Журнал Ҳаракат
№3 (72) 2008. Сиёсат
Демократияга борадиган тиканли йўл
Америкада яшайдиган турклар томонидан 1999 йилда ташкил этилган Руми Форум ташкилотининг Вашингтондаги офисида (фахрий раиси – бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Турк мактабларининг очилишини ташвиқот қилган Фатхулла Гулен) кичик бир йиғилиш бўлди. Унда АҚШдаги обрўли Миллий Демократик Фонднинг президенти Карл Гершман “Демократиянинг тиканли йўли: Олға кетиш ҳеч қачон осон бўлмайди” мавзуда доклад қилди.
Карл Гершман демократия тушунчаси Ғарбда пайдо бўлгани сабабли уни, айниқса, Шарқда Ғарбнинг ғоя ва қадриятлари сифатида кўришаётгани ва қабул қилишга шошилишмаётганидан бошлаб, демократик жамият яратишнинг ўзи осон иш эмаслигигача гапирди. Россия, Индонезия ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг мисолида демократия йўлининг қанчалик тиканли эканлигини урғулади.
Доклад битгандан кейин йиғилишнинг савол-жавоб, қисқача фикрлар этиш қисми бошланди. Бунда 2-3 кишигина фаол қатнашди. Улардан бири “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат бўлди. У кичикроқ доклад қилди ҳам дейиш мумкин.
Менинг айтадиган фикрларим устида куладиган одамлар бўлишини биламан, деб сўзини бошлади “Бирлик” лидери. Бу – ўз тажрибамдан маълум. 1990 йил декабрда “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақоламни эълон қилганимда ҳатто сафдошларим ва дўстларим кулишган. Чунки, ўша пайтда, яъни мустақилликдан бор-йўғи 8 ой аввал, яқинда мустақил бўлишимизга ишонувчилар жуда кам эди. Бундайлар кам бўлса ҳам бор эди. Аммо, бирорта одам Горбачевнинг қайта-қуриш сиёсатидан кейин диктатура қайтиб келишига ишонмасди. Минг афсуски, ҳамма нарса мен ёзгандек бўлди.
Кейин Туркияда яшаётган пайтимда мен бу ердаги кўпгина сиёсатчи, олим ва оддий танишларимга Россиянинг потенциали катта эканлиги, у яқинда оёққа туриб, бизни қайтадан ўз таъсир доирасига олишга урунишини айтганимда ҳам кулишди. “Бўлмаган гап, яқинда Россиянинг ўзи СССР каби парчаланади”, дейишди. Аммо, ҳамма нарса мен башорат қилгандек бўлди.
Энди бугунги мавзу бўйича ўз фикрларимни айтаман. Демократия йўлини, табиий, шартли равишда, уч босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич – демократия йўлини танлаш, иккинчиси – демократияни қуриш, шакллантириш, учинчиси – етарлича шаклланиб бўлган демократияга “кўз-қулоқ бўлиб туриш, уни муҳофаза қилиш”.
Биринчи босқич учун демократия нима эканлигини тўғри тушуниш сал кам асосий муаммога айланиб қолди. Кўпчилик демократининг таърифини, унинг асосий принципларини яхши билади, аммо улар аввал Ғарбда шакллангани учун, демократияга Ғарбнинг, яъни христиан дунёсининг принципларини ўзида акс эттирувчи нарса, деб қарайди. Шунинг ўзиёқ Шарқда, ислом дунёсида демократияни қабул қилишда асосий тўсиқ ролини ўйнай бошлайди. Ўйлайманки, демократияни бошқаларга тавсия қилаётганлар ҳам, уни қабул қилиш-қилмасликни ўйлаётганлар ҳам унинг моҳиятини, табиатини тўғри тушунишмайди. Демократия – бу одамлар тўпламини, замонавийроқ қилиб гапирсак, жамиятини бошқариш воситасидир ва бугунга қадар яратилган энг мукаммал воситадир.
Ғарбнинг маҳсули бўлган коммуникация ва транспорт воситалари - Интернет ва автомобилни Шарқнинг ҳеч бир ерида “булар Ғарбнинг маҳсулоти” дея инкор этишмоқдами? Йўқ, Демократия восита эканлиги тушунилса, унга муносабат ҳам ўзгаради. Мен Шарқликларни алдаш учун демократиянинг восита эканлигини айтайлик демоқчимасман, демократия аслида воситадир, жамиятни бошқаришнинг бу кундаги энг мукаммал воситасидир. Исломий автомобил тушунчаси қанчалик маъносиз бўлса, исломий давлат, яъни исломий бошқарув воситаси яратиш фикри ҳам шунчалик маъносиздир. Шу сабабли исломий бошқарув воситаси яратиш фикри барибир четга чиқиб қолади.
Менинг масалага бундай ёндошувим дарҳол қабул қилинади демайман. Баъзилар буюк бир ғоя сифатида олдида бошини эгадиган демократияни оддий бир воситага айлантириб қўйганимдан куладиганлар бўлиши ҳам муқаррар. Аммо, ахир бир кун ҳамма менинг фикримга қўшилиши ҳам муқаррар. Бу хусусда ҳозир жаноб Гершман нима дейишини билишни истардим.
Энди демократия йўлининг иккинчи босқичини ҳатлаб ўтиб, учинчисига ўтмоқчимин. Биз ўзбеклар ҳали бу босқичга етиб келмаганимиз сабабли, АҚШ тўғрисида гапирмоқчиман. Яратилган демократик тузум қанчалик мукаммал бўлмасин, унга кўз-қулоқ бўлиб туриш ва уни доимо муҳофаза қилиб бориш лозим. (кўз-қулоқ бўлиб туриш ва муҳофаза қилишни англатиш учун инглизча mainttnance cўзи ишлатилди). Худди компютеримиз ёки автомобилимизга кўз-қулоқ бўлиб турганимиздек. Қолаверса, автомобиль билан қиёслашни давом эттирсак, демократия ҳам катта кичик “аварияларга” учраши мумкин, унинг баъзи қисмлари янгиланишга муҳтож бўлиши мумкин. Булар билан ҳам шуғулланиш керак.
АҚШда етарлича мукаммал демократия ўрнатилган. Унга нисбатан mainttnance қандай ишламоқда, катта-кичик “авариялар” бўлса, унинг оқибатлари қандай тузатилмоқда?
Биз кўп ишларни Америкага орқа қилиб қилаябмиз. Шу сабабли, биз учун АҚШ демократиясининг кучли бўлиши ҳаётий масала. Аммо, ҳозир кўраяпманки, maintenance масаласида, “аварияларнинг” оқибатларини тузатиш масаласида етарлича камчиликлар бор. Буларни қайсибир маънадо сиёсий кризис элементлари дейиш мумкин. Ҳозирги иқтисодий рецессия бунинг натижаси ҳам бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, АҚШ ҳам маълум маънода ўз қайта қуришига муҳтож. Ўйлайманки, буни тушунаётган америкаликлар бу йилги сайловда Барак Обамани президент қилиб сайлайдилар. Чунки уининг сайловолди шиори – “Ўзгартир”.
Энди мен бир нечта, бир қарашда кулгиликдек кўринадиган, кичик мисоллар билан АҚШ демократиясининг maintenance системасидаги принципиал камчиликларни гапириб ўтмоқчиман. Тўғрисини айтса, йириқ мисолар келтиришим ҳам мумкин, аммо улар ҳукумат, ҳокимият даражасидаги мисоллардир. Уларни келтирсам, ташқаридан, мен худди АҚШ ҳукумати билан жанжаллашаётгандек бўлиб қолишим мумкин. Жаноб Гершман ўзимизнинг одам, у билан “жанжаллашаверса” ҳам бўлади.
Биринчи мисол. Бундан бир неча йил илгари Вашингтондаги машҳур Жонс Хопкинс Университетининг профессори Фредерик Старр бошчилик қиладиган Марказий Осий - Кавказ Институтида бир конференцияга таклиф қилингандим. Мавзу биз учун ҳам муҳим бўлган мавзу - ”Ўзбекистонда ислом экстремизми хавфи борми?”. Асосий докладчи сифатида Лондонлик бир профессор чақирилган экан. У анчагина эмоционал докладида Ўзбекистонда шундай хавф борлигини айтди, аммо унинг чиқишида ҳақиқий олимнинг анализини кўрмадим, аниқ фактларни кўрмадим. Савол бердим: “Сиз жуда маъсулиятли хулоса чиқармоқдасиз, аммо шунга ишончингиз комилми, буни исботловчи аниқ фактлар борми?” У шундай жавоб берди: “Албатта, мен буни ББС радиосидан ўзим эшитдим”.
Ана халос. Шундай муҳим масалада ўз хулосасини ББСнинг эшиттиришларига қараб берадиган одам асосий докладчи бўлган конференцияга қандай баҳо берасиз? Ахир бу Университет ва профессор Смитнинг фикрларига АҚШ ҳукумати ҳам қулоқ соладику. Менимча, бу - демократиянинг кичик бир аварияси эди. Аммо, унинг оқибатлари тузатилганини эшитганим йўқ.
Иккинчи мисол. Ўзбекистонда бутун дунёга машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси “Эзгулик” жамияти бор. У жаноб Гершман президентлик қиладиган Миллий Демократия Фонди томонидан ҳам моддий дастакланиб келарди. Ўтган йили ёзда Бишкекдами ёки Олма-Отада ўтказилган ҳуқуқ ҳимоячиларининг мажлисида Миллий Демократия Фондининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича ишларини координация қилувчи маъсул ходими Мириам Ланской “Бу ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотни Ўзбекистон ҳукумати жуда ёмон кўради. Биз баъзи масалаларда ҳукумат билан бирга ишлашимиз керак.
Ҳукумат эса бу ташкилот бор жойда мулоқатга кирмайди” деган маънода гапириб, бу ташкилотни ҳар нарсадан четлатишга ҳаракат қилибди. Ошкоралик ва демократия принципларидан келиб чиқиб, бизнинг “Ҳаракат” сайтида ва “Ҳаракат” журналининг ўша кунлардаги сонида Мариам Ланскойнинг бу сўзларини эълон қилдик. Бир икки ой ўтмасдан Миллий Демократия Фондининг шу жамиятга бераётган ёрдамлари тўхтатилди.
Ўзбекистонлик сафдошларим мендан илтимос қилиб, бу масала бўйича ўша Фонддан маълумот олиб беришни сўрашди. Мен билан норасмий контакт қилган Фонд ходими: “Ланскойнинг Фондда позицияси жуда кучли, бунинг устига у жуда қасоскор одам. У бор экан, бундан буён ҳақиқий ўзбек демократларига ҳеч қандай ёрдам бўлмайди” деди.
Бу воқеа АҚШда демократиянинг яна бир кичик авариясидир. Дунёда демократия ўрнатиш ҳақида гапириш осон, аммо шу каби аварияларнинг оқибати қандай тузатилади? Мен бу хусусда ҳам жаноб Гершманнинг фикрини билишни истардим.
Карл Гершман Абдураҳим Пўлатнинг фикрлари бўйича ўз қарашларини билдирди. У демократияга “восита” сифатида қараш масаласига бироз танқидий ёндошди, демократияни Ғарб таклиф қилган қадриятлар, принциплар мажмуаси сифатида кўриш тўғрироқ эканлигини ҳақида анча гапирди. Бир оз олдинга кетиб шуни айтиш керакки, йиғилишдан кейин у билан харлашаётган пайтда Абдураҳим Пўлат: “Сиз ҳам барибир менинг фикримга келасиз, аммо бу вақт олиши мумкин. Менинг Ўзбекистон мустақил диктатура бўлади, деган сўзларимнинг исботи кейинроқ келгани каби”, деди.
АҚШда демократияни mainttnance қилиш масаласида ҳам жаноб Гершман ўз фикрларини тафсилотли шаклда билдирди. У кўроқ демократияни муҳофаза қилиш доимо кераклиги ҳақида гапирар экан, Абдураҳим Пўлат келтирган икки мисолга тегмасликка ҳаракат қилди.
Тахминан 10 киши қатнашган бу йиғилиш менинг иштирокимсиз, ўрислар айтгандек, “для галочки” ўтказилган тадбирдек тамом бўларди, дейди Абдураҳим Пўлат. Аммо, у баъзи принципиал, фундаментал масалаларни муҳокама қилувчи қизғин бахсга айланди.
Манба: www.harakat.net
1 май 2008 йил