Журнал Ҳаракат №2 (65) 2007. Инсон ҳуқуқлари
Европарламент ҳайъатининг Васила Иноят билан саргузаштли учрашуви
Шу йил 20 март куни Германиянинг Тошкентдаги элчихонасидан “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноятнинг уйига телефон қилиб, шу куни соат 15:30 да элчилик биносида бўладиган Европарламент ҳайъати билан учрашувга таклиф этишган. Аммо, Васила Иноят айтилган вақтда элчиликка етиб келганда, ҳайъат аъзоларининг Ўзбекистон расмийлари билан учрашуви чўзилиб кетганлиги сабабли, демократлар билан учрашув соат 20 га қолдирилганини айтишган. Васила Иноят Германия элчихонасига турмуш ўртоғи Тўлқин билан ўз автомобилида келган эди. Улар яна баъзи ишларини қилиб уйларига қайтиб келишлари билан орқаларидан ДАИ вакиллари келиб, уларнинг машинаси бир одамни уриб кетгани ҳақида маълумотлари борлигини айтишибди ва уларни Глинка кўчасида жойлашган ДАИнинг марказига олиб кетишмоқчи бўлишибди. Бу ерда қандайдир тушунмовчилик борлигини тушунган Тўлқин Иноят ДАИга ўз машинасида бир ўзи кетмоқчи бўлганда, миршаблар машина одам уриб кетган пайтида унинг ичида бўлган Васила Иноят ҳам ДАИга бориши кераклигини талаб қилишган. Провокация қилинаётганини тушунган Васила Иноят ҳам ноилож миршаблар билан кетган. Васила ва Тўлқин Иноятларни ДАИ биносида ҳатто сўроқ ҳам қилмасдан соат 22:30 гача ушлаб ўтиришган ва ҳамма ҳужжатларини ҳам қайтариб, тушунмовчилик бўлибди, дея қўйиб юборишган. Эртасига маълум бўлишича, учрашувга Ўзбекистонлик демократлардан фақатгина Васила Иноят ва мустақил сиёсатчи Тошпўлат Йўлдошев таклиф қилинган экан. Васила бўлмагани учун ҳайъат Тошпўлат Йўлдошев билан учрашибди. Элчихона вакиллари 21 март куни эрталаб Васила Иноятдан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида бевосита маълумот олишган ва ўша куниёқ Европарламент ҳайъати Ўзбекистон ҳукуматига бу хусусда норозилик нотаси топширган. Европарламент ҳайъати Андижонга ҳам бориб келгач, Васила Иноят билан алоҳида учрашув тайинланган. Ўтган вақт ичида ЕХХТнинг Тошкентдаги маркази ҳам Василадан бўлиб ўтган воқеаларни ўрганган ва ўз норозилигини ҳукуматга билдирган. Хуллас, шунча саргузаштлардан кейин, 23 март эрталаб Европарламент ҳайъати тўла таркиби билан (8 киши) Германия элчиси ва Франция элчилиги вакили иштирокида Васила Иноят билан 1,5 соатлик учрашув ўтказган. Васила Иноят учрашувнинг бошланишида, кеча ДАИ билан бўлган воқеа тасодифий бўлса керак деган тахминини айтган. Чунки, дейди у, бир ойча аввал Самарқандда бизга қарши уюштирилган ҳужум жуда катта шов-шувга сабаб бўлди ва Ўзбекистон ҳукуматининг обрўсини тўкилишига хизмат қилди. Шундай шароитда, Ўзбекистон расмийлари унинг Европарламент ҳайъати билан учрашувини бузсалар, қандай норозилик билан қаршилашишни тушунмасликлари мумкин эмас. Европарламент ҳайъати билан учрашув давомида Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқларининг аҳволига доир ҳамма масалалар кўтарилди, деди мухбиримзга Васила Иноят. Самарқандда демократларга қарши провокация ҳам маҳмонларни жуда қизиқтирди. Аммо, асосий урғу “Бирлик” Партиясининг фаолияти, унинг фаолиятига йўл бермаслик учун ҳукумат тарафидан қўйилаётган тўсиқларга берилди. Европарламент ҳайъати аъзолари “Эзгулик” жамияти рўйхатдан ўтиш учун бир йил ичида 4 марта Қурултой ўтказгани, “Бирлик” Партияси рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлигига 5 марта мурожаат қилгани, вазирликнинг ҳамма талаблари бажарилгани, партиянинг расман 21 мингдан ортиқ аъзоси, ҳамма вилоятларда ташкилотлари борлиги, 2004 йилда парламент сайловларида иштирок этишга ҳаракат қилгани, бу йил президент сайловида қатнашиш учун тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги маълумотларидан ҳайрон қолганларини яширолмадилар ва воқеаларнинг тафсилотларини ўрганиш учун кўплаб саволар бердилар ва энг сўнгида “Биз бу масалада қандай ёрдам беришимиз мумкин” деб сўрадилар. “Бирлик”чининг жавоби қуйидагича бўлди: “Ўзбекистон ҳукумати бир марта мардлик қилиб, 2004 йилда “Эзгулик” жамиятини рўйхатдан ўтказди. У яна бир марта мардлигини кўрсатиб, “Бирлик” Партиясини ҳам рўйхатдан ўтказиши керак. Биз бунинг учун керакли ҳамма ҳужжатларни топширганмиз. Европарламент Ўзбекистон ҳукуматидан ўз мамлакатининг қонуннларини бажаришни талаб этса етарли. Қонунларга кўра “Бирлик” Партияси рўйхатга олиниши учун ҳамма нарса тайёр”. Ўзбекистонда демократик мухолифат, унинг асосий кучи бўлган ва ўз ҳужжатларини ҳукуматга тақдим этолган ягона ташкилот - "Бирлик" Партияси рўйхатга олинсагина мамлакатда демократик ўзгаришлар бошланиши мумкин. Европарламентчилар бу масалаларни Ўзбекис-тон ҳукумати олдига яна бир марта қўяжакларини билдирдилар, демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласида ҳеч қачон орқага чекинмасликларини яна бир марта изҳор эттилар. ●●●

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону