Журнал Ҳаракат
№5 (68) 2007. С и ё с а т
Акбарали Ориф -
“Бирлик”га ташланаётган ғаламисларнинг виждони борми?
Сайт маъмуриятидан: Акбарали Ориф - “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг аъзоси, партиянинг Андижон вилояти ташкилотининг раиси. Андижондаги 2005 йил 13 май хунрезлигидан сўнгра, бу воқеага норозилик билидириш мақсадида Тошкентда 30 майда ўтказилиши керак бўлган “Бирлик”нинг митингига қатнашиш учун кетаётганда милиция тарафидан ушланиб уйига қайтариб юборилган, 5 июнда эса қамалаган. 2006 йил 12 январгича Тоштурмада сақланди. 12 январда Тошкент вилояти Тўйтепа судида яна 4 нафар “Бирлик” фаоли (Ҳамдам Сулаймон, Нурмуҳаммад Азиз, Мусажон Бобожон, Дилмурод Муҳиддин) билан биргаликда яширинча судланди. Суд Дилмурод Муҳиддинни 5 йилга қамади, қолганлар, жумладан, Акбарали Ориф 3 йилга шартли озодликдан маҳрум этилиб, суд залидаёқ озод қилинди. Уларга Андижондаги хунрезликни қораловчи “Бирлик”нинг баёнотини тарқатиш айби қўйилган. Бундан кейин ҳам тазйиқлар давом этгач, Акбарали Ориф ўтган йили Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди, ҳозир сиёсий қочқин сифатида Данияда яшайди.
Қуйида унинг махсус “Ҳаракат” учун ёзилган лавҳвси билан танишишасиз.
* * *
Авваллари ҳам шу кунларда ҳам Ўзбекистонда мухолифатнинг асосий кучи, шу кунларда эса мамлакат ичида реал фаолият олиб бораётган бирдан бир ташкилот – “Бирлик” Партиясига душманлик руҳида бўлган, айни замонда, мухолифатчликга ҳам даъво қилаётган Исёнкор, Ватандош каби сайтларда тутуриқсиз, мантиқсиз, партиямизга нисбатан туҳмат тўла мақолалар чиқаётгани одамни ажаблантиради. Ўйлаб қоласан киши – у ерда ёзаётганларнинг кўзи кўр эмасми, виждони борми ўзи?
Шу кунларда бу сайтларда эълон қилинган Ҳазратқул Худойберди ва Юсуф Расул каби кимасаларнинг мақолаларида “Бирлик йўқ бўлиб кетган ташкилот” дейилган даъволарни кўрдим. Булар ким ўзи? Оғзига нима келса айтаберадиган ғаламисларми? Ҳа, шундай.
Улар “Бирлик” 10 йиллик танаффусдан кейин 2003 йили Ўзбекистонда мухолифатнинг тирилганини эълон қилган ва ўшанда ўз қурултойини ўтказган биринчи ташкилот эканлигини билмайдиларми?
“Бирлик” расман рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий майдонда кураш олиб борган ва бораётган ташкилот эканлигини билмайдиларми?
Рўйхатдан ўтиш учун керак бўлган 5 минг аъзоси бор бўлган ягона ташкилот эканли-гимизни билишмайдими? Кейин ташкилот аъзоларимиз сонини 20 мингдан ҳам ошириб, уларнинг рўйхатини Адлия вазирлигига қайтадан топширганимизни билишмайдими?
2004 йил парламент сайловларида фақат “Бирлик” Партияси 10 сайлов округидан номзод кўрсатолганини ҳам билишмасмикан?
Андижондаги ҳукуматнинг қонхўрлигини “Бирлик” номидан қоралагинимиз учун мен шахсан ўзим, бир қатор сафдошларим билан 7 ой қамоқда ўтирганимни ҳам эшитишмаганми?
Мен қамоқда ўтирганимни миннат қилмоқчимасман, халқим, ватаним учун бундан ортиқ қурбонликкка ҳам тайёрман, аммо, бу ғаламисларнинг ифлослигини қандай изоҳлаш мумкин?
Балки, улар Андижон воқеаларидан кейин фаолиятимиз мажбуран сустлашганини ўйлашаётгандир. Ундай бўлса, улар кейинги воқеаларни мутлақо билмасдан шундай мақолалар ёзишмоқдами?
Воқеаларни билмаган, уларни кузатма-ганлар, мақола ёзишга ҳақлари борми? Қайта савол қўяман, уларнинг виждони борми ўзи?
Келинг фактларга мурожаат қилайлик. Мен ҳамма сайтларни, жумладан, “Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясининг сайтларини ҳам кузатиб бораман. Сўнгги йилларда бу партиянинг фаолиятига доир бирорта хабар кўрмадим. Чунки фаолиятнинг ўзини йўқлигини биламан.
Биз эса 2003-06 йилларда Андижонда мисли кўрилмаган даражада фаолият олиб бордик. Вилоят ташкилотимизда 4 мингга яқин аъзо бор. Шу даврда “Эрк” партиясининг ҳеч қандай фаолиятини кўрмадим.
Ўша ғаламизслар даҳол қарши савол қўйиб: “4 минг аъзо билан нима қилдинглар?” деб сўрашлари мумкинлигини тушунаман.
Биз раисимиз Абдураҳи Пўлат кўп марта такрорлагандек, на коммунистик фанатиклар, на исломий жоҳиллар эмасмиз. Биз демократик йўллар билан курашамиз. Бугун бунинг учун имкониятлар оз. Аммо, биз шу йўналишда ишимизни барибир давом эттирамиз ва ғалабамизга ишонамиз. Ҳазратқул ва Юсуфлар узоқдан туриб бекорга қоғоз тўлдиришдан кўра, бизга ёрдам берсалар, ишимиз яна ҳам тезороқ кетармиди.
Биз Андижон қатлиомидан кейин ҳам фаолиятимизни тўхтатмадик. Сайтлардаги хабарлардан ҳам маълумки, қолган мухолифат гуруҳлари йўқ бўлиб кетгани учун, ҳукумат бутун кучини бизга қарши ташлаб, на вилоятларда на Тошкентда партия аъзолари учун актив фаолият олиб боришга имкон бермади.
Шундай бўлса ҳам, 2006 йилнингг охирида, аниқроғи, 2006 йил 11 ноябрда, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан алоқаларини тузатиш ҳаракатларидан фойдаланиб, “Бирлик”нинг Марказий Кенгаши мажлисини ўтказишга муваффақ бўлдик. Бу йилнинг ўзиида икки вилоятда (Наманган ва Жиззахда) партия ташкилоти конферен-цияларини ўтказдик, янги раислар сайланди. Яқинда, 16 августда партиямиз Марказий Кенгаши Ҳайъатининг мажлисини Тошкентда ўтказиб, бу йил бўладиган президент сайловида қатнашиш учун қилинадиган ишларнинг аниқ режаларини туздик.
Булар партявий фаолият бўлмаса, Ҳазратқул ва Юсуф каби ақли етарсиз одамлар фаолият деганда нимани тушунадилар? Балки, улар фаолият деганда ўз-ўзини порталтувчи бомба-одамлар етиширишни (бир маҳаллар “Эрк” шуни орзу қиларди) ва террористик ишлар қилишни тушунишар. Улар тушунса тушунаверсин, амма у бизнинг йўл эмас.
Айтилган мақолаларнинг муаллифлари ўзларини ҳақиқатдан йироқ одамлар эканлик-ларини кўрсатиб бўлдилар. Шундай бўлса ҳам мен уларни тушунишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, уларнинг фикри – юрт ташқа-рисида яшаётган собиқ мухолифатчиларнинг фикридир. Ҳа, улар собиқ мухолифатчилар.
Ўзбекистон ҳукуматининг тазйиқлари остидан қочиб келишган бўлишса ҳам, ташқаридан туриб нима қилиш мумкинлигини тушунмасдан боши берк кўчага кириб қолганлар.
Шу сабадан ўзлари мухолифатчилик фаолиятини тўхтатиб, Ўзбекистон ичида фаолият олиб бораётганларни камситишни ўзларига янги касб қилиб олганлар. Шу йўл билан ўзларининг ожизликларини бекитмоқчилар.
Кутиш керакки, Андижон воқеалардан кейин ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўл-ганларнинг бир қисми ҳам уларга қўшилади. Аммо, уларнинг йўли ўлимга маҳкум.
Биз бирликчилар учун асосий кураш майдони Ўзбекистон. Юрт ташқарисидаги фаоларимизнинг асосий вазифаси – юрт ичкарисидагиларга ёрдам бериш. Биз юрт ташқарисида ташкилотланиш ғоясини қўрқоқлик белгиси сифатида рад этамиз.
Ҳазратқул ва Юсуф каби қўрқоқларга жавобим шу: “Бирлик”нинг обрўсини туширишга кучингиз етмайди.
Яқинда ўша бизга душман бўлган сайтларда – аввал Исёнкорда, кейин Эркинюртда ўзбекларнинг мутлақо кўпчилиги “Бирлик” учун овоз бергани ва шармандаси чиққан сайтлар ёпилиб кетиши биз учун энг муҳим ва юксак баҳо эканлигини эслатиб ўтмоқчиман.