Журнал Ҳаракат
№1 (64) 2007. Сиёсат ва иқтисод
Исмоил Дадажон -
Ўзбек мухолифати бирлашадими?
Ушбу масалага ҳар ким ҳар хил ёндашади.
Баъзи мухолифат вакиллари мухолифат бирлашувига ҳеч қандай зарурат йўқ деб ҳисоблашса, бошқа бир тоифа мухолифат вакиллари бу нарса албатта бўлиши керак, деган фикрдалар.
Биринчи тоифага мансуб мухолифатчилар дунё тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар ким ўз фикрига эга ва қайси партия ёки сиёсий ҳаракатда бўлиш ҳар кимни ўз иши деб таъкидлайди. Фикр хилма-хиллиги демократик жамиятнинг кўринишларидан бири, деб ҳисоблашади.
Лекин наҳотки биз яшаётган жамият ҳали демократик эмаслигига ва уни қуриш йўлида машаққатларни фаат шу мақсад йўлида бирлашсаккина амалга ошишига ақлимиз етмаса.
Ахир Қуръони каримда ҳам “Ҳамма куч бирликда бўлинмангиз аё мўминлар” деб ёзилган.
Минг афсуски, ўзбек мухолифати лидерлари ичида мусулмон эканликларидан пушаймон бўлиб юрганлар, динимизни инкор этувчилар ҳам талайгина.
Улар сажда қилаётган хоҳ Америка, хоҳ Россия раҳбарлари бўлсин, ўз динлари йўлида мустаҳкам эканликларини кўрадилар. Лекин диний амалиётда ўз президентлари И.Каримов йўлини танлайдилар.
Бу йўл динимизга, халқимизга ҳурматсизлик йўлидир.
Ислом Каримов бугун дунёга ўзини Ислом фундаментализмига қарши курашчи қилиб кўрсатмоқчи бўлса, мухолифат лидерларининг баъзилари ўзларини мусулмончиликдан жуда узоқда эканликларини кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Бунинг сабаби нимада? Бугун Ғарб давлатлари Ислом Каримовни демократик принциплар ва инсон хуқуқларини оёқ ости қилсада, Марказий Осиёда энг катта бўлган мамлакатни маълум маънода ушлаб турганлиги учун ҳам унинг тахтидан кетишини исташмайди.
Уларнинг фикрича, Ўзбекистон террорист ва фундаменталистлар уясига айланиб улгурган ва бу хавфли ўчоқни бугун заиф ва ўз манфаатларини халқ манфаатидан юқори қўяётган, ўзаро фитнаю ғийбатлари билан нафақат халқни кўнглини қолдирган ҳатто унинг ғазабига учраган, ўй ҳаёли Оқсаройдан бошқа нарса бўлмаган демократлардан кўра мавжуд тузумга кўпроқ ишонса бўлади. Бу фикрда ҳам жон бор.
Қолаверса демократия тимсоли бўлган Америка Қўшма Штатларидек мамлакатда инсон ҳуқуқлариниг мунтазам бузилиб туриш ҳоллари диктаторларга маънавий қувват бериб туради.
Сўзда инсон ҳуқуқларини олдинги қаторга қўйган АҚШ маъмурияти амалда унга риоя қилмайди. Айниқса мусулмонларга нисбатан ёвқараш қилаётган Ж.Буш сиёсатнинг кўп қирралари И.Каримов сиёсатига мос келади.
Ғарб давлатлари билан мулоқот қилиш албатта керак, биз демократия йўлини танлаган эканмиз, демак, демократик принциплар устивор давлатлар ёрдамига муҳтожмиз.
Лекин Америка ва Ғарб давлатлари билан ҳамкорлигимиз халқимизнинг миллий урф одатларига, диний этиқодига зарар келтирмайдиган даражада бўлиши керак.
Қачонки биз бир куч бўлиб шакллансак ва халқни орқамиздан эргаштираолсакгина, Ғарб бизга ёрдам қўлини чўзади. Шу сабабдан ҳам бизни бирлашувимиз муҳимдир.
Бугунги ҳолатимиз чўртан балиқ, кисқичбақа ва оққуш масалини эслатади.
90 йил бошларида бошланган мухолифатни бирлаштириш ғояси жуда кўп вариантларда самара бермади.
Украинада 1,5 йил мобайнида яшашимга тўғри келди. У ерда жуда кўп ҳур фикрли кишилар билан учрашдим.
Улар ўзбек мухолифати хақида жуда кўп нарса билишларини эшитиб хурсанд ҳам бўлдим, тушкунликка хам тушдим. Уларнинг кўпчилиги "Бирлик" Халқ Харакати Партияси ва Эрк демократик партияси хақида билишларини, баъзилари эса ушбу мухолиф партиялар лидерлари билан шахсан таниш эканликларини айтишган.
Деярли барчалари ўзбек мухолифатининг 90-чи йиллар бошларида жуда актив бўлганлиги, 90 йиллар охири ва 2000 йил бошларига келиб Ўзбек мухолифати қумга тўкилган сувдек сингиб кетгани ҳақида гапирдилар.
Уларнинғ фикрича, Ўзбек мухолифати лидерлари сўнгги 10 йиллар ичида ўз фаолиятларини тўғридан тўғри бир-бирлари билан курашишга бағишлаётганликлари ва эл юрт манфаатини ўз манфаатлари олдида оёқ ости қилишётганликлари тўғрисида фикирлар айтишди.
Минг афсуски, бу фикрларни эшитиш биз ўзбеклар учун жуда ҳам оғир эди.
2004 йил сўнгида Украинадаги Ўзбек мухолифати вакиллари томонидан бирлашиш ғоясини жуда кўп халқаро ташкилотлар, Украина Олий Радаси депутатлари ва сиёсий партиялари томонидан қўллаб қувватланди. Гап ўзбекларга келганида иш яна тўхтаб қолди. Бу сафардаги бирлашиш таклифига жуда машаққатлар билан “Бирлик” Партияси, “Аграрлар ва тадбиркорлар” партияси раҳбарларини кўндира олдик. Минг афсуски, “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ жаноблари билан бевосита ва вакиллар орқали олиб борган музокараларимиз хеч қандай самара бермади. Муҳаммад Солиҳ жаноблари ҳеч қандай ҳолатда ҳам бундай ҳамкорликка бормаслигини айтди. (Журналининг сўнгги 6 (62), 2006 сонидан маълумки, ўтган йилнинг сўнгида ҳам бу каби воқеа такрорланди. Исмоил Дадажоннинг шахсан ўзи шу пайтгача мухолифатни парчалаб келаётган Салой Мадаминовни мухолифатни бирлаштириш ғоясига кўндиришга ваъда берди. Ҳатто бу музокаралар давом этаркан, "Бирлик" "Эрк"нинг 53-54-чилар фракциясини танқид қилишни ҳам тўхтатди. Аммо Исмол Дадажон яна бир марта ўз ташаббуси мувафаққиятсиз бўлиб чиққанини эътироф этиб, "судралишга яратилганлар учолмасликлари" ҳақидаги гапнинг тўғри эканлигини тан олди. У ўша кунларда ББС радиоси ўтказган суҳбатда Салой Мадаминовга: "Сиз ҳеч ким билан мулоқот олиб боролмайсиз, сиёсатчи эмассиз", деганини ҳам маълум қилибди. - "Ҳаракат").
Балким Муҳаммад Солих жанобларини ўзга режалари бўлса ажаб эмас. Биз учун қоронғи. Лекин мен ушбу музокаралар даврида фақат ўзим аъзо бўлган “Бирлик” партияси манфаатларини химоя қилиш билан чекланиб қолмаганимга ва холис бўлишга ҳаракат қилганимга Оллоҳ шоҳиддур.
Ишонаманки, ушбу ёзувларим кимларнидир яна қандайдир кераксиз муҳокамалар қилишга эмас, одилона фикрлар беришга даъват қилади.
Ўзбек мухолифати албатта бир тўхтамга келади ва Ўзбекистон демократик жамият қуради. Мухолифатнинг ҳозирги лидерлари ҳали озми кўпми имкониятлари бор ва ундан оқилона фойдалансалар миллат тарихидан муносиб ўрин олишлари мумкин. Қолган озгина имкониятдан оқилона фойдалана олмаган лидерлар ўз ўзларидан четга чиқиб қоладилар. Ўзбеклар уларсиз ҳам демократик жамият қура оладилар чунки ҳар қандай жамиятда эски яроқсиз лидерлар ўрнига янги ёш лидерлар келиши мумкин. Лекин лидерлар жамиятларини алмаштира олмайдилар.
Бугун ўзбек мухолифати сафларига ёшларни жалб қилишимиз уларни ўргатишимиз ва улардан ўрганишимиз керак.
Агар ёшлар лидерликка давогар бўлишса иккиланмасдан уларни рағбарлантиришимиз кeрак, чунки келажак ёшларникидир. Ўз навбатида ёшлар ҳам шошилинч хулосалар чиқармасдан, кўп йиллар мухолифат учун миллат учун хизмат қилган ёшлиги ва куч қувватини шу йўлда қурбон қилган кишилар хизматларини инобатга олишлари зарурдир.