Журнал Ҳаракат
№2 (71) 2008. Кечагина ўтган кунларимиз
"Ҳаракат" Агентлигининг Янгиликлар тасмасидан - 2
Манба: www.harakat.net
Март-апрель, 2008 йил
1 апрель: АҚШ мулозимининг сафари қариди, унинг демократлар билан учрашуви бахсли ўтди
Бугун АҚШ Давлат котибининг Марказий ва Жанубий Осиё мамлкатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Памелла Спратленнинг юртимизга ташриф якунланди. АҚШ элчилиги маълумотига кўра, Давлат департаменти мулозими Ўзбекистоннинг бир қатор расмий кишилари билан музокаралар ўтказган. Хусусан, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Мурод Атаев, Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси Элёр Ғаниев, Вазирлар Маҳкамасининг Дин ишлари қўмитаси раиси Ортиқ Юсупов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳаммедовалар билан сўзлашувлар қилган. Мазкур учрашувларнинг тафсили хусусида баён қилинмади.
Аввалги хабарларимизда Памелла Спратленнинг ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари билан учрашуви режалаштирилгани ҳақида ҳам гапиргандик. Давлат департаменти мулозими билан учрашувга “Бирлик” Бош котиби, “Эзгулик” инсон ҳақлари жамияти раиси Васила Иноят Брюсселга сафари туфайли бора олмаган. Учрашувда Ҳуқуқ ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи етакчиси Суърат Икромов, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳи (ГБР) вакили Сухроб Исмоилов каби ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этишган.
Суърат Икромов мамлакатдаги тоталитар сиёсат ва қийноқларнинг сақланиб қолаётгани, сиёсий маҳбуслар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг айримларини озод қилиниши ортида кўзўямачилик борлигини эътироф этган бўлса, Сухроб Исмоилов ҳукуматнинг одиллиги, қийноқлар барҳам топаётгани, вазият анчайин демократлашиб бораётганини таъкидлаган.
Бундай баёнотдан кейин Сухроб Исмоилов ҳамкасбларининг дашномлари ёмғирида қолган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзаро ихтилофларидан ажабланганини яширмаган Памелла Спратлен Ўзбекистон - АҚШ алоқларига доир мунгсабатлар юзасидан муҳокамага киришмаган.
3 апрель: НАТО Украина ва Гуржистонни ўз қаторига олиш масаласи бўйича қарорини декабрга қолдирди
Кечадан бери Бухарестда ўтаётган НАТО саммитида Албания ва Хорватияни аъзоликка қабул қилиш хусусида бу мамлакатларга таклиф юбориш қарори олинди.
Украина ва Гуржистон шу саммит вақтида “НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатлари режаси” доирасига олиниши, бошқачароқ айтилса, аъзоликка номзодлар рўйхатига расман киритилиши лозим эди. АҚШ бундай қадамнинг ашаддий тарафдори бўлса ҳам, Франция ва Германия бу масалада шошилмаслик тарафдори бўлдилар. Улар Россиянинг норозилигини ҳисобга олиб шундай қилганлари очиқча кўриниб турибди.
НАТОнинг Бош котиби Яап де Хооп Схеффер Украина ва Гуржистонни бу иттифоққа аъзо қилиб олиш учун ҳеч қандай эътироз йўқлиги, келажакада бу масала албатта ижобий ҳал этилишини урғулади. Иттифоқ паҳбарлари Украина ва Гуржистонни “НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатлари режаси” доирасига олиш ҳақидаги қарорни энг камида шу йилнинг декабрь ойигача кечиктиришибди.
Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, бу икки мамлакат эртами-кеч албатта НАТОга қабул қилинади. Россия расмийларининг баёнотлари ҳам улар буни тушунишларини кўрсатмоқда. Ҳозир Россия вақтдан ютиш билан машғул, холос.
7 апрель: Бухоро яҳудийлари делегацияси Ўзбекистонга келди
Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси аъзларидан иборат делегация Ўзбекистонга келди. Конгресс Президенти, олмос миллиардер Лев Леваев бошчилик қилаётган делегация вакиллари Бухорода мазкур Конгресс аъзоларининг йиллик анжуманида иштирок этишади. Бугун яҳудийлар учун Алишер Навоий номидаги Давлат опера ва балет театрида махсус концерт намойиш қилинди. Эндиликда яҳудийлар диаспораси вакиллари Самарқанд, Бухоро шаҳарларини зиёрат қилади. Конгресс президенти Лев Леваев, Исроилнинг мамлакатимиздаги элчиси Ами Мель ҳамда Исроил Парламенти (Кнессета) депутати Амнон Коэндан таркиб топган гуруҳни Президент Каримовнинг норасмий тарзда қабул қилиши ҳақида маълумотлар бор, дейди мухбиримиз.
13 апрель: Андижонда намозга борадиган ўқувчилар устидан назорат кучаймоқда
Шу вилоят ҳокими ташабуси билан "мактаб ўқувчиларининг масжидга боришини олдини олиш" мақсадида бошланган тадбирлар давом этмоқда. Юқоридан туширилган топшириқлар бўйича ҳар бир мактаб ўқитувчиси ўз ўқувчиларининг намоз ўқимаслиги ва масжидга бормаслиги учун жавобгар бўлади деб, барча мактабларнинг педагогик кенгашларида эълон қилинган. Масжидга бораётган ўқувчилар ҳақида маълумот милиция ва МХХ органлари орқали тегишли мактабларга берилган ва ўқтувчиларга бу болалар билан тарбийявий иш олиб бориш, бундан кейин уларнинг масжидга бордирмаслик чораларни кўриш хусусида тавсиялар берилган. Хусусан, ўқитувчиларга жума номозидан олдин масжид олдига бориб ўз ўқувчиларининг бу ерга келиш келмаслигини аниқлаш лозимлиги уқтирилган.
Аччиқланган ўқитувчилардан бири шундай дейди: "Менинг ўқувчим номоз ўқиса, мен учун жуда катта муаммолар пайдо бўлаяпти, лекин ўқувчимни бўш вақтини бошқа тарбиявий тадбирлар билан тўлдириш учун мактабларга ҳеч кандай ёрдам берилмайди-ку. Агар ўқувчи наркоман ёки безори бўлса, бу билан давлатнинг иши йўқ. Шуни ҳам биламизки, ўқувчиларнинг эртанги кундан умиди йўқ, ўқидим нима - ўқимадим нима, ҳеч қандай фойда йўқ, билимим борми-йўқми барибир, Ўзбекистонда иш йўқ, ҳамма Россияга кетаяпти, иложини қилиб мактабни битириб олсам бас, кейин чет элга ишга кетаман, бу ерда бирим икки бўлмайди, деб ҳисоблашади”.
Ҳозирги Ўзбекистоннинг совет замонида тарбия олган атеист раҳбарлари томонидан ёш номозхонларга қарши олиб борилаётган сиёсат ёшларнинг ғазабини келтиради, холос. У лар очиқ номоз ўқимасдан, яширинча номоз ўқишга ўтишмоқда. Бу эса, ўз навбатида яна бир норозилик марказининг яратилишига сабаб бўлади, бунинг оқибати яхши бўлмайди, дейди мухбиримиз. Энг асосий муаммо - давлатнинг диний сиёсати бутунлай нотўғрилигида. Давлат динга қарши куч ишлатиш йўлидан бормокда ва ислом динини ўзига душман деб билмокда. Бу сиёсат тузатилиши керак.
21 апрель: НАТО шарпасининг кучи: Путин Саакашвили олдида тиз чўкмоқда
Икки йилча аввал Гуржистоннинг халқаро майдонда Москвадан мустақил сиёсат олиб боришидан дарғазаб бўлган Россия президенти Владимир Путин бу мамлакатни жазолашга қарор берди. Россия ва гуржистон ўртасидаги транспорт ва ҳатто почта алоқалари Москванинг қарори билан тўхтатилди. Гуржистон экспортининг асосини ташкил қилувчи винодан Россия воз кечди.
