“Бирлик” Партияси қурултой йўлида – 4
Журналимизнинг аввалги сонларида берилган хабарлардан маълумки, “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг шу йил 18 майда ўтказилган мажлисидан кейин қурултойга тайёрланиш жадаллади ва июнь-июлб ойларида партиянинг Фарғона, Қашқадарё, Сирдарё, Андижон ва Самарқанда вилоят иашкилотлари ўз ҳисобот-сайлов конференцияларини ўтказдилар. Улар кўрсатдики, бошқа вилоятларда ҳам тезда конференциялар ўтказиб, кейин партия қурултойини чақириш мумкин. Аммо, бошқача фикр ҳам бор эди. Унга кўра, агар ҳозир бўлаётган вилоят конференцияларида келажакда қилинадиган ишлар муҳокама қилиниб, қурултойда олинадиган қарорларнинг, энг камида, лойиҳалари тайёрланмаса, партия фаоллари қурултойдан кейин дарҳол ”енг шимариб” иш бошлаш юборолмайдилар. Шундан келиб чиқиб, вилоят конференциялари ўтказишда шошмасликка ва қурултойни шу йил охири ёки ҳатто, керак бўлса, келаси йилда ўтказишга келишилганди. Бу сабабдан сўнги икки ой ичида ташкилотда нисбатан сустлик кузатилди. Этиборингизга шу даврда эълон қилинган икки лавҳани ҳавола қиламиз. * * * Абдураҳим Пўлат
“Бирлик” Партиясининг қурултойига тайёргарлик сусайтирилдими?
Расмий тарқатиб турилган хабарлари-миздан маълумки, партиямизнинг қурул-тойини аввал шу йил ёзгача ўтказишни режалаштиргандик, кейин ёзнинг охирини белгиладик. Ҳозир эса шу йилнинг охири, ҳатто янаги йилнинг бошларини кўзла-моқдамиз. Шу кунгача партиянинг 5 вилоят ташкилоти ҳисобот-сайлов конференциясини ўтказди. Самарқанддан бошқа вилоятларда ташкилий ишлар, Ўзбекистон демократик мамлакат эмаслигини ҳам ҳисобга олганда, нисбатан қийинчиликларсиз ўтди. Кўриниб турардики, бошқа вилоятларда ҳам конференциялар ўтказиш йўлида ортиқча муаммолар бўлмайди. Шундай бўлса ҳам қуйидаги икки сабабдан келиб чиқиб, конференциялар ўтказишни тезлаштирмадик ва бунинг натижасида қурултойни кечиктирмоқдамиз. Биринчи сабаб. Мен ўтган йили “Ҳаракат” журналининг 5(68) сонида эълон қилинган “Демократик мухолифатнинг навбатдаги тўлғ-оғи” номли мақоламда тахмин қилганимдек, мухолифат ичидаги мураккаб жараёнларнинг натижаси ўлароқ, “Бирлик” Партияси мам-лакат ичида амалда фаолият олиб бораётган ягона демократик мухолиф ташкилот бўлиб қолди. Юрт ташқарисида фаолият олиб боришни иддао қилган гуруҳлар ҳам қўлбола сайтлардан ташқарига чиқолмадилар ва йўқ бўлиб кетиш остонасига келдилар. Менинг фикримча, биз бундан кейинги ташкилий ишларимизни ана шу янги реалликни ҳисобга олиб юритишимиз лозим. Ҳозир елкамиздаги маъсулият яна ҳам ортди. Бу янги ҳолатни тўла англаб етиш ва унга мос равишда ишларни янги савияга олиб чиқиш вақт талаб қилмоқда. Иккинчи сабаб. “Бирлик”нинг стратегик мақсади аниқ. Бу – мамлакатимизни демократик ривожланишлар йўлига олиб чиқиш. Лекин, қисқа муддатли тактикалар ҳам муҳим роль ўйнайди. Аввалги қурултойимизда “Бирлик”нинг тактикаси аниқ белиланган эди: Рўйхатдан ўтиб расмий сиёсий саҳнага чиқиш ва 2004 йилдаги парламент ҳамда 2007 йилдаги президентлик сайловларида қатнашиш. Биз бу тактик мақсадимизга етишолмадик, аммо айнан шу мақсад йўлидаги фаолиятимиз туфайли партиянинг ташкилий асосларини тиклаб олдик. Андижон фожеаси бўлмаса эди, биз мақсадимизга шубҳасиз етишардик. Бу мақсад ўзгармади, унга етишиш учун кураш давом этаверади. Аммо, ўзимизнинг ҳам дунёнинг ҳам тажрибаси кўрсатмоқдаки, курашнинг ҳар бир босқичида ёрқин, жозибали ва фойдали тактик мақсад ёки мақсадларни ҳамда уларга етишиш йўлларини аниқ белгилаб олиш, тўғрироғи, янги полит-технологиялар билан иш олиб боришгина самарали бўлади. Ҳозир шу йўналишда янги таклифлар тайёрламоқдамиз. Улар вилоят конферен-цияларида яхшилаб муҳокама қилиниши ва қурултойда қабул қилинадиган қарорларнинг асосини ташкил этиши лозим. Ана шундагина қурутойдан кейин енгни шимариб, тайёр тактикаларимизни ҳаётга жорий қилишни бошлаймиз. Демак, қурултойга тайёргарлик сусайтирилмади, ҳозир у ерда олинадиган қарорларни тайёрлаш жараёни яна ҳам жиддийроқ даражага олиб чиқилмоқда. * * * Акбарали Ориф
“Бирлик” кимларгадир ёқса ёқмаса, мухолифатни бирлаштирадиган кучдир
Назаримда “Бирлик”ни мавжудлиги ҳукуматдагилардан ташари ўзини муҳолифатчи дегувчи айрим кимсаларда хам жуда катта ташвиш туғдираётганга ўхшайди. “Бирлик” улар учун ҳукуматдан кўра хавфлирокдек туйилади. Чунки “Бирлик” бу кимсаларга оммани улар хоҳлагандай лақилатишларига йўл бермай келмоқда-да. Ёки улар “Бирлик” йўқ бўлиб кетса, яқин тарихда қилиб қўйган хақиқий сотқинликларимиз ҳам ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетаверади ва бундан кейин ҳам яна бизга ўхшаганлар хоҳлаган «қанд»ларимизни еб юраверамиз деб ўйлашармикан? Баъзи бир кимсалар эса, Абдираҳим Пўлат обрўсизлантирилса ёки у “Бирлик” раислигидан кетказилса ҳамма мухолифат-чилар бошқа бировнинг атрофида бирлашади, деган фикрда юришганга ўхшайди... Бироқ ҳар қандай бир оз бўлса ҳам фикрловчи инсон, гап у ёки бу шахсда эмас, балки улар олиб бораётган сиёсий йўналиш, улар олиб бораётган ишлар ва принципларда эканлигини англаб етиши керак. Аммо яна шундай бир гуруҳ пайдо бўлдики, бу гуруҳ лидерларининг аниқ бир позициялари ёки бирор бир сиёсий қарашлари ҳам мавжуд эмас. Улар ўзларини мухолфатда ўзгариш ясамоқчи одам сифатида кўрсатмоқчи бўладилар-у аммо факат бузғунчилик билан шуғилланиш йўлига кириб қолганларини тушунмайдилар. Қилаётган ишларининг ҳосиласи эса, мухолифатни заифлаштириш бўлаябди. Уларга “Бирлик” ҳам “Эрк”нинг қолган қутгани ҳам ёқмайди. Менимча булар ҳақиқий хавфли ва шуҳбали одамлардир. Чунки қилаётган ишлари асосан мухолифатни борини ҳам йўқотишга асосланган. Мен мухолифатчиликни ўзига ниқоб қилиб олиб ҳаммани асосий курашдан чалғитувчи ифлос кимсалар борлигини чет элга келиб билдим. Аллоҳга шукурлар бўлсинким буларнинг иғволарини ватанга етиб бориши мушкилроқ. Бу кимсалар кўпинча бировларни обрўсизлантиришда осонгина агентдан олиб агентга солишни одат қилиб олганлар. Аммо бу «агент»нинг гапираётган гапларини ва қилаётган ишларини унча-мунча ватан-парварлар қила олмаётгани ҳақида ўйлаб кўришни улар хоҳламайдилар. Шунча йиллардан буён мухолифатни лидерларига айланган инсонларга СНБнинг агенти деган ёрлиқ ёпиштиришга ҳаракат қилаётган Икром Ёқубов деган кимсанинг орқасида ҳам миллатнинг маъсулятини мутлақо ҳис қилмайдиган ўшандай инсонлар турганига имоним комилдир. Билмадим, Ўзбекистон СНБси қанчалик маблағ сарфлаб ўз одамларини мухолифатнинг ҳақиқий лидерларига айлантиришдан қанақа максадлар кўзлаган экан. Қизиқ томони шундаки, бу иғво ва бўҳтонларни тарғиб қилувчи сайтлар пичоққа илинадиган мавзу топилмай қолса, бир неча ойлаб бўм-бўш тураверади. Эгалари нима ёзишни ҳам билмай қолсалар керак. Аслини олганда, Жаҳонгир Маматнинг Олий Мажлисдаги биргина ҳайқириғи бу фитналарни ҳаммасини чил-парчин қила олади. Энди шу инсонга СНБнинг агенти деган ёрлиқ ёпиштирмоқчи бўлганларнинг ўзи кимлиги аён-ку. Ўша мажлис куни Ислом Каримов “Бу ерда биргина дўстим бор экан, у ҳам бўлса Муҳаммад Солиҳ” дегани ҳам ҳамманинг ёдидан кўтарилдими? Аслида, шу сўзларнинг ўзи ким ким эканлигини яхши кўрсатиб турибди. Тўғрисини айтса, кейинги пайтларда ўша иғво тарқатишга ўта моҳирлашиб кетган ғаламисларнинг нима қилаётганларини тушунгандай бўлаябман. Улар ҳар зомонда режимни қаттиқ бир сўкиб қўйишни ёки чет эл ташкилотлари олдида бефойда мултониликларини кураш деб атайдилар. Аммо уларнинг бу сунъий ватанпарварлиги орқасида тоза мақсадлар борлиги ҳаммада шуҳба уйғотмоқда. Бу кимсалар бирорта бирликчини йўлдан оздирсалар ёки бирор бирликчидан бирор камчилик топиб олсалар, шунга хурсанд бўлишади. Ўша куниёқ қилган ишлари билан бир бирлари олдида роса мақтанишади. Балким «ичкарининг топшириғини» ҳақиқий бажараётганлар шулардир. Чунки ҳақиқий сиёсий ташкилот сиёсий масалалар билангина шуғулланади. Бировларни авратларига мўралаш билан кун кечирмайди. Тўғри, кейинги пайтларда дарҳақиқат миллатнинг ҳозирги аҳволидан ва режим келтираётган зарарларни кўриб, виждони қийналаётган СНБ ходимлари билан кўр-кўрона итдай СНБга садоқат кўрсатаётганлар ўртасида келишмовчилик юзага келаяётгани ҳақида эшитиб турибмиз. Чунки у ерда ҳам инсондек фикрлайдиганлар бор. Албатта, СНБ ходимларининг тоза виждонлилари мухолифат сафларига қўшилиши мумкин. Аммо Икром Ёқубовдек эмас, балки тоза ниятлар билан сафларимизга қўшилишса, ҳурматга лойиқ бўладилар. Ҳозир чет элларга келиб олиб ҳукуматни сўкавериш қаҳрамонлик эмаслигини тушуниб боришаябди шекилли, шунинг учун нималардир қилишга ҳаракат қилаётганларга осилишни модага айлантирмоқчилар. Ҳатто ўзи кимлиги номаълум кимсалар хам тез-тез “Бирлик”нинг кўзга кўринган одамларига осилгилари келиб қолаябди. Ҳақиқат битта бўлади, дейишади. Мухолифат ўртасидаги можароларда ҳам ҳақ томон мавжуд. Яхшими ёмонми Абдураҳим Пулат “Бирлик”ни принципиал позицияда бошқариб келаябди. Мана шу йўлда унча-мунча галдирлик қилаётганларнинг «патак»ларини очиб ташлаябди. Баъзиларга ўхшаб тилёғламачилик билан шуғуллан-маябди. Шунинг учун ҳам илҳом келгандагина мухолифатдалиги эсига тушиб қолаётган кимсаларга ёқмаябди. Тўғри, баъзи-баъзида ўша иғвогарларнинг тузоқларига тушиб қоладиган бирликчилари-миз ҳам учраб турибди. Лекин вақт ҳакам дейдилар, адашган биродарларимиз ўз йўлла-рини қайта топа оладилар. деб умид қиламиз. Шунинг учун мухолфатга алоқадор инсонлар ҳам бу можароларга тоқатсизлик қилмасдан, худо берган ақлни бир оз ишлатишлари, қилинган ишларга эътибор беришга ўрганишлари, ҳақ томонни қўллаб қуватлашлари керак. Ватанда эса, “Бирлик”дан бошқа томон йўқ, “Бирлик”дан бошқа сиёсий-мухолиф кучнинг ўзи йўқ. Аммо кеча сотқинлик қилиб бугун яна қаҳрамонликка даъво қилаверадиганларни билиб-билмасдан қўллаб қўйиш билан ўз оёғимизга болта уриб қўямиз. Шундоғ ҳам йўқолиб бораётган миллий обрўйимизни ер билан яксон қиламиз. Албатта мухолифат ҳозирчалик кўп нарсаларга қодир эмас. Лекин унутмайликки, ҳар қандай мана-ман деган давлатнинг мана-ман деган мухолифати ҳам осонликча майдонга чиқмаган. Бунинг учун курашиш керак. Расмий сиёсий саҳнага чиқиб олиш ҳеч қачон осон иш бўлмаган. Бугунги кунда ўзбек мухолифатининг вазифаси Ўзбекистондаги сиёсий режимга ўз сиёсий тактикалари билан таъсир ўтказиб, ватан ичидаги об-ҳавони юмшатишга эришиш ва легал фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлишдир. “Бирлик” ҳозир шу мақсад сари ҳаракат қилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, ҳамманинг “Бирлик”ка қўшилишини энг тўғри йўл, деб ҳисоблайман ва партиянинг қурултойи мухолифатни бирлаштириш анжумани бўлишига умид қиламан. Фақат умид қиламан эмас, ишонаман ҳам. Иншоолоҳ, шундай бўлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону