Журнал Ҳаракат
№1 (64) 2007. Инсон ҳуқуқлари
Самарқандда демократияга қарши провокация
Аввал мақоланининг номини “Самарқандда демократларга қарши провокация” деб қўймоқчи бўлдик. Бироқ, кейинги мулоҳазалар кўрсатдики, Самарқандда демократларга қарши уюштирилган провокацион ҳужумнинг асл мақсади у ерда бир-икки демократ, ҳуқуқ ҳимоячисига ёки у ерга йиғилган “Эзгулик” жамиятининг ҳамма фаолларига ҳукумат ва унинг гумашталари истаган тарзда “дарс” бериб қўйишгина бўлмаган. Унинг асл мақсади - мавжуд режимнинг бутун қаршиликларига қарамасдан ривожланиб келаётган Ўзбекистон демократиясини ҳужум остига олиш, воқеаларни қон тўкишгача олиб бориш ва демократларга қарши олиб борилаётган репрессив сиёсатни янада оммавийлаштиришга йўл очиб бериш бўлган.
Бу ерда истасак истамасак Тошкентдаги 1999 йил партлашлари, 2005 йилдаги Андижон воқеалари эсга келади. Ҳукумат айнан шу воқеаларни баҳона қилиб, уларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган демократларни қатағон қилмоқда эди. Энди, агар демократларнинг иштирокида қон тўкилса, нимлар бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Айнан шу сабали, Самарқандда ҳужумга учраган “эзгуликчи” ҳуқуқ ҳимоячиларининг совуққонлиги, ўзлари калтак есалар ҳам провокацияни янада оловланишига йўл қўймаганлари, уларнинг кўпчилиги “Бирлик” фаоллари бўлгани - Ўзбекистон демократиясининг етуклигини кўрсатувчи яна бир муҳим ўрнакдир.
Бу воқеалар ҳали чуқурроқ ўрганилади, улар таҳлил қилинади, керакли хулосалар чиқарилади. Ҳозир эса бўлиб ўтган воқеаларни умумий шаклда ёритиб, Ўзбекистондаги демократ ташкилотлар ва кўзга кўринган сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг илк муносабатлари билан ўқувчиларимизни хронологик шаклда таништирамиз.
* * *
14 февраль 2007 йил, 23:30 (“Ҳаракат” Агентлигининг янгиликларидан:):
Васила Иноятга росмана ҳужум уюштирилди
Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Самарқанд вилояти бўлими офисида жамият раиси Васила Иноят, жамиятнинг ерлик раҳбарлари ва ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов кўринишидан ҳукумат томонидан ёлланган бир гуруҳнинг ҳужумига учрашди. Жамиятнинг Самарқанд вилояти кенгаши фаолиятини жонлантириш, минтақадаги жамият фаоллари ҳолидан хабар олиш ва “Ёш эзгуликчи”лар клуби аъзолари учун семинар-машғулот ўтказиш учун бу шаҳарга келган Васила Иноят ҳозирча соғлиғига хавф солмаётган даражада тан жароҳати олган.
Ҳамма тафсилотлари ҳали маълум бўлмаган бу воқеа ҳақида мухбиримиз қуйидагиларни билдирди.
“Эзгулик”нинг вилоят кенгаши офисига мажлис бўлаётган пайтда униннг эшигини бузиб бостириб кирган “Эрк”нинг 53-54 лақабли Салой Мадаминов фракцияси Марказий Кенгашининг аъзоси Нуриддин Комилов ва ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси деб ҳисоблайдиган Шавкат Абдуллаев (уни Ардзинов ёки Марат Зоҳидов ташкилотидан дейишмоқда) бошичилигидаги 10 дан ортиқ киши (уларнинг ичида 4-5 аёл ҳам бор) дастрўмолларга ўралган тош, тухум ва ҳар хил ранг берувчи кукунлар отиб, Василани уларнинг қўлига беришсагина, бу ердан чиқиб кетишларини айтишган. Улар офис эшигини бузиш ва қўлларидаги нарсаларни отиш билан чегараланмасдан офиснинг деразаларини ҳам синдиришган, пала-партиш қуйидаги сўзларни айтиб бақиришган: Андижондаги воқеаларани Васила Ионятова билан унинг Америкадаги ҳомийси Абдураҳим Пўлатов уюштиришган. Энди бу террорист аёл Самарқандда ҳам шу каби ҳодисалар чиқариш учун бу ерга келган. Мақсадимиз уни Самарқанддан чиқариб юбориш. Президентимиз ҳаммани хушёрликка чақирмоқда, биз шунинг учун бу ерга келдик ва ҳоказолар.
5 марта телофон орқали милицияга хабар берилса ҳам ҳеч ким келмаган. Ваҳоланки, жамиятнинг офиси вилоят ҳокимлиги ва ИИБсининг олдида жойлашган. Мажлисдаги эзгуликчилар қуршовида офисдан чиқа олган Васила Иноят ва Суҳроб Исмоилов мазкур ҳодиса юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБга мурожаат этишиб, тегишли тартибда экспертиза ва кўриклардан ўтишган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур ҳодиса юзасидан 16 февраль соат 11 да матбуот анжумани ўтказиш ва воқеалар тафсили юзасидан ҳукуматдан изоҳ талаб қилишни режалаштирди. Негаки, жамият раиси, ҳодиса жабрланувчиси Васила Иноят бу ҳаракатларнинг ҳукуматнинг юқори поғоналаридан туриб бошқарилганига аминдир. Бинобарин, кеча, 13 февралда Ўзбекистон Адлия вазирлиги жамоат ташкилотларини рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғи Жалол Абдусатторов унга вилоятларга чиқмаслик, “Бирлик” фаолиятига аралашмаслик юзасидан “кўрсатма-маслаҳат” берганди. Акс ҳолда, уни Президент шахсига тажовуз айбномаси кутаётгани, бунга жамиятнинг яқинда эълон қилинган йиллик ҳисоботи яхшигина асос бўлишини айтган.
Васила Иноят Самарқанддаги ҳодисадан сўнг Бухоро сафарини ҳам момаълум муддатга кечиктирганини айтди. Мухбиримизнинг таъкидлашича, Бухорода ҳам минтақадаги жамият фаолиятини жонлантириш ва сафдошлар фаолиятидан хабардор бўлиш назарда тутилган экан.
16 февраль: “Эзгулик” Тошкентдаги бош
офисида матбуот конференцияси ўтказди
14 февралида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Самарқанд вилояти бўлими офисида жамият раиси Васила Иноят ва жамиятнинг бошқа фаоллари “Эрк” партияси 53-54-чилар гуруҳи аъзолари раҳбарлигидаги бир гуруҳнинг ҳужумига дуч келишгани ўша кунги хабарларимиздан маълум. Айни чоғда, мазкур ҳодиса ортида ҳукуматнинг қўли борлиги эҳтимолини ҳам таъкидлагандик. Орадан икки кун ўтиб, мазкур ҳодисалар жамият фаолияти ва Васила Иноят шахсига нисбатан уюштирилгани аниқ бўлди.
Бугун жамиятнинг бош офисида жамоатчилик, халқаро дипломатик корпус ваколатхоналари ҳамда оммавий ахборот воситалари учун шу воқеаларга бағишланган матбуот конференцияси ўтказилди. 18 халқаро ташкилот ва дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари, ўндан ортиқ маҳаллий инсон ҳақлари ташкилотлари фаоллари иштирок этган анжуманда Васила Иноят Самарқанд ҳодисалари, “Эзгулик”ка нисбатан ҳукуматнинг позицияси, ташкилотнинг яқин истиқболдаги режалари хусусидаги саволларга жавоб берди. У ва жамият Марказий Бошқарувининг бир қатор аъзолари жамиятнинг фаолияти, фаоллар хавфсизлиги учун муҳим палла бошланганини таъкидлашди.
Хусусан, Васила Иноят Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид масалалар, ҳукумат органлари билан ўзаро муносабат, мухолифат, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга нисбатан бўлаётган босимлар, Европа Иттифоқи билан мамлакатимиз муносабатларига оид масалаларга тўхталди.
Мухбиримизнинг таъкидлашича, «Эзгулик» жамияти мазкур матбуот конференциясига Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги мутасаддиларини расман таклиф этган эди. Бироқ анжуманда бу идораларнинг “норасмий вакили”, жиззахлик “ҳуқуқ ҳимоячиси” Абай Байбулатовгина ҳозир бўлиб, жамият раиси ва Бошқарув аъзоларини ҳақорат қилди. Уларнинг шаънига турли бўҳтонлар ёғдириб, йиғилганларнинг асабига тегишга интилди. Матбуот конференцияси қатнашчиларининг унга қарши муносабатлари ва баъзибир тушунтиришларидан сўнгина провокатор бироз юмшади. Аслини олганда, дейди мухбиримиз, Абай