Журнал Ҳаракат №1 (64) 2007. И ч и д а г и л а р
(Сўз боши ўрнида) - Русларнинг “суверен демократияси” ҳақида
Журналимизнинг аввалги сонларидан бирида (№ 2(59), 2006) Россия президенти Маъмурияти раҳбарининг ўринбосари, Россия президентининг ёрдамчиси Владислав Сурковнинг “Суверенитет – рақобатчилик қобилиятининг сиёсий синонимидир” номли мақоласини чоп этгандик. Турли сабаблар билан журналнинг ўша сонида ҳам кейинчалик ҳам бу мақолани таҳлил қилишга имконимиз бўлмади. Ваҳоланки, бу мақола икки сифати билан муҳим бўлгани учун таҳлилга зор бўлса керак. Биринчидан, унинг муаллифи Владимир Путиннинг яқин одами, мафкурачиси ҳам десак бўлаверади, иккинчидан, унинг сарлавҳасиниданоқ иддаоси баландлиги кўриниб турибди. Аммо биз мақолани бу икки сифати учунгина эмас, қўшнимиз, қолаверса кечаги мустамлакачиларимизни бошқараётганлар нималар ўйлаётганини тушуниш ва билиб туриш нуқтаи назаридан ҳам таҳлил қилмоқчимиз. Ҳар доим бўлгани каби, бу мақоланинг ҳам моҳияти ва шакли хусусида гапириш керак бўлади. * * * Шакли бўйича уни бемалол демагогиялар тўплами деявериш мумкин. Мана Владислав Сурковнинг мақоласидан баъзи кўчирмалар: - Совет Иттифоқи Ғарбдаги энг демократик руҳдаги интеллектуаллар орасида популяр бўлганини унутмайлик. - Совет Иттифоқи ҳам ҳуррият ва адолат тушунчаларини ишлатган. - У (Совет Иттифоқи, - “Ҳаракат”) ўзида демократиянинг уруғларини ташиган. Чунки у демократияни қуруқ сўзда бўлса эълон қилган ва унинг ифодасини берган. Вячеслав Сурков кейинчалик турли жойларда ўз мақоласини ўзи таҳлил қилар экан, мақоланинг таркибий қисми деб ҳисобласа бўладиган қуйидаги гапларни ҳам айтади (масалан 2006 йил 28 июнда ўтказган брифингида, www.edinros.ru ): - Бизнинг россияча демократиямиз моделининг номи “суверен демократиядир”. Биз озод эканлигимизни унутмасдан очиқ жамият қурмоқдамиз… Биз бошқа очиқ миллатлар ичида очиқ бўлишни истаймиз ва улар билан адолатли қоидалар доирасида ҳамкорлик қилишни истаймиз. - Демократик мамлакатларда нима бўлса, бизда ҳам бор. Россияга даъво қилаётганлар эса, радикал кайфиятдаги (демократик қадриятларни тушуниш бўйича) одамларнинг манфаатлари билан қиздирилмоқда. Бу уларнинг ҳаққи, аммо, нима учун биз фақат уларнинг нуқтаи назарини ҳисобга олишимиз керак. - Биз (у президент маъмуриятини назада тутмоқда, - “Ҳаракат”) “Единая Россия” партиясини қўллаб қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб қувватлаймиз. У партия ҳам бизни қўллаб қувватлайди. Бу нормал нарса, ҳамма демократик давлатларнинг амалиёти каби. Нега бизга нисбатан иккиюзли стандартлар ишлатадилар? Буш Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлайдими, ёки йўқ?” Хўш, Сурковдан олинган бу кўчирмалар демагогия бўлмаса, демагогия нима ўзи? Муаллиф жон-жаҳди билан Россия фашизм томонига эмас, демократина қараб кетаёганини исботлашга интилаётганда, мақсадга етиш учун демагогияни ёлғон билан қориштириб олдимизга қўяди. У Бушнинг Республикачилар партиясини қўллаб қувватлашини айтар экан, буни Путин маъмурияти “Единая Россия”ни қўллаб-қувватлаши билан солиштиради. Аммо бу икки ҳолатни сурковчасига солиштириш бутунлай янглиш. Бундай қилиш ўқувчиларни, мақола руслар учун ёзилганми, демак, биринчи навбатда рус ўқувчиларини, қолаверса, рус халқини алдашдан бошқа нарса эмас. Чунки, Путин “ўз” партиясини қўллаб-қувватлар экан, бунинг учун камтаринлик билан айтилаётган “маъмурий ресурс”ни, аслида бу маска орқасида бутун давлатнинг имкониятларини ишлатади. Буш эса, фақат шахс сифатидагина ўз партиясини қўллаб-қувватлайди, ҳеч қандай “маъмурий ресурсни” ишлатиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин. Бутун давлатнинг имкониятларини бир партия манфаатлари йўлида ишлатиш-ку, АҚШда ҳеч ким тасаввур ҳам қилолмайдиган нарсадир. Мақолада тўғридан-тўғри ёлғон бўлмаса ҳам, ҳақиқатни бузиб кўрсатувчи мисоллар ҳам етарли. Масалан, муаллиф озодлик ва демократия тушунчалари Россияга Ғарбдан келмагани, руслар уларни ўзлари етиштирганларини исботлаш учун бўлса керак, ростдан ҳам улуғ рус фикр одами Бердяевнинг ушбу сўзларини келдиради: “Эркин ва адолатлт жамиятга интилиш керак. Эркинлик йўқ жойда ҳеч қандай адолат бўлмайди. Адолат ҳамма учун эркинлик талаб қилади” ва сўнгра ўз номидан давом этади: “Бу рус фикри, биз уни Маркс ёки Гегелдан олмаганмиз”. Сурков, кўринишидан, Бердяев Гегелдан 100 йил кейин яшаганини ва озодлик тушунчаларини айнан Гегелдан ўрганганини унутгандек. Дарҳақиқат, Гегель Озодлик тушунчасининг аҳамиятини англатаётганда, бу сўзни ифодаловчи товушлар эшитилгандаёқ тани ва руҳи соғ бўлган одамнинг қалби янада юксакроқ уришга бошлашини Бердяев туғилмасдан олдин айтганди. Аммо, бундан ҳам муҳим бўлгани шуки, Гегелнинг ғоялари халққа етиб борди, халқ уларни қабул қилди ва Ғарб озодликка асосланган демократик жамият яратди. Бердяевнинг фикрлари эса, зиёлиларнинг тор доирасидан ташқарига чиқолмади, рус халқи уларни қабул қилишга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Шу кунлардаги замонавий рус демократияси, минг афсуски, Бердяев каби ҳақиқатдан ҳам буюкларнинг таъсирида эмас, Ғарбдан ўрнак олиш шаклида ҳаётга кириб бормоқда. Бу ерда минг афсуски дейишимизнинг сабаби бор. Агар рус демократияси халқнинг ичидан чиқиб қурилганда эди, у янада соғлом ва мустаҳкам бўлган бўларди. СССР парчалангандан кейин яратилабошлаган рус демократияси халқ ичида чуқур ўрнашиб улгурмагани сабабли, у ҳозир Путин ва Сурков кабиларнинг қўли билан осонликча яксон этилмоқда. * * * Энди мақоланинг моҳиятига ўтайлик. Мақоланинг ва Владислав Сурковнинг бундан кейинги бир қатор ёзувлари ҳамда турли жойлардаги нутқларининг асосий мақсади – Путиннинг демократик жараёнларни тўхтатиш, имкон бўлса уларни орқага қайтариб юбориш ва ҳақиқий демократияни Россия шароитида ҳаётга тадбиқ қилиш русларнинг миллий манфаатларига зид эканлигини ўзича асослаб, “суверен демократия” номи остида демократияга зид бўлган русларга хос янги типдаги жамият қуришга йўналтирилган сиёсатини оқлашдир. Путиннинг гумаштаси бу соҳада новатор эмасди. Ўрнак қидириб узоққа боришнинг ҳам кераги йўқ. Мустақилнинг биринчи йилларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов аввал “ўзбеклар демократияга тайёр эмас” деган шиор остида нафақат қайта қуриш йиллари яратилан демократия ниҳоларини йўқ қилди, балки Сталин типидаги диктатурага қараб йўналиш олди. Аммо кейинчалик, у Ғарб давлатлари, биринчи навбатда АҚШнинг таъсири остида демократия томон юришини эълон қилган бўлса ҳам, демократия деганда халқимизнинг миллий урф-одатлари, анъаналарига мос келадигин қандайдир янги типдаги “ўзига хос демократияни” назарда тутаётганини эслатиб туришдан чарчамади. Каримов ўзи тушунадиган демократия типига ном беролмаган эди, аммо руслар бу масалада олдинга кетдилар ва “суверен демократия” атамасини ўйлаб топдилар. Аслида, демократия бу - давлатдаги уч ҳокимият – қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларининг бир биридан мустақиллиги, ҳамма ваколатли органларнинг сайловлар орқали шакллантирилиши, сиёсий рақобатчилик механизми бўлган кўппартиялик яратиш, ошкоралик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби принципларнинг ҳаётга жорий этилишидир. Бу универсал принципларнинг биронтасини на ўзбеклар ва на русларнинг миллий урф-одату анъаналарига тўғри келиб келмаслигини муҳокама қилишнинг ўзиёқ кулгилидир. Жойи келиб қолгани учун шуни айтиб ўтиш керак, Ислом Каримов фақат демократия масаласида эмас, бошқа жабҳаларда ҳам биронта янгилик истамасди. У, хусусан, бозор иқтисодиётига ўтишга қарши эди. Мисол сифатида унинг 1992 йилда чоп этилган “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” номли китобидан қуйидаги бир парчани келтириш кифоя: “Бозорга, айниқса, унинг шаклланиш босқичига узоқ ва чуқур иқтисодий инқирозлар, ишсизликнинг ўсиши, пулнинг қадрсизланиши, кўпгина корхоналарнинг синиши ва ишбилармонларнинг хонавайрон бўлиши, аҳолининг моддий таъминот жиҳатдан кескин табақаланиши, ҳуқуқққа зид ҳаракатлар ва жиноятчиликнинг ўсиши хосдир.” Келинг бир жиддий ўйлаб кўрайлик, - дейди бу хусусда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. – Бозорни шундай ўта даҳшатли нарса, деб ҳисоблайдиган одам унга ўтадими, унга ўтишга ўзи бошчилик қиладими? (“Абдураҳим Пўлат Озодликда” китоби, Истанбул, 1995). Энди кўриб турибмизки, Қозоғистон каби қўшнимиз жадал суръатлар билан бозор иқтисодига ўтиб олди, Каримов айтган даҳшатли вазият юзага келмади. Бизда эса бозорга ўтишда сусткашлик қилингани сабабли, бир вақтлар тадбиркорлик ва ишбилармонликда фақат Марказий Осиёга эмас, Ипак йўлининг каттагина қисмига ҳукмронлик қилган ўзбеклар бугун, Россияни қўйиб туринг, Қозоғистон ва Қирғизистонда мардикорлик қилмоқдалар. Жиддий бичимда на сиёсий на иқтисодий ислоҳатлар ўтказмаган Ўзбекистон МДҲ ичида энг қашшоқ мамлакатлардан бирига айланди. Каримов жадал ислоҳатлар ўтказмасдан ўз курсисини мустаҳкамлаш, тўғрироғи, жадал қадамлар билан диктатурани тиклашга киришганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Аммо, Горбачев бошлаб бериб Ельцин давом эттирган сиёсий ўзгаришлар натижасида самарали ўтган иқтисодий ислоҳотларнинг мевасидан фойдаланаётган Путин нима учун демократиядан қайтмоқда ва нима учун суверен демократия маскаси остида диктатурани тикламоқда? Мана шу асосий саволга Путиннинг сиёсатини ўзида акс эттирган Сурковнинг мақоласидан қидириш керак. Сурков, бизнинг Каримовдан фарқли ўлароқ, ўз миллатининг демократияга тайёр эмаслиги, иқтисодий ислоҳатларнинг қандай олабўжи эканлигини гапириб, фикрлаш доираси динозаврларникига яқин эканлигини фош қилиб ўтирмаган. У ҳамма фикрларини гўёки реаликни чуқур анализ қилиш асосида шакллантирган. Аммо, хўжа-али али-хўжа деганларидек, натижа ўша-ўша. У “суверен демократия” ғоясини асослаш учун 2 йўналишдан боради. Биринчиси. Сурков СССР ЦРУнинг фитналари натижасида эмас, мамлакатда адолат ва ҳуррият йўқлиги, давлат ўз фуқароларини иқтисодий талабларини қондиролмагани сабабли йиқилди дейди, аммо бунинг сабаби иқтисод маъмурий-буйруқбозликка асослангани, бозор иқтисоди умуман бўлмаганини очиқча айтишдан ийманади. Бунинг ўзи тасодифий бўлмаса керак. СССР парчалангандан кейин Россия олигархларнинг ва либерал-демократланинг қўлида қолди, дейди муаллиф. Кейин ҳеч бир исботсиз ва ортиқча бошини қотирмасдан - олигархлар ва либералларнинг бошқаруви натижасида Россия суверенитетини йўқотишга бошлади ва қўйиб берса тамомий йўқотарди, деган хулосага келади. Демак Россияда демократик тузум яратилса, у суверен, яъни мустақил бўлолмайди. Сурков очиқ айтмаса ҳам, у суверенитетни йўқотиш деганда, Россия Ғарбнинг айтганини бажарадиган ҳолга тушиб қолишини назарда тутиб, ўз халқига ёлғон таҳдид қилмоқда. Унинг мантиғига кўра, Путиннинг ҳукумати “суверен демократия” қуриш йўлига ўтиб, мамлакатни бировларга тобеликдан, ҳатто ҳалокатдан қутқармоқчи. Иккинчиси. Муаллифнинг фикрича, либерал демократларнинг сиёсати натижасида Россия бутунлигини йўқотабошлади, федерал муносабатлар хаосга кирди. У мисол тариқасида фақат Чеченистонни келтирса ҳам, Кремлдагилар Россия ичидаги бошқа миллий республикалар ҳам марказдан иложи борича мустақил бўлишга интилишларидан хавотирда эканлигини сезиш осон. Демак, русларга бундай демократия керак эмас, Совет замонида каби ҳаммани Москванинг чизиғидан юргизадиган “демократия” керак. Бундай демократиянинг демократия эмаслигини яхши тушунган Сурков яна “суверен демократияни ” ғоясини ўртага тиқиштиради. Шундай филиб, Сурков нормал демократиянинг ҳозирги кунда Россия учун гўёки хавфли эканлигини исботлаб, суверен демократия каби бир нарса яратиш Россиянинг мақсадларига мувофиқлигини кўрсатиб бергандек бўлди. Хўш, “суверен демократия” деганда муаллиф нимани тушунмоқда? Сурков бу саволга на бу мақоласида на кейинги чиқишларида очиқ жавоб бермайди. Афтидан унинг мақсади суверен демократия деганда нимани тушуниш кераклигини аниқ белгилаб бермасдан ҳамманинг чалғитишга уриниш. Шундай бўлса ҳам муаллиф Россия учун “суверен демократия” ниқоби остида қандай сиёсий-иқтисодий модель таклиф қилаётганини сатрлар орасидан ўрганиш мумкин. Мана бу моделнинг асосий параметр ва хусусиятлари: - Марказлаштирилган бошқарув системасини тиклаш. - Кучли армиясиз Россияга таҳдид солаётган халқаро терроризмни енгиб бўлмайди. Демак, кучли армия лозим. Россия ичидаги ҳар қандай миллий ҳаракатларни Сурков кабилар дарҳол халқаро терроризм деб аталшга тайёр эканлигини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. - Россия энергетик суперкуч, бу ерда ёқилғи-энергетика комплекси иқтисоднинг асосидир. Газ, нефть ва нефть маҳсулотларни сотиш эвазига Ғарбнинг юксак технологияларига етишиш лозим. - Суверенитетни сақлаб қолиш мақсадида стратегик соҳаларни ривожлантириш учун асосан миллий инвестицияни жалб қилиш керак, яъни Россия иқтисоди Совет замонида каби ёпиқ қолаверади . Булардан ташқари ҳеч бир систематизациясиз транспорт, алоқа ва умумжаҳон информацион системалар яратишда иштирок этиш, қашоққлик, коррупция, ашаддий миллатчиликк ва реванш олишни истаётган оллигархларга қарши курашиш, таълим системаси ва маданиятни ривожлантириш каби ҳамма жамият ва мамлакатлар учун универсал масалалар санаб ўтилади. Ва табиий, энг муҳим вазифа сифатида мамлакат ҳаётида энг камида 10-15 йил (абадий дейишга уялган шекилли) ҳукмронлик қилиб, санаб чиқилган муаммоларни ҳал қилиши лозим бўлган “Единая Россия” партиясини мустаҳкамлаш белгиланади. Сурков чизган бу расмга умумий назар ташласак шуни кўрамизки, таклиф қилинаётган “суверен демократия” модели - бироз либераллаштирилган, стратегик манфаатлар нуқтаи назаридан орқа қаторда бўлган соҳалари хусусийлаштирилган, халқни қашшоқликдан чиқаришга қодир бўлмаган иқтисоднинг барқарорлигини углеводородларни сотиш эвазига сақлаб турадиган, демократик дунёнинг Россияга таъсири ва мамлакат ичидаги миллатларнинг кўпроқ суверенитет олиш истакларини кучли аримия воситасида босиб турадиган ва моҳияти билан СССРга ўхшаган тузумдир. Бу нафақат рус халқининг, нафақат Россияга қўшни бўлган мамлакатларнинг, демак Ўзбекистоннинг ҳам, қолаверса бутун дунёдаги демократик жараёнларнинг келажагига таҳдид соладиган хавфдир. Россиядаги прогрессив кучлар бу мамлакатдаги ҳукмрон синфнинг Сурков кабилар тарафидан яратилаётган моделини ҳаётга тадбиқ этиш истагига қаршилик кўрсатоладиларми? Буюк эҳтимоллик билан – йўқ. Аммо, бундай бўлиш бўлмаслиги Россиянинг ички муаммосими? Йўқ. Чунки, юқорида айтилганидек, Россиядаги воқеаларнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири кучли бўлади. Шундай экан, Россиядаги воқеаларнинг боришини кузатиш, жараёнлар қандай кетишини прогноз қилиш, уларга мос равишда қилинадиган қадамларни аниқлаб бориб, уларга ҳозирлик кўриш биз ўзбекларнинг ҳам вазифамиздир. * * * Демак, ҳозир муҳокама қиладиган мавзуимиз – Россиядаги воқеаларнинг Ўзбекистонга таъсири ва ўзимиз отшимиз керак бўлган қадамлар. Табиий, бу қисқа мақолада ҳамма нарсани тўла муҳокама қилиб, бажарилиши керак бўлган ишларнинг кундалик планини тузиб бўлмайди. Шуниннг учун бу ерда масалага концептуал ёндошиш билан чегараланамиз. Россияда антидемократик тенденцияларнинг ривожланиши Ўзбекистонни бошқараётганларни рағбатлантиради, уларга маънавий куч беради. МДҲ ичида демократия нуқтаи назаридан Россиядан ҳам “баттар” мамлакатларнинг бўлиши эса, Путин истаган нарсадир. Демак у, энг камида ҳозирги босқичда, Каримовни тўла қўллаб қувватлашни давом эттиради. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистоннинг зараригадир. Россия демократиядан узоқлашган сари унинг қўшни мамлакатлар устидан ҳукмронлик қилиш истаги ортиб боради. Унга қарши туришнинг энг самарали йўли Марказий Осиё Бирлигини яратишдир. Бироқ, Марказий Осиё давлатларидаги режимлар демократиянинг ривожланиши нуқтаи назаридан турли даражада блганлиги сабабли, бирлашиш йўлидаги ишлар ҳали суст. Бу масалада етакчилардан бири бўлиши керак бўлган Ўзбекистондаги антидемократик режим айнан Россия тарафидан қўллаб қувватланиб келаётганини ҳисобга олсак, мамлакатимизда демократияни ва Марказий Осиёда интеграцион жараёнларни олға суриш иши боши берк кўчада каби кўринади. Аммо бундай умидсизликка тушиш керак эмас. Чунки: - Россиянинг бугунги кучининг асосий манбаи дунё бозорида углеводородли ёқилғи нархининг юксаклигидадир. Бу соҳада яқин йилларда катта ўзгаришлар, тўғрироғи кескин нарх пасайиши кутилаётганиёқ русларни саросимага тушира бошлади. Яқинда Россия президенти Путиннинг Мюнхенда халқаро хавфсизлик сиёсати масалаларига бағишланган конференциядаги блефлари шу саросиманинг аниқ кўрсатгичи. Бундай шароитда руслар қўшни мамлакатлардаги диктаторларни қўриқлаш устида ортиқча бош қотиролмайдилар. - Россия қанчалик буюк давлат бўлмасин бугунги кунда дунёсиз, Ғарбсиз яшай олмайди. Нефтедоларларини сарфлаш учун ҳам унга дунё, хусусан, Ғарб керак, Ғарб билан яхши алоқалар керак. Демак, Ғарбнинг таъсирида ҳам Россия қўшни диктаторларга бўлган "муҳаббатидан" воз кечишга мажбур бўлади. Хуллас, ички ва ташқи факторлар таъсирида русларнинг “суверен демократия” ғояси эртами кеч инқирозга учрайди. Ҳақиқий демократиянинг ривожланиши натижасида Россиядаги миллатлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш бошлайдилар, аҳолиси тезлик билан камайиб бораётган Россия ўз бойликларини, хусусан, ҳудудларининг Осиё қисмидаги бойликлардан фойдаланиш йўлида жиддий қийинчиликларга дуч келади. Шундай пайтда руслар қўшнилар устидан ҳукмронлик қилиш эмас, улар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик қилишдан бошқа йўллари йўқ. Ўзбекистон ташқи ва ҳатто ички сиёсатини ана шу перспектива нуқтаи назардан олиб бориши керак. Яъни, Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг раҳнамолари Россия томонидан қўриқланиш-ларига ишониб ўтирмасликлари керак. Балки, буни президент Каримовнинг ўзи ҳам тушунишга бошлаган бўлиши мумкин. Унинг зудлик билан Европа Иттифоқига яқинлашиш йўлларини излашга бошлагани шунинг далолати эмасми? Агар шундай бўлса, навбат тезда АҚШга келади, деб ҳисоблайверинг. Мамлакатимиз раҳбарлари яна бир нарсани тезроқ тушунсалар яхши бўларди. Фақатгина Ғарб билан яқинлашиш эмас, миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан ҳам эртага қолдирмасдан бугун демократияни ривожлантириш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш билан жиддий шаклда шуғулланиш лозим. Ҳар қандай ислоҳотлар демократик мухолифатни тан олишдан бошланиши кераклиги ва демократларнинг иштирокидагина амалга ошиши мумкиинлиги ҳам бахс этилмайдиган ҳақиқатдир. Ўзбек демократик мухолифати ҳам ўз фаолиятини юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб юритиши кераклиги ўз ўзидан маълум.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону