш керак.

Флоридалик пасторнинг асл нияти Қуръоннинг устидан кулиш, уни таҳқирлаш, мусулмонларни ҳақорат қилишдир. У Қуръоннинг китоб шаклидаги нусхаларини ёқишдан воз кечган бўлса ҳам, асл мақсадидан воз кечмади ва кечмоқчи эмас.

Аммо, шуни ҳам тушунайлики, бундай ниятли одамлар ҳар доим бўлган ва бўлади. Мисол учун, ҳиндистонлик Салмон Рушди ёки бангладешлик Таслимa Насринни эслайлик.

Бундайларнинг оғзини ёпишнинг биттагина йўли – уларга эътибор бермаслик ва Ислом дунёсини жаҳонда ҳамманинг ҳаваси келадиган даражага олиб чиқишдир. Ҳозир эса ҳаммадан орқадамиз. Демак, устимиздан куладиганларнинг бўлиши табиий.

Дарвоқе, пайти келиб қолгани учун эслатмоқчиман, Ислом динида чуқур ислоҳотлар қилмасдан, Қуръоннинг ўрта асрлардан ҳам аввалги билимларимиз доирасида қилинган тафсири билан яшашни давом эттирар эканмиз, биров Куръонннинг нусхаларини ёқса-ёқмаса, аҳволимизни тузатолмаймиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону