Журнал Ҳаракат
№6 (63) 2006. Президент сайлови - 2007
Дайнов Ташанов билан суҳбат -
Кураш сафларимизни тоблади, сайлов иродамизни намоён этади
Дайнов Ташанов - «Бирлик» Партияси раиси ўринбосари
Инсонга нуқсонларни очиб ташлаш учун виждон, уларни бартараф этиш учун эса ирода, ўзига ва халқига яхшилик қилмоғи учун ақл-заковат берилган. Бироқ инсон боласи ўзига инъом этилган бу фазилатлардан доим ҳам фойдаланавермайди. Тўғрироғи, шу гўзал фазилат, ризқу-рўз, беадад бойликларга баъзан ношукрлик боис ақл-заковат қўрғонлари қулаб, одамлар ёвузлик, таъмагарлик, гумроҳлик каби иллатлар дардига мубтало бўлади. Шу важдан ҳам эзгулик билан ёвузлик, рост билан ёлғон, хиёнат билан диёнат доимо бақамти юради.
Дастлаб халқимизнинг тили, яъни ўзлигини қайтаришга бел боғлаган, уни мустабид тузум исканжасидан тортиб олишга уринган “Бирлик” салкам 20 йиллик фаолияти даврида ана шундай хиёнат-у гумроҳликларни бошдан кечирди. Унга зимдан зарба берган, очиқ-ошкора хиёнатлари эвазига унинг сафларини парчалаган кимсаларни ҳам кўрди. Мустаҳкам ирода, сиёсий толерентлик эвазига принципларига содиқ қолган юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билангина яна сиёсий курашга майдонига қайтди.
Ана шу кураш сафларида қашқадарёлик таниқли мухолифатчи, партия раиси ўринбосари Дайнов Ташанов ҳам бор. Бу одам яқин ўтмишда “Эрк” демократик партияси фаоли сифатида танилган, ўзига хос қаътиятли, иродали шахсдир. Агентлигимиз мухбирининг у киши билан суҳбати мухолифатчилик қисмати, мавжуд аҳвол ва уни бартараф этиш чоралари хусусида кечди.
Мухбир: Сизни мухолифатчилар ҳаркатининг дастлабки кунларидан то бугунги фаолиятига қадар фаол иштирокчи сифатида тилга олишади. Аввал «Эрк»даги, сўнг «Бирлик»даги фаолиятингиз борасида изоҳ берсангиз. Умуман, нима сабабдан тикланиши ва сиёсий майдондаги кураши учун ўзига хос ҳисса қўшган “Эрк”ингиздан “Бирлик” сафларига келдингиз? Эшитишимизча, кўпчилик собиқ сафдошларингизни ҳам шунга даъват қилар, ҳатто бу борада жиддийгина натижаларга ҳам эришган эмишсиз.
Дайнов Ташанов: Собиқ империянинг тарқалиши арафасида компартия билетини улоқтириб, мухолифатчи бўлиш қисматимизга ёзилган экан. Партия билетини қасддан ташлаш, айниқса, мендек ўша партия котиби учун оғир қамоқ жазоси билан тақдирланарди. Мени муқаррар жазодан хўжаликнинг 100 га яқин коммунистлари асраб қолишди ва компартиянинг тарқаб кетишидан ярим йил муқаддам мухолифатчилар сафига ўтиб кетдим. Ўтган асрнинг ошкоралик аталмиш даврларига келиб, Бирлик Халқ Ҳаракати ва бошқа сиёсий гуруҳлар вужудга келаётганини эшитган бўлсак-да, биз маврказдан четроқда яшаганимиз туфайли бўлса керак, улар билан боғланишни яхши йўлга қўёлмаганмиз. Мақсадлари нималардан иборат, етарлича илғаб етмаганмиз. Самад Мурод мактаб ўқитувчиси, мен – хўжаликда партия комитети секретари сифатида 1989 йил бошларидан «Эрк» номли жамият тузиш, унинг Низом ва Ҳаракат Дастурини яратишга киришдик.
Ва ниҳоят, «Эрк» жамиятининг таъсис йиғилишини ўтказиб, тез орада аъзоларимиз сонини 300 тагача етказдик. Жамиятимиз аъзолари асосан маҳаллий зиёлилар, жамоат арборблари ва ёзувчи-шоирлар бўлгани боис 300 кишилик гуруҳ ҳам каттагина куч эди. Матбуотдан «Эрк» демократик партияси тузилганлигини эшитдик, қарасак, стратегияси, низом ва дастурлари бизга яқин. Шу партия раҳбарлари билан гаплашиб жамиятимизни партиянинг Қашқадарё вилояти бўлими сифатида қайта ташкил этдик. Қашқадарёда аввалдан тайёр ташкилотнинг мавжудлиги ва фаоллигимиз туфайли ЭДПни рўйхатга олиш арафасида марказдан режалашттирилган 70 ўрнига 1550 та имзо тўплаб бердик. Бироқ бутун республика бўйича имзолар сони 3000 тага ҳам етмагани боис Адлия рўйхатидан ўтиш масаласи (ўша пайтдаги тартибга кўра партияларни рўйхатга олиш учун 5000 имзо тўпланиши керак эди) гумон бўлиб қолди. Бизнинг вилоятимиз фаоллари яна ишга киришиб 1500 имзо тўпдашга эришди ва “Эрк” сиёсий партия сифатида рўйхатга олинди.
“Эрк”нинг вилоят кенгаши раиси Самад Мурод, мен раис ўринбосари ўлароқ, туман ва шаҳарларда ташкилотлар тузиб, тарғибот ишларини йўлга қўйдик. Аъзоларимиз сонини 3000 гача етказдик. Кези келганда таъкидлаш керакки, Самад Мурод билан Муҳамад Солиҳ ўша пайтларда ҳам характерлари жиҳатидан бир-бирига зид кишилар эди. Қайсарлик, ўзбилармонлик ҳар иккисининг ҳам йўргагидан текканди. Солиҳ менга муттасил кенгаш чақириб, Самадни бўшатиш, ўрнига мубораклик Мурод Жўраевни қўйиш топшириғини берарди. Мен М. Жўраевнинг олдига 3-4 марта бориб ҳам партияга аъзо бўлишга кўндира олмаганман. У ўзини доим “Эркин демократман, мен ЭДПга ҳеч ҳам аъзо бўлмайман” деб, олиб қочарди.
Вилоятда «Эрк»кка аъзолар сонини Президентлик сайлови арафасида 4000 кишига етказдик. Мен президенлик сайловида Муҳаммад Солиҳнинг вилоятдаги ишончли вакили сифатида фаолият олиб бордим. Қаршида вилоят сайлов округи марказида кузатувчи бўлиб қатнашдим. Қашқадарёда уч жойда, Самад Мурод Қаршида, мен Шаҳрисабз ва Ғузорда раисимизнинг сайловчилар билан учрашувини ташкил-лаштирдик. Шаҳрисабзда 2000 дан ортиқ сайловчилар номзодимиз билан учрашув ўтказди. Ғузорда очиқ майдонда 3000 дан ортиқ сайловчилар тўпланган бўлишига қарамасдан, маҳаллий ҳукумат учрашувга йўл бермади. Биз сайловга қадар вилоятнинг барча туман ва шаҳар кўчалари бекатларида, бозорларда, истироҳат боғларида сайлов билан боғлиқ шиорлар, афишалар билан тўлдириб ташладик.
Шаҳрисабзда эса “Бирлик”чилар ташаббуси билан дорбозлар автобуси Китобдан Яккабоғгача ҳар куни карнай орқали мухолифат номзодини тарғибот қилиб, бир-икки марта бориб келарди. Эътироф этиш керакки, у ерда “Бирлик”чилар “Эрк”чилардан кўра ҳам фаолроқ эди. Солиҳнинг ўзи қашқадарёлик сайловчиларнинг, мухолифатнинг фаоллигидан ҳайратланарди. Қаршида сайловни кузатиш чоғимда 100 дан ортиқ далолатнома ва шикоятлар ёзма шаклда жойлардан келиб тушди. Сайлов қонунларнинг ошкора бузилганлигини ўз кўзим билан кўрдим. Жойлардан 5-6 мингдан ортиқ сайлов бюллетенлари ортиқчалик қилиб қайтиб келди. Партия штаби ва М.Солиҳнинг шахсан ўзига сайловнинг эртасигаёқ Қашқадарёда 100 дан ортиқ сайлов участкаларида сайлов қонунларининг қўпол бузилганлигини телефон орқали етказдим.
Сайлов натижалари эълон қилинди. Аммо нимагадир сайловнинг бузилганлиги партия раҳбарияти томонидан эътироф этилмади. Бунинг устига Солиҳ Ислом Каримовни ғалаба билан табриклади. У ўз маслакдошлари ва мухолифат учун овоз берганларни алдади, хиёнат қилди. Биз ҳали Муҳаммад Солиҳнинг шунчаки сайлов ўйинларида қатнашаётгани, омма олдида Каримовнинг легитимлигини мустаҳкамлашга жон-жаҳди билан киришганини билмасдик. Бу жараённи табиий демократик ҳодиса сифатида тушуниб, ҳаракат қилардик.
Шу кундан эътиборан халқнинг мухолифатга ишончи сўна бошлади. Агар Муҳаммад Солиҳ жиддий сиёсатчи бўлганида қайта сайлов бўлиши эҳтимоллари ҳам бор эди. Биз Самад Мурод иккимиз раиснинг қилмишларини узоқ муҳокама қилдик ва, ҳатто, бу ҳам ўзига хос тактика бўлиши мумкин деган ҳаёлга ҳам бордик. Ўйладикки, у ҳукумат билан муроса йўлини танлайди, партиянинг ташкилий тузилмаларини мустаҳкамлайди, сафларини кенгайтиради, матбуотини янада такомиллаштиради, хуллас, келаси сайловга қадар муқаррар ғалабага замин яратади. Надоматлар бўлсинки, яна ўзи бош бўлиб, парламентдаги мухолифат фракциясини тарқатиб юборди. Казо-казолар бу шахс билан ҳамкорлик қилишганига пушаймон бўлди. Охир-оқибат жон сақлаш илинжида ўзи ҳам хорижга жуфтакни ростлаб қолди.
Ҳукумат томонидан муайян мақсадлар йўлида 1993 йилда уюштирилган (Тошкентдаги Темирйўлчилар саройида) ЭДПнинг 4-Қурултойида Муҳаммад Солиҳни “Эрк”чилар яна бир бор раисликка сайлашди. Бу гал қурултой делегатлари хатога йўл қўйишган эди. Йўл қўйилган хатоларда бизнинг каттагина ҳиссамиз бор. Самад Мурод Қурултойолди ҳайъат йиғилишида таклиф киритиб, партия раисини яна бир бор сайлашга даъват қилганди. Қашқадарёликлар ўша Қурултойда ҳам сон жиҳатидан, ҳам руҳан шижоаткор бўлганлари учун Самад Мурод партияга Бош котиб этиб сайланган, ҳукумат чув тушганди. Бироқ режим бу ҳаракатлар учун шавқатсиз ўч олди. Самад Мурод ўласи қилиб калтакланиб, чалажон ҳолда ахлатхонага ташлаб кетилди. “Эрк”нинг бошқа фидойилари ҳам жон сақлаш учун хорижга чиқиб кетишди.
Бундан кейинги воқеалар ривожи матбуотда кўп марта такрорланган. Муҳаммад Солиҳнинг ҳукуматни ўзи тайёрлатган қандайдир беш-олтита тан соқчилар кучи билан олишга уриниши, бу лақмаликдан ҳукуматнинг оқилона фойдаланиб, партия фаолларини қатағон қилиши... Мурод Жўраев сингари мухолифатга хайрихоҳ арбобларнинг қамоққа тушиши... Хуллас, партиямиз раисининг террорчи Тоҳир Йўлдошев билан Туркиядаги сирли битимлари, Толибонларни қўлловчи баёнотлари... буларнинг ҳаммаси Ватандаги “Эрк”чилар учун жуда қимматга тушган. Қутурган ҳукумат Солиҳнинг ҳар бир калтабинона ҳаракати учун оддий сафдошларимиздан аёвсиз интиқом олган. Бироқ кейин англашимизча, ана шу интиқомлар, юртнинг ҳар бир фуқароси фарёди шоиримизга улкан илҳом бағишларкан.
Аслида сиёсий курашда иштирок этишни истаган киши учун муҳим бўлган нарса - партиянинг ғоялари ва дастуридир. Бироқ Ўзбекистондек мамлакатларда кўп жиҳатдан ана шу фирқанинг етакчиси, лидерининг шахси, ҳатто жойлардаги раҳбарларнинг шахси катта роль ўйнайди. Юқорида “Эрк”даги фаолиятим, унинг ортидан бизга, хусусан менга ишонган кўпчилик инсонларнинг ишончига зарба берганимизни таъкидладим.
Кейинчалик, айниқса, 2001-2002 йиллари, олдимизга тез-тез келиб турган Фарғона Демократик Форумининг раҳбари Исмол Дадажонов ҳам бизга Муҳаммад Солиҳнинг кимлигини англаб етишда ёрдамчи бўлди. Шу тарздаги муттасил ўйловлар, яқин ўтмишдаги хатоларни англаб етишим, партиямиздаги мавжуд раҳбарият билан бирон нарса қилиб бўлмаслигини кўриб турганим, мени “Бирлик”ка етаклади. “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг 2003 йилда партияга айлантирилиши, менга Қашқадарёдек вилоятнинг етакчилиги ишониб топширилиши орада бироз мўътадиллашиб қолган фаолиятимни яна жонлантиришга имкон яратди.
“Бирлик”нинг Қурултойида белгиланган вазифа ва мажбуриятлардан келиб чиқиб, аввал сафларимизни мустаҳкамладик. Кейин партияни Адлия рўйхатидан ўтказиш учун 4000 га яқин имзолар тўпладик. 2005 йил бошидаги Парламент сайловларида иштирок этиш учун ташаббус гуруҳлари орқали икки номзодимизни рўйхатга олдиришга эришдик. Лекин ҳукумат одамлари уларни сайлов бюллетенларига кириттирмадилар. Хуллас, муайян йўналиш бўйича конкрет фаолият билан шуғулландик. Қилган ишларимизни санайвериш менга нокамтарликдек туюляпти. Шу боисдан ҳам мана шу конкрет ишларнинг ўзи сиёсий кураш эканлиги, сиёсатчи-демократ сифатида ҳар қандай жамоатчилик тадбирлари, сайловларда омадимизни синаб кўришга уринаётганимизни таъкидламоқчиман.
“Эрк”дан “Бирлик”ка ўтганим сабабларига ҳам изоҳ беришга ҳожат қолмади ҳисоб. “Эрк”да бир пайтлар ҳали айтганимдек, росмана демократия учун курашганмиз. Ана энди кураш ишонтириб айтанманки, фақат “Бирлик” фаолиятида қолган. “Эрк”нинг Солиҳ гуруҳида ҳам, Самад гуруҳида ҳам амалий ҳаракатлар сезилаётгани йўқ.
Мухбир: Гапларингиздан англашилишча, “Бирлик” парламентга одамларини сайлатиш, Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтиш ва Президентлик сайловларида иштирок этишга уриниш каби ҳаракатлари билан ҳокимият учун, хусусан, Президентлик курсиси учун курашяпти? Ўзбекистондек диктатура шароитида бу мажбрият аллақандай мухолиф сиёсий гуруҳлар учун хомҳаёлмасми?
Дайнов Ташанов: Пичингингизни тўғри тушунган бўлсам, ҳали сизларга ҳукуматни олишга йўл бўлсин демоқчисиз. Бироқ ҳокимиятга, у орқали ўзининг қарашлари, платформасини жамиятга татбиқ этишга уринмаган сиёсий куч... бу — лўттибозликдан бошқа нарса эмас! Сиёсий партия бўлсангиз-у, унинг имкониятларини жамиятда намоён қилишга уринмасангиз, сиёсат билан шуғулланмаганингиз маъқул.
Қолаверса, “Бирлик” Сиз писанда қилаётган аллақандай сиёсий гуруҳ эмас, халқимизнинг асрий анъана ва қадроиятларидан илдиз олган том маънодаги сиёсий ҳаракатдир. Унга жамиятимизнинг миллионлаб илғор фикрли кишилари қалбан таянчдир. У фақат 2003 йилдаги Қурултойда ана шу илғор қарашларни, бироз нисбий кучларни муайян қолипга туширди, манфаатларни бирлаштирди.
Шу маънода “Бирлик”нинг 2007 йил сўнгида бўладиган Президентлик сайловларида иштирок этишга уриниши ортида жиддий ҳаракатлар ётибди. Биз бунга қанчалик эришамиз-йўқ, бундан қатъи назар мақсадимиз сиёсий, демократик йўллар билан ҳокимиятга эришиш, деб ўйлайман. Демак, биз жамиятдаги соғлом кучларнинг кўмагига эришиш, халқаро ташкилотлар, демократияга хайрихоҳ мамлакатларнинг маънавий ёрдамини, қўллаб-қувватловини олишдан тўғридан тўғри умидвормиз.
Менга мухолифатнинг бирлашуви, якдиллиги, айниқса, Президентлик сайловлари арафасидаги ҳамжиҳатлиги, бу борада Қашқадарёда ўрнак оларли тажриба борлиги ҳақида кўп гапиришади. Бошқалар қатори мен ҳам мухолифатнинг якдиллигини кўришдан хурсанд бўлардим. Аммо позициялари турлича бўлган одамларнинг бирлашишига умид боғлаш, боз устига, сиёсий салоҳияти кескин фарқланадиган, бироқ даъволари оламшумул лидерларнинг бир байроқ остига келишига кўпам ишонмайман. Тағинам кечаги ўтмиши, мухолифатдаги хиёнатлари кафтдек равшан, жамоатчилик бу қилмишлардан етарлича бохабар бўлган кимсанинг ўз амбициясидан воз кеча олиши даргумон. Қолаверса, партиямиз Бош котиби Васила Иноят келажакда Президентликка номзод сифатида Абдураҳим Пўлат шахсини илгари суришимиз мумкинлигига шаъма қилгач, Солиҳнинг апил-тапил интернет сайтларида “президент номзодига” айланиши ростдан ҳам кулгини қистайди.
Саволингизга қайтсам, қанчалик оптимист бўлмайлик мухолифатда ҳам муаммолар етарли экани тан олиш лозим. Аввало, турғун бир молиявий манбаларга эга эмасмиз. Мухолифатнинг шахсий таркиби ёш жиҳатидан анчагина улғайиб қолган. Сафимизда ёшлар, деярли йўқ. Қанчалик йўлимизнинг тўғрилиги, позициямизнинг собитлигини назарда тутмайлик, Каримовнинг имкониятлари билан имкониятимизни солиштирганда аянчли манзарага гувоҳ бўламиз. Айниқса, Қирғизистондаги талотўплар, Украинадаги ортга қайтиш, туркман диктатори Ниёзовнинг ўлимидан кейинги қўшни мамлакатдаги аҳвол Ўзбекистонда ҳам аҳволнинг тезда ўнгланмаслигидан дарак бераётгандек кўринади.
Лекин масалага яна ҳам кенгроқ қараш керак деб ҳисоблайман. Кармимовнинг ишонган тоғи бўлимиш Россия президенти Путиннинг ҳам келажаги жуда аниқ эмас. Бу кунда ҳеч бир мамлакат ташқи дунёнинг таъсирисиз яшолмайди. Ривожланган дунёнинг йўли демократия эканлигини ҳам ҳамма кўриб турибди.
Шу кунларда Европа Иттифоқи - Ўзбекистон муносабатларининг бироз бўлса ҳам илиқлашишидан фойдаланиб, Андижон воқеа-ларидан кейин музлаб қолган фаолиятимизни тезда жонлантириб юборолганимиз ҳам шуни кўрсатмоқдаки, биз мухолифат ўлароқ президент сайловларида иштирок этишга уринишимиз кераклигини кўрсатмоқда. Партия раиси Абдураҳим Пўлат кўп такрорлайдиган бир гапни эслатмоқчиман: “Биз бу сайловларда ютмасак ҳам, мухолифатни шундай мустаҳкамлаб олишимиз мумкинки, ҳукумат биз билан ҳисоблашсин”.
Ўйлайманки, шундай қиламиз ҳам. Қолваерса, демократ ташкилот ўлароқ, бошқа йўлимиз ҳам йўқ. Демоқчиманки, сайловлар усулидан ташқари мухолифатнинг ҳокимиятга келиш механизми йўқ. Нима қилиб бўлмасин, сайловларда қатнашиш керак, ҳукумат билан келишамизми, сўкишамизми, қаътий назар, сайловда қатнашиш керак.
Мухбир: Тожикистондаги сўнгги сайловларда диктатуранинг ғалабаси, қўшни Қирғизистондаги барқарорсизлик, Ғарб давлатларининг мамлакатимизга нисбатан тушунарсиз муносабатлари мухолифат учун қайсидир маънода мағлубиятлар сериясидек туюлмаяптими? Умуман, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлардаги сиёсий аҳвол, диктаторлик ҳокимиятларни мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатлар замирида нима ётади?
Дайнов Ташанов: Мамлакат ҳаётида бошқа давлатлар билан муносабатлар муҳим рол ўйнайди. Айтишим мумкинки, минтақадаги, умуман, Сиз таъкидлаётган МДҲ ҳудудидаги демократиядан чекинишга Андижон воқеалари ўзига хос сигнал вазифасини ўтади. Эндигина тахтга ўтирган Қурманбек Бакиев минтақада бесаранжом вазият туфайли рутбасидан айрилиб қолишдан чўчиган бўлса, Путин Андижон фожеаси унинг ҳам тахти теварагида муқаррар содир бўлажагидан қўрқди. Демократ Юшенконинг силласини ўриспараст чиновниклар қуритди. Назарбоев қозоқларнинг отаси эканман, деб ўйлаб қолди. Умуман, бу хилдаги кайфиятнинг бир тарихий паллада содир бўлиши Ғарб давлатлари амалдорлари онгида ҳам диктатура Шарқнинг ҳаёт тарзи экан-да, деган кўникма ҳосил қилган бўлиши мумкин.
Европа Иттифоқи ҳаракатларини ана шу мезондан баҳолаш лозим. Аслида Иттифоқнинг диктаторлик режимлари билан ишлаш тактикаси, стратегияси Ўзбекистонга мос келмаганини тан олиш керак. Агар Ўзбекистонда барча доиралар Каримовга қарши бўлганида, жўн қилиб айтганда, Каримов Саддам Хусайн бўлганида унинг йўриғи бўлак эди. Демоқчиманки, Каримов ўхшаши йўқ давлат раҳбари. Унинг ўзининг ҳам, бошқараётган давлатининг ҳам ўхшаши йўқ. Умуман, бу гаплар менинг шахсий кузатувларим ҳосиласи эканини инобатга олишингизни истардим.
Шунга яраша минтақамизда иқтисодиёт ўнгланиб, оддий одамларнинг яшаш тарзи, тирикчилиги изига тушиб борганида ҳам диктатура зулмларига бир амаллаб, чидаш мумкин эди. Албатта, бу гапларим билан ўзимни, яъни соғлом сиёсат бўлмаган ерда иқтисод ҳақида гапириш ортиқча, деган принципга қарши бораётгандайман. Бироқ дунё тажрибасида диктаторлик тузумларининг ҳам иқтисодий фаровон ҳаёт қура олганига шоҳид бўлганмиз. Бинобарин, ота ўғри, она исрофгар, оиланинг бошқа аъзолари даромад қаердан келяпти, нималарга сарф бўляпти, билишмайди. Ҳар ким ўзича юлиб қочиш пайида. Қанчалик ўзига тўқ оила бўлмасин, муқаррар ҳалокатга юз тутади. Оила давлатнинг митти кўриниши бўлса, бу формула орқали мамлакатимизнинг яқин келажагини башорат қилиш қийин эмас.
Демак, “Бирлик” сиёсий куч сифатида иқтисодий фаровонликка элтадиган платформани ишлаб чиқса, мамлакатда кўпчиликнинг олқишини ола билади.
Қолаверса, минтақадаги вазият ҳам кўп жиҳатдан мухолифатнинг, айнан ўзбек мухолифатининг эриша оладиган натижаларига боғлиқ. Сиз айтаётган мағлубиятлар сериясининг автоматик равишда тескариси билан алмашишини Ўзбекистондаги ягона сиёсий мухолиф куч “Бирлик”нинг ҳаракатига боғлиқ, десам муболаға бўлмайди. Биз айнан шу жараёнларни тескарисига айлантириш учун курашимизни давом эттираберамиз.
Мухбир: Модомики, мамлакат ҳаётида партиянгизнинг, сафдошларингнизнинг ҳаракат-ларини шунчалик муҳим деб ҳисобларкансиз, бу йўлда Сизга одам тилаймиз. ●●●
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Жаҳонгир Муҳаммад
Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчиси, "Эрк" демократик партиясининг собиқ котиби, "Ҳаракат" журнали таҳ...
Добавить сведения