Журнал Ҳаракат
№6 (75) 2008. Кечагина ўтган кунларимиз
“Ҳаракат” агентлигининг янгиликлар тасмасидан - 2
Манба: www.harakat.net
Ноябрь-Декабрь, 2008 йил
(Давоми. Боши олдинги файлда)
1 декабрь: Дадахон ака хоин 53-54 ни деб Носир Зокирга қизибди
Таниқли хонанда, “Бирлик” халқ ҳаракатининг асосчиларидан, айни замонда, Каримовнинг топшириғи бўйича“Бирлик”ни парчалаш ишида фаоллик кўрсатган хоинларга шериклик қилган Дадхон Ҳасан шу кунларда яқинларига қуйидаги воқеани айтиб бераётгани маълум бўлди.
“Бирлик”ниннг тузилишига 20 йил тўлиши муносабати билан “Озодлик” радиосининг ўзбекча хизмати махсус эшиттириш тайёрлабди ва ҳозир ҳам “Бирлик”да фаолият олиб бориб, унинг Наманган вилоят ташкилотига раислик қилаётган Носир Зокирни эшиттиришга таклиф қилибди. Носир Зокир ўз чиқишида “Бирлик” 90-чи йилларнинг бошида парчаланиб куч йўқотгани ҳақида гапирар экан, қайсидир тарихий шахснинг: “Мухолифатни йўқ қилишни истасанг, лидерларидан бирини сотиб ол” деган сўзларини эслабди. Яъни, шу билан Носир Зокир “Бирлик” сотқинлик қурбони бўлганинга ишора қилибди.
Буни эштгган Дадахон Ҳасан дарҳол Носир Зокирга телефон қилиб, “Нима учун “Бирлик” ичидан шундай сотиб олинган одам Салой Мадамин эканлигини очиқча айтмадинг?” дея уни сўроққа тутибди.
Ҳозир ҳамма биладики, кейинчалик 53-54 лақаби билан танилган Салой Мадамин бошлиқ гуруҳ сотқинлик қилганда, Дадахон Ҳасан ҳам ўшалар билан “Бирлик”ни тарк этган. У 2 ҳафтадан кейин “Бир марта зино қилган аёл бутун умрини шу иш иш блан ўтказгани каби, Салой Мадамин ҳам энди қолган ҳаётини сотқинлик билан ўтказади”, деб орқага қайтган бўлса ҳам, бундан кейинги умрини аросатда ўтказди. Масалан, 1990 йилда ўзбекларнинг Туркия ва АҚШдаги диаспоралари раҳбарларига хат ёзиб, Салой Мадаминни КГБ агентлигида айблади, бу хатни “Бирлик” хабарномасида эълон қилишни истамаган Абдураҳим Пўлатдан хафа бўлиб, яна “Бирлик”дан айрилди. 1991 йилдаги президент сайловида эса, ўзи “КГБ агенти” деб эълон қилган одамининг ишончли вакили бўлишгача борди.
Мана энди шунча йил ўтиб, Дадахон ака Салой Мадаминни очиқча хоинликда, “Бирлик”ни Каримовга сотишда айбламоқда. Бу - кеч бўлса ҳам, тўғри йўналишдаги қадамдир. Лекин, авваломбор, Дадахон ака ўз қилмишлари учун тавба қилиб, 1989 йилда миллий ҳаракатнинг оёғига болта урганлар ичида бўлгани учун ўзбек халқидан узр тиласа, энг тўғри ишни қилган бўларди.
2 декабрь: “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят Хельсинкида
Хабарлардан маълумки, шу йил 4-5 декабрь кунлари Финландиянинг пойтахти Хельсинкида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ташқи ишлар вазирлари савиясидаги йиғилиши бўлади. Бу йиғилиш олдидан ЕХҲтга кирувчи мамлакатлардан келган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат фаолларининг учрашувлари ҳам режалаштирилган.
ЕХҲТнинг Тошкентдаги офисининг таклифи билан бу учрашувларда қатнашиш учун кеча Хельсинкига “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят келди. У ЕХҲТнинг расмий вакиллари билан учрашувларда Ўзбекистонда демократик жараёнларни олға суриш, инсон ҳуқуқларига оид аҳволни тузатиш ва сиёсий маҳбусларни озодликка чиқариш каби масалаларни ҳал этиш учун нималар қилиниши кераклиги, ЕХҲТ тарафидан Ўзбекистон ҳукумати олдига бу соҳаларда қандай талаблар қўйилиши мукинлиги ҳақида гаплашади.
