Холдор Вулқон - Олисларда ёнган чироқлар
[Ҳужжатли қиссанинг давоми. Боши журналнинг 6(63), 2006, 1(64), 2(65), 4(67) ва 5(68), 2007 сонларида]
22. Устозлар меҳри
Медальнинг икки томони бўлади деганларидай, гарчанд “Дўрмон” воқеасидан сўнг мен учун осмон қарғалардан қорайиб, нурсиз зулматларда қолиб кетган эсамда, адабий элита орасидаги яширин обрў-эътиборим анча юксалиб кетди. Бир куни телевизор кўриб ўтирсам, Ҳалима Худойбердиева чиқиб шеър ўқиб қолди. Шеърни бир эшитишдаёқ ёдлаб ололмаган бўлсамда, унинг мазмун-моҳияти ва айрим узуқ-юлуқ мисралар ёдимда қолди. Тўрда ҳайқирдингми, демакки, сен шоирсан. Шўрда ҳайқирдингми, демакки, сен шоирсан. Сағаналарни қўпориб Гўрда ҳайқирдингми, демакки, сен шоирсан. Мантиқ жадвалига солиб кўрилса бу шеър айнан менинг “Дўрмон”даги ҳайқириғим билан боғлиқ экани аён бўлади. Негаки тўрда, яъни “Оқсаройнинг”нинг шундоққина ёнида, мендан бошқа шоир ҳайқирмаган. Тўғрироғи, ҳайқириб эсини еганлари йўқ. Ҳалима опанинг шеъри менинг ҳайқириғимга қайтган акс-садо эди. Мен август ойида бу турли норозилик акциясини амалга оширган бўлсам, январ ойига бориб устоз Саид Ахмад “Қоракўз мажнун” номли ҳикоя ёзди. Ҳикояда бир кампирнинг “Қоракўз мажнун” деган лайча ити бўлади. Кампир тўсатдан вафот этган куни қўшни хонадонда зиёфат ўтаётган бўлиб, у ерга казо-казо бойваччалар йиғилгани ва маст-аласт кимсалар кампирнинг ўлганини маълум қилиш учун тинмай акиллаётган лайчани ов милтиғи билан отиб ташлаши баён қилинади. Бу ҳикояни ҳам мантиқ ғалвиридан ўтказамиз. Кампирнинг ўлими Озодлик ва Адолатнинг йўқ қилиниши. Хураётган лайча – ҳайқираётган мен. “Қоракўз” – кўзимнинг остидаги холга ишора. “Мажнун” – "Жиннилик" қилганим. Зиёфатдаги маст-аласт кимсалар Эркин Воҳидов дачасига йиғилган адабий элита. Саид Аҳмад ўша ҳикоясини китобга киритди ва у китоб “Қоракўз мажнун” номи билан чоп этилди. Гарчанд ўша кунги кўрсатган “кашфи кароматим” ўта беъмани бўлсада, менинг хулиганлигим ва хибсга олинишим Саид Аҳмадга ўз ёшлигини эслатгандир. Ҳамда қизиқ воқеаларга ўч қария, адабиётимиз оқсоқоли миясига ўша ҳикояни ёзиш фикри келгандир. Тағин ким билади. Қачонлардир Эркин Воҳидов бошлиқ бир гуруҳ ёзувчи-шоирлар Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасига муқобил ўлароқ “Адиблар иттифоқи”ни тузишга уриндилар. Уюшмада қолишга маҳкум айрим истеъдодсиз ёзғувчи ва шоирчаларга ва истеъдодли ёзувчи шоирлардан ҳадиксировчи ҳукуматга ёқмади. Натижада Эркин Воҳидов ва Хуршид Давронларнинг уринишлари зое кетиб “Адиблар иттифоқи” давлат рўйхатидан ўтказилмади.. Шундай қилиб ўзбек адабиёти икки лагерга бўлиниб кетди. Бу бўлгинчилик айниқса СНБга қўл келди, улар иккига бўлинган ёзувчиларнинг ҳукуматпараст бўлагидан фойдаланиб истеъдод оламидаги “янгилик”лардан бохабар ишлайдиган бўлдилар. Ҳар икки оқим вакиллари билан бирдай муносабатда бўлганим учун мени ҳар иккала томон ҳам ҳурмат қилар, менга дардини дастурхон қилишар, мен уларнинг бирови айтган гапни ҳеч қачон иккинчи тамон вакилларига айтмасдим. Шунинг учун бўлса керак, мени иккала гуруҳ ҳам яхши кўрарди. Менинг ҳибсга олинишим, ишдан четлатилишим ва адабий жамоатчиликка бадтар ўгайлашишимдан менга ва менинг ижодимга душманлик кайфиятида бўлган ғанимларнинг шами ёниб, улар “энди Холдор Вулқон қайта тикланмайдиган бўлиб синди, у энди ҳеч қачон оқланмайди” дея башорат қилиб териларига сиғмай севиндилар. Лекин бу икки қутбли дунёда ғанимчаларга муқобил ўлароқ дўстларим ҳам йўқ эмасди. Улар Каримов ва унинг режимини жинидан бадтар ёмон кўришсада, ўзларини ҳукуматпараст қилиб кўрсатиб, айёрликка қарши маккорлик билан “Яланғоч қирол” ривоятидаги мустабид золим қиролнинг устидан кулиб, унинг йўқ киймини мақтаётган аъёнлардек яшардилар. Мен ҳам яшашнинг янги, экстримал усулини топдим ва мустақил журналист бўлиб фаолият кўрсата бошладим. Золим ҳукумат ва очкўз ҳокимчалар ва раҳбарчаларнинг зулмидан фиғони фалакка ўрлаган одамларнинг сон-саноғи йўқдай эди. Мен уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қила бошладим. Чўчқадай семириб, ташкилот, муассасаларни каламушдай кемириб ётган ҳаромзодаларни кези келганда тиз чўктириб ҳақоратланган; ноҳақ ишдан четлатилган, ёки мулки зўравонларча тортиб олинган оддий одамлардан кечирим сўратар эдим. Ноҳақ ишдан четлатилганларни қайта ўз ишчи ўрнига тиклатиб, уларга етказилган зарарни тўлатдирар эдим. “Инжил"да "Ҳар қандай сир албатта ошкор бўлади" деган қатъий оят бор. Шунинг учун очиқ ёзаман. Жабрланган мижоз аризаси тўла қондирилгач, мен золимларни яна қисди-қафасга олардим. Улар “жон ака, қўйинг энди, мақолани бирон ёққа жўнатиб шармсор қилманг, жувонмарг бўлиб кетмайлик. Акагинам, тўйларингизда хизмат қилайлик” дея ялинишар, қўярда-қўймай чўнтагимга беш-тўрт сўм пул солиб кетишарди. Мен у пулларни қамбағаллардан ҳақ олмай уларни ҳимоя қилганим учун Худо тамонидан менга берилган ризқ деб қабул қилардим. Ахир, ўша пайтда бола-чақамни боқиш учун менда бошқа молиявий манба йўқ эдида. Ўзим учун эмас, бола-чақам оч қолмаслиги учун шу йўлни тутишга мажбур бўлганман. Шундай кунларнинг бирида Тошкентлик ҳайкалтарош Равшан Миртожиев билан учрашиб қолдим. Равшан акам Ўзбекнинг энг зўр ҳайкалтарошларидан бири бўлиб, баландлиги 8-10 метрли Ҳазрат Алишер Навоийнинг, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг, Абурайхон Берунийнинг ва бошқа шоиру олимларнинг бронза ҳайкалларини ясаб дунёнинг турли давлатларига ўрнатиб келганини билардим, унинг истеъдодини ҳурмат қилардим. Андижондаги Бобур ҳазратларининг от миниб турган хайбатли бронза ҳайкали ва Абдулҳамид Чўлпоннинг улкан бронза ҳайкали ҳам шу ҳайкалтарош ижодининг маҳсули эди. Биз санъат ҳақида суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, Равшан акам “Холдор, биз ҳаммамиз ижодкормиз. Бизлар бир-биримизга ёрдам бериб яшашимиз жоиз. Хизмат бўлса тортинмай айтинг” деди. Мен ўйланиб қолдим. Кейин китоб чиқариш мақсадим борлигини, лекин маблағ йўғлигини айтдим. Равшан акам “агар жуда унчалик кўп бўлмаса ёрдам қиламан” деди. Мен раҳмат айтдим. Кейин биронта нашриёт билан гаплашиб китобимга кетадиган ҳаражатни сарҳисоб қилдириб сўнг маълум қилажагимни айтдим. Тўғриси китобим нашриясини биронта нашриёт зиммасига олишига ишончим йўқ эди. Қўрқса керак дердим. Неформал дисседентлигимдан эса Равшан Миртожиевнинг хабари йўқ эди. Нима бўлдию бир куни тақдир тақозаси билан “Янги аср авлоди” собиқ “Ёш гвардия” нашриётига иш билан бориб қолдим. У ерда Ўзбекистон халқ шоири, ажойиб инсон, раҳматли Нормурод Нарзуллаевни учратиб қолдим. У мен билан кўришаркан, “Қалай, яхши юрибсанми, шоири замон” – деди. Мен “ҳа” дея ўз навбатимда кекса шоирдан ҳол-аҳвол сўрадим. Ўшанда Нормурод ака янги жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган пайтлари экан. Мен “ҳомий топиб пул ўтказсам китобим чиқадими? – дея сўрадим. “Нага чиқмас экан. Жуда чиқадиде. Сан пулли ўтқазган кундан бошлаб бизар ишни бошлаворовуза, – деди Нормурод акам. Шунданг сўнг мен китобимни калькуляция қилдириб ҳаражатни аниқладимда Равшан акамга қўнғироқ қилдим. - Қанча пул ўтказиш керак? – деди Равшан акам. - 300 минг сўм, – дедим мен ҳадик ва хавотир ичра. - Э. арзимас пул эканку. Мен бирор миллион сўммикин дебман, – деди Равшан акам енгил тортиб. Сўнг қўшимча қилди: - Уйга шартномани ташлаб кетинг. Пулни ўтқазиб бераман, - деди у. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Қайта-қайта раҳмат айтдим. Бир куни нашриётга қўнғироқ қилсам, Нормурод ака: - Шоири замон, пулинг ўтди. Китобингни нашр қивоммиза, келиб корректировкасини ўқиб қўл қўйиб кетгин, – дедилар. Мен ўша куниёқ қанот боғлаб Тошкентга учдим гўё. Ахир, шоир, ёзувчига китоби чиқаётганини эшитиш, ёш отанинг туғруқхона дарчасидан “ўғил кўрдингиз” деган калимани эшитишдай завқу-шавқли эмасми. Нихоят учинчи китобим “Тунги лайлакқор” ҳам дунё юзини кўрди. Бу воқеа мен учун Аллоҳнинг навбатдаги мўъжизаси эди. Бу ҳам оздай Равшан Миртожиев қайтарилиши керак бўлган 300000 (уч юз минг) сўм пулдан кечиб расман тилхат ёзиб берди. Китобимга дастхат ёзиб совға қилганимда душманчаларнинг ранги кўкариб, кўзларининг пахтаси чиқди, ҳасаддан кўпчилиги касал бўлиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Бу ҳам холваси экан. Кунлардан бир кун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида китобимдан олинган 5-6 шеъримни суратим билан чоп этиб юборишди. Улар орасида севги ҳақидаги лирик шеърлар билан идиотизмда ёзилган кинояли исёнкор шеърларим ҳам бор эди. У шеърлар адабий жамоатчиликда, шоир-ёзувчилар орасида "Воқеа" бўлди. Ўша шеърлардан бирини ушбу қиссада ҳам эътироф этгим келди. Мана ўша шеър, ТАЗАРРУ Мен осмонни иккиқат дебман, Кечиринглар, еттиқат экан. Санчилар, деб булутлар қўрқар, Иягимда ўстирсам тикан. Кечиринглар, менинг кўзимга, Кўринибди мисоли безак. Сигирларнинг нодир асари, Атиргулга ўхшаган тезак. Узр, писанд этмаган бўлсам, Назокатли кимсалар дидин. Устун қўйиб Фаранг мушкидан Даладаги бурганлар хидин. Маъзур тутинг, ўхшаса агар, Бармоқларим семиз қуртларга Ва кузатсам сиздан берухсат Турналарни олис юртларга. Узр, одам хисоблаб сизни, Борган бўлсам баъзан топиниб. Хайр энди, вақт кеч бўлди, Мен ухлайин ерни ёпиниб. Ўша шеърлар орасида “Канглум” деган шеър ҳам чоп этилган бўлиб, у шеър шоир Икром Отамуродга бағишланган эди. Ўз овози, ўз созига эга бўлган бу ажойиб шоир негадир “кўнгил” сўзини ўз шеърларида кўп истеъмол қилар, яна бу сўзни эркалатиб ўн бешинчи аср шевасида “канглум” дея талаффуз қилар, шу сабаб шоирлар ва ёзувчилар уни орқаворотдан “Канглум” деб аташарди. Мен Икром акамнинг бу муборак лақабини очиқ ошкора айтганим шоирларнинг бадтар қитиғини келтириб улар ҳар ҳаёқдан қўнғироқ қилишганича: “Икром, “Адабиёт ва санъат”даги шеърни ўқидингми? Вулқон сенга атаб шеър ёзибди” дея муборакбод этишибди. Мен хавотирланиб “Икром акам хиппа ёқамдан олиб, ҳой, ахмоқ, нага мани масҳара қилдинг? “Шарқ юлдузи”да шеърларингни эълон қилганимга раҳматингми бу?! – дея, ўнг кўзимнинг остига ҳам хол қўйиб қўймасайди – деб юрдим. Лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Учрашганимизда менинг ҳар кимга ҳам шеър бағишлайвермаслигимни, қилган ишим самимийлик, беғараз, эҳтиромим белгиси эканини яхши билган бағри кенг шоир Икром Отамурод мени қучоқлаб бағрига босганича: “Раҳмат укажон, манга атаб шеър ёзибсиз, хурсандман” деб қўйди. Кейин кулиб: - Шоир-ёзувчилар Сизни сўраб қўнғироқ қилавериб қулоқ-миямни ейишди. Жуманиёз Жабборов билан Шукрулло домлага қўнғироқ қилиб қўйинг. Айниқса: Шукрулло ака “Икром Санга шеър бағишлаган шоир келиб қолса этгин, албатта манга қўнғироқ қилсин – дея тайинладилар. Манга дастхат ёзиб совға қилган китобингизни ҳам ўқиб чиқиб қайтариши шарти билан олиб кетиб қолдилар. Тезда қўнғироқ қилинг, мана телефон рақамлари - деди. Мен қўнғироқ қилдим. Гўшакни Шукрулло домла кўтардилар.Мен саломлашиб ўзимни танитганимдан сўнг Шукрулло аканинг сўзлаши янада жонланди: - Э, санмисан? Яхши келдингми? Манга қара, адресси берсам бизани ўйни топиб келолийсанми? – дедилар домла. - Албатта, - дедим мен. Домла адресини айтдилар, мен ёзиб олдим. Сўнг Икром ака билан хайрлашиб йўлга тушар эканман йўл-йўлакай бозордан “Торпеда” деб аталгувчи Мирзачўлнинг узун қовунидан, тарвуз, гўшт, нон дегандай майда-чуйда қилиб Шукрулло домланинг уйига бордим. Дорвоза қўнғироғини боссам домла кутиб турганлари учун ҳаялламай тезда чиқиб келдилар. Сталиннинг ўлим лагерларида ётиб чиққан бу иродаси мустаҳкам, ўжар шоир қариб анча озиб қолганидан йўл-йўл пижамада худди концлагерь маҳбусини эслатарди. Бизлар кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашар эканмиз, мен олиб келинган нарсаларни дорвозахонага ташидим. - Э, шоир, намунча овора бўлиб мамнақа нарсаларни кўтариб юрибсан? –дедилар Шукрулло ака. Кейин: - қани ичкарига юрувр – деб озғин қоқсуяк қўллари билан йўл бошлади. Мен: - Манави нарсаларни ичкарига олиб кириб қўймаймизми? - дедим. Шунда домла: - Э, юрувр, ўзлари олиб кириб қўйишади, – дедилар. Бу гап кекса шоирнинг назари тўқ одам эканидан далолат берарди. Биз хашаматли коттеджнинг биринчи қаватидаги залга кириб оқ дастурхон устига плёнка тўшалган узун банкет столи атрофидаги курсиларга ўтирдик. Дуо қилингач домланинг келини бўлсалар керак, бир зумда столни ноз-неъматларга тўлдириб чой келтирди. Чой ичиб писта, майиз, қиёмлардан тотиниб ўтирдик. - Ҳа, шоир, яхши келдингми? Қалай Андижонлар тинчми? Оббо сене-е-й, - деб менинг афти ангоримни қизиқиш билан кузатди домла. У мени худди Ҳитой бамбукзорларида у ёққа ағанаб – бу ёққа ағанаб, бамбук баргларини ямлаётган "Панда" айиғига қарагандай меҳр ва қизиш билан қарар, унинг бу қарашларида ғараз йўқ эди. Кўп ўтмай овқат келтиришди. - Ароқ ичасанми? – дедилар домла овқатдан аввал. Мен “йўқ” дедим. Чунки йўл-йўлакай қовоқхонага кириб керагини “уриб” олган эдим. Биз овқатландик. Десертга қовун келтирилди: - Қани мамби қовунладан олчи, ол - у шундай деб ўзи бошлаб бераркан, бир карч қовунни “шулп-шулп” эткизиб пўчоғини алоҳида қилиб қўяркан сочиқ билан оғзини артиб: - Сан манинг қовунни яхши кўришимни қаёқдан билдинг? Мирзачўлли қовунидан олиб келибсана, - дедилар. Мен бу саволга жилмайиб қўя қолдим. Қовундан едим. “Оби новвот” экан. Домла “ҳа, қани ол, тортинма” дея мулозамат қиларкан яна икки карч қовунни ошқозонига қамади. Дастурхонга дуо қилингач биз адабиёт, шеърият ҳақида узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Домла менга янги шеърларимдан ўқитдилар. Кейин мени ҳайратда қўйиб модернизм, акмеизм, символизм, авангардизм каби оқимлар ҳақида тушунча беришимни сўради. Мен аввалига беодоблик бўлиб қолмасмикан деб истиҳола қилдим. Домла ўз сўзида қаттиқ туриб олгач , мен унга “изм”лар ҳақида билганимча тушунтирдим. Шунда кекса реалист шоирниг биз акмеист, модернист ва полифонистларга ҳаваси келишини сездим. Ўзини катта олмай, кибру ҳавога берилмай, қитмирлик қилмай, билмаган нарсасини ор қилмай невараси тенги шоирдан сўраган Шукрулло ака ўзи билмаган ҳолда ўзининг камтарлигини, оқкўнгиллигини намойиш қилди. Шундан кейин Шукрулло домлага нисбатан юз чандон ҳурмат эҳтиромим ортиб кетди. Гап гапга уланиб кекса шоир дўстлари Расул Ғамзатов, Давид Кугултинов, Қайсин Қулиев, Чингиз Айтматовларни эслади. Мен ўтирган жойга ишора қилиб: - Биласанми, бир пайтлар шу сен ўтирган жойда Расул Ғамзатов ўтирган эди. – деб қўйдилар. Бир маҳал жиринглаётган телефон гўшагини кўтариб ким биландир суҳбатлашар экан менга: - Эткандай, чойхонада бизани бир ўй одам кутвотти. Сани шарафинга ош дамлатиб маҳалладошлага, улфатлага бир шоир келади, деб қўйгандим, чақиришивотти. Юр чиқийлу тезроқ, дея тараддудланиб қолдилар . Мен унамадим. Тўғриси, тортиндим. - Раҳмат, бошқа сафар - дедим. - Э, яхши бўлмадиде, ҳа майли, узоқ йўл. Довонладан ошиб келгансан. Чарчаган бўлсанг керак. Майли дамингни олақол, - деди домла. Биз кечки овқатдан сўнг яна анчагача шеър ўқишиб, суҳбатлашиб ўтирдик. Шу кеча домла ҳовли саҳнидаги сўрига мен учун ўрин тайёрлатдилар. Сўнг менга хайрли тун тилаб кампири билан ичкарига кириб кетар экан, мен сўрида ётганимча ғир-ғир шабада эсаётган ҳовли аро Тошкент осмонида порлаётган юлдузларни кузатиб ҳаёл сурганимча донг қотиб ухлаб қолибман. Эрталаб уйғонсам, Шукрулло ака ҳовлида айланиб юрган эканлар. У менга: - Қалай, шоир совуқ еб қолмадингми, ишқилиб? – дедилар. Мен “йўқ, мазза қилиб ухладим” дея ўрнимдан туриб, юз-қўлимни ювдимда, домла узатган сочиққа артиндим. Кейин домла билан ҳашаматли ошхонага кириб нонушта қила бошларканмиз, домла ушатилган нонларга ишора қилиб: - Садриддин Айнийга ўхшаб мамби нонлани жуда майда ушатвормадимми? – деди жилмайиб. - Садриддин Айний нонни майда ушатар эканми? – сўрадим мен. - Э. нонни майда ушатиш ҳам гапми, Садриддин Айний ошига пашша тушиб қолса, пашшанинг шундоқ қанотидан ушлаб уни обдон шимиб, бир четга қўярканладе, овқатни пок-покиза тушириб ичиб оларканла, – деди Шукрулло ака. У Садриддин Айнийнинг пашша шимиганини шундай ҳаётий қилиб кўрсатдики, кўзимга унинг қўлида ростдан ҳам пашша бордай кўриниб кетди. Шукрулло ака шунақа қизиқчи одам эканлар. Нонуштадан сўнг кўчага чиқдик. Шукрулло ака қўярда қўймай мени муюлишгача кузатиб борди. Хайрлашдик. Мен жўнаб кетар эканман, кекса шоир йўл-йўл пижамада худди маҳбусдай озғин қўлларини ортига қилганича узоқ қараб турдилар.
23. Ҳикматли дунё
Қишлоғимизда Қозоқ эшон деган темирчи бўларди. Юксак муомала маданиятига эга бу инсон хуш муомиласи билан ҳар қандай одамни ҳам сехрлаб ўзига маҳлиё қила олар, худди қор ғижирлаётганга ўхшаш товуш билан гапирарди. Қозоқ эшон баъзан пиёда баъзан велосипед миниб кўчадан ўтиб қолар, барча билан бирдай қўлини кўксига қўйиб саломлашар, ҳатто кичкина гўдакка ҳам салом берар, шундай гўзал инсоний фазилатлари, камтаринлиги учун бу одамни қишлоқ аҳли ёппасига ҳурмат қилар эди. Қозоқ эшоннинг бошқалардан ажраб турадиган яна бир қирраси - у шеър ёзарди. Қўшиқ айтарди. Ҳеч қандай чолғу анжомисиз кекирдагида сурнай чаларди. У ўзининг темирчилик дўконида дам босиб, темир қиздириб, қизиган темирни сандонда болғалаб катталар учун ўроқ, кетмон, болта, теша каби ускуналар ясаб, кичкина болаларни ҳам эсдан чиқармай, уларга хуштак ясаб берар, болалар ҳам ўз навбатида Қозоқ эшонни яхши кўришарди. Қозоқ эшон дадамнинг дўсти эди. Мен ёшлик чоғларимда дадамнинг топшириғи билан ўроқ, кетмон, тешаларни таъмирлатгани эшоннинг темирчилик дўконига борар эдим. Эчки пўстаги михланган ўриндиқда ўтириб унинг ишлашини кузатиш мен учун жуда завқли эди. Манглайига дурра танғиб олган Қозоқ эшон бақувват, серюнг қўллари билан дастаси узун омбирда қизиб чўғ бўлган металлни олиб сандон устига қўяр, сўнг уни иккинчи қўлидаги болға билан тобига келгунча болғалар, металлдан чатнаган чўғ доналари ҳудди қизил чивинлардай ҳар тамонга учар, “Танг-тунг!”, “Танг-тунг!” деган ёқимли, илоҳий жаранг дўкон деворларига урилиб акс-садо берарди. Кўнгилдагидай ишлов берилган ускунани Қозоқ эшон сувли идишга туширганда сув “Пришш” этиб қайнаб, буғ кўтариларди. Мен ўша олис завқли тамошани ҳозиргача бот-бот эслайман. Шундай пайтлар қулоқларим остида “Танг-тунг!”, “Танг-тунг!” деган ажойиб товуш жаранглаётгандай туюлади. Гарчанд Қозиқ эшоннинг темирчилик дўкони аллақачон йўқ бўлиб кетган эсада, менинг хотирамда ҳамон мавжуд. Бизга муомала-маданиятини, камтаринлик ва хоксорликни, самимийликни ўргатиб кетган ажойиб инсон уста Қозоқ умрининг сўнги йилларини “Сув юлдуз” деган қишлоқдаги касалхонада ўтказди. Кекса шоир шу касалхонада ҳам даволаниб ҳам қоровулчилик қилди. Мен ҳар гал ўша йўл ёқасидаги касалхона ёнидан ўтганимда Қозоқ амакини эслайман. Назаримда у ўлмагандай, худди пастак қоровулхона дарчасидан кулиб қараб турганга ўхшайди. Қишлоғимизда Қозоқ эшондан ташқари яна иккита темирчи бўлиб, уларнинг бири Мансурали ака, иккинчиси Абдумухтор ака эди. Мен Мансурали темирчи ҳақида унча кўп билмасамда, Абдумухтор акани жуда яхши билардим. Новча бўйли, қоратўри, озғин бўйни, оёқ-қўллари узун, соқоли шамолда хилпираб тургувчи Абдумухтор темирчи ёзда эгнига оқ яктак, оқ иштон, бошига эски дўппи, оёқларига калиш кийиб юрар, кўринишидан "Насриддин афанди" фильмидаги Боғдодлик Мунажжим Ҳусайн Ҳусниллони эслатгувчи бу инсон қишда эгнига чопон, бошига куя еган телпак, оёқларига махси-калиш кийиб юрар эди. У турли хил латифалар, қулоқ эшитмаган ҳангомаларни тўқишга ва уни ижро этишга устаси фаранг бўлганидан, унга суҳбатдош бўлган одам зерикмасди. Биз болалар мактабдан қайтаётиб Абдумухтор темирчининг пахса девори ортидаги майдонда футбол ўйнардик. Бир гал тепилган тўп пахса девор оша Абдумухтор темирчининг томорқасига ўтиб кетди. Биз тўпни олиш учун девор ошмоқчи бўлиб турсак, кутилмаганда тўпимиз тенг иккига бўлиниб “талак” этиб ёнимизга тушди. Биз хомушланиб, мотоцикл ҳайдовчиси ёки сузиш мусобақаси қатнашчилари қалпоғига ўхшаб қолганича, икки бўлакка бўлиниб ётган тўпга тикилиб қолдик. Бундай воқеа бир неча бор такрорланиб тўпларимиз сирли равишда қурбон бўлавергач, Абдумухтор темирчининг пахса девори ортида футбол ўйнамайдиган бўлганмиз. Ким билади, балки Абдумухтор темирчи томорқасига тушган тўпимиз ёнига товушсиз юриб келиб уни ёриб девордан улоқтиргач, иккига бўлинган тўпга тикилиб турган биз болаларнинг аҳволини девор ковагидан кузатиб, овозсиз қотиб-қотиб кулгандир, ҳузурлангандир. Йиллар ўтиб улғайиб мен иморат қурдим. Иморат томига шифер қоқишдан аввал туникасоз желуба, тарновлар қилиш керак бўларкан. Бу иш фақат Абдумухтор ака раҳматлининг қўлидан келарди. Мен унга буюртма бердим. У тунукаларни қайчида қийиб-бичиб, ёғоч тўқмоғи билан уриб ялпайтириб ишлар, иш жараёнида қизиқ-қизиқ гапларни гапирар, мен ишлашдан тўхтаб роса кулардим. Унинг бир ҳангомасини сиз билан баҳам кўрмоқчиман. - Менинг отим асли Тўхтасин бўлган, - дея гап бошлади Абдумухтор ака. Фарзандлари кетиб қолавергач дадам раҳматли нобудгарчилик тўхтар деб, менга Тўхтасин исмини қўйган экан. Дадам мироб бўлганликлари учун ўз одамлари билан Қорадарёга сепоялар ўрнатиб тўғон босар, шу тариқа пахтазорларга, полиз пайкалларига сув чиқарарканлар. Мен туғилган йили дарё қутуриб сепояларни ағдариб, тўғонни суриб кетаверибди. Шу маҳал тўғонда ишлаётган юзлаб одамлар орасидан кимдир: - Ҳалойиқ, орамизда Тўхтасин исмли одам борми?! – дебди ҳайқириб. - Бор, нимайди?! – дебди кимдир унга жавобан. - Ўшани ушланглар, тўғонга босамиз! Тўхтасинни тўғонга боссак сув тўхтайди! – дебди ҳалиги одам. Шу маҳал Тўхтасин исмли новча озғин кимса оломондан ажраб чиқиб қоча бошлабди: - Ҳой, Тўхтасин қочиб кетяпти! Ушла! – дея қичқирибди биров. Беш–ўн киши қувиб Тўхтасинни тутишибди. Сўнг уни “Шафқат қилинглар, учта болам б-о-ор! - дейишига ҳам қарамай тўғонга босиб юборишган экан. Шу кеча дадам уйга келиб онамга: - Хотин, Тўхтасин деганини тўғонга босиб юборишди. Бугундан бошлаб ўғлимизни Тўхтасин демайлик, - деган экан. Шундай қилиб мен Абдумухтор бўлиб қолганман, - деди темирчи тунукасоз. Мен баъзан ёмғир ёғаётганда желуба тарновидан оқиб тушаётган зилол ёмғир сувларига ўйчан термулиб, қизиқчи Абдумухтор акани эслайман. Эҳ, қанча-қанча ажойиб одамлар ўтиб кетдия! -дея ўйлайман. Ҳа, инсон боласи қоронғиликдан чиқиб яна қоронғуликка кириб кетаркану, шу туташган умр чизиғи адоғида бир доира, айлана ясар экан. Айланалар эса сирли. Ер, ой, қуёш ва бошқа тамоми сайёралар,. ғилдираклар, турбиналар айланади. Йиллар айланади, фасллар айланиб келаверади. Мени айланалар, айланишлар, тана тўзилиши циркулга ўхшаш одамнинг айлана шакл чизганича коинотга қўшилиб айланиши, ерга айланиши ҳайратга солади. Бир куни оддий, бир маҳалладошимга: - Ҳа, астойдилсану, қаёққа? – деб савол бердим. У бўлса: - Юрибман, айланиб, - деди. Бир кампир эса: - Қишлоғимизнинг яралгандан бери қабристони йўқ эди. Ҳокимлар билан талашиб-тортишиб бизга қабристон ажратиб бердингиз. Илоё муродингизга етинг, айланай, журналист болам, - деди. “Айланай”, деди. Олимларнинг эмас, оддий одамларининг сўзи коинотда кечгувчи сирли жараён билан боғлиқ Ўзбек халқи нега энди “Қўй” ёки “Гой” бўлиши керак? Ер юзи халқларига маданиятни, илму фанни, давлатчилик қонун қоидаларини ўргатган менинг халқимни “қўй” деган қўрқоқ, сасиқ чўчқалардан, “гой” деган, Ватансиз, писмиқ, ўғри ҳаромзодалардан, бир миллатни иккинчи миллатдан юқори қўйгувчи, ҳокимият, амалу мансаб учун кези келса кетини ҳам беришга тайёр, Худони унутган калтафахм, маҳалийчи, бўлғинчи сепаратистлардан нафратланаман. Менинг энг буюк орзу ва муқаддас матлабим – аслида Одам Атонинг ҳамда мамо Ҳавонинг фарзандлари бўлган ёр юзидаги барча инсонлар, чегарасиз, паспортсиз, қуролсиз, КГБсиз, ЦРУсиз, “Токко”сиз, “Массад”сиз ягона оила бўлиб ҳур-озод ва фаровон яшашларидир. Мен бутун ер шари халқлари учун ягона халқаро конституция, ягона пул бирлиги, ягона парламент бўлишини истайман! Майли, мени космополит десинлар! Майли, мени тентак атасинлар! Мен умримнинг қолган қисмини Худо буюрса шу ғоялар тарғиботи билан боғлиқ қисса ва романлар ёзишга бахш этаман! Секин-аста пуллар бирлашаётгани, давлатлар ҳамжамиятларга, ягона иқтисодий блокларга бирикиётгани инсоният онги балоғатга етаётганидан далолатдир. Хоҳишим, миллиард–миллиард квадрат километр чегараларга, разведка ва контрразведкага, атом бомбаларига, армияга сарф қилинаётган маблағлар бутун дунё халқлари ҳаётини яхшилашга, ободончиликка, илму фанга сарф қилинса, урушлар, қимматчиликлар, қаҳатчиликлар, очарчиликлар йўқ бўлса! Одамлар мен каби Ватандан қувилиб, бола-чақаси билан хор-зор бўлмаса! Ўша пайтлар энг майда деталларигача пухта ўйлаб ишга туширилган Каримов режими Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳар бир ҳурфикрли кишини назоратда ушлаб туриш топшириғини олгани боис улар қамаса сиёсий жанжалларга сабаб бўлувчи бўйсунмас кимсаларни, норасмий хуқуқ ҳимояси ташкилотларига аъзо бўлишининг олдини олиб, махсус сунъий хуқуқ ҳимояси ташкилотларини очар ва унга ўша исёнкор журналист ва мустақил хуқуқ химоячиларини тортишга ҳаракат қиларди. Мен иш ахтариб тополмай мустақил журналист сифатида фаолият юрита бошлаганимдан хавотирга тушган режим ўзининг югурдакларини ишга солиб, мени Зоҳидов Марат раҳбарлигидаги МОПЧ (Международное общество прав человека) деб аталган ташкилотга ишга киришимни таклиф қилишди. Бу ташкилотнинг сунъийлигини, ҳукуматпараст-лигини бирнеча одамлардан эшитганимдан сўнг бу ҳақда МОПЧ нинг Андижон бўлими бошлиғи, ҳозирда марҳум Эргашев Қодиржон Комиловичга айтдим. "Айтишларича бу ташкилот ва Марат Зохидов ҳукуматга хизмат қилар эмиш. Қолаверса сиз ҳам милицияда ишлаган экансиз. Қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб мени муҳолифат олдида бир тийин қилмоқчи бўлибсизларда-а?" дедим. Шунда Қодиржон раҳматли бу гапимдан астойдил хафа бўлган эди. - Ҳа, милицияда ишлаганман. Милиция раҳбарлари олиб бораётган порахўрликларга қарши чиқиб уларни танқид қилганимдан кейин мени ноҳақ ишдан бўшатишди. Россияда 20 йил ишлаб ҳалолликка, тўғрисўзликка ўрганганман. Ватанда ноҳақликларга кўника олмадим. Мени пенсияга ҳам чиқармай ҳайдашди. Мен бундан ҳафа эмасман. Аксинча хурсандман. Негаки, Халқ ва Худо олдида виждоним тоза. Ҳар ҳолда юридик маълумотим бор, элга нафим тегаётганидан қувонаман. Шоир, блин (Ўрисчалаб айниб-ачиб сўкинди) нега милицияни ёппасига ёмон кўрасизлар? Нима, милицияда ишлаётганлар одам эмасми? Милиция ёппасига ифлос эмас. Уларнинг ичида яхши одамлар сон мингта. Мен ҳам Марат тўғрисида ёмон гаплар эшитганман. Шоир, каллани ишлатинг. Марат нима бўлса бўлиб ўлмайдими. Сиз билан биз давлат рўйхатидан ўтган бу ташкилот имкониятларидан фойдаланиб халқимизга ёрдам беришимиз керак. Чорасиз қолган одамларнинг муаммоларини хал қилиб бериб уларнинг дуоларини олишимиз керак - деди ва у ўзининг шу гапларига ўлгунича содиқ қолди. МОПЧнинг ҳукуматга қарашли ташкилот эканини, Марат Зоҳидов ўзининг ҳукуматга хизмат қилишини яширмай очиқ айтганини кейинчалик Толиб Ёқубовдан ҳам эшитдим. Бу ҳақда кейинги бобларда ёзарман. Қодиржоннинг юқоридаги гапларидан кейин мен маккор ва ғирром ҳукуматнинг ўз тўқмоғи билан ўзини уриб шу ташкилотда ишлайвердим ва элга, оддий одамларга қўлимдан келганича ёрдам қилиб юравердим. Агар муҳтарам ўқувчи мақтанишга йўймаса оддий одамларга ёрдамлашиб мандати бор депутатлар қилолмаган ишларни қилганимни ва бу савобли ишлар бир умр юрагимни ёритиб тургувчи шамчироқларга айланганини ёзгим келди. Андижондан Асакага кетаверишдаги "Гулшан" деган қишлоққа Андижон туманиинг ҳокими Ҳакимов Ҳасан Назарович билан жанжаллашиб юриб бир километрли қувир ётқизиб тоза ичимлик сувини олиб бордим. Одамлар ҳозиргача дуо қилиб юришгандир. Олтинкўл туманидаги Маслахат қишлоғига қарашли Анҳорбўйи маҳалласига ҳам бир тийинсиз кўчанинг бошидан оёқ қувир ўткизиб бепул газ тақсимлагич ўрнатиб газ тушириб берганман. Йўлим шу кўчадан бўлгани учун ҳар тонг ишга кетаётиб ва оқшом қайтаётиб маҳалла аҳли, кампирлар дуо қилавергач оҳири бошқа кўчадан ҳам ўтиб юрдим. Мен амалга оширган бундай савобли ишларнинг рўйхати узун. Риё бўлиб қолмасин учун санаб ўтиришдан тийилдим. Қилинган ишларни қисман гапиришимга сабаб Режим тузган сунъий ҳуқуқ ҳимояси ташкилотидан унумли фойдаланиб халққа оз бўлсада ёрдамлаша олганимизни эътироф этиш эди. (Николай Николаевич ) Қодиржон Эргашев ҳам аризалар изидан бориб жабр чеккан фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиб эл орасида катта обрў қозонган эди. 13 май 2005 йили Андижон воқеалари юз берди. Мен Андижон воқеалари ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Негаки “чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” дейди донишманд халқимиз. Жаҳон жамоатчилиги олдида ҳамон жумбоқлигича қолаётган бу тарихий муаммони биз каби ёзувчилар эмас, махсус халқаро комиссия, сиёсатшунослар, халқаро экспертлар ўрганиб, атрофлича таҳлил қилиб хулоса чиқаргани маъқул. Мен фақат Николаевич билан боғлиқ воқеагагина тўхталаман. 2005 йил 13 май куни ишга борсам, ишхонада ҳеч ким йўқ. Шаҳарнинг “Ўш” кўчаси, Навоий проспектлари ва эски шаҳар тамонларида ҳамон гумбирлаган портлама садолари, ўқ товушлари эшитилар, шаҳар тутаб ётарди. Мен ишхонага кириб, кабинетда ўтиргандим, бирдан Николай Николаевич бизнинг ҳимоямиздаги 14 май куни ишлари судда қайта кўрилиши керак бўлган 3 маҳбусни олдига солиб, ишхонага олиб кирди. - Тинчликми? - дедим шошилишда бошқа сўз тополмай. Шунда маҳбуслардан бири: - Э ака, турмани портлатишиб дорвозасини бузиб, қамоқхонадан чиқишни истамаган маҳбусларни отиб ташлашди. Мажбур қочиб чиқдик, - деди маҳбуслардан бири. - Шоир, - деди Николай Николаевич, - буларни ишхонада сақлаб турмасак, жангариларга қўшиб узоқ муддатга қамаб юборишлари мумкин. Мен ҳозир горотдел милицияга қўнғироқ қилиб, буларни терговчисига топшираман. Қўлига қурол ушламаган булар, - деди. Шундан кейин биз махбусларни овқатлантирдикда, ҳеч қаёққа чиқмай офисда ўтиришларини тайинладик. Бу орада раис ўринбосари Ортиғали Раҳматов етиб келди. У оппоқ кўйлак кийиб олган экан. Бу маҳал Николай Николаевичнинг қўл телефонига турли ёқлардан халқаро журналистлар қўнғироқ қилар, Николаевич бақириб гапирганича шаҳардаги ахвол ҳақида уларга ахборот берарди. “В районе тюрьмы, у здания СНБ и около ҳокимията валяются многочисленные трупы!» дея ҳайқирарди. Ўшанда унинг ҳақиқий хуқуқ ҳимоячиси, МХХ га, милицияга малайлик қилмайдиган, журъат-жасоратли, покиза инсон эканлигига ишонганман. Кейин Николай Николаевич ўз ўринбосари Ортиғали Раҳматов билан маслаҳатлашиб қаёққадир отлана бошлади. - Қаёққа? - дедим мен. - Ҳокимиятга. Биз Ортиғали иккаламиз қон тўқилишини тўхтатиш учун акромийлар билан музокарага борамиз, - деди Николаевич. - Мен ҳам сизлар билан бирга бораман, - дедим уларга эргашиб. Шунда Николай Николаевич: - Сиз офисда қоласиз. Анави маҳбусларни ҳеч қаёққа чиқармай ўтиринг, - деди. Менинг кўнмаётганимни кўриб Николаевич елкамга қўлини қўйдида: - Э, шоир, биз ўлиб кетсак биз ҳақимизда хотира шеърни ким ёзади? – деб қўйди кулиб. Шундан кейин улар жўнаб кетишди. Тушга яқин Горотделдан терговчи келиб маҳбусларни олиб кетди. Тушдан кейин Николаевичга ҳам Ортиғалига ҳам телефон қилиб боғлана олмадим. Билсам ўша куни уларни гаровгирлар “тирик қалқон”га қўшиб боғлаб, Сойгузар тамонга ҳайдаб кетибди. Кечга яқин юз берган отишмада Ортиғали ўлиб, Николаевич ўликлар остида қолиб кетибди. Лекин у ҳам узоқ яшамади. Август ойларига бориб Николаевич ҳам сирли равишда ўлди. Ҳар гапга фаришталар “омин” дейди деганлари ҳақ гап экан. Мана Николаевич айтгандай мен улар ҳақида хотиралар ёзиб ўтирибман. (Давоми бор)

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону