Журнал Ҳаракат №4 (73) 2008. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат - Дунёдаги молиявий бўҳрондан тортиб ўз жамиятмиз муаммоларигача
1. АҚШдаги ишларни кўриб ҳам Ўзбекистонни ўйлашиимз керак
АҚШнинг иқтисодида, ҳозирча банк-молия системасида, бўлаётган бўхрон туфайли бутун дунё оғир кунларни кечирмоқда. Росссия ўзининг бу жараёнлардан четда эканлигини урғулаётган бўлса ҳам, аслида унинг раҳбарияти катта ташвишдалиги шубҳасиз. Ўтган жума куни АҚШнинг шарқий қисмида таъсирли бўлган бир банк банкротлигини эълон қилди. Унинг юз минлаб муштарийлари (клиентлари) паника ичида қолган пайтда, АҚШ ҳукумати банкнинг бошқарувини ўз қўлига олди ва ҳаммани ҳотиржам қилиб, банк 90 кун ичида муштарийларни имкон борича задаламайдиган шаклда сотилажагини эълон қилди. Кеча эса, АҚШнинг ипотека бозоридаги икки дев молиявий корпорация (Fannie Мае и Freddie Mac) оғир аҳволда эканлиги (банкротлик остонасида бўлса керак) эълон қилиниши билан, ҳукумат, аниқроғи, Молия Вазирлиги ва Марказий Банк ролини ўйновчи Федерал Резерв Системаси бу икки корпорацияга ёрдам беражагини очиқлади. Яъни, уларни яқинлашаётган банкротликдан қутқарилиши билдирилди. Ҳукуматни ваъдалари амалга ошса, бу икки корпорациянинг ўз қарзлари бўйича мажбуриятлари, АҚШ ҳукуматининг ўз қарзлари олдидаги мажбурятлари каби давлат кафолатига эга бўлади. Билмаганлар учун айтиб ўтиш лозим, ипотека – сотиб олинаётган ташилмас мулкни (квартира, уй ва шу кабиларни) гаровга қўйиб туриб, уни сотиб олиш учун ўша гаров асосида қарз олишдир. Масалан, банкдан олинган қарз билан уй сотиб олинсаю, нима сабаб биландир қарз тўланмаса, банк гаровга қўйилган уйни қарз ҳисобига олиб қўйишга ҳақли. Аслида, банкрот бўлган банк ва Fannie Мае и Freddie Mac ширкатлари хусусий бўлиб, уларнинг тақдири билан ҳукуматнинг шуғулланиши бозор иқтисоди шароитида ёшаётган мамлакат учун тушунилмас нарсадек кўринади. Шу сабабли масаланинг моҳиятига етиш муҳимдир. Мен ўз тушунчаларимни бундай 40 йилча аввал бўлган бир воқеани англатишдан бошламоқчиман. 1970-73 йиллари СССР Фандар Академиясининг Москвадаги Ҳисобаш Марказида аспирант эдим. Ёши катталар билишади, ўша пайтда аспирантлар бир йиллик филосифия дарси ўтиб, кандидатлик имтохони топширишарди. Шундай дарслардан бирида социализм системасининг капитализмдан афзалликлари муҳокама қилинди. Табиий, коммунистик системанинг маҳсули бўлган аспирантларининг бири олиб бири қўйиб, капатализмда хусусий мулк эгалари меҳнаткашларни эксплуатация қилиши, ўз мулкини ўз манфаати учун нима қилса қилаберишини, бизда эса, ҳамма нарса халқ манфаатларига бўйсундирилганини гапиришди. Мен ўзимни ўша вақтлардаёқ диссидент, капитализмнинг шайдосию социалистик тузумнинг танқидчиси бўлган одам сифатида кўрсатиш ниятим йўқ. Анча-мунча зиёлилар каби ибтидоий миллатчи бўлсам ҳам, мавжуд тузумнинг моҳияти, демократия-диктатура масалалари хусусида ортиқча бош қотирмасдим. Демократия масалалари билан 70-йилларнинг ўрталарида қизиқа бошлаганман ва демократиягина келажагимиз эканлигини тушуна бошлаганман. Лекин ўша философия дарсида, ўзим учун ҳам кутилмаганда, тўсатдан шундай гапира бошладим: “Капитализмда ҳам хусусий мулк эгаси ўз мулкнинг абсолют эгаси эмас. Фараз қилинг, АҚШнинг энг катта бойи, масалан Рокфеллер ёки Форднинг авлодларидан бири, нима сабадандир, ўлими олдидан бутун меросини СССРга беришга васият қилди. Аминманки, давлатнинг керакли органлари дарҳол ишга аралашадилар, керак бўлса, қандайдир қонунлар чиқарилади, катта мулкнинг СССРга қолишининг олди олинади. Айни замонда, ўзимизнинг СССРда катта-кичик давлат магазинларининг мудирлари, турли давлат корхоналарининг директорлари давлат мулкидан ўз мулкларидек фойдаланишларинии ҳамма билади. Масалан, мен туғилиб ўсган қишлоқ ҳудудидаги каттагина “Қишлоқ магазини”нинг (Сельмаг) 50-чи йилларда мудири бўлган одам ҳамма ўғил ва куёвларига “ЗИМ” автомобиллари олиб берарди. Ҳали вояга етмаган қизи учун ҳали “ёғи тозаланмаган” “ЗИМ” олиб қўйгани ҳақида ривоятларни мактабда ўқиб юрганимда эшитганман. Ваҳоланки, унинг ойлиги бор-йўғи 100 сўм атрофида бўлган. Шулардан келиб чиқиб, мулкчилик масаласида икки системанинг фарқлари билан бир қаторда, мулкни ишлатишдан олинадиган фойдани ўзлаштиришдаги ўхшашликларини ҳам ҳисобга олиш керак.” Бу анча-мунча ибтидоий фикрлашларим ҳам, моҳиятан тўғри бўлгани учундир, ҳаммага катта таъсир қилди. Бу дарсдаги 10-15 аспирантининг ҳаммаси комсомол эди. Бир неча кундан кейин бўлиб ўтган косомол ташкилотининг мажлисида ҳам улар кўпчиликни ташкил қилардилар. Ва улар дод-войлар билан қаршилик кўрсатишимга қарамасдан, мени комсомол ташкилотининг котиби қилиб сайлаб қўйишган. Бу иш – сиёсий иш, сен эса, сиёсатчилигингни философия семинарида кўрсатдинг, деб кулишган. Мана орадан шунча вақт ўтиб, мулкчилик масаласидаги нисбийлик ва менинг салкам 40 йил аввал экспромт қилиб айтган фикрларим қанчалик ҳақиқатга яқинлигини кўриб турибмиз. АҚШдек демократик давлатда ҳукумат хусусий мулк асосидаги муассасаларни банкротликдан қутқармоқда, Россиядаги ярим авторитар ярим диктаторликда эса, мамлакатнинг энг бой одами Ходорковскийнинг мулки давлат даражасидаги лўттибозлик билан (бир неча миллиардлик ЮКОСнинг бир кунликка тузилган ширкатга сотилишини эсланг) феълан давлат мулкига айлантирилди. Демоқчиманки, мулкчилик масаласи социалистик системада ҳам оддий масала бўлмаган, капитализмда ҳам оддий эмас. Кези келиб қолганидан фойдаланиб, мулкчиликни тўғри тушуниш билан боғлиқ бўлган яна бир воқеани айтиб бермоқчиман. Бундан икки йилча аввал ҳозир бор-йўқлиги номаълум бўлган (бор бўлса ҳар ҳолда товуши чиқарди) Демократик Ўзбекистон Конгресси ташкилоти фаолларини амалда фаолият олиб бораётган мухолифатга яқинлаштириш учун бир қатор қадамлар қилдим. Хусусан, бу ташкилотнинг Вашингтон атрофида яшайдиган 4-5 аъзоси билан Нью-Йоркка келиб, бу ердагилар иштирокида мажлис ўтказдик. Нью-Йоркка кетар эканмиз, йўлда, Боҳодир Чориев бошқараётган минивенда, бир масала устида бахс бўлиб қолди. Улар Ўзбекистоннинг бойлигини президент қизлари ўмариб кетаётганидан катта ташвишда эдилар. Мен бошқача фикр билдирдим: “Биринчидан, Ўзбекистоннинг бойлиги икки қиз ўмариб кета оладиган ўлчовда эмас. Иккинчидан, тан олиш керакки, ҳамма диктатураларда, “катта”ларнинг болаларини пичоғи мой устида бўлган ва бўлади. Аммо, коммунистик режимларда уларнинг хусусий мулки бўлмаган. Ҳозир эса бор. Лекин, улар мулкни ҳеч қаерга ташиб кетолмайдилар. Уларнинг ширкатлари ишлаяпти, у ерда одамлар ишлаяпти, одамларга хизмат кўрсатилаяпти. Мулкни ишлатишдан олинган фойдани ҳам еб-ичиб тугатиб бўлмайди, демак, унинг асосий қисми мулкни кўпайтиришга кетади. Агар улар мулкка ноқонуний етишишган бўлса, вақти келади, мулк қонуний йўллар билан эгасига, яъни халққа қайтарилади. Чет элларда катта пуллари бўлса, Филиппин диктатори Маркосни эслашлари лозим. У ўлгандан кейин, ҳукумат Маркоснинг хотини номида бўлган ҳамма пулларни чет эл банкаларидан қайтариб олганди. Бизда ҳам шундай бўлади. Шунинг учун биз президент ва унинг қизларини эмас, Ўзбекистоннинг ва миллатимизнинг келажагини нишон/мақсад қилиб фаолият олиб боришимиз керак.Мавжуд режимни ўзгартириш - ўша буюк мақсадимиз йўлидаги муҳим, аммо кичик бир қадамдир, холос”. Мен ҳозир ҳам ўша фикримдаман. Айни замонда, ўрта асрларнинг судхўрлигидан мутлақо фарқ қиладиган замонавий банк-молия системаси ислом динига тўғри келмайди, деб ислом дунёсини қолоқликка дучор қилаётган чала муллалар ва ўзлари ўтирган курсини маҳкам ушлашдан бошқа нарсани ўйламаганлари сабабли жиддий, демак, машаққатли ислоҳотлар ўтказмасдан, иқтисоднинг моторларидан бири бўлмиш банк-молия системасини ибтидоийликда ушлаб туришга интилаётган исломкаримчиларга қарши курашиш қанчалик муҳимлигини яна бир марта урғулашни истайман. 14 июль 2008 йил
2 Ҳар бир халқнинг фахрланадиган фарзандлари, тарафига тупурадиган кимсалари бор
Интернет ҳозир қизиқарли катта бир дунё. У ерда ҳаётини ўтказаётганлар кўпайиб бормоқда. Аммо мен бир неча сайтнигина мунтазам кўриб боришимни кўп марта такрорладим. Бу сайтларнинг сони ҳам камайса камайдику, кўпаймади. Масалан, “Московские новости” газетасининг сайти бекилиб кетди, “Центразия” аввалги жозибалигини йўқотди. Кўнгилочар сайтлар билан умуман ишим йўқ. Аммо, уйда болаларим ҳамма сайтларда, кўнгилочарларида ҳам кўп изғиб юришади. Куни кеча мендан суюнчи олишди: “Қаранг, бизникига келган амаки ўз видеоларини youtube сайтига қўйибди”. Қўярда қўймай бир видеаони кўрсатишди ҳам. Менимча, бизнинг танишимиз Аброр исмли йигит иштирокидаги фильм ғирт масхарабозликдан бошқа нарса эмасди. Унинг бирдан бир одамларни ўзига тортиши мумкин бўлган жиҳати – фильм АҚШ Конгрессининг дунёга машҳур Капитол биноси фонида олинганидир. Аброр Шаҳрихонлик бирликчи (балки, собиқ) сафдошимизнинг ўғли. Мухолифатдаги фаолияти туфайли тазйиқлар остида қолган кишининг ўғли сифатида, менинг ҳам ёрдамим билан, АҚШда яшаш ҳуқуқини олган. Унинг исми сайтимизда, масалан, Андижон воқеаларининг АҚШда протест қилиниши бўйича 2005 йил 23 май куни берилган хабарда, «Бирлик» Партиясининг маҳаллий ташкилоти раҳбари сифатида тилга олинган. Аброр бир ўзбек дўсти билан бизнинг Вашингтон яқинидаги уйимизда бўлишган ва бир ташландиқсифат хонамизни ремонт қилиб, менинг шу сатрларни ҳам ёзаётганим иш кабинетига, офисга айлантириб беришган. Бунинг учун улардан бир умр миннатдорман. У 2 йилча аввал менга охирги марта телефон қилиб, ўртада турган одамлар уни яқинда Ўзбекистондан келган ўзбек артист қиз билан бўлғуси келин сифатида таништиришганини айтди. Хурсанд бўлиб, уни табрикладим. Лекин, ўша телефон суҳбатидан маълум бўлишича, бўлғуси келинга Аброрнинг ўзбек мухолифатига алоқаси борлиги ёқмабди. Аммо, деди ўша пайтдаги сафдошим, келинликка номзод ўша фикрида турадиган бўлса, унинг бир жойига шундай тепаманки, жойини топиб кетади. Мен ҳар доим ҳаммага гапирадиганимдек, бундай ҳолларда тоқатлироқ бўлиш, қизиққонлик қилмасликни маслаҳат бердим. Бир оздан кейин кўриндики, агар иш кимдир тарафидан бировни тепишигача етиб борса, артист қизимиз ҳеч кимга бўш келадиганлардан эмас. Шу билан улар уйланишди, Аброр фақат мени эмас, бошқа бир қатор дўстларини ҳам унутди. Ҳар ҳолда тепилишдан қўрқди. Ҳозир видеодаги масхарабозликни кўрмасам, балки уни эсламасдим ҳам. Бу – мен учун майдалашмасдан ва ортиқча эътибор бермасдан ўтиб кетаверадиган воқеа бўлиши керак эди. Чунки, Бирлик” катта даргоҳ, биров келади, биров кетади, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Аммо, мен ўзбек жамияти жиддий курашларга тайёр эмаслигини гапирар эканман, унинг сўнги асрларда ривожланмаганининг сабабларини, энди ривожланиш учун бошқаларнинг юзлаб йиллик тажрибасини тезлик билан ўзлаштиришимиз лозимлигини айтмоқдаман. Жараёнларни тезлатиш учун ҳар бир воқеадан, ҳар бир имкониятдан фойдалиш, улардан сабоқ чиқариш лозимлигини урғуламоқдаман. Ҳозир шу сатрларни ҳам ўша фикрларимдан келиб чиқиб ёзмоқдаман. Аброрнинг воқеаси – сабоқ чиқариладиган воқеадир. Чунки, у бирликчининг ўғли эканлиги, “Бирлик” туфайли отасининг тазйиқлар остида қолгани, балки, келажакда ўзи ҳам тазйиқлар остида қолиши мумкинлиги туфайли АҚШда яшаш ҳаққини олган. Қолаверса, ўзбек халқининг аянчли аҳволини рўкач қилиб, бир нарсаларга эришган. Энди эса, халқни унутиб, Капитол фонида масхарабозлик қилиш билан ўзини хурсанд қилиб юрибди. Шундай бўлса ҳам, ҳеч кимни миллатимизнинг оғир аҳволидан ўзига фойда чиқарган Аброр ва у кабиларни қоралашга чақирмоқчимасман. Аксинча, уларнинг исмини, мен 53-54-чиларни қилганим каби, абадийлаштиришга даъват қилмоқчиман. Ўзбек халқи сўнги юз йилликларда ибтидоий аҳволга келтириб қўйилган бўлса ҳам, унинг унутилмас буюк тарихи бор. Замонавий математиканинг асосларини яратган Ал Хоразмий, муқаддас китобларимизга сўнги тартибни берган Ал Бухорий, ўзи қурдирган расадхонада ишлаб чиққан астрономик жадваллари ҳалигача илмий аҳамиятини йўқотмаган Мирзо Улуғбек, қолаверса, бугунги ҳолимизнинг меъмори Ислом Каримов президент қилиб сайланаётганда “Нима қилаяпсизлар, бундай одамни президент қилиб бўлмайди”, деб ҳайқиргани учун режим жаллодлари тарафидан осиб ўлдирилган, ўзбекнинг Робин Гуди дейиш мумкин бўлган бирликчи Шовруқ Рўзимурод каби фахрланишимиз керак бўлган фарзандлари бор. Аммо ҳар қандай халқнинг буюк фарзандлари қатори, тарафига қараб тупирилиши керак бўлган кимсалари ҳам бўлар экан. Русларнинг буюк шоири Сергей Есенин бу хусусда қуйидаги икки сатрни ёзгани ҳақида ривоятлар бор: Люд культурный, люд московский! Не плюньте в урну - есть Маяковский! Ҳозир иккита сўзни бир бирига қофиялаб - шеър яратдим деб, қўлбола сайтларда эълон қилишдан тортинмайдиган ўзбек шоирлари кўпайиб кетган. Уларга “уй вазифаси” каби топшириқ билан мурожаат қиламан. Есениндан ўрнак олиб, шундай икки сатрлик асар яратинг-ки, бугунги чуқуридан ахир бир кун чиқадиган халқимиз қайси тарафга тупуришини олдиндан билсин. Шу баҳонада, балки, тупириладиган инсонларнинг номини абадийлаштирган ҳам бўласиз. 30 июль 2008 йил
3. Бошқалар минг йилда ўтган йўлни бир неча ўн йилда босиб ўтишимиз керак
Мен бу каби мавзуларни ўзим ёзишим керак эмаслигини, бу - партия лидерияга ярашмаслигини жуда яхши биламан. Мен куйиниб-пишиб ёзаётган муаммолар вақти келиб, менсиз ҳам ҳал бўлишини бундан ҳам яхши биламан. Ўзбек жамияти замонавий, биз ҳар қадамда ўрнак сифатида кўрсатадиган жамиятлар даражасига етиб келгач, у муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлишини ҳам ўша яхши билишимдан ҳам яхши биламан. Ҳамма масала шундаки, у миллатлар минг йиллардан бери курашда тобланиб, ривожланган жамиятлар яратдилар, ўларнинг тажрибасини ўрганиб, минг йиллик йўлни ҳеч бўлмаса, бир неча ўн йилда ўтайлик, деб куймоқдаман. Одамзод тарихида бўлмаган ишни – воқеаларнинг табиий оқишини тезлатиш ишини елкамга олганман. Бу оқим, ўз табиатидан келиб чиқиб, яъни, тезлашишни истамаётгани туфайли, менга қарши бўлиб қолаётганини ҳам биламан. Аммо, атрофимда мени қўллаб-қувватлайдиган кичик бир гуруҳга ярата олсам ҳам етарли, у оқимни тезлаштиролишимизга ишонаман. Мусо пайғамбар юз йиллаб мисрликларнинг қули бўлган ўз халқини озод қилгандан кейин, ўша вақтнинг имконлари билан ҳам бир неча ҳафатада етиб олиш мумкин бўлган ўз юрти Фаластинга яҳудийларни 40 йил айлантириб олиб боргани айтилади. Қуллик руҳидаги халқ қуллик руҳидаги давлат тузади, шунинг учун юртимга озодликда туғилган авлад билан боришим керак дея, шундай қилган Мусо пайғамбар. Бизнинг олдимизда ҳам шу каби вазифа бор. Аммо, қирқ йил вақтимиз йўқ. Муҳимлиги билан бундан қолишмайдиган, балки ундан ҳам муҳимроқ иккинчи вазифа бор олдимизда. Бу вазифа - миллатни миллат мақсадлари йўлида бошқарувчи лидерларнинг миллат назорати остида бўлишига эришиш. Бу вазифани, табиий оқимга қўйиб берсак, қирқ йилда ҳам бажариб бўлмайди. Бошқа жамиятларда бунинг учун юз йиллаб вақт кетган. Менинг мақсадим – шок терапиясига асосланган ҳамлалар ишлатиш ва шиддат билан олдинга кетиш. Ҳозир иложи борича қисқа шаклда айнан шулар ҳақида ёзмоқчиман. Хоинлигини ҳамма биладиган, аммо ҳамма ҳам гапиришни истайвермайдиган 53-54 лақабли Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан ва уларнинг атрофидаги кишиларга ҳеч қандай ғаразлигим, хусуматим, рашким йўқ. Нимга ҳам бўлсин. Ахир у бечораларнинг ўзи дод-вой, йиғи-сиғи қилиб юришибдику, биз “Бирлик”ни туздик, Абдураҳим Пўлат қўлимиздан олиб қўйди деб. Яна йиғламоқдаларку, “Эрк”ни туздик, уни ҳам Абдураҳим Пўлат йўқ қилдириб юборди деб. Демак, ғаразлик, хусумат, рашк уларда бўлади, менда эмас. Аммо, мен уларнинг миллатга қилган хоинликларини шу миллат фарзанди сифатида ҳеч кечиролмайман. Сиёсатчи сифатида эса, бу хоинларнинг ишини ўрнак сифатида кўрсатиб, жамиятда маъсулиятсиз одамлар, хато қилганлар ва хоинларни жазолаш механизмларини яратмоқдаман. Мен уларни яратиб бўлдим ҳам. Аммо, ибтижоий жамиятимиз бу механизмни ҳали қандай ишлатишни билмаяпти. Ишонаманки, бу энг қисқа вақтда ҳал бўладиган нарса. Ўзбек жамияти мен яратган механизмлар ва мен кўрсатиб берган хоинлик мислолларини қурол қилиб олишга мажбур ббўлади. Бошқа йўл йўқ. Бошқа йўл йўқлигининг сабби ҳам аниқ. Ҳозир ўзбек демократик мухолифати сафларида арзимаган манфаатлари учун сафдошларини соттиб кетишга тайёр турганлар, оз бўлса ҳам, бор. Улар ҳам кузатиб боришмоқда, Абдураҳим Пўлат хоин деб эълон қилганларни жамият ҳам шундай қабул қиладими ёки йўқми деб. Қабул қилинмаётганини кўришлари билан хоинлик оммавийлашади. Бу каби воқеаларнинг олдини олишнингг бирдан бир йўли – менинг айтганларимни қабул қилишдир. Кеча сафдошимиз (собиқми ёки йўқми, билмайман) жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Батиёр Ҳамронинг туғилган куни экан. Унга ҳам ҳеч қандай хусуматим йўқ. Аммо, у ҳам катта хоинларнинг изидан кетиб, муҳим пайтда “Бирлик”га кичкина хоинлик қилган. Катта хоинларнинг қўлида катта пичоқ бўлгани сабабли, улар “Бирлик”га катта зарар келтирдилар. Бахтиёрнинг қўлидаги пичоқ кичкина бўлгани уни оқламайди. Хоин моҳияти билан хоиндир. Ўзбек жамияти бу ҳақиқатни тушуниб етмас экан, қул бўлиб қолаверамиз. Аминманки, жамиятимиз буларни яқин орада тушунади, мен яратаётган механизмларни қурол қилиб олади. Бошқа йўл йўқ. Чунки, буюк Жавахарлар Неру айтганидек, сотқинлик бор ерда қуллик бор. Ўзбеклар қулликдан чиқишни истайдилар. 7 август 2008 йил

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону