Фарғона бирликчиларининг баёноти -
Хатоларни тан олиб, сафимизга қайтинг!
ХАТОЛАРНИ ТАН ОЛИБ, САФИМИЗГА ҚАЙТИНГ!
(“Бирлик” Партияси Фарғона вилоят ташкилоти конференциясининг Баёноти)
Баъзибир Интернет сайтларида яқин сафдошларимиз томонидан имзолаб тарқатилган баёнотларни ўқиб ҳайратга тушдик ва ўз муносабатимизни билдиришга қарор қилдик.
Улардан бири «Бирлик халқ ҳаракати партияси аъзоларига мурожаат», деб аталган. Бир қарашда у тўғри ёзилгандек, лекин унинг асл максади провокацион эканлиги тезда маълум бўлиб қолади.
Бу мурожаатномада партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг бугунги олиб бораётган фаолияти қаттиқ танқид остига олинган. Унинг ташаббуси билан бошланган партияни Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш учун имзолар йиғиш, сайлов-ларда иштирок этиш учун ташаббус гуруҳлари тузиш, бунинг учун керакли имзоларни тўплаш каби фаолиятлар беҳуда ҳаракат, деб баҳоланган.
Хўш, аслида, бу ҳаракатларнинг нимаси нотўғри? Демократлар учун бундан бошқа йўл борми?
“Бирлик” халқ ҳаракати партиясининг ҳокимиятга келиш учун танлаб олган йўли – демократия йўли, сайловлар йўли эканлигини наҳотки ўша мурожаатномага имзо чеккан сафдошларимиз билишмаса? Қолаверса, бу йўл партиянинг Таъсис қурултойида тасдиқланаган, уни тасдиқлаш учун ўша мурожаатномага имзо отганлар ҳам қўл кўтаришган. Демак, бу йўл Абдураҳим Пўлатнинг эмас, партиянинг йўлидир. Бунинг фарқига бормасалик, сиёсий нуқтаи назардан саводсизликдир.
Партия раисини фаолиятига баҳо бериш мумкин, уни танқид қилиш мумкин, бу партия низомига зид эмас, лекин бу ишни ҳам жиддийроқ шаклда қилиш керак.
Сафдошларимиз имзо чеккан мурожаатномада шундай сўзлар бор: “Мухолфат партиялари қайси номда бўлмасин ва курашнинг қай усулини танламасин, асосий мақсад эса бир бўлмоғи ҳар бир мухолифатчининг ёдида бўлмоғи даркор. Бу Ўзбекистонда жиноятчи тўдалар режимини ағдариш ва мамлакат ичкарисига эркинлик олиб кириш! Бас шундай экан, ҳамма бир мақсад сари турли йўллар билан бориши керак ва шунда Оллоҳнинг ўзи бизни бу курашда ғолиб қилажак!”
Бу баландпарвоз гапларнинг моҳияти ҳам провокациядан бошқа нарса эмас. Мурожаатни имзолаганлар бизга фақат демократия йўлидан эмас, балки, “курашнинг турли йўллари”дан фойдаланишни таклиф қилмоқдалар. Сатрларни яхшироқ ўқиган киши тушунса керак, сафдошларимизнинг демократиядан узоқ бўлган йўлга ўтгани ҳақида айтилаётган баъзи иддаолар асоссиз бўлмаган экан.
Унутмайликки, бир маҳаллар “Эрк” партиясининг чет элдаги раҳбарлари “Озодлик” радиосида эълон қилинган шундай чақириқлари билан юрт ичидаги бир қатор сафдошларининг қамалишига йўл очиб беришганди.
“Бирлик” халқ ҳаракатини тиклашга чақирувчи бошқа бир мурожаатнома ҳам шундай провокацион руҳда ёзилган. Гўёки кимнингдир истаги билан “Бирлик” партияга айлантирлган эмиш. Ваҳоланки, “Бирлик” халқ ҳаракатини шу номдаги партияга айлантириш масаласи “Бирлик”нинг қурултойида кўриб чиқилган ва керакли қарор ўша қурултойда қабул қилинган. Энди сувни лойқатиш – партияга нисбатан ҳиёнат қилиш бўлиб қўринмоқда.
Сафдошларимизнинг биринчи мурожаатномасида қуйидаги сўзлар бор: “Мухолиф партиялар, ёки ҳаракатлар сафига кириб олган баъзи кимсалар эса Ўзбекистон мухолиф кучларини асосий йўналишдан чалғитишга ва уларнинг ораларини бузишга, ҳамда уларни бир бирларига гиж гижлашга уриниб келдилар ва айни дамларда ҳам мана шу ҳаракатларидан тўхтаганлари йўқ”. Бу жуда тўғри сўзлар. Аммо, “Бирлик” халқ ҳаракатини тиклаш хусусидаги чақириқ қилаётганлар - айнан ўша “мухолифатни чалғи-тувчи баъзи кимсалар” бўлиб қолмоқдалар-ку!
Бизнинг фикримизча, ҳозирги кунда муҳожи-ратда яшаётган, ўз вақтида “Бирлик” партиясининг раҳбар органларига сайланган сафдошларимиз Исмоил Дадажонов, Муҳиддин Қурбонов, Набижон Норбўтаев ва бошқалар партиямизнинг Низом ва Дастури, партиянинг Таъсис қурултойи ва Марказий Кенгаш мажлисларида қабул қилинган қарорлари билан яна бир марта танишиб чиқишлари, демократия ва демократик йўл нима, деган савол устида яна бир ўйлаб кўришлари керак. Улар мамлакат ичида оғир шароитда иш олиб бораётган партия фаолларини Ғарб оромгоҳларидан туриб чалғитмасдан, аксинча, уларга ёрдам бериш йўлларини ўйлашса, нур устига нур бўларди.
Биз адашган сафдошларимизга нисбатан дарҳол жазо чоралари кўриш тарафдори эмасмиз. Ҳали ҳам кеч эмас, улар ўз хатоларини тан олиб олиб, сафларимизга қайтишлари учун вақтлари бор. Шундай қилинмагунча, уларни фаолиятимизга таъсир қилолмайдиган масофада ушлаб туриш ҳам мажбуриятимиз эканлигини яхши тушунамиз.
14 июнь 2008 йил, Қўқон шаҳри