Журнал Ҳаракат
№3 (66) 2007. Биз яшаятган жамият
(53-54-чилар мисолида ибратли ҳикоя) -
Сиёсий хоинлик мағлубиятга маҳкум
Маҳмуд Тоштемир
Сотқинлар жазоланиши керак
Бундай мақоланинг айнан шу кунларда чиқишига Киевда кечаётган воқеалар сабабчи бўлди.
Маълумки, шу йил 2 апрелда бу мамлакат президенти Виктор Юшченко тарафидан Олий Раданинг тарқатилиши билан бошланган сиёсий кризис секин-аста ечилмоқда. Яна биронта ғайри-оддий ҳол юз бермаса, 30 сентябрда эрта парламент сайловлари бўлади.
Ҳозир бутун дунё тушуниб етдики, бу кризисга олиб келган воқеаларнинг асосийси – мухолифатдаги депутатларнинг ҳукумат тарафидан аввалиги яккама-якка, кейин эса кўтарасига сотиб олабошланиши бўлди. Яқинда бу фактни, табиий бир оз юмшоқ шаклдаги сўзлар билан, АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси ва Европа Иттифоқи вакиллари ҳам эътироф этдилар.
Украина матбуоти ва сиёсий лидерлар, хусусан Виктор Юшченко бироз юмшоқроқ шаклда, Юлия Тимошенко эса очиқчасига, сотқинларни жазолашга чақирмоқдалар. Табиий, гап сиёсий жазо, яъни бу сотқинлик қилганларни катта сиёсатдан улоқтириш, халқни сотқинларга овоз бермасликка чақириш ҳақида кетмоқда.
Шуни алоҳида айтиш керакки, Тимошенко очиқча сотқин деб айтаётган оламларнинг сотқинлигини 100 фоиз исботловчи ҳужжатлар йўқ. Аммо, ўша депутатларнинг қилаётган қадамлари бундай айблар қўйишга етарлича асос бермоқда.
Бу каби воқеа Ўзбекистонда ҳам бўлганини ҳозир кўпчилик билади. “Бирлик” халқ ҳаракатининг асосчиларидан бўлиб, кейинчалик “Эрк” партиясин тузган бир гуруҳ (ҳозир у гуруҳдагиларни 53-54-чилар деб айтишади), ўзбекнинг тарихида биринчи марта қурилган миллий ҳаракатни 1989 йилда Ислом Каримовга сотишган. Бу ишга раҳбарлик қилган Салой Мадаминга мукофот сифатида икки дона (53-54 сонли) квартира берилган ва у коммунист партия рўйхатидан альтернативсиз номзод қилиб қўйилган. Булар - “мукофотларнинг” ҳужжатлар билан аниқ исботланганлари.
Шу сотқинлик туфайли мустаҳкамланиб олган режим ҳозир халқнинг қонини ичмоқда. Бунда, мавжуд режимнинг гумашталари билан бир қаторда, 53-54-чиларнинг ҳам ҳиссаси борлигини энди ҳар бир ақли расо одам тушунади.
Кўриниб турибдики, агар Ўзбекистонда сотқин Салой Мадамин Каримовдан квартиралар ва депутатлик мандати олганини исботловчи ҳужжатлар каби далиллар Украинада ҳам бўлса эди, украиналар у сотқинларни аллақачон эшакка тескари ўтказиб Киевни айлантирардилар. Худо хоҳласа, бундай кунлар ҳали келади, Украинада ҳам, Ўзбекистанда ҳам.
Ватан, миллат тақдири учун кураш осон иш эмас. Ким ҳақ ким ноҳақлигини аниқлаш ҳам осон эмас. Аммо, буни аниқлаш гина-кудуратни унутиш йўли билан бўлмаслигини бутун дунё тушуниб бўлган. Ўзбеклар ҳам бу тушуниб етмасалар ва гина-кудуратни унутиш шиорлари билан сотқинларни оқласалар, бир одамнинг қули бўлиб юраберамиз. Оллоҳга шукрки, Ўзбекистонда бу оддий ҳақиқатни тушунган ҳақиқий сиёсатчилар, яъни бирликчилар бор.
53-54-чиларнинг хоинлиги
1989 йили “Бирлик” халқ ҳаракати оёққа туриб олгач, Тошкентнинг майдон ва кўчаларини тўлатиб ўтказган митинглари билан коммунистик ҳокимиятни жар ёқасига олиб келиб қўйганди.
Бутун собиқ Совет Итифоқида аҳвол шундай эди. СССР парчаланиш, унинг таркибидаги жумҳуриятлар мустақил бўлиш йўлида эдилар. 2 йилдан кейин шундай бўлди ҳам, СССР парчаланди, ҳамма жумҳуриятлар мустақил бўлди.
“Бирлик” каби кучли демократик ташкилот-лари етишиб улгурган жумҳуриятлар секин-аста демократик ўзгаришлар йўлидан кетдилар.
Аммо, Ўзбекистонда Сталин типидаги диктатура қайта тикланди. Нимага? Нима бўлди?
Ҳамма нарса ўша 1989 йилнинг кузидан бошланди.
Сентябрь ойининг бошларида ўзбек тилини давлат тили қилиш учун кураш авжига чиққан кунларда, “Бирлик”нинг асосчиларидан Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан, Усмон Азим, Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам ва бошқалар тўсатдан сафларини бир оз аввал Ўзкомпартия раҳбарлигига қўйилган Ислом Каримовга тўғрилай бошладилар. Улар асосий иш четда қолиб, Каримовнинг буйруғини бажараётганларини ҳам ортиқча яширмасдан, “Абдураҳим Пўлат раисликдан кетса ва митинглар ўтказилмаса, “Бирлик” рўйхатдан олинар экан” деб, ташкилотнинг Низомига кўра Қурултойни ҳам кутмасдан дарҳол Марказий Кенгаш мажлисини чақирдилар ва раис алмаштириш кампаниясини бошлаб юбордилар. Айни замонда “Митинглар қилмаймиз, митинг қилиш кўча чангитишдир, Абдураҳим Пўлат митинглар орқали халқимизни қон йўлига тортмоқда” деб айюҳаннос солдилар.
Улар “Нима учун демократик ташкилотнинг раиси коммунистлар лидерининг истаги билан алмаштирилиши керак?”, “Низомда раис Қурултойда алмаштирилиши кўзда тутилган бўлса, қандай қилиб уни Марказий Кенгашда алмаштирамиз?” каби саволларни эшитишмас, Каримов уларни қўллаб-қувватлаётганидан маст бўлиб, демократиянинг асосий принципларига ҳам тупиришга тайёр эдилар.
Келажакда 53-54-чилар лақабини олган бу гуруҳ раисни алмаштиролмаса ҳам, ҳукуматни ёрдами, ёзувчиларнинг халқ ичидаги обрўси ва кўп бирликчиларнинг сиёсий тажрибасизлигидан фойдаланиб, “Бирлик”нинг фаолиятни фалаж қилдилар, кейин митингларни ҳам тўхтатолдилар.
Фурсатдан фойдаланган Каримов Ўзбекистон парламентига сайловларни ўзи истаган шаклда ўтказиб, кейин тезда диктатурани тиклаб олди. Ваҳоланки, айнан шу даврда ҳамма жумҳуриятларда сайловлар ўтказилди, уларнинг аксариятида демократлар ёки ғалаба қозондилар ёки кучли демократик фракциялар уюштиришга муваффақ бўлгандилар.
Кейинчалие аниқ маълум бўлдики, бу 53-54-чиларнинг қандайдир хатоси эмасди, улар хоинлик қилгандилар. Ўша кунларда Салой Мадамин икки марта Ислом Каримов билан яширинча учрашгани, у билан ҳамма нарсани келишиб олгани ва Каримов унга совға сифатида 53-54 номерли икки квартира ҳамда коммунист партия рўйхатидан депутатлик мандати бергани маълум бўлди.
Хоинлар мағлубиятга маҳкум эди
Хўш шундай экан, нима учун кейинчалик Ислом Каримовнинг ўзи у хоинларни бир тапиб улоқтириб ташлади? Сабаб нима - Каримов уларни алдаганмиди, ёки 53-54-чиларнинг ўзи тажрибасизлик қилиб, ҳукуматнинг орбитасида кўп вақт туролмай, олинган совғаларни сақлаб қололмадими?
Табиий, Каримов “Бирлик”ни рўйхатдан оламан деб уларни алдганди ва уларни ўз фойдасига ишлатиб, ахир бир кун ҳеч бир сабабсиз ҳам улоқтирарди. Аммо, сабабсиз улоқтиришга ҳожат бўлмади, негаки, хоинлар тажрибалари бўлиш бўлмасликларидан қатъий назар мағлубиятга маҳкум эдилар ва ўзлари сабаб яратиб, сўнгра шу сабаб билан улоқтирилдилар.
Шу масалани бошқаларга сабоқ бўлсин дея анализ қилишдан фойда бор. Чунки, ҳаёт кўрсатаётганидек, хоинларнинг охир-оқибатдаги мағлубиятини уларнинг “маҳоратсизлиги” маҳсули деб тушунганлар ҳар доим бор ва улар биринчи имконият бўлиши билан 53-54-чиларнинг “қаҳрамонлигини” қайтариб, мукофотли бўлиб олишга тайёрлар.
Хоинларнинг пиравардида мағлуб бўлишлари-нинг сабаби эса қуйидагича.
Бош 53-54-чи Салой Мадамин ва унинг ҳамтовоқлари ўша пайтда ҳукуматдан яхшигина совғлар олдилар. Аммо, уларнинг орқасидан кетганлар нима олдилар, ва бундан ҳам муҳими, нима учун уларнинг орқасидан кетдилар?
Уларнинг орқасидан кетганларнинг кўпчлиги “Бирлик” аъзолари эди. Уларнинг баъзилари 53-54-чиларга яқин кишилар бўлишгани учун улар билан бирга кетишган бўлса, мутлақо кўпчилик, 53-54-чиларнинг ҳаракатини сотқинлик эмас, миллий ҳаракат учун охири фойда келтирадиган сиёсий манёвр деб ҳисоблади ва шу йўл билан мавжуд ҳукуматни алдаб кетолишига ҳам ишонди.
Яъни, бу одамлар ҳукуматдан ҳеч қандай мукофот олишмади, олишмасди ҳам, шу сабали, ўз раҳбарларининг ҳукумат билан оғиз-бурун ўпиши натижасида ўзлари аъзо бўлган ташкилот мустаҳкамланишига ва Ўзбекистонда демократиянинг ғалабасига ҳисса қўшилишига ишонишди.
Каримов эса, ўз табиатига кўра, ҳар қандай ташкилотга лидер орқасидан кетувчи пода сифатида қарагани учун, лидерларни сотиб олиш бутун ташкилотни сотииб олиш деб ўйлади.
53-54-чилар орқасидан кетган одамлар (айтилгандек, уларнинг кўпчилиги бирликчилар эди, кейин эркчи бўлишди) аввалига ўз лидерларинг сиёсий ўйини, маневридан натижа кутишга бошлашди. Уларга кўра, натижа - Ўзбекистонда демократиянинг ривожланиши бўлиши керак эди.
Аммо бўлмади. Шундан кейин оддий эркчилар табиий бетоқатлик кўрсатиб, жойларда радикал ҳаракатларини кучайтирдилар, ўз лидерларига босим ўтказиб, улардан ҳам радикал баёнотлар ва ҳаракатлар талаб қилдилар.
Бош 53-54 нима қилиши керак эди? Радикал ҳаракатлар қилмаслик учун Каримовдан совғалар олганини айтолмасдику, у бечора. Унинг 2 йўли бор бўлган: .Олинган совғаларни сақлаб қолиш учун чўнтак мухолифатчилигидан ҳам чиқиш, ёки ўз ташкилотининг маҳаллий бўлимлари ва оддий фаолларнинг таъсири остида радикаллашиш.
Салой Мадамин биринчи йўлни танласа, у ҳукуматга айнан мухолифат ичидаги ўз одами сифатида керак бўлиб тургани учун, ўз қийматини йўқотарди, яъни ҳукуматга керак бўлмай қоларди. Ва умуман сиёсатдан кетишга мажбур бўларди.
Сиёсатда қолиш учун у иккинчи йўлни, яъни радикаллашиш йўлини танлашга маҳкум эди ва танлади. Аммо у Каримов 53-54-чилар ёрдамида мустаҳкамланиб олганини тушунишга ақли етмади. Натижада, ҳукумат “Эрк” партиясига ҳужум бошлаб, тезлик билан уни феълан йўқ қилди, мукофотларни олиб қўйди.
Асосий хулоса аниқ: Миллий-демократик ҳаракатга хоинлик қилган 53-54-чилар, ҳамма сиёсий хоинлар каби, мағлубиятга маҳкум эдилар ва мағлуб бўлдилар. Аммо, бу хоинлик натижасида Ўзбекитсонда диктатура тикланди, миллат қатағонга учради, Андижонда ўз қонига ботирилди.
Бу каби фалокатларнинг олдини олиш учун, жамиятда сиёсий хоинларни энг камида сиёсий жазолаш механизмлари яратилиши шарт.
53-54-чилар эса, очиқчасига тавба қилиб, миллат олдида бош эгишлари ва ўзларини миллат-нинг ҳукмига топширишлари керак.