Журнал Ҳаракат
№1 (70) 2008. Инсон ҳуқуқлари
Пўлат Охуннинг паспорти атрофидаги можаро давом этмоқда
Журналимизнинг аввалги сонларидаги хабарлар ва мақолалардан маълумки, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг ўтган йил март ойида муддати битган паспортини алмаштиршдек оддий бир ишни сиёсий сабаблар билан пайсалга солиб келмоқдалар. Шаҳрихон шаҳар ички ишлар бошқармасдан бошланиб, президент маҳкамасигача етиб борган паспорт можароси бу йилга ҳам ўтди. Воқеаларнинг давоми “Ҳаракат” агентлигининг хабарларидан қуйидагича ёритилди.
11 январь: Пўлат Охун паспорти масаласида
судга мурожаат қилди
ИИВ, МХХ, Президент девонида унга паспорт берилиши масаласи ечилмагач, Пўлат Охун бугун Шаҳрихон тумани ИИБ хорижга чиқиш, кириш бўлими мутасаддилари устидан судга мурожаат қилди. Унинг даъво аризасини қабул қилиб олган фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро суди раиси иш судья Ш.У.Тошмирзаевга топширилгани ва бир ой муддатда шикоятчига жавоб қайтарилишини айтди.
Шаҳрихон тумани ИИБдагилари эса мухолифат намоёндасининг важлари Андижон вилояти ИИБда текширилаётгани, Андижон вилояти ИИБ эса ишни Ички ишлар вазирлиги ҳал этишини айтмоқда. ИИВ мулозимлари Пўлат Охун маълум муддат яшаган Швеция Қироллигига сўровнома юборишганини таъкидлаб, унга жавоб келгач, паспорт бериш масаласи ҳал бўлишини таъкидлашган. Бу борада Швеция Қироллигининг Россиядаги элчилиги берган маълумотнома ҳисобга олинмаяпти. Афтидан, сўровнома баҳонасида ўзбек ҳукумати мухолифатчига паспорт беришни атай пайсалга солмоқда.
22 январь: Пўлат Охун вилоят судига чиқди
Ўз паспорти масаласида Бўз туманлараро суди адолатли қарор чиқармагани сабабли, бугун Пўлат Охун Андижон вилоят судига қуйидаги ариза билан мурожаат қилди.
Шикоятчи ўз аризасида паспорти масаласи атрофида бўлаётган воқеаларни тафсилотлари билан ёритган ва 11 январь куни Фуқаролик ишлари бўйича Буз туманлараро судига “Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларига нисбатан” шикоят аризаси топширгани, судя Ш.У.Тошмирзаев ўзининг 2008 йил 17 январ кунги ажрими билан ҳеч бир асоссиз уни қабул қилишни рад этгани билдирилган.
Пўлат Охуннинг аризачи шунда сўзлар билан битади:
Фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судига топширган ва қабул қилишни рад этилган арзамни Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди кўриб чиқишини сўрайман ва аризамда кўрсатилган “Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларини менга шахсимни тасдиқловчи ҳужжат беришдан бош тортганликда ифодаланган ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиб, менга шахсимни тасдиқловчи ҳужжат беришлик мажбуриятини юкламоғингизни илтимос қиламан.
Бундан ташқари Фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судини судьяси Ш.У.Тошмирзаевни аризамни мазмунан ўрганмаслик ва мен кўрсатган сабаблар ва ҳолатларни умуман инобатга олмаслик ҳаракатларига ва чиқарган қарорига ҳуқуқий баҳо беришингизни сўрайман
30 январь: Пўлат Охуннинг паспорти масаласида ҳукумат боши берк кўчага кирди
“Бирлик” Партияси раҳбарларидан бири Пўлат Охуннинг паспорти масаласи ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилгани, ҳукумат унинг Швеция фуқаролигини қабул қилгани билан боғлиқ шубҳа билан унга ҳужжат бермаётганини хабар қилгандик. Айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш ва кириш фуқаролик Бошқармаси сўровига кўра, Швеция Қироллигининг Москвадаги элчилиги Пўлат Охуннинг Швеция Қироллиги фуқароси эмаслиги, аввал ҳам бунақа бўлмагани ҳақидаги маълумотномани қайтадан тақдим этди.
Мазкур маълумотнома Пўлат Охун ва “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаолларининг талаби билан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бўлимида легаллаштирилди. Сўнгра жамияти раиси Васила Иноят имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Хорижга кириш, чиқиш ва фуқаролик Бошқармаси маъмуриятига талабнома тақдим этилди. Қани кўрамиз, энди “Бирлик”чининг паспорти масаласида нима важ кўрсатаркин?!
31 январь: Швецияда чиқадиган яна бир газета Пўлат Охуннинг паспорти масаласини ёзди
Бугун Швециянинг Ғарбий қисмида тарқатиладиган “Экстра” номли газетада “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охун Ўзбекистонда бир йилдан бери паспортини алмаштиролмасдан сарсон-саргардон қилинаёт-гани ҳақида газетанинг бир саҳифасини эгалловчи “Ўз юртида тутқун” номли катта мақола эълон қилинган. Аввал “Экстра” газетасининг ўқувчилари Пўлат Охуннинг тўла биорафиси ва сиёсий ҳаётидаги воқеалар билан батафсил таништирилган. Ўзбекистон, ундаги аҳвол, мухолифатга оид умумий маълумотлар берилган. Унинг оиласи ҳақида ҳам батафсил маълумотлар бор. Пўлат Охун ва оиласининг фото расмлари ҳам шу саҳифада ер олган.
Сўнгра газета Пўлат Охуннинг паспорти масаласига ўтади. Унинг оиласи бу хусусда Швеция ҳукумати ва парламентига қилган мурожаатлари, олинган жавоблар тилга олинади. Оила аъзоларига Ўзбекистонга бориш учун Ўзбекистон элчихонаси виза бермаётгани урғуланади.
Газетанинг ёзишича, Пўлат Охун Швеция фуқароси бўлмагани учун бу ишга тўғридан тўғри аралашолмайди, аммо мухолифатчининг оиласини талаби билан халқаро ташкилотлар орқали нима қилиш керак бўлса, шуни қилмоқда ва қилишни давом этиради.
Эслатиб ўтамиз, Пўлат Охуннинг оиласи ҳозир Швециянинг ғарбий қисмидаги Хельсинборг шаҳрида яшайди
1 февраль: Пўлатжон Охуннинг паспорти масаласи Олий Судга кетмоқда
Мухбиримизга мълум бўлишича, бугун Пўлатжон Охун Фуқаролик ишлари буйча Андижон вилоят судининг Аппеляция ва кассация бўлимининг ходими билан телефонда гаплашган. Номини айтишни хоҳламаган суд ходими шундай дебди: "Сизнинг шикоят аризангиз Ўзбекистон Республикасининг Олий Судига бугун жўнатилади ва Олий Суд Сизнинг ишингиз қачон ва ким томонидан кўриб чиқилишини сизга хабар қилади". Фуқаролик ишлари буйча вилоят суди кассация судлов ҳайъатининг таркиби ҳали шаклланмагани учун шундай қилинаётган эмиш.
Хуллас, кўринишидан, Ўзбекистон расмийлари мухолифатдан шундай қўрқишадики, бир мухолифат лидерини ҳужжатсиз қолдириш учун паспорт алмаштиришдек оддий бир ишни мамлакат даражасидаги воқеага айлантиришгача боришади. “Бирлик” Партияси бу масалани халқаро ташкилотлар даражасига олиб чиқиш ҳаракатини бошлаганини аввал маълум қилгандик.
6 февраль: “Бирлик” раиси ЕИга мухолифат партияларни рўйхатга олиш ва Пўлат Охуннинг паспорти масалаларида мактуб йўллади
“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича комиссари Пьер Морелга кеча йўллаган мактубида ЕИнинг Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш йўлидаги ташаббуслари олқишланади. “Бирлик” бу хусусда 2006 йил 6 ноябрдаги баёноти ва 2006 йил 24 ноябрдаги ЕИнинг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсати бўйича Бош вакили Хальвер Соланага жўнатилган хатида ҳам айтгани эслатилади. “Бирлик”нинг 2007 йил 5 ноябрдаги баёнотида ҳам Европа Иттифоқининг Ўзбекстонга нисбатан олиб бораётган сиёсати июобий баҳолангани тилга олинади.
Кечаги хатида Абдураҳим Пўлат Куба, Ироқ, Шимолий Корея каби давлатларнинг тарихини эсга олиб, диктаторларга қарши санкциялар ва изоляция йўли самара бермаслигини ёзади. Жаноб Морель ва бир қатор ЕИ расмийларининг Ўзбекистонга қилган саёҳатларидан кейин баъзи ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамоқдан озод қилингани ҳам санкциялардан кўра мулоқат самарали эканлигини исботловчи факт эканлигини айтади.
Лекин, дейилади мактубда, Ўзбекистонда ҳақиқий кўппартиялик яратилмагунча, демократия ва инсон ҳақлари соҳасида жиддий ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон ҳукумати эса, мухолифат партияларининг , биринчи навбатда, ҳамма ҳужжатларини 3 йил аввалоқ Адлия вазирлигига топширган “Бирлик” Партиясини рўйхатга олишни пайсалга солмоқда. Шу билан 25 минг партия аъзосининг сиёсий ҳуқуқлари поймол этилмоқда.
