Журнал Ҳаракат №2 (65) 2007. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат - Бек ака билан суҳбатдан тортиб Вашингтондаги семинаргача
1. Бек акани хахолатим кулдирдим, кейин Инсоннинг дунёдаги марказий ролини гаплашдик Бек ака Тошмуҳамедов – миллатимизнинг буюк адиби Ойбекнинг ўғли, академик олим, “Бирлик”нинг асосчиларидан, 1989-92 йиллари унинг раисдоши, “Бирлик” тузилган йиллардан бери яқин дўстим. 1992 йил апрель ойида, яъни “Бирлик”нинг ўша даврдаги сўнгги Қурултойидан тахминан бир ойча аввал Бек ака янги яратилган Ўзбекистон Олий Аттестация Комисиясига раис этиб тайнланди. “Бирлик” аъзоси бўлиб қолавераман, аммо бу янги ташкилотни оёққа турғизиш анча вақт талаб қилади, шу сабабли, мени ҳозирча “Бирлик”нинг сайланган органларига кирмай тураман, Қурултойга ҳам боролмайман, деди Бек аканинг ўзи шахсан менга ўша кунларда. Бундай қадам қилган фақат Бек ака эмасди. Маълумки, 1991 йил сентябрь ойида “Эрк” партияси рўйхатдан ўтиб, унга Каримов Тошкентнинг марказида катта бино ва Совет замонида ҳокимиятнинг символларидан бири бўлган қора “Волга” автомобилларию қизил телефонлар совға қилгандан кейин, партия раиси Салай Мадаминов Ёзувчилар Уюшмасининг котиблигидан кетди, унинг ўрнига “Бирлик” Марказий Кеннгашиниг аъзоси, 1989 йилда “Бирлик” бўлинганда биз тарафда қолган оз сонли ёзувчилардан бири Гулчеҳра Нуриллаева тайинланди. Ўшанда Гулчеҳра опа ҳам Бек ака айтган шаклда ташкилотимизнинг сайланган органларидан четда туришларини билдирганлар. Ўша пайтда Жамол Камол Ёзувчилар Уюшмасига раис этиб тайлангани учун “Бирлик”дан тамомийла айрилганди. Аслида, уларни тушунишга интилишимиз керак. Чунки, мамлакатимзнинг мустақил бўлиши бир қатор демократларда мавжуд режим билан ҳамкорлик қилиш йўлидаги маънавий тўсиқларни ҳеч бир шартсиз ошиб ўтиш керак деган ва унчалик тўғри бўлмаган фикр яратган эди. Эътибор бериш керакки, 53-54-чилардан фарқли ўлароқ, булардаги фикр мустақилликдан кейин ўртага чиқди. Бу катта фарқ. Мен чет элга чиқиб кетган йилларимдан бери Бек ака билан ҳам Гулчеҳра опа билан ҳам ҳар замонда телефонда гаплашиб турамиз, сўнги йилларда, айниқса, “Бирлик” қайтадан тиклангандан бери телефонлашишлар яна ҳам кўпайди. Шунинг учун, кечаги гаплашишни навбатдагиси деса ҳам бўлаверади. Салом-алик қилганимиздан кейин мавзу, табиий, дарҳол сиёсатга ўтди. “Бек ака, баъзи одамлар, Сиз, Гулчеҳра опа, Шуҳрат Исматуллаев ва Дадахон ака каби бир қатор фаолларимиз Абдураҳим Пўлат туфайли “Бирлик”ни ташлаб кетишган, деб гап тарқатишади, шунга нима дейсиз”, дедим. Бунинг гувоҳи Оллоҳнинг ўзи, Бек ака қаҳқаҳа уриб кулабошладилар. “Мен сен туфайли “Бирлик”дан чиқадиган ҳолга келсам, - деди кейин Бек ака ҳазил аралаш, - аввал сени “Бирлик”дан чиқартираман, ундан кейин ўзим чиқиш-чиқмаслик масаласини ўйлаб кўраман. Гап тарқатадиганлар бўлса, уларга айнан шундай жавоб бериш керак”. Бек ака билан кўроқ русча гаплашамиз, улар ёшлари каттароқ бўлгани учун менга танишган замонларимиздан бери “Сен” деб мурожаат қиладилар, буни мен самимий муносабатлари-мизнинг рамзи сифатида табиий деб кўраман. Сўнгра жиддийроқ мавзуларга ўтдик, “Бирлик”нинг фаолиятини янада жонлантириш учун нима қилиш керак деб ҳисоблайсиз, деб сўрадим. У киши айнан шундай жавоб берди: “Эрк” билан бирлашиш керак, Сен Ўзбекистонга қайтишинг керак”. Мен биринчи масала бўйича қуйидагича гапирдим: “Бек ака биласиз, аввалги суҳбатларимиз давомида ҳам буни гаплашгандик, бу масала доим кун тартибимизда, дердим. Аммо, ҳозир шароит ўзгарган. Мен АҚШнинг Хальсинки Комиссиясида бўлган гапларни Сизга аввал айтиб берганман. Шундан кейин ҳам шубҳалар бўлганди. Аммо, бугун Хельсинки Комиссиясида айтган гапларим бизнинг қатъий қароримизга айланди”. Кейин “Эрк” раисининг демократдан кўпроқ ислом фанатикига ўхшаб кетишини тасдиқловчи гапларини яна бир марта эсатиб туриб, гапни шундай давом эттирдим: “Биз бундай фанатиклар билан бирга бўлмаймиз. Бугун фақат мен эмас, мухолифатнинг асосий шахслари, булар Муҳаммад Бобир Маликов, Самад Мурод, Васила Иноят, Дайнов Ташанов, Жаҳонгир Муҳаммад ва бошқалар, пайғамбаримизнинг исмини ҳам ҳақорат қилмаслик учун “Эрк” партияси раисини фақат Салай Мадаминов деб аташ кераклигини расмий чиқишларида эълон қилдилар, мени эса биласиз, унинг пешонасига 53-54 тамғасини аллақачон босиб бўлдим, энди уни ҳеч ким олиб ташлолмайди. Шу муносабат билан менинг Сиздан илтимосим, у болани бирон ерда ҳимоя қиламан деб овора бўлиб ўтирманг, ўзингиз шарманда бўласиз. Чунки, у бир миллат хоини эканлиги исботлаб бўлинган. Унинг энг яқин одамлари ҳам ҳозир буни инкор этолмаяптилар. Кўрасиз, у биринчи имкони бўлиши билан имонини ҳам сотади, Оллоҳни ҳам сотишга ҳаракат қиладидиган даражадаги мунофиқ. Хуллас, “Эрк”нинг биз 53-54-чилар деб атайдиган фракцияси билан ҳеч қандай бирлашиш бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, бу фракцияда бир неча киши қолган халос. Мен ҳар бир айтган сўзим учун жавоб бераман. Уларни жиддий қабул қилинг. 1990 йида “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” деб мақола ёздим, ҳатто сафдошларимиз уни вақтида тушунишмади, 1991 йил май ойидаги Қурултойимизда “СССРнинг саноқли кунлари қолгани сабабли, курашдаги урғуни мустақилликдан демократияга ўтказиш”ни таклиф қилдим. У расман қабул қилинди, аммо, сафдошларимиз уни моҳиятан жиддий тушуниш-мади. Шулар сабали ҳозир халқимиз қулликда ўтирибди. Наҳотки, ҳозирги гапларимнии ҳам жиддий қабул қилмайсизларда, 10 йилдан кейин ўз хатоларингизни тан оласизларми?” Бу хусусда баъзи воқеаларни эсадик, хусуан, ўша 1991 йилдаги қурултойимизни. Кейин бу масалага бошқа қайтмадик. Кўрдимки, Бек ака менинг гапларимни жиддий қабул қилдилар. Иккинчи масала хусусида ҳам юрагимдаги бутун гапларни тўкиб солдим: “Мамлакатга қайтиш ҳар кунги орзуим. Аммо, менинг баъзи фанатиклрдан фарқли тушунчаларим бор. Тушунчаларимнинг асосида биз бирликчилар, қолаверса, Ўзбекистон - мусулмон дунёсида янги Ренессанс даврини бошлаш учун етакчилик қилиши лозим, деган фикр ётади. Ренессанс, русчаси – Возрождение, ўзбекчаси уни Уйғониш даври деймиз, маданиятдаги инқилобий ўзгаришларгина эмас. Йўқ, бу инсоннинг менталитетидаги инқилобий ўзгаришлар мажмуаси ҳамдир. Менинг бу масалалар устида ҳам жиддий мулоҳазаларим бор. Бу хусусда “Оллоҳ Ўзи яратган дунёнинг марказига Инсонни қўйган” сарлавҳали мақола ёзиш ниятидаман. Бунинг учун бугун укам Абдуманнобнинг уйидан ҳам рус тилида ҳам ўзбек тилидаги энциклопидияларнинг Уйғониш даврига оид атамаларни ўз ичига олган жилдларини олиб келдим. У ердан иқтибослар олиб кўрсатмоқ-чиманки, мана уларни Сизга ўқиб бераман Бек ака, Ғарб Ренессансининг асосида, мен аввалдан ҳам билганим каби, маданият инқилобигина эмас, гуманистик ғоялар, хусусан, дунёнинг марказида Ҳазрати Инсон турганини тан олиш, клеркиализмдан воз кечиш, яъни дин уламоларининг сиёсий ва маданий ҳаётга таъсирини минималлаштириш ғояси ётади. Биз ҳам, яъни мусулмонлар, аввал Оллоҳ яратган дунёнинг марказида Инсон туришини ва бу билан боғлиқ ғояларни қабул қилшимиз лозим. Биз Инсоннинг марказий ролини англаб етсакгина, бирон нарсага эриша оламиз. Бу узун мулоҳазаларимнинг маъноси шундан иборатки, мен ҳеч бир бирликчини, ўша мунофиқ эркчилар каби, улар Фалестинадиги воқеалардан руҳланиб кетишган бўлса керак, ўлимга чақирмаганман ва чақирмайман. Ўлимга чақириш – у дунёда жаннат ваъда қилаётган чала мулла ислом фанатиклари ва ўлимга юборилаётганнинг авлодларига коммунизм ваъда қилиб келган коммунист фанатикларининг иши. Бизнинг фалсафамизни марказида Оллоҳ яратган Инсон ҳаётини эъзозлаш ётади. Мен шахсан ўзим ҳаммани мавҳум ғоялар учун бошни кундага қўйишга эмас, реал ғоянинг ғалабаси учун ҳаётда қолиб курашишга чақирганман. Менинг ўзим ҳам ўша дунёнинг марказига қўйишга, ҳаётини эъзозлашга чақираётганим инсонлардан бириман. Демак, ғоя учун Ўзбекистонга бориб бошимни бекорга кундага қўймайман. Бугун режим жаллодларидан узоқроқда туриб курашар эканман, миллатимизга, динимизга ақл ишлатиб, кўпроқ хизмат қилаётганимга, кўпроқ фойда келтираётганимга ишонаман. Хўш, шундай экан, ватанга қайтиш вақтини қандай аниқлаймиз? Мен ватанга қайтиб бориб, ҳаётим жиддий таҳлика остида қолмаслигига ишонишим учун энг камида бир нарсани билишим керак. Масалан, Бек ака, Дадахон ака, Гулчеҳра опа, Шуҳрат Исматуллаев, Абдулазиз Маҳмудов, Қаҳрамон Ғуломов ва шу каби бир қатор сафдошларимиз расман баёнот эълон қилиб, “Бирлик” Партиясида эканликларини, партиянинг бу йилги президент сайловида кўрсатиладиган номзодини қўллаб қувватлашларини очиқча билдирсинлар. Шундай инсонлар “Бирлик” аъзоси эканликларини очиқ эълон қилишга журъат эттиларми, демак, унинг раиси мамлакатга қайтиш учун журъат қилса бўлади. Ва мен ўша заҳоти Ўзбекистонга қайтиб бораман”. Бу масалани Бек ака билан муҳокама қилиш шуни кўрсатдики, мен санаб ўтган кишилар бугун айтилган журъатни кўрсатишга тайёр эмасга ўхшамоқдалар. Демак, ҳаммамизнинг журъати-мизни ошириш йўлидаги ишларимиз ҳам давом этаверади. Мен аминманки, бу масала муҳокама қилинишга бошландими, демак, уни ҳал қилиш замони ҳам узоқда эмас. 18 март 2007 йил Виржиния, АҚШ 2. Демократик Форум ғоясининг 53-54-чилар тарафидан болталаниши Мен бундан 15 йил аввал тахминан шу кунларда бўлган воқеаларни аввалги бир хотираларимда эслагандим. Ҳозир уни сайтимиздаги “Қидирув” системасидан фойдаланиб ҳам тополмадим. Балки, “калит” сўзларни хато бергандирман. Хотираларимни, бу йил “юбилий” йили бўлгани учун, қисқа бўлса ҳам қайтадан ёзмоқчиман. Вақти келиб, аввалги эсдаликларим билан бунисини солиштирш ва хотирамнинг кучини ўлчаб кўриш имкони бўлар. Архивларимдаги қоғозлардан ўша воқеаларнинг кунларини аниқласа бўлади, аммо, ҳозир баъзи воқеаалрнинг аниқ кунларини бермасдан уларни қоғозга тушираман. Хуллас, 1992 йилнинг шу кунларида Тошкентнинг марказида жойлашган Федорович номли каслхонада ошқозонимдаги арзимаган бир хасталик туфайли даволанардим. Бу престижли касалхонага ётиш ҳам унчалик осон эмасди. Аммо, мен профессор сифатида ҳукуматнинг 2-чи поликлиникаси рўйхатида турганим сабабли, бир оғиз айтишим билан менга йўлланма беришган. Кундуз куни бу ердаги процедураларни олиб, кечга яқин “Бирлик”нинг Ёзувчилар Уюшмасида жойлашган қароргоҳига чиқардим, сафдошлар билан нималардир қилардик. Шу касалхонанинг бошқа бир бўлимида “Эрк” партиясининг раҳбарият аъзоларидан Ўзбекистон Олий Судининг собиқ аъзоси Содиқжон Йигиталиев даволанарди. Аввалдан таниш эмасдик, шу ерда танишдик, тез-тез гаплашиб турадиган бўлдик. Бир кун мени кўргани “Бирлик” асосчиларидан, ўша пайтларда “Озод деҳқонлар” партиясининг феълан раҳбари Олим ака Каримов келдилар. У ёқ бу ёқдан гаплашдик, кейин Олим ака ўзларига хос шаклда қуйидагиларни гапирдилар: “Мухолифатни бирлаштириш керак. Билишимча, эркчиларнинг ҳам кўзи очилиб бормоқда, Каримов уларга берган ваъдаларини бажармади. Ўзбекистон Демократик Форуми номи остида бир уюшма тузиш лозим. Агар, сен отахон (улар ҳар доим менга ярим ҳазил билан айнан шундай мурожаат қилардилар) менга ваколат берсанг, эркчилар билан, Шукурулло Мирсаидов билан ва бошқалар билан бу хусусда гаплашаман”. Мен бу таклифни тўла қўллаб қувватладим. “Бирлик” қароргоҳига борганларимда эшитдимки, бу йўналишдаги ишлар кетмоқда. Бир кун тушдан кейин касалхона ҳовлисида ташқарига чиқиб келиш учун кийиниб олган Йигиталиевни кўриб қолдим. “Қаерга кетаяпсиз?” деган саволимга у киши “Улфатлар билан чойхонада ош қиламиз” дея жавоб берди. Эртасига эшитдимки, Йигиталиев Демократик Форумнинг Таъсис мажлисига кетган экан, буни мендан атайлаб бекитибди. Форумда ҳаммага “Абдураҳим Пўлат касалхонада бўлгани учун келолмади” деб эълон қилинибди. Буни кўпчилик билади, кейин маълум бўлдики, Олим ака билан Форум тўғрисида гаплашган “Эрк” раиси Салой Мадаминов партиясининг расмий жойи борлиги учун Форумнинг мажлисини ўтказиш ташаббусини ўз қўлига олибди ва “Бирлик”дан ўзи истаган бир неча кишини таклиф қилиб, мажлисни кеча менсиз ва асосий бирликчиларсиз ўтказиб олибди ҳам. Биз бирликчилар буни ўз орамизда маслаҳатлашиб, муаммо чиқармасликка келишдик, амалий ишларда барибир ташаббус биз томонга ўтиб кетишини билардик. Аммо, воқеалар бошқачароқ йўналишда кетабошлади. Ўша кунги жараёнларни тўғри тушуниш учун бир нарсани жуда аниқ билаш керак. Бу шундан иборат. “Бирлик”нинг бўлиниши вақтида бўлғуси эркчилар Каримов томонидан қўллаб қувватланганини ҳамма билса ҳам, ҳали Каримов режими қўлини қонга буламагни учун бўлса керак, “Бирлик” ва “Эрк” аъзолари ўртасида бугундаги каби антоганизм йўқ эди. Яъни, қўполроқ қилиб айтса, борди-келди мавжуд эди орамизда. Иккала тараф ҳам бошқасининг ичида бўлаётган воқеалардан хабардор эди. Ҳеч қандай ички сирлар йўқ эди. Расмий матбуотда бўлмаса ҳам, мухолифатчиларнинг ичида ҳақиқий ошкоралик бор эди. Шу сабабли, тезда маълум бўлдики, президент Каримов Салой Мадаминовни чақириб, Форумни йўқ қилишни талаб қилган, ҳеч бўлмаганда, унга Мирсаидов, ака-ука Пўлатовлар, Толиб Ёқубов, Миролим Одилов ва Муҳаммадамин Нарзиқулов каби “Бирлик”нинг лидерлари киритилмаслиги ҳақида шарт қўйган. Бу суҳбатнинг гувоҳи (бу икки кишидан ташқари, табиий) фақат Олоҳдир. Аммо, ишлар қандай кетишга бошлаганидан, Каримов-Мадаминов нимага келишганларини тахмин қилиш учун фолчи бўлишга ҳожат йўқ. Мана фактлар. Бир неча кундан кейин “Эрк” газетасида “Ўғри қаригач, мулла бўлади” номли мақола эълон қилиниб, у ерда Мирсаидовнинг “дабдаласи” чиқарилган эди. Яъни, бутун умр Совет иллатлари билан яшаган “ўғри” Мирсаидов бугун “муллаликка”, яъни демократликка даъво қилаётгани “фош қилинганди”. Демак, Мирсаидов хусусидаги Каримовнинг талаби қандай бўлгани ва Мадаминов уни қандай бажарганини фақат аҳмоқ одамгина тушунмаслиги мумкин. Ҳар турли ҳозир кўпайиб кетган лўттибозлар учун такрорламоқчиман, бу воқеа фактдир. “Эрк” газетаси ўша сонининг ҳамма нусхаси йўқ бўлиб кетмаган бўлса керак. Хуллас, Каримов Мадаминовнинг қўли билан Мирсаидовни ўша босқичда мухолифатдан узоқлаштиришга эришди. Воқеалар давом этарди. 10 майда Демократик Форумнинг 2-чи мажлиси яна “Эрк” биносида бўладиган бўлди. Мен каслхонадан ҳам чиққанман. Демак, биз, яъни “Бирлик” раҳбарияти, ўзимиз истаган одамларни олиб Форумга келишимиз аниқ эди. Ойнинг бошларида “Эрк”дан сигнал келди: Юқорида номи санаб ўтилган “Бирлик” фаоллари мажлисга келмасинлар, келсалар ҳам киритилмайдилар, чунки, агар улар келса, ҳукумат Форумни ёпади. Баҳонанинг чиройлилигига қаранг. Гуёки уларни Форумнинг тақдири қизиқтирмоқда. Икки ташкилотдан иборат бўлган Форумга (яна бир неча майда ташкилотларни гапириб ўтириш ҳам ножиддий бўларди) энг кучли ва энг катта ташкилот раҳбарлари келмаса, у нима бўлади ўзи деган саволни ўртага қўйишга ҳам ақли етмасди эркчиларнинг. Мен ўзимни хафа бўлган келиндек тутмадим (ичимизда ўзини шундай тутадиганлар етарлича бўлгани учун, Салойнинг ўзи ҳам шулардан бири, бу сўзни ишлатмоқдаман). Масалани сиёсий йўллар билан ечишга уриндик. Менинг талабим билан, янглишмасам, 8 ёки 9 май куни, “Эрк”нинг қароргоҳида Форумга кирадиган ташкилотлар раҳбарларининг учрашувини ўтказадиган бўлдик. У ерга мен, Гулчеҳра Нуриллаева, Шуҳрат Исматуллаев, Жаҳонгир Муҳаммад, Файзулла Исоқовлар келдик. “Эрк”дан янглишмасам фақат Аҳмад Аъзам ва Дилором Исоқова келишибди. Икки тарафдан ҳам яна бир неча киши ҳам бўлгандир, аммо ҳозир бунинг аҳамияти йўқ. Салой Мадаминов эса, Тошкент вилоятидаги партия бошланғич ташкилоталридан бирига жуда муҳим иш билан кетишга мажбур бўлиб қолган эмиш. Мухолифатни бирлаштиришдан муҳим бир иш борлигига ёш бола ҳам ишонмайди албатта, аммо, бу ҳам ҳақиқат эди. Бутун гапларимизга қарамасадан, Аҳмад Аъзам тўтиқушдек шуларни такрорлаган: “Бирликчилардан бир гуруҳни Форумга киритмаслик партиямизнинг қарори, мен ҳеч нарса қилолмайман”. Хуллас, Форум ўша куни мозорга кўмилди. Салой Мадаминов яна бир марта хоинлик қилиб, Олим Каримов тамонидан ўртага отилган ва ҳамма тарафидан қўллаб қувватланган Демократик Форумни Каримовнинг топшириғи билан ботирди, “Эрк” ҳеч ким билан бирлашмаслигини яна бир марта кўрсатди. 19 март 2007 йил Виржиния, АҚШ 3. Муҳим учрашувлар олдидан мухолифатчиларни ушлаб кетиш тасодифми? Бугун Тошкент вақти билан эрталаб (Вашингтонда ярим кечаси) Васила Иноят билан телефонда гаплашиб, унинг Европарламент ҳайъати билан урашуви, учрашувдан олдинги саргузаштлари ҳақида гаплашар эканман, аввал КГБ, энди МХХнинг мухолифатчиларни муҳим учрашувлар олдидан вақтинча изоляция қилиш одатига доир яна бир воқеа эсимга тушди. Вақтдан фойдаланиб, шу воқеани тилга олмоқчиман. 1992 йил 15 май куни Тошкентда МДҲнинг саммити (мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши) бўлди. Россия президенти Борис Ельцин ҳам келишини аввалдан билардик. Шу сабабли йиғилиш бўладиган жой олдида ёки марказий майдонлардан бирида пикет ёки кичикроқ митинг ўтказиб, Ельцин билан учрашишни талаб қилмоқчи бўлдик. Айнан шу мақсадда, Олма-отадан бир неча қозоқ демократлари ҳам келишганди. Пикет ёки митингни бирга ўтказишни мўлжаллардик. Шу кунги ҳамма воқеаларни тафсилотлари унчалик эсимда эмас, “Эрк” партияси билан бу масалада қандай келишганимизни хотирлай олмайман. Бунинг устига, айтиш керакка, бир неча кун аввал, тўғрироғи, 10 майда у партиянинг биносида “Бирлик”нинг асосий шахсларисиз Демократик Форум мажлиси ўтказилган, аслида, Форум ғоясига нуқта қўйилганди, муносабатларимиз яна ҳам ёмонлашганди. Шундай бўлса ҳам, 15 май акциясини бирга ўтказишга келишганимиз. Икки тарафнинг фаоллари қозоқ сафдошларимиз билан биргаликда “Эрк”нинг қароргиҳида шу куни эрталаб учрашишимиз керак эди. Айтиш керакки, “Бирлик” халқ ҳаракатининг руйхатга олинганига 8 ой ўтган бўлишига қарамасдан, ҳокимият бизга қароргоҳ бермаган. Ўша куни эрталаб “Високовольтний” массивидаги уйимдан чиқиб, дуч келган бир машинани тўхтатдим ва марказга қараб жўнадим. Пушкин майдонида тўсатдан 3 милиция машинаси мен кетаётган “Волга”ни ўраб олиб тўхтатди. Сўнгра милиционерлар олдимизга келиб, бу машина ўғирлангани ҳақида маълумот олишганини, машинани Мирзо Улуғбек (у пайтдаги номи Куйбишев) тумани Ички ишлар бошқармасига олиб бориб текширишлари кераклигини айтишди. “Волга”нинг эгаси, армани йигит, ҳужжатларини чиқариб ва юксак лавозимдаги қандайдир қариндошларининг исмларини айтиб, бу “тушунмовчиликни” бартараф қилишга жон-жаҳди билан интиларди. Мен ҳамма нарсани тушуниб турган бўлсам ҳам, уларнинг қўлидан қутилиш учун ҳаракат қилиб кўрдим. “Мен йўловчиман, мени қўйиб юборасиз деб ўйлайман, бошқа машина оламан”, дедим. Табиий, “йўқ” дейишди. Милиционерларда бири бизнинг машина рулига ўтирди ва бизни унча узоқ бўлмаган туман милиция бошқармасига (Доғистон кўчасининг бироз ичкарисидаги) олиб келишди. У ерга келишимиз билан мени бошқарма бошлиғининг хонасига олиб киришди, “Волга”нинг эгасини бошқа кўрмадим. Ўйлайманки, уни дарҳол қўйиб юборишган. Мени эса шу ерда ушлаб ўтиришди. Аввал бошқарма бошлиғи, кейин ёрдамчиси мен билан узундан узоқ суҳбатлар ўтказишди, машина тўғрисида, хўжа кўрсанга бўлса ҳам, сўраб кўришмади ҳатто. Ҳозир билмайманку, у вақтларда улар ортиқча ўйин қилиб ўтиришмасди. “Сизларнинг режаларингизнибиламиз. - деди туманнинг бош миршаби. - Бу ердан Сизни МДҲ раҳбарларининг йиғилиши тамом бўлгуннча чиқармаймиз. Ортиқча тўпалон қилсангиз, ўша машинанингг ўғирланиши хусусида тергов бошлаймиз, кечгача расмий саволларимизга жавоб берасиз”. Нима ҳам қилар эдим, улар билан отамлашиб ўтирдик. Тўғрисини айтса, уларнинг ҳаммалари “Бирлик”нинг фаолиятига қизиқишар, бизга нисбатан ортиқча душманлик кайфиятлари йўқ эди..Ақлли-хушли одамлар вазият эртага ўзгариб кетиши мумкинлигини ҳисобга олишар, аммо, бугун мавжуд ҳокимиятнинг ҳамма буйруқларини, уларнинг ноқонуний эканлигини билишса ҳам, бажаришарди. Тушдан кейин соат 3-4 ларда мени қўйиб юборишди. Кейин билдимки, саммит битган, Каримов Ельцин билан Самарқандаги кетган. Мен “Эрк”нинг биносига келдим. Бу ерда тўпланган оз сонли бирликчи ва эркчилар уйимга ҳам телефон қилиб, менинг ғойиб бўлганимни ҳам билишган, мирашаблар қўлида эканлигимни тахмин қилишган. Яна бир марта қайтараман, у пайтларда вазият бошқачароқ эди. Милициянинг қўлида бўлишни ҳеч ким, бугун каби, ҳаёт учун таҳлика деб билмасди, шу сабабли сафдошларимиз ҳеч нарса қилишмаган ҳам. Хуллас, ўша куни ҳеч нарса қилолмадик. Нимага? Мени ушлаб кетган бўлсалар ҳам, “Бирлик”нинг иккинчи раисдоши Шуҳрат Исматуллаев, “Эрк”нинг раиси Салай Мадаминов ва бошқалар келишилган жойда эдилар. Уларни изоляция қилишмаган. Ўша кунги кучимиз шундай эдики, 20-30 кишига телефон қилинса, 1-2 соат ичида минг бўлмаса ҳам, бир неча юз кишилик пикет чақиришга қурбимиз етарди. Бир неча юз киши йиғилса, 100 фоиз аминман, Ельцин мухолифат лидерлари билан учрашарди. Аммо, ҳеч нарса бўлмади. Нимага? Менинг баъзи иддаоларим ҳатто баъзи сафдошларимни “раздражать” қилаётганини билсам ҳам, улардан бирини такрорлайман. Ҳар қандай ташкилот, уюшма, бирлашмаларда уларнинг сайланган раисларидан ташқари лидери бўлади. Лидер – бу лидер дегани билан лидер бўлиб қоладиган одам эмас, у ҳақиқий лидер, лидер эса объектив категориядир. Совет КГБси, ўзбек МХХси буни ҳаммамиздан яхши билади. Шунинг учун, керак бўлган пайтда лидерни изоляция қилиш лозимлигини яхши тушунишади. 1992 йил 15 майда улар шу йўл билан Ельцин билан бўлиши мумкин бўлган учрашувимизнинг олдини олишди. 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон парламенти сессиясининг очилишига бир неча минг кишилик митинг қилишни қарорлаштирдик. Усталик билан (бу усталигимизни айтиб бериш алоҳида ҳикоя, уни июнь-июль ойларида қаламга олишга ҳаракат қиламан) эркчиларни ҳам бу ишга тортдик. Аммо, 29 июнда менинг бошимни ёриб кесалхонага ётқиздилар. “Бирлик”нинг иккинчи раисдоши Шуҳрат Исматуллаев, “Эрк”нинг раиси Салай Мадаминов ҳеч нарса қилолмадилар. Митинг қолдирилди. Дарвоқе, ўша кундан эътиборан мухолифат мағлубият даврига кирди. Бу ҳам тасодифми? 24 март 2007 йил Виржиния, АҚШ 4. Қирғизистоннинг янги Бош вазири ва Вашингтондаги семинар Бугун Қирғизистон Бош вазири вазифасини вақтинчалик бажариш Алмаз Атамбаевга топширилганини Интернетдан ўрганганимда, у билан бир марта учрашганим эсимга келди. Воқеа янглишмасам 1994 йилнинг ўрталарида бўлган. Мен ўша пайтда Истанбулда яшар эдим. Шаҳарнинг қоқ марказидаги шаҳар мэрияси орқасида эски бир мадраса биноси бўлиб, у ерда машҳур “Турк Дунёси Тадқиқотлари” фонди (вақфи) жойлашганди. Вақф раҳбари профессор Турон Ёзғон ҳамма турк элларидан келганлар билан жуда яхши алоқада бўларди, ҳар кимга қўлидан келганча ёрдам берарди. У пайтда Интернет йўқ, асосий алоқа воситаси - телефон, факс. Ёзув-чизув ишлари компютерларда қилинарди. Уларнинг ҳаммаси вақфда бор эди ва Турон Ёзғон бу ердаги мвжуд имкониятлардан фойдаланиш учун менга тўла шароит яратиб берди. Шунинг учун менинг асосий вақтим шу ерда ўтар, баъзи одамлар эса мени шу ерда ишлайди деб ўйлашга ҳам бошлашганди. Вақфнинг яхши ошхонаси бўлиб, у ерда ҳар куни тушлик овқат тайёрланарди. Вақфда ишлайдиганлар, бу ерда жуда кўп бўладиган маҳаллий ва чет эллик маҳмонлар тушлик вақтида дастурхон атрофида тўпланишар ва тушлик овқат қизғин суҳбатларга айланиб кетарди. Бу ерда ҳар куни Турк дунёсининг турли бурчакларидан келган одамларни учратиш мумкинди, Ёқутистондан тортиб Молдова ичидаги Гагаузиягача. Мен шу ерда Турк дунёсининг таниқли инсонлари билан танишганман. Бир кун Турон Ёзғон мени навбатдаги меҳмони, Қирғизистон соцал-демократик партияси раиси Алмаз Атамбаев билан таништирди. У сиёсатчидан кўра кўпроқ янги иш бошлаган, иши яхши кетаётган ўрта миён бизнесменга ўхшарди. У билан гаплашиб ўтирар эканмиз, бир маҳал бу ерга яна бир меҳмон келиб қолди. Бу ҳозир кўпроқ 53-54 лақаби билан танилган ўзимизнинг Салой Мадамин эди. Биз бир шаҳарда турсак ҳам ҳеч кўришмасдик, шунга ўхшаш тасодифий учрашувлар бўлиб турарди. Тушлик вақти келиб қолган бўлса керак-ки, Турон Ёзғон бизни ошхонага даъват қилди, ўзи бир нарсани баҳона қилиб кетиб қолди. Аслида, у атайлаб бизни ўзаро гаплашиб олишга имкон бериш мақсадида бундай қилди. Овқат вақтида уччаламиз яхши суҳбатлашдик, дея олмайман, у ёқ бу ёқдан гаплашиб ўтирдик, холос. Аммо, Алмаз Атамбаевни жуда ҳайрон қолдирган, кейин иккаламиз қолгандан кейин ҳам тилга олинган бир мавзу хотирамда яхши қолган. Салой гап орасида “Эрк” партияси юрт ичида ҳам юрт ташқарисида ҳам катта кучга эга эканлигини айтар экан, ҳозир Афғонистиннинг Ўзбекистон билан чегаараси яқиинида 3 минг кишилик қуролли отрядлари борлиги, бир ҳафта ичида Каримовни йиқита олишларини жиддий шаклда айтиб ўтди. Шунда Алмазнинг оғзи очилиб қолди дейиш мумкин. Мен у ўзбек демократлари қуролли кураш йўлига ўтганларидан шундай ҳолга тушган бўлса керак деб ўйладим. Кейин иккаламиз қолиб суҳбатимизни давом эттирганимизда билдимки, у “шундай кучга эга бўла туриб нимани кутиб ўтирибсизлар?” деган маънода ҳайрон қолган, биз Салой билан биргамиз деб ўйлаган экан. Мен унга баъзи нарсаларни тушунтиришга мажбур бўлдим. Биринчидан, биз у партия билан бирга эмаслигимиз, Каримов “Бирлик”ни тўхтатиш учун Салой Мадаминдан фойдаланиб, кейин уни улоқтиргани, бу бола ҳозир аламзадалик билан оғзига келган нарсани гапираверишини айтдим. “Ўзбекситондек катта бир мамлакат президентлигига номзод бўлган одам бозордаги пистачка сотувчидек оғзига келганини гапираверадими?” деди ҳайронлиги яна ҳам ошган Қирғизистоннинг келажагдаги Бош вазири. Мен эса, Совет замонида бозордаги пистачка сотувчи ҳам ўзининг бир квадрат метрлик иш жойи учун ҳаёт-мамот жанги олиб боргани, ўзига яраша сиёсатчи бўлгани, бизнинг Салойда ҳатто бундай тажриба ҳам йўқлигини айтиб, Алмазни кулдирдим. 53-54 нинг оғзига келганини гапиравериш одати тезликда ўзини яна бир марта кўрсатди. 1995 йил 30 январь куни АҚШдаги Миллий Демократия Институти Вашингтонда “Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар” номли семинар ўтказди. Унда Ўзбекистон ҳукуматти тарафидан Адлия вазири Алишер Марди, АҚШдаги элчимиз Фатхулла Тешабой, “Бирлик”дан - мен ва Алибой Йўляхши, “Эрк”дан Салой Мадамин ва ўша пайтда ёш эркчиларнинг раиси, Туркияда эркчилар тарафидан ўқитилган террористик гуруҳнинг раҳбари, ҳозир ББСда "демократия" эшиттиришлари олиб боришни МХХга хизмат қилиш билан бирга олиб бораётган Паҳлавон Турғун, мустақил сиёсатчи сифатида Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Муҳаммад-Бобир Малик, ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноб Пўлат иштирок этдилар. Бу семинар ҳақида тафсилотли маълумот “Ҳаракат” журналининг энг биринчи сонида, менинг у ердаги нутқим эса, журналнинг иккинчи сонида берилган. Шу семинардаги нутқида “Эрк” раиси ўз газетеларини Ўзбекистонда 300-400 минг нусхада тарқатишганини гапириб қолди. Мен ўзим газета чиқариш ва уни тарқатиш ишларини яқиндан биламан. Ўзбекистонда биринчи мустақил нашр бўлмиш “Бирлик” хабарномасини, кейинчалик “Демократик Ўзбекистон”, “Мустақил ҳафталик” газеталарини яратишга бошчилик қилганман, шу сабабли, буларга оид бирон факт ёки рақам айтилса, мен уларни тўғри баҳолай оламан. “Бирлик” хабарномасини ротапринт билан бир неча юз дона тайёрлардик. “Мустақил ҳафталик”ни Россия шаҳарларидан бирида 5 минг нусҳада чоп эттириб олиб келардик. У пайтдаги нисбий эркинликлар даврида ҳам бу ўта оғир иш эди. “Мустақил ҳафталик”нинг сонларидан бирини 5 минг нусҳаси ҳозир ҳам Қозоғистоннинг мамлакатимизга яқин қишлоқларидан биридаги танишимизнинг уйида ётган бўлса керак, уни ичкарига олиб киролмай қолганмиз. Шу газетанинг қайсидир бир сонини ҳозир миллиардерга айланган бир Россиядаги ўзбек бизнесменининг ёрдамида 20 минг нусҳада чиқардик, кейин тарқатишга кучимиз етмади. Бу ишни Совет замонининг “Союзпечать” каби ташкилотисиз қилиб бўлмаслигини тушунга-нимдан кейин, сафдошимиз Маҳмуджон Иноқовга МАТТАР (Матбуотни Тарқатиш) номли хусусий фирма очишни ва газеталаримизни тарқатишни профессионал йўлга қўйишни таклиф қилдим. Унга мен айтган ном ёқмади, бошқа бир ном остида ўз фирмасини рўйхатдан ҳам ўтказди, аммо, 1992 йил ёзида менга қарши уюштирилган суиқасддан кейин мухолифат тор-мор қилинди, бошқа ишларимиз каби Маҳмуджон Иноқовнинг фирмаси ҳам тўхтаб қолди. Шуларни яхши билаганим сабабли, “Эрк” раисининг диктатура тикланиб бўлган 1994-95 йилларда Ўзбекистонда ўз газеталарини юз минглаб нусҳада тарқатаётганларини эшитиб ўзимни кулгидан тўхтатолмадим ва ва бу хусусдаги фикрларимини семинар қатнаш-чиларига айтдим. Салойимиз озгина бўлса ҳам, ҳеч бўлмаса бозордаги пистачкачи даражасида, сиёсатчи бўлганда эди, ҳаммадан узр тилаб, 300-400 минг эмас, 300-400 дона газетанинг Ўзбекистонга олиб борилганини айтарди ва муаммо битарди. Чунки, бу ҳам катта иш ҳисобланган бўларди. Унутмайликки, шу кунларда, яъни 2007 йилда ҳам бу партия чиқараётган газетанинг бир неча донасигина Ўзбекистонга етиб бораётганини мен аниқ биламан. “Ҳаракат” журналининг эса, тахминан 2 минг нусхаси олиб борилмоқда. Аслида, бу ҳам жуда оз. Аммо, Вашингтондаги семинар давомида “Эрк” раиси бошқача йўл танлади. Ҳамманинг кўз ўнгида менга бақириб “Бошқа партияларнинг ишига бурун тиқмасликни”, маслаҳат берди, Ўзбекистонда ростан ҳам юз минглаб газеталар тарқатилаётганини гапириб, роса шармандаси чиқди. Салой Мадамин “ўзбек сиёсатчиси”, “Ўзбекистон президенти номзоди” деган номларни ҳамманинг кўзи ўнгида ерга ураёт-ганини кўрган Муҳаммад-Бобир Малик намойиш-корона мажлис залини вақтинча тарк этди. “Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясининг йўқ бўлиб кетиш остонасига келиб қолгани, бу фракциянинг охирги 5-6 кишилик тарафдорлари сайтларда яшашга маҳкум бўлганининг сабаби - улар лидер деб айтаётган 53-54, Қирғизистоннинг бугунги Бош вазири таърифи билан айтсак, бозордаги пистачкачи даражасига ҳам етолмаётганидир. 29 март 2007 йил Виржиния, АҚШ

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону