Журнал Ҳаракат
№3 (66) 2007. Биз яшаятган жамият
Дайнов Ташанов -
Ёлғонлардан воз кечмоқ керак
Дайнов Ташанов - "Бирлик" Партияси раисининг ўринбосари,
партиянинг Қашқадарё вилоят ташкилоти раиси
Мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг даражасини қўл меҳнатининг қанчаси техникага юклатилганлигидан, сиёсий ҳаётнинг туб моҳиятини эса ёлғонларнинг жамиятдаги салмоғидан билиш мумкин .
Техника асри аталмиш ХХ-аср оғир қўл меҳнатининг асосий қисмини техникага юклади. Натижада меҳнат унимдорлиги кескин ортиб, маҳсулот сифати яхшиланди. Вақтдан тежалиб, ишчининг иш соатлари қисқарди. Шу баробарида демократик қадриятлар ҳам қарор топа бошлади. Турмуш фаравонлашиб, аҳоли қатламларининг манфаатлари уйғунлаштирилди, мувозанатга келтирилди. Ҳар бир инсон ўз қадр-қимматига эга бўлиб, ҳақ-ҳуқуқлари халқаро меъёрлар даражасида кафолатланди.
Инсон инсондан қўрқмайдиган, балки баҳсу-мунозараларда эркин, шахснинг шахсни камситиши керак бўлса судга тортиладиган бўлди. Ўзаро суҳбатларда ёшлар нонни қандай топишнинг ўрнига қаерда дам олиш ўнғайлиги хусусида баҳслашадиган бўлишди. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир инсон ўз қадр-қимматига эга бўлди.
Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатлар афсуски бизда эмас, демократия қарор топган мамлакатларда рўй берди. Аср сўнгида Қизил Империя ўз оғирлигини кўтара олмай лой гупчакдай қулади. Собиқ империядан мерос қолган бошқарув тизимини аксарият мустақилликни қўлга киритган халқлар ҳазм қила олмаган бўлсада, баъзи бир мустақил республикалар бу меросдан воз кеча олмади.
Бошқарув тизими диктатурага асосланган собиқ империянинг давлат бошқарувида меросхўри бўлиб қолганлардан бири бўлмиш тоталитар Ўзбекистонда эса инсоннинг қадр-қиммати ҳақида баландпарвоз гаплар қанчалик кўп бўлмасин, амалда ўз қадр-қимматимиз учун курашдан кўра ҳам қорин тўйдириш илинжида яшамоқдамиз. Мустабид шоҳларнинг ўз фуқароларини ёлғон ваъдалар эвазига бўйинсундириб келганлигидан тарих бугун гувоҳлик бериб турган бўлсада, биз ўзбеклар ҳамон ваъда қилинган фаравон турмушнинг саробга айланиб бораётганлигини кўриб-билиб ҳам сукутдамиз.
Қўрқувда сақланаётган халқнинг бу сукутини турмуш тарзидан ризолик аломати деб билган амалдорлар қуюшқондан чиқиб, оддий меҳнаткашга зуғумни кун сайин кучайтирмоқда.
Ҳаққини талаб қилган деҳқон албатта жазоланади, деҳқоннинг ёнини олган зиёли қамоққа ташланади. Ўзигагина кучи етадиганлар эса ёппасига қўшни давлатларга мардикорликка чиқиб кетишмоқда. Холис манбаларнинг билдиришларига қараганда уч ярим миллиондан ортиқ ўзбек мардикорлари хорижда, яна шунчаси ички бозорларда кунлик иш ахтариб авораи-сарсон.
Миллиондан ортиғи ҳарбийда, ҳуқуқ-тартибот органларида, маориф ва тиббий муассасаларда хизмат қилишмоқда. Яна уч миллиондан ортиқ ўзбеклар ўзини савдога ва маиший хизматга уришган. Бир қисм аҳоли нафақахўр ва яна бир қисми маҳбуслар бўлса, аграр мамлакат ҳисобланмиш Ўзбекистоннинг пахта далаларида кимлар қолди? Мактаб ўқувчилар ва яна эмизикли оналар, шўрлик фермер эса бир кун далада, уч кун кўча- кўйда авораи–сарсон. Яна ким керак сизга? Булар Россияга кетолмайдилар.
Мустабид тузумнинг “етти ёшдан етмиш ёшгача далага” шиорининг ўрнини мустақиллик туфайли жонажон Ўзбекистонда “етти ёшдан ўн беш ёшгача далада, кўча-кўйда ва бозорларда олиб сотарлик қилишга” шиори эгаллади. Нон топиб ейишнинг, оила боқишнинг зил-замбил юки ота-онадан кўра ҳам мактаб боласининг гарданида. Шўрлик ота-онанинг топгани ҳемири, оила боқиш керакку, боласидан бошқа кимни ишлатсин, кимга ҳам сўзи ўтарди. Чопиқчи ҳам, теримчи ҳам, чўпон ҳам, уй юмушларига қарашган ҳам мактаб ўқувчиси. Меҳнатда суяги қотаётган келажак авлоднинг вужудига қўрқув пахта даласида сингдириладиган бўлди. Тур, амалдор келяпти! Ҳов, ана участковой!...
Йирик-йирик фабрика-заводларда ишлаш эса ўзбек ёшларининг ушалмас орзусига айланиб бормоқда, Табиий бойликларни четга пуллашдан келадиган даромадлар қаерга сарфланяпти, сирлигича қолмоқда. Пора бериш ҳам, пора олиш ҳам кўникмага айланиб улгурди. “Эртага давлат имтиҳони топширасизлар, ўн мингдан ками-кам...” Оммавий ахборат воситалари ҳукуматнинг кўз қарашидаги воситалар бўлиб, Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаётганлиги, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш таъқиқ-ланганлиги, демократик қадрятлар аллақачон қарор топганлиги хусусида тинмай вайсашдан чарчамайди.
Қани ўша демократик қадриятлар, қани матбуот ва сўз эркинлиги, қани фуқораларнинг сиёсий ва иқтисодий эркинликлари, қани ҳуқуқий кафолатлар, ҳар куни минг-минглаб яратилаётган иш ўринлари қани? Қани вада қилинган фаровон турмуш?… Бариси ёлғонку. Нега бизда ёлғонлар кўп? Ажабланишга ҳам ҳожат йўқ. Нега деганда, ёлгонлар диктатуранинг меваси. Буни бугун ҳамма билади.
Ёлғондан воз кечиш - бу ўз моҳиятига кўра ёлғонга муҳтож қиладиган вазиятдан воз кечишдир (К.Маркс). Ёлғоннинг умри қисқалиги ҳақиқат экан, ёлғон ваъдаларга ишониб, бугун қулдай меҳнат қилсакда қора қозонимизни қайната олмай, яна охири кўринмайдиган ваъдаларга ишониб яшамоқдамиз. Нега биз ёлғондан, ёлғонга муҳтож қиладиган вазиятдан воз кеча олмаяпмиз? Чунки бизнинг “отангни ўлдирганга онангни бер” - деган мақолимиз бор ва яна катталарнинг юзига тик қарама. Ўзбекона минталитет.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари билан бугунни таққослаб кўрадиган бўлсак, мустақилликнинг дастлабки йилларида юксак мибарлардан туриб берилган ёлғон ваъдаларга, узликсиз ёлғон ахборатларга оддий халқни қўя туринг, энг катта амалдорнинг ўзлари ҳам бугунги кунда ишонмасалар керак. Барча баробар жамиятдан кўнглимиз қолиб, калтакнинг зўри билан ёки очдан ўлмаслик учун ишлаяпмиз, барча баробар келажакка умидимиз сўнди, демак, жамият янгиланишга маҳкум. Чунки сурункали ёлғонлар мустабидликни, мустабидлик халқнинг ғазабини, халқнинг ғазаби эса инқилобни юзага келтиради.
Бизга инқилоб керакми? Йўқ, асло! Негаки, инқилоб аввал ўз болаларини ейди, қолаверса оддий меҳнаткашнинг елкасига оғир юк бўлиб тушади. Тараққиёт эса орқага кетади.
Таёқнинг икки учи бўлгани каби, жамиятнинг янгиланишида ҳам икки йўл бор. Жамиятнинг янгиланишга маҳкумлиги ва янгиланиш жараёнининг инқилобий йўли хатарли эканлигини айтиб ўтдик.
Демак, жамиятнинг янгиланишида яъни демократик қадриятларнинг қарор топишида иккинчи йўл - эволюцион йўлдир.
Бу йўл Ўзбекистон демократик мухоли-фатининг танлаган йўлидир, яъни тинч сайловлар йўли билан халқнинг хоҳиш иродасига таянган ҳолда бошқарув тизимининг ўзгаришига, диктаторлик режимига барҳам беришга эришишдир.
Албатта диктаторлик режимидан манфаатдор бир ҳовуч бюрократик элита жамиятнинг янгиланишига катта-катта тўсиқлар қўйишга ҳаракат қилади. Аммо халқ истаса, демократик мухолифат халқнинг бу хайрли ишда бошини қовуштира олса ва демократик мухолифатни халқаро демократик ҳамжамият қўллаб қувватласа ҳар қандай тўсиқни босиб ўтишга ўзбек халқи ҳам қодирдир. Бугун биз ўзбек халқининг тақдирини туб ижобий томонга ўзгартириши мумкин бўлган яна бир чорраҳага тобора яқинлашмоқдамиз.
Бу гал ҳам ўзбекона минталитетимиз панд бериб, барча кўргуликларни худонинг иродасига тўнкаб ўтиришимиз энди биз ўзбекларга ҳам уят. Кўр ҳассасини бир олдирса, биз ўзбек халқи ҳассамизни бир неча бор олдирдик. Биз бу гал онгли равишда демократия учун овоз беришимиз керак.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, ўтган парламент сайловларида демократик мухоли-фатнинг баъзи бир фаоллари мухолифатнинг сайловда қатнашишига йўл берилмаганлиги боис сайловни байкот қилиш ғоясини илгари сурган эдилар. Сайловлар - демократиянинг оммавий мактаби эканлигини унутган сафдошларимизнинг бўлажак президентлик сайловида самарасиз фаолиятининг такрорлан-маслигини истардим. Яна таъкидлаш жоизки, чинакам мухолифатда бўлган “Бирлик”, “Эрк”нинг Самад Мурод бошчилигидаги кўпчиликни ташкил қиладиган фракцияси ва “Озод Деҳқонлар” - учта йирик сиёсий партия ҳамда инсон ҳуқуқлари жамиятлари бўлажак сайловлар арафасида ўз кучларини ягона сиёсий блокда бирлаштира олсалар, мамлакат сиёсий ҳаётида кучлар нисбатига жиддий ўзгариш киритган ва тинч сиёсий йўл билан сайловлар орқали фуқоралик жамиятига ўтиш имкониятини кучайтирган бўлар эди.
Айни пайтда амалдаги ҳукуматни демократия сари интилаётган халқ иродасига тан беришга мажбур этишнинг, демократик мухолифат билан ҳукуматнинг муроса қилишига эришишнинг, ёлғонлардан воз кечишнинг бошқа реал чораси йўқ. Акс ҳолда Ўзбекистонда қачондир инқилобий йўл билан фуқоралар урушини ясаб, ҳокимиятни эгаллашни мўлжаллаб турган радикал кучлар юзага келган тангликлардан фойдаланиб қолиши эҳтимоли ҳам тобора кучая боради.
Биз - демократик мухолифат фаолларининг ўз ғояларимиз ва мақсадимизни оммага етказиш ва сайловчиларнинг фақат ва фақат демократия учун овоз беришига эришиш йўлида бор имкониятларимизни сарфлашимиз керак.
Биз - демократлар бутун куч-ғайратимизни ёлғонларнинг бевосита ҳомийси бўлган мустабид ҳокимият-диктатурадан қутилишга, ёлғонзор жамиятнинг ўрнида жамиятнинг ҳар бир аъзосининг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилибгина яшай оладиган жамият қуришга қаратмоғимиз лозим.
Ёлғондан воз кечмоқ - диктатурадан воз кечмоқ деганидир.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Рўзи Назар
"Туркистон Легиони" раҳбарларидан бири, Иккинчи жаҳон Урушидан кейин Германия ва АҚШда яшаб, Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган инсон...
Добавить сведения