Гуржи меҳнат муҳожирларининг Россияга йўли тўсилиши ва Россиянинг гуржи виносидан воз кечиши, русларнинг фикрича, Гуржистонни аввал иқтисодий, сўнгра сиёсий бўхронга олиб келиши керак эди. Аммо, бундай бўлмади. Гуржистон Ғарбнинг ёрдамида қийинчиликлар давридан чиқишга бошлади. Россиянинг бутун босимларига қарамасдан, НАТО барибир Гуржистонни келажакда ўзига аъзо қилиб олишга ваъда берди. Гуржистон мухолифатининг деструктив ҳаракатлари Саакашвили томонидан усталик билан сокинлаштирилди.
Ана шундан кейин Россия апил-тапил орқага чекинабошлади. Икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқалари Россия томонидан тикланди, гуржи виносини янгидан сотиб олишга бошлаш ҳақида сигналлар берилди. Тўғри, Гуржистон бу курашда ҳали тўла ғалаба қозонгани йўқ, аммо шу йўлдан кетмоқда. Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетиядаги провокациялари унинг отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмаётганини кўрсатади, холос.
Бу воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Россия ядровий қуролларга тўла бўлиши, нефтнинг нархи русларни қувонтирадиган даражада юксалишига қарамасдан, бу мамлакат ҳали Ғарб билан рақобат қилишга қодир эмас. Айнан шу сабабли ҳам, “Бирлик” Партиясининг келажакда НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси билан чиқиши – бу мухолифат партиясинг қанчалик етук ташкилот эканлигини яна бир марта кўрсатмоқда.
23 апрель: Ислом Каримнинг Остонага бориб келиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аммо бу фожеа эмас
Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга визити ўзaро алоқаларга доир кўплаб масалаю муаммоларни ечишга хизмат қилади, дея бонг урмоқда икки мамлакатнинг расмий ахборот воситалари. Ҳақиқатда, масала-муаммолар кўп. Лекин, уларнинг кўпчилиги пастроқ даражадаги расмийлар тарфидан ҳам ҳал қилиниши мумкин. Хўш, президентлар нималар қилишди, нималар ҳақида гаплашишади?
Нурсултон Назарбой ўз меҳмонига пойтахтдаги "Мега Остана" номли савдо-кўнгилочиш комплекси ва янгигина қурилган, ҳатто ишга тушиб улгурмаган замонавий Нейрохирургия Илмий-текшириш марказини кўрсатди. Меҳмоннинг оғзи етралича очилиб қолганини хабарлардаги сатрлар орасидан ўқиш мумкин.
Икки президент яккама-якка гаплашишганда биринчи навбатда ўз тахтларини умрларининг охиригача сақлаб қолиш муаммосини муҳокама қилишганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Табиий, бу мавзу – минтақавий хавфсизлик, экстремизм ва терроризмга қарши кураш каби бугун модада бўлган атамалар билан ўраб тилга олинган.
Марказий Осиёнинг нефть-газ бойликларини четга экспорт қилиш, тўғрироғи, сотиш масаласи, ўта муҳим бўлишига қарамасдан, муҳокама қилинмаган бўлса керак. Чунки нефтни сотишдан келган фойдада чўмилаётган Қозоғистон билан қашшоқлик остонасига келиб бўлган Ўзбекистон бу хусусда, “Бирлик” Партияси таклиф қилгандек, бойликларни биргаликда ўзлаштириш йўналишидагина гаплашишлари мумкин бўларди. Табиий, Назарбоев буни ҳозирча истамайди, бутун кучини мухолифатга қарши курашишга ташлаган Ислом Каримнинг эса, бундай масалаларга тиши ўтмайди. Қолаверса, бу муаммонинг ечими минтақавий интеграция масаласи қандай ечилишига боғлиқ.
Муҳокама қилинган бошқа масала – минтақадаги сув-энергетика танқислигидан келиб чиқувчи муаммолар бўлган бўлиши керак. Аммо, бу муаммоларни ҳам Марказий Осиёда интеграцион жараёнларни тезлаштирмасдан ҳал қилиб бўлмайди.
Демак, Назарбой-Карим мулоқотининг марказида айнан интеграция масалалари туриши керак эди. Турган бўлса ҳам керак, аммо, бу йўналишда олға кетиш бўлмагани аниқ. Буни Ўзбекистон президентининг Нарсултон Назарбой билан ўтказган матбуот конференциясида айтган “Марказий Осиё Давлатлари Иттифоқи яратиш ташаббусини Ўзбекистон қабул қилолмайди” сўзларидан тушуниш мумкин.
Ўзбекистон президентининг бу сўзлари унинг табиатидан келиб чиқади. У Турк давлатларининг ўзаро яқинлашиш ташаббусларини ҳар доим болталаб келган ва, кўринишидан, унинг сиёсий ҳаётидаги асосий мақсади, ва ҳатто, миссияси ҳам шундан иборатдир.
Нурсултон Назарбойнинг бир неча кун аввал Қирғизистон президенти Қурмонбек Боқи ва ҳозир Ислом Карим билан минтақавий интеграция масаласидаги мулоқотлари “Бирлик” Партиясининг ташаббуслари таъсири остида ўтган бўлиши ҳам шубҳасиз. Маълумки, “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Бирлик” Партиясининг 2003 йилда бўлиб ўтган қурултойларида партия лидери Абдураҳим Пўлатнинг ташаббуси билан Марказий Осиё Бирлиги яратиш ғояси биринчи марта ўртага қўйилган ва қарорларга киритилганди.
Ўтган йили “Марказий Осий Бирлиги” ташаббуси билан чиққан Нурсултон Назарбой бу атаманинг муаллифи “Бирлик” эканлигини ўргангач, “Марказий Осиё Бирлиги” ўрнига “Марказий Осиё Давлатлари Иттифоқи” сўзларини ишлатабошлади. Бу катта хатодир. Чунки, “Марказий Осиё Бирлиги” атамасида унга кирувчи субъектлар давлат сифатида тилга олинмагани учун, келажакда унитар давлат асосини яратиш йўлида психологик тўсиқ бўлмайди. Бошқа томондан, “Марказий Осиё Давлатлари Иттифоқи” атамаси бу иттифоққа мустақил давлатлар киришини алоҳида урғулайди ва интеграцион жараёнлар йўлида тўсиқ бўлади.
Ислом Карим учун “Марказий Осий Бирлиги” ҳам “Марказий Осиё Давлатлари Иттифоқи” ҳам қабул қилиб бўлинмайдиган тушунчалардир ва у тиш-тирноғи билан Марказий Осиё давлатларининг бир-бирига яқинлашишига қаршилик қилади. Аммо, бу фожеа эмас, у СССРнинг парчаланиши ва Ўзбекистоннинг мустақил бўлишига ҳам шундай қарши бўлган, аммо ҳеч нарса қилолмаган.
Бунинг устига бугун Марказий Осиёда интеграцион жараёнларни тезлаштириш йўлидаги асосий объектив тўсиқ – бу минтақадаги мамлакатларда турли сиёсий тузумларнинг мавжудлиги. Шундай экан, “Марказий Осиё Бирлиги”ни яратиш минтақада калит ролини ўйновчи Ўзбекистонда демократия ғалаба қозонгандан кейингина кун тартибига келади.
Шундай буюк мақсадлар нуқтаи-назаридан қарасак, Ислом Каримнинг бугун Остонага бориши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
АҚШда праймеризлар давом этмоқда, Обама ҳали ҳам олдинда
Кеча АҚШнинг аҳоли сони бўйича 4-чи штат бўлмиш Пенсильванияда президентлик сайловга номзодлар танлаш бўйича Демократик Партиянинг праймеризи бўлиб ўтди. Хиллари Клинтон 55% овоз олиб ғолиб чиқди, Барак Обама 45% овоз олган.
Бу кунгача турли штатларда бўлиб ўтган праймеризларнинг умумий натижаларига кўра, ёзда бўладиган Демократик Партиянинг қурултойиига сайланган делегатлардан 1464 киши Обама тарафдори бўлса, 1302 киши Клинтон тарафдори. Айтиш керакки, штатлардан сайланган делегатларидан ташқари Қурултойда суперделегатлар ҳам ҳал қилувчи овоз билан иштирок этадилар. Суперделегатлар қаторига бу партиядан сайланган сенаторлар, конгрессменлар ва штатларнинг губернаторлари киради. Ҳозиргача суперделегатлардан 230 киши Обама тарафори, 254 киши эса Клинтон тарафдори бўлишларини очиқладилар.
Буларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бу икки номзод учун Қурултойда бериладиган овозларнинг тақсимоти шундай:
Обама – 1694
Клинтон – 1556
Эслатиб ўтамиз, қурултойда ғолиб чиқиш учун 2025 овоз керак.
Пенсильвания штатида сайланган делегатларнинг умумий сони 138. Демак, Клинтон бу штатда кўп овоз олишига қарамасдан, Қурултой делегатларининг икки номзод ўртасидаги тақсимоти жидиий ўзгармайди, яъни Обаманинг лидерлиги давом этади.
Демократик Партия номзодлари ўртасида шундай қизиқарли пойганинг давом этиши демократиянинг ғалабаси каби кўринади. Аммо, Республикачилар Партиясининг номзоди аниқ бўлиб, у асосий сайловлар учун тайёргарчиликларини бошлаб юборган пайтда демократларнинг икки номзоди, анча маданий йўллар билан бўлса ҳам, бир-бирининг обрўсини тушириш билан овора бўлиши, демократларнинг зарарига ишламоқда. Яъни демократиянинг афзаллик тарафи маълум бир шароитда камчилик каби ўртага чиқиши ҳам мумкин экан. Демократларнинг стратегиячилари бу хусусда ташвишларини изҳор қилмоқдалар.
Ҳозирча ҳамма сўровномалар демократлардан Обама президентликка номзод бўлишини ва у президент сайловида республикачилар номзоди МакКейн устидан ғалаба қозонишини кўрсатмоқда. Амалда ҳам шундай бўлишининг эҳтимоллиги жуда катта. Чунки, АҚШда иқтисодий аҳвол яхши эмас, кўпчилик экспертлар иқтисодий кризис бўлишини ҳам тахмин қилмоқдалар.Бу ҳақда ҳеч ким гапирмаётган бўлса ҳам, иқтисодий кризиснинг остида сиёсий кризис бордек кўринмоқда.
Кризисдан чиқиш учун АҚШ катта ўзгаришларга муҳтож. Катта ўзгаришларни сиёсатда нисбатан янги одам бўлган Барака Обамадан кутилаётганини ҳам тушунарли. Аввал ҳам айтганимиздек, агар Америка жамияти қора танли одамни президент қилиб сайлашга тайёр бўлса, янги президент Барак Обама бўлиши муқаррар.
26 апрель: Болалар меҳнатини эксплуатация қилишда пахтадан қуртга ўтилди
Андижон вилоятининг кўпчилик туманларида мактаб ўқувчиларини меҳнатга жалб этишни янги турлари яратилмоқда. Туман ҳокимликларинининг қарори асосида, аслида буйруқ вилоят ҳокимидан чиққан бўлса керак, ҳар бир мактаб директори билан ипак қуртини ўстириш ва пилла етиштириш бўйича шартномалар туздирилди. Маълумотларга қараганда, ҳар бир мактабга 40 грамдан қурт берилган.
Қурт боқиш иши албатта мактаб ўқувчиларининг зимасига юкланади. Бундан ташқари, мактабларнинг синф хоналаридан қурт боқиш учун жой ажратилади. Демак, ўқув хоналари камаяди ва буни ҳисобига ўқув соатлари қисқартирилиб, мактаб ўқувчиларига баҳолар қурт боқишда кўрсатган хизматлари асосида қўйилади.
Хуллас, мактаб ўқувчилари мактабга боришни хоҳламасликлари учун яна бир сабаб пайдо бўлди. Текинга ишлаб бериш ўрнига мактаб ўқувчилари вақтларини бозорларда ва бошқа жойларда ўтказишса керак. Бозорда бўлганлар ҳарҳолда оилаларига ёрдам берадилар, бошқаларчи?
Кечагина мактаб ўқувчилари ўқиш вақтида мачтга бориб номоз ўқиганлиги учун чора-тадбирлар кўрилгани ҳақида хабар қилган эдик. Мана энди кўраяпмизки, мактаб ўқувчиларини “фойдали” ишга жалб қилишнинг яна бир йўли топилибди – қурт боқиш.
27 апрель: Мактаб ўқувчилари устидан назоратни кучайтиришга оид баъзи аниқликлар
Олдин хабар қилингандек, Андижон вилоятида мактаб ўқкувчиларини масжидга номоз ўқишга бордирмаслик хусусида мактаб директорлари ва синиф раҳбарларига тегишли топшириқлар берилган эди.
Ҳозир маълум бўлишича мактаб директорлари бу масалада ўз навбатида тегишли чоралар кўришган. Энг аввало барча синф раҳбарлари ўз ўқувчиларининг ота-онасини мактабга чақириб, улардан тилхатлар ёздириб олишган. Тилхат тегишли мактаб директори номига ёзилган ва мазмуни тахминан шундай. "Мен, фалончи-пистончиев фалончи синифда ўқийдиган фарзандимни бозорга чиқиб тижорат ишлари билан шугуланмаслигини (кўп болалар бозорда кичик аравалар судраб пул топишади ва бозорда пул ишлаш мумкин топшириқларин бажаришади) ва масжидга бориб номоз ўқимаслигини ўз зиммамга олдим ва фарзандимни назорат қиламан."
Олдин хабар килинганидак, синф раҳбарлари ҳам худди шундай тилхатларни мактаб директорларига, мактаб директорлари эса ўз навбатида тегишли туман ҳокимиятига ёзиб беришган.
Бундан ташқари тўртинчидан юқори синф ўқувчилари ҳам юқорида айтилган, олдиндан тайёрланган ва шакли бир хил бўлган тилхатларга қўл қўишган.
Ҳозир Андижон вилоятида хил масалаларда олдиндан тилхат ёздириб олиш кенг тарқалмоқда, дейди мухбиримиз.
28 апрель: Украинадаги янги сиёсий кризис ўзбек демократлартлари учун сабоқ бўлиши керак
Украинада яна кризис, яна демократлар ичида.
Зарғалдоқ инқилобидан кейин, 2005 йил февралдида Виктор Юшченко президент, Юлия Тимошенко – Бош вазир бўлди. Аммо, Юшченко-Тимошено коалицияси 9 ой ҳам оёқда туролмади ва 2005 йил ноябрь ойида коалиция ичидаги ўзаро жанжаллар туфайли Тимошенко истеъфога жўнатилди.
Шундан кейин Бош вазирлик лавозимига ўтирган Регионлар Партияси раҳбари, кўпроқ Россия тарафдори бўлган Виктор Янукевич собиқ зарғалдоқчи, парламент спикери Александр Мороз билан коалиция тузди, ва натижада, зарғалдоқчилар мухолифатда қолдилар. Зарғалдоқ инқилоби давомида, ўша пайтдаги президент Кучмага қаршилик кўрсатиш ниятида, зарғалдоқчиларнинг ўзи президент ваколатларини конституциядаги ўзгартиришлар орқали кескин қисқартириб қўйганлари сабабли, янги президент Виктор Юшченко Янукевич-Мороз коалицияси олдида қўллари боғланган ҳолда қилди.
2007 йилга келиб, Юшченко ва Тимошенко қайтадан бирлашдилар ва Юшченконинг моҳирона сиёсати туфайли ўша йили сентябрь ойида ўтказилган эрта парламент сайловларида 2 кишилик фарқ билан бўлса ҳам парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи янги коалиция туздилар. Юлия Тимошенко қайтадан Бош вазир лавозимига ўтирди. Аммо, бу коалиция ҳам узоққа бормайдиганга ўхшайди.
Шу кунларда Юшченко-Тимошенко ўртасида яна ички кураш бошланди. Табиий, бунинг орқасида бу икки шахс атрофидаги одамларнинг шахсий манфаатлари ётибди. Лекин, ташқи кўринишидан, ҳар иккала лидер мамлакат учун фойдалироқ бўлган бошқариш системасини қидираётгандек.
Президентнинг ваколатлари чекланганидан фойдаланган Тимошенко, бугун мавжуд бўлган президент-парламент республикасини парламент-президент республикасига айлантириш учун ҳаракат қилмоқда. Бош вазир парламентда тайинлашини ҳисобга олсак, парламент-президент республикасида Бош вазир энг кучли мақомга айланади. Юшченко эса, Кучма замонида каби кучли президентдан иборат бўлган президент-парламент формасини қайтадан тиклаш ниятида.
Тимошенконинг парламентдаги фракцияси бу масалада Янукевич фракцияси билан ҳамкорлик қилабошлаганини хоинлик деб баҳолайдиганлар ҳам топилса керак, аммо, Украинадаги сиёсий манзара шундай. Улар биргаликда конституцияга ўзгартиришлар киритиш хусусида лойиҳа тайёрлашди ва ҳозир уни парламентга тақдим қилишмоқчи. Агар тақдим қилишса, бу лойиҳа муваффақ тасдиқланади. Аммо, Юшченко бундай ташаббуснинг йўлини тўсиш учун анчагина имкониятларга эга.
Хуллас, зарғалдоқчилар яна ички урушга киришганга ўхшайди.
Украинадаги бу воқеалар Ўзбекистондаги демократик мухолифат учун ҳам дарс бўлиши, Юшченко-Тимошенко коалицияси каби мўрт бўлмаган демократлар иттифоқи ҳозирданоқ яратилиши керак. Энг яхшиси, бир биридан фарқи кам бўлган демократик партия ва гуруҳларни ягона ташкилотда бирлаштиришдир.
Абдураҳим Пўлатнинг ҳамма кучларни “Бирлик” Партиясида бирлаштириш учун олиб бораётган ҳаракатлари қанчалик муҳим эканлигини Украинадги воқеалар мисолида янада яққолроқ кўриш мумкин.
29 апрель: Ислом Каримнинг биринчи рафиқаси вафот этди
Кеча Президент Ислом Каримнинг собиқ рафиқаси Наталья Кучма оламдан ўтди. 70 ёшли бу аёл умрининг сўнгги кунларини Тошкентнинг Миробод туманидаги пастак ҳовлилардан бирида ўтказаётган эди. Ислом Каримдан Пётр исмли ўғли бўлган бу аёл Россия пойтахтидаги суронли ҳаётидан сўнг Тошкентга қайтиб келган, Фанлар Академиясининг Ўсимликлар биологияси институтида фаолият олиб бораётган эди.
Дафн маросимида қатнашганларнинг бири билан суҳбатлашган мухбиримиз Наталья Петровнанинг анча вақтдан бери хаста эканини таъкидлайди. Бундан бир муддат илгари ўғли Пётр билан Тошкентдаги Шошилинч тез тиббий ёрдам марказидаги клиникада даволанган. Аммо, Наталья Кучманинг Боткин қабристонидаги камтарона таъзиясида негадир Пётр кўзга ташланмаган.
В Туле задержали 70 гастарбайтеров из Узбекистана и Таджикистана
В Туле в минувший понедельник задержали 70 граждан Узбекистана и Таджикистана, сообщил "Интерфаксу" во вторник сотрудник пресс-службы УВД региона Сергей Сергейчев. По его словам, разрешения на работу гастарбайтеров вызвали сомнения в подлинности.
"Задержание было проведено в рамках стартовавшей на территории области операция "Нелегал", которую проводят сотрудники тульской милиции и облуправления ФМС", - пояснил Сергейчев, отметив, что дальнейшая проверка установит законность пребывания задержанных рабочих на территории региона, отметил он. // «Интерфакс»
В Подмосковье задержаны 14 нелегалов из Узбекистана
Сотрудники милиции и Федеральной миграционной службы задержали в Подмосковье 14 нелегалов из Узбекистана, сообщил во вторник источник в правоохранительных органах. «При проведении оперативно-профилактической операции «Нелегал» в ходе реализации оперативной информации сотрудниками Федеральной миграционной службы России по Московской области совместно с сотрудниками УВД Раменского муниципального района Подмосковья в помещении одного из предприятий, расположенного в поселке Дубки, в цехе по копчению рыбы были выявлены 14 граждан Узбекистана, которые осуществляли трудовую деятельность без надлежащего разрешения на работу и без регистрации в Москве и Московской области», - сказал источник.
Задержанные были доставлены в Быковский отдел милиции по Раменскому муниципальному району для проведения дальнейшей проверки по факту их незаконного пребывания на территории России. По словам источника, предпринимательницу, которой принадлежит цех, ожидает крупный штраф. // «Интерфакс»
Гуржистон Россиянинг йўлини тўсди
Бугун Женевада бу халқаро ташкилотнинг мажлисида Гуржистон вакили Россиядан Абхазия ва Жанубий Осетия билан тўғридан-тўғри иқтисодий алоқалар ўрнатиш ниятидан воз кечишни талаб қилди. Акс ҳолда Гуржистон Россиянинг ЖСТга киришига розилик бермайди. Маълумки, ЖСТга аъзо бўлиш учун унинг ҳамма аъзоларининг розилигини олиш керак.
Гуржистоннинг бу қароридан кейин унинг Россия билан муносабатлари яна кескин ёмонлашса керак. Чунки, Путин бундан бир неча кун авввал ўз ҳукуматига Абхазия ва Жанубий Осетия билан тўғридан-тўғри алоқалар қилиш ҳақидаги топшириғидан қайтмаса керак.
БМТга кўра Россиянинг аҳолиси яна камаяди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экспертлари Россиянинг бугунги 142 миллионлик аҳолиси 50 йилдан кейин 100 миллионга тушишини прогноз қилишди.
Шуни айтиш керакки, Россия ҳукумати бу каби прогнозларни аввалдан қилган ва мамлакатда туғилишни рағбатлантириш учун бир қатор программалар ишлаб чиққан. Кўринишидан, бу программалар ижобий натижа бермайди. Демак, Россия давлат сифатида қолиш учун аҳолисини эммигрантлар ҳисобига кўпайтиришга маҳкум.
Шу реалликдан келиб чиқиб, ҳозир бу мамлакатда меҳнат эммигранти сифатида ишлаётган миллионлаб ўзбекларнинг катта қисми ўша ерда қолиша тайёрланишлари керак. Чунки, Россия йил сайин уларга кўпроқ имкониятлар яратиб бериш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий эҳтиёжларини қондириш, Росиия фуқаролигини олишни осонлаштириш каби катта ишлар қилиш йўлидан кетишга мажбурдир.