АҚШда рецессия тан олинди, дунё фонд бозорлари яна тушди, Ўзбекистонни ҳам қора кунлар кутади
Бу мамлакатнинг Иқтисодий тадқиқотлар миллий бюроси 2007 йилнинг охиридан бери АҚШ рецессияга кирганини эълон қилди. Ҳукуматнинг ўзи эмас, унга тегишли Бюро томонидан рецессиянинг тан олинишиёқ дунё фонд бозорларини жиддий ўлчовда туширди. Масалан, кеча АҚШнинг асосий молиявий индекслари Dow Jones ва NASDAQ тахминан 9 фоизга тушди. Осиёдаги асосий индекслар ҳам (Токио ва Сингапур биржаларида) 3-4 фоизга тушди. Россияда РТС ва ММВБ индекслари 4 ва 5 фоиз пастга шўнғиди. Америка билан вақт фарқи борлиги туфайли Осиё ва Россия биржаларидаги тушиш унчалик катта бўлмаган бўлса керак. Ҳақиқий аҳволни эртага бўладиган фонд савдолари кўрсатади.
Викпедия энциклопедиясида берилган тарифга кўра, иқтисоддаги, хусусан, макроиқтисоддаги рецессия ишлаб чиқаришнинг пасайишини билдиради. Рецессияда умумий миллий маҳсулотнинг ошиши нолга тенг бўлади (бу - стагнациядир) ёки ярим йил бўйича пасаяди. Рецессия иқтисодий циклнинг фазаларидан бири бўлиб, улкан даражадаги ўсишдан (бум) кейин ва депрессияга ўтишдан олдин бўлади.
Рецессия кўпинча фонд биржаларида индексларнинг тушишига сабаб бўлади. Мамлакатларнинг иқтисоди бир бирига боғлиқ бўлгани учун, бир мамлакатда иқтисоднинг тушиши бошқа мамлакатларда иқтисодни тушишга ва ҳатто дунё фонд бозорларини синишга олиб келиши мумкин. Рецессия вақтида бошқа салбий ҳолатлар ҳам юзага келади, масалан, ишсизлик кўпаяди. Умуман олганда, рецессия ишлаб чиқаришнинг нисбатан юмшоқ, критик бўлмаган даражада тушиши ёки иқтисодий ўсишнинг секинлашишидир.
АҚШ экспертларининг фикрича, 2007 йилда иқтисодий ўсиш бу мамлакатда энг юқори нуқтага чиққан, ундан кейин тушиш бошланган.
Демак, дунёдаги жараёнлар энциклопедияларда ёзилган классик йўналишда кетса ва уни вақтида тўхтатиш имкони бўлмаса, олдинда ҳали депрессия бор. Депрессия фақат АҚШда эмас, ҳамма жойда бўлади. Ўзбекистонда ҳам.
Ҳозир Россия ва Қозоғистонда ишлаб оила қозонини қайнатаётган миллионлаб ўзбеклар учун, “Бирлик” Партияси Андижон вилоят ташкилотининг етакчиси томонидан таржима қилинган америкалик Э.Хабургнинг шеърида айтилганидек, "Ўн цент бериб тур, азиз биродар", дейишга тайёрланиш замони келмоқда.
Аммо, ҳозир жараёнлар энциклопедия ва ўқув китобларида ёзилгандек кетмаса керак. Яқинда Вашингтонда бўлган G20 cаммити, бундан кейинга режалаштирилаётган саммитилари ва уларда ишлаб чиқилаётган дунё миқёсидаги чора-тадбирлар рецессияни жиловлаб, депрессиянинг олдини олишга қодирлигининг эҳтимоллиги катта. Унутмаслик керакки, иш депрессияга етиб бормаса ҳам, ҳозирги рецессиянинг ўзи ҳамма мамлакатларнинг иқтисодига етарлича салбий таъсир кўрсатадаи.
Ислом Карим раҳбарлидаги Ўзбекистон ҳукумати эса, томошабинликдан нарига ўтолмайди. Чунки бозор иқтисодига ўтмаган мамлакатимизда ҳозир бўлаётган жараёнларга таъсир кўрсатиш механизмлари йўқ.
Рус демократиясининг асосий кучлариидан бири йўқ бўлди ҳисоб
Россияда демократиянинг оёққа туришида муҳим роль ўйнаган “Ўнг Кучлар Иттифоқи” (СПС) партияси чўнтак партияга айланиб бўлди. Маълумки, бир оз аввал бу партия “Демократик Партия” ва “Фуқаролар Кучи” номли Кремлнинг майда-чуйда чўнтак ташкилотлари билан бирлашиб, “Ўнгнинг Иши” номли янги партия тузишда иштирок этган эди. Бу партиянинг номидаёқ баъзи ўйинлар бор. У русчасига “Правое Дело” деб аталади. Бу ердаги “правое” сўзини “ўнг” маъносида ҳам “ҳақиқат” маъносида ҳам таҳлил қилиш мумкин.
