Журнал Ҳаракат
№4 (73) 2008. АҚШда президент сайлови
“Бирлик”, Обама ва МакКейн
АҚШда бўладиган президент сайлови ҳал қилувчи босқичга кирди. Ҳар доим бўладигандек, ҳеч ким билмайдиган майда партиялар ҳам номзод кўрсатишса керак. мустақил номзодлар ҳам чиқиши мумкин, аммо асосий икки партиянинг номзоди маълум бўлди ҳисоб. Чунки, демократларларнинг бошланғич сайловларини (праймеризларини) Барак Обама, республикачиларнинкини Жон МакКейин ютди. Демак, партияларнинг август охири ва сентябрь бошида бўладиган қурултойларида бу икки киши расмий номзод мақомини олади. Бундан кейинги кураш уларнинг ўртасида бўлади.
Дунёга таъсир кучи энг кўп бўлган бу мамлакатдаги президент сайлови ҳамманинг диққат-эътиборини ўзига тортаётгани табиий нарса. Аммо, шуни унутмайликки, АҚШнинг таъсири фақатгина унинг иқтисодий потенциалида эмас, замоновий демократиянинг бош қалъаси эканлигида ҳамдир.
Шу сабабли биз АҚШдаги сайловолди кампаниясини Ўзбекистон манфаатлари, ўзбек демократиясининг келажаги нуқати-назаридан кузатамиз. Бугун Ўзбекистоннинг келажаги ва ўзбек демократиясининг тақдири кўп жиҳатдан “Бирлик” Партияси билан боғлиқ бўлгани, Ўзбекистоннинг расмий оммавий ахборот воситалари ва бошқа мухолифат руҳидаги гуруҳлар АҚШдаги сайловга мутлақо эътибор бермаётганлари сабабли, мақоламизга шундай сарлавҳа берилиши ҳам тушунарли бўлса керак.
“Ҳаракат” журналининг аввалги сонларида президентлик кампаниясининг бошланғич босқичлари етарлича ёритилди. Айни замонда, ўз партияларидан президентликка номзод бўлишлари аниқ бўлган Обама ва МакКейинга ўзбек мухолифатининг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясининг муносабати ҳам тилга олинди. Ушбу мақола доирасида ҳам кейинги воқеаларни шу йўналишда анализ қилишни давом эттирамиз.
* * *
АҚШнинг собиқ Давлат Котиби Мадлен Олбрайт ва собиқ Мудофаа вазири Уильям Перри 10 июлда Los Angeles Times газетасидабир мақола эълон қилишди. Унинг асосий ғояси номиданоқ маълум: “Маккейннинг Россияни G8 дан чиқариш таклифи – ноўрин ғоядир”.
Бу икки собиқ, аммо тажрибали сиёсатчи АҚШ президентлигига Республикачилар Партиясидан номзод бўлиши кутилаётган Жон Маккейннинг Россияни “саккизлик гуруҳи” – G8 дан ҳайдаш фикрини қоралайдилар. Аммо, уларнинг мақсади Россиянинг ҳозирги нодемократик, империалистик сиёсатини оқлаш эмас. Уларнинг фикрича, Россияни G8 дан узоқлаштириш, уни яна ҳам нодемократик бўлган Хитой ва Эрон билан яқинлаштириш, Россияни уларнинг қучоғига отишдир.
Мадлен Олбрайт и Уильям Перри Россияга демократик йўллар билан таъсир кўрсатишнинг йўли – уни G8 да тутиб туришдир, деб ҳисоблайдилар. Бу фикрнинг тамомийла тўғрилигини тан олиш лозим. Агар Путин лидерлигидаги Россия “саккизлик”дан чиқса, у яна ҳам нодемократлашиши муқаррар.
Бу икки сиёсатчининг фикрлаш йўли “Бирлик” Партиясиники каби эканлигини кўрмаслик мумкин эмас. “Бирлик” ва унинг лидери Абдураҳим Пўлат “Куба ва Ироқ мисолида кўринганидек, диктаторларни демократик дунёдан изоляция қилиш, уларга қарши санкциялар киритиш ҳеч қандай самара бермаслиги, уларни демократик дунёга интеграция қилиш фойдалироқ эканлигини” урғуламоқдалар ва Европа Иттифоқи ҳамда АҚШни Ўзбекистонга нисбатан шу йўналишда ҳаракат қилишга чақирмоқдалар. . Бу чақириқларнинг натижаларини яқинда бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ўзбекистон зиндонларидан озод қилинишидан кўриш мумкин.
Ҳеч шубҳай йўқки, “Бирлик” Партияси бу масалада етук сиёсий ташкилот эканлигини яна бир марта намойиш қилди.
* * *
АҚШ президентлигига номзод Барак Обаманинг сайловолди кампанияиси “Ўзгартир” шиори остида ўтаётгани ва АҚШ ўзгаришларга муҳтож бўлгани сабабли, америкаликлар қора танли номзодни президент қилиб сайлашига ишонч билдирган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат журналнинг шу сонида берилаётган “Осмон узулиб тушмаса, Обама президент бўлади” мақоласида шундай ёзади: “АҚШнинг сиёсий-иқтисодий-ижтимоий структураси шунчалик мустаҳкамки, бу ерда осонликча ўзгартиришлар қилиб бўлмайди. Лекин бунинг учун ҳаракат бошлаш ҳам жуда муҳим.”
АҚШда ички ва ташқи сиёсатида катта ўзгаришлар қилиш осон эмаслигини Обаманинг ташқи сиёсат оид бир таклифи, аниқроғи, антитеррор урушида асосий диққат-эътиборни Ироқдан Афғонистонга ўтказиш ваъдаси мисолида бугуноқ кўриш мумкин бўлмоқда.
Барак Обама бу гапларни яқинда қисқа вақтга Афғонистонга келганида гапирди. Шу сабабли, унинг Афғонистонга диққат-эътиборни кучайтириш ва бу ердаги АҚШ қўшинлари сонини орттириш хусусидаги фикрлари оддий сайловолди пропагандаси бўлиши мумкин. Аммо, шунга ҳам дарҳол қаршилик кўрсатилди.
АҚШнинг обрўли ва таъсирли собиқ Давлат Котибларидан бири, ҳозирда Обаманинг тарафдори бўлган Збигнев Бжезинский The Financial Times газетасига берган интервьюсида “Обама шундай қилса Совет Иттифоқининг хатоларини такрорлаб, АҚШни Афғонистонда мағлубиятга учратиши мумкин”, деган мазмунда гапирибди. У Афғонистонда АҚШ қўшинларининг кўпайтирилиши муаммони ҳал қилмаслиги, аксинча, афғон халқининг америкаликларга қаршилиги кучайиш хавфи борлигини ҳам айтган. Бжезинский ўз фикрини тасдиқлаш учун Афғон демократик элитасининг кучини керагидан ортиқча баҳоламаслик кераклигини урғулаган.
Собиқ Давлат Котибининг охирги сўзлари ўзбек демократлари учун ҳам сигнал бўлиши керак. Абдураҳим Пўлат кўп марта такрорлаганидек, Ғарб давлатлари Ўзбекистондаги каби яримдиктатор ярим авторитар режимларга бўлган муносабатларида шу мамлакатнинг демократик кучларининг аҳволига катта аҳамият берадилар. Демократларнинг кучли эмаслиги маълум бўлса, режим билан ортиқа конфликтларга бориб ўтирмайдилар. Бжизинскийнинг бугунги сўзлари ўзбек мухолифати лидерининг фикрини тўла тасдиқламоқда.
Демак, Ғарбнинг ёрдамини олиш истаган демократлар авваламбор ўзларининг жиддий куч эканликларини кўрсатишлари лозим. Ҳозир Ўзбекистонда бунинг ягона йўли – демократларнинг бирлашиши, бугунги шароитда, “Бирлик”да бирлашишидир.
* * *
Демократ Партиянинг АҚШ президентлигига расмий номзоди бўлиши кутилаётган Барак Обамани бу партиядан номзод бўлиш учун узоқ вақт курашган Хиллари Клинтон, унинг турмуш ўртоғи, собиқ президент Билл Клинтон ва бир қатор таниқли демократлар қўллаб-қувватлашга бошлаганлари маълум. Аммо, 13 август Жумҳурият Партиясининг кўзга кўринган вакиллари ичиида ҳам шу каби ҳаракатлар бошлангани қизиқдир. Масалан, Жумҳурият Партиясининг Айова штатидаги собиқ лидери Жим Линч Обама тарафига ўтганини эълон қилган ва кўпгина жумҳуриятчилар шундай қилишларига ишонч билдирган.
Кўринишидан, АҚШдаги молиявий кризиснинг илдизлари сиёсатда эканлиги, бу мамлакат чуқур ўзгаришларга муҳтожлиги хусусидаги фикр жамиятда кенгаймоқда ва унинг тарафдорлари кўпаймоқда. Президентликка номзод Обаманинг сайловолди шиори “Ўзгартир” бўлгани - ўзгаришлар тарфдорларини рағбатлантираётган бўлиши мумкин.
АҚШда бундай жараёнларнинг бориши демократиянингустиворлигини кўрсатади. Аслида, Ўзбекистонда ҳам жараёнларни шу йўналишга буриш керак. “Бирлик” Партияси бугун реал ишлар қилишга қодир бўлган ягона мухолифат ташкилоти эканлигини намойиш қилмоқда. У нафақат ўзини Ўзбекистон ичида тикламоқда, балки, мамлакат муаммоларини ечиш учун ички ва ташқи сиёсат бўйича ўз таклифларини ўртага қўймоқда.
Мамлакат манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўядиган демократлар “Бирлик”га қўшилишлари ёки, энг камида, уни қўллашларини билдиришлари керак.
* * *
АҚШ президенлигига Демократик Партиядан номзод бўлиши кутилаётган Барак Обама бугун ўзининг бўлажак вице-президентини номини очиқлади. Бу - Нью-Йорк ва Вашингтон ўртасидаги кичик Делевер штатидан АҚШ Конгрессига сайланган сенатор Жозеф Байден.
Барак Обама ва Жозеф Байден шу ой сўнгида Колорадо штатининг маркази Денверда очиладиган партия қурултойида президент ва вице-президентликка расмий номзод қилиб кўрсатиладилар.
65 ёшли Байден Сенатнинг Ташқи алоқалар комитетининг раиси. Демак, АҚШнинг янги ташқи сиёсатини белгилашда унинг роли катта бўлади. Бундан ташқари, катта ёшли ва тажрибали Жозеф Байден катта сиёсатда унчалик кўп тажрибага эга бўлмаган ва нисбатан ёш бўлган Обама билан биргаликда мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришларига умид кўпаяди.
Биз ҳар қандай масалага Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи-назаридан қарашимиз керак, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳими Пўлат. Минг афсуски, АҚШда ким президент ва ким вице-президент бўлиши мамлакатимизга АҚШнинг муносабатини ўзгартирмайди. Чунки, АҚШ Ўзбекистонни на ўз минтақасида на дунёда таъсирли кучи бор давлат деб ҳисобламайди ва у билан ортиқча қизиқмайди. Аслида, бу хато позиция. Лекин, ўзбекларда бугун бу фикрни ўзгартириш учун ҳам куч йўқ. Бу йўналишда катта ишлар қилиниши керак. Масалан, чет эллардаги, хусусан АҚШдаги ўзбек диспораси уюшиб ва ташкилотланиб лоббичилик фаолияти ҳам юритиши мумкин.
* * *
26 августда АҚШнинг Колорадо штатининг маркази Денверда, маҳаллий вақт билан ярим кечаларда, Демократик Партиянинг сайлов олди қурултойи иккинчи иш кунини тамомлади. 4 минг атрофида делегатлар ва 15 мингдан кўпроқ партия фаоллари иштирокида ўтказилаётган бу анжуман жуда пухта ва замонавий усуллар билан тайёрланган муҳташам театр спектаклини эслатади.
Муҳим сиёсий қарор – партиянинг президентликка номзоди белгиланадиган қурултойнинг бундай ўтказилиши ножиддийлик белгиси эмас. Чунки, номзод ким бўлиши бошланғич сайловлар, яъни праймериз ва кокусларда аллақачон аниқлаб бўлинган.
Бу қурултой-спектаклнинг мақсади – АҚШ халқига партиянинг бирлик-баробарлигини кўрсатиш, партиянинг номзоди Барак Обаманинг сайловолди программаси АҚШнинг бугунги эҳтиёжларига жавоб беришини, республикачиларнинг номзоди МакКейин АҚШни ҳозирги оғир аҳволдан чиқара олмаслигини намойиш қилиш. Яъни, халқни Обама учун овоз беришга ундаш.
Мажлислари кечқурун бўладиган қурултойнинг биринчи куни Обаманинг турмиш ўртоғи (ёнида кичик ёшлардаги икки қизи ҳам туришарди) ҳам нутқ сўзлаган бўлса, кеча сенатор Эдвард Кеннеди, бир қатор штатларнинг губернаторлари ва ярим кечага яқин Хиллари Клинтон нутқ сўзлади.
Демократларнинг позицияси ҳар томонлама ёритиб берилган Хиллари Клинтоннинг нутқини энг қисқа шаклда шундай ифода қилиш мумкин: “Ҳозирги президент Бушнинг барбод 8 йиллигини яна 4 йилга чўзишни мўлжаллаётган МакКейнга эмас, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида буюк ўзгаришлар қилиб, Американи ҳозирги турғунликдан (стагнациядан) олиб чиқа оладиган Барак Обамага овоз беринг.”
Клинтоннинг ҳам бошқа нотиқларнинг нутқлари ҳам партия анжуманларида бўладиган расмиятчилик стандартларидан узоқ бўлиб, кўпроқ кўча митингларидаги оташин чиқишларни эслатарди. Айнан шундай чиқишлар ҳалқнинг юрагига етиб боришини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Энг қизиғи, Барак Обаманинг ўзи ҳали қурултойга келмаган. У аввалги куни ўз хотинининг ҳам кеча Клинтоннинг ҳам нутқларини телевизор орқали бошқа штатларда кезиб юрган пайтида кузатиб бораётгани ҳам телеянгиликларда кўрсатилмоқда. Бугун қурутойда асосий нотиқлардан бири собиқ президент Билл Клинтон бўлади. Эртага, қурултойнинг сўнг куни, Барак Обаманинг ўзи ҳам келиб нутқ қилади.
Журналимизнинг асосий принципларимдан бири - дунёдаги ҳамма воқеаларга Ўзбекистон манфаатлари призмаси орқали қараш. Демократларнинг қурултойини ҳам шу нуқтаи назардан кузатмоқдамиз. АҚШ Демократик Партиясининг қурултойидан чиқарилиши керак бўлган асосий хулоса шундай.
Собиқ рақиблар сайловларда партия ва мамлакат манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўядиган, миллат олдидаги маъсулиятларини унутмайдиган сиёсатчи эканликларини намойиш қиладилар.
Матбуотга сизиб қолаётган хабарлардан маълумки, Хилари Клинтоннинг артофидаги одамлари қурултойда Обамани қўллаб қувватламасдан, праймериз ва кокусларнинг натижалари ўзларининг фойдасига бўлмаса ҳам, қурултойнинг ўзида Клинтонни номзодликка ўтказиш учун ҳаракат қилиш керак, деб ҳисоблашар экан.
Шундай қилинса эди, партия ва унинг номзоди сайлов олдида анча кучсиз бўлиб қолган, партия оёғига болта урилган бўларди.
Буни тушунушдан ҳам кўпроқ ўз партиянинг тепкисидан қўрққан Хиллари Клинтон тарафдорларини Барак Обама учун овоз беришга чақирди. Бу мажбурий олижанбликка шу каби мажбурий олижаноблик билан жавоб берган Барак Обама, қурултойнинг сўнгида президентликка номзод сайлааш вақтида, Хиллари Клинтоннинг номи ҳам номзодлар рўйхатига киритилишига розилик берган.
Ўзбекистон расмийларини ўз сиёсатларида миллат манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўйишга, маъсулиятли бўлишга чақириш фойдасиз эканлигини айтиб ўтириш ортиқча. Чунки Ўзбекистонда сиёсатчиларга миллатнинг тепкисини кўрсатиш механизмлари мутлақо йўқ. Мавжуд режим - диктаторлик, сайловлар - сохтакорлик, расмий партиялар эса, минг афсуски, масхарабозликдан бошқа нарса эмас.
Шу сабабли демократик мухолифат фаолларига, айниқса, чет элларда яшаётган мухолифатчиларга мурожаат қилиб, қуйидагиларни эслатишдан фойда бор.
Ўзбекистондаги сиёсий вазият Россия-Гуржистон урушидан кейин яна ҳам демократиядан узоқлашиши турган гап. Демак, вазифамиз яна ҳам қийинлашади, аҳволимиз яна ҳам оғирлашади. Бирлашиш - биз учун тирик қолишнинг ягона йўлидир. Аммо, ўзимизни қўйиб туринг, Россия ва Озорбойжондаги воқеалар ҳам кўрсатмоқдаки, турли типдаги коалицияларга бирлашишнинг келажаги йўқ.
Шулардан келиб чиқиб, ҳаммани Андижон воқеаларидан кейин қайтадан оёққа туриш потенциали борлигини кўрсатган, шу оғир шароитда Ўзбекистонда реал фаолият олиб бораётган, ички ва ташқи сиёсатга доир таклифларини демократик дунёнинг эътиборига етказолган ягона ташкилот – “Бирлик” Партиясида бирлашишга яна бир марта чақириш лозим. Миллат ва мамлакат манфаатларини ҳар нарсадан юқори қўйишга тайёр бўлган, миллат олдидаги маъсулиятини унутмаган ҳар бир одам шундай қилиши шарт.
Бундай чақириқдан юз ўгирганлар, “Бирлик” Партиясининг Ўзбекистон ичидаги фаолиятига, Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатдан куч билан депортация қилинган Пўлат Охуннинг тақдирига кўз юмиб келаётган турли ўзбек тилидаги сайтлар, “Озодлик”, “Америка Овози”, ББСдаги ўзбек журналистлари вақти келиб ўзбек халқининг лаънатига қоладилар, бир маҳаллар Каримовга хизмат қилиб “Бирлик”ни парчалаган 53-54-чиларнинг аҳволига тушириладилар. Чунки, ўз манфаатларини миллат манфаатларидан юқори қўйганларга тепки кўрсатолган, уларни жазолайолган халқгина халқ бўлолади, у шундай қилсагина қулликдан чиқолади.
* * *
28 август куни ўз партиясининг қурултойида Барак Обама президентликка номзод бўлиш таклифини қабул қилди ва расман президентликка номзод бўлди. Ўз нутқида “Ўзгартир!”шиорига содиқ эканлигини билдирган Барак Обама АҚШни янги марраларга олиб чиқишга ваъда берди.
Ўтган куни эса, вице-президентликка номзодликни Жозеф Байден қабул қилган эди. Ўша куни қурултойда оташин нутқ сўзлаган Билл Клинтон Обама АҚШнинг президенти бўлишга тайёр, деб хитоб қилди ва ҳаммани Обама атрофида бирлашишга чақирди.
Сайтимиздаги хабарлардан ҳам маълумки, Хиллари ва Билл Клинтон ҳамда уларнинг тарафдорлари қурултойда Хиллар Клинтоннинг номзодини олға суришни давом эттиришса, Барак Обама ноябрда бўладиган сайловларда анча кучсиз бўлиб қолиши хусусида ташвишлар бор эди. Аммо, ундай бўлмади. Билл ва Хиллари Клинонлар партия ва мамлакат манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўйиб, қурултой қатнашчиларини Барак Обама учун овоз беришга чақирдилар.
* * *
Келаётган душанба куни Республикачилар Партиясининг қурултойи ҳам бўлади. У ерда сўзсиз фаворит МакКейндир. Шундан кейин Обама ва МакКейн ўз партияларининг расмий номзодлари сифатида президентлик учун расмий курашни бошлайдилар. Ҳозиргача бўлаётган кураш эса, расмий номзод бўлиш учун кураш эди.