Журнал Ҳаракат
№5 (68) 2007. С и ё с а т
Абдураҳим Пўлат -
Демократик мухолифатнинг навбатдаги тўлғоғи
Менинг ўзим шу кунгача мухолифатнинг бир тўлғоғининг шоҳиди, қайсибир маънода, иштирокчиси бўлдим деса ҳам бўлаверади. Бугун, аминманки, иккинчи тўлғоқ келмоқда. Улар нафақат ўзбек мухолифатининг, балки ўзбек халқининг тарихида қоладиган воқеалар эканлигига ишонганим учун уларни қоғозга туширмоқдаман.
Тўғрисини айтса, бу каби воқеаларни анализ қилиш мустақил сиёсатшунос ва журналистларнинг иши. Аммо, Ўзбекистонда, минг афсуски, бундай одамлар йўқ. Демак, уларнинг вазифасини ҳам мухолифат-чиларнинг ўзлари бажаришга маҳкумлар.
1989 йил: Илк тўлғоқ натижасида “Бирлик”нинг лидери аниқланди
“Бирлик” халқ ҳаракатининг Ташаббус гуруҳи биринчи ташкилий йиғилишини 1988 йил 11 ноябрда шоир Дадахон Ҳасаннинг уйида ўтказганди. Мен “Оролни сақлаш” комитетининг фаолиятида иштирок эта бошлаганимдан кейин нафақат КГБнинг, балки “Бирлик” ташаббусчиларининг ҳам назарига тушган эканман-ки, уларнинг иккаласи ҳам мен билан шуғулланишга бошлашди.
“Оролни сақлаш” комитетининг раиси Пирмат Шермуҳамедов билан Комитетни аввал Экологик фронтга, кейин Халқ фронтига айлантириш хусусидаги режаларимиз ҳеч кимга сир эмасди. Биринча қадамларни қилиб ҳам бўлгандик. Масалан, мен ишлайдиган Кибернетика Институтида “Оролни сақлаш” комитетининг бошланғич ташкилотини тузганмиз. Унинг мажлисида Пирмат аканиннг ўзи ҳам қатнашган. Институтимиз директори академик Восил Қобулов мажлис олдидан Пирмат ака билан кўришиб, уни мен билан ҳамкорлик қилмасликка чақиргани, аммо Пирмат ака бу чақириққа эътибор бермаганини ҳам биламан.
“Бирлик” ташаббусчилари мени ўз сафларига чақиришганда, ўйлаб ўтирмасдан уни қабул қилдим. Чунки, ҳар доим кучларнинг бирлашиши тарафдори бўлганман. Аммо, шунча йил ўтгандан кейин баъзида ўйлаб қолишга бошладим. Ўшанда янглишмадимми? Мен ўзим ўйлаган шаклда халқ фронти тузишга киришсам эди, “Бирлик”га хос бўлган иллатларга бошиданоқ йўл бермаган бўлмасмидик? Аммо, бу кечиккан савол. Чунки, мен ўша кунларда “Бирлик” ташаббусчиларига қўшилдим.
“Бирлик” Ташаббус гуруҳининг илк мажлисидаёқ, тузиладиган ташкилотнинг Декларациясини ёзиш менга топширилди. Шунча ёзувчи туриб, бу ишни нега менга, биринчи кўраётган кишиларига топширган-ларини шоир-ёзувчилардан сўраш керак. Лекин, 2 ҳафта ўтар-ўтмас мени мажбуран Ташкилий гуруҳнинг раиси қилиб ҳам сайладилар. Нимага? Чунки, у ерда мендан бошқа ташкилотчилик масалалрини тушунадиган одам йўқ эди.
Раис мен бўлсам ҳам, ўша пайтда ҳамма лидер сифатида Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан, Усмон Азим каби шоир-ёзувчиларни кўрарди. Мен бунга ҳеч бир замон рашк қилмаганман, зотан, лидер бўлиш ҳавасим ҳам йўқ эди. Чунки, Фанлар Академиясида яхши карьера қилаётгандим, яқин орада Москвага қарашли космос ишлари билан шуғулланадиган ва штати бўйича бутун Ўзбекистон Фанлар Академияининг сал кам чорагига тенг келадиган Конструкторлик Бюросига директор бўлиш ниятида ҳаракат бошлагандим ва директор бўлишимга мутлақо ишонардим.
Айни замонда, Ўзбекистоннинг мустақиллигини орзу қилиб келган инсонман. Москвада студент бўлиб юрган йилларимдаёқ ўртоқларим билан ахир бир кун мустақиллик учун урушга ҳам кирамиз деб ўйлардик. Аммо, кейин англадимки, буни қайта қуриш йилларидаги воқеалар ҳам кўрсатди, мустақилликка демократияни ривожлантириш йўли билан ҳам эришиш мумкин.
Шу сабабли, “Бирлик”ни тузиш ишига шўнғиб кетдим, ҳамма нарсани унутдим. “Бирлик”нинг ташкилий структурасини тузиш, ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талаби билан ўтказган митингларимиз, Ўзбекистоннинг биринчи даражали раҳбарлари – Минстрлар Советининг раиси Ҳамидулла Қодиров, Олий Совет раиси Мирзаолим Иброҳимов, ва ниҳоят, 1989 йил июль ойида Ислом Каримовни Ўзкомпартиянинг биринчи котиб вазифасига ўтқазиш учун Тошкентга келган СССР Министрлар Советининг раиси Николай Рижков билан учрашувларим мени “Бирлик”нинг лидерига айлантира бошлади. Бу орада, аниқроғи, “Бирлик”нинг 25 майдаги Таъсис Қурултойида ташкилотнинг раиси этиб сайландим.
Лидернинг туғилиши ҳамма ерда ҳам осон бўлмайди. Унинг туғилишидан ҳам лидер сифатилда тан олиниши оғир иш. Чунки, лидерликка даъво қилаётган бошқа одамлар буни осонликча қабул қилмайдилар. Минг афсуски, ҳақиқат шундай.
Лидерликка даъвогорлар мақсад ва идеалларини унутиб лидерлик учун курашни асосий мақсад ва ғояга айлантирадилар. Ҳар доим ва ҳамма ерда шундай бўлган ва бизда ҳам шундай бўлди. Ва шундай бўлиб қолади. Шунинг учун, бу каби жараёнларни фожеага айлантирмкасдан, уларга нормал қараш керак. Аммо, булар асосий мақсад йўлидаги курашимизда катта тўсиқ бўлиб қолмаслигини ҳам олдини олиш керак.
1989 йил, янглишмасам, 6 август куни “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъатининг мажлисида 10 сентябрь куни Тошкентнинг Ленин майлонида (ҳозирги Мустақиллик майдони) ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талаби билан 100 минг кишилик митинг ўтказишга ва тил масаласи битмагунча ҳар якшанба куни шу каби митинглар ўтказишга қарор қилдик. Мен ишонардимки, тахминан бир ой ичида ярим миллиондан бир миллионгача одам қатнашадиган митинглар даражасига чиқамиз. Ана ундан кейин мустақиллик ва демократия учун кураш ҳал этувчи босқичга чиқади.
Бу маъсулиятли давр менинг “Бирлик” раислигидан “Бирлик” лидерига айланиб бораётган вақтимга тўғри келгани катта муаммолар чиқаради, деб ўйламагандим. Ҳозир тушунаманки, лидернинг туғилиши ҳар доим осон бўлмаган ва ҳеч қачон бўлмайди. Бу аксиома эди. Бунинг аксиома эканлигини ҳам кейинроқ тушундим. Бизнинг фожеамиз ҳам айнан шу аксиомада, шу ҳақиқатда эди.
Шуни алоҳида урғулаб айтиш керакки, “Бирлик” Марказий Кенаши Ҳайъатининг 21 аъзосидан 14 нафари ёзувчи бўлган. Сентябрь ойининг 1 ва 2 кунлари ёзувчилар ичида кутилмаган шамоллар эса бошлади. Улар 10 сентябрь митингини қолдириш кераклигини гапира бошладилар. Маълум бўлишича, 1-2 кун аввал Кавказ ёки Қримда ўтказган таътилидан қайтган Салой Мадамин Ўзбекистон раҳбариятида кимлардир билан кўришган ва митингни қолдириш эвазига “Бирлик”нинг программа ва уставини марказий газеталарда чиқаришга ваъда олган. Ўша кунларда Салой Мадаминнинг ўзи мен билан гаплашишдан қочиб юргани ҳам эсимда.
2 сентябрь куни бир гуруҳ “Бирлик” фаоллари билан Ўзкомпартия Марказкомининг идеология бўйича котиби Жахонгир Ҳамидов учрашадиган бўлди. Учрашувга борадиган тахминан 10 кишини белгиладик, мен уларнинг ҳаммаси билан гаплашиб, ҳар қандай шароитда митингни қолдирмаслик хусусида қатъий келишдим.
Учрашувда қатнашувчилар рўйхатига Салой Мадамин ўз истаги билан кирмаган эди. Аммо, Марказкомга келсак, у ҳаммадан олдин шу ерда ҳозир бўлиб турган экан. У дарҳол митингни қолдириш тарафдори эканлигини билдирди. Кейин, ўша ернинг ўзида, Жаҳонгир Ҳамидовнинг олдида, қаттиқ тортишувлар бошланди. Охир-оқибат ҳамма ёзувчилар ўз шефларининг таклифини қўллаб-қувватладилар. Мен бир ўзим қолдим. Программа ва Уставимизни газеталарда чиқаришга ҳеч бир амалий гарантия берилмаса ҳам, митингни қолдиришимиз - ёш болалардек иш қилишимизни кўрсатарди.
Хуллас, митингни қолдирдик. Эртасига Ҳайъатнинг қолган аъзолари билан ҳам бирма-бир гаплашдим. 14 киши (уларнинг 11 нафари ёзувчи эди) митингни қолдириш хусусидаги Салой Мадаминнинг таклифини қўллаб-қувватлади. Биз фожеага қараб кетаётганимизни одамларга тушунтиролмадим.
Тан олиш керакки, бу 14 киши миллатга хоинлик қилганди. Минг афсус, уларнинг ичида “Қўшил бизнинг сафларга эй, майли кетса жон энди” дея халқимизни курашга, керак бўлса, қуролли курашга чорлаган Дадахон Ҳасан ҳам бор эди. У киши қариганданми, ёки сўнги йилларда бошларига тушган оилавий мусибатлар туфайлими, билмадим, хотираларини йўқотган кўринадилар. Чунки, шу кунларда митингни мен қолдирганим хусусида ёлғон ва спекулятив гаплар ёзмоқдалар, гапирмоқдалар.
Тўғри, ўша кунларда мен бу 14 кишилик гуруҳга қарши курашадиган кучим йўқ эди. Шу сабабли, сиёсий манёврлар қилишга мажбур бўлгангман. Ҳайъатнинг қарорини 4 ва 5 сентябрь кунлари ўзбек ва русча эшиттиришларда Ўзбекистон телевидениеси орқали эълон қилганман. Бу қадамим парламент қабул қилган қарорга президентнинг қўл қўйиши каби табиий ва мажбурий воқеадир. Менинг Ҳайъат қарорини вето қилиш ҳаққим ҳам йўқ эди.
Шундай бўлса ҳам, ёзувчиларнинг хоинларча олган бу қарорлари бизни тамомийла йўқ қилишга олиб боришини тушунардим. Дарҳол, аниқроғи, 8 сентябрь куни Марказий Кенгаш Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисини чақириб, митинларнинг қолдирилиши хато эканлигини ҳаммага билдирдим. Кенгайтирлган мажлис ўтказиш ҳам политехнологияга оид ҳийла эди. Чунки, Ҳайъатнинг кўпчилиги митингни қолдириш тарафдори бўлгани учун, оддий мажлис бефойда бўларди.
Кенгайтирилган мажлисга энг камида 10-15 Тошкентлик фаолларимиз келишда ва мажлиснинг руҳини ўзгартиришди. Ёзувчилар Эркин Воҳид ва Шукрулло митингни қолдириш воқеасини хоинлик деб баҳолашгандан кейин, умумий кайфият митингни қолдиришни қоралаш йўналишида кетди. Гап эгасини топади деганларидек, Салой Мадамин бир парча қоғозга “Мени сотқин дейишмоқда, мен Бирликдан чиқдим” дея ариза ёзди ва мажлисни тарк этти. Аммо, эртаси куни қизиққонлиги учун кечрим сўраб “Бирлик”га қайтганини билдирди. Бу воқеани ҳамма билади ва у Ботир Норбойнинг "Туғён" романида ҳам ёритилган.
Шу воқеа туфайли ҳам ким митингни қолдиргани, ким хоин эканлиги ўз-ўзидан равшан. Бироздан кейин яна кўп нарсалар маълум бўлди. Масалан, таътилдан қайтаётган Салой Мадминни 30 август куни аэропортда самолет трапи олдида Ўзкомпартия Марказий Қўмитасининг Мафкура бўлими бошлиғи ўринбосари Ирисмат Абдуҳолиқов (у аввалроқ “Время” программасининг Ўзбекистон бўйича мухбири эди) машина билан кутиб олган ва тўғри Ислом Каримовнинг олдига олиб борган экан. Ўша ерда Каримов Салай Мадаминни ичак-чавағи билан сотиб олган, Салой эса митингларни тўхтатишга ва ҳукуматга ёқмаган одам - Абдураҳим Пўлатни “Бирлик” раислигидан четлатишга ваъда берган экан.
Аммо, 8 сентябрдаги мажлисга қайтсак. Ўша мажлисда шароит менинг тарафдорларим томонига ўзгарганини кўргач, митингларни қайтадан бошлаш ҳақида қарор қабул қилдим. 24 сентябрь ва 1 октябрь кунлари муҳташам митинглар ўтказдик ҳам. Бу митинглар “Бирлик”чи кинорежиссер Абдулазиз Маҳмудов томонидан видеотасмаларга ёзиб олинган ва ўзбек халқининг тарихий меросига айланган.
Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан, Аҳмад Аъзамлар раҳбарлигидаги гуруҳ, митингларни бошланишини ҳазм этолмади ва Ҳайъатда кўпчилик эканлигидан фойдаланиб, 8 октябрь кунига Марказий Кенгаш мажлисини чақирди. Бўлғуси эркчилар томонидан тайёрланган бу мажлисда менга нима айблар қўйилмади. Менинг қўполлигим туфайли “Бирлик” барбод бўлаётганини қўйиб туринг, мен Москвада ўқиб юрган йилларим Кибернетика институти директори, миллиётчи олим Восил Қобулов устидан ёзилган аноним хатларни ҳам менга юклатишга ҳаракат қилинди. Атлантиданинг сувга чўктирилишига ҳам мени айбдор қилиб кўрсатмаганларининг ягона сабаби - улар Атлантида воқеасини билишмаслиги бўлса керак.
“Бирлик”нинг ҳақиқий асосчиларимиз деб бонг урадиган ёзувчилар ва уларга қўшилганлар, ўша куни менга қарши оғзиларига келганини гапирдилар. Менга қарши махсус докладлар тайёрланган экан. Уларни Халқ хўжалиги институтининг доценти Тоҳир Каримов ва Фанлар Академиясидан профессор, ҳозирда марҳум Олим Каримов ўқиб беришди. Буларнинг ҳаммаси видеотасмаларга туширилган.
Аммо мен ва менинг тарафдорларим бу мажлисда ғалаба қозондик, чунки биз ҳақ эдик. Биз ҳақиқий аҳволни тушунтирганимиздан кейин, аввалига принципиалсизлик қилиб, бўлғуси 53-54-чиларни қўллаб қувватлаган Эркин Воҳид ҳам нейтрал позицияга ўтишга мажбур бўлди. Шоира Гулчеҳра Нуриллаева, илм одамлари – академик Зокиров ва ТошДУ доценти Шухрат Исматуллаев ва бошқаларнинг чиқишлари мажлис ҳавосини ўзгартирди. Натижада, митингларимизни “кўча чангитиш” деб баҳолаган Салой Мадамин гуруҳи қақшатғич зарбага учради ва бошқа тарфдорлари билан (Дадахон Ҳасан ҳам уларнинг ичида) мажлисни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Улар ҳам аввалига ўзларини "Бирлик" деб атадилар, лекин кўпчилик уларни тан олмагач, Каримовнинг ёрдамида “Эрк” партиясини туздилар.
Ўзбекистон тарихида қоладиган ва ўзбек мухолифатининг илк тўлғоғи деб баҳолаш мумкин бўлган бу воқеанинг икки нуқтасини урғуламоқчиман.
Биричиси, ўша кунги жангда демократия тарафдорларининг ғолиб чиқиши.
Иккинчиси, “Бирлик”нинг раиси унинг лидери эканлигининг тан олиниши.
Шундан кейин мухолифат тарихида янги давр бошланиши ва бунинг натижасида Ўзбекистонда демократия ғалаба қозониши муқаррар эди.
Бироқ, бу табиий ҳодисага йўл беришни истамаган Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан, Аҳмад Аъзам, Дилором Исоқ кабилар Ислом Каримов режими билан ҳамкорлик қилиш йўлини танладилар. Уларнинг юзидан мамлакатимиз бугун диктатура остида инграб ётибди.
Дадахон ака маълум муддатдан кейин у гуруҳни тарк этиб “Бирлик”га қайтган бўса ҳам, ҳеч қачон унга қайтадан дўст бўлолмади. Ҳалигача, аламзадалик билан унинг оёғига болта уриш ҳавосида умрини ўтказмоқда.
2007 йил: Иккинчи тўлғоқ натижасида умуммухолифат лидери туғилади
Мана ордан 18 йил ўтиб, яна ўша воқеааларни такрорлашга уринаётганлар бор. Ҳа, бугун ўзбек мухолифати янги тўлғоқ арафасида.
Биринчи тўлғоқ натижасида “Бирлик”нинг лидери туғилган бўлса, ҳозир бутун демократик мухолифат лидерининг туғилишига гувоҳ бўлсак керак. Аслида, демократик мухолифат ташқарисидаги ўзини мухолифатчи деб айтаётган гуруҳларнинг, хусусан, радикал исломчиларнинг ҳеч қандай келажаги бўлмаганини ҳисобга олсак, бугунги мавжуд режимга мухолифатда бўлган кучларнинг умумий лидери хусусида гапирсак бўлаверади.
Аввал бироз тарихни эслайлик. Айнан 53-54-чиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳам 1992-93 йиллари тор-мор этилган ўзбек демократик мухолифати ўзини қайтадан тиклаш учун сал кам 10 йил кураш олиб борди. Бизнинг энг катта ютуқларимиздан бири – сиёсий фаолият учун кураш майдони бўлмагани сабабли мухолифатчиларнинг асосий қисмини ҳуқуқ ҳимояси фаолиятга жалб қилолганимиз ва ҳеч бир мамлакатда ўрнаги бўлмаган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракатини яратолганимиздир.
Биз 2001 йилнинг бошларидан мухолифатнининг фаолиятини тиклаш учун реал қадамлар қила бошладик. Шу йил сўнгида Афғонистинда анитеррористик уруш олиб бориш учун Марказий Осиёга кириб келган АҚШнинг ҳам таъсири етарлича бўлди. Ва ниҳоят 2003 йилда мухолифат тикланди. Ўша йили 10 йиллик танаффусдан кейин “Бирлик” халқ ҳаракатининг қурултойи ўтказилди, ҳаракатни партияга айлантиришга қарор қилинди.
Бу Қурултойнинг ўтказилишини ўзи политехнология тарихига кирадиган ўрнак бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Биз 2003 йил 6 майда Тошкентда Европа Тараққиёт ва Тикланиш Банкининг йиллик мажлиси ўтказилишидан фойдаланиб, “Бирлик”нин Қурутойини ўтказдик. Ана шундан кейин бошқа мухолиф гуруҳлар жонланишга бошладилар.
Бир оздан кейин, Пўлат Охун раҳбарлигидаги “Давра Кенгаши” доирасида мухолифат кучларини бирлиштириш ҳаракати ҳам бошланди. Лекин бирлашиш ғояси Одам Ато замонидан бери мавжуд бўлган лидерлик муаммоси туфайли яна барбод бўлди.
Мен нафақат Ўзбекистондаги ҳодисалар, балки қўшни мамлакатлардаги воқеаларни яқиндан кузатиб бораман. Россияда икки асосий мухолифат ташкилот – “Яблоко” ва СПС (Ўнг Кучлар Бирлиги) 10 йидан бери умумий тил тополмайди. Озорбойжондаги турли деморатик ташкилотлар ҳар куни парчаланадилар, лекин, бирлашиш тарафга бирон қадам қилолмайдилар. Ҳозир бу мамлакатда бир биридан фарқи бўлмаган 50 га яқин демократик партия ва гуруҳлар бор. Аммо уларни бирлаштирадиган лидер йўқ.
Уларни кузатиб бориб, бир фикрга келдим. Ташкилотларни алоҳида-алоҳида гуруҳлар сифатида коалицияга бирлаштириб бўлмайди, уларни бир ташкилотга бирлаштириш керак. Бошқа йўл йўқ. Украинада ҳам шу йўналишда кетишмоқда. У ерда ҳозир демократлар 2 катта гуруҳга бирлашди – Юшченко ва Тимошенко гуруҳлари. Аминманки, келажакда улар ҳам бир ташкилотга бирлашадилар.
Менинг шу йўналишда Ўзбекистонда олиб борган ҳаракатларим зое кетмади. Бугун бизда ҳамма асосий кучлар амалий фаолият кўрсатаётган ягона ташкилот - “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси дориасида феълан бирлашди. Энди навбат расман бирлашишда ва лидер танлашда. Бу объектив жараён ва ҳеч ким ундан кўзини юмолмайди.
Ўзини мухолифатга мансуб деб билан одамларнинг кўпчилиги бўлаётган жараёнларни тушуниб етмаётгани мутлақо табиий. Чунки, уларнинг ҳаммаси ҳам бўлган воқеалардан тўла хабардор эмас. Русларнинг “это не вина, а беда” деган гапидан келиб чиқсак, уларни айблашга ҳам асос йўқ. Бунинг устига, ҳар бир одам ўзини ернинг киндаги деб билгани учун, тарихдан сабоқ олишни истамайдиганлар кўплиги ҳам табиий.
Мен тарихни, хусусан, ўзбек мухолифатининг тарихини жуда яхши билишимни ҳеч ким тортишмаса керак. Шунинг учун ўтган кунлар (Абдулла Қодирий “ўткан кунлар” деган бўларди) билан бугун орасида параллелликлар ўтказоламан. Параллелик эса шундай.
1989 йилда бўлгани каби, бугун ҳам ўзбек мухолифатини режим билан кураш йўлидан тортиб, ички кураш билан овора қилиш ва шу билан ўз шахсий мақсадлари йўлида бир нарсаларга эришиш ниятидаги одамлар ичимизда етралича бор. Бу ички курашни оловлантираётганлар яна ўша-ўша одамлар. Тўғрироғи, 53-54-чилар. Яна Салой Мадаминчилар, яна Дадахон Ҳасанчилар ва бошқалар. Мақсад ҳам ўша-ўша - лидерлик.
Аммо, 1989 йидан фарқли тарафлар ҳам бор. У вақтда номи тилга олинган ёзувчилар мухолифатнинг лидерлари бўлишган ва лидерликни сақлаб қолиш учун курашишган, уни ютқазишганди. Бугун эса, улар ҳеч ким. Шундай бўлса ҳам, “чиқмаган жондан умид бор” деганларидек, лидерликка даъво қилишмоқчи.
Менинг лидерликка даъвоим йўқ. Аммо, бугун “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ягона ташкилот эканми, демак, унинг лидери мухолифатнинг лидеридир. Бу - бугун мен, эртага бошқаси бўлиши мумкин. Одамлар кучларини бекорга сарф қилмасдан шу оддий ҳақиқатни тан олишса, яхши бўларди.
Яна бир марта қайтараман, шу оддий нарсани тан олиш керак, вассалом. Тан олишмаса, 1989 йилда бўлгани каби беҳуда кураш бўлади, ғалаба эса, барибир биз тарафда бўлади. Чунки, биз, маълум бўлганидек, Ўзбекистон ичида фаолият олиб бораётган ягона ташкилотмиз.
Бугун бир қатор ўзбекча сайтлар ва уларга қўшилган баъзи “Бирлик” фаоллари худди 1989 йилда бўлгани каби, мени ёмонлаш билан машғуллар. Баъзи ақлсизлар мени Қуръони Каримни ислоҳот қилиш (?) истагидаги одам деб кўрсатишга ҳам интилмоқдалар. Шундай ножиддий одамлар мен билан курашаётганидан улар учун мен уяламан, аммо, на илож. Тўлғоқлар осон кечмаслигини тушунаман.
Ҳа, ўзбек мухолифати иккинчи бор тўлғоқлар ичида. Бу галги тўлғоқлар натижасида ўзбек мухолифатининг лидери туғилажак. Агар бу “Бирлик" лидери бўлса, Ўзбекистонга демократия яқин йилларда келишига умид бор, акс ҳолда, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Туркистонда демократияни 20-30 йилга унутишимиз керак бўлади.
Аммо, мен “Бирлик”нинг ғалабасига ишонаман.
* * *
Мен бу мақолани ёзишни бир ойча олдин бошлагандим деса бўлади. Бир қатор сафдошларим билан унинг сарлавҳаси тўғрисида ҳам маслаҳатлашдим. Аввал унинг сарлавҳасидаги “тўлғоқ” ўрнига “санчиқ” сўзини ишлатмоқчи бўлдим. Аммо, шоира Гулчеҳра опа Нуриллаева мақоланинг мазмунидан келиб чиқсак, туғилишга оид оғриқларни ифодалаш учун “тўлғоқ” сўзи маъқулроқ эканлигини айтдилар. Мен буни қабул қилдим ва, вақтдан фойдаланиб, уларга миннатдорчилигимни билдираман.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Акбар Ориф
"Бирлик" Партияси Андижон ташилотининг раиси, ҳозир Данияда яшайди.
Добавить сведения