Журнал Ҳаракат
№5 (74) 2008. Биз яшаятган жамият
Саиджаҳон Зайнобиддин -
Ўн цент бериб тур, азиз биродар
Москва вилоятида Андижонлик меҳнат муҳожири Жумахон Қаландаров юрак хуружидан вафот этди. 2006 йилда иш излаб Россияга кетган Жумахоннинг оиласига бу ҳақда шу йилнинг 25 сентябрь куни телефон орқали хабар келди. 27 сентябрь куни у Андижонга олиб келинди ва дафн этилди.
Марҳум Жумахон Қаландаров менинг тоғавачча укам бўлиб, ёши 51 да эди. У Андижон Пахтачилик институтининг Ирригация факультетини тамомлаб, қишлоқ хўжалик иншоатларининг қурилишида мухандис бўлиб меҳнат фаолиятини бошлаган эди. Россияга иш излаб кетишидан аввал, Жумахон бир неча йил Андижон Ип-газлама комбинати Бош директорнинг қурилиш бўйича муовини ҳам бўлган. Мазкур корхона яхлит банкротликка учраб ёпилгандан сўнг, ишсиз қолган Жумахон Москва вилоятига келиб, бадавлат бир рус оиласининг дала-ҳовлисида пойлоқчи бўлиб ишлаб келарди.
Иш берувчилари унга яхши муомилада бўлишган ва унга яхши иш ҳақи тўлаб келишган. У вафот этганидан сўнг эса, унинг жасадини тезроқ (икки кунда) уйига олиб келиш учун ҳам катта ёрдам кўрсатишди. Улардан марҳумнинг оила аъзолари миннатдорлар.
Мен, "Буюк депрессия" давридаги Америка ишсизларининг "Ўн цент бериб тур" номли қўшиғини русчадан ўзбекчага таржима қилган эдим. Мен бугун шу таржимамни укам Жумахонга ва унингдек бугун ишсиз қолиб, сарсон-саргардон бўлган ҳамюртларимга бағишлаб, ўқувчиларга ҳавола қиламан:
"ЎН ЦЕНТ БЕРИБ ТУР, АЗИЗ БИРОДАР"
Э.Хабург
Уйчалар қурдим мен, саройлар қурдим,
Бунёд этдим улкан гўзал шаҳарлар.
Иқтисодчи бўлиб ишга югурдим,
Поездлар бошқардим тун-у саҳарлар.
Далаларда терлаб ғамладим пичан,
Нес-нобуд қилмайин уйдим ҳосиллар,
Лек бугун бир четда турипман уйчан,
Ўн цент бериб тур, азиз биродар.
Дўмбира чалиб ҳам кирганман жангга,
Буюрарди зобит: Олға бос, жангчи!
Сен хизмат қиляпсан - дерди - ватанга,
Аямасдан сира ёвларни янчи!
Ҳужумга ўтардим зим-зиё тунда,
Ишратда яшаши учун бошқалар,
Лек бугун турипман мажолсиз танда,
Ўн цент бериб тур, азиз биродар.
Кийимларим эскиб, бўлди дабдала,
Очлик қилиб олди ичимни ошён,
Теваракда эса авжи дабдаба,
Маркетлар ярақлар бойларга ҳар ён.
Юракни чўктирар хира совуқ кун,
Майда ёмғир эзиб тинмай савалар.
Саотлаб турипман бир четда дилхун,
Ўн цент бериб тур, азиз биродар.
* * * * *
Журнал таҳририятидан: Саиджаҳон Зайнобиддин "Бирлик" Партияси Андижон вилоят ташкилотининг раиси. У 2005 йил майдаги Андижон хунрезлигидан кейин, ўша маъшум воқеаларни қоралагани, кўрган-билганларини оммавий ахборот воситаларининг вакилларига сўзлагани учун 7 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Дунё жамоатчилигини босими, ҳамда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан алоқаларинии юмшатишга урунишлари борасида амнистига туширилиб, шу йил 2 февралда у озод қилинган.