Журнал Ҳаракат
№2 (65) 2007. С и ё с а т
“Бирлик” президентликка номзод қарорида қатъий
8 апрель куни Тошкентда “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Уда Ҳайъат аъзоларидан партия раиси Абдураҳим Пўлат (телефон орқали Вашингтондан), раис ўринбосарлари Дайнов Ташанов, Ҳамдам Сулаймонов, Холиқназар Ғаниев (милиция томонидан ўзи яшайдиган вилоятидан чиқарилмагани учун телефон орқали Самарқанддан), партия Бош Котиби Васила Иноят, Ҳайитбой Абдуллаев ва мажлисга таклиф қилинган вилоят ташкилотлари раҳбарлари Комилжон Жуманиёзоа (Хоразм), Саидбурхон Қодиров (Бухоро), Носир Зокир (милиция вилоят чегарасида ушлаб уйига қайтариб юборгани сабабли телефон орқали Намангандан) ва Қашқадарёлик Марказий Кенгаш эъзоси Зулфиқор Мирзақулов иштирок этдилар.
Кун тартибидаги асосий масала бу йил бўладиган президент сайловига тайёрланиш эди. Мажлис қатнашчилари партия Марказий Кенгашининг 2006 йил 1 июль ва 11 ноябрдаги мажлисларида демократик мухолифатнинг президентликка умумий номзодига “Бирлик” Партияси номидан номзод қилиб (яъни, номзодликка номзод қилиб) Абдураҳим Пўлатни кўрсатиш хусусидаги қароридан келиб чиқиб, бажарилиши керак бўлган ишларни режалаштирдилар. Шу йўналишдаги асосий иш сифатида вилоят ташкилотларининг фаолиятини жонлантириш ва қонунга кўра президентликка номзод кўрсатадиган Ташаббус гуруҳларининг мажлисларини ўтказиш учун тайёргарчиликни бошлаб юборишга келишилди. Хусусан, 2 вилоят ва Тошкент шаҳрида бундай мажлисларни тайёрлаш устида ҳозирданоқ иш бошлашга қарор қилинди ва вилоят раҳбарларига бу хусусда конкрет топшириқлар берилди. Сайлов кампаниясидан мухолифатнинг мавқеини мустаҳкамлаш, ундан 2009 йилда бўладиган парламент сайловлари учун тажриба орттириш имконияти сифатида фойдаланиш кераклиги алоҳида урғуланди.
Асосий масала муҳокама қилинар экан, Абдураҳим Пўлат ва Дайнов Ташанов бошқа мухолиф гуруҳларнинг бир таклифини ҳам кўриб чиқиш лозимлигини гапирдилар. Масала шундан иборатки, Каримов ҳукумати Абдураҳим Пўлат мавжуд қонуннинг президентликка номзод 10 йил Ўзбекистонда яшаши кераклиги хусусидаги талабига жавоб бермайди деган баҳона билан, уни рўйхатдан ўтказмаслигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ичида яшаётган демократлардан бирини мухолифатнинг умумий номзоди сифатида кўрсатишни таклиф қилгаётганлар бор.
Мажлис қатнашчилари “Абдураҳим Пўлатдан бошқа бир номзод, масалан, Васила Иноятнинг номзоди бугунги ҳокимият тарафидан рўйхатга олиниши мумкинми” деган саволни муҳокама қилдилар, 1991 йил президент сайлови ва 2004 йилдаги парламент сайловлари натижларидан келиб чиқиб, бугунги ҳокимият ўз истаги билан ҳеч қандай мухолифат вакилини сайловларга иштирок эттирмаслиги хусусида бир фикрга келдилар.
Демак, ҳокимиятни бунга мажбур қилиш учун мухолифат сайлов кампанияcи даврида ўз кучини кўрсатиши, бу йўналишда демократик дунёнинг дастагини олишга ҳаракат қилиши керак. Олдимизда жиддий кураш, жанг бор. Бундай кураш, бундай жангга ҳар қандай ташкилот ўз раиси бошчилигида, унинг номзоди билан кириши шарт. Яна ҳеч кимда шубҳа йўқки, бу сайлов кампаниясининг асосий оғирлиги, бугун Ўзбекистонда реал фаолият олиб бораётган ягона ташкилот – “Бирлик” Партясининг зиммасида бўлади.
Айни замонда, мажлис қатнашчилари мухолифатнинг умумий номзодини чиқариш устида ҳам фаолият давом этаверади, деган фикрга келдилар. Аммо, ҳозирча бошқа гуруҳларда бу йўналишда жиддий фаолият йўқ, сайтлардаги баъзи муҳокамалардан ташқари. Шу сабабли, “Бирлик” керак бўлса якка ўзи сайловда қатнашаверишини ҳам назарда тутиб, бошқа гуруҳлар билан мулоқотлар давом этаверади.
Агар бошқа гуруҳлар умумий номзодликка ўз номзодларини кўрсатсалар уларнинг ичидан якка номзодни танлаб олиш механизмини яратиш лозим. Бунинг учун авваллари ҳам кўп марта такрорлангани каби, “Даврат Кенгаши”нинг имкониятларидан фойдаланиш мумкин.
Йиғилишда олинган қарорлар шундай бўлди.
1. “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг 2006 йил 1 июль ва 11 ноябрь мажлисларида қабул қилинган Абдураҳим Пўлат номзодини Президентлик сайловларида илгари суриш ҳақидаги қарорларидан келиб чиқиб, унинг номзодини қонунларга кўра расмийлаштирувчи Ташаббус гуруҳлари мажлисларини ўтказиш учун тайёргарчилик ишлари бошлаб юборилсин.
2. Мухолифатнинг умумий номзодини чиқариш учун бошқа мухолиф гуруҳлар билан мулоқотлар давом эттирилсин. Бу жараёндан натижа чиқмаган ҳолда ҳам, “Бирлик” Партияси ушбу қарорнинг 1-чи моддаси асосида ўз фаолиятини давом эттиравериши инобатга олинсин.
3. “Бирлик”нинг ҳамма маҳаллий ташкилотлари сайлов кампаниясини ўтказиш ишига тўла сафарбарлик этиладилар. Улар бу сайлов кампаниясидан ўз ташкилотларининг структураларини мустаҳкамлаш ва 2009 йилда бўладиган парламент сайловларига тайёрланиш йўлидаги муҳим босқич сифатида ҳам фойдаланишлари керак.
* * *
Табиий, сайловлар яқинлашар экан, “Бирлик”нинг ҳудудий ташкилотларида сайлов-ларга тайёрланиш асосий масала бўлиб қолаверади.
14 апрелда Наманган вилоят партия ташкилоти Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Ташкилот раҳбари вазифасини вақтинча бажариб турган Носир Зокир раислигидаги мажлисга вилоят туманлари ва Наманган шаҳридан келган вакиллар ва меҳмон сифатида партиянинг Фарғона вилоят ташкиолоти раиси Адҳам Муҳиддин қатнашди. “Бирлик” Партияси раисининг водий ишлари бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймон бу мажлисни тайёрлашда иштирок этган бўлса ҳам, оилавий ишлари сабабли бугун Наманганга келолмади.
Мажлиснинг кун тартибида 3 масала бор эди. Булар:
- Вилоят ташкилотининг раиси Муҳаммадали Қорабоев қамалгани сабабли унинг ўрнига янги раис сайлаш;
- Вилоят ташкилотидан партия Марказий Кенгашига сайланган аъзолар масаласи;
- Президент сайловига тайёрланиш.
Биринчи масала. Мажлис қатнашчилари Муҳаммадали Қорабоевнинг қамалишини тамомийла сиёсий сабаблардан эканлигини эътироф қилиб, уни озод қилиш учун қонуний йўллар билан курашни давом эттиришга келишдилар, бу ху сусда махсус баёнот қабул қилдилар. Ушбу масала бўйича “Эзгулик”нинг маҳаллий ташкилоти билан биргаликда фаолият кўрсатиладиган бўлди. Ҳозирги оғир шароитда вилоят ташкилотининг фаолиятни бошқариб туриш учун янги раис сайланиши мақсадга мувофиқ деб тан олинди ва Носир Зокир раислик вазифасига сайланди.
Иккинчи масала. Партиянинг 2003 йилдаги Таъсис қурултойида Марказий Кенгашга Наманган вилоятидан уч киши сайланганди – Муҳаммадали Қорабоев, Собитхон Устабоев, Ғофуржон Тошпўлатов. Айтилганидек, Муҳаммадали Қорабоев қамоқда, Ғофуржон Тошпўлатов сўнги ойларда партия фаолиятидан четроқда қолмоқда, Собитхон Устабоев эса Андижон воқеалидан кейин Голландияга чиқиб кетгач, на ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида на мухолифатчи сифатида кўзга кўринарли фаолият олиб бормаяпти.
Йиғилиш қатнашчилари бу йилги сайловлар арафасида вилоят ташкилотининг фаолиятини жонлантириш, партия Марказий Кенгаши мажлис-ларида Наманганликларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун партиянинг навбатдаги қурултойигача Собитхон Устабоевнинг ўрнига Носир Зокирни Марказий Кенгашдаги вилоят вакили этиб тайинлашга келишишди. Ғофуржон Тошпўлатов ва Собитхон Устабоевларни партия фаолиятига тортиш вазифаси Носир Зокирга юклатилди.
Учинчи масала. Партия Марказий Кенгаши тарафидан президент сайловларида иштирок этиш учун мухолифатнинг умумий номзодига номзод қилиб Абдураҳим Пўлатнинг кўрсатилиши қўллаб қувватланди. Марказий Кенгаш Ҳайъатининг шу йил 8 апрелдаги мажлиси қарорларидан келиб чиқиб қилинидиган ишларнинг режалари хусусида келишилди. Бу йилги сайлов кампаниясидан 2009 йилда бўладиган парламент сайловларига тайёрланишнинг муҳим босқичи сифатида фойда-ланиш фикри маъқулланди.
АҚШдан Наманганга бир неча марта телефон қилган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат феълан йиғилишда қатнашди, ҳамма билан суҳбатлашди ва сўнгра Носир Зокирни табриклади.