Журнал Ҳаракат №2 (65) 2007. Биз яшаятган жамият
Ёдгор Турлибек - Диктаторлар инсониятнинг душманидир
Ер юзида адолатсизликнинг бирор, ҳудудда авж олиши, бу ўша ерда демократиянинг янчилиб, диктатуранинг гуллаб яшнашидир. Айни дамда жаҳон прогрессив жамоатчилиги ардоқлаб келаётган Инсон Ҳукуклари ҳимоячилари ва тўғрисўз журналистлар диктаторлик ҳукм сураётган давлатларда қаттиқ босим ва туҳматларга дучор қилинмоқда, уларни қамаш ва ҳатто ўлдириш ҳолатлари кенгаймоқда. Халқимизда “беш бармоқ баравар эмас” деган мақол бор, агар бу мақолга қараб президентлар ҳам ҳар хил бўлади-да деб қўяқолсак, кўп миллионли бир бутун халқ шу мақолдан келиб чиқиб, бизга тушган президент шу экан-да, деб кетавериши керакми? Халқ қора нонини топса еб, агар топмаса, ғинг дегани учун диктаторнинг таёғини еб, умрбод яшаб ўтавериши керак эканми? Бугун фан ва техника мислсиз ривожланиб инсонларнинг эртаклардаги қадимий орзулари амалга ошиб, одам информация ва коммуникация асрига кириб борди. Аммо планетамиздаги инсониятнинг нормал яшашига етиб ортадиган ресурс ва имкониятларга бўлишига қарамай, авторитар давлатларда халқлар ярим оч яшаб, бунинг устига дикриминация ва репрессияга учрамоқдалар. Бундай ачинарли ҳолатга диктаторлар асосий сабабчи бўлиб, уларнинг зулмидан оддий халқ феодализм ёки қулдордик даврига улоқтирилгандек бўлди, оддий бечора одамлар тақдири зўравонларнинг оёқ остида топталиб, улар ёппасига саводсиз ва қашшоқларга айланмоқда. Минг афсусларким, ҳар бир виждонли кишини ларзага соладиган бундай ноҳакликка чидаб тамошабин бўлиб қолиш эса, замондошларимиз ўз тақдирларига бунчалик совуққон булиб бораётганлигидан дарак бермоқда. Халқимиз турмушнинг ўта оғирлиги ёппасига витаминоз, анимия ва туберкулёз хасталикларининг кўпайиши натижасида майиб-мажруъ ва аклан заиф туғилишларнинг сони келажагимизга хавф солишга бошлади. Уларнинг кўчаларда қаторлашиб ўтириб гадойлик қилишлари ва бундай мажруҳларнинг аянчли ва хунук ташқи кўринишлари раҳимдил кишиларнинг кўзларига ёш келтирса, кимлардир бу ёкимсиз манзарадан, яна минг афсуски, тескари қараб ўтиб кетаверадилар. Бундай майиб-мажруҳлар сони авторитар давлатлардаги статистикага кўра оз бўлсада, аслида уларнинг сони кўп ва ва келажакда янада ортиши мумкин? Хўш, бундай ёқимсиз муаммони қандай ҳал қилиш керак дейсиз? Жавоб эса биттагина: бу – биринчи навбатда халқнинг қорнини тўйдириш билан ечиладиган масаладир. Завод ва фабрикалар тўхтаб, қишлоқ хўжалиги ҳам эътиборсиз қолиб, миллонлаб ишсизларни сарсон-саргардон қилаётгани устига яна диктаторлар ўз оила аъзолари билан мамлакатни истаганларича талаб, иқтисодни вайрон қилаверсалар, айтинг-чи, бу қайси мантиққа тўғри келади!? Жаҳонда ўз халқининг жаллодига айланиб, унга истаганча азоб беришдан заррача чўчимайлиган бундай диктаторларнинг танобини тортиб қўяоладиган бирор идора ёки қонунлар наҳотки атом асримизда топилмаса, келажакда бундай бебошлик авжига чикиб у оламга таҳдид солмаслигига ким кафолат бераолади?! Минг бор афсусларким, инсониятни бундай бебошликлардан ҳимоя қилаоладиган мантиқ ва адолатнинг хом мевалари ҳалигача ер юзида етилиб пишганича йўқ! Планетамизда баъзи миллатлар очдан ўлаётган бир вақтда, тўқ мамлакатлардаги кишиларнинг “тўқликка шўхлик” қилиб, ортиқча мазалик таомларни ахлатга ирғитаётганлари сир эмас. Диктаторлик сабабли йилига минглаб оилалар ва миллионлаб оч ишсизлар ўз ватанларини тарк этиб, бундай ночорлар оқимининг тўқ давлатларга ўтиб ишлаш ёки яшашларида, ўзлари билан олиб келган қашшоқ давлатларга хос ўғрилик бандитизм каби иллатларни тўқ фаровон ва эмин-эркин яшаётган халқларга кўпинча кутилмаганда инъом этмоқдалар. Одамларнинг миллионлаб йилги орзуларининг айнан бизнинг замонимиздагина рўёбга чиқиши, фан-техника соҳасидаги афсонавий ютуқларнинг айнан бизнинг авлодимизга тўғри келиб қолаётгани бу бизлар учун улкан бахт бўлиб, ундан барчамиз баҳраманд бўлишга ҳақлимиз. Лекин бу қувончли ҳолатлар ҳаддан ошиб кетгани учунми, уларнинг тескари натижалари ҳам бор эканки, орамиздаги баъзи замондошларимиз бу улкан бахтдан ортиқча баҳрамандлигидан ҳатто эсанкираб қолаётгандай. Ичкилик, гиёҳвандлик, ноинсоний маишат каби жирканч иллатлар айниқса ёшларни маънавий бузуқликларга ёки айрим жамиятга ўта зарарли бўлган гомосексуализм, ўғирлик, бандитизм каби иллатларга ундамоқда. Айрим бекорчиларнинг масалан карате ва боксдан бошлаган оддий машқлари, уларни кўпинча бекорчиликдан эрмак бўлиб кўринган детектив ҳаётга етакламоқда. Бундай пулдор ёшлар ортидан миллионлаб долларларга осон эришаётган Голливуд фильмлари жаҳонга намуна бўлиб, энди у ўз ортидан жаҳоннинг барча студияларини эргаштирабошлади. Улардан ер юзига тарқатилётган диск ва видиокассеталар ўз мухлисларини топиб, айрим ёшлар йўлидан адашиб, осон бойлик орттириш учун йўлтўсарлик, экстремизм, терроризм ботқоғига ҳам ботиб, сўнг ундан чиқолмай қолмоқдалар. Булар келажакда АҚШдаги 11 сентябр кулфатларидан баттар кўргуликларни бошимизга ёғдириши мумкин демакдир. Бу бизларнинг худонинг олдидаги қаноат ва шукроналикнинг орамиздан кўтарилиб, йилма-йил турмуш енгиллашган сари тўқ кишиларнинг ортиб бораётган кам ҳаракатлиги туфайли ялқовлашиб кетаётгани ва ортиқча бойликларини эса ёппасига фақат айш–ишрат ва маишатга сарфлаётганидандир. Ядровий ҳужумга қарши ҳимоя компьютеридаги биргина элементнинг ишдан чиқиши билан бир-бирига қарши қўйилган автоматик ҳимоядаги ўнлаб ядро ракеталари яшин тезлигида ҳавога кўтарилиши мумкин. Бу уларнинг қаерда портламасин, бутун ер юзидаги инсоният ва тирик мавжудотни куйдириб ёки заҳарлаб ўлдиришга олиб келади. Ундан ҳосил бўлган катта иссиқликдан планетамиз қутблардаги муз тоғлари эриб, ер юзини сув босиши мумкин. Афсуски, ҳозиргача вазият қанча таранглашмасин бундай муҳим масала фақат олимларнинг ташвишигина бўлиб қолаётир Келажак ва халқ манфаатидан йироқ, инсофсиз ва фақат ўзини ўйлайдиган раҳбарларнинг экологик муаммолар ҳечқачон тушига ҳам кирмайди. Улар сиёсатда қуруқ аравани олиб қочиб, билимдонликда ўзларини етук олимлардан ҳам устун қўядилар. Мақтовсуяр бундай раҳбарлар илми ўткир ёки халқига содиқ олим ва ишбилармонларнинг обрўси ошиб боришидан қўрқиб, уларни обрўсизлантиришга, улардаги ташаббускорлик ва оташинлик руҳини синдиришга ёки ўзларини эса, иложи бўлса йўқотишга ҳаракат қилиб, факат тахтдан тушмасликка интиладилар. Бундай амал ва бойликка ҳирс қўйган диктаторлар лаганбардор корчалонлардан тузилган ҳимоя қобиғига ўралиб иш кўрадилар ва ўз манфаат ва амаллари йўлида ҳар қандай қабиҳ ишдан ўзларини тўхтатаолмайдилар. Кўп президентларнинг қайсарлиги, гўё магнит темирга ёпишиб қолганидай, уларни тахтларидан таёқ билан уриб ҳам туширолмайдиганга ўхшайди. Уларнинг орасида бундай эмаслик жиҳатидан барча президентларнинг ҳам Борис Ельциндай мард ва жентелмен бўлолмасликларини кўриш мумкин. Демак, президентлардаги инсоний фазилатларнинг қанча эканлиги планетамиз инсонларининг келажагини белгилашда асосий рол ўйнаши мумкинлигини тан олсак, у ҳолда яхши президентларни қайси аукционлардан сотиб олиш керак деган ҳақли савол туғилади. Масалан, ҳозиргача жаҳон сайловлар амалиётида президентлар бюллетен ташлаш йўли билан сайланиб, бу сайловларда диктаторлар зўравонглиги сабаб бюллетен саноқларини қалбакилаштириш каби турли найранглар амалга ошмоқда. Бугун инсониятни ташкил қилаётган субъектлар асосан президентлар қўли остида экан, аввал ўша президентларнинг ўзида диёнат ва инсонийлик етарли мужассам бўлиши керак. Бунинг учун ҳатто ўнталаб альтернатив номзод қўйилганда ҳам ва минг марта сайловлар демократик ўтганда ҳам, муносиб президентни сайлаш мумкин эмас. Чунки номзодларнинг ўнтаси ҳам халқдан ўмарилган пулларининг кўплиги эвазига ўз номзодини кўяолган ва келгусида талончи диктаторлар бўлиши муқаррар номзодлардир. Яна бир мисол, президентларни сайлашда умрида кўрмаган бир номзоднинг телевизордаги сўзга чечанлигини ёки унинг таққан чиройли галстугига маҳлиё булиб овоз берилса, айтингчи бу номзод эртага ўз халқининг бошини силайман деб, аслида у халқининг тухумини қуритадиган шахс эмаслигига ким кафолат бераолади? Яхшиси халқни лақиллатадиган бундай сайловлардан тезда воз кечган маъқул. Ер юзида дунёни яхши президентларга топширишнинг ўзиёқ атрофимиздаги яшил экологияни тиклаб, аллақачон халқларнинг уруш эмас, тинч ва тотув яшашлари ва улар ўртасидаги меҳр-оқибатни юзага келтириб, ҳарқандай совуқ урушларнинг олди олиниб, гиёҳвандлик, терроризм ва экстремизм иллатларига барҳам берган бўлар эди! Одатдагидек диктаторлар ўз давлат бошқарувида ғирромлик ва шантажликдек энг осон йўлни танлайдилар. Бундай бошқарилган давлатда албатта бераҳм жандармерия тузилиб, халқ мисоли қулга айланади, диктаторга эса бундан унинг лавозимида умирбод қолиш имконияти туғилади. Афсуски, планетамизда бундай ҳолат сабабли бир миллиарддан ортиқ инсонлар азоб ва уқубатда яшаб келаётган бугунги кунларда, БМТнинг собиқ раиси жаноб Кофи Аннаннинг олиб борган ўта суст сиёсатини мақтовга арзирли деб бўлмайди. Бундай ҳолатлар давом этаверса, булар бизнинг бошимизга «КИЁМАТ»нинг ўз оёғи билан келаётгани эмас, балки бизларнинг “ҚИЁМАТ” сари ўз оёғимиз билан кетаётганимизни англатади. Натижада, кутилаётган глобал фалокатларни барчамизнинг ўз тақдиримизга ўзимизнинг ўта лоқайдлигимиз туфайли бошимизга келаётган, “худонинг ғазаби” дейиш мумкин. Ҳозирга келиб демократия гуллаб-яшнаган АҚШнинг давлат тизимидаги демократиянинг ҳам замонавий цивилизацияга мос ўзгартиришларга муҳтожлиги сезилмокда. Шунинг учун онгимиздаги етарли интелект қувватимизни ишга солиб, демократик тамойилларимизни тарихий коммунистик Маркс таълимотидан бошлаб, то турли муққаддас диний китоблардаги ўгит ва насиҳатларгача жирканмай, улардаги инсонга керакли томонларидан фойдаланиб, планетанинг илмий асосларда тайёрланган ҳақиқий ЯГОНА ДЕМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАРини яратаолсак, буни идеалга энг яқин яшарган ва замонавий демократия тамойили деб айтсак бўлади. Бу ишларга дунё олимлари бирлашиб, барча президентларни хотиржамлик уйқусидан дарҳол уйғотиш учун бонг урмоқлари керак! Бугун демократиядек бизга идеал кўринаётган бу муҳим нарсанинг бугунга келиб, цивилизациямизга мос келмаётганлигигини тан олиб, уни догматик тушунчалардан тозалаб, унга ҳам прогрессив замонавий тус бериш масаласини ҳал этмоғимиз керакка ўхшайди. Сиёсий партиялар энди президент ўрнига давогарликдан кечган ҳолда, ўз мамлакатларидаги иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий масалаларини ҳал қилиш, барча демократик тамойилларни тўғри амалга ошириш ва конституцион тузимни мустаҳкамлашдаги халқнинг авангард ва ишончли вакиллари сифатида актив фаолият кўрсатишлари зарур. Улар президент фаолиятинининг конституцион ва демократик амалларига қандай ёндошаётганлигини назорат қилишда ва янги президент тайинлаш ишларини ташкил этишда халқнинг бирдан-бир ишончди вакиллари ҳисобланадилар. Ҳар бир партиянинг лидерларига сенат ва қуйи палаталарда ўз сонларига қараб жойга эга бўлишлари керак. Агар президентлик вазифасини олиб бораётган раҳбарнинг демократик ва конституцион амаллардан оғишган ҳолларида партия лидерларига унга халқ номидан эътироз билдириб, президентнинг бу ишларини танқид қилиш ёки импичмент эълон қилиш ҳуқуқи берилиб, бу ҳолат сенат тасдиғидан ўтса, БМТга топшириш керакка ухшайди. Аммо, жаҳон миқёсидаги бундай катта ютуқни фақат БМТнинг ёрдами ва иштирокисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Бунинг учун БМТга ер юзидаги ҳамма давлатлар бошқарилишини холисона тўла назорат қилиш ваколати берилиши керак. Худо кўрсатмасин энди биргина шахс БМТ раҳбарлигига сайланиб олгач, унинг зулмини бутун планетамиз аҳли тортмаслиги учун бу раҳбарни ҳам юқоридаги фикрларга асосан сайлаш эмас, танлаш йўли билан тайинланиш керак. Барча давлатларда қуролли кучлар ва армия батамом йўқ қилиниб, фақат ўз ички тартиб ва келишмовчиликларни бартараф этиш учунгина чекланган полицияси бўлиб, БМТ томонидан давлатларнинг бир-бирларига ҳужум қилиши мутлақо тақиқланиб, улар қаттиқ назоратга олинса, ер юзида ва фақат БМТга бўйсинадиган интернационал ягона армия тузилиб, уларнинг турли минтақаларга яраша озгина пропорцияда контингентларини жойлаштириш керак. Бу армиядан бўш вақтларда тасодифан фалокатларга қарши кураш йўлларини ўрганиш ва улардан сув тошқини, ёнғинлар ва зилзила оқибатларини ўз минтақаларида бартараф этишда фойдаланиш мумкин. Фақат шундай қилинганда бутун ер юзида урушлар ва ортиқча глобал қуролланишлар тўхтаб, табиат асралади, энг муҳими, планетада миллатларнинг хафсиз яшашлари учун замин яратилади. Ҳозир давлатларнинг қуролланиш пойгасига ва армия учун ҳаражатларига ҳар йили кичик давлатларда ўнлаб, йирик давлатларда бирнеча юзлаб миллиард доллар маблағ ажратилиши, планетамизда бирнеча триллион долларларнинг ҳар йили инсониятни оммавий қириш қуролларини кўплаб ишлабчиқариш ва армияларни сақлашга ажратилаётган гиант ҳажмдаги бу пуллар аксинча инсониятнинг келажак турмуш фаровонлигига сарфланса, бу воқеа қандай қувончли бўлишини бир тасаввур қиласизми?! Бундай фойдали ишлар ҳар йили юз минглаб машина-трактор, минглаб километр каналлар, юзлаб янги завод, фабрикалар ва минглаб мактаблар, аҳолига уй-жой ва юз минглаб гектар чўлларнинг яшил экинзор ва боғларга айланиб, маошларнинг оширилиши демакдир. Юқоридаги айтилган барча муаммоларни тўғри ва тез ечиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти идораси реконструкция қилиниб, унинг ваколат қувватлари кучайтирилиб ва бу ташкилотда ҳам цивилизациямиз талабларига мос, унинг замонавий серқирра томонларини барпо этиш керак. Ҳозир анча қариб қолган машҳур Умумжаҳон Инсон Ҳуқуқлари Женева Декларацияси моддаларининг ўрнига, инсонларни ҳуқуқий ҳимоя қилувчи янги ва мукаммал ишланган қонунлар дастури билан таъминлаш вақти етиб келди. Бунинг учун умумжаҳон халқаро «инсонлар ҳаётини ўрганиш, демократия ва халқаро қонуншунослик» илмий-текшириш институтини барпо этиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, ўзи кўриб туриб фақат пора берганларнинг ишлари тез битиб кетаётгани учун, унинг ҳам пора беришга мажбурлигидан пора бергани сабабли унинг берган порасини қайтариб ва порахўрни жазолаш ўрнига кўрар кўзга пора беришга мажбур бўлган одамни ҳам қамаш адолатданми? Шундай ўзбилармон донишмандларнинг фалсафалари туфайли, энг оғир жиноятчиларнинг осонгина қутилиб қолишлари, аслида бундай қонун ижодкорларининг ўзлари порахўр ва улар келажакда ўзларининг пора олишларига қонуний йўл очганлар деб ҳам айтиш мукин-ку! Ёки ўтмишда магнит ва тасвир лентали ёки фотоаппаратлар йўқ даврлардаги чиқарилган қонунларнинг ҳалигача ишлаб келиши туфайли, жиноятни исботловчи замонавий жиҳоз ва материалларидан фойдаланишни чеклаш, гуё шахснинг суверен ҳуқуқини камситиш деб баҳолаш натижасида жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ерга урилмоқда. Бундай кулгили қонунларга асослансак, эшигимизга қулф осиш ҳам, гўё не умидларда ширин ўйқусидан воз кечиб келган жаноб ўғрининг суверинтетини бузиш, деб тушуниш эмасми? Худди шундай кўп ҳолатлар жамиятда ўнлаб йиллардан бери порахўрлик ва коррупциянинг бемалол равнақ топиб келишига ва уларни фош этиш экспертларнинг мустақил эмаслиги, адвокатларнинг ҳуқуқлари сарик чақа турмай, судлар ўз истаган ҳукмларини чиқариб келаётгани, оддий меҳнаткашларнинг хўрланиб азият чекишларига сабаб бўлаётир. Яна энг муҳим ишлардан бири, БМТни қайта қуриш ва унга катта ваколатлар бериш, баъзи АҚШ, Исроил, Эрон ва Шимолий Корея каби ўзбилармон ва ҳечкимни писанд қилмайдиган мамлакатларнинг ҳам бошқа давлатлар қаторида БМТга бўйсинтириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир. Бундай чораларнинг амалга оширилиши ва БМТнинг халқаро конунлар асосида истаган давлат раҳбарлари фаолиятларини назорат қилиш, керак бўлганда диктаторлик ҳолати аниқланганда президентларни шошилинч алмаштириш ҳуқуқларини БМТга бериш йўлларини «инсонлар ҳуқуқларини ўрганиш ва қонуншунослик» институти ташкил этилса, тез орада улар ўзининг илмий асосланган дастур ва кўргазмаларини амалга ошириш учун БМТга топшириши керакка ўхшаётир... 2007 йил февраль, Қарши E-mai: y_turlibekov@rambler.ru

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону