Холдор Вулқон - Олисларда ёнган чироқлар
[Ҳужжатли қиссанинг давоми. Боши журналнинг 6(63), 2006, 1(64), 2(65), 4(67), 5(68) ва 6(69), 2007 сонларида] 26. Тарки Ватан Николай Николаевич сирли равишда ўлим топгач, бўлимимиз аъзолари мени демократик сайлов йўли билан раисликка танладилар. Шундай қилиб мен инсон хуқуқларини химоя қилувчи ташкилотнинг Андижон вилояти бўлимиига раислик қила бошладим. Аризалар кўплигидан якшанба кунлари ҳам ишлардик. Лекин ҳақ йўлидаги хатти-ҳаракатларим порахўр прокурор ва терговчиларни ва СНБнинг ғашини келтирар, улар мени зўр бериб ўзларининг қопига солишга ҳаракат қилишарди. Бир куни менга ташкилотимиз хукумат талабларидан келиб чиқиб СНБ билан бақамти ишлаши кераклигини, бизнинг телефон орқали қилинган ҳар бир суҳбатимизни МХХ эшитиб бориши кераклигини айтишди. Табийки мен бу таклифни қатъиян рад этдим. Шундан кейин улар ташкилотимиз муҳр-штампини бекор дея эълон қилишди ва мени тахқиб қилишга киришишди. Эртадан кечгача ҳар куни офис деразалари ортида ойналари қорайтирилган ажнабий русумдаги машина турар, менинг гапларимни тинглашиб ёзиб, қадамимни пойлайдиган бўлишди. Мен ишлайвердим. Босим эса тобора кучаярди. Бир куни мен офисга кимдир пинхона кираётганини, ҳатто сейфимни очаётганини сезиб қолдим. Шундан сўнг сейфдаги мижозларнинг ҳужжатларини олиб 2-микрорайонда яшовчи дўстимнинг уйга элтиб қўйдим. Муҳр-штамп бекор қилинган бўлсада ишни давом этдиравердим. Бир гал Андижонга Тошкентдан хуқуқ ҳимоячиси Абдухошим Ғофуров келди. У менга қўнғироқ қилиб Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги муаммоларни ёритмоқчи эканини, бу ишда ёрдамлашишимни сўради. Мен Хўжаободда яшовчи бир мижознинг аризасидаги муаммоларни хал қилишга ёрдамлашишим кераклигини айтдим. Абдухошим у ерга мен билан бирга борадиган бўлди. Эртасига Хўжаободга бориб аризачининг муаммосини ҳал қилдик. Қайтишда менинг уяли телефонимга шеърларимни қўшиқ қилиб куйлагувчи ҳофиз Толиб Зокиров қўнғироқ қилиб Шерали Жўраевнинг менинг шеъримга куй басталаб айтган қўшиғини телефон орқали эшиттирди. Бу қўшиқни ювмасак бўлмайди деб кечки пайт бир кафеда ўтириб қиттак-қиттак қилдик. Кайф ва чарчоқ мени махв этгач, Абдухошим билан Шукр иккаласи менга "Шу аҳволда уйга борманг. Қолаверса қишлоқ узоқ. Бугун шу ерда тунайқолинг" деб Шукрнинг квартирасида қолдириб чиқиб кетишди. Бир пайт ухлаб қолибман. Мен уяли телефоним жиринглашидан уйғониб кетдим. Эшитиб боқсам овоз нотаниш. У ҳаяжон ичра шошиб: - Холдор Вулқон, қаерда бўлсангиз ҳам эҳтиёт бўлинг. Сизга “ов” эълон қилинган. Изингизда одамлар бор. Агар яшашни истасангиз ҳозироқ бошқа давлатга чиқиб кетинг, - дедида, алоқани ўзиб қўйди. Мен хавотир ичра бир зум ўйланиб қолдим. Кейин ўрнимдан туриб эшик тамон юрдим. Эшикка яқин бориб “глазок” деб аталгувчи тирқишдан ташқарига қарадим. Шунда спортчиларга хос жуссага эга, фуқаро кийимдаги икки нотаниш одамни кўрдиму, юрагим шув этиб, танам жимирлаб кетди. Улар махсус қисм жангчилари каби имо ишора билан гаплашиб бири зинадан пастга қараб турди, иккинчиси эса мен турган квартира эшигига яқинлашиб тимирскалана бошлади. Мен бадтар таҳликага тушдим. Сўнг шошиб хобхонага ўтдимда чойшабларни олиб бир-бирига боғлаб, бир учини батарейка қувирига маҳкамладим. Кейин деразани очиб пастга осилиб туша бошладим. Бу пайт қош қорайиб қолган, деразаларда чироқлар порларди. Мен қанча пастладим, эсимда йўқ. Бир маҳал чойшаблардан бири боғланган жойидан ечилиб кетса бўладими? Ҳавода айланганимча пастга қараб учиб кетдим. Яхшиям иккинчи қаватдаги хонадонлардан бирининг кондиционери бор экан. Ўшанга бориб урилдим. Канди “ғарс” этиб кетаркан, ичкаридан қиз боланинг қўркув ичра бақиргани қулоғимга чалинди. Мен орқам билан ерга гурсиллаб тушдим. Жон талвасасида ўрнимдан туришга уриндим Лекин чидаб бўлмас даражадаги оғриқ бунга йўл қўймас, мен эмаклаб, негадир рус тилида: “Помогите, вызовите скорую, мне больно!”- дея бақирдим. Овозим ҳам аллақандай, бировнинг овозига ўхшаб қолган эди. Оғзимдан қон оқарди. Чап қўлим, чап оёғим ва белим оғриғига чидаб бўлмас. Шундай бўлсада, мен билан бирга тепадан тушган уяли телефонимни олиб, букчайганимча ўрнимдан турдим. Кимдир “тез ёрдам” чақирар, кимлардир “Нима бўлди? Что случилось?” - дея ҳолатимни суриштирар, мен бўлса, танк тепалаб кетган қаҳрамон жангчидай олдинга интилиб, чиқиб кетишга жой излардим. Чунки “тез ёрдам” келиб мени касалхонага олиб кетса, касалхонадан тирик чиқмаслигимни яхши билардим. Кимдир менга йўл кўрсатди. Мен гандираклаб букчайиб йўл ёқасига чиқдиму, машина тўхтатишга урина бошладим. Лекин аҳволимни кўрган таксистлар тезликни янада ошириб жўнаб қолишарди. Орадан анча вақт ўтгач нихоят бир “Тико” келиб тўхтади. Мен орқа ўриндиққа ёнбошлаб эшикни ёпдимда, манзилни айтдим. Таксист мени уйга элтиб қўйди. Таксистга бор пулимни тутқазиб, деворларни ушлаб уйга кириб бордим. Хотинимни чақирдим. Мен бу маҳал икинчи хотинга уйланиб улгургандим. Хотиним Гулсара чиқиб аҳволимни кўрдию, қўрқиб кетди. Йиғлаб қақшаб қўлтиғимга кириб, мени уйга олиб кириб кетаркан: - Нима бўлди?! – дея сўради. - Ифлослар мени ҳам пиширишди, - дедим ўнтаб. Хотиним мени суяб уйга олиб кириб ётқизди. Катта ўғиллар ишда бўлганлиги сабаб уйда кенжа ўғлим, энди тетапоя бўлиб йўлга юрган Сайидахрор ёнимга келди. Мен оғриқ азобидан афтим бужмайиб ўғлимга: - Э-э-хх, атанга, болам, эрта етим қоладиган бўлдинг, - дедим. Хотиним: - Унақа деманг. Худо хоҳласа ўлмайсиз. Худодан илтижо қилиб тилайман, - дея йиғлади. Мен инқиллаб туриб хотинимга: - Гули, ўлиб кетсам сендан илтимос, қайта турмуш қилма. Сени ўзимдан ҳам қизғанаман, кейин ўғилларга айт, улардан розиман. Қўлёзмаларимни эҳтиёт қилинглар, ўғилларим кейинчалик китобларимни чиқаришсин. Гули, сениям қийнаб юбордим. Қаттиқ-қуруқ гапириб ранжитган бўлсам кечир, мендан рози бўл, - дея видолаша бошладим. Бу гапларимдан хотиним хуни жигар бўлиб йиғлар: - Шу ишингизни йиғиштиринг, сиёсатга аралашманг дея итдек ялиндима. Одамнинг гапига кирмайди. Мана оқибат, - дерди у. Бел ва оёғимдаги оғриқ эса зўрайгандан зўраяр, мен энди атрофимдаги нарсаларни худди тушда кўраётгандай кўрардим. Шу маҳал кичик ўғлим келиб қолиб шошилинч акаларига хабар қилди. Ўғиллар етиб келишди. - Дада, “тез ёрдам” чақириб сизни клиникага олиб борайлик. Таниш врачлар бор, - деди тўнғич ўғлим. - Йўқ - дедим мен, - касалхонага ётқизишсанг мени икки кунда ўлдириб, “операциядан ёмон чиқди” дея кўрпага ўраб жасадимни қўлинга тутқазишади. Яхшиси ёлланма врач-травматолог олиб кел, - дедим. Кўп ўтмай ўғиллар оқ халат кийган медсестра билан кириб келишди. Мен у аёлни танимадим. Аёл мени кўздан кечириб: - Нима бўлди сизга? - дея сўради. - Учинчи қаватдан йиқилдим, - дея жавоб бердим мен зўрға инқиллаб. Кейин: - Илтимос, пулини берамиз, оғриқни қолдирувчи уколлардан қилинг. Оғриққа чидаб бўлмаяпти, - дедим мен. Сиёсий фаолиятим учун қилинган тажовуздан бехабар ҳамшира: - “Ҳа-а, ўйнашининг эри келиб қолган бўлса деразадан ўзини ташлабдида!”- дея ўйлаганини сездим. У менга оғриқларни қолдирувчи уколларни қилиб чиқиб кетди. Уколлардан кейин оғриқ бироз пастладию, лекин кўп ўтмай яна забтига олди. Шу кеча мен оғриқ-азоб, иситма алангаси ичра қаердадир юқорида ўлим билан олишиб алахсираб чиқдим. Эртасига синиқчи хотин келиб мени кўздан кечираркан умуртқа поғоналарим зарарланганини, тос ва оёқ суякларим бироз ёрилиб, пайларим чўзилганини, аниқладида, тандирнинг куйган кесагини янчиб унга тухум сариғини аралаштириб, сўнг танамнинг зарарланган жойларига суртди. Ўғилларим мўмиё, “Синтомицин” мази, ва “Баралгин” таблеткаларини топиб келтиришди. Зарб заҳрини олиш учун бел ва оёқларимга юпқа кесилган мол ўпкасини хомича қўйиб боғлаб қўйишди. Лекин оғриқ ҳадеганда қолавермади. Мен энди ўрнимдан туролмай қолган эдим. Сал қимирласам оғриқнинг зўридан жоним чиқиб кетай дер эди. Эсимда, биринчи бор мумиё ичганимда бир ўлиб тирилганман. Юрагим тўхтаб қолай деганди ўшанда. О, у кунлар азоби! Худо ундай кунларни душманимнинг бошига ҳам солмасин! Оғир кунда ташлаб кетмай ҳожатимга қараган хотиним Гулсорадан ҳам рози бўлдим. 15 кун шу тариқа қилт этмай ётиб сиҳат-саломатликнинг қадрига етдим. Соғлом, бемалол юриш – дунёдаги энг катта бахт экан, - дея ўйладим. Афсус надомат бўғзимдан тутди. “Эҳ, аттанг, вояга етган ўғилларимни уйлаш ўрнига уларни тентиратиб, ғам-қайғуга ботириб ўлиб кетаманми энди? Қанча-қанча асарлар ёзишни орзу қилардим. Наҳотки энди ҳаммаси тамом.?! – дея изтироб чекдим. Бирдан ўжарлигим қўзиди. Йўқ, ўлсам ҳам ўрнимдан тураман. Э, худойим, ўзинг ёрдам қил! – дея ўйлаб ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим. Лекин белимни бироз кўтариб азобдан инграганимча “А-а-аххх!” – дея қайта ётиб қолдим. Оғриқдан кўз олдим қоронғилашиб кетди. Бир ишни бошласам уни охиригача етказадиган одатимга кўра, мен яна туришга уриндим. Лекин яна туролмадим. Мен шу тариқа оғриқ билан аёвсиз кураша бошладим. Бир ойдан кейин мен ниҳоят бир нарса қилиб ўрнимдан туришга муваффақ бўлдим. Шу холатда мен баланд сим дор устида лангарсиз турган тажрибасиз дорбозга ўхшардим. - Гули, қайдасан?! Қара, мен ўрнимдан турдим.! –дея бақириб хотинимни чақирдим мен. Хотиним кир юваётган экан. У шошилишда қўлидаги ювиб эшилган кийим билан кириб остонада турганича: - Ҳой, эхтиёт бўлинг! –деди мени суяш учун югириб. Мен уни тўхтатдим: - Қара, - дедим мен зирқираётган даҳшатли оғриқни енгишга уринганимча буюк муваффақиятни намойиш қилиб. Хотиним жилмайганича йиғларди. Унинг кўзи жиққа ёшга тўлган эди. ”Ҳа , шоирима ...- деди у. Шунда унинг кўз ёшлари дуввиллаб тўкилди. Бир-икки қадам юрган эдим хотиним суяб қолди. Хотинимга таяниб жойимга чўзилмоқчи бўлдим. Буни қарангки, ўрнимдан туришдаги азоб, ётиб олиш азоби олдида ҳеч экан. Ётсам туриш, турсам ётиш қийин эди. Энам раҳматлининг айтишича, раҳматли онам мени чақалоқлигимда эркалаб: -Бу бўри, Холбўри, - дер эканлар, Шуни эслаб “Ҳа, мен бўриман. Бўрилар бақувват, чидамли ва қайсар бўлишади. Мен бўриман, мен Холбўриман”, дея ўзимдаги бор кучни, бардошни тўплаб яна ва яна ўрнимдан туришга, одимлаб юришга тиришардим. Ниҳоят, узоқ машқлардан сўнг икики ой деганда ўзим мустақил юриб ташқарига чиқдим ва ариқ бўйидаги олмамизниг ёнигача бордим. Кейин қайтиб келдим. Эртаси куни ҳовлимиз четидаги ҳожатхонага ўзим бориб келдим. Худога шукроналар келтирдим. Ўша кунлари мен уяли телефонимда Тошкентга Марат Зоҳидовга қўнгироқ қилдим. Марат менга бақира кетди: - Э, қаёқларда юрибсан? Бўлимнинг муҳр-штампи бекор қилинганлиги тўғрисидаги хабар “Андижоннома” газетасида эълон қилиндию. Дархол янги муҳр-штамп қилиб ишни давом этдирмайсанми? - деди. Мен йиқилиб жароҳатланганимни айтсам, у ишонмай: “Да, мозги не ... да!” деб бақирди. Алоқа узилгач мен “Оббо!” - дея туриб қолдим. Эртасига бел ва оёқларимдаги оғриққа ҳам қарамай ишга чиқдим. Ходимлар билан маслаҳатлашиб муҳр ва штампни янгилашга киришдим. Маратга телефон қилиб “Адлия рўйхатидан қайта ўтайликми? - дея сўрадим.. Шунда у тажанг феълига кўра жазаваси тутиб: - Да сколько можно перерегистрироваться? Ты давай быстрее, действуй! У тебя объявление и свидетельство есть. Предоставь эти документы в горотдел милиции и пусть они дают тебе разрешение! – деди. Мен Маратнинг гапи бўйича шаҳар милицияси рухсати билан янги муҳр ва штамп қилдириб ишлай бошладим. Андижон воқеаларидан кейин ҳуқуқ ҳимояси халқаро ташкилотларига ҳукумат томонидан босим кучайтирила бошлагач бизнинг ҳам ишларимиз бадтар оғирлашди. Прокуратура, суд, ва ички ишлар биз билан умуман ҳисоблашмай қўйди, Судьялар менинг экспертларимни суд залларига киритмас, негалигини суриштирсам Олий Суддан рухсат олинг кейин киритамиз дейшар, сохта адвокатларининг юзаки ҳимояси билан судларни бизсиз ўтказиб бегуноҳ инсонларни ноҳақ айблар билан қамаб юбораверадиган бўлдилар. Кунлардан бир кун бизнинг уйга СНБ ва Адлия бошқармаси ходимлари ҳамда фарғоналик бир сохта хуқуқ ҳимоячиси келиб хат ташлаб кетибди. Хатда телефон рақамлари ёзилган бўлиб, зудлик билан қўнғироқ қилишим тайинланган эди. Мен қўнғироқ қилдим. Ўзини Фарғона водийси бўйича коорднатор деб ҳисоблаган собиқ милиция ходими менга: - Қаёқларда юрибсиз ошна? Агар бирон нарсага гирифтор бўлмайин десангиз зудлик билан, бугуноқ янги муҳр ва штампни Фарғонага, бизнинг офисга етказиб келинг, - деди. - Нега энди? Марат Зохидовнинг айтган гапи бўйича қилинганку янги муҳр-штамп? Мен Маратга телефон қиламан, - дедим. - Пожалюста, телефон қилинг, - деди сохта координатор. Мен Марат Зоҳидовга телефон қилдим. Муамммони тушунтириб: - Марат ака, ахир муҳр-штампни янгила, чего ты боишься? Если, что сваливай на меня, деган эдингизку? - дедим фиғоним чиқиб. Марат Зоҳидов бўлса тўнини тескари кийиб: - Я ничего не знаю, и знать не хочу. Раз сказали, что надо сдать печать и штамп, немедленно сдай. Слышишь, немедленно! – деди. Мен бунақанги лабзсиз, лўттивоз, бетутуруқ кимсани биринчи кўришим эди. Сўкина сўкина қош қорайган маҳал муҳр-штампни олиб Фарғонага жўнадим. Борсам бояги собиқ милиция ходими муҳр-штампни олиб: - Сиз муҳр-штампни ноқонуний қилдиргансиз. Муҳрга “Инсон ҳуқуқларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилот” деб ёзилган. Аслида: “Ўзбекистон хуқуқ ҳимояси ташкилоти” деб ёзилмоғи керак эди. Сиз халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари билан ғаразли мақсадларда ҳамкорлик қилиш учун атайлаб шу йўлни тутгансиз, - деди. - Ахир бу ташкилот аввалдан МОПЧ, яъни “Международное общество прав человека” бўлганку. Нега энди номини ўзгартиришимиз керак? Қолаверса Марат ака ... – дея ўзимни оқлаётсам, собиқ милиция ходими гапимни бўлди: - Э, бошимни оғритманг. Мен Марат-Паратингизни билмайман. Қани менга айтинчи, шу муҳр-штампни сиз қилдирдингизми? - Ҳа, - дедим мен. - Ҳа, баракалла, - деди, мен исми шарифини қиссамда ёзишни ҳам хоҳламаган, кимса. Сўнг: - Тушунтириш хати ёзинг, - деди. Мен тушунтириш хати ёздим. Шунда ҳалиги кимса мен янгилаган муҳр-штампни тушунтириш хатига босиб сейфига жойлар экан: - Энди мана буни бир ўқиб чиқинг, - дея олдимга компьютерда терилган ёзувни ташлади. Ўқисам у ёзув менга қўйилган айблар экан. - Э, бу қанақаси? - дедим мен ҳужжатни ўқиб чиқиб. - Шунақа, тақсир, - деди собиқ мент. - Сиз ўн бир йилга қамаласиз. Мен ғазабимни босиб зўрга ўтирардим. Бироздан кейин ўзимни қўлга олиб: - Мен энди кетаверишим мумкинми? - дедим. - Ха, бораверинг. Яқинда ўзлари прокуратурага чақиришади, - деди беғамгина собиқ мент. Мен қоронғи кўчага чиқиб бусга ўтирдиму, вокзал тамони жўнадим. Охирги таксига бир одам етишмай турган экан. Таксига ўтириб Андижонга келдим. Ярим тунда уйга кириб ўрнимга чўзилар эканман, хотинимга Ватандан қетмоқчи эканимни қоғозга ёзиб тушунтирдим. Чунки СНБ аллақачон уймизга эшитиш мосламалар ўрнатиб улгурганини билардим. Хотиним қўрқиб кетди. “Бизчи?” деб ёзди у қоғозга шоша-пиша. “Ўзим яхши ўрнашиб олгач, сизларни ҳам чақириб оламан” деб ёздим мен қоғозга, кейин қоғозни ёқиб юбордим. Ўша куни тонг қоронғусида уйдан чиқиб кетдим. Шу кетганимча Қирғизистонда анча вақт яшаб юрдим. Кейинчалик 2006 йил феврал ойида ишончли дўстларим ёрдамида ўзим ваъда қилганимдай бола-чақамни ҳам Бишкек шаҳрига олиб ўтдим. Худога шукрлар бўлсинким, улар ҳозир мен билан бирга. 27. Муҳожират дарвозаси Менинг ҳижрат йўлим Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридан бошланди. Жалолободга жойлашган БМТ ваколатхонаси филиалидан Юнайтед Нейшнл (UN) ёзуви ва штандарти бўлган “Джип”да мени Ўш шаҳарига олиб боришди. БМТнинг Ўш шаҳрига жойлашган қочқинлар билан ишлаш комиссарлиги идорасига киргач мен ўзим каби Ватанни тарк этишга мажбур бўлган 3 қочкинга дуч келдим. Улардан бири эгнига аёллар шубасига ўхшаш юнгли пальто, бошига қирғизларнинг қалпоғи кийиб олган Исроил Холдоров бўлиб мен уни аввалдан танирдим. Бир гал мухолифатнинг “Беҳизор” чойхонасидаги йиғилишда у янги мустақил газета очганини, у газетага мен муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлашим мумкинлигини айтиб, шанба куни газета офиси жойлашган Хакан қишлоғига боришимни тайинлади. Мен шанба куни Исроил айтган манзилга борсам, у ерда ҳеч қанақа газета-пазета чиқмаслигини айтишди. Шундан кейин бу ножиддий, ўйламай сўйлайверадиган, найрангбоз кимсадан ихлосим қайтганди. Шундай бўлсада у билан кўришдим, у ёнидаги дўстларини таништирди. Бўйи унча баланд бўлмаган, юзлари юмолоқ, қорачадан келган, қошлари қалин тепакал кимса бухоролик собиқ депутат “Эрк”чи Насрулло Сайидов экан. Бўйи узун, ёши 60 лардаги, ёш йигитларга ўхшаб ҳаворанг джинси шим ва эгнига куртка, бошига шляпа кийган, катта-катта кўзлари, ўсган қошлари, чўзиқ юзи испанлар қиёфасини эслатгувчи кимсани Исроил Холдоров Абдужалил Рустамов дея таништирди. У қўқонлик собиқ ревизор ва “Эрк”чи экан. Улар мен билан хайрлашиб кетишгач, мени Ўшга олиб келган қирғиз қиз Назира залга бир француз аёлини эргаштириб кирди. Қадди-қомати келишган, қош-кўзлари, қирра бурни ва кулганда ўзига ярашиб турадиган оппоқ соғлом тишлари кишини ром этадиган бу соҳибжамол аёлнинг исми Мелони экан. У рус тилини унча яхши билмасада, баъзи сўзларни инглизча айтиб маъносини Назирадан сўраб суриштирар, мендан шу тариқа интервью оларди. Интервью тугагач Назира биз билан хайрлашиб Жалолободга жўнаб кетди. Мелони эса менга залда бироз кутиб ўтиришимни, мени бояги 3 ўзбек қочқини яшаётган жойга элтиб қўяжакларини маълум қилди. Мен кутиб ўтирдим. Ярим соатлардан сўнг Мелони залга кириб келдида, икки жуфт жунпайпоқни менга узатди. Мен пайпоқларни олдим. Сўнг Мелони менга 600 қирғиз сўми миқдорида пул берди. Мен раҳмат айтдим. Сўнгра Мелони мени БМТнинг “Джип”ида Ўш шахрининг “Чапаев” кўчаси тамон олиб кетди. Йўлда тиш пастаси ва чўткасини ҳам олиб берди. Мени 3 ўзбек қочқини яшайдиган уй ёнига олиб боришганда, қочқинлар чиқиб мени қабул қилиб олишди. Бу уй Ўш шаҳрининг чекка қисмига жойлашган бўлиб, кўча ва подъездлари қоронғу хилватгоҳ эди. Квартира бир хонали бўлиб, меҳмонхонада битта диван бор эди халос. У диванда Насрулло Сайидов ётар, қолганлари полга тўшалган тўшакларга чўзилиб олишган. Насруллонинг диванда ётиши ҳикматли бўлиб, квартирани у топган экан. Эратасига эрталаб Исроил Холдоров билан Насрулло қаёққадир кетишди. Биз Абдужалил Рустамов иккимиз квартирада қолдик. Абдужалил ака Қўқонча шева билан “О” товушни “Ў” деб талаффуз қилар, тўхтамай ўтмишидан сўзларди. - Ман Сизга айтсам шўйир, раса пулни тўпганман. Лекин тўпган пулларимди айшга сарф қилиб юрўриппан. Уй-жўйлар ишансез, хандак ўлиб йўтибти. Тўмига шифер қўқилмаган. Лўй билан шувалган бўйи турибди. Э, мани ўғилларим ухлаятганимда пўйлаб ўй бўлта билан чўпиб ташламаганига раҳмат. У шу тариқа ўтмишини ҳикоя қилар, менинг энсам қотарди. Бир маҳал Абдужалил ака ирғиб ўрнидан турдида, Э. ман чўй қўйувдим, - дея ошхонага кириб кетди. Кутилмаганда нимадир қаттиқ тақирлаб -“Пишш!” этган товуш эшитилди. Мен хайрон бўлиб: - Тинчликми? – дедим. - Шўйир, чўйнак суви тугаб эриб кетибди! – дея бақирди Абдужалил ака. Мен югуриб ошхонага кирдим. Абдужалил елим қопқоғи эриб, ичидан буғ чиққанича, қорайиб тўнкарилиб ётган чойнакка термулиб турар: - Насруллў кўрса бу чўйнекди дўд деворади, – дерди. Айтганидай Насрулло чойнакни кўриб: - Энди хозяйкага нима дейман? - дея асабийлашиб, ғудраниб, бизга бир соат танбеҳ берди. Қовоғи очилмай, анчагача пичирлаб сўкиниб юрди. Исроил Холдоров ўзи ишончсиз, лўттибоз бўлсада, латифа айтишга уста, одамни мазах қилиш бўйича халқаро олимпиада ўтказилса шубҳасиз олтин медал оладиган одамлар хилидан экан. Исроил кайф берса керосинни ичар, ширакайф бўлиб олиб хирилдоқ овозда мақом қўшиқларни бинойидек куйлар, шўхроқ мусиқа бўлса қўлларини илондай билтанглатиб, кўзларини юмиб, тамоман ўзини унитиб рақс тушаверар эди. Шайтон феълли Исроил бир куни шаҳар ичкарисида бир таниши борлиги, унинг уйида бепул яшашимиз мумкинлигини, фақат уйни текинга таъмирдан чиқариб беришимиз кераклигини айтди. Биз қишли-қировли кунда Исроилнинг таниши яшайдиган уйга кўчдик. Уй эгаси касалванд одам бўлиб, унинг Улуғбек, Ойбек деган ўғиллари бор эди. Улуғбек қайсидир кафеда ишлар, уйга ширакайф қайтар, биз билан ўтириб ионика чалиб ашула айтар, укаси Ойбек ҳам хазил мазахга ўч, қизиқчи бўлганидан даврада қўшиқ куйлаб, рақс тушиб тонга яқин уйларига чиқиб кетарди. Бу пайтлар мавжуд ёлғиз каравотда Абдужалил ака ётар, мен уй тўридаги электропеч ёнида, Исроил ғиштга ўралган очиқ спиральдан иборат, қўлбола печка ёнида, Насрулло эса пойгакда ухларди. Абдужалил ака ҳам Исроил ҳам Насрулло ҳам хазилни кўтарар, гап-сўзларини эшитиб кулсак хафа бўлмасди. Бир куни Абдужалил ака кўчадан кириб келар экан: - Э, шўйир, анўви сўйди бўйида зўр жўй бўр экан. Чўйхўначиям яхши бала экан. Ўш–пўш қилиб есак бўлўради, - деди. Биз Ойбек иккаламиз кулдик. Мен Ойбекка қараб: - Ўйбек, Абдужалил ака айтди. Сўйди бўйидаги чўйхўнада зўр жўй бор экан. Ўйимларам кўп экан, - дедим. Ойбек кулавериб букчайиб қолди. Қарасак Исроил Холдоров ётган ерида чўзилиб “Эй сабо” ни куйлар, ҳар замонда картошка, пиёз арчиб сувда чаяркан, ётган жойидан туриб уларни худди тўпни баскетбол халқасига отгандай, спираль ўралган ғиштли элетроўчоқ устидаги кастрюлга туширар, оёқ бармоқларида чўмич сопидан қимчиб кастрюлкадаги шўрвани ковлаб қўярди. Эй сабо Холим бориб сарви хиромонимға айт Йиғларимнинг шиддатин гул барги хандонимға айт, дея қўшиқ куйларди. Қўшиқ авжи билан хирилдоқ овози юқори пардага кўтарилиб: Васлига-а-а минг вада қилғо-ондин пуша-а-а-амо-о-онимға а-а-а-айт – дея куйласа билардикки Исроил оёқ бармоқлари билан қимчилган қошиқда туз олиб овқатга ташларди. Қўшиқнинг: Яхши фурсат топсанг ул бад ахду паймонимға айт, - деган жойига келганда шўрва пишарди. У ёғи оби шайтон билан кайфу сафо, қиё-чиё бошланарди. Биз шу тариқа икки ой яшадик. Шундай кунларнинг бирида мен БМТнинг Ўшдаги ваколатхонасига бордим. У ерда Мелони билан кўришдим, у мендан ҳол-аҳвол сўраркан, ҳужжатим тайёр бўлаётганини ва мен ваколатхона комиссари Мамога учраб қўйишим зарурлигини айтди. Мен Мамонинг ҳузурига кирдим. У узун бўйли, соч-соқолини тап-тақир қириб юрувчи негр экан. Унинг қоши ҳам деярли йўқ бўлиб, французларининг машҳур фильмидаги Фантомаснинг баайни ўзи эди. Мамо мен билан суҳбат ўтказаркан, суҳбат адоғида унга миннатдорчилик билдириб: - Раҳмат жаноб комиссар. Бир жуфт иссиқ пайпоқ билан 600 сўм бердинглар, - дедим. Мамо бу гапларни эшитиб сакраб тушгандай бўлди - Нима? Қанақа 600 сўм? Ким берди? – деди у шоша-пиша. - Мелони, - дедим мен. Эртасига Мелони менга қўнғироқ қилиб: - Мамога 600 сўм ва пайпоқ ҳақида бекор гапирибсиз. Қаттиқ гап эшитдим, - деди. - Нега? - дедим мен ҳайрон бўлиб. - Биласизми, нима десам экан. У пулларни мен ўз ёнимдан бергандим. Ҳа, майли. Бўлар иш бўлди энди. Сира ҳижолат чекманг, - деди Мелони рус тилини тиконга судраб. Мен нима дейишни ҳам билмай шалвираб қолдим. - Мелони, ўлай агар, мен у пулларни ташкилотнинг пули деб ўйлабман. Э, каллам қўрсин. Қовун туширибманда, - дедим сўнг уялиб. - Ҳечқиси йўқ, – деди Мелони. Суҳбатимиз тугагач, мен телефон қўндоғини қўярканман “Ҳа, фаросати йўқ ҳайвон”, дея ўзимни ўзим сўкдим. Асабийлашиб у ёқдан бу ёққа юрдим. Менга яхшилик қиламан деб танбеҳ эшитган Мелонига раҳмим келди. Франсузлар шунақа оқкўнгил ва меҳрибон бўлар экан. Ҳа, ҳали дунёда яхши инсонлар бор! Демак, бу дунёда яна яшаса бўлади, – дея ўйладим. Кўз олдимдан Мелонининг мунис чеҳраси сира кетмай қолди. Шу кеча ухлолмай қийналиб ётдим. Эски чувринди кўрпага бурканган Насрулло Саид оғзини катта очганча ухлар, у шу ётишда жон таслим қилиб энгак ташлаганга ўхшарди. Каровотда чўзала тушган Дон Кихотдай озғин Абдужалил Рустамов шу қадар қаттиқ хуррак отардики, гўё том қирғоғида иккита мушук тўқнаш келиб бир бирига қараб хириллаётгандек мудҳиш товуш чиқарарди. Мелони ҳақидаги ўйларимнинг бир-бири билан боғланишига халақит берарди. Бир маҳал Исроил Холдоров тамонидан жоррррт-журт этган товуш чиқди. Шими йиртилиб кетди шекилли. Мен иложи борича ташқи товушларга эътибор бермай фикрларимни бир жойга тўплашга уриндим. Тонга яқин “Бонжур, мадам Мелони, бонжур” деган шеърни рус тилида ёзиб тугатдим. Эрталаб ҳамхоналар шеърни ўқиб бергандим улар қойил қолган бўлдилар. Шеърни мақтадилар. Хатто улар шеърни компьютерда ёзиб бир нусхадан бўлиб олишди. Мен ўша шеър ёзилган қоғозга тоғли манзаралар ва муҳаббат дарди акс этдирилган иллюстрация ишлаб Мелонига элтиб бердим. Тақдир томошасини қарангки, мен ёзган дайди муҳаббат номаси Мелони билан бирга ишловчи қизнинг ҳасадини қўзғабдию, у шеърий мактубни мавр Отеллонинг прототипи бўлмиш Мамонинг қўлига тутқазибди. Кўзининг пахтаси чиққан Мамо секунддант ёллаб, эгнига фрак, бошига цилиндр шляпа, қўлига оқ қўлқоп кийишга, мени дуэльга чақиришга сал қолди. - Что это? – деди у сирли шеър битикни ҳавода силтаб. Мен бўлса Насриддин афандига ўхшаб: - А, чё? Нельзя что-ли? – дедим. - Нельзя! – деди у. - Ну, хорошо, - дедим мен. - Чтобы такого я больше не видел, поняли? - деди сал шаштидан қайтиб Мамо. - Понял, - дедим мен. Қарасам Мелони йиғлаяпти. Қайтар дунё экан. Унинг кўнглини оламан деб мен гап эшитдим. Кўп ўтмай биз яшайдиган уйга жиноят қидирув бўлимидан бир қирғиз йигит келиб гувоҳномасини кўрсатди. “Мен ҳозир” - дедимда, чақирилмаган меҳмон ҳақида ҳамхоналарга хабар қилдим. Сўнг тезда БМТ ваколатхонасига ва хуқуқ ҳимоячиларига қўнғироқ қилинглар, дедим. Сўнг ўзим ментни гапга солиб турдим. Ҳамхоналар бу орада қўнғироқ қилиб улгурдилар. Жиноят қидирув бўлими ходими ичкарига кирдида, хужжатлармизни сўради. У ҳужжатларни кўздан кечираркан, уларни қайтариб бермай участкага боражагимизни айтди. Шунда Абдужалил Рустамов милиция ходимига: - Менинг паспортимни қайтариб беринг. Мен Тошкўмирдан келган меҳмонман, мен буларни танимайман, - деди. Қўрқувдан унинг ранги алланечук бўлиб кетган эди. Милиция ходими ҳужжатларни бермади. Кўчага чиқдик. Бахтимизга БМТ ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари етиб келишди. Биз узун-қисқа бўлиб милиция участкасига бордик. У ерда бизни рўйхатга тиркаб, ҳужжатларимизни қайтариб беришди. БМТ ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари биз билан хайрлашиб жўнарканлар, Абдужалил аканинг рангига қон югириб, менга ҳазил қила бошлади: - Ман, тамом энди шўйирдан ажраб қолдик дея қўрқувдим, - деди. - Э. юрангинг ҳам бор экану ака. Қўрққанингдан “Менинг буларга алоқам йўқ” деб турибсана. Э, қойиле-е! – дедим мен ўзимдан катта одамни сенлаб. Абдужалил ака лапанглаб юриб борганича тиржайди. Уялиб бамазия шляпасини бошидан олиб, яна кийди. Уйга қайтгач қарасам Насрулло Сайид нарсаларини йиғиштиряпти. - Ҳа? – десам. - Бишкекга кетаман. Бу ерларда яшаш хавфли экан, - деди. “Мен ҳам Насрулло билан бирга кетсаммикан?” – дея ўйланиб қолдим. Насрулло нарсаларини хуржунга жойлаб бўлгач, менга қараб: - Хоҳласангиз юринг, бирга кетамиз, - деди куя еган телпагини бошида айлантириб тўғри кияркан. - Мен ҳам кетаман, - дедим. Шу кеч биз қорли давонлар оша Бишкекка қараб жўнадик. (Давоми бор)

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону