Журнал Ҳаракат
№1 (64) 2007. Инсон ҳуқуқлари
Олти йилга маҳкум этилган Исроил Холдоровнинг тарихи
19 февралда мухолифатчи Исроил Холдоров Андижонда 6 йилга озодликдан маҳрум этилгани мълум бўлди. Унинг Ўшдан ғойиб бўлиши, кейин Андижондаги қамоқхонада топилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Шундай бўлса ҳам “Исроил ким эди?” деган савол жавобини кутмоқда.
Мухолифат мутбуотида бу исм биринчи марта “Ҳаракат” журналининг 2004 йил 5(50)-чи сонида пайдо бўлди. Бу ердаги “Ўзбек ўкитувчиларини уюштириш лозим” номли мақолада “Бирлик” Партиясининг Мархамат туман раиси Мусажон Бобожонов ва шу партиянинг Андижон туман ташкилоти раиси Исроил Холдоровлар бошчилигида тарихда биринчи марта ўрта мактаб ўқитувчиларининг мустақил касаба уюшмасини яратиш учун маҳаллий ҳокимият билан олиб борилган кураш ҳикоя қилинганди.
Шу мақоладаги қуйидаги икки парча диққатни ўзига жалб қилиши керак:
* * *
Мусажон Бобожонов «Мустақил касаба уюшмаси»нинг котиби бўлиб, раиси эса Андижон тумани 21-мактабнинг кимё-биология ўқитувчиси Исроил Холдоров эди. Аммо, у ўзини бироз тажрибали ҳисоблагани учун бўлса керак четроққа туришга интилар, вокеаларнинг гирдобига Мусажон ташланарди.
Аммо, юқоридаги кўнгилсиз воқеалар Исроил Холдоровни ҳам четлаб ўтмади. Қолаверса, ҳамма жойда ҳам ўқитувчилар етарлича жасорат кўрсатмадилар. Масалан, Исроил Андижон шаҳридаги гимназияга ўша мурожаатнома билан ташриф буюрганда, у ердаги ўқитувчиларнинг ўзи милицияга қўнғироқ қилиб, уни тутиб берганлар. Ҳатто икки ўкитувчи аёл уялмасдан унга қарши туҳмат ва бўҳтон тўла аризани ёзишга ҳам улгурганлар. Наҳотки, ўзимизга ёрдам беришни истаб келган инсонга шунчалик ёмонликни соғинсак-а! Деҳқон-ку адашса, хўп, билими етмади дейилса, ярашади. Лекин зиёли ўқитувчи бундай жоҳилликка йўл қўйса, уни ким деб атаймиз?! Наҳот юртда жаҳолат шу даражага етган бўлса!?
Ўша куни Исроил Холдоровни йигирмага якин милиция ходими «асир»га олиб, Андижон шаҳар ички ишлар бўлимига келтирадилар ва уни кундузги соат 10.00 дан кечкурун 19.00 гача ушлаб ўтирадилар. Кейин уни вилоят прокурорининг ўринбосари олдига олиб киришди.
Шунда Исроил прокурор ўринбосарига қуйидаги саволни беради:
- Сиз менга айтингчи, Президент Каримов Ўзбекистон бўйича Конституциянинг кафолатчисими?
У эса: Ҳа, - деб жавоб беради.
Холдоров уни яна саволга тутади:
- Сиз бутун вилоят бўйича қонуннинг кафолатчисимисиз?
Прокурор ўринбосарининг яна тасдиқ жавоб беришдан ўзга чораси қолмайди.
Ана шундан сўнг Холдоров унга қуйидаги буйруқ оҳангидаги саволни беради:
- Унда сиз мана бу Андижон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғини ҳозирнинг ўзида ҳибсга олиш тўғрисида иш бошлашингиз керакмасми? Чунки у мени қонунга хилоф равишда ушлаб бу ерга олиб келтирди. Бироқ бизда, яъни Ўзбекистонда, демократия сари қадам қўядиган инсонларга қарши курашувчи кучлар мавжуд экан, айниқса, бу қора кучлар ҳуқуқ тизими ходимлари орасида мавжуд экан, мамлакатимизда ҳар томонлама ривожланишга тўсқинчилик давом этаверади. Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 23-моддасида «Ҳар бир инсон касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эга» дейилган. Бу Декларацияни Ўзбекистон 1991 йил 30 сентябрь куни 336-XII рақам остида қабул қилган. Демак, унга амал қилишга мажбур. Сиз эса, бунинг тескарисини қилмоқчисиз.
* * *
28 август куни туман прокурори Йўлчиевнинг ҳузиридаги суҳбат сўнгида Марҳамат туман миллий хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи майор Номозов мақоламиз қаҳрамони Мусажон Бобожоновга шундай савол беради:
- Ука, бутун Ўзбекистон бўйича Андижон вилояти нотинч бўлса, бутун вилоят бўйича Марҳамат тумани энг тўполон жой ҳисобланади. Ахир вилоятнинг бошка туманларида ҳам «Эзгулик» жамияти, «Бирлик» ва бошқа партияларнинг аъзолари борку, нега улар сизларчалик тўполон қилмайдилар?! Келинглар, муаммоларнинг ечимини баҳамжиҳат, биргаликда топиб ечайлик!
«Бирлик»чи Мусжоннинг жавоби ўзбек миллатининг фарзандига хос бўлди:
- Абдуғаффор ака, аввало биз ғайрат билан фаолият кўрсатаяпмиз. Қанийди, ҳамма ҳам биз каби ишласа эди! Иккинчидан, биз марҳаматликлар Дукчи Эшоннинг авлодларимиз! Албатта, бу энди рамзий маънода айтилмоқда! Ҳа, биз сиз айтгандай муаммоларни биргаликда ечишни доим кўзда тутиб ҳаракат киламиз. Амалда ҳам шунга интилганмиз ва келажакда ҳам шу маррамизда қоламиз! Бу фикрларимиз мурожаатномамизда ҳам ўз аксини топган. Лекин, сизларнинг бирга ишлаш ниятларингиз кўринмаяптику. Шундай экан, биз ҳам «зоримиз бор, зўримиз йўк», деб кетаверамиз!
* * *
Орадан бир неча ой ўтгач, Исроил Холдоров ўзи раислик қилаётган “Бирлик” Партияси Андижон тумани ташкилотига ҳам хабар бермасдан “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракциясига ўтгани ва бу фракциянинг Андижон вилоят ташкилотига раис этиб тайинлангани маълум бўлди. У айнан тайинланганди, чунки бу фракция нормал бир вилоят конференцияси ҳам ўтказишга қодир бўлмаган. Бу қадам ҳаммани паришон қилди, ўқитувчилар уюшмасини тузишдек муҳим иш ҳам чала қолиб кетди.
Эълон қилмасдан партия ўзгартириш воқеаси мухолифат сафларини мустаҳкамлашга ёрдам бермаганини ҳам ҳар бир ақли расо одам тушунса керак. “Бирлик” махсус баёнот тарқатиб, бу шаклда партиядан партияга ўтишлар умумий ишимизга зарар келтиришини айтмоқчи бўлди, аммо, кейинчалик, бу қарордан воз кечди. Партиянинг расмий очиқланмаган хавотирлиги ўзини кўп куттирмади, айрилганни бўри ер мақоли қанчалик тўғри эканлиги тезда ўртага чиқди.
Андижон воқеаларидан сўнгра бир неча кундан кейин Мусажон Бобожонов қамалди. Ўз сафдошининг ҳолига тушишни, табиий, истамаган Исроил Холдоров мамлакатни тарк этиб, Ўшга ўтиб кетишга мажбур бўлди.
Воқеаларнинг давомини тушуниш учун “Ҳаракат” Агентлигининг қуйидаги хабари муҳим бўлиши мумкин:
2006 йил, 5 июнь: Ўшда “Жанубий Давра Кенгаши”нинг мажлиси ўтказилди
Ўзбекистон мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси жамиятлари «Давра кенгаши»нинг жанубий минтақа ташкилоти - “Жанубий Давра Кенгаши” бугун Ўшда навбатдаги йиғилишини ўтказди. Унда “Давра Кенгашининг” ижрочи координатори, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун, “Эрк” партияси Андижон вилояти ва Қўқон шаҳри ташкилотларининг раислари Исроил Холдоров ва Абдужалил Рустамов (у “Жанбуй Давра Кенгаши”нинг раҳбари ҳам), “Озод деҳқонлар” партияси Жиззах ташкилоти раиси Жамшид Мухторов, шоира Анорхон Ҳамдамова ва бошқалар (жами 15 киши) қатнашди.
Кун тартибида асосан 2 масала бор эди. Булар – келаётган президент сайловларига тайёрланиш ва “Жанубий Давра Кенгаши” фаолиятини жонлантириш.
Қизғин муҳокамалардан сўнгра, 2007 йил президентлик сайловларида умумий номзод билан чиқиш ғояси бир оғиздан қабул қилинди. Сиёсий партияларнинг раисларига алоҳида мурожаат қилиниб, улардан бу муҳим масалада дарҳол келишиш талаб қилинди.
Қабул қилинган бошқа бир қарорда, “Жанбуй Давра Кенгаши” мухолифат ташкилотларини бирлаштирувчи ягона структура деб эътироф этилди. Бу борада Миллий Нажот Қўмитаси (МНК) ҳам тилга олинди. Йиғилиш қатнашчилари бу органнинг программасидаги энг камида бир модда, яъни сайловларнинг Ўзбекистон конституциясига кўра Марказий Сайлов Комиссияси эмас, МНК томонидан чақирилиши ҳақидаги модда очиқдан-очиқ антиконституцион бўлгани сабабли, бу масалага очиқлик киритлмагунича, у билан ҳамкорликни тўхтатиб туришга келишдилар.
Исрои Холдоров бир неча кун аввал, яъни 29 май куни баъзи сайтларда МНКнинг Қирғизистон бўлими номидан тарқатилган “Эртага кеч бўлади” номли Чақриқда “М.Солих Муваққат ҳукумат бошлиғи қилиб тайинланиши назарда тутилиши” каби моддалар антиконституцион бўлгани сабабли, уни бекор қилинганини билдирди ва бундай ўйламасадан қилинган Чақириқ тарқатилгани учун кечирим сўради, бу Чақириқни эълон қилган сайтлардан уни олиб ташлашни сўради.
Исроил Холдоровнинг охирги эътирофлари жуда муҳим, деб изоҳ беради мухбиримиз. Маълумки 1992 йили Миллий Мажлис тузиш ғояси остида шунга ўхшаб қилинган ақлсиз ишлар натижасида бир неча мухолифатчи бир неча йилга қамалиб ҳам чиққан эди. “Ўйламасдан ёзилган ва бундан ҳам муҳими, ҳеч қандай фойдаси бўлмаган бир популистик қоғоз учун яна бир неча кишининг бекорга қамалишини олдини олиш лозим” дея Ўшдаги мухолифатчиларга махсус телефон қилган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг фикри инобатга олингани мақтовга сазовордир.
* * *
Кейинчалик Исроил Холдоров Ўш шаҳридан бедарак йўқолди. “Ҳаракат” Агентлиги бу хусусда бир қатор хабарлар бериб, “Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясини ўз аъзосини қидиришга ҳам ҳаракат қилмасликда айблади.
Кейинчалик, айнан, “Бирлик” фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан Исроил Холдоров Андижонда МХХ ертўласида эканлиги белгиланди. Бу хусусда “Эзгулик” жамиятининг қуйидаги хабари тарқатилди:
Ишонмагин президентга - сомон тиқар пўстингга! (“Эрк”чининг тақдири ҳақида “Эзгулик жамиятининг пресс-релизи, № 1, 3 январь 2007 йил)
Янги йилнинг 3 январь кунида «Эзгулик» жамияти раиси В.Иноятова номига Андижон вилоят прокуратураси бўлими бошлиғи Б.П.Аҳмадалиев номидан 22.12.2006 йил 164-6 сонли жавоб хати келди. Ушбу хат Жамият томонидан 22.11.2006да Република Бош прокуратурасига йўлланган хатга жавоб бўлиб, унда Андижон вилояти, Андижон туманида истиқомат қилган ва Ош шаҳридан ўғирлаб кетилган Исроилжон Холдоровнинг тақдири ҳақида маълумот сўралган эди. Жавоб хатида қуйидагилар маълум қилинади:
«Андижон вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан олиб борилаётган 401-2004-1336-сонли жиноят иши юзасидан олинган тезкор маълумотларга асосан 18.10.2005 йилда фуқаро И.Холдоровнинг яшаш уйида тинтув ўтказилганда, 86 турдаги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ҳамда Ўзбекистондаги вазиятни барқарорлаштирувчи фикрлар мавжуд бўлган китоб, варақалар ва рисолалар аниқланиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан И.Холдоров терговдан қочиб яширинганлиги сабабли, 02.11.2005 йилда сиртдан Ўзбекистон Республикаси 159-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, эҳтиёт чораси қамоққа олиш қўлланилиб, қидирув эълон қилинган.
2006 йил 7 сентябрь куни И.Холдоров Ўзбекистон Республикаси МХҲ Андижон вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб келганлиги сабабли жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тикланиб, ҳимоя ҳуқуқлари билан таъминланиб, унга ЖПК нинг 46-моддасида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ҳамда «Ўз ҳуқуқларингиз тўғрисида нималарни билишингиз лозим» деб номланган эслатма топширилиб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жкнинг 159 моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинган. Бу ҳақда унинг оила аъзоларига шу куннинг ўзида маълум қилинган.
Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 21.12.2006 йил куни И.Холдоровнинг айбдорлигидаги жиноят иши айблов хулосаси билан ЖПКнинг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилганини маълум қиламан».
Жавоб хатидаги кўрсатилган важлардан шу ҳолат аниқландики, Исмролжон Холдоров чиндан ҳам Андижон ИИБ ходимлари томонидан ҳибсда тутилмоқда ва унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилган.
Б.П.Ахмадалиев гарчи Исроилжон Холдоровнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланганини исботлашга уринсада, «Эзгулик» жамияти бу ўринда талай қонунбузарликлар рўй берганига шубҳа қилмайди. Акс холда бу хабарни Бош прокуратура қилиб эмас, балки унинг оила аъзоларидан аллақачон олинган бўларди. Исроилжон Холдоровнинг Андижон вилоят МХХсига ўз ихтиёри билан келгани айтилади. Агар шундай бўлса, Исроилжон ўзининг ҳеч қандай жиноят содир этмагани сабабли, қолаверса Президент И.Каримовнинг «қўллари қонга ботмаган ва ўз ихтиёри билан келганлар кечирилади», деган сўзларига ишониб келган бўларди.
«Эзгулик» жамияти Исроилжон Холдоровнинг бундан кейинги тақдири бўйича қизиқишни давом эттиради ва лозим бўлса унинг ҳақ-хуҳуқларини ҳимоя қилиш учун судда жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашади.
* * *
Кейин маълум бўлишича, “Бирлик” Исроил Холдоровни ҳимоя қилиш ишлари, хусусан, адвокат ёллаш учун керакли моддий ёрдамни уюштирди, аммо, “Бирлик” ва “Эзгулик” энг катта талофотга учраган жой Андижон бўлгани сабабли, уни бу ерда ҳимоя қилиш ишини етарли даражада ташкил қилиб бўлмади.
13 февралда бошланган суд жараёни тезлик билан ўтказилиб, 19 февралда тамомланган. Андижондаги суднинг Исроил Холдоровни олти йилга озодликдан маҳрум этиш қароридан бошқа тафсилотлари ҳали маълум эмас. Аммо, тахмин қилиш мукинки, Исроилни айнан МНКнинг антиконституцион эканлиги рўкач қилиб қамаганлар. Қоғоздагина мавжуд бўлган ташкилот ҳозирча шундан бошқа “фойда” бермаган ва бермайди ҳам.
Мусажон Бобожонов 8 ой қамоқда ётгач, 5 йил шартли қамоқ жазоси олди ва 2006 йилнинг бошларида озодликка чиқди. Энди Исроил қамоқда. Ҳа, айрилганни бўри ер.