Журнал Ҳаракат
№6 (75) 2008. С и ё с а т
АҚШда президент сайлови
Икки сабаб билан журналимиз АҚШда ўтаётган бу йилги президент сайлови кампаниясига катта эътибор берди ва уни диққат билан кузатиб келди.
Сабабларнинг биринчиси – Америка тарихида илк марта қора танли кишининг президент бўлиши кутилаётгани. Бу воқеа, ҳеч шубҳасиз, фақат Американинг эмас, дунё тарихида жиддий из қолдиради, дунёда буюк ўзгаришларга йўл очади.
Иккинчи сабаб – АҚШдаги сайловларни ўрганиш, сабоқ олиш, Ўзбекистонда ахир бир кун бўладиган демократик ўзгаришларга, АҚШдаги каби сайловларга тайёрланиш.
Ҳозир маълум, сайловлар 4 ноябрда бўлиб ўтди, Барак Обама президентликка сайланди. Аммо, у президентлик курсисига келаси йилнинг 20 январида анъанавий инаугурация маросимида ўтиради. Ҳозир у ва унинг командаси АҚШнинг янги ҳукуматини тайёрлаш билан овора. Обаманинг ўзи дунё лидерлари билан танишиш йўлида биринчи қадамларини қилмоқда.
Бу босқичдаги баъзи воқеалар “Ҳаракат” сайтида қандай ёритилгани билан қуйида танишасиз.
* * *
4 ноябрь: Бугун тарихий кун – АҚШ тарихида биринчи марта қоратанли одам президент бўлади
Кўпгина мамлакатлардан фарқли ўлароқ, АҚШда сайлов куни ҳам сайлов пропагандаси билан шуғулланиш мумкин. Фақатгина сайловолди ташвиқоти сайлов участкалари ва уларга яқин жойда бўлмаслиги керак. Президентликка номзодлар демократ Барака Обама ва жумҳуриятчи Жон МакКейн бугун кун бўйи мамлакат штатлари бўйлаб кезадилар ва ҳали бир қарорга келмаган сайловчиларни охирги дақиқада бўлса ҳам ўз тарафларига оғдириш учун ҳаракат қиладилар. Хуллас, АҚШда мисли кўрилмаган президент сайлови бўлмоқда.
Ҳамма сўровномалар Барака Обама сайловда ютишини кўрсатмоқда. Ҳамма ахборот воситалари турли сўровномаларнинг натижаларини эълон қилмоқдалар. Сал кам ҳамма сўровномаларнинг натижаларига кўра, Обама 5-10 фиоз фарқ билан ғалаба қилади.
Шуни алоҳида айтиш керакки, АҚШда тўғридан-тўғри сайловлар бўлмайди. Президентни штаталардан сайланган махсус вакиллар сайлашади. Бугунги сайловларда эса, айнан шу вакиллар сайланади. Бу вакиллар ўз штатларида кўпчиликнинг овозини олган номзодга овоз беришга мажбурлар. Турли штатлардаги сайловчиларнинг сони турлича бўлгани сабабали, мамлакат бўйича кўпчиликнинг ововзини олган одам эмас, кўпчилик вакилларнинг ововзини олган номзод президент бўлади.
Вашингтон Пост газетасининг ҳисобларига кўра, 271 вакилнинг овозини олган номзод президент бўлади. Турли сўровномларнинг натижаларига кўра, Обамага овоз бериши аниқ бўлган ёки унга овоз бериши тахмин қилинаётган (аммо, ҳали расман сайланмаган) вакилларнинг сони 290 бўлар экан. Бундай рақам МакКейн учун 170 атрофида. Ҳали қандай қарор бериши аниқ бўлмган вакилларнинг сони 80 атрофида. Демак, қарорсизлар охирги дақиқада МакКейнга овоз берсалар ҳам, у Обамадан ошолмайди.
Хуллас, бугун АҚШнинг тарихида биринчи қора танли президент Оқ Уй эгаси бўладиган кун.
Аммо, ҳамма сўровнома натижалари, оммавий ахборот воситалари ва ҳато кўча-кўйдаги кайфият Обаманинг президент бўлишини кўрсатса ҳам, америкаликлар ҳали қора танли одамни президент қилишга тайёр эмас, жуда кўпчилик охирги дақиқада, сайлов кабинасига кириб, ўз-ўзи билан якка қолган пайтда фикрини ўзгартиради, демак, МакКейин президент бўлади, деб фикрловчилар ҳам йўқ эмас.
Бундай бўлишининг эҳтимоллиги айтишга арзимайдиган даражада кам. Аммо, шундай бўлиб қолса, АҚШни катта тўпалонлар кутиши мумкин. Чунки, бундай ҳолат ростакам юз берса ҳам, қора танлилар уни қабул этмасдан, сайлов натижалари сохталаштирилди дея оммавий чиқишлар уюштиришларининг эҳтимоллиги бор.
5 ноябрь: Америка Қўшма Штатларини янги президент билан табриклайман
Бу мамлакатда бўлаётган президент сайловларининг натижалари дақиқаю дақиқа эълон қилиб борилар экан, ҳозиргина (Вашингтон вақти билан 4 ноябрь соат 22 атрофида) Барак Обама кўпчилик ововзга эга бўлгани маълум бўлди.Демак, АҚШнинг навбатдаги президенти - Барак Обамадир.
Мен шундай бўлишини ҳали Барак Обама президентликка номзод бўлиш учун Хиллари Клинтон билан мусобақа қилаётган пайтдаёқ айтган эдим, деди бу хусусда “Бирлик” партияси раиси Абдураҳиим Пўлат. Яна бир марта сиёсий жараёнларнинг натижасини башорат қила олишга кучим етганидан жуда хурсандман.
Барак Обаманинг президент бўлиши Ўзбекистонда демократиянинг ғалабаси учун дарҳол ёрдам беролмайди, аммо дунё демократиясининг олға кетиши учун мустаҳкам замин яратади. Айнан шу замин Ўзбекистонда ҳам ахир бир кун бўладиган демократик ўзгаришлар учун кафолатдир.
Демократик жамиятни эса, биз ўзимиз яратамиз.
10 ноябрь: АҚШдаги президент сайловида 6 номзод қатнашган
Бутун дунёнинг, табиий америкаликларнинг ҳам, диққат эътибори демократларнинг номзоди Барак Обама ва жумҳуриятчиларнинг номзоди Жорж МакКейнда бўлгани учун қолган номзодларнинг борлигини кўпчилик билмади ва эшитмади, дейиш мумкин. Ваҳоланки, сайлов бюллетенларига айнан шу тартибда қуйидиги 6 номзод киритилган эди:
Демократик Партия:
Барак Обама, Президент
Жо Байден, Вице-президент
Жумҳуриятчилар Партияси:
Жон МакКейн, Президент
Сара Палин, Вице-президент
Мустақил Яшиллар Партияси:
Чак Белдвин, Презиент
Даррел Кастл, Вице-президент
Либертариан Партия:
Боб Барр, Президент
Вайн Рут, Вице-президент
Яшиллар Партияси:
Синтия МакКейней, Президент
Роза Клементе, Вице-президент
Мустақил:
Ральф Надер, Президент
Матт Гонзалес, Вице-президент
Юқорида айтилганидек, йирик оммавий ахборот воситалари сайловда Обама ва МакКейндан бошқа номзодлар қатнашаётганини ҳатто тилга ҳам олмадилар, дейиш мумкин. Фақат Ральф Надернинг исми у ер бу ерда пайда бўлиб қолди. Чунки, у охирги уч президент сайловида қатнашиб, озгина танилиб қолган ва баъзи мутахассисларнинг фикрича, Демократик партия номзодига бериладиган овозлар сонини камайтиришга эришган. Ральф Надер миллионер бизнесмен бўлиб, ўта либерал, ўта демократик дунё қарашли одам. Шунинг учун, демократлар тарафдорларининг бир қисми, табиий, жуда оз қисми, унга овоз бериши мумкин.
2000 йилдаги президент сайловида Жорж Буш жуда кичкина фарқ билан Альберт Горни ютган эди. Агар, Раль Надер бўлмаса эди, ўша сайловларни Альберт Гор ютарди, деган фикр ҳам бор.
Расмий хабарларда бу номзодланинг ҳар бири қанча овоз олгани билдирилган бўлса керак, аммо оммавий ахборот воситалари Обама ва МакКейндан бошқа номзодларнинг борлигини ҳам гапирмаганлари каби, уларнинг қанча овоз олганлари ҳақида ҳам маълумот берганлари йўқ.
18 ноябрь: Катта сиёсат: Обама Гуржистон ва Туркия президентларига телефон қилди
АҚШнинг янги сайланган президенти Барак Обама ўзига табрикнома юборган давлатларнинг раҳбарларига ташаккур этиш учун телефонлар қилишни давом эттирмоқда. У сайловнинг эртаси куниёқ дунёнинг энг кучли давлатлари раҳбарларига телефон қилиб, ташаккур билдирши табиий бўлган эди. Аммо, уларнинг орасида Россия президентининг йўқлиги баъзиларни ҳайрон қолдирди. Кейин Обама Чехия ва Польша президентларига телефон қилди. Чунки, бу мамлакатларда АҚШнинг Ракеталарга қарши мудофаа системасининг элементлари ерлаштирилади.
Кейин навбат Россия каби иккинчи даражали мамлакатларнинг президентларига келди. Аммо, уларнинг ичида ҳам Гуржистон ва Туркия йўқ эди. Ниҳоят кеча кечқурун Барак Обама Туркия, Гуржистон ва Филиппин президентларига қўнғироқ қилиб, табриклари учун миннатдорчилигини билдирди.
Барак Обаманинг Гуржистон президенти Михаил Саакашвилига қўнғироқ қилиши сўнги кунларнинг энг муҳим воқеаси бўлди, дейиш мумкин. Чунки, Россиянинг қўғирчоқсифат президентига миннатдорчилик билдирган Обаманинг Гуржистон президентига кўз юмиши турли спекуляцияларга сабаб бўлаётганди.
Ҳозир ҳамма нарса жойига ўтирди. Обама Россининг буюклигини тан олса ҳам, Россия-Гуржистон конфликтида Гуржистон тарафда қолади, Туркия ҳам АҚШнинг яқин иттифоқчилари рўйхатида бор.
2 декабрь: АҚШнинг навбатдаги Давлат Котиби Хиллари Клинтон бўлади
Кеча АҚШнинг сайланган-президенти Барак Обама ўзининг бўлғуси ҳукуматида ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалалари билан шуғулланадиган вазирларининг номларини эълон қилди.
Давлат Котиби (европача классификация бўйича Ташқи ишлар вазири) лавозими Хиллари Клингтонга бериладиган бўлди. Мудофаа вазирлигида (департаментида) ҳозирги вазир Роберт Гейтс қолади. Яна қуйидаги лавозимларга тайинланадиган одамларнинг исми очиқланди. Бош прокурор – Эрик Холдер, Ички хавфсизлик вазири – Женет Неопалитано (ҳозирча Аризона штатида аёл губернатор), президентнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслахатчиси – Жеймс Жонс (истеъфодаги генерал).
СNN агентлиги бугун Чикагода Барак Обама билан бирга матбуот конференциясида қатнашган Хиллари Клинтоннинг қуйидаги сўзларини ўз хабарида келтиради: “Президент Жон Кеннеди дунёга келаётган хавфлар юз йиллигимизнинг энг буюк саргузаштларидир, деган эди. Мен ҳам Президент Обаманинг командаси билан биргаликда ҳозирги юз йилликнинг энг оғир ва ҳаяжонлантирувчи саргузаштида иштирок этишдан фахрланаман.”
Бу ерда саргузашт деганда, оқибатлари тўла маълум бўлмаган, хавфли ва ҳаёжонли, таваккал қарорлар олинадиган саёҳат назарда тутилмоқда.
Бундай саёҳат Клинтон учун яқиндагина рақиби бўлган Обама билан бирга ишлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳликали бўлиши муқаррар, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Агар Обама ташқи сиёсат билан шуғулланишни бутунлай вице-президент Байден ва Давлат Котиби Клинтонга ташлаб қўйса - бир масала, ўзи асосий роль ўйнашни истаса - бошқа масала. Иккинчи ҳолатда, президентликка номзод бўлиш босқичида шиддатли ўзаро жанг олиб борган Обама ва Клинтон ўртасида таҳликали қарама-қаршилик қайтадан ўртага чиқиши мумкин. Дунёдаги мавжуд оғир вазиятда уларнинг ўзаро муаммосиз ишлашлари жуда муҳим факторга айланади.
31 декабрь: Абдураҳим Пўлат: Обамами ёки иқтисодий бўҳрон? Умуминсоний қадриятлар!
2008 йилнинг асосий воқеаси нима - Барак Обаманинг АҚШ президенти қилиб сайланишими ёки дунёнинг иқтисодий бўҳроними, деган савога жавоб қидириш сўнги кунларнинг энг актуал мавзуси бўлмоқда. “Свобода” радиоси сайтида шу каби саволар билан ўтказилган сўровноманинг натижалари қизиқ. “2008 йилнинг асосий воқеаси нима?” саволига радио таклиф қилган 5 жавобдан бирини танлаш учун сўровномада қатнашган 1896 кишининг овозлари қуйидагича тақсимланибди:
Обаманинг президент бўлиши – 332 (18%)
Иқтисодий бўҳрон – 1065 (56%)
Кавказдаги уруш – 321 (17%)
“Ворис” операциясининг тугаши – 87 (5%)
Бошқа воқеалар – 91 (5%)
Бу радионинг эшитувчилари асосан собиқ СССРда тарбия олган одамлар бўлгани учун сўровноманинг натижалари яна ҳам қизиқ кўринади.
Коммунистик тузумнинг мақсадларидан бири – янги типдаги, ғояни нондан юқори қўядиган инсон яратиш бўлса ҳам, натижа том тескариси бўлганини кўп кўрдик. 1991-92 йилари СССРда инқилобий ўзгаришлар бўлар экан, оддий одамлар “яқинда очлик бошланади” деган қўрқув ичида яшашарди. Бу қурқув шунчалик кенг тарқалгандики, 1991 йилнинг сўнгида биз чиқарадиган “Мустақил Ҳафталик” газетаси учун Гулчеҳра Нуриллаева мен билан суҳбат тайёрлаганларида - “очарчилик бўладими?” деган саволни ҳам бергандилар. Мен у жавобнинг аргументларини бу ерда такрорламоқчимасман, аммо қисқа қилиб айтса, жавобим - “йўқ” бўлганини эслатиш лозим.
Ҳозир ҳам ўша тузум етиштирган одамлар паника ичида. Иқтисодий бўҳрон одамларнинг 1991-92 йиларда каби қўрқувга солмоқда. Шу сабабли “Свобода”нинг кўпчилик ўқувчилари асосий воқеа ўлароқ “иқтисодий бўҳронни” белгиладилар. Албатта, бу бўҳрон ҳар биримизнинг чўнтагимизни уради, ҳар биримизнинг иқтисодий аҳволимиз оғирлаштиради, камарни қаттиқроқ сиқишга тўғри келади. Аммо, ҳеч қандай фожеа бўлмайди. Одамзоднинг ўзи яратган замонавий ва мураккаб суперструктурада баъзи оқсоқликлар бўлмоқда. Бу нарса - мураккаб системаларга хос сифатдир. Бу оқсоқликлар ҳеч қандай катта ҳалокатларга етиб бормасданоқ тузатилади. Бир неча йилдан кейин, у тарих саҳифасига айланади.
2008 йилнинг асосий ва оламшумул воқеаси эса, қора танли Барак Обаманинг АҚШ президенти этиб сайланишидир. Гап унинг “ҳамма нарсани ўзгартириш” шиори ва шу шиор йўналишидаги мақсадаларида ҳам эмас, гап – яқингача кўпчлик тарафидан қуллар ирқи деб ҳисобланган қора танли кишининг дунёнинг супердавлатида энг юқори лавозимга кўпчилиги оқ танли бўлган халқнинг истаги бўйича олиб келинишидир. Обаманинг душманлари унинг ўз отаси ва ўгай отаси мусулмон бўлгани ҳақида спекуляциялар қилишмоқчи бўлиш-ди, аммо Америка халқи уларни қабул қилмади.
АҚШдаги сайлов дунёни ўзгартирадиган бурилиш нуқталаридан бири эканлигини ҳали кўпчилик, шу жумладан “Свобода”нинг рус тилли эшитувчи/ўқувчилари ҳам, тушуниб етишмаган.
Обаманинг президент бўлиб сайланиши дунёда фундаментал ўзгаришлар бошланганини эмас, фундаментал ўзгаришлар амалга ошиб бўлганини кўрсатди. Бундан буён, яъни 21 асрнинг бошидан бошлаб, дунёда ирқий, миллий ёки диний ғоялар эмас, умуминсоний қадриятлар ҳукмронлик қилади. Одамзод янги даврга кирди.