Бу янги партиянинг уни яратишда иштирок этган уч ташкилотнинг собиқ лидерларидан иборат уч раисдоши бор. СПСни тузувчилардан бири Борис Немцов янги партияга кирмаслигини эълон қилган бўлса, бошқа тузувчиси Чубайс эса, унга аъзо бўлди.
«Новости» агантлигининг билдиришича, бугун раисдошлардан бири Борис Титов ҳокимиятдаги “Бирлашган Россия” партияси билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирган ва шундай деган: “Биз келажакда рақибликдан кўра келишув йўлидан боришимиз керак, деб ўйлайман. Биз “Бирлашган Россия”нинг ўнг қаноти билан кўп масалаларда ҳамфикрмиз.”
Бугун “Бирлашган Россия” собиқ КПСС каби партияга айланганини ҳисобга олсак, у билан ҳамкорлик қилиш - унинг қўл остида фаолият олиб бориш маъносига тўғри келади.
Хуллас, Путиннинг режими яна бир сиёсий ташкилотни ўз қўлига олди. Қолганлар бирлашиб режимга қарши курашиш ҳақида кўп гапирсалар ҳам, ҳали бирон натижа йўқ.
3 декабрь: Нефт нархининг тушиши давом этмоқда, Ўзбекистонга нима?
Ёз ойларида бир баррель нефтнинг нархи дунё бозорида 147 долларгаача чиқиб, шундан бери мунтазам тушиб бормоқда. Масалан, кеча Нью-Йорк биржасида унинг нархи 47 долларгача тушди.
Бу аҳвол нефть сотиб кун кўрувчи мамлакатлар (Саудия Арабистони, Россия, Эрон, Венесуела ва бошқалар) учун катта талафотдир. Ўзбеклар ва Ўзбекистон учун ҳам нефть нархининг тушиши ва бунинг Россияга қандай таъсир кўрсатиши жуда муҳим нарса. Масаланинг икки тарафига қараш керак.
Бир томондан, нефть нархининг тушиши Россияда иқтисодий бўҳронни чуқурлаштиради, айниқса, қурилиш секторидаги “бум”ни йўқ қилади. Демак, Россияда ишлаб кун кўраётган миллионлаб ўзбекларнинг тақдири таҳлика остида қолади.
Иккинчи томондан, асосан нефть нархининг ошишидан олинаётган фойда эвазига диктатурани мустаҳкамлаётган Путин режими таҳлика остида қолади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон президенти Ислом Каримнинг курсисини қимирлатиб қўяди.
Демак, қисқа муддатда кутиладиган натижалар нуқтаи назаридан нефть нархининг тушиши ўзбекларга, демак, Ўзбекистонга зарар, аммо, узоқ муддатга қарасак, Ўзбекистон учун фойдали.
4 декабрь: Ўзбек меҳнат муҳожирлари учун биринчи ёмон сигнал
Бугун россияликлар билан “бевосита мулоқат” деб номланган интернет-телефон учрашувда қатнашган Россия президенти Владимир Путин меҳнат муҳожирлари учун ажратилган квотани 50 фоизга камайтириш таклифи тўғрилигини айтибди. Демак, шундай бўлади. Путин бундай қадамни молиявий бўҳрон ва ишсизликнинг ортиши билан оқлашга ҳаракат қилган. Унинг фикрича Россияда ишсизларнинг сони 1,7 миллиондан 2 миллионга чиқади. Табиий, Путин рақамларни кичрайтирмоқда. Мустақил экспертларнинг фикрича, ишсизлик тахминан 2 баравар ортади.
Хуллас, агарда Россия шундай қарорга келса, бунинг зарбасини биринчи навбатда ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳис қиладилар. Меҳнат муҳожирларининг ярми ўз мамлакатига қайтишга ёки ҳозиргидан ҳам ёмон шартлар остида ишлашга мажбур бўлади.
Бўлаётган воқеалар “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримга мурожаат қилиб, чет элларда яшаятган ўзбек муҳожирларининг масалалари билан шуғулланувчи алоҳида вазирлик тузиш ва вазирлик лавозимига Пўлат Охунни тайинлашни таклиф қилгани қанчалик тўғри ҳамда ўз вақтида бўлганини кўрсатмоқда.
Аслида, ҳали ҳам кеч эмас, Ўзбекистон ҳукумати “Бирлик” лидерининг таклифини маълум даражада бўлса ҳам бажариши керак.
5 декабрь: ЕХҲТнинг Хельсинкидаги йиғилиши натижасиз тугади
Бугун Финландия пойтахтида ўтказилган ЕХҲТ мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши ниҳоий ҳужжатни имзолай олмасдан тарқалди. Бунинг тафсилотлари маълум бўмаса ҳам, тахмин қилиш мумкинки, тарафлар Гуржистон-Россия уруши хусусида умумий фикрга келолмаганлар. Келишлари ҳам мумкин эмасди. Россия ва унинг вассалалари билан Ғарб давлатлари бу уруш масаласидан яқин орада бир фикрга келолмасликлари ўз-ўзидан маълум.
Лекин, масаланинг бошқа томони бор. Хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларини биринчи ўринга чиқарган ташкилотнинг икки аъзоси бир-бири билан урушса, бу – ташкилотнинг ўлимидир. 2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига қарши ҳеч нарса қилолмаган бу ташкилотнинг фаолиятини баҳолаган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат “ЕХҲТ феълан ўлди” деб ёзган эди. Агар икки марта ўлиш мумкин бўлса, ҳозир ЕХҲТ иккинчи марта ўлмоқда.
Лекин, дейди ҳозир Абдураҳим Пўлат, бу ташкилотни кўмишга шошилмаслик керак. Критик вазиятларда ЕХҲТ ҳеч бўлмаса, фикр алмашиш саҳнаси сифатида ижобий роль ўйнайди. Вақти келиб, у иккинчи ҳаётини бошлаши мумкин. Шундай кун келса, у албатта келади, янгидан ташкилот тузиб ўтиришга ҳожат қолмайди.
Абдураҳим Пўлат: Қурбон байрами билан табриклайман!
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари Ислом дунёсининг энг буюк байрамларидан бирини нишонламоқдалар. Келажакда Ислом оламида бўладиган ислоҳотлар байрамларимизнинг шаклини ўзгартириши шубҳасиз, аммо уларнинг моҳияти ўзгармайди. Чунки, ҳамма исломий байрамларимизнинг моҳияти – Оллоҳга сиғиниш, Оллоҳга ибодат қилишимизни намойиш қилишдир. Коммунистик атеизм замонида ҳам ҳозирги мустақил динсизлар замонида ҳам ҳеч ким бизни бу йўлдан қайтаролмади ва қайтаролмайди.
Мамлакатимизда дин эркинлиги учун курашганларнинг маълум бир қисми бугун байрамни муҳожирликда нишонлайди. Бу ҳам бизга дарс бўлиши керак. Дин эркинлиги учун кураш ҳали битмади. Аммо шундай кунлар келадики, байрамларни ҳаммамиз юртимизда қутлаймиз.
Ҳаммани Қурбон байрами билан табриклайман ва динимиз эркинлиги, миллат ҳуррияти учун курашдан четда турмасликка, бу кураш Оллоҳга сиғиниш билан бир қаторда Оллоҳ берган ақл-заковатни ишлатишга асосланишини унутмасликка чақираман.
9 декабрь: Ўзбекларни сотиш билан машғул бўлган ўзбек Иркутскда қамалаган
ИТАР-ТАСС агентлиги хабар беришича, Иркутскда одам савдоси билан шуғулланувчи 40 ёшли Қўчқор Қубаев қамоққа олинган. Ўзи ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган бу одам самарқандликларни Россияга ноқонуний йўллар билан олиб келиб, қурилиш ишларида ишлатган. Ишчиларга ҳеч қандай иш ҳаққи берилмаган ҳисоб.
Ҳозир Қўчқор Қубаев тергов изоляторида ушлаб турилибди, тергов ишлари юритилмоқда. У Ўзбекистонга топширилса керак. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-чи моддасига кўра, айбланувчи 5-8 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин, дейилади хабарда.
Бу воқеа ҳам яна бир марта кўрсатмоқдаки, миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари турли хил ёрдамга муҳтожлар. Аммо, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг тақдири билан мутлақо қизиқмайди, бирон-бир ҳодиса бз бергандан кейингина у билан шуғулланишга мажбур бўлади.
Ўзбекистон ҳукумати чет эллардаги ўзбек меҳнат муҳожирларига сифатли ва самарали ёрдамни ўз вақтида бера олиши учун, “Бирлик” Партияси таклиф қилганидек, бу ишлар билан шуғулланувчи махсус вазирлик тузилиши керак.
Васила Иноятнинг Европа сафари давом этмоқда
ЕХҲТ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 3-4 декабрда Финландия пойтахтидаги учрашуви олдидан нодавлат ташкилотларининг вакиллари учун уюштирилган тадбирларда қатнашиш мақсадида 1 декабрда Хельсинкига келган “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамиятнинг раиси Васила Иноят у ердан Брюсселга ўтди. У Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллиги муносабати билан Европа Иттифоқи ва ЕХҲТ ташкил қилган турли учрашувлар ва конференцияларда иштирок этади, Ўзбекистондаги бугунги аҳвол билан европаликларни таништиради.
Васила Иноят бу тадбирлар программасига кўра, Германия ва Швецияда ҳам бўлиб, янги йил арафасида Тошкентга қайтади. Кеча у партия раиси Абдураҳи