АҚШда президент сайлови
Журналимизда илк бор бошқа бир мамлакатда, аниқроғи, АҚШда ўтаётган президент сайлови кампаниясини яқиндан кузатиб келмоқдамиз. Бунинг асосий сабаби тажриба ўрганиш ҳам эмас, сайловнинг антиқалигидир. Ҳали штатларда бошланғич сайловлар бошланмасиданоқ, АҚШнинг сиёсий осмонида кутилмаган юлдуз пайдо бўлди. Бу – Демократ Партиядан президентлика номзодини кўрсатишни эълон қилган қора танли сенатор Барак Обама эди. У бошланғич сайловларда ғолиб чиқди ва, ниҳоят, 26 августда ўз партиясининг президенликка расмий номзоди бўлди. Бундан кейинги воқеаларнинг бориши билан “Ҳаракат” сайтида эълон қилинган хабарлар орқали қуйида танишасиз. * * * 4 сентябрь: МакКейн республикачиларнинг президентликка номзоди бўлди Демократ Партиядан кейин Республикачилар Партияси ҳам АҚш президентлигига ўз номзодини белгилаб олди. Кеча бу партиянинг қурултойида Жон МакКейн президентликка номзод қилиб кўрсатилди. У бугун расмиятчилик учун бу таклифни қабул қилишини эълон қилиши керак. Маълумки, МакКейн йил бошидан ёзгача ўтказилган праймеризларда ғолиб чиққан ва у охирги ойларда республикачиларнинг феълан номзоди сифатита фаолият олиб бораётган эди. МакКейин вице-президентликка номзод қилиб, ҳозир Аляска штатига губернаторлик қилаётган Сара Пейлин хонимни танлаганига ҳам бир ҳафтача бўлган. Демак, ноябрь ойида бўладиган сайловларида демократларнинг жуфти Обама ва Брайн билан республикачиларнинг жуфти МакКейн ва Пейлин Оқ Ўйни эгаллаш учун курашишади. АҚШда кўпинча сайловларда мустақил номзод ҳам иштирок этиб келган. Лекин ҳозирча биронта одам бу сайловларда президентликка мусттақил номзод бўлишга ҳаракат қилишини эълон қилган эмас Турли сўровномаларнинг натижаларига кўра, ҳали ҳам Барак Обама учун тахминан 49-50 фоиз, МакКейн учун тахминан 45-46 фоиз сайловчи овоз беришга тайёр. 8 сентябрь: АҚШдаги президентлик сайловида рақобат кескинлашмоқда Республикачиларнинг президентликка ном-зоди МакКейин ўзининг бўлажак вице-президенти сифатида ёш ва динамик аёл – Аляска штатининг губернатори Сара Пейлинни танлаганини эълон қилиши ҳамда демократларнинг номзоди Барак Обамага қиёс қилиб, АҚШ сиёсатида катта ўзгаришлар қилишга ваъда бериши унинг сайловчилар орасидаги обрўсини кескин ошириб юборди. USA Today газетаси ва жамоат фикрини ўрганувчи машҳур Gallup ташкилотининг биргаликда ўтказган сўровномаларининг натижасига кўра, бугун сайловчиларнинг 50 фоизи МакКейнни, 46 фоизи Обамани қўллашга тайёр. Аввалги натижалар бунинг тескариси бўлар эди. Ноябрь ойининг бошида бўладиган президент сайлови яқинлашар экан, номзодлар орасидаги кураш кескинлашиши табиий эди, шундай бўлмоқда ҳам. Аммо, буюк ўзгаришлар кутаётган Америка жамияти сайлов олди шиори “Ўзгартир” бўлган Обамани Оқ Ўйга олиб келиши муқаррар. 10 сентябрь: Буюкбританиянинг Бош вазири Барак Обама тарафдори Reuters агентлигини бугун тарқатган хабарида Буюкбританиянинг Бош вазири Гордон Браун АҚШдаги президентлик сайловида демократларнинг номзоди Барак Обамани қўллаши айтилади. “Обама прогрессив сиёсий арбоб, у оддий америкаликларни ҳозирги оғир аҳволдан олиб чиқишга қодир”, дебди. Браун. “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат “Обама сайловда ғолиб чиқади, чунки унинг АҚШда катта ўзгаришлар қилиш режалари америкаликларнинг бугунги эҳтиёжларига жавоб беради”, деб очиқча гапирган биринчи чет эллик сиёсатчи бўлганди. Кўриниб турибдики, у энди ўз фикрида ягона эмас. 25 сентябрь: Абдураҳим Пўлат: Президент Буш ҳақиқатнинг ярмини очиқлади АҚШ ҳозир ҳақиқатдан оғир аҳволда. Бу нарса дунё демократиясининг ривожланишига ҳам салбий таъсир қилиши табиий. Яъни, демократик жараёнлар дунё бўйича бир оз орқага кетиши мумкин. Оғир аҳволдагиларни танқид қилиш осон, уларга ақл ўргатиш эса, Одам Ота замонидан бери маълум бўлган одатдир. Менинг на танқид қилиш на ақл ўргатиш ниятим йўқ. Мақсадим Ўзбекистондаги ўз сафдошларимизга ўз фикрларимни етказиш, вазиятни яхши билмаганларга ёрдам бериш. Кеча АҚШ президенти Жорж Буш махсус чиқиш қилиб, ўз мамлакати жудда жиддий молиявий бўхрон ичида, иқтисод хавф остида эканлигини очиқлади. Бу ҳақиқатнинг ярмидир. Аслида, менинг фикримча, АҚШ сиёсий-иқтисодий бўхрон ичида. Мен буни Американинг бугунги аҳволидан келиб чиқибгина айтмаяпман. Мана кичик бир мисол. 2001 йил 14 октябрь куни Муҳаммад Бобир Малик ва Авзхон Мухтор билан бизникида йиғилгандик (учрашув кунини ўша вақтга оид хотираларимдан топдим). Авазхон ака 11 сентябрь воқеалари хусусида гапирар экан, шундай деди: “Америка 3 минг кишининг қони эвазига, бошқа ҳеч нарса қилмасдан, бутун дунёга ҳоким кучга айланди”. Мен эътироз билдирдим: “Йўқ. Бу - Америка ўзининг суперкуч сифатини йўқотишга бошлашидир”. Бундай дейишимнинг сабаби, мен бир мамлакатнинг рамзига айланган нарсаларнинг (Дунё Тижорат Маркази деб билинган биноларнинг) душманлар тарафидан йўқ қилиниши ҳеч нарса бўлмагандек ўтмаслигини тушунишим эди. Лекин, АҚШнинг бу аҳволга тушиши 2001 йил 11 сентябрда бошлангани йўқ. 11 сентябрь охирги туртки бўлди халос. Мен АҚШга аввалги келишларимдаёқ бу ерда кучли сиёсий кризис бошланаётганини сезган эдим. Кризиснинг асл сабаби – совуқ уруш битиб, яъни СССР йўқ бўлиб, АҚШ дунёнинг суперкучига айланганидан кейин, АҚШ янги шароитга мос келадиган янги стратегиялар ишлаб чиқиш ўрнига, эски йўлини давом эттириши, аввалги стратегиялар берган мевалар кайфи билан яшашни давом эттириши бўлди. Шу ерда кичик бўлса ҳам биз учун муҳим бўлган бир мисол келтирмоқчиман. Масалан, АҚШ ҳалигача Ўзбекистоннинг минтақадаги ҳал қилувчи ролини тушуниб етгани йўқ. АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати ҳам йўқ дейиш мумкин. Унинг расман авторотирар деб айтилса ҳам, аслида диктатор деб ҳисобланадиган президент Ислом Каримга нисбатан сиёсати бор холос. Бу жуда катта хато. АҚШнинг ҳозирги аҳволи ўзбек демократларини ҳам қайғуга солиши керак. Чунки, қисқа вақтга бўлса ҳам, демократиядан узоқ бўлган Россия ва Хитойнинг Ўзбекистонга таъсири кучаяди, биздаги шундоқ ҳам секин бўлган демократик ўзгаришлар тезлиги яна ҳам камаяди. Лекин, булар фожеа қилдаган даражадаги жараёнлар эмас. Чунки, АҚШ ўз ичидаги бўхроннинг бир қисмини тан олишга бошадими, демак, уни бутунлигича тушунмоқда. Демак, ундан чиқиш йўлларини топади ва имкон даражасидаги тезлик билан ундан чиқади. АҚШ жамиятнинг кучли структураси бу каби ишларга қодир. Мен бу қисқа лавҳамда бўхрондан чиқиш йўллари хусусида ёзмоқчи эмасман. Чунки, вазиятдан чиқиш учун кўп нарсани ўзгартириш, ўз тарихимиз билан қиёсласак, “қайта қуриш сиёсати” каби иш қилиш кераклиги ўз-ўзидан маълум. Яқинда бўладиган президент сайловининг натижалари бу мавзу нуқтаи назаридан жуда ҳам муҳим. Мен ишонаманки, демократларнинг кандидати Барака Обаманинг “Ўзгартир” шиори “қайта қуришга” чақириқдир. АҚШ жамияти, менинг тушунишимича, ҳали қора танли одамни президент қилиб сайлашга тайёр бўлмаса ҳам, сиёсий-иқтисодий бўхронни яхши ҳис қилаётгани сабабли, Барак Обамани президент қилиб сайлайди. Барак Обама президент бўлиб сайланса ҳам мўъжизалар бўлмаслигини тушуниш кекрак. Муҳим бўлгани ўзгаришларни бошлашдир. Биз ўзбек демократлари воқеаларнинг кузатиш ва ижобий натижаларни кутиш билангина машғул бўлсак, ҳамма нарсани йўқотамиз. Бугун Ўзбекистонда демократик мухолифатнинг фаолияти учун биз ҳали ўзимиз ўзлаштиришга улгурмаганимз етарлича майдон бор. Уни ўзлаштириш, Ғарб дунёсининг ёрдамида бу майдонни кенгайтириш ва Ғарбга яқинлашиш - мамлакатимизни демократияга қовуштириш ва демократиянинг келажагини кафолатлаш мақсадида НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги асосий вазифамиз бўлиб қолаверади. 28 сентябрь: Обама президент бўлса, 20 фоиз амекрикаликнинг уйқуси қочади Аввалги хабримизда АҚШдаги оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик фикрини ўрганувчи ташкилотлар сайлов олдидан президентликка номзодларнинг рейтинги, турли категориядаги одамларнинг номзодларга муносабатини ўлчаш билан машғул эканлигини билдиргандикк. Вашингтон Таймс газетасининг бугунги сонида айтилишича, ухлаш учун керак бўлган молларнинг харидорларини эҳтиёжини ўрганишга мутахассислашган “Яхшироқ Ухлаш Ташкилоти” ҳам бу каби ишлардан четда қолмабди. Бу ташкилот олиб борган тадқиқиотларга кўра, агар демократ Обама президент бўлиб сайланса, 20 фоиз америкаликнинг уйқуси қочади ёки бузилар экан. Жумҳуриятчи МакКейн сайланганда уйқуси қочадиган ёки бузиладиганларнинг фоизи – 15. Ўзи истамаган одам президент бўлиб қолса, уйқуси бузиладиганларнинг фоизи унчалик катта эмас, дейди газета мухбири, чунки, ким президент бўлса ҳам бу нарса уйқумга таъсир қилмайди, деганларнинг фоизи 50 дан ортиқ. АҚШ президентлигига номзодларниннг биринчи бошга-бош олишувини Обама ютди Ўтган жума куни демократларниннг номзоди Барак Обама билан республикачиларнинг номзоди Жон МаКейн биринчи марта миллионлаб телетомошобинларнинг қаршисида яккама-якка бахс қилдилар. Иккала номзод ҳам ўзини ўзига ишонадиган сиёсатчи қилиб кўрсатолди ва президент бўлиб сайланса, мамлакат муаммоларини ҳал қилишга мўлжалланган режалалри борлигини намойиш қилди. Энг умумий шаклда теледебат икки мавзу атрофида айланди, дейиш мумкин. Биринчиси – бутун дунёга таъсир кўрсатмоқда бўлган АҚШдаги молиявий-иқтисодий бўҳрон, иккинчиси – Американинг ташқи сиёсати, аниқроғи, террорга қарши уруш ва Россия-Гуржистон урушидан кейин Россияга муносабат. Бу икки масалда ҳам иккала номзоднинг позицияси бир бирига жуда яқин эди. Иккала номзод ҳам ҳозирги босқичда АҚШ ҳукумати бўхрондан чиқиш учун хусусий секторнинг қўлида бўлган молиявий системага аралашиши тўғри бўлганини гапиришди. Аммо, узоқ муддатли стратегияларда фикрлар бошқача бўлди. МакКейн катта ширкатларга ёрдам бериш, хусусан уларга солиқларни камайтириш йўли орқали иқтисодни ривожлантиришни таклиф қилса, Обама ўрта бизнесга енгилликлар яратиш йўлидан боришни таклиф қилди. Ташқи сиёсатга оид масалаларда МакКейн Россия ва Эронга қарши қаттиқ позицияда туришни таклиф қилса, Обама улар билан диалог қилиш йўли муҳимлигини урғулади. Аммо, уларнинг иккаласа ҳам Россия ва Эронни, қўполроқ қилиб айтилса, жойига