Абдураҳим Пўлат мактубининг сўнгида юрт ташқарисида мажбуран яшаётган мухолифат лидерлари, хусусан ўзи ва партия раисининг ўринбосари Пўлатжон Охун Ўзбекистонга қайтиш ва юрт ичида фаолият олиб боришга тайёр эканликларини тилган олган. Бир йил аввал Ўзбекистонга қайтиб келган Пўлат Охуннинг паспортини алмаштиришни пайсалга солаётган Ўзбекистон расмийлари унинг ҳуқуқларини топташмоқда, айни пайтда, юртга қайтиш истагидаги мухолифатчиларга нормал яшаш ва сиёсий фаолият олиб бориш учун имконият бўлмаслиги ҳақида сигнал беришмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, дейилади “Бирлик” раисининг мактубидан, ЕИ расмийлари Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашганда, сиёсий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш ва Пўлат Охунга тезда паспорт бериш каби масалаларни ҳам кун тартибига олишлари мақсадга мувофиқ бўларди.
12 февраль: Пўлат Охуннинг аризаси Олий суд ва вилоят суди ўртасида “йўқолиб қолди”
Аввалги даракларимизда “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг паспорти масаласида фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти судининг кассасация ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилганини айтгандик. Ҳозирда Олий суддан маълум бўлишича, 1 феврал куни юборилган ариза маҳкамага келиб тушмаган. Бу ҳақда Олий суднинг ўзини таништирмаган (телефон рақами 1390238) ходими арзгўйга маълум қилди. Шундан сўнг Андижон вилояти суди маъмурлари билан сўзлашган Пўлат Охунга маъмурлар энди ишнинг уларга тааллуқли эмаслиги, Олий суд қайси вилоятга юборса, ўша вилоят суди уни чақиришини айтди. Афтидан, Пўлат Охуннинг аризаси копток қилинмоқда.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик Бошқармаси устидан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани судига мурожаат қилишни режалаштирмоқдаман, аммо бундан ҳам бир самара чиқишига кўзим етмайди, дейди Пўлат Охун. Фуқарога паспорт беришни пайсалга солиб, кулгили маймун аҳволига тушаётган ўзбек ҳукуматининг аҳволи нақадар аянчли...
13 февраль: Пўлат Охун паспорт олиш учун курашини давом эттирмоқда
“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун тахминан бир йилдан бери паспортинии алмаштиришни пайсалга солиб келаётган маъсуллардан бири – Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик бошқармаси бошлиғи Б. Шорихсиевга шу йил 7 февралда хат йўллаб, ўз паспорти масаласи бўйича ҳамма ҳужжатлар топширил-ганига қарамасдан паспорт берилмаётгани сабабли бу одамни судга беришини билдирди.
Пўлат Охун бугун ИИВнинг Қонунлар бажарилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғига ҳамда Олий Мажлис Омбудсманининг Андижон вилояти бўйича вакили М.А. Хўжамбердиевга мурожаат қилиб, тегишли органлардан ўз паспорти масаласини тезда ҳал қилишни талаб этишни сўради. Эслатиб ўтамиз, Пўлат Охун М.А. Хўжамбердиевга аввал ҳам мурожаат қилиб, ундан 2007 йил 6 августда 02/51 сонли жавоб ҳам олган эди. Бу жавоб Ички ишлар вазирлиги маъсулларининг гапларини такрорлаган эди, холос.
Швеция Ташқи ишлар вазирлигидан яна бир марта Пўлат Охуннинг бу мамлакат фуқароси эмаслиги хусусида келган ҳужжатлар ҳисобга олиниб, паспорт масаласи тезда ҳал этилиши керак, дейди бу масалани ўрганиб бораётган мухбиримиз. Аммо, айни пайтда шуни ҳам эътироф этиш керакки, давлат ишларини масхарабозликка айлантириб юборган Ўзбекистон расмийлардан ҳар нарса кутиш мумкин.
29 февраль: Пўлат Охуннинг паспорти масаласида Олий суд ҳам лўттибозликка ўтди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаолларидан маълум бўлишича, Пўлат Охуннинг паспорти масаласида Олий суд ҳам лўттибозлик йўлига ўтди. Жамият фаолларининг маҳкамага бориб, суриштриш ўтказгани, олий маҳкаманинг шикоятлар бўлиши раҳбари М. Сафаров билан учрашганларига қарамай мурожаат борасида ҳеч бир натижага эришилмади, дейди мухбиримиз. Миршабхоналар эшигидаги саргардонликдан сўнг Ўзбекистон ИИВнинг Хорижга чиқиш ва кириш бошқармаси, Андижон вилояти ИИБ маъмурлари устидан “Бирлик” фаолининг судга арз қилганини айтгандик. Орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтишига қарамай мухолифатчининг шикоят-аризасига жавоб йўқ, аксинча, арз Андижон вилояти суди ва Олий суд ўртасида йўқолиб қолди. Мурожаатга ҳеч кимнинг жавоб бергиси йўқ, мухолифатчининг иродасини синовдан ўтказаётган саботажчилар ҳукуматнинг бир паспорт майнавозчилиги даражасига тушиб қолганини намойиш қилишмоқда.