Журнал Ҳаракат
№6 (69) 2007. С и ё с а т
Европа Иттифоқи Ўзбекистонга муносабатини ўзгартирди
Шу йил 15 октябрда Европа Иттифоқи мамлакатимизга нисбатан санкцияларининг бир қисмини бекор қилиш ҳақида хабар тарқатди. Бу қарор ўша куни Люксембургда Европа Иттифоқи Кенгашининг ташқи ишлар ва умумий масалалар бўйича йиғилишида қабул қилинган.
Маълум бўлишича, санкцияларнинг қурол эмбаргосига тегишли қисми сақлаб қолиниб, Андижон қатлиомига раҳбарлик қилган шахсларнинг Европа Иттифоқига киришини таъқиқлавчи қисми вақтинча тўхтатилган.
Табиий, бу қарор Европа Иттифоқининг Андижондаги хунрезликдан кейин Ўзбекистонга нисбатан тутган кескин позицияси бироз бўлса ҳам юмшаганини кўрсатади.
Шуни айтиш керакки, “Бирлик” Партияси диктаторларга нисбатан санкциялар жорий қилиш сиёсати самарали бўлмаслигини аввалданоқ гапириб, Ўзбекистонни халқаро структураларга интеграция қилиш демократия учун фойдали бўлишини билдирганди.
Ҳали ҳам ўша позициясида турган “Бирлик” Партияси Европа Иттифоқининг сўнги қарорига ўз муносабатини қуйидаги баёноти билан билдирди.
ЕВРОПА ИТТИФОҚИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА ЁНДОШИШ СИЁСАТИ ТЎҒРИ!
(“Бирлик” Партиясининг Баёноти, 5 ноябрь 2007 йил)
Европа Иттифоқи Андижонда аҳолининг ўққи тутилишидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига қарши киритган санкциялардан баъзиларини яқинда шартли бекор қилди, баъзиларини эса, давом эттиришга қарор берди. Европа Иттифоқининг санкциялар йўлини тўла инкор этмасдан, айни замонда, Ўзбекистон ҳукуматига самарали таъсир этиш усулларини қидириши тўғри сиёсат эканлигини тан олиш керак.
Чунки, Куба ва Саддам Ҳусайин давридаги Ироқ каби бундан ҳам мудҳиш санкцияларга дуч келган диктаторликларнинг тарихи шуни кўрсатмоқдаки, бу кунда фақатгина санкциялар жорий қилиш, диктатор ва авторитар режимларни дунёдан изоляция қилишга интилишнинг фойдаси кам. Айниқса, супер давлатларнинг баъзилари санкциялар киритишни эмас, бундай режимларни тўла қувватлаш йўлини танлаб турган пайтда.
Баъзи санкцияларнинг вақтинча бекор қилиниши Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар борлигини тан олаётгандек бўлиб кўринмайди. Чунки, Европа Иттифоқи бунга имо ҳам қилмади, аксинча, Ўзбекистонда ўзгаришлар йўқлиги, шундай бўлса ҳам, ўзбек ҳукуматини демократияни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масалаларида мулоқотга тортиш ниятида эканлигини очиқча кўрсатмоқда. Европа Иттифоқининг расмий ҳужжатларида, маъсул ходимларининг баёнотларида Ўзбекистондаги ҳамма салбий тенденциялар тилга олинмоқда ва танқид қилинмоқда.
“Бирлик” Партияси Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши киритилган санкциялар таркибини ўзгартириш бўйича 2007 йил 15 октябрь қарорларини ижобий баҳолайди, аввалги баёнотларида ҳам таъкидланганидек (масалан, 2006 йил 6 ноябрь баёноти), Каримов ҳукуматига ўтказилаётган ташқи босимни ва Ўзбекистонни халқаро структураларга интерация қилишни усталик билан биргаликда олиб бориш керак, деб ҳисоблайди.
Шуни ҳам айтиш керакки, Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийлари билан мулоқотларида асосан инсон ҳуқуқларига оид мусалаларни кўтармоқда. Бу тўғри, аммо инсон ҳуқуқлари соҳасида орқага қайтиб бўлмайдиган ўзгаришларга эришиш учун демократик мухолифатнинг расмий сиёсий саҳнага кириши, президент ва парламент сайловларида иштирок этиши мутлақо зарур. Европа Иттифоқи бу масалаларни ҳам ўзбек расмийлари олдига қўйиши, хусусан, Ўзбекистон ҳукумати “Бирлик” Партиясини рўйхатга олишни уч йидан бери пайсалга солиб келаётгани, унга бу йилги президент сайловида иштирок этишига йўл берилмаганини ҳам танқид қилиши керак.
“Бирлик” Партияси 2009 йилда бўладиган парламент сайловларида иштирок этиш учун ҳаракат қилади ва Европа Иттифоқи у сайловларнинг демократик руҳда ўтказиш талабларини Ўзбекистон ҳукумати олдига қўяди, деб умид билдиради.
“Бирлик” Партияси бу масалаларни ечиш йўлида Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқатга тайёр ва Европа Иттифоқининг тегишли структуралари билан олиб бораётган мулоқотларини давом эттираверади.
* * *
(“Бирлик” Партиясининг Баёноти, 5 ноябрь 2007 йил)