Ўзбекистон президент сайловидан кейин НАТО йўлида
Ўтган йили 23 декабрда нима бўлди?
Ўша куни мамлакатимизда ўтказилган президент сайлови бировлар диктатура, бировлар авторитар режим сифатидаа таърифлайдиган малакатимизда ҳеч нарсани ўзгартирмади. Чунки, бўлиб ўтган сайлов - сайлов ҳам эмас, катта бир сиёсий ўйин эди, холос. Бу ўйин натижасида жорийдаги президент ва унинг ҳукумати тамомийла антидемократик йўллар билан яна бир муддатга ҳокимиятда қолишга эришдилар. Мамлакат Конституциясининг 19-боб 90-моддасида “Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмас” дейилган. 1992 йилда қабул қилинган Констиуцияга кўра, президентлик муддати 5 йил бўлган бўлса, 2002 йилдаги умумхалқ референдуми натижалари бўйича 2003 йилда Конституцияга киритилган ўзгаришлар билан бу муддат 7 йилга чиқарилган. Демак, биринчи марта 1991 йил 29 декабрда президент бўлиб сайланган Ислом Карим 1996 йилда ёки президентлик лавозимини тарк этиши ёки ўзи учун охиргиси бўлган муддатга қайтадан сайланиши мумкин эди. Аммо, бундай бўлмади. 1995 йил 26 мартда ўтказилган умумхалқ референдуми деб аталган яна бир ўйинга асосланиб, унинг президентлик муддати 2000 йилгача узайтирилди. Ҳуқуқ нуқтаи назаридан бу нима дегани? Асосий қонун бўлмиш Конституцияга ўзгартириш киритилиб, президентлик муддати ўзгартирилмадими, демак, сайлов ўрнига референдум орқали президент иккинчи муддатга ўз лавозимида қолдирилди дегани. Бу ерда президентликка потенциал даъвогарларнинг конституцион ҳуқуқи бузилганига кўз юмиб бўлса ҳам, Ислом Каримнинг иккинчи, яъни охирги муддатга ўз лавозимида қолишини қабул қилиш мумкин. Аммо, Ислом Карим ҳеч нарса бўлмагандек, 2000 йил 9 январда яна президентлик сайловида иштирок этти ва демократик бўлмаган бу сайловда ҳам гўёки ғалаба қозониб, учинчи 5 йиллик муддатга Конституцияга зид равишда президент бўлиб қолди. Бу ҳам етмагандек, 2002 йил умумхалқ рефрендуми натижалари асосида президентлик муддатини 7 йилга чиқарувчи Конституциядаги ўзгаришлар мантиқ ва дунёда қабул қилинган нормаларга зид равишда ўша пайтда 5 йиллик президент муддатини ўтаётган Ислом Каримга ҳам тегишли деб қарорлаштирилди. Шундай қилиб, унинг аслида 2005 йил январь ойида битиши керак бўлган учинчи президентлик муддати 2007 йилгача узайтирилди. Сайлов қонунларидаги ҳукуматнинг ўзи яратган чалкашликлар туфайли, 2007 йилнинг 9 январидан аввал ўтказилиши шарт бўлган президент сайлови 2007 йил 23 декабрга тайинланди ва шундай қилиб, Ислом Каримнинг учинчи муддат президентлиги 7 йил эмас, 8 йил давом этди. Кўриниб турибдики, у 2007 йил 23 декабрда тўртинчи муддатга президент қилиб сайланди. Бу Конституцияга зиддир. Юқорида айтилганидек, бировлар диктатура, бировлар авторитар режим дея тарифлайдиган Ўзбекистонда ҳуқуқий нормаларнинг топталиши, президентни сайлашда мамлакат Конституцияси қўпол ва очиқча бузилиши ҳақида гапириш мантиқсизлик бўлиб кўриниши мумкин. Чунки, диктатура диктатура-да, диктатураларда ҳуқуққа риоя қилинармиди. Шундай экан, кенг оммага етиб бормайдиган ортиқча дод-войларнинг нима кераги бор. Айнан, шулардан келиб чиқиб, “Бирлик” Партияси сайловнинг натижасига муносабатини билдиришни ҳам лозим топмади. Лекин, демократия тарафдорлари дод-вой эмас, бўлаётган жараёнларни чуқур анализ қилишга ва уларга асосланиб адолат қидиришга маҳкумлар. Акс ҳолда, бир адолатсизлик режими ўрнига бошқаси келади, Ўзбекистон демократик жараёнлардан четда қолаверади. Коммунистик режимни жар ёқасига олиб келган “Бирлик” халқ ҳаракатини 1989 йилда парчалаган 53-54-чилар, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг 1990 йил охирида “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақоласи билан бонг уришига эътибор бермасдан етуксизлигини кўрсатган ўзбек жамияти ўша пайтда қилган хатоларини тушуниб етмагунларича ҳам мамлактимизда ҳеч нарса ўзгармаслигини алоҳида урғулаш лозим. Аслида, ўтган йилги президент сайлови жараёнида бўлиб ўтган воқеалар охирги хулосамизни тўла исботламоқда. Уюшмагани, аниқроғи структуралашмагани сабабли етук жамиятга айланмаган миллат мавжуд ҳокимият тарафидан ўз мақсадларига етиш йўлида восита сифатида ишлатилди, холос. Миллат уюшиб, жамиятга айланмаса ҳеч нарса ўзгармайди, диктатура давом этаверади. Мавжуд ҳокимиятнинг мақсади - миллатни уюшмаган тўда ҳолида ушлаб туришни давом эттириш эди, ва бу сайловда у яна мақсадига эришди.. Хўш, мақсади бунинг акси бўлиши керак бўлган демократик мухолифат нима қилди? Аввалги хатолар тан олинмагани ва уни қилганлар жазолантирилмаганидан руҳланган бир қатор мухолифатчилар, кутилганидек, президент сайловига демократларнинг умумий номзоди билан чиқиш ғоясини болталадилар. Улар шундай қилиб, билиб-билмас мавжуд ҳокимиятнинг тегирмонига сув қуйганлари ўз-ўзидан маълум нарса. Фақат “Бирлик” Партияси мавжуд қонунлар доирасида номзод кўрсатиш ва сайловда иштирок этиш учун амалий қадамлар қилди. Лекин, қонунлар эмас, жорийдаги президентнинг кўрсатмалари билан ишловчи Марказий Сайлов Комиссияиси, суд ва ижроия органларининг қаршилигини енгиб ўтолмади. Айнан сайловолди кампанияси вақтида бир гуруҳ собиқ ёки фаолиятдан четда қолган бирликчиларнинг “Бирлик” халқ ҳаракатини тиклашга чақирувчи баёнотлари ҳам “Бирлик” Партиясини болталаш учун қилинган қадам эканлигини тушуниш қийин эмас. Бу қадамнинг ташаббусчилари 1989 йилда “Бирлик”ни парчалаганнларнинг ишини давом этирмоқчи бўлдилар. Сиёсий тажрибага эга бўлган “Бирлик” Партияси бу провокацияни ҳатлаб ўтди, аммо, бу нарса - мавжуд ҳокимиятнинг фойдасига иш қилаётганларнинг айбини камайтирмайди. Мавзунинг яна бир томонинига эътибор бериш лозим. Ақло расо сиёсатчи тушунадики, Ўзбекистонда антидемократик режим ҳукм сураркан, унинг рухсатисиз чиқарилган ҳеч қандай номзод, у ким бўлишидан қатъий назар, сайловга қатнаштирилмайди. Кучли мухолифат яратилгандан кейингина ҳукумат у билан, унинг номзоди билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Шундай экан, сайловолди кампаниясидан мухолифат сафларини мустаҳкамлаб олиш воситаси сифатида фойдаланиш керак эди. Бу ишни самарали олиб бориш учун эса, номзод сифатида юрт ичида ва ташқарисида танилган, орқасида нисбатан бўлса ҳам кучли ташкилот турган сиёсий лидерни олға суриш шарт эди. Баъзи мухолифат намояндаларининг Абдураҳим Пўлатни йўлини тўсиш учунгина “ким бўлса ҳам юрт ичкарисида яшаётган одамни номзод қилиб кўрсатиш” таклифида туриб олишлари, яъни сиёсий заруриятдан кўра шахсиятга афзаллик беришга интилишлари – муҳим сиёсий масалани анча ножиддий савияга туширгани ҳам ҳақиқатдир. Шулар сабабли ўзбек демократик мухолифати Ўзбекистонда президент сайлови кампанияси берган, тор бўлса-да ҳарҳолда бор бўлган, имкониятлардан унумли фойдаланолмади.
Энди нималарни ўйлашимиз керак?
Бир қарашда ҳамма нарса мавжуд ҳокимият истаган йўналишда кетмоқда. Президент Ислом Карим ва унинг ҳукумати Россиянинг вассали сифатида қолиш баҳосига ва ўтган йили ўтказилган президент сайлови ўйинлари натижаларидан фойдаланииб ўз сиёсий умрини яна чўзди, айни замонда мухолифатнинг тарқоқлиги, кучсизлиги давом этмоқда. Аммо, бу – бир қарашда кўринган сурат. Асл вазият ундай эмас. Воқеаларни чуқурроқ анализ қилсак, бошқача хулосаларга келамиз. Эътибор беришимиз керак бўлган унсурлар қуйидагилар. 1. Сайлов сайин, йил сайин, кун сайин мавжуд ҳукуматнинг легитимлиги камайиб бормоқда. Буни президент ҳам унинг командаси ҳам яхши тушунишади. Уларнинг елкасидаги бу психологик юк уларнинг оёқларини қалтиратмоқда, уларни заифлаштирмоқда. Бунинг устига, ҳамма биладики, ҳозирги президент Ислом Карим “Мен авваламбор иқтисодчиман, мамлакат учун керак бўлган иқтисодий ислоҳотлар қиламан” каби лофлар билан сиёсий саҳнага чиққан эди, аммо, ҳозир Ўзбекистон миллионлаб фуқаролари қўшни мамлакатларда мардикорлик қилаётган қашшоқ давлатга айланди. Бундай шароитда, мавжуд ҳокимият обрўсини тиклай олмайди. 2. Ўзбекистон президенти Ислом Карим Москванинг одами эканлигини шубҳа остига оладиган жиддий одам бўлмаса керак. Аммо, Москва катта даргоҳ, у ерда Кремль бор, у ерда Лубянка бор. Фактларнинг анализи шуни кўрсатмоқдаки, у Лубянканинг одами. Шу сабабли бошқа лубянкачи Владимир Путин замонида унинг мавқеси яна ҳам мустаҳкамланганди. Ҳокимиятга Дмитрий Медведевнинг келиши кўп масалаларда Москванинг сиёсатини бўлмаса ҳам, урғу бериладиган нуқталарни ўзгартириши катта эҳтимолга эга. Шундай нуқталардан бири Ислом Каримга бўлган муносабат эканлигини тушуниш қийин эмас. У ҳозир буни сеза бошлаб, талвасага тушмоқда. 3. Ғарб дунёси, хусусан АҚШ Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатини “Бирлик” таклиф қилган йўлга туширишга бошлади. Бу йўл – Ўзбекистонга қарши самараси бўлмаган санкциялар киритиш ва уни изоляция қилиш эмас, аксинча, уни демократик дунёга интеграция қилиш ва шундай қилиб Ўзбекистон ҳукуматига таъсир қилиш механизмларини яратишдир. Бу йўл ўзбек демократик мухолифатининг ҳам фойдасига бўлади. 4. Собиқ СССР мамлакатларининг бир қисми (Болтиқбўйи жумҳуриятлари) НАТОга аъзо бўлди Россиянинг ашаддий қаршилигига қарамасдан, МДҲ аъзолари бўлмиш Украина ва Гуржистон НАТОга кириш, ёки энг камида, Россиянинг орбитасидан НАТО орбитасига ўтиш йўлидан кетишмоқда. Шундан кейин ҳамманинг кўзи Марказий Осиёга, биринчи навбатда Ўзбекистонга бурилади. Чунки, НАТО орбитасига тортилиш навбати, мажуд ҳокимият буни истайдими-йўқми, катта аҳамияти йўқ, Ўзбекистонга келади. НАТО фақатгина ҳарбий альянс эмас, демократик иттифоқ экани, ҳозир у Афғонистонда кенг кўламли фаолият олиб бораётганини ҳисобга олсак, НАТОга яқин бўлиш мамлакатимиз манфаатларига тўла мос келади. Бизнинг минтақани демокралаштиришда, буюк қўшниларимиз Россия ва Хитой том тескари йўлдан кетишаётганини унутмайлик, НАТО ҳал қилувчи роль ўйнаши муқаррар. 5. Ўзбек демократик мухолифати, биринчи навбатда, “Бирлик” Партияси бугун етарлича потенциалга эга ва давлатни бошқаришда иштирок этиш учун демократик усуллар билан кураша олади. Мавжуд ҳукумат буни яхши билади ва нодемократик усуллар билан уни сиёсий саҳнага киритмасликка интилади. Демократик мухолифатнинг бирлашолмаётганини асосий сабаби эса, “Бирлик” Партияси бошқа мухолиф гуруҳларга нисбатан ўлчаб бўлмас даражада кучли эканлиги, бошқа гуруҳларнинг раҳбарлари “Бирлик” ичида эриб кетишдан қўрқишаётгани, яъни, аввал ҳам айтилганидек, шахсият сиёсий заруриятдан устун қўйилаётганидир. Ғарбнинг Ўзбекистонга нисбатан бошлаган янги сиёсати ўзбек мухолифатини кучайишига йўл очади, бирлашиш йўлида янги имкониятлар яратади. Шу унсурларни ҳисобга олиб янги стратегиялар яратиш ва олға кетиш керак.
Энди нималар қиламиз, қайси йўлдан кетамиз?
Бу саволга жавоб сифатида демократик мухолифат, ҳозир дунёда кўп ишлатилаётган атама билан айтсак, Ўзбекистонни мавжуд оғир сиёсий-иқтисодий вазиятдан олиб чиқишни мақсад қилиб қўйган “йўл харитаси” яратиши керак. Мухолифатнинг стратегиясини белгилайдиган бундай “йўл харитасининг” асосий нуқталарини ҳозироқ белгилаб олиш вақти келди. “Йўл харитасига” кирадиган асосий масалаларни қуйидаги тартибда санаб чиқиш мумкин. 1. 2009 йил 20 декабрда Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлади. Демак, мухолифатнинг бундан кейинги асосий вазифаси шу сайловларга тайёрланиш бўлиши кераклиги шубҳасиз. Бу сайловларда ҳар қандай ижобий натижага эришиш мамлакатимизда сиёсий ислоҳотларнинг бошланиши ва демократиянинг ривожланиши учун йўл очади. 2. Парламент сайловларида ижобий натижага эришиш учун Ўзбекистонда демократик мухолифатни “Бирлик” Партиясида бирлаштириш лозим. Чунки, бошқа мухолифат гуруҳлари маргиналликдан чиқолмадилар, Ўзбекистонда ўз струтураларини яратолмадилар ва кўринишидан яқин орада яратолмайдилар. Шу билан биргаликда, ўзбек демократлари ўтган йилларда кўзга кўринарли натижаларга эришолмаганидан тушкунликка тушиб, демократига зид бўлган хати-ҳаракатларга ҳам бош уришга тайёр бўлган мухолифат вакилларининг қадамлари қораланиши керак. Айни замонда, нафақат Ўзбекистонда, балки, бутун Марказий Осиёда оз бўлса ҳам ислом фундаментализми хавфи борлигидан келиб чиқиб, унинг олдини олиш учун керакли ишлар қилиш демократларнинг ҳам вазифаси эканлиги тан олиниши керак. 3. Ўзбекистон иқтисодий фалокат ёқасида. Бунинг сабаблари – мавжуд ҳокимиятнинг сиёсий ислоҳатларсиз иқтисодий ислоҳатлар ўтказишга уринишларининг кутилганидек муваффақиятсизликка учрагани ва демографик портлашнинг ҳам таъсирида ишсизлик даражасининг критик нуқтага келиши. Ўта оғир вазиятдан чиқиш йўли “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг бир қатор мақолаларида эълон қилинган. (Масалан, “Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари, “Ҳаракат” журнали, № 4(55), 2005). У ердаги таклифлар чуқурлаштирилиши ва кенгайтирилиши, улар асосида мухолифатнинг иқтисодий ривожланиш ва халқ фарованлигини ошириш дастури яратилиши керак. Бундай дастур Ўзбекистонни ҳозирги чуқур бўхрондан олиб чиқиш стратегияси бўлиб қолиши мумкин. 4. Ўзбек демократик мухолифати мамлакатнинг ташқи сиёскатини белгилашда ҳам фаол қатнашиши, Ўзбекистон Марказий Осиё Бирлиги яратиш масаласида ташуббусни ўз қўлига олиши кераклигини эълон қилиши лозим. Туркия билан алоқалар янги савияга олиб чиқилиши шартлиги ҳам шу йўналишдаги вазифалардан биридир. Кенгроқ маънодаги асосий масала – бир тарафдан, Ғарб, иккинча тарафдан Россия ва Хитойга бўлган муносабатларни мувозанатли олиб боришдир. Кўриниб турибдики, яқин ваъдали келажакда Россияда антидемократик тенденциялар кучайиб боради. Аммо, бу мамлакат бир неча миллион ўзбек учун маҳнат майдони бўлиб қолаётгани, Россия ҳудудидаги табиий бойликларни ўзлаштиришда Ўзбекистон ҳам манфаатдор эканлигини ҳисобга олиб, бу мамлакат билан алоқалар ривожлантирилиши керак. Ўзбек демократлари мустақилликдан кейин Россия демократлари билан узилиб қолган алоқаларни тиклашлари, икки мамлакатдаги ярим авторитар, ярим диктаторлик режимларига қарши биргаликда курашиш йўлларини излашлари зарур. Айни замонда, дунёда Ғарбнинг демократия карвонбошиси ва иқтисодий мотори сифатидаги роллари камаймайди. Ғарб билан яқинлашиш ва унинг структураларига кириш Ўзбекистон учун жуда муҳимдир. Бундай структураларнинг асосийси НАТО бўлиб қолмоқда. Шунинг учун, Украина ва Гуржистондан кейин, бу ҳарбий-сиёсий иттифоққа кириш учун асосий даъвогар Ўзбекистон бўлиши керак. Тўғри, Ўзбекистоннинг НАТО билан яқинлашишини Россия найзалар билан қаршилайди. Чунки, Ўзбекистоннинг НАТОга кириши ёки ҳатто у билан яқинлашиши – Россиянинрг бугунги ҳукумати учун Украина ва Гуржистоннинг бу шаклдаги қадамларидан ҳам хавотирли бўлиб кўриниши мумкин. Лекин, НАТОнинг ҳарбий-сиёсийдан кўра сиёсий иттифоққа ва дунёда демократик ривожланишларнинг кафолатчисига айланиб бориши, Россияни бу масалда тоқатли бўлишга олиб келади. Россиянинг ўзи барибир демократия йўлига қайтиши, ана ўшанда бу Иттифоқ билан муносабатлари илиқланиши ҳам муқаррар. Шундай экан, Ўзбекистон шу йўлидан кетиши ва, ҳатто, НАТОга кириш эҳтимоллиги факторидан дипломатик восита сифатида фойдаланиб, Россиянинг ўзбекистонлик меҳнат эмигрантларига муносабатини яна ҳам яхшиланишига, Россия-Ўзбекистон иқтисодий алоқаларини ўзи учун фойдали йўналишда ривожланишига эришиши керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону