Холдор Вулқон - Олисларда ёнган чироқлар
29. Темурcултоннинг туғилиши Баъзилар ароқ ичганларингизни хам ёзаверибсиз, cал қоғозга ўраб ёзиш керакда, дейишади. Йўқ, мен қоғозга ўраб ёзолмайман. Чунки, мен тутган қалам ҳур ва озод. Ёзишни бошладимми, у менга, яъни ақлим чокари бўлмиш қўлимга бўйсунмайди. Руҳимда кечган нарсаларни қоғозга тушираверади. Ғарибликда дунёга келган ўғлим Темурсултоннинг туғилиши ҳақида узоқ вақт ёзолмай юрдим. Бугун негадир ёзгим келди. Бу воқеани ёзмасам бўлмайди. Негаки у Оллоҳнинг мўъжизаси билан дунёга келган. Ўша пайтлари биз Бишкек шаҳрининг Тўқтаналиев кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшар эдик. Қўшнимиз Дарья Прокофьевна деган рус кампир бўлиб, опаси билан бирга яшар, жуда одамохун, меҳрибон инсон эди. Кенжа ўғлим Саидахрорни яхши кўриб унга турли хил ширинликлар мева–чевалар берар, Саид ҳам кампирни баъзан Бабушқа, баъзан эса тили келмай Даря Хракўпевна дер, унинг ёнига чиқаман деб хархаша қиларди. У маҳаллар хотиним ҳомиладор бўлиб бечора камқонликдан шишип кетган эди. Нафас ололмай қийналарди. Бир куни туш кўрдим. Тушимда Амир Темур менга ўзининг қиличини совға қилди. Қилич шунақа чиройли ва ўткир эдики уни сўз билан тўла тасвирлай олмайман. “Бу қилич сенга” деди соҳибқирон. Мен хурсанд бўлиб раҳмат айтиб қилични қўлимга олдимда уни тўлин ойга қараб сермадим. Сўнг ўйғониб кетдим. Ё, Оллоҳ, бу қандай туш бўлди? – дедим мен ичимда. Мен авваллариям бунақа сирли тушларни кўп кўрганман. Айниқса пайғамбиримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо Саллоллоҳу Аълайҳи Васаллам тушларимга уч бора кирганлар ҳам. Ўша тушлар таъмини ҳалиям тамшаниб юраман. Қани энди яна бир бор тушларимга кирсалар деб орзулаб юраман. Аммо негадир ҳижратга чиққанимдан кейин Расулуллоҳ тушларига кирмай қўйдилар. Ўша тушлардан бирини ҳозир ёзмасам музлари эриган баҳорги дарё сингари тошиб кетяпман. Бир оқшом тушимда Расулуллоҳ билан ёнма–ён турган эмишману Расули Акрам Саллоллоҳу Аълайҳи Васаллам елканлар билан ҳаракатланувчи мачтали кемада ўтирганмишлар. Қарасам Расулуллоҳ Соллоллоху Аълайҳи Васаллам йиғлаябдилар. Мен бўлса: - Ё Расулуллох, нега йиғлаяпсиз? – дебман. Расулуллоҳу Саллоллоҳу Аълайхи Васаллам мени сенлаб: - Қарамайсанми, манабуларни тезроқ олиб боришим керак, – дедилар палубага ишора қилиб. Қарасам палубада беш-олтита оқ сурпга ўраб кафанланган жасадлар ётибди. Кейин ўйғониб кетибман. Расулуллоҳни яна бир бор кўрармиканман деб ухлашга уриндиму лекин қайта ухлай олмадим. У пайтлар биринчи хотиним учта боламизни менга ташлаб кетиб қолган эди. Тўғрироғи, мен уни ҳайдаб юборган эдим. Фарзандларим ёш. Овқат қилишни, кийимларини ювишни ҳам билишмас, ўзим уларга овқат қилиб кийимларини қўни-қўшни кўрса кулмасин деб қоронғида ювар эдим. Нонуштадан кейин товуқларга дон бериб, итимиз Цезарга нон бериб кўчага чиқар эканман ўғилларимга эҳтиёт бўлиб ўтиринглар дедим. Кечки пайт кесам ўғилларимдан бири: - Дада, бир одам манави хатни ташлаб кетди, - деди. Хатни ўқисам бир акамиз: - Холдоржон, Муроджон турмада оламдан ўтибди. Эртага эрта билан “Жомеъ” масжидини ёнида учрашайлик. Пато ўқигани борамиз, – деб ёзиб қўйибди. Бирдан тушум ёдимга тушдию сирли ишоратни, илоҳий ҳикматни англаб етдим. Демак Муроджон шаҳид кетибди, деган хулосага келдим. Ҳа, Муроджон имон этиқоди мустаҳкам, жуссаси кичик бўлсада руҳан бақувват бола эди. Айтишларича, у эшитса одамнинг танаси жимирлаб кетадиган қийноқлар билан ноҳақ ўлдирилган экан. Ул инсонга шаҳидлик муборак бўлсин. Расулуллоҳ С.А.В ни тушда кўриш мақтанишга арзийдиган ҳодиса бўлсада мен юқоридаги тушларимни мақтаниш учун айтмадим. Мен ўз тушларимга ишонишим учун асос борлигини таъкидламоқчи эдим холос. Шундай қилиб Темурсултон Бишкекда дунёга келди. Ўша кунлари аёлимнинг ой-куни яқин эди. Хотиним бечора юролмай ётиб қолди. Шу аҳволда ҳам оила ташвишини қилиб: “Шоир, халадилникда ҳес нарса қолмабди. Ёғ билан картошка, нон опкелиш керак”, деди. Мен унга: - Қандай қилиб бозорчага бораман. Мен келгунимча “Бошланиб” қолса ёлғиз ўзинг”... дедим мен унга ачиниб. - Телефон бору – деди у. Мен хўп деб ўғлим Саидахрорни етаклаб бозорчага кетаётсам хотиним: - Уйни устимдан қулфлаб кетаверинг, – деди. – Нега? Худо кўрсатмасин бирон нарса юз берса қандай қилиб ташқарига чиқасан? – дедим. – Ўзбек мелисалари кебқоса нима қиламан, – деди хотиним ёнғин ё ногоҳоний тўлғоқдан ҳам кўра СНБ дан қўрқиб. Унинг гапларидан кейин мен эшикни қулфлаб кетишга мажбур бўлдим. Сўнг ўғлим Саидахрор билан майда чуйда олиб келиш учун бозорчага жўнадим. Дов–дарахтларга кўмилган сўлим Бишкек кўчаларининг четларидаги ариқчадан сувлар тошиб ётибди. Сой томондаги бозорчага етмасдан бир кўп қаватли уйнинг ойнабанд балконига олмохон қамалиб қолганини ва чиқиб кетолмай идиш-товоқларни қулатиб ойналарга ўзини ураётганиникўриб қолдик. Ўғдим билан олмахонга ҳам қизиқиб ҳам ачиниб қараб турдик. Кейин яна йўлда давом этарканмиз бирдан уяли телефоним жиринглаб қолди. У телефонни шоир Юсуф Расул Шведсияга кетаётиб “Вулқон ака, бу сизга мендан эсдалик” дея қолдириб кетганди. Кейинчалик мен бу телефоннинг жилдини янгилаб жирингласа Мамуржон Узоқовнинг “Жанон бўламан деб” бошланадиган қўшиғининг машхур мусиқасини куйлайдиган қилиб олувдим. Телефон тугмасини боссам хотинимнинг “Шоир тезроқ келинг!” деган ташвишли овозини эшиттим. Мен ўғлимни кўтариб уйга қараб югурдим. Зинадан чиқаётсам рус миллатига мансуб икки ёш эри-хотин юқорига кўтарилаётган экан. Қўлларида майда-чуйда. Аёлнинг қўлларида бир қучоқ гул. Менинг шошаётганимни сезиб улар менга йўл беришди. Мен “Спасибо” деб тўртинчи қаватга кўтарилдимда эшикни оча бошладим. Халиги келин-куёвлар қўшнимизнинг эшик қўнғироғини босишди. Ичкаридан Дарья Прокофьевна чиқиб “Оооо! Какие гости!” деб меҳмонлар билан кўриша бошлади. Мен бу орада ўғлим билан ичкарига кирдим. Қарасам, Хотиним азоб чекиб типирчилаяпти. Тез ёрдам чақиринг, Шоир! деди у базўр. Мен тентакка ўхшаб шошиб қолдим. Телефонда “Тез ёрдам” чақирдим. Кейин югириб ташқарига чиқдим. Кейин яна ичкарига кирдим. Нима қилишни билмайман. Тез ёрдамни кутиб олиш учун Саидахрорни етаклаб яна ташқарига чиқдим. Шунда қия очиқ турган қўшни эшикдан Дарья Прокофьевнани кўриб қолдим. Эшикни тақиллатдим. Дарья Прокофьевна чиқди. Мен унга аҳволни тушинтирувдим уям шошиб қолиб: - Ой, Господи, боже мой, – дея бизнинг уйга югурди. Хотинимни ёнига бориб унга далда берди. – Ой, что теперь будем делать–а? – дея ташқарига югурди. Бирмаҳал хурсандчиликдан кампирнинг юзлари ёришиб кетди: - Господи, ведь Наташа у меня какраз окушерка! – Дарья Прокофьевна шундай деб уйига кирдида: - Наташа, Наташа! - деб бақирди. Наташа ичкаридан югуриб чиқди. - Что случилось – деди у ҳайрон бўлиб. Кампир ҳаяжон ичра жиянига вазиятни тушунтирган эди Наташа бизнинг уйга чопиб кирди. Сўнг хотинимни кўздан кечириб умивальникда қўлларини ювдида, менга: - Болани олиб чиқиб кетинглар, - дея Саидахрорга ишора қилди. Мен Сайидни Даря Прокофьевнага топширдим. Наташанинг эри Сергей деган бола экан. Сергей менга: - Ташвиш қилманг. “Тез ёрдам” келавермаса хотининнгзни менинг машинамда туғриқхонага олиб борамиз, – деди. Биз Сергей билан “Тез ёрдам”ни кутиб олиш учун кўчага қараб югурдик. “Э, Худо. Бир мусофир бандангман. Хотиним соғ-соломат кўзи ёрисин! Ўзинг ёрдам бер!” деб ичимда Оллоҳга илтижо қилиб типирчилаб турибман. Аҳволимни кўриб Сергей: - Ака, сиз уйга бораверинг, мен “Тез ёрдам” кеса олиб бораман, – деди. Раҳмат деб уйга югирдим. Борсам уйимизда чақалоқ йиғлаяпти. Э, Оллоҳ, ўзинга шукр! – деб эшик кесакасига осилиб қолдим. Кўзларимга ёш қалқиб хўрлигим келди. Унсиз йиғладим. Кейин кўз ёшларимни артиб ичкарига кирувдим Дарья Прокофьевна кулиб мени табриклади. Наташа ҳам. - Рахмат сизларга, – дедим. Наташа чақалоқни йўргаклаб қўйибди. Ўғил экан. Мен хотинимдан ҳол-аҳвол сўрадим. - Анави, духтир қизни рози қилиб бирар минг сом бериб қўйинг, - деди. Мен шошиб ўгрилсам Наташа билан кампир бизга ҳалақит бермайлик деганми уйларига чиқиб кетиб қолишибди. Югириб чиқиб Наташани чақирдимда унга битта бутун мингталик қирғиз пулини узатдим. - Ўз бўлса ҳам шуни олинг, хизматларингизга рози бўлинг – дедим мен. Наташа пулни олмади. - Йўқ ундай қилманг. Мен хизматимга мингдан минг розиман, - деди жилмайиб. Шу пайт “Тез ёрдам”чиларни етаклаб Сергей келиб қолди. Ўғил кўрганимни эшитиб у мени табриклади. - Раҳмат, оғайни, - дедим мен. Сўнг “Тез ёрдам”чилар билан яна уйга кирдим. Улар чақалоқни ва аёлимни кўздан кечириб бир нарсаларни ёзишдида менга имзо чекдириб хотинимни ва янги туғилган ўғлимни туғириқхонага олиб кетишди. Мен Саидахрорни Дарья Прокофьевналарга қолдириб “Тез ёрдам” билан бирга жўнадим. Йўл-йўлакай Бишкек марказида ишлайдиган ўғилларимга телефон қилиб хушхабарни етказдим. Улар хам туғуриқ хонага етиб келишди. Тушимда соҳибқирон Амир Темурни кўрганим, у менга қиличини берганини эслаб, қолаверса, Амир Темур ҳазратларига бўлган чексиз эҳтиромим туфайли янги туғилган ўғлимга Темурсултон деб исм қўйдим. Илоҳим унинг исми жисмига монанд бўлсин, омин, Оллоҳу акбар! Қаранг, ўзга диёрларда ҳеч қандай қариндоши йўқ мендек ғариб банданинг ишини. Худонинг ўзи ўнглади. Бўлмаса шу куниям қўшнимизникига акушер гениколог меҳмонга келадими! Буни қарангки дадам ҳам доим мени дуо қилсалар “Омин, ҳамиша ишларингни Худо ўнгласин” деб дуо қилардилар. Хозир ҳам ҳар гал телефонда гаплашсак шундай дуо қиладилар. Балки дадамнинг дуолари ижобат бўлаётгандир. Валлоҳи Аълам. 30. Абдурашид дўстим Аввало ёзувчи одам бировга бағишлаб бирон нарса ёзиши жуда қийин. Қачонки инсон унинг қалбига ерлашса, эҳтиромини қозонсагина унинг шуурида ўша одамга атаб бирон нарса ёзиш истаги пайдо бўлади. Бундай истак мени хам четлаб ўтмаган. Бугун негадир яна бир инсонга эҳтиромим зарраси ўлароқ бир нарса ёзгим келди. Ул инсоннинг исми шарифи Абдурашид Отажонов. Авваллари Божхонада ишлаган, кейин-чалик раҳбарларнинг порахўрлигига, адолатсиз фаолиятларига қарши чиқиб ўз аризасига биноан ишдан кетган Фарғоналик бу хуқуқ химоячиси билан мен Бишкек шаҳрида танишганман. Бир куни у менга қўнғироқ қилиб: - Ака, ўғилларингиз хам, ўзингиз хам кўчага чиқманглар. Кеча дўкондан ул-бул харид қилаётиб Ўзбек мелисаларини кўрдим. Какарда, петлица, погонларидан танидим. Донолар доноси юборибди шекилли. Бишкекда худди энасининг уйида юргандай бемалол юришибди. Биз хам уйни ичкаридан қулфлаб хеч қаёққа чиқмай ўтирибмиз, – деди. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Кейин хавфсизлик чораларини кўриш мақсадида ўғилларимга қўнғироқ қилиб Абдурашиднинг гапларини айтдим. Менинг гапларимни эшитиб тўнғич ўғлим кулди. - Э, дада, қизиқмисиз? Ўзбек мелисалари Бишкекда нима қилади? Улар келса формада юрадими? Қирғизлар хам ахмоқ эмаску, – деди . - Тўғри, - дедим мен. Шундан сўнг юрагим тубида Абдурашидга нисбатан қахр уйғона бошлади. Кейин бу қахр негадир юморга айланди. Абдурашидга телефон қилиб унга қуйидагича миннатдорчилик билдирмоқчи бўлдим. – Рашиджон, раҳмат, ука. Ҳақиқатан ҳам Донолар Доноси Бишкекка ўзбек мелисаларининг битта ротасини дислокация қилган кўринади. Живек жолу билан Токтогул кўчаларидан Ўзбек мелисаларининг ротаси чиқиб карнай – сурнай, ноғора садолари остида қушиқ айтишиб сизлар яшайдиган квартал тамон кетиб боришмоқда. Олдиларида уч- тўртта генерал ва беш-олтита полковниклар карнайга ўйнаб, муқом қилиб, қош қоқиб, елка учириб, оёқларини шиқиллатиб, шох ташлаб боришяпти. Қирғиз халқи хайрон. Иккита майор генерал, полковникларга Қирғиз сўми, Қозоқ танга, Ўзбек пули ва Тожик сомонийсини пайдарпай қистириш билан овора. Битта капитан тушган пулларни йиғиб қопга жойлаяпти. Менимча улар шу йўл билан ўзбек қочқинларининг эътиборини жалб қилиб, улар қизиқиб яқин келганларида ҳибсга олишмоқчи шекилли. Бундай провакацияга учманглар. Бу ғоят пухта ўйлаб режалаштирилган маккор ҳарбий ҳийла бўлиши мумкин. Тағин карнай–сурнай овозини эшитиб, қизиқиб нима бўляптийкин деб ташқарига чиқиб–нетиб юрманглар, - демоқчи бўлдиму ўзимни тийдим. Шу-шу мен Абдурашиддан то Канадага келгунимча хафа бўлиб юрдим. Кейин билсам у инсондан бекорга хафа бўлган эканман. Негаки мен Квебек шаҳридан Монтреал орқали Торонтога келганимда Абдурашид бир тўп Ўзбек Ватандошлар билан вокзалга чиқиб кутиб олди. Торонтода яшарканмиз, суҳбатлар жараёнида Абдурашиднинг феъл–атвори менга янада ойдинлаша бошлади. Билсам у ҳам менга ўхшаб юморни, аскияни, ҳазил-мутоибани яхши кўрадиган кўнглида кири йўқ бола экан. Абдурашид жаҳон тарихи борасида энциклопедик илми билан суҳбатдошини зериктирмайди. Ленин аслида қандай одам бўлган, Троцкийни ким болта билан чопиб ташлаган каби қулоқ эшитмаган ажойиб гаплар шу боладан чиқади. Латифа айтса, кулавериб чарчаб қоласиз. У мен ёзган ҳажвияларнинг доимий мухлиси. – Ака, Мизхаппарнинг давоми қачон чиқади? - деб қўнғироқ қилади. Яна давом этдиринг деб қистаб қизиқтиради. Бундай сўзлар ёзувчига қанот бағишлайди, руҳлантиради албатта. Мана ҳозир шу Ватандошимни эслаяпману мийямда янги ҳажвия секин аста шамоил касб этяпти. Мизхаппар, Йўлдашвўй, Мамадиёр учаласи Қурумбўйни кўргани турмага кетишаётиб шаҳарда тўпланиб турган оломонни кўришади. Сўнг қизиқиб оломонга яқинлашишади ва Ҳокимият биносининг олдида турган Вилоят ҳокимини кўриб энсалари қотади. Негаки Ҳоким Омборали Жумборалиевич баклажкадаги бензинни кастим–шим ва галстугларига қуйиб бир қўлида чақмоқтошни ёқмоқчи бўлиб бақираётган экан: - Ҳалойиқ! Зудлик билан менинг ишдан кетишимни талаб қилиб, уч-тўрт мингта имзо тўплаб, каттага ёзиб мени судга бермасангизлар ўзимга ўзим ўт қўяман! Ахир менда инсоф борми ўзи! Қачонгача Ўзбек халқини эзаман, қийнаб хўрлайман?! Ака укаларим, қариндош уруғ-аймоғимга завод–фабрикаларни аукционсиз хусусийлаштириб бердим! Бунга менинг нима ҳаққим бор?! Нега энди мен уч қаватли қаср қурдим?! Хўшшш, бунча маблағни мен қаердан олдим?! Нега мен ароқ коньяк ичиб эшиллиб тановорга рақсга тушаману мактаб болалар пахта далаларида ғўза ягана қилиб пайкалларга захарли дориларни қўллари билан чачади?! Нега мен кам иссиқ овқат еганидан қувватсиз бўлиб қолган болалар бегона ўтни юлгани кучлари етмай кучаниб бурни қонаб кетганини эшитиб эштитмаганга оламан?! Нега халқимизнинг балоғатга етган фарзандлари ота онасига кўмаклашиш учун иш истаб Россияга кетиб ўлиги қайтаётганини кўриб билиб туриб ҳам аҳолини иш билан таъминлашга ҳаракат қилмайман?! Негаааааааааааа! А? Нега?! Давай, чақиринглар журналистларни! Мени суратга олишиб тамоми кирдикорларимни ёзиб «Ҳаракат» сайтигами, “Янги дунё”гами, “Узневснет”гами, “Туронзамин”гами чиқаришсин! - деб бақирса, одамлар: - Омборали Жумборалиевич, журналистлар ҳаммаси чет элга кетиб қолишган! Хравазашитникларам Европияда! Баъзилари Хрансияда! Бир нечтаси Ангилияда! Қўйинг энди, ўзингизни ёқманг, интимос! - деб туришса бир оқсоқол оғзидаги носини туфлаб олиб: - Да что вы на самом деле! Чего вы его слушаете! Пусть он сдохнет! Ўлса Ўзбекистонда битта нонхўр камаяди! То есть, нам больше достанется! – деб бақириб яктагини ечиб унга мангу олов машъаласидан ўт илаштирибди. Сўнг: - Умри, скотина! - деб туриб ёнаётган яктагини ҳоким Омборали Жумборалиевичга отибди. Лекин ёнаётган яктак ҳокимга тегиб ўчиб қолибди. Чунки Омборали Жумборалиевич ўзига сув қўшилган бензинни қуйган эканда. Одамлар қўрқиб, қути ўчиб ярим ялонғоч турганоқсоқолга: - Ўлдингиз, қочинг энди, оқсоқол! – дейишибди. Оқсоқол энди қочмоқчи бўлиб турса Омборали Жумборалиевич тағин бақириб қолибди: - Ҳа, заправканга ўт тушгур, ифлос! Ҳокимгаям сув қўшилган бензин берасанми, паразит?! Ҳа,инсопингассссс... Э, нега ханқайиб туришибсан?! Анави Кинофикация-нинг машина-сида бориб тезда 16 та боласи бор заправшик гангирни опкелинглар оёғини ерга текизмай! Югурдаклар хўп деб Кинофикациянинг машинасида заправшикни қидириб кетишибдида ҳаялламай заправшик билан қайтиб келишибди. Заправшик ўзини оқлаш учун бир канистир бензин олиб машинадан тушибдида: - Жумборали Омборалиевич, бир қошиқ қонимдан кечинг! Ахир сиз менинг отамсизу, мен сизга теппа бензин бераманми!? Бу душманларнинг иши! Мен берган бензинга сув қўшиб қўйишибди! Тўғри мен ҳам бензинга керосин билан газалин қўшаман! Лекин сизга тоза бензин берувдим! Мана манави бензиндан. Ишонмасангиз синаб кўришингиз мумкин, Жумборали Омборалиевич! – дебди. - Қани, буёққа олиб келчи! - дебди Омборали Жумборалиевич. Кейин бензинни ўзига қуйибдида “Банияти шипо!” деб туриб чақмоқтошни ёқибди. Қарангки, аксига олиб чақмоқтош ёнмабди. Фиғони чиққан Омборали Жумборалиевич чақмоқтошни ерга отиб ярим ялонғоч турган оқсоқолга қараб: - Отахон, ёрдамлашворинг! Сиз ҳар ҳолда мутахассис одамсиз, – дебди. Оқсоқол аччиғи чиқиб: - Сенинг ёнмайдиган теппа бензинингни деб яп-янги яктагимдан айрилдим! Энди чолворимдан ҳам айирмоқчимисан?! Кампирим: - Яктагингни қайси ўйнашингникида қолдирдинг? Ўйнашингнинг эри келиб қолгач чолворингниям кийишга улгурмай деразадан ташлаб қочибсанда–а, йигит ўлгур?! - деса мен нима дейман?! - дебди. Шу маҳал заправшик чўнтагидан чақмоқтош олиб, Омборали Жумборалиевичга хушомад қила кетибди: - Отагинам, сиз қаердаги томи сурилган қаланғир–қасанғирларга ялинманг. Билсангиз мен хам ўғлингиз, хам энг яқин дўстингизман. Мана, менда Американская зажигалка бор, - деб чақмоқ-тошни ёқибдида, уни Омборали Жумборалиевичга отибди. Омборали Жумборалиевич ёниб чинқирганича чирпираб айланиб ўзини ҳокимиятга урибди. Ҳокимиятга ўт кетиб тўс–тўпалон бўлиб, осмонда вертолётлар айлана бошлабди. Буни кўрган Мизхаппар, Йўлдашвўй ва Мамадиёрлар тезда Отайўли автобусига ўтириб жўнаворишибди. Хуллас, бунақа ҳажвияларни истаганча ёзиш мумкин демоқчиман. Асосий мақсад эса менинг ҳурматимни жойига қўйгувчи, қалбида кири йўқ бир Ватандошимни ўзимнинг арзимас асаримга киритмоқ-чи эдим халос. Оила аъзоларингиз билан ҳамиша омон бўлинг, Абдурашид дўстим!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону