Журнал Ҳаракат
№1 (70) 2008. Дин ва сиёсат
Махатхир Муҳаммад -
Бизга янги ислом уйғониши зарур
Шундай бир болалар ўйини бор. Унинг иштирокчилари бир доира бўлиб ўтиришади ва улардан бири ўз қўшнисига ниманидир пичирлаб айтади, у эса - кейинги иштирокчига. Шу тариқа доира бўйлаб айтиб чиқилади. Охирги бола ўзи эшитган нарсани биринчи болага айтган вақтда биринчи ўйинчи томонидан айтилган иборанинг маъноси бутунлай ўзгаришга улгуриб бўлади. Кўринишидан, Ислом билан шунга ўхшаш ҳолат юз берган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ва фақат биргина динни олиб келганлар. Шунга қарамай, биз бугунги кунга келиб мингга яқин “исломларни” кўришимиз мумкин.
Ўз эътиқодларининг турлича талқинлари билан ажралиб кетган мусулмонлар қачонлардир дунёда тутган мавқеларига энди эга бўлолмаяптилар; аксинча, улар заифлашиб, нисбатан ривожланган миллатларнинг қурбонига айланганлар. Шиа ва аҳли сунна ўртасидаги ихтилоф шу даражада чуқурки, ҳар бир томон рақиб тарафдорларини ҳақиқатдан бурилиб кетганликда айблайди.
Рақиб томоннинг дини - Ислом эмаслиги, унинг тарафдорлари эса - мусулмон эмасликларига қаттиқ ишониш кўп ҳолларда кўплаб одамлар ҳалок бўлган ва ҳалок бўлишда давом этаётган ички зиддиятларнинг асосий ўзагига айланган.
Ҳатто аҳли сунна ва шиаларнинг ўз ораларида ҳам бўлинишлар бор. Булардан бошқа алоҳида йўналишлар ҳам бор.
Бундан ташқари, айрим уламоларимиз бизга уларнинг сўзларини танқид қилиш мумкин-маслигини, Исломга ишониш кифоя-лигини, бу ўринда ақл ва мантиқ умуман ортиқча эканлигини ўргатишади. Аммо Исломнинг ҳар бир шўъбаси бошқа барча йўналишларни адашган деб ҳисоблаётган бўлса, биз нимага эътиқод қилишимиз керак? Ахир, Қуръон иккита, учта ёки мингта эмас, битта Китоб бўлса.
Қуръонга мувофиқ, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берган ҳар қандай одам мусулмон бўлади. Агар бундан бошқа ҳеч қандай қўшимча шарт талаб қилинмайдиган бўлса, бу даъвони ҳақиқат деб ҳисобловчи барча одамларни Исломга мансуб кишилар деб санаш лозим бўлади. Бироқ биз, мусулмонлар бунга яна турли манбалардан келиб чиқадиган ҳар хил шартларни қўшишни яхши кўришимиз сабабли динимизнинг бирдамлиги парчаланиб кетган.
Аммо эҳтимол энг катта муаммо бу - умуман олганда, бошқа дунёдан Ислом илмий тафаккурининг ва маълум даражада мусулмонлар ҳаётининг тобора кучайиб бораётган яккаланиши бўлса керак. Биз одамлар девор ортидаги нарсани кўра оладиган, коинотнинг яширин сирларини тадқиқ қила оладиган ва ҳайвонларни клонлаштира оладиган илм-фан даврида яшаяпмиз. Буларнинг барчаси, гўё бизнинг Қуръоннинг ҳақлигига бўлган иймонимизга зид кўринади.
Бу шунинг учун юз беряптики, Муқаддас Китобнинг замонавий муфассирлари фақат диннинг ўзининг қоидалари, амрлари билангина таниш бўлиб, бироқ замонавий илм-фан ютуқларини идрок қилишга лаёқатли эмаслар. Улар чиқараётган фатволар кўпинча унчалик ишонарли эмасдек кўринади ва илм-фандан хабардор одамлар томонидан қабул қилинолмайди.
Бир муҳтарам хатиб, масалан, одамнинг Ойгача учиб чиқа олганлигига ишонишдан бош тортганди. Бошқалари дунё 2000 йил аввал яратилган деб даъво қиладилар. Коинотнинг ёши ва ўлчамлари ёруғлик йилларида ҳисобланади - бу ҳақиқат соф диний маърифатга эга баъзи олимларга мутлақо тушунарсиздир.
Ушбу тушунишга лаёқатсизлик маълум даражада мусулмонларнинг ҳозирги аянчли аҳволига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда Ислом аҳлининг эзилиши, ўлдирилиши ва камситилиши бизнинг аввалги асрлардаги диндошларимиздан фарқли ўлароқ ўта заиф эканлигимиз боисидан юз бермоқда.
Биз уммат яна бахтли ҳаёт кечириши учун бизни ёмонловчилардан ўзгаришларини ўтиниб сўрашимиз керакмас, балки ўз бахт-саодатимиз учун ўзимиз ўзгаришимиз лозим.
Шундай экан, биз нима қилишимиз керак? Ўтмишда мусулмонлар кучли бўлишган, чунки билимларга эга бўлишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп китоб ўқишни буюрганлар, бироқ Қуръонда айнан қайси китобларни ўқиш ҳақида гапирилмаган.
У вақтларда “ўқиш” дегани - мумкин бўлган барча нарсани ўқишни англатган. Аввалги мусулмонлар юнон олимлари, математиклари ва файласуфларининг ишларини ўқишган. Улар, шунингдек, форслар, ҳиндлар ва хитойларнинг ишларини ҳам ўқиганлар.
Натижада Ислом дунёсида математика ва умуман фаннинг гуллаб-яшнаши бошланган. Бизнинг олимларимиз фанни ривожлантиришган ва астрономия, география каби янги фан соҳаларини ҳамда математиканинг янги бўлимларини яратишган. Улар ҳисоблашларни соддалаштириб ва уларнинг қўлланиш доирасини ҳаддан ташқари кенгайтириб, муомалага рақамларни киритганлар.
Бироқ, тахминан, ўн бешинчи асрга келиб, баъзи Ислом олимлари турли фанларни билишда ўзларини чеклай бошладилар. Улар фақатгина диннинг ўзини ўргана бошладилар ва фақат шундай қиладиган кишиларгина охиратда мукофотга эга бўлади, деган сўзни маъқуллаб туриб олдилар. Бундай ёндошувнинг натижаси Европа дунёвий фан билимларини фаол тушуниб етишни, ўзлаштиришни бошлаган бир даврда интеллектуал таназзул бўлди.
Мусулмонлар интеллектуал, ақлий жиҳатдан таназзулга юз тутаётган, орқага кетаётган бир вақтда европаликлар уларга охир-оқибат бутун дунё устидан ҳукм юргизишга имкон берган қурол-яроғ ишлаб чиқариш дохил саноатнинг янги усулларини ишлаб чиқиб, ўз Уйғониш даврларини бошладилар.
Мусулмонлар эса, аксинча, дунёвий фан ва математикани ўрганиш тўғрисида унутиб, баъзи ҳолларда эса улардан умуман бош тортиб, ўзларининг мудофаа қобилиятларини мутлақ заифлаштиришди. Бу қотиб қолиш бугунги кунда Ислом аҳли чекаётган жабр-зулмнинг биринчи навбатдаги сабаби бўлиб қолмоқда.
Қуръоннинг ҳақиқий ва асосий рисоласини, номасини тушуниш ва талқин қилишга лаёқатсизлик мусулмонларга кўп бахтсизликларни олиб келган. Ўз ўқиш доирамизни фақатгина диний китоблар билан чеклаб ва замонавий илм-фан тўғрисида унутиб, биз Ислом маданиятига улкан зарар етказдик ва ўзимизнинг бу дунёдаги йўлимизни йўқотиб қўйдик.
Қуръонда токи биз ўзимизнинг аянчли аҳволимизни ўзгартиришга ҳаракат қилмас эканмиз, Аллоҳ уни ўзгартирмаслиги айтилади. Кўпчилик мусулмонлар бу ўгитни назар-писанд қилмасликда давом этмоқдалар ва унинг ўрнига фақатгина бизга нажот сўраб, аввалги асрларда ўтган шараф қайтарилишини ўтиниб дуо қилмоқдалар.
Аммо Қуръон ёвуз кучлардан сақланиш учун бўйинга осиб юриш мумкин бўлган тумор эмас. Аллоҳ ўз онгини ривожлантирган кишиларга ёрдам беради.
* * *
Доктор Махатхир бин Муҳаммад 1981 йилдан 2003 йилгача Малайзия бош вазири бўлган.
Малайзия Бош вазирининг мақоласини ўзбекча таржимаси “Мусулмон Ўзбекистон” сайтидан олинган. Унинг русча матни билан қуйидаги адресда танишиш мумкин: http://www.islam.ru/pressclub/analitika/manivo/?print_page