Журнал Ҳаракат
№1 (64) 2007. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат -
Ўзбекистоннинг тақдирини ўзгартирган кунлардан бири
Бу воқеа 1990 йилнинг илк шанба ёки якшанбаси бўлганини аниқ эслайман, демак, календарга кўра, у бундан 17 йил аввал 6 ёки 7 январда бўлган.
Аслида, Ўзбекистоннинг бу даврдаги тақдирини ўзгартиришда катта роль ўйнаган кун 1989 йи 8 октябрдир. Шу куни бўлғуси эркчиларнинг хоинлиги туфайли “Бирлик” муҳим сайловлар арафасида бўлинди. Каримов сайловлани ўзи истаган шаклда ўтказиб олгач, мухофатнинг кучи билан жар ёқасига суриб келинган коммунистик режим ўлимдан қутилиб қолди. Сўнгра Каримов Ўзбекистонда Сталинча репрессив режимни қайта тиклаб, даҳшатли қатағонларни бошлади, халқ ўз қонига ботирилди.
Мен бугун айтиб бераётган воқеа эса, Каримовни мухолифатчиларга нисбатан янада қаҳрли бўлишга, тахтини сақлаб қолиш учун, минг афсуски, ҳеч нарсадан тап тортмаслик керак деган тушунчага олиб келганига ҳеч шубҳам йўқ.
* * *
“Бирлик” бўлингач, уни 11 ноябрда бирлаштиришга уриниш ҳам бекор кетди, ҳукумат ҳам Салой Мадаминов гуруҳи ҳам “Бирлик”ни тўла мағлубиятга учратолмаганларини тушундилар. Шундан кейин, бир томондан, “Бирлик” билан бўлғуси эркчилар, иккинчи томондан “Бирлик” билан мавжуд ҳокимият ўртасида позицион кураш бошланди.
Ўша кунларда Ўзбекистон тарихида биринчи марта Ёзучилар Уюшмасининг биноси киришига милиция пости қўйилди. Чунки, биз ҳали ҳам Уюшма биносидан “Бирлик”нинг қароргоҳи сифатида фойдаланишни давом эттираётган эдик.
Ҳозир қамоқда ётган машҳур ёзувчи Мамадали Маҳмуднинг ўша пайтда шахсан мега айтиб беришича, Уюшманинг учинчи котиби Салой Мадаминов ўз раҳбари Одил Ёқубовнинг олдига кириб, Мамадали ҳам ўша ерда бўлган экан, эшик олдида турадиган фуқаро қоровулларига “бинога бегоналарни киритмаслик” хусусида қатъий буйруқ беришни талаб қилибди. Бундан дарғазаб бўлган Одил ака: “Бу бино ҳеч вақт, Сталин замонида ҳам, бировга эшигини бекитмаган, энди уни сен бекиттирмоқчимисан, қўй, бу масала КГБнинг бошини оғритсин” деганда, Салой унга жавобан: “Яхши, Сиз бу билан КГБ шуғулларишини истасангиз, у шуғулланади”, дея эшикни уриб ёпиб чиқиб кетибди. 5-10 дақиқа ўтмасдан КГБнинг Уюшма ишини назорат қилувчи маъсул хизматчиси телефон қилиб, бино кираберишида милиция пости очилажагини билдирибди.
Милиция постини яратишдан мақсад, бегоналарни, аниқроғи, бизни у ерга кирмаслик эди. Пост очилган куниёқ, ноябрь ойининг ўрталари бўлса керак, у еда турган милиционер мендан “суюнчи” олди: “Бизни бу ерга Сизни киритмаслик учун қўйдилар, аммо биз ўз ичимизда келишиб олдик, Сизни ҳеч қачон тўхтатмаймиз”. Шундай бўлди ҳам. Мен у ерга бемалол кириб чиқардим. Аммо, бошқа фаолларимизни Уюшмага мутлақо киритмай қўйдилар.
Шундан кейин, биз ўз йиғилишларимизни, хусусан, “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъатининг ҳафталик йиғилишларини адвокатимиз Миролим Одилов мудири бўлган Тошкент шаҳар фуқаролар юридик консультациясининг Ленинград кўчасидаги идорасида ўтказабошладик. Ҳукумат дарҳол бир нарсани баҳона қилиб, бу ишхонани Юнусободга кўчирди.
Энди кундалик иш жойимиз Юнусободга ташинган бўлса ҳам, Ҳайъат йиғилишларини ҳар ҳафта охирида фаолларимизнинг бирини уйида ўтказишга келишдик.
Одатда, эрталабдан бошланадиган йиғилишларга фақат Ҳайъат аъзолари эмас, истаган одам келар ва мажлис жойи говжум бир даргоҳга айланарди. Шу ернинг ўзида овқат тайёрланар, ҳаммамиз биргаликда тушлик қилардик. Ҳеч яширишни истамайман, ўша кунлар ҳаётимнинг бахтли даврларидан бири эди. Чунки, бўлғуси 53-54-чиларнинг ҳукумат ёрдамидаги ҳамма саъй-ҳаракатларига қарамасдан, биз “Бирлик”ни янгидан жонлантириш учун уринар, мухолифат-чиларнинг мутлақо кўпчилиги биз билан қолганидан мамнун эдик. Энг муҳими, коммунистик тузум халқнинг миллий озодлик ҳаракатини салойчиларнинг ёрдами билан ҳам ўлдиролмаган, биз ҳуррият ва мустақиллик учун курашимизни давом эттирардик.
* * *
1990 йилнинг илк ҳафтаохири мажлисини Чилонзорда, янглишмасам, ўша пайтдаги фаолларимиздан Мўътабар Аҳмедованинг квартирасида ўтказдик. Кечга яқин уйга келсам, турмуш ўртоғим Саида биздан бироз нарида яшайдиган дўстим Тўлқин Нусратов мени бир неча марта телефон орқали сўраганини, ҳатто, бир марта уйимизга келиб кетганини айтди.
Бир неча дақиқадан кейин у яна телефон қилди ва зарур иш борлигини айтиб уйимизга келди. Маълум бўлишича, эрталабдан бери мен яшайдиган ва ишлайдиган Куйбишев райони (ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани) компартия ташкилотининг котиби, Тўлқиннинг яқин қариндоши Шуҳрат Нусратов мени қидираётган экан. Тўғрироғи, у мен билан учрашишни истабди. Буни ҳозир тушунмайдиганлар бўлиши мумкин, аммо у вақтда ким билан учрашишни ҳукумат одамлари эмас, менинг ўзим ҳал қилардим, мен билан учрашиш учун рухсат олиш осон эмасди.
Энг қизиғи шундаки, мен ўша даврда “Бирлик”нинг раиси ҳам эмас, фақатгина унинг Марказий Кенгаш Ҳайъатининг аъзоси эдим, халос. Билмаганлар учун маълум қилмоқчиман, 11 ноябрда “Бирлик”ни қайтадан бирлаштиришга ҳаракат қилар эканмиз, мен Салой Мадаминов бошчилигидаги ёзувчиларни юмшатиш учун раисликдан кетишга рози бўлгандим. Аммо, “Бирлик” руҳан ўзгармагани, у антикоммунист бўлиб қолабергани сабабли, бўлиниш ҳам давом этаберган.
Мен Шуҳрат Нусратов билан учрашиш ниятим йўқлигини айтишимга қарамасдан, Тўлқин менга ёпишиб олди десам муболаға бўлмайди. Ҳар ҳолда дўстларнинг бир бирларининг олидиларида ҳурмати бўлади-да, хуллас, Тўлқин мени Шуҳратнинг олдига боришга рози қилди. Эшик олидида Шуҳратнинг машинаси ҳам кутиб турган экан, оддий кийимимни ҳам алмаштирмасдан унинг олдига кетдим.
Шуҳрат мени Компартия Марказкомида эрталабдан бери кутишаётганини айтганда яна ҳайрон бўлдим ва улар билан учрашиш режаси менда йўқлигини билдирдим. Хуллас, Шуҳрат ҳам мени Марказкомга боришга рози қилди. Қандайдир муҳим масала борлигини айтди. Аввалги хотираларимда ёзганимдек, 1989 йилнинг июнь ойи бошларида мамлакатнинг биринчи даражали раҳбарлари Фарғона воқеалари туфайли мени Москвадан қидириб ҳам топишганди. “Бирон нарса юз берган бўлса керак-да” деб, у берган машина билан Марказкомга жўнадим.
Ҳеч мақтанишни истамайман, мен ўша кунларда уларни бир тийинга ҳам олмасдим. Шу сабабли аниқ эсимда ҳам йўқ, мени Марказкомнинг мафкуравий котиби Жаҳонгир Ҳамидов, ёки Мафкура бўлимининг бошлиғи Зиёмов қаршилади ва ортиқча манзират қилиб ўтирмасдан, мени эрталабдан бери Ислом Каримов кутиб ўтирганини айтди ва дарҳол унинг олдига чиқишимиз кераклигини билдирди. “Мен у кишига қандай муносабатда бўлишимдан қатъий назар, Каримов мамлакатнинг раҳбари, олдинроқ айтсангизларди, тузукроқ кийиниб келардим”, дедим кўпроқ уй кийимига ўхшаш уст-бошимга ишора қилиб. “Ҳечқиси йўқ. - деди у кўзини қисиб, - бутун аппарат уни кутиб уйига кетмай ўтирибди, у эса Сизни кутмоқда. Тезроқ бизни озод қилинг бу вазиятдан.”
Хуллас, у мени Биринчи котиб ўтирадиган қаватга олиб чиқди ва мени Каримовга “топшириб”, ўзи қочди.
* * *
Орамиздаги ёш фарқига қарамасдан мени “Абдураҳим ака” деб атаяжагини билдирган Каримов гапни қуйидагича давом эттирди: “Мен Сизни бу ерга таклиф қилишдан олдин, Сиз ҳақингизда маълумот тўплатдим. Олти ака-ука экансиз (аслида 7 ака-укамиз, - А.П.), ҳаммангиз ўзингизни илм-фанга бағишлабсиз, фан кандидатлари ва докторлари бўлибсиз. Халқимиз учун буюк хизматлар қилмоқда экансиз. Аммо, ҳаётнинг адолатсизлигини қаранг, биронтангизнинг ҳали Тошкентда ўз квартирангиз йўқ экан.”
Ана, - дедим ичимда ўзимга ўзим, - олтита квартирали бўлдик ҳисоб, буёғи унинг гапларига кўнишимга боғлиқ.
Ўша кунлардан бир неча ой олдин сафдошимиз, журналист Анвар Усмоновга унинг яқин дўсти бўлмиш Компартия Мараказкоми Мафкура бўлими мудирининг ўринбосари Ирисмат Абдуҳолиқовнинг айтганларидан билар эдик-ки, “Бирлик”нинг бўлинишидан 1 ойча аввал Каримов яширинча Салой Мадаминов билан кўришган ва улар ҳамкорлик қилиш ҳақида келишишган. Кейинчалик антикоммунист Салой коммунистик Каримовнинг ҳамма топшириқларини бажарди. Ёзувчи ҳамтовоқлари билан биргаликда мухолифатни парчалашди, Каримов унга укалари учун ваъда қилган 53-54 рақамли икки квартирани совға қилди. Энди Салойнинг лақаби - 53-54.
Агарда мен ҳам ўша куни Каримов билан келишиб чиқсам, бугун лақабим 53-54-55-56-57-58 каби бўлармиди?
Шундан сўнг Каримов, мен хусусимда тўла маълумот тўплаганини кўрсатиш учун бўлса керак, машҳур қариндошларимдан энергетика бўйича академик, тоғам Ҳосил Фозиловни тилга олди. Ўша кунларда ҳаётда бўлган тоғам кейинчалик, 2003 йилда 93 ёшида вафот этган. Ҳосил Фозилов Ўзбекистонда энергетик тармоқларини яратишда катта ҳисса қўшиш билан бирга назариётчи олим ҳам эди. У машҳур физик олим Максвелнинг 100 йилча олдин яратган бир формуласига ўзгартириш киритган. Тоғам ўтган асрнинг 60-чи йилларида “Ўзбек болаларини пахтага олиб чиқишни тўхтатиш, агар бунинг ҳеч имкони бўлмаса, Ўзбекистонда мактабларни 11 йиллик қилиш” талаби билан ўша пайтдаги раҳбарлар Шароф Рашидов ва Ёдгор Насриддиновалар билан очиқдан очиқ олишганини ҳам биламан. “Акс ҳолда келажак авлодимиз саводсиз бўлиб қолади”, деб кўп такрорларди у киши.
Совет замонида академик Ҳосил Фозиловнинг юбилейларини, академиклар ичида бутун ташвиқотларга қарамасдан Компартияга кирмаган якка олим эканлиги учун, ими-жимида ўтказишган бўлса, менинг тоғам эканлиги туфайли ҳам бўлса керак, мустақиллик йиллари ҳам шундай ўтказишган.
Аммо ўша куни Ислом Каримов тоғамни анча мақтади, Ўзкомпартия раҳбарлигига сайланган кунлари олимнинг 70 йиллик юбилейи бўлганда, уйига бориб шахсан табриклаганини ҳам эслатиб ўтди.
* * *
Оилавий ишларимнинг муҳокамаси битгач, асосий мавзуга ўтдик. Табиий, Каримов гапни қайта қуришдан, Комунистик партия жамиятдаги камчиликларни йўқотишга жиддий бел боғлаганини айтишдан бошлади. “Бирлик”нинг бу хусусда қилган ишлари, хусусан, ўзбек тилини давлат қилиш масаласидаги хизматларини тақдирлади. Унинг ўзи ҳам халққа хизмат қилиш мақсадида эканлиги айтар экан, “Сиз бунга ишонасизми” деб сўраб ҳам қўйди. Мен “Ишонаман” дедим.
Кейин у Ўзбекистонни қандай бошқаришни мўлжаллаётгани хусусидаги режаларини англатишга бошлади. Ростдан ҳам зерикарли бўлган бу 3 соатга яқин суҳбатни тўлиқ айтиб беришга сабрим ҳам чидамаса керак. Лекин у ердаги гапларнинг моҳиятини қачондир гапириб беришим керак эди, бугун шу ишни охирига етказиб қўймоқчиман.
Узундан узоқ лекция ўқиган Каримовнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳеч нарсани ўзгартиришга ҳожат йўқ. Мамлакатни бошқаришда ҳамма гап раҳбарларда. Аввалги раҳбарлар миллат манфаатларини ўйлашмаган, мана энди шундай одам келди. На демократлаштиришнинг, на бозор иқтисодига ўтишнинг кераги йўқ. У ўзи яхши раҳбар эканми, атрофига ўзи каби яхши кадрларни йиғади, демак, улар ҳам яхши ишлашади, ўзларига топширилган участкаларни яхши бошқаришади, қарабсизки, олам – гулистон, яқинда мамлакат жаннатга айланади. “Бирлик” ҳам ўз одамларини таклиф қилсин, деди Каримов тўғридан-тўғри, мен уларни ҳукуматнинг кераклик нуқталарига жойлаштираман, бундан кейин Ўзбекистонда мухолифатнинг кераги ҳам бўлмайди.
Кейин лекция ўқиш навбати менга келди. Мен гапни Каримовнинг юқорида айтилган “Сиз бунга ишонасизми” деб саволига жавоб ўлароқ “Ишонаман” деганимни эслатишдан бошладим. Чунки, дедим мен, Гитлер ҳам, Сталин ҳам ва умуман яхши-ёмон ҳамма раҳбарлар чин кўнгилдан ўз халқига хизмат қилиш, миллатнинг манфаатлари учун курашиш, ўз мамлакатларига фойда келтириш учун сиёсий майдонга тушишганига ишонаман. Аммо, шу билан бир қаторда, ҳар ким хизмат қилиш нима, манфаат нима, фойда келтириш нималиги хусусида ўз фикрига эканлигини, ўз фикрини тўғри деб ҳисоблаб, ишни шу тўғри йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашдан бошлаб, секин аста мудҳиш режимлар яратганларига ҳам ишонаман. Ҳамма гап шу ерда.
Жамиятни бошқараётганларни назорат қилиш қийин. Улар ўз мавқеларидан фойдаланиб, миллатнинг эмас, ўзларининг манфаатлари учун керакли бўлган ишларни қилганларини тарихдан биламиз. Ҳатто биринчи раҳбар яхши бўлганда ҳам, унинг атрофидагилар шундай бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бунинг устига тарих шуни кўрсатдики, мансаб яхши одамларни ҳам бузади. Раҳбарларнинг ишини Халқ конторли, Давлат Контроли каби структуралар орқали назорат қилиш ғояси ҳам пучга чиққанини СССРнинг тажрибасидан кўриб турибмиз.
Бу фақат СССРнинг фожеаси эмас, одамзод минг йиллардан бери жамиятни бошқаришни яхшилаш устида ишламоқда. Бошқариш системасининнг эволюцияси бизни демократияга олиб келди.
Демократиянинг ютуғи – ҳукумат мухолифатнинг контроли остида бўлади, бошқарув органлари сайлов асосида шакллантирилади, энг муҳими, ҳокимиятнинг уч тармооғи (ижроия, қонунчилик ва суд) бир биридан мустақил бўлади. Демак, инсониятнинг ўз тарихида эришган энг катта ютуғи бўлмиш демократиядан, унинг асосий омилларидан бўлмиш сиёсий мухолифатдан ҳеч қачон воз кечиб бўлмайди.
Кейин қизғин бахс бошланди. Каримов “демократия – бу Ғарб тарафидан дунёда ўз ҳукумронлигини ўрнатиш учун тўқилган нарса, биз усиз ҳам ҳаётимизни яхшилай оламиз” дейишгача борди. Кўриниб турардики, бизнинг умумий бир нуқтага келишимиз мумкин эмас. Мен демократиягина халқни ҳуррият ва фаровонликка қовуштиришига ишонардим ва мен тарафда ўрнак сифатида бугунги Ғарб турарди. Каримов эса, советлардан қолган диктатролик ва маъмурий-буйруқбозлик системасини - уни яхши ва тоза одамлар билан тўлдириш эвазига сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш кераклигини ҳимоя қиларди.
Гап орасида мени яқинда Компартиядан ўчирганлари, депутат бўлиб сайланишим йўлида қандай ноқонуний ғовлар қўйилгани каби масалалар ҳам тилга олинди, Каримов мени партияга тикланишимга ва биринчи имконият бўлиши билан депутат бўлиб сайланишимга шароит яратажагини очиқчасига гапирди.
Лекин, барибир биз принципиал масалаларда турли позицияларда турардик ва бир нуқтага келолмаслигимиз маълум бўлган, гапни тўхтатишдан бошқа илож қолмаганди.
Каримов ўрнидан туриб: “Мен келишдик деб ҳисобламан, шундайми?” деди ва қўлини чўзди. Кўриниб турардики, у келишиш деганда мен ака-укаларим билан 6 та квартирага эга бўлишим, партияга тикланишим, биринчи имконият бўлиши билан депутат қилиб қўйилишим, мен таклиф қилган одамлар ҳукумат структураларига тайинланишини назарда тутмоқда эди.
Мен эса, ўз тарафимдан, фақатгина бир нарсага рози бўлишим керак: “Бирлик” мухолифатчиликдан воз кечади ва ҳукуматнинг чўнтак ташкилотига айланади.
Бу ерда қўл беришиб, амалда билганимни қилиб кетаберишим ҳам мумкинди. Аммо, мен бундай қилишни ҳам истамадим ва шундай дедим: “Бундан 10 йилча аввал СССР ва АҚШ каби икки буюк давлат ОСВ (Ограничение Стратегических Вооружений) номли оламшумул шартнома имзолашганди. Икки буюк мамлакатнинг етук юристлари ва дипломатлари тарафидан тайёрланган шартнома имзоланганидан кейин бир муаммо чиқди. СССР шу кунларда Красноярскда радиолокацион станция қурмоқда. АҚШ айнан ОСВга кўра бундай станцияни қуриш мумкин эмас деса, СССР айнан шу шартномага кўра уни қуриш мумкинлигини урғулайди. Икки супердавлатнинг дунё кўзи олдида имзолаган шартномаларида икки хил изоҳлаш мумкин бўлган нуқта бор экан, икки кишининг, яъни Сиз биилан менинг, ҳеч гувоҳларсиз қўл олишиб келишишимизнинг маъноси борми?”
Сизни тушундим, деди тарвузи қўлтиғидан тушган Каримов ва барибир мен ўз ваъдаларимда тураман, дея гапини тамомлади.
* * *
Мен аминманки, ўша дақиқаларда бўлмаса ҳам, айнан шу суҳбатни анализ қила туриб, Ислом Каримов бир фикрга келган: Cотиб олиб бўлмайдиган, сотқинларнинг қўли билан четлатиб бўлмайдиган бундай мухолифатчини жисмоний йўқ қилишдан бошқа йўл йўқ.
У ўзининг бундай ниятини Горбачев замонида амалга оширолмасди, чунки, КГБ ҳали Москвага бўйсунарди. У чидамли овчи каби кутди. Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз билан Ўзбекистон мустақилликка эришиши унинг қўлларини бўшатди. Биринчи президентлик сайловларидан кейиноқ, у ўз қўлига ўтган КГБга керакли буйруқни берди. Аммо, унинг агентлари аввалига янглишиб, журналист, у замонларда яқин сафдошимиз бўлган, соқоли ҳам туфайли менга жуда ўхшайдиган Абдурашид Шарифовга ҳужум уюштирдилар.
Бир неча ойдан кейин, аниқроғи, 1992 йил 29 июнда мени ўзимни нишонга олишга эришдилар. Ўша куни мени ўлимдан сақлаб қолган нарса - ҳужумчиларни бир неча сония олдин сезиб қолганим ва жон-жаҳдим билан уларга қаршилик кўрсатишим бўлди. Уларнинг эса, говжум бир ерда мен билан узоқ “курашишга” вақтлари йўқ эди.
Бу воқеадан кейин доимо қўримачилар билан юришга бошладим. Кейин тушундимки, қўрима-чилар билан ҳам мввжуд шароитда ҳукуматнинг қотилларидан қочиб қутилиб бўлмайди. Шу босқичда қутулишнинг бирдан бир йўли – вақтинча бўлса ҳам юрт ташқарисига чиқиб кетиш. Шундай қилдим ҳам.
Менга суиқасд уюштириш билан КГБ Сталиндан кейин кейин тўхтатиб қўйилган одамларни жисмоний йўқ қилиш амалиётини янгидан йўлга қўйди. Суиқасддан бир неча кун кейин Ўзбекистон парламенти минбаридан туриб, “Керак бўлса яна юзта одамнинг бошини текислаб қўямиз” деган Каримов қон устидан сакраб ўтгани билан очиқча мақтанишгача борди. Кейинчалик бу амалиёт юзлаб ўзгача фикрловчиларни йўқ қилиш, миллатни ўз қонига ботириш, кенгроқ маънода гапирсак, бугунги қуллик системасини мустаҳкамлаш учун йўл очди.
Айнан шу сабабдан, мен 1990 йил январь ойининг биринчи шанба ёки якшанбаси Ислом Каримов билан учрашувимни Ўзбекистон тақдирини ўзгартирган кунлардан бири деб ҳисобламоқдаман.
14-15 январь, 2007 йил
Виржиния, АҚШ
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Ислом Каримов
Ўзбекистон Коммунистик партиясининг собиқ раҳбари, Ўзбекистоннинг жорийдаги Президенти
Добавить сведения