Журнал Ҳаракат №4 (73) 2008. АҚШда президент сайлови
Абдураҳим Пўлат - Осмон узилиб тушмаса, Обама президент бўлади
Яъни, АҚШдаги сайлов олди кампаниясида ёки, умуман жаҳонда, кутилмаган фавқулодда воқеа ёки воқелар юз бериб, сиёсий жараёнлар ҳеч ким кутмаган шаклда йўналишини ўзгартирмаса, Барак Обама бу мамлакатнинг навбатдаги президенти бўлиши муқаррар. Дарвоқе, АҚШда бошланғич сайловлар 3 январда бошланиб, бир ҳафта ҳам ўтмасдан, аниқроғи, 9 январда бизнинг сайтимиздаги хабарда шундай фикр берилганди: “АҚШнинг бугунги халқаро обрўси ва ички иқтисодий вазиятнинг ривожланиши шунчалик таҳликалики, америкаликлар бу чуқурликдан чиқиш учун номзоднинг оқ ёки қора танлилигига қарашмаса ва Барак Обамани президент қилиб сайлашса керак. Ҳозир АҚШ фундаментал ўзгаришларга, собиқ СССР билан солиштирсак, қайта қуриш каби жараёнларга муҳтож. Буни Обама каби янги одамгина қилолади.” Бундай тахмин Обама биринчи праймеризни 8 январда Хиллари Клинтонга ютқазаган куннинг эртасига қилингани диққатга сазовордир. Бу тахмин ёки башоратнинг (табиий, у менга оид эди) кучини тўғри баҳолаш учун бу куннинг эмас, ўша кунларнинг реалликларидан келиб чиқиш керак. Менинг 1990 йил декабрь ойида ёзилган “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақоламнинг кучини тушуниш учун бугуннинг эмас, ўша кунларнинг реалликларидан келиб чиқиш кераклиги каби. Ҳақиқатдан, ҳозир кўп одамларнинг эсидан ўша кунларнинг реалликлари чиқиб бўлган. Реаллик шундан иборатки, ўша кунларда Ўзбекистннинг тезда мустақил бўлишига ишонувчилар жуда оз бўлса ҳам, ҳар ҳолда бор эди, аммо диктатура қайтиб келишини ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмасди. Худди шунга ўхшаб, Барак Обаманинг навбатдаги АҚШ президенти бўлишига бугун кўпчилик ишонмоқда, аммо 9 январда ҳеч ким буни очиқча ёзишга журъат қилолмасди. Биздан бошқа ҳеч ким демоқчиман. Барак Обаманинг сайловолди шиори – “Ўзгартир”. Демак, у ҳокимиятга келса, АҚШда фундаментал ўзгаришлар қилишга ваъда бермоқда. Тўғри, АҚШнинг сиёсий-иқтисодий-ижтимоий структураси шунчалик мустаҳкамки, бу ерда осонликча ўзгартиришлар қилиб бўлмайди. Лекин бунинг учун ҳаракат бошлаш ҳам жуда муҳим. Менинг шахсий фикримча, 2001 йил 11 сентябрь воқеалари туфайли бошланган жараёнлар натижасида АҚШ дунёдаги гегомонлик ролини, минг афсуски, йўқотади. Минг афсуски, дейишимнинг сабаби, бу нарса - дунё демократиясининг ривожланиш йўлидаги ҳозирги босқичда салбий роль ўйнаши муқаррар. Ишонаманки, дунёда демократиянинг ривожланишини ҳеч ким тўхтатолмайди, ёки бу жараённи кескин орқага буролмайди, гап ҳозирги босқичда бўлиши мумкин бўлган жузъий орқага кетишлар ҳақида кетмоқда, холос. Барак Обаманинг ҳамма нарсани ўзгартиришга мўлжалланган сиёсати – дунёда демократиянинг орқага кетиши ва АҚШ гегемонлигининг тугашидан келиб чиқадиган салбий натижаларни минималлаштиради, деб умид қилиш кеарк. Совуқ урушда мағлубиятга учраган СССР, тўғрироғи, Россия Борис Ельцин ва унинг командаси бошчилида ўзини тубдан ўзгартирди. Владимир Путин шу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш йўналишида кетса эди, бутун дунё учун яхши бўларди. Аммо, Путин Россияни навбатдаги мағлубиятга олиб борувчи йўлни танлагани бошқа бир мавзу. АҚШнинг сиёсий элитаси ҳам совуқ урушдаги ғалабадан керакли хулосалар чиқаролмагани бугун маълум бўлмоқда. СССР парчалагандан кейин АҚШ ички ва ташқи сиёсатини янги вазият ва янги чақириқларга (“challange/ вызов”ларга) мослаштиролмади. Эски элита янги вазият қаршисида тиз чўкди. Демак, АҚШ жиддий ўзгаришларга муҳтож. Барак Обама бунга ваъда бермоқда ва шу ваъдасигина уни ғалабага олиб келади. Қора танли америкаликлар ичида унга овоз беришга тайёрлар 80 фиоиз экан, оқ танлилар ичида - тахминан 33 фоиз. Лекин Америка жамияти (америкаликлар ва Америка жамияти - турли тушунчалардир) ўзгаришлар лозимлигини ич-ичдан ҳис қилмоқда. Шу сабабли Обама президент бўлиши аниқ. Мен ҳам Обама тарафдориман. Чунки, унинг янги чақириқларга (“challange/вызов”ларга) мос келадиган ўзгаришлар қилиш нияти биз тарафларда ҳам демократия шамолини кучайтиришига ва биз бу шамолдан самарали фойдалана олишимизга ишонаман. Барак Обама куни кеча қилган чиқишларидан бирида террорга қарши урушда урғуни Ироқдан Афғонистинга кўчиришини гапирди. У агар шундай қилолса, дунёнинг Ўзбекистонга бўлган диққат-эътибор кучайиши ҳам табиий. Бу ҳам биз истаган ўзгаришлардан бири бўларди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону