Журнал Ҳаракат №5 (74) 2008. Инсон ҳуқуқлари
“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - Бош вазирнинг маҳалласида... аввал портлаш, сўнг босқинчилик!"
(“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 43, 11.09.2008)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Германия Федератив Республикаси Мюнхен шаҳар Герцогштандштрассе 19-уйда яшовчи мамлакатимиз фуқароси Анвар Усмонов мурожаат қилиб, ўзининг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Фозил Йўлдош кўчасида жойлашган уйи муайян шахслар томонидан талончилик ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини билдирди. Маълум бўлишича, 1987 йилда онаси Усмонова Миноварнинг васиятномаси асосида унинг номига ўтказилган уй Мирзо Улуғбек (аввалги Куйбышев) тумани уй-жой ва давлат кадастри бўлимида қайд қилинган. Шу пайтга қадар уйнинг барча солиқ ва мажбурий йиғимлари Анвар Усмонов томонидан тўлаб келинган. Мулкнинг тегишли тартибда мусодара қилингани, давлат ҳисобига ўтказилгани ёки уй эгасининг муайян эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилинганига доир ҳужжатлар мавжуд эмас. Аслида эса мазкур хонадон 1992 йилда Анвар Усмонов “Бирлик” халқ ҳаракати намоёндаларидан бири бўлгани, мавжуд тузумга мухолиф қарашдаги шахс экани боис портлатиб юборилган. Ўша портлашда “Бирлик”нинг Абдураҳим Пўлат, Васила Иноят, Толиб Ёқуб, Дамин Нарзиқул сингари раҳбарлари қатори бахтли тасодиф туфайлигина омон қолгач, Анвар Усмонов Германия Федератив Республикаси ҳукуматидан олган сиёсий бошпана асосида муҳожирликда яшамоқда. Бу ҳодисалар тафсилоти ҳақида ўз вақтида оммавий ахборот воситаларида кўп марта гапирилган. Ўша маҳалдаги хонадон ўрнида эса чуқурликдан иборат каттагина из қолган. Қаровсиз қолган хонадондан Анвар Усмоновнинг илтимосига кўра, қўни-қўшнилар хабарлашиб туришган. Бироқ Анвар Усмонов шу йилнинг баҳор ойларида ўз уйи ўрнида ҳашаматли иморат қад кўтараётгани, кимдир участкани сотиб олгани хусусида эшитади. Анвар Усмоновнинг билдиришича, қурилаётган иморат Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг яқин қариндоши Тимур исмли шахсга тегишли экани маълум бўлади. Юртдошимиз шундан сўнг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига арз қилди, воқеа сабабларини суриштиришда қулайлик яратиш учун жамият раиси Васила Иноятова номига Мюнхен шаҳар нотариуси Рудольф Спурернинг тасдиғи билан ишончнома жўнатди. Ишончнома Германиянинг Ўзбекистондаги элчилиги консуллик бўлими томонидан легаллаштирилди. Ҳужжат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқ учун олиб борилганида ишлар тўхтаб қолди, консуллик бўлими ходимлари ҳужжатни тасдиқлашдан бўйин товлашди. Ҳолбуки, Васила Иноят шу кунга қадар Анвар Усмоновнинг аризаси асосида мазкур уй жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Маҳалла оқсоқоли Баҳодир Йўлдошевнинг таъкидлашича, мазкур кўча ҳукумат маҳалласи бўлиб, бу ер Бош вазир Шавкат Мирзиёев, собиқ Давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков, Марказий банк раиси Файзулла Муллажонов сингари амалдорлар истиқомат қиладиган ибратли овуллардан биридир. “Лекин айнан “Фозил Йўлдош - 8” нинг ғалва бўлишини билардим, мен кўп марта айтганман, ҳужжатларига эҳтиёт бўлларинг, деганман, опа”, деди оқсоқол. Маҳалла фуқаролар йиғинида ҳатто мазкур уйнинг олди-сотдиси билан боғлиқ нотариал ҳужжат мавжуд экан, оқсоқол уни ҳуқуқ ҳимоячисига тақдим этди. Нотариал шартномага кўра, Анвар Усмоновнинг 20 йил илгари қонуний йўл билан ажраб кетган собиқ хотини Светлана Усмонова гўё бу уйни 1964 йилда туғилган фуқаро Кабилов Махмуджон Позиловичга сотган. Исмини Тимур деб таништирган ҳозирги хўжайин эса ҳолатни Махмуджондан уйни “сотиб олгани”, қолаверса, Мюнхенда унга Анвар Усмоновнинг гўё энди Ўзбекистонга бормайман, дегани билан изоҳлади. Янги иморатга кўп пул сарфлагани, уни ҳеч ким тортиб ололмаслигини билдирди. Шундан сўнг В.Иноят Анвар Усмоновнинг собиқ рафиқаси Светлана Усмонова билан сўзлашаркан, бу аёл, агар мазкур уй масаласи қўзғалса, унинг жони хатарда қолиши, участканинг ҳозирги хўжайинлари катта одамлар экани айтиб, зорланди. Суҳбатдан кўп ўтмай ўзини Республика Бош прокуратураси раҳбарларидан бири деб таништирган киши телефон орқали Васила Иноятга бу маҳаллага қайтиб келмасликни маслаҳат бериб, таҳдид қилди. Ҳозирда маълум бўлишича, Анвар Усмонов уй олди-сотдисида қатнашган Светлана Усмонова билан 1979 йилдаёқ ажрашган, унинг мазкур хонадонга мутлақо алоқаси йўқ. Демак, Усмонова ўзининг айтишича, қўрққанидан бу уйни ўзганинг номига расмийлаштиришида қатнашган ва Тошкент шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси аввал М.П.Кабилов (ҳозир бу шахс ҳам йўқ – “Эзгулик”)га, сўнгра ҳозирги эгасига расмийлаштирган. Анвар Усмоновнинг эътирофича, Тимур Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тус жияни (поччаси Бош прокуратурада амалдор), улар билан курашиш осон бўлмайди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига уйнинг олди-сотдисини бекор қилиш, Анвар Усмоновнинг мазкур мулкка эгалик ҳуқуқини тиклаш ҳақида давъо аризаси киритиш учун адвокат ёллади. Ҳозирда мазкур масала юзасидан ҳужжатларни тўплаш, даъвони асословчи гувоҳларни йиғишга киришилган. Лекин айни жараёнда жамият фаолларига Ташқи ишлар вазирлигидан тортиб, давлат ер кадастригача бўлган идораларда тайзиқ, пўписалар бошланди. Ҳужжатларни бермаслик, ишончномаларни легаллаштиришдан бўйин товлашга киришилди. Анвар Усмонов ишончномага тааллуқли хужжатларни Германия ташқи ишлари вазирлигида расмийлаштирмоқда. Тошкентдаги Германия элчихонаси мухри ва консул имзосини тан олмаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хар қалай бу хужжатни бекор қилолмаслиги аниқ. Жамиятимиз мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ва бошқа тегишли органларни уй-жой можароси, 16 йил аввалги портлаш, уйнинг ҳуқуқий ҳолати юзасидан изоҳ беришга чақиради.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону