Журнал Ҳаракат №5 (68) 2007. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат - Бизга сабоқ бўлиши керак бўлган воқеалар
Шу кунларда сайтимизга қўйилган “Демократик мухолифатининг навбатдаги тўлғоғи” номли мақоламда (у билан журналнинг қўлингиздаги сонида ҳам танишиш мумкин) “Бугун бир қатор ўзбекча сайтлар ва уларга қўшилган баъзи “Бирлик” фаоллари худди 1989 йилда бўлгани каби, мени ёмонлаш билан машғуллар”, деб ёзган эдим. Кейин ўзимдан ўзим сўрадим: “Уларнинг ҳаммаси менга қарши ғарази бор инсонларми?” Сўнгра жавобни ҳам ўзим бердим: “Йўқ, уларнинг баъзибирлари сиёсий саводсизликлари туфайли менга қарши чиқаётган бўлишлари мумкин. Уларга дарс берилса, бошқаларга ҳам фойдали бўлар”. Шу фикрдан келиб чиқиб, бир қатор лавҳалар тайёрлашга қарор қилдим. Тахминан бир ой ичида ёзилган эсдалик каби лавҳаларни шу мақолага жамладим.
БИРИНЧИ СИЁСИЙ ДАРС: СИЁСАТЧИ МАҚТАНИШИ МУМКИНМИ?
(23 сентябрь2007 йил)
Мени ёмонлашни касб қилганлар ичида “мақтанчоқлигимни” гапирадиганлар бор. Шу сабабли, сиёсатчи мақтаниши мумкинми, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ҳар қандай сиёсатчи ўз тарафдорларининг, сайланган одам бўлса, ўзига овоз берган сайловчиларининг сонини кўпайтириш учун ўзи ёки партияси қилган ишларни энг яхши шаклда ифодалаб бера олиши керак. Қолаверса, сиёсатчи ҳар бир нарсани энг гўзал шаклда ифодалаб бериш санъатига эга бўлиши шарт. Аммо, содда одамлар айнан шу санъатни мақтанчоқлик дейишлари мумкин. Чунки, луғатга кўра, мақтамоқ – бирон нарсани яхши томонларини, фазилатларини кўрсатиб гапришдир. Лекин, сиёсатда буни ҳеч ким мақтанчоқлик демайди. Табиий, ўз ишининг яхши томонларини, фазилатларини кўрсатиб гапирганда ёлғондан узоқ туриш керак, сиёсатчилар айнан шундай қиладилар. Чунки, ҳар бир сиёсатчининг рақиби, мухолифлари бор. Улар ҳар қандай ёлғонни фош қилиб, ўз рақибларини шарманда қилишлари, сиёсий ўлимга маҳкум қилишлари турган гап. Булар масаланинг назарий томони. Ҳаётдаги мисолларга қарайлик. Биринчи мисол АҚШдан. Шу кунларда АҚШ президенти Жорж Бушнинг аҳволи Ироқдаги уруш туфайли анча оғир. Шундай бўлса ҳам, у ҳар қадамда Ироқдаги урушнинг муваффақиятли тарафларини, масалан, оддий америкаликларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уруш олиб борилаётганини урғулаб туриб, Демократик Партия бундай ишни қилолмасди, дейишгача боради. Бирорта одам уни мақтанчоқ деганини эшитмадим. Иккинчи мисол Туркиядан. Бу мамлакатнинг ҳозирги Бош вазири Тойиб Эрдўған ўз ҳукумати Туркия тарихида мисли кўрилмаган иқтисодий муваффақиятларга эришганини кўп гапиради. Аммо. ҳамма биладики, унинг бу муваффақиятлари фақатгина ҳозирги ҳукумат ижросининг эмас, 20-25 йил аввал Турғут Ўзал бошлаб берган ислоҳотларнинг ҳам натижасидир. Лекин, ҳеч ким Эрдўған тўғрисида мақтанчоқликда қилмоқда ёки ёлғон гапирмоқда, дея олмайди. “Бирлик” лидери сифатида ўз фаолиятмиз ҳақида унинг яхши томонлари, фазилатарини кўрсатиб гапиришим ғоят табиийдир. Камчиликларимизни ҳам вақти келганда ўзимиз гапирмоқдамиз. Биз ёлғон гапирсак рақибларимиз аллақачон бизни фактлар билан фош қилишган бўларди. Аммо, бундай мардни ҳали кўрмадим. Қолаверса, “Бирлик”нинг тарихида мақтанишга арзийдиган ишлар кўп бўлган. Булар ичида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, айнан бирликчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилар ҳаракати яратилиши, оғир шартларга қарамасдан, 2003 йилда “Бирлик”нинг қайтадан оёққа туриши, “Ҳаракат” журналининг 12 йилдан бери мунтазам чиқари-лиши ҳамда унинг Ўзбекистонда тарқатилиши ва бошқалар бор. 2003 йили “Бирлик” қурултойининг Европа Тараққиёт ва Тикланиш Банкининг Тошкентдаги мажлиси кунлари ўтказиб олиниши Ўзбекистоннинг сиёсий тарихига политтехнолигик маҳорат сифатида кириши ҳам муқаррар. Дарвоқе, рақибларимиз ва душманларимизнинг сайтларида ўтказилган бир қатор сўровномаларда “Бирлик” ва менинг рейтингим бошқаларникидан бир неча баробар баланд чиқаётгани ҳам мақтанишга арзигулик натижа эмасми? Шундай экан, мени мақтанчоқликда айблашга интилаётганларнинг сиёсий саводсизлигига, мен партия лидери сифатида ўз вазифамни тўғри бажараётганимни тушунмаётганларига ҳайрон қолиш керак, халос.
ИККИНЧИ СИЁСИЙ ДАРС: БОШҚАЛАРНИНГ ТАШАББУСИНИ КАМСИТИШ ВА ЙЎҚҚА ЧИҚАРИШГА ИНТИЛИШ ҲАҚИДА
(26 сентябрь2007 йил)
Мухолифатдагиларнинг маълум бир қисми танқид қилиш деганда фақатгина мавжуд ҳукуматни танқид қилишни тушунади. Бу касаллик тезда тузатилиши лозим. “Бирлик” Партияси ва, хусусан менинг ўзим, мухолифатдаги бошқа гуруҳларни, ҳатто ичимиздаги баъзи одамларнинг хато фаолиятини танқид қилишга катта аҳамият бермиз. Агар ҳозирдан ички танқиддан қочадиган бўлсак, ҳокимиятга келгач, мавжуд режимдан фарқимиз бўлмас эди. Шу сабабли, менинг танқидларимни бошқаларнинг ташаббусларини кўролмаслик, уларни йўқ қилишга уриниш деб баҳо

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону