Журнал Ҳаракат
№4 (73) 2008. Cиёсат
Ўзбек демократик мухолифати бирлашадими?
“Одам Ота ва Мома Ҳаво яратилибдики, тарқоқлик ва бирлашиш муаммоси бор”, деб ёзади “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат “Марказий Осиё Бирлиги: аввалги ғоя, янги фикрлар” номли мақоласида (“Ҳаракат” журнали, № 2 (65), 2007). Ўзбек мухолифати учун ҳам бирлашиш муаммоси доимий “бош оғриғига айланган.
1988 йилнинг охирида тузилган ўзбек демократик мухолифатнинг тўнғич ташкилоти - “Бирлик” халқ ҳаракати Ёзувчилар Уюшмасининг котиби Салой Мадаминнинг ташаббуси билан 1989 йил 8 октябрда иккига бўлинди. Уни бирлаштириш учун ўша ойнинг 29 октябридаёқ ташкилотнинг Марказий Кенгаши йиғилиши, 11 ноябрда Қурултойи ўтказилди. Аммо, бирлашиш қоғозда бўлди, амалда бўлмади.
1992 йилнинг биринчи ярмида мухолифатни “Демократик Форум” номи остида бирлашишга уриниш бўлди, Салой Мадамин ўз газетасида собиқ Бош вазир, мухолифатга қўшилиш истагида бўлган Шукрулло Мирсаидни ҳақоратловчи мақола чиқариб, мавжуд режимга қарши бўлган кучларнинг ўша муҳим пайтда бирлашиш ғоясини Ислом Каримовнинг топшириғи билан йўққа чиқарди.
Шундай бўлса ҳам бирлашиш учун ҳаракатлар тўхтамади.
1995 йили “Эрк” раиси Салой Мадамин, собиқ Бош вазир Шукрулло Мирсаид, “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат мухолифатни бирлаштириш шартномасини имзоладилар. 12 соат ҳам ўтмасдан “Эрк” раиси ҳали “қуримаган” имзосини қайтариб олди. Бирлашиш яна бўлмади.
Ўшандан бери мухолифатнинг бирлаштириш масаласи вақти-вақти билан кўтарилади, аммо амалга ошмай кун тартибидан тушиб қолаверади. Мана охирги йилларнинг баъзи мисоллари.
2006 йил 7 апрелда қашқадарёлик мухолифат-чилар 2007 йил охирида бўладиган президент сайлови арафасида мухолифатни бирлашишга, сайловда умумий нозод билан қатнашишга чақирдилар. “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг раиси Самад Мурод, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Дайнов Ташанов бу хусусда баёнотлар ҳам тарқатдилар. (қаранг: “Ҳаракат” журнали, № 2(59), 2006). Бироқ, “Эрк”нинг бошқа фракцияси раҳбарлари (Салой Мадамин ва Отаназар Ориф) бу чақириқларни рад этдилар.
Ўша 2006 йилнинг кузида “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Исмоил Дадажон мухолифатни бирлаштириш учун “бел боғлади”. Яна Салой Мадаминдан рад жавоби келди.
Хўш, шу шароитда нима қилиш керак эди? Мухолифатни бирлаштириш ғоясидан воз кечиш керакмиди?
Йўқ, бу ғоядан ҳеч қачон воз кечиш мумкин эмас. Ақли расо сиёсатчилар аввалги бефойда чақириқларни такрорлайвермасликлари ва аввалги чақириқларнинг натижасиз қолганидан тўғри хулоса чиқариб, барибир олға кетишга уринишлари лозим эди. Ана шунда ўзбек демократлари етукликларини намойиш қилган бўлардилар, ва балки, бирон натижаларга эришардилар.
Ҳозирча эса, воқеалар қуйидагича давом этмоқда.
Яқинда ёзувчи Холдор Вулқон “Ягона тўғри йўл – Муроса” чақириғини эълон қилди. Бу чақириқ Абдураҳим Пўлатнинг қисқача таҳлили билан “Ҳаракат” сайтида эълон қилинди. Бир оздан кейин “Бирлик” лидери бу хусусда алоҳида баёнот тарқатди. Улар билан танишинг.
Ягона тўғри йўл – Муроса
Оллоҳ Оламни ибрат учун яратди. Ибратни бизларга муаллим қилди. Сўзларимиз асосли бўлиши учун шарқ шеъриятининг қуёши, бобомиз Алишер Навоийнинг бир байт ғазалини келтирамиз.
Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас монеъ,
Бу боғ томиға гар игнадин тикан қилғил.
Ҳазрати Навоий: Хазон сипоҳиға, яъни куз лашкарига ҳеч нарса монеълик - қаршилик қилолмайди. Бу боғ томиға, яъни, боғингнинг деворларига игналардан тикан қилиб тўссангда, куз боғингга кириб боради ва боғингни сарғайтириб хазон қилаверади - дея инсон боласи минг уринсада умр кузини тўса олмаслигини, аксинча бир кун албатта умр кузи унинг гуллаб яшнаётган умр боғини сарғайтиришга ишора қилади.
Дарҳақиқат, боғлардаги, хиёбонлардаги дарахтлар ҳар йили баҳорда куртак чиқариб, ёзда яшнаб, кузда хазонларини тўкиб ғариб кўриниш касб этаверади. Улар гўё “Эй инсон боласи, ғофил бўлма, сен ҳам бир пайтлар куртак эдинг бугун яшнаяпсан, ҳадемай куз келади, огоҳ бўл!” деяётгандай бу ибратли ишоратни улар то ўзлари қуриб, кесилиб кетгунларига қадар ҳар йили такрорлайверадилар.
Биз эса ибратланмаймиз. Ҳар куни тонг отиб, қуёш чиқиб сўнг тиккага келиб кеч киргач мағрибга ботар экан: “Эй, одамзод, ёшлигинг тонг эди, хозир кундуз, ҳадемай кеч кириб борлиқни зулмат қоплайди, огоҳ бўл! Тонги қуёш каби балқдинг, энди ғарбга ботишинг бор”, дейди.
Биз эса бу сўзсиз, ҳар куни такрорлангувчи ибратли ишоратларга этибор бермаймиз, Ибратланмаймиз. Энди ибрат кўзи билан яшнаётган Америкага, Европага, Хитой ва Японияга, сўнг қурол кўтариб ўз юртини ўзлари вайрон қилган одамлар юрти Афғонистонга, Ироққа, Чеченистонга, Тоғли Қорабоғ, Косовага, Дарфурга ва бугунги Жўржистон, Абхазия ва Осетияга қарайлик. Ибратланайлик. Ховлиқмайлик, шошил-майлик. Ўпкани босиб ўйлаб қадам босайлик!
Илжайгани билан ичида ит ўлиб ётган ғайрий давлатларнинг ноғорасига ўйнаб ўзи шундоқ ҳам иқтисодиёти хаста Ватанимизни қурол бозорига айлантириб, ер остки ва устки бойликларимизни ебтўймас Монстрларга ҳомталаш қилмайлик. Токи бизнинг Халқимиз ҳам яғир елкасига Калашников автоматини осиб хўкизда омоч билан ер ҳайдаб кўкнори экиб ертўлада яшаб юрмасин! Жирканч бургаларга аччиқ қилиб кўрпага ўт қўймайлик! Бурга ва битлардан қутилишнинг зарарсиз йўлларини ахтариб топайлик.
Минг йиллардан бери яшаб келаётган, тарих ғалвирларида қолган йирик бебаҳо дурдоналар - Ота-буваларимиз ҳикматларига амал қилайлик. Барча замонларда инсонлар учун фақат фойда келтирган, синовлардан ўтган Муросаи мадора йўлини тутайлик. Муроса тарафдорларини қўрқоқ-ликда айблашга шошилмайлик. Негаки, сиздаги жасорат бизда ҳам бор. Сиз ёмон кўрган манфур режимлардан, жирканч тузумлардан биз ҳам сиздан кўра минг чандон кучлироқ нафратланамиз.
Яхшилаб эътибор беринг. Ғарб ва Европа давлатлари шунча қудратли силоҳларга эга бўлсада, ҳеч қачон ўз юртида уруш қилмайдилар. Фақат ташқарида уришадилар.
Бу нарсани хаёлига ҳам келтиролмайдиганлар эса Ўз уйида Ўз Ватандошлари билан саваш қиладилар. Энг даҳшатлиси, ўша ёвуз мақсадли ғайрий давлатларнинг текноложларини истефода қилароқ, ўшалар тутқазган қуроллар билан Ўз юртларида бир-бирларини ўлдирадилар, қирадилар, Ўз уйларини ўзлари вайрон қиладилар! Бу қандай ахмоқлик?! Бу худди туғишган ака-укаларни бир-бирига гиж-гижлаб, қўлига пичоқ бериб: “ Ҳа, сўй бир-бирингни! Ўлдир!” деса ака-ука бир бирини чавқлаётганига ўхшамайдими?!
Ҳа, биз бугун Жўржистон, Осетия ва Обхозия ўртасида аланга олаётган урушдан ўзимизга фойдали хулоса чиқариб олишимиз, ва эрта-кеч биз ҳам ўшаларга ўхшаб қонли саҳналарда Манфаатдор “Муаллифлар” ёзган сценарийларини ижро этувчи телба “Актёрлар”га айланиб қолмаслик учун ҳаракат ясамоғимиз даркор. Ҳар икки сўзнинг бирида Яратганнинг исми сифотини зикр қилиб чиқишлар қилингувчи сайтларда бир-биримизни эшитса эшаклар энгак ташлаб, тингласа тўнғизлар ҳам туллаб кетгувчи жирканч, уят гаплар билан ҳақоратлашларни бас қилиб, жиддийроқ бўлиб, бошқа ақлли, фаросатли халқлар каби биз ҳам бир-биримизни асраб-авайлайлик, ҳурмат қилайлик! Ватанимиз, Халқимиз озодлиги йўлида ўртадаги гина-кудуратларни унитиб, бир-биримизни кечирайлик! Ватан ва Халқ учун бўлмаса Жаноби ХАҚ учун кечирайлик! Зеро ОЛЛОХ АЗЗА ва ЖАЛЛА кечиримлиларни кечиради, гуноҳларини мағфират қилади.
Нега энди мени фалончи кечириши керак? Ким бўлиб қолибди у? - дея Иблис алайхуллаъна каби кибрланишни бас қилиб ҳаводан сал пастроққа тушайлик. Эл назаридан қолдиргувчи КИБРимизни ўлдирайлик! Чунки назардан қолган одамнинг иши минг уринсин, юришмайди ва у охири хору зорликда оламдан ўтади. Кибр назардан қолдиради камтаринлик эса одамни назаркарда қилади. Бу гаплар менинг гапларим эмас, Ота-буваларимизнинг ҳикматли гапларидир.
Шу ўринда бир ибратли ривоятга диққатингизни тортмоқчиман. Тақвою тоат-ибодат, зикру сано билан Ҳаққа яқинлашиб Маломатия мақоматига кўтарилган бир буюк сўфий авлиё хожатхонада йиғлайверибди. Шогирдлари ҳайрон бўлиб хожатхонага қулоқ тутсалар авлиё ҳожатхонадаги нажосатга гап қотаётган экан. Авлиё нажосатга: Эй нажосат, сен нақадар бахтлисан! Нақадар бахтлисана! Сен буғдой эдинг, гурунч эдинг. Оллоҳ сенга таом бўлишни буюрди, сен таом бўлдинг. Оллоҳнинг буюрганини адо этдинг. Бандалар сени еб таомландилар. Менчи, мен?! Оллоҳнинг буюрганларини У ўзи хоҳлаганидай адо этдимми?! Нажосат, мен сенчалик ҳам бўла олмадим! Мен сендан ҳам харобман! – дея сўзлаб йиғлаётган экан.
Қиссадан ҳисса. Файласуф олим бўлиб довруғимиз оламни тутган бўлса ҳам, дунёни ағдар-тўнтар, тити-пити, астар-пахта, бити-сирка қилиб ташлашга қодир жигарранг мундирли саркарда бўлсак ҳам сал камтарроқ бўлайлик. Шундагина биз ҳурматга сазовар бўламиз ва шундагина биз тутган байроқ остига бошқалар ҳам сафланажак.
Шуни унутмайликки, уруш бошлаш жуда осон, лекин уни тўхтатиш қийин. Уруш шундай ялмоғиз мошинаки, уни ғилдирагига чўпак тиқиб тўхтатиб бўлмайди. Уни миллион-миллион бегуноҳ одамлар-нинг суякларидан баррикада ясаб ҳам тўхтатол-майсиз. Қарийиб 50 йилдан бери давом этаётган Фаластин-Исроил уруши ва 30 йилдан бери тўхта-маётган Афғон уруши менинг гапларимга далилдир.
Ватандошларим, биродарларим, оғайниларим! Чалғиманглар! Ўзбек мухолифатининг ягона тўғри йўли бу Донишманд Ота-буваларимиздан меърос МУРОСА йўлидир! Ахир, Тожикистонда Миллий яраш, Муроса амалга оширилдику.
Ўша буюк авлиёдан ўрнак олиб бугун бир-биримизни кечирсак, қалбан ва руҳан бирлашиб дунёнинг бирон жойида йиғилиб Миллий яраш бўйича мурожаат қабул қилиб уни имзолаб Шанхай ҳамкорлигидаги давлатлар саммитига йўлласак, бу иш амалга ошса хукумат билан Музокара столига ўтириб икки тамонлама шартномаларга қўл қўйган ҳолда биз хам Ватанга қайтсак бўлмайдими? Бўлади! Ўзбек мухолифатининг эса бундан бошқа яхши йўли қолмаган. Мавжуд бошқа йўллар эса, мухолифатни ҳам Халқимизни ҳам ҳалокатга олиб боради! Буни ҳеч қачон унутмаслик керак!
Холдор Вулқон
12 август, 2008 йил
Торонто шаҳри, Канада
Абдураҳим Пўлат: Сафдошимиз Холдор Вулқон бу лавҳадаги фикрларини яқинда “Ҳаракат” сайти ва журналида эълон қилинган “Ўзбек жамияти демократия учун курашга тайёр эмас, аммо “Бирлик” курашмоқда” номли мақоламда кўтарилган мавзулар устида мулоҳаза қилиб ёзди, деган фикрдан узоқман. Лекин муаллиф буни билиб қилдими, билмасданми, фарқи йўқ, мақоламнинг асосий ғояларидан бири устида бахс юритмоқда.
Менга кўра, миллий жамиятларнинг ривожланиши йўлидаги асосий муаммолардан бири - миллий лидерлар ва лидерликка даъво қилувчиларда (дарҳол айтиб қўяй, бундай даъвони айб ҳисобламайман) миллат, жамият манфаатларини ўз манфаатлари учун қурбон қилмаслик маъсулиятининг етарсизлиги. Ва бундан ҳам муҳими, лидерларни маъсулиятли қилиш учун маъсулиятга фақат маънавий ёки аҳлоқий эмас, мажбурият категорияси сифатида қараш лозимлигини урғуладим. Айнан маъсулиятсизлар ҳамма нарсадан ютқазадиган жамият яратиш самарали йўл эканлигини, бугунги ривожланган жамиятларда айнан шундай қилинганини ёздим.
Автомобиллар бор экан, аварияларни бутунлай йўқ қилиб, талафотлардан қутулиб бўлмагани каби, одамлар бор экан, миллат ва жамият манфаатларини ўз манфаатлари учун қурбон қиладиганларни тугатиб бўлмайди. Аммо, автомобиль ҳайдовчиларини турли жазо усуллари билан маъсулиятли бўлишга, ва натижада, талафотларни минималлаштиришга эришаётган эканмиз, лидерларни ҳам турли жазолар таҳдиди остида маъсулиятлироқ бўлишга зўрлашдан бошқа йўл йўқ.
Холдор Вулқон эса ҳамма муаммоларга фақат маънавий-аҳлоқий нуқтаи назардан қарашни давом эттирмоқда. У катта манфаатлар тўқнашганда маънавий-аҳлоқий нормлар ишламай қолаётганини, масалан, бош 53-54-чи Салой Мадамин иккита квартираю бир депутатлик мандати олиш учун миллий ҳараатга хоинлик қилганини жуда яхши билади, аммо, барибир одамларнинг виждонига мурожаат қилиб, шу нормаларни ишлатишга уринади. Ваҳоланки, бунинг фойдасиз эканлигини тарих исботлаб бўлди.
Нима бўлганда ҳам, тан олиш керак, Холдор Вулқон каби фикрловчи одамлар жамиятимизда кўп. Шундан келиб чиқиб ва плюрализм принципларига содиқ қолган ҳолда, Холдор Вулқоннинг бу ҳиссиёт билан ёзилган лавҳасини сайтга қўймоқдамиз.
* * *
Абдураҳим Пўлат
Холдор Вулқоннинг “муросаси” ҳам мен айтаётган
“маъсулиятнинг” натижаси бўлсин
(Ўзбек демократларига чақириқ)
“Бирлик” фаоли, ёзувчи Холдор Вулқон сайтимизда 13 август куни эълон қилинган “Ягона тўғри йўл – Муроса” номли мақоласида ҳаммани Муросаи мадорага чақиради. “Халқимиз озодлиги йўлида ўртадаги гина-кудуратларни унитиб, бир-биримизни кечирайлик!” дея хитоб қилади.
Мен ўша чақириққа ёзган қисқа изоҳимда бундай чақириқ ва хитоблар амлада ишламаётгани, уларни ишлатиш учун ҳам инсонларда “масъулият” туйғуси бўлиши кераклигини, масъулиятга фақатгина аҳлоқий-маънавий эмас, жамият олдидаги мажбурият категорияси сифатида қараш лозимлигини урғуладим.
Хуллас, Холдор бир нарсалар ёзди, мен бир нарсаларни урғуладим, шу билан иш битдими? Амалда бирон нарса озгина бўлса ҳам ўзгарадими? Ўйлайманки, яқин орада ҳеч нарса ўзгармайди, ҳамма нарса аввалгилари каби қоғозда қолиб кетааверади. Чунки, қайта-қайта ёзаётганимдек, жамиятимиз, хусусан, ўзбек демократлари, ўзгаришлар қиладиган кучга эга эмас.
Келинг, шуни ҳисобга олиб туриб, яъни кучимас етишмаслигини ҳисобга олиб, кучимизга лойиқ ўзгаришлар қилишга йўллар излайлик. Буни қилолсакгина, ўзбек мухолифати жамиятдан кўра прогрессивроқ, демак, жамиятга лидерлик қилишни даъво этишга ҳаққи борлигини кўрсатган бўлади.
Аввал, менинг бундай ташаббус билан чиқишимга яна бир туртки бўлган АҚШдаги сиёсий бир воқеани айтиб бермоқчиман.
Маълум бўлишича, АҚШда давом этаётган сай-ловолди кампанияси доирасида, демократларнинг президентликка номзоди Барак Обама ва аввалги номзод Хиллари Клинтоннинг командалари бир масалада муросага келишибди. Масала қуйидагича.
Праймеризларда Барак Обама Хиллари Клинтон устидан ғалаба қозонди. Аммо, унинг ғалабаси мутлоқ эмасди. Яқинда бўладиган Демократик Партиянинг қурултойи/конгрессига праймеризда сайланган делегатларнинг 2144 нафари Барака Обама тарафдори, 1924 нафари эса Хиллари Клинтон тарафдори. Шундан келиб чиқиб, Хиллари Клинтон номзодлик учун курашини тўхтатганини эълон қилган ва ўз тарафдорларини Барака Обама учун овоз беришга чақирганди. Демак, демократларнинг конгрессида номзодликка номзод қилиб фақат Обама кўрсатилишига келишилганди.
Аммо, инсон барибир инсонда, Хиллари Клинтон ҳам. У тўғридан тўғри ўзи эмас, ўз командаси одамлари номидан қуйидаги мазмунда талаб қўйибди: “Шунча оавозга эга бўлган Хиллари Клинтоннинг номи партия конгрессида номзодликка номзод сифатида ҳам тилга олинмаслиги адолатсизлик бўлади. Унинг тарафдорларини катта қисми Барак Обамага сўзсиз овоз беришга тайёр. Аммо, тарафдорларнинг кичик бир қисми, яъни, ўлсак ҳам (АҚШ матбуотида айнан шундай ибора ишлатилган) Клинтонга овоз бермиз деган қисми конгрессда муаммолар, тўғрироғи, жанжаллар чиқариши мумкин. Бу эса, ноябрь ойида бўладиган умумий сайловлдарда ҳам Обамага қарши роль ўйнайди. Бунинг олдини олиш учун, партия конгрессида номзодликка номзод сифатида Хиллари Клинтон ҳам қатнашсин.”
Кўриниб турибдики, бу қадамлар Хиллари Клинтоннинг шахсий амбицияларини қисман бўлса ҳам қондириш учун қилинмоқда.
Хуллас, ҳозир маълум бўлишича, Клинтон ва Обаманинг командалари бу масалада комромиссга, муросага келишибди. Партия конгрессида Хиллари Клинтон ҳам номзодликка номзод қилиб кўрсатилади, унинг номи ҳам овозга қўйилади, аммо, унинг ўзи ҳамма тарафдорларини Обамага овоз беришга чақиради.
Ўлсак ҳам Клинтонга овоз берамиз деган оз сонли делагатлар эса, ўз амбицияларини қондириб, Клинтонга овоз берадилар, лекин Обама партиянинг расмий номзоди қилиб кўрсатилиши ҳозирданоқ маълум.
Бу кичкина мисолдан ҳам кўриниб турибдики, АҚШдек давлатда ҳам Хиллари Клинтондек сиёсий лидарларнинг энг камида амбиция шаклидаги ўз манфаатлари бор. Улар ўз манфаатларини қондириш учун ўз партиялари, қолаверса жамият ва мамлакт учун муаммолар чиқаришдан ҳам ўзларини тўла тия олмайдилар. Аммо, миллатдан тепки олиш қўрқуви остида, бошқа тараф билан муросага боришга, умумий мақсадга йўналтириган қадамлар қилишга мажбурлар. Мана шу – мен келтирган мисолдан чиқарилиши керак бўлган АСОСИЙ хулосадир.
Мен ҳозир ўзбек демократларига мурожаат қилмоқчиман.
Азиз, дўстлар! Ўз-ўзимизни алдаш билан шуғулланмайлик. Андижон воқеаларидан кейин “Бирлик” Партияси оёққа туришга бошлади. Бошқа мухолиф гуруҳлар ҳозирча бундай қилишга қодир эмаслар. Шундай экан, миллат ва мамлакат манфаатлдарини ҳамма нарсадан юксак қўйган ҳар бир демократ бизни қўллаб-қувватлаши, менга қолса, бизнинг сафга қўшилиши керак.
“Бирлик” Партияси ва шахсан менинг ўзим ҳамма билан муроса излаб, принципиал масалаларда умумий нуқтага келишга тайёрман, аммо, муросага келиш гина-кудуратларни унутишгина эмас, хатолардан тўғри хулосалар чиқариш, масъулиятни унутмаслик асосида бўлиш кераклигига ишонаман.
Келинг, мухолифтни бирлаштирш масаласини шу шу таклифим нуқтаи назаридан муҳокама қилишни бошлайлик, бунинг натижаси демократик мухолифатнинг бирлашиши бўлсин.
18 август 2008 йил
* * *
“Бирлик” лидерининг бу чақириғи билан нима ўзгарадаи, дейдиган одамлар бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Тўғри, бу чақириқ ҳам аввалгилари каби ҳавода осилиб қолаверса нима бўлади? Ўз “мустақиллигини” йўқотмасликни асосий вазифа қилиб олган турли гуруҳларнинг лидерларига инсоф киради-да, ниҳоят улар ўз амбицияларини ҳатлаб ўтадиларми?
Аслида, Абдураҳим Пўлат аввалги чақириқ-лардан, улар фойдасиз бўлганидан хулоса чиқариб, бир оз бўлса ҳам олға кетмоқда. У ҳаммани умумий бир коалицияга эмас, “Бирлик”га чақирмоқда.
Бу чақириқнинг бошқалардан кичик, аммо моҳиятан муҳим фарқи бор. Бошқа кичик мухолиф гуруҳларнинг фаолларини “Бирлик” фаолиятига тортиш, келажакда уларнинг “Бирлик”га аъзо бўлишлари учун замин яратиш керак. Шундай қилинса, ўша кичик гуруҳларнинг амбицияли раҳбарлари “аскарсиз генерал” ҳолига тушадилар ва уларни бирлашишга чақиришга ҳожат ҳам қолмайди.