Журнал Ҳаракат №1 (64) 2007. Сиёсат ва иқтисод
Дайнов Ташанов - Оқилона сиёсат - иқтисодий тараққиёт мезони
Марказий Осиё ҳудуди ўзининг геополитик жойлашуви, ёкилғи-энергетика заҳираларининг кўплиги эвазига турли “держава”ларнинг диққатини ўзига тортиб келмоқда. Қизил Империянинг инқирози туфайли Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғи-зистон, Тожикистон ва Туркманистон каби ёш давлатлар пайдо булди. Бу давлатларнинг олдида ривож-ланишнинг аниқ ечимини кутаётган қатор социал-иқтисодий ва сиёсий масалалар турибди. Уларни қуйидаги саволлар орқали яхши таърифлаш мумкин: 1. Ҳудудий ички ресурсларга асосланиб иқтисодий тараққиёт йўлига чиқиб олиш мумкинми? 2. Россия, Хитой, Туркия, Эрон каби қўшни мамлакатларнинг Марказий Осиё давлатлари тараққиётида у ёки бу муносабати қандай рол ўйнайди? 3. Ҳудудий иқтисодий интеграциялашув йўллари қандай ва самараси нималардан иборат? 4. Марказий Осиё давлатлари сиёсий ҳаётининг номутаносиблиги барҳам бериш йўллари қандай? 5. Азалий қон-қардош Марказий Осиё-ликларнинг маънавий, маданий такомилида Исломнинг роли қандай? Бу саволларга бугунги куннинг реалликларидан келиб чиқиб жавоб излаш лозим бўлади. Биринчи саволни олайлик. Яъни, иқтисодий тараққиёт йўлига ички ресурслар ҳисобидан чиқиб олиш мумкинми? Бир сўз билан айтганда мумкин. Аммо қандай қилиб? Жавоби тайин: Оқилона сиёсат - иқтисодий тараққиёт мезони. Иккинчи ўн йиллик тугаяптики, биз ҳамон «ўтиш даври» аталмиш атамадан қутулиб, барча жабҳаларга тараққиётнинг устивор йўналишларини аниқ белгилаб ололмаяпмиз. Бозор иқтисодиётига ўтдик деяпмизу социалистик планлаштиришдан қутила олмаяпмиз. Хусусий мулкчиликка ўтдикми? Йўқ. Мулк эгасизлигича қолмоқда. Демократия сари юз тутдик деяпмизу диктатурадан воз кеча олмаяпмиз. Собиқ СССР даврида корхоналар, совхозлар, йирик-йирик фабрика-заводлар давлат мулки ҳисобланарди. Уларда ишлайдиганларнинг барчаси ёлланма ишчилар ва уларни ўз меҳнатида иш ҳаққи олишдан бошқа нарса қизиқтирмасди. Корхона мулкини ким талон-тарож қилмоқда, маҳсулот сифати ва иш уними қандай, вақт ва ресурслар тежалаяптими деган саволлар ишчи учун муҳим эмасди. Чунки ёлланма ишчида мулкка эгалик ҳуқуқи ва мажбурият йўқ. Советлар замонидан қолган бу кўникма (адаптация) дан қутулдикми? Йўқ. Ҳали-ҳануз диёримизда мулк эгасизлигига барҳам берилмади ҳисоб. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан ишлаб чиқаришнинг социалистик формасидан қутулайлик деб колхоз-совхозлар, фабрика-заводлар, корхоналарни тугатиб юбордик. Шу орада қўлга илинадиган ҳар нарса беаёв талон-тарож қилинди. Бюрократик элита бойигандан бойиб, ишчи-деҳқоннинг моддий аҳволи кун сайин ночорлашиб бормоқда. Ўзбекистон ўз йўлини, иқтисодий тараққиёт моделини белгилаб олгандек бўлди. Ўрта ва кичик бизнесни ривожлантирмоқчи бўлдик, деҳқонларга ерни булиб берган бўлдик. Хуллас, мулкни хусусийлаштирдик. Эвазига катта миқдордаги ишсизлар армияси пайдо бўлди. Ишчининг, деҳқоннинг моддий аҳволи ночорлашиб, эртанги кунга умид сўна бошлади. Ўзбекистон аграр мамлакат. Деҳқон-чиликка яроқли ерларнинг 80-90 фоизи фермерларга бўлиб берилди. Бугунги кунга келиб эса фермерларнинг аксарияти банкротга учраганлигини ҳис этиб яшамоқда. Аммо Ўзбекистон матбуоти фермерликнинг гуллаб яшнаётганлиги хусусида тўлиб-тошиб гапиришдан чарчамайди. Нега фермер банкрот? Чунки пахта ва ғалла харид нархи бозордан уч-тўрт баравар арзон, ёкилғи ва мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ерга ишлов бериш ҳаражатлари кескин ошиб кетди. Натижада, олинган даромад қилинган ҳаражатларни қопламаяпти. Қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олишга аксарият фермерларнинг қурби етмайди. Машина-трактор паркида қолган эски техникалар аллақачон ўз муддатини ўтаб бўлган. АҚШдан келтирилган техниканинг кўпчилиги эҳтиёт қисмлари йўқлиги боис ишламаяпти. Дастлаб бир гектар бўлсада ер олиш илинжида юрган деҳқон бугун англаб етдики, фермерлик камида 80-100 гектар ер ҳисобига тузулмаса бўлмайди. Ваҳоланки бугун 1000 гектар ерда 100 фермер бор. Хуллас, бугунги фермерлик сиёсати ўзини оқламай жар ёқасига келиб қолди. Нега? Негаки, фермер худди советлар замонидаги каби ерга эгалик ҳуқуқидан маҳрум, ерга ва бошқа ресурсларга, ўз даромадига ўзи хўжайинлик қила олмайди. У феълан давлат тасарруфидаги ерга ёлланма ишчи холос. Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда олиб борилаётган фермерлик сиёсати иқтисодий тараққиётга олиб боролмайди. Социалистик мулкчилик формаси деб атаймизми, капиталистик мулкчилик формаси деб атаймизми, фарқи йўқ, чунки барибир мулк давлатники бўлиб қолмоқда. Мулк эгаси ҳар иккала жамиятда ҳам айёрликнинг барча усулларини ишга солади, ишчининг меҳнати эвазига кўпроқ фойда олиш илинжида бўлади. Ёлланма ишчи эса кўпроқ иш ҳақи олишдан бошқасини ўйламайди. Натижада эса меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифати паст, ресурслар ва вақт тежамкорлиги кўзда тутилмайди ва ҳоказолар. Нима қилмоқ керак? Энг аввало ёлланма ишчи мулк эгасига айланиши керак. Мулк ҳаммага тегишича майдалаб бўлиб берилиши керакми? Йўқ, асло! Мулкка эгаликнинг жамоавий шаклига асосланган корхоналар жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатларида иқтисодий самарали фаолият юритмоқда. Уруш туфайли батамом издан чиққан Германия иқтисодиётини урушдан сўнги биринчи канцлер Конрод Аденауэр мулк эгалигини ишчилар қўлига бериб, социал-иктисодий дастурни давлат назоратида ушлаб туриши эвасига улкан тараққиёт йўлига буриб юборди. Бошқа бир мисол. Мулк эгалигининг жамоавий шаклига асосланган Испаниянинг Мондрагар кооператив корпорацияси эллик йил аввал тузилган бўлиб, корпорациянинг бугунги кунда хусусий банки, 3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағи, 180 дан ортиқ кўшма корхоналари (қишлоқ хўжалиги, савдо, илмий тадқиқот ва ўқув муассасалари) бор. Сўнгги ўттиз йил ичида корпорация маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 300 баравар ошириб, йилига 6 миллиард АҚШ доллари ҳажмида товар ишлаб чиқариб, жаҳоннинг турли мамлакатлари билан товар айирбошламоқда ва савдо-сотиқ қилмоқда. Бундай мисоллар иқтисодий тараққий этган мамлакатларда минг-минглаб топилади. Иқтисодиётни бошқаришнинг ушбу моделини Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш имкониятлари мавжуд. Фақатгина Ўзбекистон ҳукуматидан изланишга рағбат керак. Мулкка эгаликнинг жамоавий шаклига асосланган корхоналар ишлаб чиқаришни такомил-лаштириб олишлари учун давлатнинг молиявий кўмагига муҳтож булиши мумкин. Молиявий кўмак ҳам чет эл инвесторлари маблағи ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Бугунги кунда шу нарсани эътироф этиш жоизки, МДҲ давлатлари орасида фақат Қозоғистон ҳукумати амалда бозор иқтисодиётига ўтган мамлакат эканлигини халқаро жамоатчиликка тан олдириб, чет эл инвестициясини энг кўп миқдорда иқтисодиётга жалб қилиб, тараққиёт сари илдам қадамлар ташламоқда. Мустақиллик йилларида Жаҳон Банки Қозоғистон иқтисодиётига 21 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ миқдорда сармоя жалб қилди. Чет эл инвестициясининг мамлакатлар иқтисодиётига жалб қилинишида рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 1993 йилдан 1998 йилгача: Қозоғистонда ўсиш 2,5 марта (473 млн. дан 1 миллиард 200 млн. АҚШ долларига); Озарбайжонда 57,9 марта (20 млн. дан 1 миллиард 155 млн. АҚШ долларига); Ўзбекистонда 3,4 марта (49 млн. дан 167 млн. АҚШ доллари) миқдорида чет эл инвесторларининг маблағи иқтисодиётга жалб қилинганлигини кўрамиз. АҚШ инвесторларининг Қозоғистон иқтисодиётига ётқизилган инвестицияси жами чет эл инвесторлари инвестицияси миқдорининг 1993-1998 йилларда учдан бирини (29-31%) ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 1999 йилнинг биринчи чорагидаёк 83 фоизни ташкил қилди. Чет эл капитали ҳисобидан Қозоғистонда йирик-йирик 27 лойиҳа амалга оширилмоқда. 2006 йилда Қозоғистонда ўртача ойлик иш ҳақи 340 АҚШ долларини ташкил қилди. Қозоғистон иқтисодиёти фақатгина углеводород заҳираларининг кўплигидан эмас, балки қозоқларнинг оқилона сиёсати туфайли ҳам гуркираб ўсмоқда. Россия, АҚШ, Хитой каби йирик “держава”ларнинг Қозоғистондаги фаолия-тини ҳам Қозоғистон ҳукуматининг оқилона сиёсати мувофиқлаштириб турибди дейиш мумкин. 2003 йилнинг май ойида ЕТТБ Ўзбекистон ҳукумати олдига қўйган демократик талабларининг бажарил-маганлиги, Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб ва АҚШдан юз ўгирганлиги, Ўзбекистонда барқарор сиёсатнинг йўқлиги чет эл инвесторларининг иқтисодиётимизга сармоя ёткизишини кескин камайтирди. Натижа кундай равшан - иқтисодиётимиз боши берк кўчага кириб қолди ҳисоб. Бугунги кунда валюта бозори ва ташқи савдонинг либераллаштирилмаганлиги ҳам иқтисодий тараққиётимизга катта тўсиқлардан бири. Ўзбекистон пахтаси хомашё сифатида экспорт қилинмоқда. Чет эл инвесторлари ҳамкорлигида рақобатбардош ип-газлама, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарадиган кўплаб қўшма корхоналар, фабрикалар қурилиб ишга туширилиши имкониятларидан ҳам фойдалана олмаяпмиз. Ўзбекистондай аграр мамлакат учун автомобилсозликдан кўра ҳам қишлоқ хўжалиги техникалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар қуриш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга доир комплекс дастур амалга оширилганида пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини кескин ошириб иқтисодиётни ўнглаб олиш мумкин эди. Иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан яна бири Марказий Осиё давлатлари билан қўшничилик, қон-қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш эвазига сув ресурслари, транспорт қатнови, эркин савдо-сотиқ, ёкилғи-энергетика ресурслари таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мумкин бўларди. Аммо ҳозирча фақат сим тўсиқлар кун сайин мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистондаги арзон ишчи кучи ишлаб чиқаришнинг йўқлиги эвазига четга чиқиб кетмоқда. Қозоғистон, Россия ва бошка мамлакатларда бир миллиондан ортиқ йигит-қизлар мардикорлик ва савдогарлик билан пул топиб бир ярим миллиард АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистонга сармоя киритмоқда. Ўтган йил охирида Путин ҳукумати 2007 йил охиригача мардикорларимиз ва савдогар-ларимизни Россиядан чиқариб юборишга мўлжалланган қарор қабул қилди. Қўшниларимиз Қирғизистон ҳукумати 350 минг, Тожикистон 500 минг мардикор ва савдогарни Россияда қолиб ишлаши учун битимлар имзолаш арафасида. Ўзбекистон ҳукумати бу борада ҳам сукут сақламоқда. Қозоғистонда охирги президентлик сайловини кузатганларнинг таъкидлашича сайловда бир неча номзодлар рўйхатга олинган бўлишига қарамасдан Назарбоевнинг 90 фоиздан ортиқ овоз олиб республика президенти бўлишида ҳеч қандай сохталаштиришлар, зўравонликлар бўлмаган-лигини айтишди. Назарбоевнинг оқилона сиёсати туфайли халқнинг қорни тўқ, усти бут, қолаверса инсон ҳуқуқлари кафолатланган, халққа бизга нисбатан катта эркинлик берилган, сиёсий мухолифат ҳам фаолиятда. Ўзбекистонда эса… Хуллас, Ўзбекистондек улкан салоҳиятли, қадимдан давлатчилик аъаналари шаклланган юрт учун оқилона сиёсат, туб ислоҳотлар керак. ●●●

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону