Бир ғийбатнинг анатомияси -
Жон талвасасидаги шахснинг интиқоми
(Бир ғийбатнинг анатомияси ва Васила Иноят билан суҳбат)
Кейинги ярим ойда айрим оммавий ахборот воситалари, хусусан, АҚШ Конгресси томонидан молиялаштириладиган “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати Ўзбекистон махсус хизматларининг собиқ юқори мартабали мулозими экани иддао қилаётган Икром Ёқубовнинг Каримов салтанати сирларини фош этувчи мақолаларини тарғиб қилмоқда. Мақолаларда тилга олинишича, ўзбек мухолифатининг етакчи лидерлари, хусусан, “Бирлик” Партияси раҳбари Абдураҳим Пўлат, Ўзбекистон Демократик конгресси лидери Жаҳонгир Муҳаммад, “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят ҳамда “Эзгулик” инсон ҳақлари жамияти фаоллари, шунингдек, бир қанча журналистлар ҳамда мухолифат вакиллари махсус хизматларнинг ходимлари экан. Айнан уларнинг фаолияти Каримов режимининг мустаҳкамланиши, унга мухолиф бўлган шахсларнинг ҳаракатларини синдиришга қаратилган.
Мазкур мақолаларнинг умумлаштирувчи жиҳати - “Эрк” партияси фркацияларидан бирининг раиси Салой Мадаминнинг ягона лидер эканини исботлаш, унинг Каримов режими душмани, режим ва ҳатто бошқа мухолифат вакилларининг ҳам унга қарши курашиши тафсилидир.
Мақолалардаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати фаолиятига оид қисм, Андижон қатли оми тафсилотлари, унинг ижрочилари масаласи эса шунчаки газак (закуска), Ўзбекистонга компютер мониторидан қараб ўтириб зериккан саргузаштталабларга бир эрмак холос. Шундай бўлса-да, кампания ташкилотчиларнинг бирмунча саъй-ҳаракатларидан сўнг айрим халқаро ташкилотлар ҳам масалага эътибор қаратишди, тўғрироғи, мақолалар айримларнинг кўнглига гумон ўтини қалаб улгурди.
Шуни ҳисобга олиб, кейинги 4-5 кун давомида “Ҳаракат” агентлиги мухбирлари вазиятни ўрганиш, собиқ “чекист” иддао қилаётган маълумотлар ортида қандай провакация мавжудлиги борасида ахборот тўплашди. Икром Ёқубов шахси борасида унинг танишлари, дўстлари ҳамда ишлаган муассасаларидаги ҳамкасблари билан суҳбатлашишди. Шунингдек, собиқ чекистнинг қалбида қандай қилиб бирданига миллатпарварлик ғоялари ниш ургани, ўзи хизмат қилиб келган режим асрорларини очишга бел боғлагани билан қизиқди. Аслида умумий ишимиз бундай олди-қочди гапларнинг аҳамияти деярли бўлмаса-да, Икром Ёқубовнинг лўттибозликлари бора-бора кескин тус олиши, ҳатто юрт ичидаги айрим дўстларимизга провакация уюштирилиши эҳтимолидан мавзуни тадқиқ этишга киришдик.
Икром Ёқубов ҳақида
Биздаги маълумотларга кўра, бу йигит Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 1979 йилда (чиқишларида негадир ўзини 2 ёшга кичрайтириб кўрсатмоқда) туғилган. Олий таълимдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегия ва минтақалараро тадқиқотлар институтида илмий ходим лавозимида қисқа муддат фаолият олиб борган.
Институт Президент ҳузуридаги Миллий Хавфсизлик Кенгашининг асосий ишчи аппаратларидан бири бўлиб, у Миллий Хавфсизлик Хизмати билан ҳамкорликда ишлайди. Лекин МХХга берилган имконият ва ваколатлар, яъни оператив ишларни бошқариш имконияти бу институтга берилган эмас, институт асосан ахборотларни таҳлил этиш, мамлакат страте-гиясини пишитиш билан шуғулланади. Икром Ёқубов мазкур институтда ишлаган пайтда унга полковник Равшан Алимов, кейинчалик Шуҳрат Ёвқочев директорлик қилган.
Институтда Икром Ёқубов билан бирга ишлаган, айни пайтда Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти муассислигида чоп этилаётган “Жамият” газетаси ходимларидан бирининг таъкидлашича, қаҳрамонимиз муттасил ёлғон гапириши, иродасизлиги, хизматнинг гапини кўчага ташиши айби билан ишдан қувилган. Унинг Миллий хавфсизлик кенгашида ахборот хавфсизлиги куратори бўлганлиги ҳақидаги иддаолари ёлғон, чунки мазкур кенгашда институт директори Равшан Алимов, Сайфиддин Жўраев сингари айрим чекистларнинггина қатнашиш, маълумотлар тақдим этиш имконияти (доступи) бўлган. Бор-йўғи 15 кишидан ошмайдиган, кучишлатар органлар раҳбарларидан иборат Ўзбекистоннинг Миллий хавфсизлик кенгаши эшиклари стратегия ёки шунга ўхшаш институтларнинг оддий ходимлари кира оладиган даражада очиқ бўлганида Каримов салтанатининг сирларини бутун дунё билган бўларди. Икромга ўхшаган 100-нчи даражали ходимлар асл моҳиятдан, сирдан хабардор бўлиши мумкин эмас, дейди “Жамият” газетаси ходими.
Маълум бўлишича, у ҳозирги “қаҳрамон”лигининг айрим қирраларини ўша маҳаллар ҳам намоён этган: кўча-кўйда, улфатлар орасида саройдан учган “маълумот”ларни билиши билан мақтанган, “сарой сири”ни кўчага чиқарган. Фитна ва чақимчилик принципларига қурилган хуфя хизматлар оғзи бўш ходимдан қутулишган, у Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига ишга ўтказилган. Бу ердан ҳам турли келишмовчиликлар билан ҳайдалган ва 2005 йилда Матбуот ва ахборот агентлиги (аввалги Госкомпечат)нинг Мониторинг марказига келиб қолган. Агентлик маъмурияти билан муроса қилолмаган, ўзининг ҳақиқий “чекист” экани, Каримов режимининг суянчиқларидан бири экани билан мақтаниб, қовун туширган Икром бу ердан ҳам ҳайдалган. Ўша йили ишсиз қолгач, таниши “Мулкдор” газетаси собиқ Бош муҳаррири Миродил Абдураҳ-моновнинг таҳририятидан бошпана топган.
Албатта, Ўзбекистонда газета таҳририятлари ўзаро муносабатлар, саройдан чиққан маълумотларни йиғиш, уларни “сайқаллаб”, “саралаб” тарқатиш учун энг қулай жой ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ҳозирги информацион базасига эга бўлган Ёқубов газетага АҚШнинг мамлакатимиздаги собиқ элчиси Жон Пурнелл билан суҳбатлар чиқарган. АҚШ элчихонасига ўзининг ана шундай фавқулодда муҳим “маълумот”ларни билиши билан яқинлашиб, элчининг ўша пайтдаги жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Дебора Жонснинг (ҳозир АҚШ конгресси раиси Нэнси Пелосининг ёрдамчиси) ишончини қозонган. Унинг тавсияси асосида АҚШ Давлат департаменти дастурига мувофиқ мазкур давлатга бориб қайтган. “Мулкдор” газетасига Дилшод Жалолов муҳаррир этиб тайинлангач, бу ердан ҳам ишдан кетган. Элчилик маъмурлари Молли Стивенсон ҳамда Ричард Фицморисларнинг қувватлови билан бир муддат элчихонанинг “Дўстлик” газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган.
2007 йилнинг апрел-май ойларида Икром Ёқубов ишсиз қолди, оиласи бузилиб, рафиқаси билан ажрашди. Дўстларининг таъкидлашича, Икромнинг қайноғалари Миллий хавфсизлик кенгаши ва МХХда юқори лавозимларида ишлайдиган мулозимлардир. Улар Икромнинг айнан хуфя хизматлардаги каръераси барбод бўлгани, боз устига, дипломатик корпус ваколатхоналари-ю ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотларга аралашиб қолгани учун ҳам сингилларини чиқариб олишган. Иши, оиласи, тирикчилик ташвишларидан гангиган Икром бир муддат иш излади, сарой сирлари ҳақидаги эски ашуласини айтиб таниш-билишларга дийдиё қилди. Унинг мамлакат тузилмавий структараларидаги МХХ ходимлари рўйхати ҳақидаги маълумотларни оғзаки суҳбатларидан эшитмаган одам қолмади, аслида махфий бўлмаган бу рўйхат кейинчалик интернет саҳифаларига кўчди.
2007 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятидан ҳам иш сўради, сўнгра Суръат Икромов бошлиқ ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ташаббус гуруҳига жойлашди. 2008 йилнинг апрель ойида Лондонда ҳуқуқ ҳимоячилари учун ўтказилган семинар-тренинглардан бирига келиб, шу ерда қолиб кетди. Британия элчилиги консуллик бўлимининг вақтинчалик визаси ниҳоясига етгач, ўзи таъкидлаганидек, кўнглига Аллоҳ “ҳидоят” солди. Унинг пойинтар-сойинтар маълумотларини ўзларининг ғарази, шу пайтга қадар тўплаб келган дезинформациялари билан омухталаштирган ака-ука Бобожоновлар уни “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг раҳбари Салой Мадаминга тақдим этди. Ўзбекистон “махсус хизмати”нинг бош эгиб келган бундай одамини Рамазон муждаси дея қабул қилган 53-54 раҳбарлигида кампания бошланиб кетди.
Васила Иноят билан суҳбат
“Бирлик” Партияси Бош котиби, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят ғийбатчиларнинг нишонидаги одамлардан бири. У "Ҳаракат" сайти мухбирининг саволларига 11 сентябрда жавоб берди.
Мухбир: Айрим ахборот воситаларида Ўзбекистон махсус химатининг собиқ ходими сифатида талқин этилаётган Икром Ёқубов исмли шахс гўёки Ўзбекистон режими кирдикорлари фош этмоқда. Бу шахснинг иддаолари қанчалик ўринли, деб ўйлайсиз?
Васила Иноят: Бугунги қаҳрамонимизнинг кашфиётлари мени ортиқча таажжубга солгани йўқ. Чунки у айтаётган гаплар чўнтакдан тушиб қолган, ортиқча эътиборга сазовор бўлмаган нарса. Масалан, Каримов Андижон қатли оми даврида одамларни оттирибди, буни нимаси янгилик?
Агар ҳукуматнинг Андижон қатли оми борасидаги ёлғонини, аслида қанча одамларнинг ёстиғи қуриганига қизиққан одамлар бўлса, марҳамат, “Эзгулик”нинг материаллари билан танишсин, мазкур хунрезликлар акс этган ҳисоботларимизни ўқисин. Ўша ерда ўлдирилган, судланган, таъқибга учраган, юртдан бош олиб кетган кишиларнинг ҳатто исми-шарифи, уларга тегишли бошқа маълумотлар берилган.
Андижон хунрезликларини тожикистонлик полковник Маҳмуд Худойбердиев амалга оширгани, Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ҳукумат махсус хизматларига хизмат қилиши, Абдували қори тирик, Гулнора Каримова меросхўр, Конройнинг тагига Каримов бомба қўйган ва ҳоказо ҳақидаги далилсиз, ҳужжатсиз иддаоларга келсак, мазкур айблов бекорчилар учун қизиқ, бунинг устига кулгилидир.
Мақолалардаги бошқа асрорлар худди шу каби — асосланмаган, муносабат билдиришга арзимайди, чойхонада айтиладиган гаплар.... Агар Икром Ёқубов гаплари ишончли чиқишини истаса, махфий хизматлар структураси, у ерда ишлайдиган шахслар, телефон рақамлари, хизмат машиналари, қариндош-уруғчилик, уюшган гуруҳлар ҳақида ёзсин. Бу сафарги уринишларини эса илгаридан бизга таниш бўлган қаламкашларнинг ижоди деб билганим учун ҳам бу саёз ижод маҳсулига очиғи муносабат билдиргим келмади.
Бу таниш қаламкашлар - “Бирлик” ва “Эзгулик”га қарши иддаолар яратиш билан машҳур бўлган “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракциясидир. Ҳозир ҳам бу ишларнинг орқасида 53-54 нинг ўзи тургани, Икром Ёқубов номи остида ҳам ўша шахс “ижод” қилаётганини ҳамма тушуниши муқаррар. Шунинг учун ҳам бундай ифлосликларга тафсилотли муносабат беришнинг кераги йўқ, деган фикр ҳамма бирликчиларнинг фикридир.
М.: Сиз раҳбарлик қилаётган жамият, шахсингиз ҳамда Сизнинг ходимларингизга мақолаларда жиддий айбловлар қўйилган. Орадан салкам ярим ой ўтишига қарамай на ўзингиз, на ходимларингиз бу масалада бирор изоҳ беришмади. Бу айбловни тан олишми? Умуман олганда, агар собиқ чекистнинг гаплари тўғри бўлса, “Эзгулик”нинг мақсади эзгу эмаслиги ошкор бўлмайдими?
В.И.: Шахсан менинг, сафдош дўстларим Абдураҳим Пўлат, Абдураҳмон Ташановларнинг шахсига қаратилган ҳақоратлар, шубҳасиз, дилимизни оғритиш, бадном қилиш йўли билан фаолиятимизга жиддий зарба беришга қаратилган. Мухолифат майдонига келибманки, айнан шу сингари бўҳтонлардан бошим чиқмайди. Бу сингари бўҳтонлар илгари ҳукуматнинг қўли билан уюштирилган бўлса, бугунга келиб бу бемазагарчиликлар хорижга чиқиб кетган айрим ўзини мухолифат дейдиган «қаҳрамон»ларнинг фаолиятига айланиб қолгани кишини ачинтиради, вақтини олади, чалғитади ва асабига тегади. Шунга ҳам муносабатми?!
Кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари тошнинг оғирига қарамасдан эзгу-ният йўлида саъи-ҳаракат қилаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатда етакчи ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотга айлангани хукуматнинг зўравонликка асосланган сиёсатига тўғаноқ бўлаётгани аниқ. Боз устига, бу нарса ҳукуматдан ташқари яна кимларнингдир иззат нафсига тегиши, ғаламислик туйғуларини урчитиши кутилган эди ва шундай бўлди ҳам.
Яна бир нарсани таъкидлашим керак, айрим халқаро ташкилотлар вакиллари менга уларни судга бериш таклифи билан чиқишмоқда. Мен аввало бу ҳаракатлар шу чиркин «ижод» аҳлига арзирмикан, агар биз судлашиш даражасига борсак, бу ҳолат ҳукуматга қўл келиб, турли фитналарни кўпайтирмасмикан, деган мулоҳазаларни айтдим. Ким билади, балки ҳуқуқ ҳимоячилиги, сиёсий фаолиятдан қўлимиз сал бўшаса, бу нарсани ўйлаб кўрармиз.
М.: Сизнинг мухолифлик ва ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолиятингизга қарши турганларга тилакларингиз.
В.И.: Менинг этагимни юлкилашдан бошка нарсага ярамайдиган, шуни ўзига эп кўрган азаматлар»га илгари ҳам ҳозир ҳам икки дунё ободлигини тилаганман ва тилаб қоламан. Шу билан бирга улуғ Рамазон кунларида уларнинг даражасига тушиб, ҳақоратли сўзлар айтишдан ор киламан, уяламан. Худо инсофини берсин.