ўтказиб қўйиш тарафдори эканликларини кўрсатдилар. Ироқ ва Афғонистондаги уруш масаласида уларнинг фарқи битта эди: Обама биринчи мақсад Ал-Қоидани йўқ қилиш эканлигигидан келиб чиқиб, Афғонистондаги урушга асосий эътиборни қаратиш кераклигини урғулади. Орадан бор-йўғи бир кун ўтди. Оммавий ахборот воситалари ва жамоат фикрини ўрганувчи ташкилотлар ишга тушдилар. Биринчи маълумотларга кўра, бу бахсда Барак Обама ютган. Масалан, CNNга кўра, америкаликларнинг 51 фоизи Обама, 38 фоизи МакКейн тарафини олишган. Демак, Обаманинг президент бўлиш шанси яна ҳам ортти. Ўзбек демократлари учун Обаманинг ютуғи унинг Афғонистонга эътиборни ошириш лозимлигини гапириши нуқтаи назардан ҳам муҳимдир. Чунки, АҚШнинг бу минтақага эътибори кучайса, Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг тезлашишига имкон ортади. 6 октябрь: АҚШ ҳукуматининг ёрдам пакети тасдиқланса ҳам, дунё фонд бозорларининг чўкиши тўхтамаяпти, сайловларни кутиш керак шекилли Ўтган ҳафта АҚШ Сенати, кейин Вакиллар Палатаси Буш ҳукуматининг молиявий системага ёрдам пакетини тасдиқлаган бўлса ҳам, дунёнинг фонд бозорларида аҳвол яхши томонга ўзгармади. Сенатнинг қароридан кейин юқорига чиқишга бошлаган Dow Jones индекси, жума куни қарор Вакиллар Палатасидан ўтгач, яна 300 пунктга тушиб, 10400 атрофида қолди. Ҳолбуки, бўҳрон бошланмасдан олдин у 13000 дан юқорида эди. Бугун Осиё ва Россия биржалари ҳам асосий индексларнинг тушишидан иш бошлади. Яхши вақтларда 1100-1200 атрофида бўладиган Россиянинг асосий индекс РТС бугун 900 га яқинлашиб қолгач, паниканинг олдини олиш мақсадида, ҳукумат куннинг ўртасида фонд бозорини вақтинча бекитиб қўйди. 12 октябрь: Абдураҳим Пўлат: Молиявий бўҳрон туфайли антиамериканизм кайфиятлари кучаяди, унинг тузоғига тушмаслик керак АҚШда бошланган молиявий бўҳрон бутун дунёни қамраб олди. Табиий, чунки, АҚШ дунёнинг энг кучли ва ҳаммага таъсири кучли мамлакат. Яна бир табиий нарса шундан иборатки, бўҳрон капиталистик муносабатлари бор давлатларга таъсир қилмоқда. Замонавий капитализмнинг мотори бўлмиш банк-молиявий системаси ҳали шаклланмаган мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон бу бўҳрондан четда қолаётгандек. Аммо, ҳозирги глобаллашма даврида ҳамманинг иқтисоди бир бирига боғлиқ. Демак, дунёдаги молиявий бўҳрон Ўзбекистонга сўзсиз билвосита иқтисод орқали таъсир кўрсатади. Кеча Вашинтонда тўпланган АҚШ, Канада, Англия, Франция, Германия, Италия ҳамда Япониянинг молия вазирлари ва марказий банкларининг раҳбарлари бўҳрондан чиқишнинг йўлларини муҳокама қилдилар. Сўнги ярим асрнинг энг кучли молиявий бўҳронидан чиқиш бўйича умумий режани тасдиқладилар. Бу режага кўра, ҳукуматлар ўз мамлакатларидаги банкларнинг банкрот бўлмаслигини таъминлаш учун уларни ўз ҳимоялари остига оладилар, кредит системасини қайтадан тиклашга, банкларга капитал қидиришга, банвлардаги жамғармаларни суғорталашга ва барбод бўлган ипотека бозорини тиклашга ёрдам берадилар. АҚШ бу йўналишда амалий ишлар қилишга ҳам бошлади. Масалан, яқинда молиявий системани қутқариш учун давлат томонидан ажратилган 700 миллиард доллар ҳисобидан банкларнинг акциялари/ҳиссаларини сотиб олиш бошланган. Баъзи мутахассилар бу қадамни банкларни қисман национализация қилиш (миллийлаштириш) деб баҳоламоқдалар. Яъни, бу иш сўлчилик эканлиги таъкидланмоқда. Мен бу ерда буюк бўҳрон атрофида бўлиши мумкин бўлган сиёсий “бўҳронча”лардан бири ҳақида гапирмоқчиман. Дунёдаги бўҳрон АҚШда бошланган учун, унга отиш мақсадида доим қўйнида тош олиб юрган одамларга жон кирди, дейиш мумкин. Бундай одмлар сифатида Россия, Венесуэла, Эрон, Шимолий Корея каби диктатор ёки ярим диктаторликларнинг раҳбарларини, Араб дунёсидаги радикал исломчиларни санаб ўтиш мумкин. Россиянинг ҳукмдори Владимир Путин 2-3 ҳафта олдин АҚШдаги бўҳрон хусусида кулишга ҳам бошлаганди, унинг шамоли Россияга етиб келиб, фондлар бозорини алғов-далғов қила бошлаши билан жим бўлди. Мусулмон бўлганимиз учунгина биз араблар билан бир позицияда туришимиз керак деб ўйлайдиган ва ўзини демократ деб ҳисоблайдиган ўзбек мухолифатчилари борлигини яхши биламан. Американинг кичик бўлса ҳам муваффақиятсизлиги ва айни замонда ислом экстремистларининг ҳар қандай жузий ғалабаси ичимиздаги баъзи “демократ” мухолифатчиларнинг бошини айлантириб қўйиши ҳам маълум. Узоққа бориб ўтирмаслик учун иккитагина мисол келтираман. 1996 йилда Толибон кучлари ўзбекларнинг Афғонистондаги қалъаси Мозори-Шарифни эгаллаган кунидан бошлаб, кечагина атеист бўлган “Эрк” раиси Салой Мадамин “Озодлик” радиосидаги чиқишларини “Бисмуллаҳир-Раҳмонир-Раҳим”дан бошлаб қолгани, кейин Тоҳир Йўлдош воситасида Толибон билан ҳамкорлик қилишга бошлаб, антиамерикаликка айлангани ҳаммага маълум фактлар. Бундан икки йил аввал Ливанда жойлашган “Ҳизбуллоҳ” кучлари Эронда қилинган “катюша”лар билан Исроил устига юзминглаб кўр-кўрона ракеталар отишга бошлаганда ва ҳатто улардан бир иккитаси одамлар яшайдиган жойгача етиб борганида, Баҳром Ҳамро ва Исмоил Дадажон каби сафдошларимизнинг (ҳозир собиқ сафдошларимиз, дейишим мумкин) бундай “ғалабадан” боши айланиб қолганини ҳам биламан. Нишонни тахмин қилиб ракетачалар отаверадиган ўтган асрнинг қуроллари билан бугун уришишнинг қанчалик ибтидоий ва ҳатто кулгили эканлигини англаб етмаган бу икки мухолифатчи ўша кунларда оғизлардан тупуклар сачратиб (ҳар ҳолда телефонда гаплашганимизда менга шундай туюларди), АҚШнинг мусулмон дунёсининг душмани эканлиги, биз ҳам демократия сафсатасини тўхтатиб, йўлимиз Ислом, мақсадимиз Ҳалифат эканлигини эълон қилишимиз шартлигини менга уқтиришарди, Ўзбекистондаги режимига қарши курашиш учун, керак бўлса, Ҳизб-ут-Таҳрир билан ҳам ҳамкорлик қилишга чақиришарди. Билмаганлар учун эслатиб ўтмоқчиман, Ҳизб-ут-Таҳрир уч ғояга таянади, булар – Ислом, Ҳалифат ва антиамериканизм. Албатта, мен бу ичимиздан чиққан ҳизбутаҳрирчиларнинг гапига кирадиган даражада ақлсиз эмасдим. Қолаверса, Баҳром Ҳамро билан алоқаларимизни уздик, “Бирлик”нинг Фарғона вилоят ташкилоти Исмол Дадажонни ташкилот фаолиятига таъсир қилолмайдиган масофада ушлаб туришга қарор қилгани эса, унинг феълан “Бирлик”дан чиқарилганини билдиради. Менинг ҳозир айтиб ўтилган икки мисолга ишора қилиб туриб, ўзбек демократларига айтадиган икки оғиз сўзим бор. АҚШдаги молиявий бўҳрон, унинг илдизлари менимча сиёсат ва иқтисодда, оғир, аммо ўткинчи жараён ва ўтади ҳам. Барак Обаманинг “Ўзгартир - Қайта қур” каби шиорлари амалга оширилса, Американинг дунёдаги лидерлиги яна давом этаверади. Мен ишонаманки, шундай бўлади. Бу эса, демократиянинг дунё бўйича, хусусан, бизнинг минтақада ва биз учун муҳим бўлгани Ўзбекистонда, олға кетишига кафолат бўлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону