Абдураҳим Пўлат - Марказий Осиё Бирлиги: аввалги ғоя, янги фикрлар
Одам Ота ва Мома Ҳаво яратилибдики, тарқоқлик ва бирлашиш муаммоси бор, яъни бирлашиш учун кураш тарихи одамзод тарихига тенг. Бизнинг бу мақола доирасидаги мақсадимиз камтаринроқ - ўз минтақамизда бирлашиш ҳаракатларининг замонавий, яъни СССР парчалангандан кейинги тарихи, бугунги аҳвол ва келажакка йўналган режалар. Аввал, Марказий Осиёда бирлашиш ғоясини янгидан кун тартибига олиб келган парчаланиш, яъни СССРнинг парчаланиши ва Ўзбекистоннинг мустақил бўлишига оид неча оғиз сўз.
* * *
Сиёсатчилар тушунишадики, Ўзбекистонда 1990 йил 20 июнда қабул қилинган Суверенитет ва 1991 йил 31 август куни қабул қилинган Мустақиллик декларацияларининг ҳеч бир ҳуқуқий кучи йўқ эди. Чунки, мамлакатимизнинг, уни аввалги номи билан айтсак, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг 1925 йилда қабул қилинган ва 1977 йилда янгиланган Конституциясига кўра, у мустақил ва ўз хоҳиши билан мустақил давлат сифатида СССРга кирган. Демак, СССРдан чиқишни назарда тутмаган, буни очиқча эълон қилмаган декларация Мустақиллик Декларацияси бўлолмайди. Номи тилга олинган декларациялар, ўша даврда Болтиқбўйи республикаларида қабул қилинган декларациялардан фарқли ўлароқ, СССРдан чиқишни назарда тутмаган бўлса ҳам, улар бизга, яъни ҳақиқий мустақиллик курашчиларга, маънавий куч берганини эътироф қилиш лозим. Биздан бир неча кун аввал қабул қилинган Украинанинг Мустақиллик декларацияси СССРдан чиқиш учун умумхалқ референдуми ўтказишни назарда тутганди. 1991 йил 1 декабрь куни шундай референдум ўтказилди, кўпчилик СССРдан чиқишга овоз берди ва Украина тўла мустақил бўлиб қолди. Маълумки, 1922 йилда СССРни тузиш ҳақидаги ҳужжатни 4 республика – Россия Федерацияси, Украина, Белорусия ва Кавказорти тузишган, қолганлар кейинчалик унга қўшилишган. Бир неча йилдан кейин Кавказорти республикаси учга бўлиниб кетгани сабабли, СССРни яратувчи давлатлар сони 3 га тушганди. 1991 йил 1 декабрь куни Украинанинг СССРдан чиқиши эса феълан уни йўқ қилди. Айнан шу сабабли, 1991 йил 8 декабрда бу уч мамлакат раҳбарлари Беловежские Пушчида СССРни тарқатиш ва бу уч мамлакатнигина ўз ичига олувчи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) тузиш шартномасини имзолашга мажбур бўлдилар. Натижада, бошқалар қатори, Ўзбекистон ҳам мустақил бўлиб қолди. “Бирлик”нинг бирлашишга илк чақириғи Марказий Осиё ва Кавказ республикалари ҳамда Молдованинг ўша пайтдаги коммунист раҳбарлари, хусусан, Нурсултон Назарбой ва Ислом Карим, Москванинг бошқарувисиз яшашни тасаввур ҳам қилолмайдиган одамлар эди. Тўғрисини айтса, улар мустақил бўлишмизга охирги дақиқагача ишонишмаган ҳам. Айнан шунинг учун, Ўзбекистонда 1991 йил 29 декабрга белгиланган ва президент сайлови билан биргаликда ўтказиладиган референдумда 31 августда қабул қилинган Мустақиллик декларациясини тасдиқлашгина кўзда тутилган бўлиб, Украинадагидан фарқли ўлароқ, СССРдан чиқишга имо-ишора ҳам йўқ эди. Болтиқбўйи ва Украинадан бошқа республикаларнинг раҳбарлари Беловежские Пушчи шартномасидан кейин паника ичида нима қилишни ҳам билмай туришар экан, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳақиқий сиёсий ташкилотлигини кўрсатди. 15 декбрь куни Тошкентда йиғилган “Бирлик”нинг Марказий Кенгаши икки муҳим қарор қабул қилди. Биринчиси: Мутлақо нодемократик шаклда ўтказилаётган сайловларнинг иштирокчиси бўлиб қолмаслик ва Ислом Каримовга “бутун демократик мухолифатнинг номзоди устидан ғалаба қозондим” дейиш имконини бермаслик учун, сиёсий декорация сифатида сайловда қатнаштирилаётган “Эрк” партиясининг номзодини қўллаб-қувватламаслик. Иккинчиси: Минтақамиздаги давлатларни Марказий Осиё ва Озарбайжонни ўз ичига олувчи Ҳамдўстлик тузишга чақириш. Мавжуд шароитда Марказий Осиё ва Озарбайжон Ҳамдўстлиги тузиш таклифи шундай инқилобий эди-ки, ўша куни Москванинг “Время” Информацион программаси “Бирлик”нинг йиғилиши ва таклифини куннинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида тилга олган. Ҳеч шубҳа йўқ, 1991 йил 15 декабрдаги “Бирлик”нинг таклифи янги тарихимизга минтақавий интеграция яратиш йўлидаги бошланғич нуқта сифатида киради. Мавжуд сиёсий элиталар бирлашишга тайёр эмас “Бирлик” ўз қарорини расман Ислом Каримовга етказиб, унга Марказий Осиё ва Озорбайжон Ҳамдўстлиги тузиш ташаббуси билан чиқишни таклиф қилди. Табиий, у бунга журъат қилолмади ва 22 декабрда бошқалар қатори ўз мамлакатини МДҲга олиб кирди. МДҲнинг тузилишини фақат салбий томондан баҳолаш хато бўларди. У тўла мустақилликка ўтиш даврида етарлича муҳим роль ўйнади албатта. Аммо, барибир келажакни ўйлаб, МДҲ ичида бўлса-да, минтақавий интеграцион жараёнларни бошлаб юбориш мумкин ва керак эди. “Бирлик”, табиий, шу йўналишда фаолият олиб бориб, қўшни мамлакатлардаги миллий демократик ташкилотлар билан биргаликда, бу ишларни анчагина олға сурган бўларди. Бироқ, 1991 йил декабрдаги президент сайловидан кейин, Ўзбекистон раҳбари мухолифатга нисбатан босимини кучайтириб ва мухолифатнинг тарқоқлигидан фойдаланиб, Ўзбекистонда Совет типидаги диктатурани тиклаб олди, мухолифатнинг фаолияти юрт ичида тамомийла тўхтатилди. Шундан кейин минтақавий интеграция масалалари, вақтинча бўлса ҳам, кун тартибидан чиқди дейиш мумкин. Тўғри, Марказий Осиёда интерацион жараёнлар бировларнинг истаги эмас, объектив зарурият бўлгани сабабли, мавжуд режимларнинг раҳбарлари шу йўналишда маълум қадамлар қилишга мажбур бўлдилар. Масалан, саммитлар ўтказиб турилди, Марказий Осиё давлатлари парламент ассамблеяси тузилди, кейинчалик Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилотига айлантирилган Марказий Осиё Иқтисодий Ҳамдўстлиги яратилди ва ҳоказолар. Лекин, табиат берган бойликлар ва ўз имкониятларидан тўла файдалана олиш, атрофидаги буюк давлатларнинг ҳар доим ҳам фойдали бўлавермайдиган таъсиридан ўзини ҳимоя қила билиш ва улар билан тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатиш кучига эга бўлиш учун Марказий Осиё ҳар тарафлама, муҳим бўлгани, сиёсий томондан ҳам бирлашиши керак. Бундай ишни қилишга минтақамиздаги ҳозирги раҳбарлар ва сиёсий элиталарнинг на иродаси на қуввати бор. Россияга тобелик руҳи, қолаверса, ундан қўрқиш эса етарлича юқори даражада. Айнан шу сабабдан бирлашиш ғояси яна мухолифатдан чиқиши ва у тарафидан олға сурилиши табиий нарса. Яна шуни ҳам айтиш керакки, Марказий Осиё мухолифатчилари ичида бу масала бўйича биринчилик ўзбек мухолифатида, унинг ичида эса, кейинчалик “Бирлик” Партиясига айлантирилган “Бирлик” халқ ҳаракатидадир. Олға кетишдан олдин, охирги айтилган таъкидга оид фактларни эслаб ўтишдан фойда бор. Туркистон интеграцияга маҳкум 1995 йилда “Бирлик” халқ ҳаракат Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, ҳозирда “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари бўлган Пўлат Охун мажбуран Швецияга кўчиб келгандан кейин, бу ердаги Марказий Осиёли мухолифатчиларни бирлаштиришга уринишлар бошланди. Ўзбек ва туркман демократлари “Ватан” жамияти қурдилар ва рус тилида “Центральная Азия” (Марказий Осиё) журнали чиқара бошладилар. Унинг йил охирида чиққан биринчи сонида менинг “Туркистан: по пути интеграции” (Туркистон: интеграция йўлида) номли мақолам чоп этилди. У мақола кейинчалик “Ҳаракат” журналида ҳам қайта босилган (№ 2(5), 1996). “Бирлик”нинг 1991 йил 15 декабрдаги қарорини хотирлашдан бошланган бу мақолада Марказий Осиё мамлакатларини бирлаштириш лозимлиги, аслида, биз бирлашишга маҳкум эканлигимиз жиддий мавзу сифатида, билишимча, замонавий тарихимизда биринча марта тилга олинади. Мана у ердан бир иқтибос: “Тарихий нуқтаи назардан бу давлатлар иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда бирлашишга (интеграцияга) маҳкумлар. Бу эса сиёсий интеграцияга олиб келади.” Мақолада СССРнинг парчаланишидан кейин пайдо бўлган имкониятлардан ўша пайтдаги раҳбарлар фойдаланолмагани, балки улар Россиядан қўрққанлари учун буни истамаганлари, аслида, айнан ўша пайтда Россиянинг Марказия Осиёдаги интеграцион жараёнларни тўхтатишга кучи бўлмагани, бу масалада Ўзбекистон минтақавий лидер сифатидаги мавқеини, минг афсуски, ишлатолмагани каби мавзулар муҳокама қилинади. Шу ерда менинг машҳур “Ньюсуик” журналида ҳам берилган қўйидаги сўзларим келтирилади: “Ўзбекистон бу минтақада калит ўлкадир. Агар Ўзбекистон демократия йўлидан кетса, бутун минтақа шу йўлдан кетади. Агар Ўзбекистонда диннинг роли ошса, бутун минтақада ҳам шундай бўлади. Бугун бу калит Каримовнинг қўлида» (Newsweek, 08.02.93). Мақолада айтилган асосий фикрлардан бири – минтақамизда сиёсий интеграцион жараёнларни кейинги авлодлар қилиши, аммо, ҳозирданоқ иқтисодий ва бошқа соҳаларда бирлашишни тўхтаиб бўлмаслиги. “Яқин йилларда, - дейилган мақолада, - Марказий Осиё давлатларининг, тўғрироғи, Туркистоннинг тақдири минтақадаги табиий бойликлардан келадиган фойдани қандай тақсимлаш учун бошланган курашнинг натижасига боғлиқ. Мен бу ерда атайлаб табиий бойликларни “қўлга олиш” тўғрисида эмас, улардан келадиган фойдани тақсимлаш хусусида гапирмоқдаман. Хозир 20 асрнинг охири. Ҳозир ҳеч ким, авваллари каби, бошқаларнинг тупроқларини босиб олиб, унинг бойликларига эга бўлиб олишни ўйламайди. Энди кураш бошқаларнинг бойликларига очиқчасига эга бўлиб олиш учун эмас, улардан келадиган фойдани тақсимлаш тизгинларини қўлга киритиш учун бўлади. Бу кураш аллақачон бошланган… Аммо, асосий кураш ҳали олдинда. Бу - Каспийнинг жанубий қирғоқларида жойлашган Қозоғистон ва Туркманистоннинг гази ва нефти учун курашдир. Бу кураш Туркистoннинг тақдирини белгилайди. Туркистон ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши керак.” Менинг бу башоратларим қанчалик тўғри бўлганини ҳозир ҳамма кўриб турибди. Мақоламда келажакда нималар қилиниши, Ўзбекистон нима қилиши керак деган саволларга умумий шаклда жавоб ҳам берилган. Фикрларимнинг қисқача мазмуни шундай. Қозоғистон ва Туркманистон ҳатто бирлашсалар ҳам ташқи кучларнинг босимии қаршисида ўз манфаатларини тўла ҳимоя қилолмайдилар. Бу ишга Ўзбекистон қўшилгандагина минтақамизга таъсир қилаётган кучлар мувозанатини минтақа фойдасига ўзгартириш мумкин. Ўзбекистоннинг Каспийбўйидаги муаммоларни ечиш ишларига қўшилиши, бошқаларнинг манфаатларига зид эмас. Қолаверса, Қозоғистон ва Туркманистон Каспийбўйидаги улкан бойликларни ҳазм қилиш потенциалига ҳам эга эмаслар. Ўзбекистон эса, ҳозирги уқувсиз ҳукуматнинг сиёсати натижасида қашшоқ бир ўлкага айланиб бораётган бўлса ҳам, аслида катта потенциалга эга. Масалан, инсон потенциалига. Мамлакатимиз Каспийбўйида амалга оширилаётган лойиҳаларга шерик қилиниши керак, Ўзбекистон ҳукумати бунинг учун керакли қадамларни ўзи ҳам қилиши шарт. Кейинги йилларда интеграцион жараёнлар секин бўлса ҳам олға кетишни давом эттирди дейиш мумкин. Айниқса, иқтисодий масалаларга урғу берувчи Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилотининг яратилиши бирлашиш тарафдорларини қувонтирди. Чунки, Европа Иттифоқи ҳам иқтисодий маслаларда бирлашишдан бошлаб, бу кунда сиёсий биралашма ҳолига келганини ҳамма тушунарди. “Бирлик” яна ташаббуслар бошида Шу асрнинг бошларидан Ўзбекистонда демократик мухолифат янгидан жонланабошлади. 2003 йилнинг май ойида 10 йиллик танаффусдан кейин “Бирлик” халқ ҳаракат ўз қурултойини ўтказди ва партияга айланганини эълон қилди. Қурултойнинг “Бугунги ташқи сиёсатга оид таклифлар” номли баёнотида шундай сўзлар бор (журнал «Харакат», № 3(42), 2003): «Минг афсуски, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ҳамма қўшни давлатлари билан муносабатлари қониқарсиз аҳволдадир. Бунинг асосий сабаби - 5 мамлакатдаги демократик жараёнларнинг тезлиги бир хил эмаслиги. Лекин шу шароитда ҳам ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш учун имкониятлар етарлича бор. Улардан фойдаланиш ҳукуматнинг ҳам мухолифатнинг ҳам зиммасидадир… «Бирлик» Халқ Ҳаракати узоқ муддатли барқарорлик Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграцион жараёнларни чуқурлаштириб бориб, охир-оқибат Европа Бирлиги тусидаги Марказий Осиё Бирлигини шакллантириш билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон бу йўналишдаги жараёнларнинг ташаббусчиси ва етакчиси бўлиши керак. «Бирлик» бу масалалар бўйича ўз ташаббусларини ўртага қўйиш ва ҳукуматнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрдир.» Айтиш керак, бу баёнотда тарихда биринчи марта Марказий Осиё Бирлиги атамаси ишлатилган. Ўша йилнинг август ойида “Бирлик” партия сифатида биринчи қурултойини ўтказди. Унинг Дастурида “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграцион жараёнларни ривожлантириб бориб, секин-аста Европа Бирлигидаги каби тизимларни яратиш якин келажакнинг вазифаси деб хисоблайди” деган сўзларнинг борлиги, “Бирлик” бирлашиш ғояларига содиқ эканлигини яна бир марта намойиш қилди. Аммо, воқеаларнинг ривожи кўрсатдики, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳали ҳам бирлашиш ғояларига катта қизиқиши йўқ. Андижон воқеаларидан кейин эса, унинг кайфияти ҳам ёмон томонга ўзгарди. Каримов ҳамма масалаларда яна тамомийла Россияга ориентация қилабошлагач, унинг ташаббуси билан МОҲ тўлалигича феълан Россия қўли остидаги Евросиё Иқтисодий Ҳамдўстлигига кирди ва минтақавий ташкилот сифатида ўз-ўзидан йўқ бўлди. Ўзбекистон бу минтақада калит ўлка эканлиги, минг афсуски, салбий мисолда яна бир марта тасдиқланди. Яна мухолифат, аниқроғи, яна “Бирлик” бу масалада собитқадам эканини, ҳукуматнинг кайфиятига ҳам қарамасдан ўз ғояларини олға сураверишини намойиш қилди. Бунинг намунаси сифатида менинг “Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари” (Ҳаракат” журнали, № 4(55), 2005) деб номланган мақоламни олайлик. У ерда 2007 йил охирида бўладиган президент сайлови учун сайловолди кампанияси феълан бошланган деса бўлади. Мухолифатнинг асосий мақсадлари ва олдидаги вазифалари санаб ўтилган бўлимни эса, “Бирлик” томонидан кўрсатиладиган номзодининг сайловолди дастурига тезислар сифатида кўриш мумкин. Мана ўша тезислардан Марказий Осиё Бирлигига оид сатрлар: «Марказий Осиёда интеграцион жарёнлар йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш ва бор муаммоларни комплекс ечиш йўли - Европа Бирлиги тажрибасидан фойдаланиб, Марказий Осиё Бирлиги (ёки Туркистон Бирлиги) яратишга киришишдир. Яъни, кучли марказий ҳокимиятга эга бўлган бир федератив давлат секин-аста қурилиши керак. Бу стратегик масалани минтақа аҳолисининг бугуни ва келажагини ўйлаб, ҳокимиятга ҳақиқий сайловлар йўли билан демократик раҳбарлар келгандан кейингина жиддий муҳокама қилиш мумкин, Табиийки, амалий ишлар ҳам ўшанда бошланади. Минтақадаги демократик мухолифат кучлар ҳозирданоқ одамларни бирлашиш ғоясига тайёрлаш иши билан шуғулланишлари мумкин. Бу маслада қуйидаги нуқтага урғу бериш керак. Атрофимизда Россия, Хитой, Эрон, Покистон ва Ҳиндистон каби катта аҳолига эга бўлган мамлакатлар бор экан, нисбатан кичик Марказий Осиё давлатлари мустақиллик берган ҳамма имкониятларлардан тўла фойдалана олмайдилар. Биз бирлашиш йўлидан кетишга маҳкуммиз. Келажакда бўладиган Бирликнинг баъзи сиёсий символларини ҳозирданоқ тарғибот қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, Марказий Осиё Бирлигининг сиёсий маркази сифатида Туркистон шаҳрини танлаш ва лотин графикаси асосидаги умумий алифбо яратиш. Умумий алифбо масаласи Озарбайжон ва Туркиянинг иштирокида ҳал қилиниши кераклиги ҳам ўз-ўзидан маълум. Прагматик нуқтаи назардан, Туркияда қабул қилинган алифбони умумий алифбо сифатида қабул қилиш масаласини ҳам жиддий ўрганиш лозим.» Келтирилган мисоллар ўзбек мухолифати, хусусан, унинг асосий кучи бўлган “Бирлик” Партияси минтақамиздаги интеграцион жараёнларнинг келажагига катта аҳамият бераётганини кўрсатади. Қўшни мухолифатчилар ҳам интеграция тарафдори, аммо… Табиий, мен бу ерда демократ мухолифатчиларни назарда тутмоқдаман. Чунки, келажак уларники, демак, уларнинг позициялари келажагимизни белгилашда асосий роль ўйнайди. Минтақавий муаммолар ва интеграция устида ишлаш учун, авваломбор, демократ-мухолифатчиларнинг ўзлари бирлашишлари керак.Буни демократлар яхши тушунишарди. Шунинг учун бирлашиш учун ҳаракатларни қайта қуриш йиллариёқ бошлашганди. 1990 йил май ойида Душанбеда тўпланган Марказий Осиё (ўша пайтдаги номи билан – Ўрта Осиё ва Қозоғистон) республикаларидаги демократик ташкилотларнинг вакиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон Демократик Кучларининг Конгресси номли ташкилот туздилар. Конгресснинг 2-чи йиғилиши ўша йили декабрь ойида Бишкекда бўлди. Аммо, 1991 йили август путчи билан тамомланган воқеалар, СССРнинг парчаланиши ва ҳар бир мамлакатнинг ичидаги ўта мураккаб жараёнлар туфайли бу ташкилот бошқа фаолият олиб боролмади. Орадан 15 йил ўтгач, 29-30 июль кунлари Германиянинг пойтахти Берлинда тўпланган Марказий Осиё мамлакатларидаги мухолифатчи демократик ташкилотларнинг вакиллари Марказий Осиё Демократик Конгресси (МОДК) тузилганини эълон қилдилар. Бу вақтда Ўзбекистон. Туркманистон ва Тожикистонда мухолифат партиялар очиқ фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлмаганлари учун, янги ташкилотни ишини юритиш қозоқ ва қирғиз демократларининг зиммасига тушиши керак эди. Аммо, минг афсуски, турли сабаблар билан улар етарлича фаоллик кўрсатолмадилар, натижада, бу галги уриниш ҳам мувафаққиятсизликка учради, дейиш мумкин. 2006 йил январь ойининг охирида мен МОДКга кирувчи ташкилотлар раҳбарларига мактуб йўллаб, ҳаммани ҳозирги шароитда олиб бориш мумкин бўлган реал фаолият шакллари устида ўйлашга ва Марказий Осий Бирлиги (МОБ) яратиш дастури устида ишлашга чақирдим. Биринчи навбатда, МОБнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, конституциясининг принциплари, умумий алфавити ва расмий тил ёки тиллари, сиёсий маркази каби масалалар устида ўйлашни таклиф қилдим. Маълум бўлдики, бугун минтақамиздаги демократик кучларнинг ҳар бири ўз мамлакатидаги ички муаммолар билан машғул, минтақавий интеграция масалалари билан яқиндан шуғулланиш имкониятига эга эмас. Бундай шароитда ҳеч ким ўзбек демократларини ташаббусни бошқаларсиз ўз қўлларига олишга интилаётганларини қоралолмайди. Қозоғистоннинг бу кунги ташаббуслари Мавжуд сиёсий элиталар бирлашишга тайёр эмас деган тезисимиз ҳали ҳам ўз ўрнида. Баъзи давлат ва жамоат арбоблари, масалан, Ўзбекистон президенти Ислом Карим ёки қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтмат, вақти-вақти билан ўша пайтдаги кайфиятларидан келиб чиқиб бўлса керак, бирлашиш ғоясини тилга олиб, “Туркистон - умумий уйимиздир” каби шиорларни такрорлаб қолишади, аммо иш илгари кетмайди, чунки популистик шиор орқасида биронта жиддий ўйланган фикр ёки режа йўқ. Чингиз Айтматда содда-самимий истак бўлиши мумкин, аммо, ҳар қандай янгиликдан ўтдан қўрқандек қўрқадиган Ислом Карим ўзи учун ўта мавҳум бўлган Марказий Осиёда интеграция ғоясининг кетидан кетиши мумкинлигини ўйлаган киши анчагина хаёлпараст бўлиши керак. Бунинг устига, бу кишининг асл миссияси - Марказий Осиёда туркий халқларнинг бирлашишига йўл бермаслик, деган тахминдан ҳам тўла юз ўгириб бўлмайди. Охирги пайтда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбойнинг Марказий Осиё Бирлиги яратиш хусусидаги таклифлари кўпчиликнинг диққатини ўзига тортмоқда. Иқтисодий маънода минтақанинг суперкучига айланаётган давлатнинг динамик ва бошқаларга нисбатан бир оз демократроқ президентининг ҳар бир гапига жиддий эътибор берилишини гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Аммо, унинг интеграция масаласидаги ташаббуслари ҳақиқатдан ҳам жиддий ва самимийми? Бу саволга жавоб бериш учун баъзи мулоҳазалар қилиш лозим. Ҳар қандай тор доирали эмас, кенг кўламли давлатлараро сиёсий-иқтисодий интеграция капитал ва инсонлар (фақатгина ишчи кучи маъносида эмас) учун чегараларнинг аста-секин очилишини талаб қилади, турли давлатларнинг структураларини яқиндан ҳамкорлик орқали, узоқ перспективада бўлса ҳам, бирлашишга олиб келади. Европа Иттифоқи типидаги Марказий Осиё Бирлигини яратиш ҳақида гапирилганда айнан шундай интеграция назарда тутилмоқда. Бундай интеграция учун, интеграцияга кираётган давлатлар ва улардаги жамиятлар бир турли қадриятлар ва принципларга асосланган бўлиши, сиёсий ва иқтисодий эркинликлар даражаси бир бирига яқин бўлиши керак. Қозоғистон ва Қирғизистон билан Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонни солииштирсак, қандай умумий қадритялар ва принциплар тўғрисида гапириш мумкин? Сиёсий ва иқтисодий эркинликларнинг даражасида эса осмон билан ер каби фарқ бор. Марказий Осиёнинг турли давлатларидаги айтиб ўтилган қадриятлар, принциплар ва даражаларни биров истаганда ҳам дарҳол тенглаштириб бўлмайди. Гап, ҳеч бўлмаганда, уларни замонавий дунёнинг стандартларига яқинлаштириш истаги борлигини кўрсатишда, бу йўналишда илк қадамларни қўйишда. Бугун Марказий Осиёда бирлашиш ғоясини кўтараётганлар, масалан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой, бу истак ва илк қадамлар ҳақида оғиз очмаяптими, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон демократия ва бозор иқтисодиёти тарафга юришни жадаллаштиришлари кераклигини гапримаяптими, уни жиддий қабул қилиш қийин. * * * Демак, Марказий Осиё Бирлиги яратиш ғояси минтақадаги мамлакатларда ҳокимиятга демократ кучлар келмагунча ғояликдан нарига ўтмайдиган кўринади. Ўзбекистон эса, аввал ҳам айтилганидек, минтақада калит ўлкадир, бу масалада ҳам шундай бўлиб қолаверади. Айни замонда шуни таъкидлашни истардим-ки, бугун ҳокимиятда бўлганлар Марказий Осиё Бирлиги хусусида реал таклифлар билан чиқишса, ўзбек демократик мухолифати, хусусан, “Бирлик” Партияси бундай ташаббусларни қўллаб қувватлайди, ҳамкорликдан ҳам чекинмайди. Чунки биз нафақат бу шаклда бирлашиш ғоясининг тарафдори, ҳатто унинг муаллифидирмиз, узоқ йиллар мажбуран юрт ташқарисидан Туркистон учун курашган буюкларимизнинг ишини демократик принциплар ва умуминсоний қадриятлар асосида ичкарида давом эттирмоқдамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону