Журнал Ҳаракат №3 (72) 2008. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат - Ўтган кунларимизни эсласам...
ЎТГАН КУНЛАРИМИЗНИ ЭСЛАСАМ, ҲАР БИРИ ТАРИХ ЁЗИШ БЎЛГАННИ КЎРАМАН
Инсон ўтган кунларини хотирлаш, ғалабаларидан мағрурланиш ва хатоларидан азоб чекиш каби сифатлари борлиги учун ҳам инсондир. Худонинг берган куни бундан аввалги йиллари шу кунларда қилган ишларимиз эсимга келади. Айниқса, “Бирлик” тузилган 1988 йил, у оёққа туриб ўзбек миллатининг миллат эканлигини ўзида акс эттиролган 1989 йилдаги ғалабаларимиздан мағрурланаман, 1989 йил сентябрь-октябрь ойларида ичимиздан чиққан хоин шоир-ёзувчилар Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан, Зоҳир Аълам, Усмон Азим, Дилором Исоқ ва бошқаларнинг қилмишларини эслаб изтироб чекаман. Ҳозир ўзларига ёлғондакам ғалабалар тўқиётган, хоинликларини бекитишга, қоғоз ҳар нарсага чидайди дея тарихни ҳам сохталаштиришга интилаётганлар кўп. Мен ҳам ўшалар қаторига қўшилиб қолмаслик учун принципиал воқеаларни фақат видеофильмларга олинган ёки ўша пайтдаёқ қоғозга туширилган ҳужжатларга асосланиб сўзламоқчиман. 1-2 та гувоҳсиз бўлган воқеаларни ҳам тилга оламан, аммо улар исботланган воқеаларнинг узвий бир қисмидир, халос.
1988 йил
1989 йилнинг шу кунларида ЮНЕСКО қошида тузилган ва экология масалалари билан шуғулланадиган бир комиссиянинг Ўзбекистон Фанлар Академияси Математика иинститути биносида ўтказилган мажлисига бордим. Унча катта бўлмаган мажлисда Ўзбекистон ҳукуматининг яқиндагина ташвиқот қилишга бошланган “Болалар туғилишини планлаштириш” деб номланувчи, моҳияти билан туғилишни чеклашга қаратилган программасининг муҳокамаси бўлди. Илмий умри Москвада ўтган бир ўзбек илм одами, философия доктори (исми эсимда йўқ, аммо, у Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Философия институтига директор қилиб Раъно Абдуллаева томонидан олиб келингани, асосий иши туғилишни чеклаш программасини ҳаётга тадбиқ этиш эканлигини биламан) асосий докладни қилди. У ўзбек халқининг бутун муаммолари ўзбек хотинларининг ўйламасдан туғаверишида, болани етиштириш, уни тарбиялаш ва ўқитишга эътибор беришга вақти қолмаслигида эканлигини жуда “чиройли” шаклда ифодалаб, энди туғилиш режали, планли бўлиши кераклигини виқор билан тарғибот қилди. Мен ўша кунларда янги туғилган жиянларимдан бирига таниш орқали ҳам сўрғич тополганимни эслаб, ўрнимдан ҳам турмасдан луқма ташладим: “Планли хўжалик билан чақалоқларни сўрғич билан таъминлай олмадинглар, энди туғилишни планлаштирамиз дея бу соҳани ҳам дабдадаласини чиқармайсизларми?” Шу билан философия докторининг иши битганди. У тутуқланиб, бир амаллаб нутқини битирди. Унутмайликки, бу қайта қуришнинг тўртинчи йили бўлса ҳам, ҳали Тошкентда “катталарга” қарши гапириш одати ҳаётга кирмаганди. Шу сабабли, нотиқнинг эсанкирашини тушуниш қийин эмас. Мажлисда бир гуруҳ ёзувчилар ҳам бор экан. Уларнинг ичида “Оролни қутқариш” комитетининг раиси Пирмат Шермуҳамедов, Дилором Исоқова ва Дадахон Нурий борлиги эсимда. Улар ҳам саволлар билан “туғилишни планлаштириш” программаси-нинг раҳбарини анчагина терлатишди. Аммо, гапларида лўнда ва чўрткесарлик йўқ бўлган учун таъсирчан бўлолмадилар. Мажлис тамом бўлар-бўлмас ёзувчилар билан гаплашдим. Шу ернинг ўзида дўстлашдик, шу дақиқадан бошлаб ўша кунларда Ўзбекистонда бирдан бир радикал ташкилот бўлган “Оролни қутқариш” комитетининг аъзоси бўлдим. Айнан ўша ердаги чиқишларимдан кейин, айниқса, комитетнинг ўша йили октябрь ойидаги собиқ Политбюро аъзоси Нуриддин Муҳиддиновнинг ҳам иштирокида ўтказилган йиғилишида тарихда биринчи марта ўзбекларни митингга чақирганимдан кейин, мени “Бирлик” ташаббусчилари ўз сафларига чақиришди. Бордим. “Бирлик”нинг Ташаббус гуруҳи расман 11 ноябрда тузилди, 29 ноябрда мени мажбурлаб раис қилиб сайлашди. Энди ўша йилнинг апрель-май ойига қайтсак. 1998 йилнинг шу кунлари бутун мамлакат КПССнинг Бутуниттифоқ конференциясига тайёрланарди. “Кибернетика” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг партия ташкилоти мажлиси ҳам конференцияга тайёрланиш босқичларидан бири эди. Мен у ерда чиқиш қилиб, партия ташкилий тузумининг асоси бўлмиш “демократик-централизм” принципини партия Уставидан олиб ташлашни таклиф этдим. Бирлашмамизнинг хўжалик ишлари бўлимида ТуркВОдан истеъфога чиққан бири полковник бири генерал - икки рус одами ишлашарди. Улар бақириш-чақириш қила бошлашди. Улардан бири жойидан туриб: “Этот сопляк поднимет руки на принципы, которые завещены нам самим Лениным” деб бақирганини ҳозирдагидек эслайман. 1937 йил бўлсайди, ўша куни Сибирь қилинардим. Кейинчалик “Бирлик”га қўшилган собиқ ҳарбий, Ленинградда узоқ йиллар яшаб, кема капитани даражасига кўтарилган, ҳозирда раҳматли, Темир Валиев менинг ёнимни олди. Натижада мажлис протоколига “Партия Уставидаги демократик централизм принципида демократияни централизм ҳисобига кўпайтириш лозим” каби нисбатан силлиқ сўзлар киритилди. Эртасига марказий газеталардан ўргандикки, Москвадаги машҳур ЦЭМИнинг (Центральный Экономика-Математическиий Институт) партия мажлисидагилар биздан кўра мардлироқ бўлишибди ва демократик централизм принципини Уставдан олиб ташлашни таклиф қилишибди.
1989 йил
1989 йилнинг май ойи СССР халқ депутатлари қурултойининг очилиши олдидан 21 май куни Тошкент марказида иқтисодий талабларга урғу бериб ўтказиладиган митингга ва “Бирлик” халқ ҳаракатининг 28 майга режалаштирилган Таъсис қурултойига тайёрланиш руҳи билан ўтди. Ўша кунлари Фарғонадан ташвишли сигналлар келабошлади. Месхет турклари ва маҳаллий аҳоли ўртасида жанжал чиққани, бу нарса қонли воқеаларга айланиши мумкинлигини гапиришарди. Шундай бўлди ҳам. Тўғрисини айтса, биз бошқа нарсалар билан овора бўлганимиз учун ҳамдир, у гапларга ортиқча эътибор ҳам бермадик. Ўтган йили Истанбулда бўлганимда бир одам билан учрашиш учун қайсидир меҳмонхонага келдим ва шу ерда Месхет туркларининг катта конференцияси бўлаётганини тасодифан билиб қолиб, у ерга кирдим. Ўзимни ҳеч кимга танитишга улгурмасимдан, конференция Месхет туркларининг тарихини ёритувчи ҳужжатли фильм билан бошланди. У ерда Фарғонадаги қонли воқеалар ҳам ёритилган ва улар Абдураҳим Пўлатов раҳбарлигидаги “Бирлик” тарафидан уюштирилгани айтилган экан. Кейин сўз олиб, уларнинг хатосини яна бир марта тушунтирдим. Миллий, туркчилик, турончилик ғоялари билан ўртага чиққан бирликчилар ўз миллатдошларига қарши чиқишлари мумкин эмаслигини англатдим. Сиз ўзингизга дўст ахтариш ўрнига, йўқ ерда душман яратмоқчимисиз, қани мантиқ, дея уларга танбеҳ бердим ҳатто. Менимча, кўпчилик мени тўғри тушунди.
1990 йил
1990 йилнинг шу кунлари ҳам муҳим воқелар билан тўла эди. “Бирлик” халқ ҳаракати Ислом Каримовнинг топшириғи билан ишлаётган, юқорида номи тилга олинган шоир-ёзувчилар томонидан парчаланган бўлса ҳам, қайтадан оёққа турабошлаган кунлар эди ўшанда. Табиий, бизнинг 1990 йилдаги фаолиятимизни ёритувчи видеофильмларда у хоинларни кўрмайсиз. Чунки, улар бош хоин - 53-54 лақабли Салой Мадаминнинг “митинг қилиш кўча чангитиш” деган сўзларига амал қилиб, митингларимизни ҳукумат ёрдамида тўхтатдилар, "Бирлик"ни парчаладилар ва энди бизнинг фаолиятимиздан четта туришар, миллатнинг тақдири ҳал бўлаётган воқеаларда иштирок этишмас эди. Улар чангсиз, салқин уйларида ўтириб Салай Мадаминга ўша кунлари берилган 53-54 рақамли қўшалоқ квартиралар ўзларига ҳам берилишини кутиб ўтиришарди. Уларни тушуниш мумкин, уларнинг ҳам Салой каби квартирага муҳтож ака-укалари, бола-чақалари бор эди. Ўша квартираларда ялло қилиб ҳаёт кечираётган Салойнинг укалари Муҳаммад ва Мақсуд Бекжонларнинг бошига ҳали нима кунлар тушишини ўйлашмасди. Каримов 1-2 йилдан кейин бу квартираларни олиб қўйиб, ака-укаларни торроқ ҳужраларга тиқиб қўйиши уларнинг ҳаёлига ҳам келмасди. Биз нима қилардик? Биз коммунистик режим билан очиқчасига курашардик. Мана мисоллар. 1989 йилнинг охири ва 1990 йилнинг бошларида Совет армиясида хизмат қилаётган ўзбек аскарларини ўлдириб кетиш ҳоллари кўпайди. “Бирлик” халқ ҳаракати “Ўзбек йигитлари Ўзбекистон ҳудудида аскарлик хизматини ўтишсин” деган талаб билан чиқди. 26 апрелда бўладиган Ҳайит арафасида бир ўзбек аскар йигитнинг жасади Тошкентдаги Пахтакор стадиони орқасидаги маҳаллага келгани маълум бўлди. “Бирлик” фаоллари у йигитнинг қариндошлари билан иш олиб бордилар ва Ҳайит намози ҳамда жанозадан кейин тобутни аввал Марказком биноси олдига олиб бориш ва ўша ерга Ислом Каримовни чақиртириб, талабларни ўртага қўйишга кўндирдилар. Бу воқеалар жасур “Бирлик” фаоли, машҳур кинорежиссер Абдулазиз Маҳмудов томонидан кинотасмаларга туширилган. Ўша куннинг воқеларини сўз билан англатишга кучим етмайди. Абдулазиз Маҳмудовнинг “Бирлик”ни бўлинишини акс эттирувчи “Можаро” фильми каби 1990 йил 26 апрель куни воқеаларини кўрсатувчи “Ой бориб омон кел” деб номланган ҳужжатли киноси ҳам ахир бир кун ўзбек халқига етказилади. Ана ўшанда бизнинг мардларча курашимиз ва хоин шоир-ёзувчиларнинг асл башарасини ҳамма кўради. Ҳозир “Бирлик”га душманлиги билан танилган сайтлару “Озодлик” ва ББС радиосининг ўзбекча программаларида тарихни бузиб, ўзларини оқлаш билан шуғулланаётган сотқинларнинг ва уларга ёрдамчилик қилаётган кимсаларнинг башарасига ўзбек халқи тупуради. Хуллас, ўша 26 апрель куни, ўлган аскарнинг тобутини Камолон қабристонига олиб боришдан аввал, Марказком биносига қараб йўл олдик. Ўзбекистон 40 йиллиги проспектига (ҳозир Шароф Рашидов проспекти, шекилли) чиққанимизда кўрдикки, проспект Анхор кўпригига етмасдан икки қатор юк машиналари билан тўсилган, ҳаммаёқ миршаблар билан тўла. Сувдек оқиб келаётган одамлар тобут билан биргаликда тўхтамасдан биринчи қатор машиналарнинг устидан ўтиб кетишганини кўрсангиз ваҳимага тушасиз. Ҳа, ҳақиқатдан, халқ - дарё, халқ - тўлқин, халқ - куч эканлигини кўрасиз. Аммо, ўша кунги кучимиз иккинчи қатордаги машиналар ва унинг олдида қўлини қўлига ўраб олган бир неча қатор миршаблар халқасини ёриб ўтишга етмади. Мен ўшанда: “Бугунги кучимиз шу ергача экан, энди мозорга кетайлик. Бу йигитнинг қотиллари қаторига ана у бинода ўтирган Каримов ҳам киради” деб қисқа нутқ сўзладим ва Камалон қабристонига қараб йўл олдик. Бутун йўлда транспорт ҳаракати тўхтатилган, бу проспектга чиқадиган ҳамма кўчалар миршаблар томонида тўсилган эди. Кўча четида одамлар нима бўлаётгани тушунмасдан ҳайрон бўлиб қарашарди. Май ойининг бошларида яна бир аскарнинг тобути Тошкент аэропортига келганида, ўлган йигитнинг қариндошлари бир неча соат олдин бирликчиларга хабар беришибди. Шаҳарлик фаолларимиз менга телефонда бу хусусда маълумот бериб, ўзлари дарҳол аэропортга кетишди. Тобутни Марказком биноси олдга олиб келишни маслаҳатлашдик. Тезда Марказком биноси олдига жўнадим, аммо воқеалар мендан ҳам тез ривожланибди. Тобут Марказком биноси, айни замонда, президент қароргоҳи олдига олиб келиниб, бинонинг асосий кириш эшиги олдидаги зиналар устига қўйилибди ва президент Каримовнинг пастга тушиши талаб қилинибди. Ҳозир унча-мунча одам ишонмаса керак, аммо, ўшанда Ислом Каримов пастга тушишга мажбур бўлган. Одамларни тезроқ бу ердан жўнатиш учун у тобутни ўлган йигит яшайдиган Фарғонага олиб кетишга махсус машина беришни буюрибди ва ҳамма талабларни бажаришга ваъда берибди. Ўзбеклар Ўзбекистонда хизмат қилишини Москвадан талаб қиламан, дебди. Табиий, Каримиов ўз ваъдаларини бажармади. Аммо, эртасигаёқ бу бинонинг атрофини темир панжаралар билан ўрашга бошлашди. Яна бир неча кундан кейин, Ислом Каримов мен ишлайдиган “Кибернетика” Бирлашмасининг директори, академик Восил Қобуловни чақириб, “Наҳотки шу Пўлатовга кучингиз етмайди”, деб танбеҳ бермоқчи бўлибди. Васил аканинг шахсан менга айтишича, у шундай жавоб берибди: “Ҳа, кучим етмайди. Қани ўзингиз бир нима қилиб кўрингча унга”, дебди. Мен Восил аканинг баъзи иш услубларини хато ҳисоблаганман, бу ҳақда йиғилишларда, Илмий кенгашимизда очиқ гапирганман, аммо, у киши мард инсонлигини тан оламан. Ҳозир мен туфайли Кибернатика институти ва бирлашмасининг йўқ қилиб юборилиши, тўғрироғи, катта қисқартиришлардан сўнгра Математика институтига қўшиб юборилиши адолатсизликдир. Қолаверса, бундан кейин ҳам илмий-техника прогресини белгилайдиган йўналишлардан бирини бу ҳолга тушириш жиноятдир. Аскарнинг тобути билан ўтказилган намойишдан кейин мени ва “Бирлик”нинг адвокати Миролим Одиловни, намойиш ташкилотчилари сифатида суд қилишди ва ҳар биримизга 500 сўмдан жарима солишди. Бир неча кундан кейин бир ерда тасодифан учрашиб қолганимиз бир ўзбек йигити “Уйимда бори шу экан, бўлса ҳаммасини берардим. Сизлар қилган намойиш ҳақида кимлардандир эшитгандим. Умиримда биринчи марта ўзбеклигимдан фахрландим” дея қаршилиги-мизга қарамасдан 500 сўм пул бериб кетганини аввал ҳам хотираларимдан бирида ёзилган эди. Исмини ҳам айтишни истамаган ўша ўзбек йигити каби тарафдораларимиз борлиги билан кучли эдик, миллат эдик. Аммо, минг афсуски, ҳали ўзбеклар ичида биз ва ўша йигит кабилардан ташқари Салой Мадамин ва Дадахон Ҳасан каби хоин 53-54-чилар бор. Ўша кунларда орқасида Каримов турган бу хоинлар ғалаба қилишди. Бизни мағлубиятга учратишди, коммунистик режимдан совғалар олишди. Каримов уларни ишлатиб бўлиб, мен аввалдан башорат қилгандек, улоқтириб юборгани, ўша кунлардан кейин Дадахон Ҳасан бир кун “Бирлик”, бир кун 53-54-чилар тарафдори бўлиб юрадиган одамга айлангани, у АҚШ ва Туркиядаги ўзбек диаспораси лидерларига “Салой Мадамин КГБ агенти экан”, деб хатлар ёзгани (мен Дадахон аканинг бу хатни “Бирлик” газетасида эълон қилиш талабини рад этганман), ҳозир сотқинлар Каримовдан дод-вой қилиб юриш ҳолига туширилгани, уларнинг 1989-91 йиллардаги хоинликларини оқлай олмайди. Миллат сотқинлардан қутилишни ўрганма-гунча қулликдан чиқолмайди. Чунки, буюк Жавахарлал Неру айтгандек: “Сотқинлик бор ерда қуллик бор”. * * * * * 18-20 йил аввал бўлган ҳар кун тарих яратганимизни гапирмоқдаман. Ривожланиш даражаси ўрта асрлар даражасида қолиб кетгани жамиятимизни замонавийлаштиришда ўша кунларнинг воқеалари катта роль ўйнаганини тушуниш қийин эмас. Яна ҳам муҳим бўлгани шуки, жамиятимизнинг ривожанишини истамаётган ҳукуматнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, қайта қуриш йиллари бошланган жараёнлар тўхтаб қолмаслиги учун, уларни давом эттириш учун курашимизни ҳеч тўхтатмадик. Қуйида улар хусусида ёзмоқчиман.
ЎЗГАРИШЛАР СИЁСИЙ МУХОЛИФАТНИ ТАН ОЛИШДАН БОШЛАНАДИ,
АСОСИЙ МАҚСАДГА БИРЛАШИБГИНА ЕТИШОЛАМИЗ
Бу тезисни “Бирлик” Партияси бир неча йидан бери қайтариб келмоқда. Фақат қайтариш билан чекланмасдан, уни амалга ошириш учун мумкин бўлган ҳамма қадамларни қилмоқда. Асосий ишни ўзимиз қилишимиз керак. Авваламбор, тан олинадиган мухолифат ташкилотининг, яъни сиёсий партиянинг ўзи бўлиши керак. Мен “сиёсий мухолифат партия шаклида бўлиши керак”, деган аксиомани ўз сафдошларимга уқтириш учун оз эмас, кўп эмас 13 йил сарф қилибман. “Бирлик” халқ ҳаракатини шу номдаги партияга айлантириш фикрини СССР Конституциясидан компартиянинг яккаҳоким-лигини қонунлаштирувчи 6-чи модда олиб ташланган кунларданоқ гапира бошладим. Эслатиб ўтиш керак, бу модда конституциядан 1990 йил 26 март куни олиб ташланган. 19 апель куни “Бирлик” халқ ҳаракати Ҳайъати мажлисида бу масала менинг ташаббусим билан кун тартибига қўйилди, аммо, минг афсуски, мутлақо кўпчилик ўта ибтидоий шаклдаги “ҳаракат бўлиб туғилдик, ҳаракат бўлиб қоламиз” шиорини ҳимоя қилди. Бошқа совет жумҳуриятларидаги халқ фронтлари ва халқ ҳаракатлари қисқа вақт ичида ўзларини партия деб эълон қилганлари ҳам ўзбек демократларини кўзини очмади. 2003 йил 7 майда ўтказилган “Бирлик” халқ ҳаракатининг қурултойида ташкилотни партияга айлантириш қарорини чиқариш учун қилган уринишларимни ҳали кўпчилик билмайди. Сафдошларимизнинг сиёсий етуксизлигидан аччиқланиб, сиёсатни ташлаб кетиш остонасига ҳам келгандим. Аммо, кейин ўзимни қўлимга олиб, бир-икки чиройли политтехгнологиялар ишлатиб, шароитни тузатиб олишига эришдим. У политехнологиялардан бири Исмоил Дадажонни кўзга кўринган ҳамма Қўқонлик фаолларимизнинг қаршилигига қарамасдан партия раисининг ўринбосарлигига олиб келишим бўлган. Ва тўғри бўлган. Ўйлайманки, ўша кунларнинг воқеалари ҳали чуқур ўрганилади ва керакли хулосалар қилинади. Вақти келиб қилинади. Чунки, бу воқеалар ўзбек демократиясининг аҳволини кўрсатувчи ёрқин мисол сифатида миллатимизнинг тарихида қолиши муқаррар. “Бирлик” ҳаракатини партияга айлантириб жудда катта ишлар қилдик. Шундан кейин бошқа мухолиф гуруҳлар жонлана бошладилар. Агар Андижон воқеалари бўлмаса эди, “Эзгулик” каби “Бирлик” Партиясини ҳам рўйхатдан ўтказишимиз аниқ эди. Ўзбеклар, тўғрироғи ўзбек жамияти демократия учун курашга тайёр эмас, деган тезисни мен ўтган асрнинг 70-80-чи йилларида тушунишга бошлаганман. Уни 15 йил аввал АҚШдаги бир конференция учун тайёрлаган мақоламда қаламга туширганим тасодиф холос. Бундай тезис учун асосий аргумент – одамларни ўзларига тобе қилиб олиш ниятидаги чаласавод муллаларнинг, тўғрироғи динимиз душманларининг саъй- ҳаракати билан юз йиллардан бери халқнинг миясига “пешонангга ёзганини кўрасан” деган фикр яхшилаб жойлаштирилганидир. Ҳамма нарса аллақачон пешонасига ёзиб қўйилганига ишонган одам ҳеч нарса учун курашмайди. Шу сабабли, бир маҳаллар Улуғбек расадхонасинини қурган халқ бор йўғи юз йил аввал ҳам пиликни тутатиб чироқ ўрнида ишлатарди, рессори ҳам бўлмаган аравалар унинг асосий транспорт воситаси эди. Ваҳоланки, динимизнинг моҳиятидан келиб чиқсак, кундалик шиоримиз “Биздан ҳаракат, Оллоҳдан баракат” шаклида бўлиши кераклиги мен учун ойдек равшан. Халқ ҳаракатини партияга айлантиришга кўпчилик қарши бўлгани хусусий масала эмас. Бу факт - ўзбеклар демократия учун курашга тайёр эмас, деган тезиснинг амалдаги кўринишини ўзида акс эттирувчи муҳим мисоллардан биридир. Қўпол бўлса ҳам яна бир ўхшатиш қилмоқчиман. Дарвиннинг назариясига кўра, маймунлар эволюцион жараён натижасида одамга айланганидан келиб чиқсак, халқ ҳаракатини партияга айлантиришга қаршилик кўрсатиш - маймундан одамга айланишни истамасликдир. Шу кунларда “Ҳаракатни қайтадан тиклаймиз” деб дод-вой солаётганлар эса, “Бизни одам қилиб қўйишди, тўғрироғи, Абдураҳим Пўлат одам қилиб қўйди, биз бунга тайёр эмасмиз, маймунликка қайтимиз” дейиш билан баробар. Халқимиз ҳали демократия учун курашга тайёр эмаслигидан мен тушкунликка тушаётганим йўқ. Шу камчилигимиз, шу етукмаслигимизни тўғри ҳисоб-китоб қилиб, барибир олға кетиш мумкинлигини бир неча марта кўрсатдик. Ҳозир ҳам шундай қилмоқдамиз ва олға кетмоқдамиз. Ҳозир бизни тўғри тушунаётганлар, биз каби ҳаракат қилаётганлар - ўзини демократман деб юрганлар ичида ҳали ҳам камчилик. Лекин, инсониятнинг тарихи жуда кўп марта кўрсатганидек, ҳар доим янгиликларни камчилик бошлайди ва ҳар доим кўпчиликка айланади, ғалаба қозонади. Бу сафар ҳам шундай бўлади. Бу сафар деганда, Андижондаги қонхўрликдан кейин яна бир марта фалаж ҳолга келган демократик мухолифатни қайтадан жонлантириш, уни қайтадан оёққа қўйиш босқичини назарда тутмоқдаман. Демократия учун курашга тайёр бўлмаган жамият билан демократияга келиш учун дунё демократиясининг ёрдамига муҳтож эканлигимизни, худого шукр, ҳамма тушунади. Аммо, демократик дунёнинг ёрдамидан қандай фойдаланиш лозимлигини тушуниш бундан ҳам муҳим. Бу масалада ҳам “Бирлик” таклиф қилган политехнолигиялар ўзининг устиворлигини кўрсатганини бугун фақат аҳмоқ одамгина тан олмаслиги мумкин. Айнан “Бирлик” Партиясининг “диктатураларни санкциялар билан йиқитиб бўлмайди, аксинча, уларни демократик дунёга интеграция қилиш самаралидир”, деган фикри йўналишида иш бошлаган Европа Иттифоқи ижобий натижаларга эришгани биз учун жуда муҳимдир. “Бирлик” Партияси бу хусусда Европа Иттифоқи ва унинг ташқи алоқалар бўйича бош вакили Хальвер Соланага қилган мурожаатларида (6 ва 24 ноябрь, 2006 йил) асосий вазифалардан бири сифатида Ўзбекистонда сиёсий вазиятни юмшатишни белгиланганди. Бу вазифа бажариилди. Бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва Аҳмаджон Одиловнинг қамоқдан чиқарилиши мамлакатимизда янги, юмшоқроқ муҳит яратди. Қамоқдан чиққанлар бир овоздан ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларга таъзим қилаётганлари менда шахсан рашк уйғотаётгани йўқ, аммо, бу нарса уларнинг воқеалардан мутлақо хабарсизликларини кўрсатмоқда. Чунки, ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга қарши санкциялар киритиш, у билан алоқа қилмаслик, уни дунёдан изоляци қилишни талаб қилгандилар. Шундай қилинса эди, бугун қамоқдан чиққанлар ҳали ҳам қамоқда ўтиришган бўларди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ичида бирорта марди бўлса, ўз вақтида янглиш ҳаракат қилишганини, “Бирлик” ҳақ бўлганини ҳозир гапириши керак эди. Аммо, минг афсуски, дунёда мардлар кам. Бу хусусда менинг шахсий фикрим шундай: “Нафақат ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари, балки, бутун дунё ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати чуқур инқироз ичида. Улар коммунистик идеолагия билан кураш учун ишлаб чиқилган ва бугунги шароитга тўғри келмайдиган стандартлар асосида фаолият кўрсатмоқдалар, ўз ичларида қайта қуриш қилмасалар, ўлимга маҳкумлар. Қайта қуриш принциплари асосида ташкил этилган "Эзгулик" каби ташкилотларгина оёқда қолади." Хуллас, “Бирлик” Партияси ва демократик дунёнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда сиёсий вазият етарлича юмшади. Энди бундан кейин қилинадиган ишлар ва қадамлар устида ўйлашимиз керак. Биров эмас, ўзимиз ўйлашимиз, ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак. Ҳозирги асосий вазифа – Ўзбекистонда сиёсий мухолифатнинг ҳукумат тарафидан тан олинишига эришишдир. Бугун бу вазифа устида фақат “Бирлик” Партияси ўйламоқда ва амалий ишлар қилинмоқда. Ҳозир партиянинг вилоят конференцияларини ўтказиш бошланди. Сўнгра “Бирлик”нинг қурултойи ўтказилади. Ҳозир бошқа биронта сиёсий гуруҳ бундай ишларга қодир эмас. Биз “Бирлик” Партиясини расман рўйхатдан ўтказиш, сайловларда қатнашиш ва шу каби ишларимиз билан Ўзбекистонда демократик жараёнларни ривожлантириш йўлидан бораверамиз. Бизни бу йўлдан ҳеч ким чиқаролмайди. Бу мақсадга етишиш йўлида ҳам Ғарб демократиясининг ёрдамига муҳтожмиз. Ҳозир бизнинг Ғарбдан истагимиз қуйидагича. Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати олдига фақат ҳуқуқ ҳимоясига оид масалаларни қўйиш билан чекланмасдан, сиёсий масалаларни, хусусан сиёсий маҳбусларни озод қилиш, демократик мухолифатнинг фаолияти йўлига қўйилаётган тўсиқларни олиб ташлаш, охир-оқибатда мухолифат партияларини, биринчи навбатда, “Бирлик” Партиясини тан олиш каби масалаларнии ҳам қўйишга бошлаши керак. Ўзбекистонда ҳақиқий ўзгаришлар бўлишини истаган ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари айнан шу масалаларга урғу беришлари керак. Вақти келгани учун бир масалада тўхтамоқчиман. Бу - “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охуннинг паспорти масаласи. Ҳамма тушунадики, Ўзбекистон ҳукумати Пўлат Охуннинг сиёсий фаолиятга имкон бермаслик учун уни паспортсиз қолдирмоқда, амалда, уни уй ҳибсида тутмоқда. Аммо, Пўлат Охунга паспорт берилиб, унинг сиёсий фаолияти йўлидаги тўсиқлар олиб ташланса, яна кўплаб маҳбусларнинг озод қилинишига йўл очилишини ҳали ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари тушунмаяптилар. Тамомийла сиёсий мотивациялар билан қамалган Санжар Умаров ва Дилмурод Муҳиддиновларнинг озод қилиниши ҳам шу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бўларди. “Бирлик” Партияси Ўзбекистонда сиёсий мухолифатнинг тан олиниши, Пўлат Охуннинг паспорти ва сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши масалаларини Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият олдига қўйишни давом эттираверади. Айни замонда, ўзбек демократлари ўз ичларидаги бир қатор масалаларни ўзлари тезлик билан ҳал қилишлари шарт. Асосий масала – мухолифатни бирлаштириш. Бу мураккаб масалада дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги тажрибага суянсак, тезроқ яхши натижаларга эришамиз. Шу кунларда ҳамма шоҳид бўлаётган АҚШдаги бир воқеага ҳамманинг диққатини жалб қилмоқчиман. Маълумки, ойлардан бери Хиллари Клинтон ва Барак Обама Демократик партия номидан президенликка номзод бўлиш учун аёвсиз кураш олиб бордилар. Кураш давомида бир-бирларига етралича тош ҳам отдилар. Праймеризлар натижасида Барак Обама ғалаба қозонгач, Хиллари Клинтоннинг ўзи, унинг турмуш ўртоғи Билл Клинтон ва бошқа таниқли тарафдорлари ўз партиялари ва мамлакат манфаатларидан келиб чиқиб, Барак Обамани қўллаб-қувватлашларини эълон қилдилар. Бу хиёнат эмас. Чунки, Барак Обама ҳам ўз партияларининг номзоди. Энди мамлакатимизга ўтайлик. Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан кейин “Бирлик” Партияси биринчи бўлиб оёққа туришга бошлади, бошқалар бунга қодир эмаслиги ҳозирданоқ маълум бўлмоқда. Мухолифатнинг “Бирлик”дан бошқа гуруҳлари дунё жамоатчилигига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялар киритишни талаб қилдилар. Амалад эса, “Бирлик”нинг айтгани бўлди. Яъни, шу икки масала бўйича “Бирлик” Партияси ички праймеризда ғолиб чиқди, дейишга ҳаққимиз бор. Шу сабабли ҳамма ўзбек демократларини, америкаликлардан андоза олиб, “Бирлик” Партиясини қўллаб-қувватлаш йўлига ўтишга чақираман, яна ҳам дангалроқ айтсак, “Бирлик” сафларига қўшилишга чақираман. Бошқа сиёсий гуруҳларнинг аъзолари учун бундай қадам хиёнат бўлмайди, чунки ҳаммамиз демократмиз. Мамлакат ва миллат манфаатларини ўзининг шахсий манфаатларию амбицияларидан юқори қўя оладиган ҳар бир инсон шундай қилишига ишонаман. Шу йўл билангина умумий мақсадга етишоламиз!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону