Журнал Ҳаракат №5 (68) 2007. Биз яшаятган жамият
Шоир Рауф Парфи Ўзтурк таваллуд топган кун ва сиёсатчининг аччиқ фикрлари
Шу кунларда журналист Дилмурод Саййид ўзбекнинг буюк шоирларидан Рауф Парфи ЎЗТУРКнинг таваллуд топган куни муносабати билан ёзган лавҳаси сайтимизга етиб келди. “Ҳаракат” журналининг сайтида 2007 йил 9 сентябрда эълон қилинган лавҳа ва “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлатнинг шарҳи билан қуйида танишишингиз мумкин. “ҚАЧОН УЙҒОНАДИР ХАЛОСКОР ДАҲО? БИР ЖАҲОН ҚУЁШГА ЧУЛҒОНИБ КЕЛУР!..” “Майлига, ҳайқирай иймоним ҳаққи, Кўкларга ёлбориб солайин уввос. Мен фақат Туркистон аталган ёрқин Бир бутун юртимни истайман, холос!” Рауф Парфи ЎЗТУРК Бу икки Инсон - Рауф ПАРФИ ва Сулҳида Хоним ЁЛҒИЗнинг турмуш тарзларини негадир Аюб алайҳи-с-салом ва ул зотнинг завжалари-Раҳима онамиз турмушларига қиёслагим келади: манбаъ-лардан маълумки, Ҳақ Таоло ва таборака ўз пайғамбари Аюбнинг садоқатини намойиш этмаклик учун унга бир неча машаққатли синовларни юборади. Чунончи, турар жойдан маҳрум этади, фарзанддан жудо қилади, юпун-ночор қолдиради! Шундай синовга Аюб алайҳи-с-саломнинг рафиқаларидан фақат биргина Раҳима онамиз чидаш бериб, эр хизматидан оғринмайдилар. Қолган рафиқалари эса, пайғамбарнинг осойишта кунларида унинг обрўси соясида яшаган дамларини ёддан чиқариб, оғир ва ночорликда қолган эр хизматидан оёқ тортадилар… Рауф Парфи ЎЗТУРК бу фоний дунёда Яратганнинг синовларидан толиқмади, айниқса, умрининг сўнгги ўн йили синовларга, чекловларга тўла кечди. Шундай дамларда уни тарк этмаган, кечаю кундуз ҳамроҳу ҳамнафас бўлган ягона инсон рафиқаси Сулҳида Хоним эди! Бу АЁЛ нафақат ҳамроҳу танмаҳрам, балки Шоирнинг суянч кишиси бўлганлигига зарра шубҳа йўқ! Энг эътиборлиси, Шоир вафотидан кейин унга, унинг маънавий меросига ҳақ-ҳуқуқ даъво қилмаган Инсон ҳам Сулҳида Хоним бўлса керак! Негаки, у билан аввалги суҳбатларимиздан бирида мен шу масалага ойдинлик киритмоқчи бўлганимда, Шоирнинг ўзидан-да хокисор бу АЁЛ қисқагина-эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб шундай деганди: “Биз Рауф Парфини талашишимиз эмас, балки ХАЛҚҚА беришимиз, англатишимиз шарт! Мен шу мантиққа амал қилганман ва шу фикримда қоламан!!!” Устоз таваллуд топган кун арафасида Сулҳида Хоним билан яна бир бора кўришиш истаги туғилди. Нафақат кўришиш, балки Рауф акани хотирлаб, У ҳақда суҳбатлашиш иштиёқи бизни такрор учраштирди. Қуйида шу учрашув ҳосиласи-суҳбатни азиз Ватандошлар эътиборига ҳавола этаман. * * * - Сулҳида Хоним, Сизнинг Рауф Парфи билан учрашувингиз ва турмушдошлигингиз қачондан бошланган? - 1995 йилнинг кеч кузи эди. Пойтахтнинг Навоий кўчасида жойлашган ошхонада Рауф акани кўриб, яқин бордим ва салом бердим. Ҳеч кутилмаганда у киши “Сулҳида, келдингизми?” дедилар. Ҳайратдан қотиб қолдим. Аҳволимни тушундилар чоғи, ён чўнтакларидан менинг суратимни чиқариб, ўзимга кўрсатдилар. - Сурат қандай қилиб Рауф акага келиб қолган? - Фарғоналик Ҳамидулло исмли мухбир йигит менинг шеърий машқларимни ва суратимни Рауф акага келтириб берганидан хабарим бор эди, лекин Устоз уни ёнларида олиб юришлари мумкинлиги...мен учун ҳеч ўйланмаган ҳолатдир. - Ўзингиз-чи, Рауф Парфини бунгача сира кўрганмидингиз? - Фақат суратларини кўргандим. Дадам қайси бир журналда чоп этилган Рауф Парфи шеърларини ва суратини кўрсатиб, Унинг буюк шоир эканлигини қайта-қайта таъкидлагандилар! - Яна илк учрашувингизга қайтсак; Рауф ака суратингизни кўрсатгач, суҳбат қандай давом этди? - У кишининг таклифлари эсимда, шундай дегандилар: “Бу йил Онамни йўқотдим, онам бўлмайсизми?..” Биргина шу таклиф боис ўн йилдан ортиқроқ вақт давомида мен У кишининг холисона хизматида бўлдим… - Рауф Парфи билан кечган умрингиздаги энг оғир дамни эслайсизми? - 2002 йил қиш охирлари-баҳор бошлари! Аллоҳ бизга қиз фарзанд ато қилганди. Рауф ака севина-севина қизчамизни Оналари хотирасига САКИНАХОНИМ деб исм қўйгандилар. Қизчамиз нобуд бўлди... - Рауф ака ўз турмушидан (турмушдошидан эмас!) сира нолиганми? - Ҳеч қачон шахсий ҳаётидан нолиб сўзлаганларини, умуман нолиганини эшитмаганман. Унинг учун ўз турмуш ташвиши эмас, эл-улус ташвиши мазмун касб этарди! - Кейинги вақтда, аниқроғи, Устоз вафотидан сўнг, унинг рўзғорини билган ҳам, билмаган ҳам нималардир айтиб, ёзиб юрибди. Турмуш шароитларингизни мен ҳам кўрганман, аммо бу шароит қайси тарафдан қарашга боғлиқ баҳоланади. Яъни, моддий давлати кўпу маънавияти ночор одамнинг нуқтаи назарига кўра. Шоир жуда камбағал бўлган, бизга ўхшаш кўзи тўқ одамлар қарашига кўра эса, оддийгина рўзғор билан қаноатланган… - Холисона айтганда, турмуш шароити оғир эди. Аксарият вақт ижод билан машғуллик ўрнига НОН топиш муаммоси ечимини ўйларди. Шу муаммони ҳал этишлик учун ўзига азиз бўлган, севимли бўлган китобларини сотиб кун кечирган вақтлари ҳам бўлган. Шундай бир буюк инсон жой муаммолиги боисидан ҳатто хонадонимиз ошхонасида ўтириб ижод қилардилар. Туни билан ижод қилардилар. Аммо сира зорланган ҳам, нолиган ҳам эмасдилар! - Сизлар яшаган хонадон тасвирини ҳозирда айримлар сўз билан чизишга ҳаракат қилиб кўришади. Бу тасвир ҳам юқоридаги каби—ҳар ким ўз қаричидан келиб чиқиб...Сизнинг назарингизда қандай? - Меҳр боғи эди биз яшаган хонадон! Уй йўлагидан киришингизда гўё қамоқхонага кириб бора-ётгандек кўринса-да, хона деворларидаги гулқоғозлар шилиниб, шип тўкилиб турган, жиҳозлар жуда эски бўлса-да, дераза ортида қоп-қора панжара, қоп-қора темир эшикли бу зиндонмонанд хонадон ичида бир МЕҲР бор эди! Ва ҳануз ўша Меҳр руҳи хонадонимизни боғ этиб турибди! - Мен Рауф ака вафотидан кейин хонадонингизга борганимда бироз ўзгариш қилинга-нини сезгандим. Яъни, хона деворидаги кўчган гулқоғозлар олиб ташланиб, оқлаб қўйилганди янглишмасам.. Аммо бир жойларда бу хонадон яхшигина таъмирланибди, деган нодонларча айтилган “янгилик”ни эшитдим... - Ҳақиқатдан ҳам ўзини Рауф акага шогирд ҳисоблаганлардан бири У кишининг қўлёзмаларини сўраб борганида, оқланган деворларга қараб: “Олдин Шоирнинг китобини чоп этиш керак эди, ремонт кейин бўларди...” деган ақлни билдирди. Бу “ақл”дан мен Рауф Парфи китобларини чоп этишлик учун кимдир менга маблағ бергану мен уни таъмирга сарфлагандек оҳангни сездим. Ва бу таъмир учун ҳеч қаердан маблағ келмаганлигини, балки ўсмир ўғлим кўчада юк ташиб, мен ойлигимдан сиқиб озгина пул орттирганимизни ва деворларни оқлашдан мақсад, Рауф аканинг яшаган жойини зиёратгоҳ билиб келувчи Инсонлар тортинмай дуо-фотиҳа қилиб кета олишлари учун эканини билдирдим. - Рауф Парфи номли буюк инсон орамиздан кетганига ҳам икки йилдан ошди. Унинг буюклигини вафотидан кейин билиб қолди кўплар. Билиб қолишгач, буюк хотирага бағишлаб, қандай эзгу амаллар қилинди? Унинг қўлёзмаларини олиб кетганлар, мозори тепасида оташин ваъз айтганлар, тупроғи совумасдан жамғарма тузмоқчи бўлганлар амалий бирор иш қилолдиларми? - Ўзбекистонда олим Улуғбек Ҳамдамнинг беқиёс ҳаракати билан ўзингиз билган “Сўнгги видо” шеърий тўплами нашр қилинди 2006 йил бошида. Шунингдек, Қирғизистонда лотин имлосида бир тўпламлари нашр этилди…Алоҳида таъкидлаш керакки, бизда Рауф Парфи Ўзтурк ҳақида билганича, ўз фикрлаш доирасидан келиб чиқилган ҳолда бир неча мақола чоп этилди. Энг даҳшатли томони, хотирага эҳтиром кўрсатишдан кўра уни оёқости қилиб қўйилмоқда. Матбуотда Рауф Парфининг 30-40 йил олдин ёзган шеърларини (баъзан айрим сўзларини ўзгартириб!) чоп этиш, қаердадир туширилган суратини (ўша вақтдаги кайфиятни эътиборга олмасдан!) эълон қилиш ҳоллари ҳам рўй беряпти! Ҳатто ҳеч ақл бовар қилмайдиган манзараларни ёзиб чиқувчилар ҳам бор. Биргина мисол: Таниқли олим Озод Шарафуддинов (У кишини ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин!) Рауф Парфи касал ётганида кўргани борган эмиш. Буни қаранг, мен бехабар эканман Озод Шарафуддиновнинг келганларидан. Хуллас, Озод Шарафуддиновнинг оёқлари йўқлиги учун тепага чиқа олмабдилар, Рауф Парфи оғир бетобликдан пастга туша олмабдилар. Озод акани Дадахон Нурий олиб борган эмиш. Мен бу ҳақда Дадахон Нурийга гапиргандим, Дадахон ака: “Ёзаётган одам ҳам ўзидан озгина қўшади-да!”- деди. - Юқоридаги саволнинг давоми, Рауф Парфи Ўзтурк ижоди билан боғлиқ қандай ишлар режалаштирилган? - Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида Рауф аканинг бир тўпламларини чоп этишлик режалаштирилган. Бу тўпламга Устознинг шогирдлари китобларига ёзган сўзбошилари жамланади, шунингдек, сира эълон қилинмаган шеърлари киритилади. - Жуда бир нозик савол. Рауф Парфи қўлёзмалари ичида “ҲУКМНОМА” деб номланган асар борлигини биламиз. Лекин мана шу асарнинг мазмуни нимадан иборат эканлиги жуда кўпчилик учун қоронғу. Сиз шу асар ҳақида қисқагина тушунча бериб ўта оласизми? - Бу асарда Устознинг ҳали маълум қилинмаган сўзлари, ҳеч ким хаёлига келтирмаган ва бошқа одамларга берилган баҳолари бор. - Кимларга берилган баҳолари? - Умумий қилиб айтганда, Ўзбек миллатининг борлигию, бу миллатнинг жонкуярлари кимлар, миллатга ўзини жонкуяр кўрсатиб юриб, аслида қайси дарёдан сув ичаётган одамлар хусусидаги баҳоси! Янада умумий қилиб айтилса, Шоирнинг ўз кайфияти ва ўз қарашлари ҳосиласи сифатида билдирилган ДАҲШАТЛИ фикрлари! - “Ҳукмнома” асарининг қўлёзмаси Сизда мавжудми? - Менда фақат парчалари бор, холос. Лекин бу парчалардан ҳам китоб бўлишини биламан, бироқ бу китоб шошилинч бўлишини истамасдим. Чунки бу асардан кимлардир ўз манфаати учун фойдаланишини хоҳламайман. Бир сўз билан айтганда, Рауф Парфининг бу асаридаги фикрлар худди милтиқдан отиладиган ўққа ўхшайди... - Рауф Парфининг Сизга айтилган сўнгги сўзи нима эди? - Вафотидан бир неча соат олдин-ҳали ўз хонадонимиздаликларида айтгандилар. Қўлларини бошимга қўйиб: ”Сендан розиман, мени уларга бермадинг!” - дедилар. “Улар” деганда У киши врачларни, касалхонани назарда тутгандилар. - Рауф Парфининг АРМОНИ нима эди? - Чин маънодаги Ҳурлик эди Рауф Парфи Ўзтуркнинг АРМОНИ! Ва бу армони унинг шеъриятида яққол акс этиб турарди! Дилмурод САЙЙИД суҳбатлашди * * * Абдураҳим Пўлат: Рауф Парфидек севганим ва ҳурмат қилганим бир инсоннинг туғилган кунида ҳам баъзилар учун кутилмаган фикрлар ёзишим мутлақо кўпчиликка ёқмаслигини олдиндан биламан. Кўп марта айтганимдек, миллатимизнинг мутлоқо кўпчилиги шундай бўлгани учун қулликдамиз. Дарҳақиқат, кўпчилик ҳақ бўлса, нима учун бундай ғариб аҳволдамиз? Мен ҳам ичида бўлганим камчилик бунга сабабчидир, дейдиганлар топилса, буни очиқ сўзласинлар, исботласинлар. Шунда мен ноҳақлигимни ўзим ҳам тан оламан. Менинг фикрим эса шундай. Бугун биз аччиқ гаплар гапиришга маҳкуммиз. Акс ҳолда қулликдан чиқолмаймиз. Раҳматли Рауф ака хусусида ҳам баъзи аччиқ гаплар гапиришга мажбурман. 1992 йил июнь ойининг бошларида Туркияга келдим. У ерда бир неча кунгина бўлиб, АҚШда яшайдиган туркларнинг Ассамблеясида қатнашиш учун у мамлакатга учишим керак эди. Ҳамма ёқларга осиб ташланган эълонлардан ўргандимки, Истанбулдаги усти ёпиқ бир стадионда исломий партия ҳисобланадиган “Рефах”нинг митинги бўлар экан. Туркларнинг сиёсий митинги қандай бўлишини кўришга қизиққаним учун у ерга бир ўзим, ҳеч кимга билдирмасдан бордим. Жуда дабдабали, шовқин суронли, менинг ҳавасимни келтирган митинг бўлди. Бир маҳал “Ичимизда Туркистон мамлакатларидан келган демократ мухолифатчилар” бор деб эълон қилишди ва уларни бирма-бир таништиришга бошлашди. Уларнинг ичида “Эрк” демократик партияси Марказий Кенгашининг аъзоси деб танитилган Рауф Парфи борлиги айтилди. Рауф ака, у киши стадионнинг менга нисбатан қарши тарафида экан, гулдурос қарсаклар остида қўлларини кўтариб, кейин ҳаммага таъзим қилди. Табиий, мен ўзимни танитишга ҳожат топмадим. Аммо ўйлаб қолдим. Мен бир неча кун аввалгина Тошкентдан чиқиб кетгандим. Рауф ака “Бирлик”чи эди. Бир қизиқ ҳажвия каби воқеа туфайли буни ҳамма биларди. Воқеа қуйидагича. “Бирлик” бўлинганда Рауф ака унинг ашаддий ҳимоячиларидан бўлиб, Салой Мадаминга очиқча қарши чиқдилар. У кишининг ўша пайтдаги турмуш ўртоғи Дилором Исоқова эса, бўлиниш жараёнида Салойнинг Мадаминнинг ўнг қўли сифатида иштирок этган, “Эрк” тузилганда унинг Котиби ҳам бўлган. Ўша пайтда Рауф акадан “Буёғи нима бўлади?” деб сўрашса, у киши шоирона кулимсираб шундай жавоб берардилар: “Бу нарса “Бирлик” ҳар доим “Эрк”нинг устида бўлгани ва ҳар ерда шундай дaвом этишини кўрсатади”. Тошкентдалигимда Рауф ака “Бирлик”дан чиққани “Эрк”ка киргани ва боягина айтилган гапларига хиёнат қилганларини эшитганим йўқ эди. Демак, бу бир неча кун ичида бўлган. У киши бир неча кун ичида ўзлари устидан кулиб келган “Эрк” партиясига ўтиб, унинг Марказий Кенгаши аъзоси бўлиб ҳам улгурибдилар. Бу сартларни ўқиётган одамлардан мени тўғри тушунишларини истардим. Ўйлаб кўринг, Рауф ака кўчадаги одам эмас, уни кўпчилик эмас, ҳамма танирди, ҳамма у кишинининг “Бирлик” доим “Эрк”нинг устида бўлиши хусусидаги гапларини биларди. Хўш, ўша одамларга қандай сигнал берилди? Кечагина бу шаклда сўзлаган одам бир неча куни ичида мутлақо тескарига айлангани хусусида одамлар нима деб ўйлашлари керак эди? Қолаверса, Рауф ака Салай Мадаминнинг “Бирлик”ни сотиш эвазига Каримовдан 53-54 квартиралар олганини ҳам, Коммунист партия рўйхатидан Ўзбекистон парламентига ҳеч қандай рақобатсиз депутат қилиб қўйилганини ҳам яхши биларди. Шундай экан, миллатимизнинг бугунги қуллигини сабаби шундай “қаҳрамонликлар” ҳам эмасми? Худди шундай. Биз қулликдан ростан ҳам чиқишни истасак, бугун азада ҳам тўйда ҳам ҳақиқатни гапиришимиз, Рауф ака каби хато қилган одамларнинг хатосини очиқ айтишимиз керак. Яъни буюк шоирларимизнинг фожеали хатоларини ҳам гапиришимиз керак. Миллат ўз фарзандларининг бундай хатоларига кўз юммаслигини кўрсатсагина, хатолар камаяди. Хатолардан сабоқ чиқарибгина олға кетиш мумкин. Сиёсат болалар боғчаси эмас, Миллат ва Ватан тақдири ҳал қилинадиган майдондир. Эл-юрт ғами билан юрганлар буни тушунмасак, қул бўлиб қолаверамиз. * * * “Ҳаракат” сайтида Рауф Парфи ҳақидаги суҳбат ва Абдураҳим Пўлатнинг изоҳи эълон қилини билан бу воқеага нуқта қўйилмаган экан. “Бирлик”га душманлиги билан танилган ўзбекча сайтларда Абдураҳим Пўлатга қарши ифлос кампания бошланди. Дилмурод Сайиднинг ўзи ҳам унда фаол қатнашди. У ва унинг тарафдорлари “ўлганлар ҳақида ёмон гапириш мусулмончиликка тўғри келмайди” дея, “Бирлик” лидерини мусулмончиликдан чиқариб қўйишгача интилдилар. Лекин, шоирнинг ишларини оқлашга уринмадилар, ҳарҳолда, уларни оқлаб бўлмаслигига ақллари етди. Шу муносабат билан 18 сентябрда Абдураҳим Пўлат қуйидаги лавҳани эълон қилди. МИЛЛАТ ШУНДАЙ АҲВОЛДАКИ, БИЗ ТЎЙДА ҲАМ АЗАДА ҲАМ УНИНГ ТАҚДИРИНИ ЎЙЛАШИМИЗ КЕРАК Ўзбеклар буюк “Ипак йўлининг” асосий қисмини назорот қилолган ва бошқаролган халқдир. Ўзбеклар Ислом динимизнинг муқаддас китобларига сўнг шаклни беришда асосий роль ўйнаган фарзандлари бор миллатдир. Бизнинг аждодларимиз Самарқанд ва Бухоро каби дунё тарихининг тожлари деса бўладиган шаҳарлар яратишган, ўрта асрларда Улуғбек расадхонасини бунёд этишган ва ишлатишган. Бугунги аҳволимиз қандай? Бу улуғ миллат бугун қўшни мамлакатларда мардикорлик билан кун кечирмоқда. Келажагимизни яратиши керак бўлган ёшларимиз илм-фан ўрганишаётгани йўқ, бошқа мамлакатларда хизматкорлик қилмоқдалар, баъзи ҳолларда тўғридан-тўғри қулларга айлантирилганлар. Бунга ким айбдор? Миллатнинг ўзими? Йўқ, миллатнинг сиёсий элитаси айбдор. Сиёсий элитага мухолифат киради, демак, мухолифат ҳам айбдор. Унинг айби нимада? Бу саволга жавоб бериш учун тарихимизга қарашимиз керак. Қайта қуриш йиллари ҳамма Совет жумҳуриятларида миллий ҳаракат ва фронтлар қурилди. Аммо, фақат Ўзбекистонда миллий ҳаракат ҳатто мустақилликка эришилмасданоқ парчаланди. Миллий ҳарактани парчлаган хоинлар – асосан шоир ва ёзувчиларидан иборат гуруҳдир. Бу гуруҳнинг бошида Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан, Усмон Азим, Аҳмад Аъзам, Дилором Исоқова ва бошқалар туришади. Ҳамма билсинки, бу парчаланиш жараёни тамомийла фидеофильмларга олинган. Биз уларни кўрмасак, у ердаги хоинлик воқеасини тушуниб етмасак, керакли хулосалар чиқариб, келажакда ҳам бўлиши мумкин бўлган нохуш воқеаларнинг олдини олмасак, қул бўлиб қолаберамиз. Асосан ҳақиқий бирликчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўша хоинларнинг кирдикорлари очилди, аммо уларга ҳали ҳам етарлича баҳо берилмади. Шу сабабли, қаранг, 18 йилдан кейин ҳам айнан сайловлар арафасида ўша хоинларнинг “қаҳрамонлигини” қайтармоқчи бўлган одамлар ўртага чиқмоқда. Сиёсат сиёсий партияларда қилинишини ҳам тушунмайдиган, қайта қуриш йиллар тузилган халқ фронтлари ёки ҳаракатлари конституциядаги яккапартиялик сабабли мажбуран шундай ном олганликларини ҳам идрок қилолмайдиган, биринчи имкон бўлиши биланоқ ҳамма Совет жумҳуриятларидаги фронт ва ҳаракатлар партия номини олганларини ҳам билмайдиган даражада ношуд инсонлар ҳали ҳам ўзбек мухолифати сафларини бўлғатиб юришганинг сабаби ҳам ўша – эски хатолардан етарлича қатъий хулослар чиқарилмаётганидир. Мен кўп чиқишларимда ўша вақтда миллий ҳаракатимизни болталаганларга ва кейинчалик ҳам сиёсий принципсизлик билан ҳаёт кечирган одамларга салбий муносабатимни билдирганман, билдирмоқдаман, ниятим, билдиришни давом эттиришдир. Тирикларга ҳам бу дунёни тарк этганларга ҳам баҳо беришимиз керак. Акс ҳолда, ўзбекнинг сиёсий майдони болалар боғчаси бўлиб қолаверади. Охирги вақтларда мен ўзбек шоири Рауф Парфининг ҳаётий масалаларда ўта заиф инсон бўлгани, сиёсий соҳада ўта принципсизликлар қилганини ёздим. Дўстимиз ва сафдошимизнинг руҳи учун ўқиладиган дуоларимиз давом этаберади. Аммо, тирикларнинг келажагини ўйлаб, марҳумларнинг ҳам хатоларини тилга олишга маҳкуммииз. Мақсад - ёшларимиз бундан сабоқ олсин. Аслида, Рауф Парфининг ҳаёт тарихида унинг инсоний заифлигини кўрсатувчи бундан ҳам даҳшатли мисоллар бор. Бу хусусда шоирнинг ўлимини эртасига сайтимизда ёзилган ва некролог ўрнида қабул қилинса бўладиган лавҳадан парча келтираман: “Шоирнинг бундан бир неча йил аввал, ўзи каби озодлик ва мустақиллик ғоялари билан яшаган энг яқин дўсти Мамадали Маҳмудов мустақил мамлакатимизнинг зиндинида ётган пайтида, бош зиндончи томонидан имзоланган Ўзбекистон халқ шоири унвони олган кунлари тортган азоблари, айтган гаплари, ёзган сўзлари билан таниш одам жуда яхши тушунадики, аслида, Рауф Парфи ўшанда ўлган эди. Аммо, Оллоҳ уни ўз бағрига энди олибди”. Мен Рауф Парфи бундан икки йил аввал эмас, ундан ҳам олдин, яъни Ўзбекистон халқ шоири унвони берувчи номани рад этмасдан, қўлига олган куни маънавий ўлганига ишонаман. Аммо, бир инсон ва сиёсатчи сифатида Рауф Парфи ҳаётидаги бу каби фактларга фалсафий ёндошаман. Фақат Парвардигор беайбдир. Рауф ака эса, ҳаммамиз каби ўта қарама-қаршиликлар ва саноқсиз хатолар ичида яшаган Оллоҳнинг қулларидан биридир, халос. Дунё тарихида бу каби мисолар кўплигини гапириб ўтириш ортиқча, деб ҳисоблайман. Бугун электрон адресимга Дилмурод Саййиднинг менинг эътирозиларимга қарши битилган эътирозлар билан тўла мақоласи келди. Унинг матни билан сайтимизнинг “Актуал мавзу” бўлимида танишиш мумкин. Бирон бир фактни анализ ҳам этмаган, асосан ҳақоратомух сўзлардан иборат бу мақолани таҳлил қилиб ўтиришга вақтим ҳам йўқ, истагим ҳам. Аммо, бир нарсанигина айтишни истайман. Агарда мен Дилмурод Саййиднинг ўрнида бўлсам қуйидагича ёзган бўлардим: “Эй, мен аҳмоқ, ўзимни шу кунгача бекорга журналист деб юрарканман. Журналистнинг асосий вазифаси – бирон нарса ёзишдан олдин, бу мавзуни тўла ўрганишдир. Мен эса, Рауф ака ҳақида ҳеч нарса билмасдан, у кишидан пайғамбар яратишга тушибман. Рауф ака кўп қиррали, аммо зиддиятлар ичида яшаган инсон экан. Ўз фирқасидан чиққанини эълон қилмасдан бошқасига кириб кетаверадиган даражада эътиқодсиз киши бўлганини билмабман. Туркияга Ёзувчилар уюшмаси номидан боришга рухсат бериш учун Каримовнинг ўша пайтдаги севикли фирқаси "Эрк"га ўтиш талаби қўйишгани ва бу талаб бунчалар осонлик билан бажарилганидан даҳшатдаман. Демак, мен у киши тўғрисида бўлар бўлмас нарсалар ёзишдан олдин, унинг ҳаёти ва ижодини чуқурроқ ўрганишим керак экан. Халқимиз бугун қулликдалиги - Эркин Воҳид, Дадахон Ҳасан, Салой Мадамин, Жамол Камол, Рауф Парфи каби шоирларимизнинг ҳаётий масалаларда ўта принципсиз бўлганларидан ҳам эмасмикан? Биз қулликдан қутилишни ўйласак, бу каби воқеаларга тўғри баҳо беришга ўрганишимиз керак.” * * * Яна бир неча кун ўтгач, “Бирлик” лидери оддий ўзбекларнинг фикрини ўрганиш мақсадида қуйидаги таклиф билан чиқди. Таклифнинг маъноси шундай эди. Бу масалада оддий ўзбекларнинг фикрини ўрганиш жуда муҳим. Демократик давлатларда бундай ҳолларда одамлар ўртасида сўровнома ўтказилади. Муҳим бўлгани, сўровнома шундай фаолиятга ихтисослашган мустақил ташкилотлар тарафидан ўтказилиши. Аммо, Ўзбекистонда бундай ташкилотлар йўқ. Шунинг учун “Бирлик” лидери ҳаммани ўша кунларда 53-54-чиларнинг “Узбекистанерк” сайтида (www.uzbekistanerk.org) мутлақо бошқа мавзуда ўтказилаётган сўровномада қатнашишга, ўз позициясини қўллаб-қувватлайдиганлар ва қувватламайдиганларни бир кун ичида фалон ва фалон саволларга “ҳа” жавоби бериш билан билдиришга чақирди. Айтиш керакки, бу саволларга жавоб берувчиларнинг сони узоқ вақтдан бери ҳеч ўзгармасди. Шундан кейин ўтган бир кеча-кундуз ичида ўша сўровномада 215 киши Абдураҳим Пўлатнинг позициясини дастаклаб, 2 кишигина унга қарши овоз берди. Бу бир хусусий сўровнома натижаларининг чиқиши ҳам бугунги ўзбекларнинг дунё қарашини ўзида акс эттирмоқда бўлган бирдан-бир объектив тадқиқотдир. Кўриниб турибдики, мутлақо кўпчилик, бугунги аҳволимизга сабабчи бўлган кишиларнинг қилган ишларини, улар тирик ёки дунёдан ўтган бўлишларига қарамасдан муҳокама қилиш, улардан сабоқ чиқариш ва эски хатоларни такрорламайдиган йўлар ахтариш тарафдори. Ҳар қандай ақли расо сиёсатчи, сиёсатшунос ва журналист бу ҳақиқат билан ҳисоблашишга мажбурдир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону