Журнал Ҳаракат
№5 (74) 2008. Сиёсат
Халқаро ташкилотларнинг Тошкентдаги “ўзбекча” тадбири
Аввалги хабарлардан маълумки, Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқининг Тошкентда матбуот эркинлигига бағишланган анжуман ўтказиш ғоясига жуда катта қаршилик кўсатган, аммо охир оқибатда бунга рози бўлган. Кеча Тошкентда "Оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш жамиятни демократлаштиришнинг муҳим таркибий қисми" деб номланган ўша семинар иш бошлади.
Ва кечанинг ўзи мамлакатимиздаги француз элчилигида семинарга келган чет эллик меҳмонлар (тахминан 10 киши) Тошкентдаги дипломатие корпус вакиллари (тахминан 10 киши) ва ўзбек демократлари (ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда мухолифатчилар - тахминан 10 киши) билан учрашдилар. Ўзбек демократларининг ичида Мўътабар Тожибоева, Абдураҳмон Ташанов, Баҳтиёр Ҳамроев, опа-сингил Ҳидоятовалар, Дилором Исоқова, Суҳроб Исмоилов, Елена Урлаева бошқалар бор эди. Учрашув регламентсиз, эркин савол-жавоблар шаклида ўтди. Мазкур учрашув расмий семинарга Ўзбекистоннинг талаби билан оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қўйилмагани сабабли уюштирилди.
Семинар иштирокчиларининг айтишича, юқоридагидек номланган тадбир бугун эрталабдан бошланган, унда тарафлар ҳозирча бир-бирларининг маърузаларини тинглашмоқда. Эътиборлиси, бу тадбирга Ҳьюман Райтс Вотч, Амнести Интернешнл, Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти сингари Ўзбекистонга нисбатан кескин позициядаги ташкилотларнинг вакиллари қўйилган.
Шу йилнинг 16 сентябрида Брюсселдаги келишувга мувофиқ ташкил этилган бу тадбир Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги инсон ҳуқуқларига доир мулоқотлардан бири деб эътироф этилмоқда. Лекин бундай мулоқотнинг истиқболи қоронғи, дейди Ҳьюман Райтс Вотч вакили Стив Кравшав (Steve Crawshaw) мухбиримиз билан суҳбатда. Ҳозирга қадар семинар доирасида Ислом Карим шахсияти салбий йўсинда ҳеч тилга олинмагани ҳам вазиятнинг нечоғли омонат эканини кўрсатиб турибди.
Муҳташам “Дедеман” отелида ўтаётган, оммавий ахборот воситалари ходимлари қўйилмаётган семинар эртага ҳам давом этади. Бироқ айрим кузатувчилар бу тадбирни Ўзбекистон тарафи Европа Иттифоқининг амалдаги санкцияларини олиб ташлашга эришиш учун уюштирганини таъкидлашмоқда.
Бундай тадбирлар ҳам лозим ва уларнинг Тшшкентда ўтказилиши муҳим, дейди мухбиримиз. Аммо улар ҳеч нарсани жиддий шаклда ўзгартиролдмайди. Вазиятни ўзбек демократик мухолифатининг ўзи ўзгартириши керак. Шунинг учун демократларнинг биринчи вазифаси сиёсий мухолифатнинг тан олининишига эришиш бўлиши керак. Маълумки, “Бирлик” Партияси айнан шундай позицияда турибди ва шу позияда туриб курашмоқда.
Бу семинарнинг иши ҳуқуматнинг расмий хабарида ҳам ёритилди, аммо қандай ёритилди?
Ўзбекистоннинг бош хабар агентлиги ЎзА бугун 8 тагина хабар тарқатган. Улардан биттаси диққатга сазовор. “Жамиятни демократлаштиришнинг муҳим омили” номли хабарнинг мавзуси – Тошкенда Европа Иттифоқининг ташаббуси билан ўтказилаётган "Оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш жамиятни демократлаштиришнинг муҳим таркибий қисми" номли семинардир. ЎзА “эркинлаштириш” сўзи ўрнига “либераллаштириш”ни ишлатган. Бу тасодиф бўлмаса керак. Мақсад - хабарни ўқиган одамда бир оз бўлса ҳам мавҳумроқ таасурот қолдириш.
Хабар агентлиги асосий эътиборини бу семинарнинг ташкилотчиси деб аталган “Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти” директори М.Усмоновнинг нутқига берган. Бу жаноб ўз нутқида бошқа бир жанобнинг (президент Ислом Каримнинг) раҳнамолигида ўзбек матбуоти ошкоралик минбарига айланиб бораётганини баландпарвоз гаплар билан мадҳ қилган ва бундан ҳам баланд чўққилар забт этилишига ишонч билдирган.
ЎзАнинг хабарида Ғарбдан келганларддан бирининг сўзлари ҳам тилга олинади. Бир маҳаллар АҚШнинг “Фридомхауз” ташкилотининг Тошкентдаги марказига раҳбарлик қилиб, Ислом Каримга қилган лаганбардорликлари учун ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг лаънатига учраган, ҳозир эса ўзи очган Янги демократиялар институтининг (АҚШга оид бўлса ҳам Ўзбекистон берган пулга очилган бўлса ажаб эмас) директорига айланган хорват аслли Мюша Север ўз нутқида “Мамлакатингизда суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда” дея мавжуд режим адресига олқишлар ўқибди. “Фридомхауз” аввалги йўналишидан чекинмасдан олға кетаётган собиқ ходими учун ҳозир ҳам уялиши керак.
Табиий, ЎзАнинг хабарида Хьюман Райтс Вотч, Эмнести Интернешнл, Уриш ва Тинчлик институти вакилларининг семинарда айтган танқидий фикрларини келтириш у ёқда турсин, уларнинг борлиги ҳам тилга олинмаган.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Пўлат Охун
Собиқ СССР халқ депутати, Халқ депутатлари таркибида тузилган Регионлараро Депутатлар Гуруҳининг (раисдошлари - Ельц...
Добавить сведения