Журнал Ҳаракат №6 (63) 2006. Президент сайлови - 2007
Ўзбекистонда президент сайлови кампанияси
(Давоми. Боши журналнинг 2006 йил 2(59), 3(60), 4(61) ва 5(62) сонларида)
Шу мавзудаги аввалги мақолаларнинг қисқача мазмуни қуйидгича. Ўзбекистонда сайлов кампанияси “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг “Ҳаракат” журналида (№ 4 (55), 2005) эълон қилинган “Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари” номли мақоласи билан бошланди дейиш мумкин. Ўша мақоласидаёқ мухолифат бу сайловларга якка умумий номзод билан қатнашиши шартлигини урғулаган мухолифат лидери ҳозир ҳам шу фикрида қатъий турибди. 2006 йил апрель ойининг илк кунларида Истанбулдаги дунё демократларининг конференциясида қатнашиш учун Туркиянинг бу шаҳрига келган “Бирлик” фаоллари Абдураҳим Пўлат, Пўлат Охун, Васила Иноят ва Анвар Усмон келаётган президент сайловига тайёрланиш масаласини ҳам ҳар томонлама муҳокама қилдилар. Президент сайлови ўтказиш вақти бўйича Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида чалкашликлар бор бўлгани учун, ҳукумат ўз истагига кўра сайловни 2006 йил декабрь ёки 2007 йил декабрга тайинлаши мумкин деган хулосага келинди ва бунга қарамасдан сайловларга тайёргарликни жадаллаштириладиган бўлди. Истанбулдаги учрашув давомида президентликка мухолифатнинг умумий номзоди сифатида Абдураҳим Пўлатни олға суришга ҳам келишилди ва тез кунда бу ҳақда Васила Иноят, у “Бирлик”нинг Бош котибидир, расмий баёнотлар берди. Унинг баёнотларидаги асосий нуқтани тўғри тушуниш жуда муҳим. Бу - мухолифат номидан умумий номзод кўрсатиш ғоясидир. Умумий номзодликка “Бирлик” лидерини таклиф этиш, қайтариб айтиш лозим, бу фақатгина таклиф бўлиб, у демократик нормалар доирасида қилинган. Аммо, бир неча кундан кейин “Эрк” партиясининг мухолифат ичида 53-54-чилар деб ном олабошлаган фракцияси, Ўзбекистон қонунларини оёқ ости қилишда мавжуд ҳукуматдан ҳам қолишмаслигини кўрсатиб, ўз Марказий Кенгаши номидан фракция раҳбари Салой Мадаминовни президентликка номзод қилиб кўрсатганини эълон қилди. Ваҳоланки, қонунларга кўра, сайлов эълон қилингандан кейингина номзод кўрсатиш мумкин, бунинг устига, номзодни рўйхатдан ўтган партияларнинг Қурултойигина кўрсатолади. Бундан маълум бўлдики, мухолифат номидан умумий номзод кўрсатиш ғояси “Эрк”нинг бу фракцияси томонидан дарҳол болталанишга бошлади. 1989 йилдан бери мухолифатни парчалаш билан шуғулланиб келаётганлар яна ўша ишларини давом эттиришга бошлагандилар. Шундай бўлса ҳам, мухолифатни бу масалада умумий нуқтага олиб келиш учун ҳаракатлар тўхтамади. Мухолифатнинг бошқа гуруҳлари умумий номзод масаласида якдиллик билдирдилар. Аммо, ўртага яна бир муаммо чиқа бошлади. “Эрк” партиясининг Самад Мурод бошчилигидаги асосий фракцияси ва “Бирлик” Партияси умумий номзод сифатида кўрсатилаётган одам мажбуран юрт ташқарисида яшаётган мухолифатчилардан бири ҳам бўлиши мумкин десалар, бошқа баъзи гуруҳлар номзод шу кунларда Ўзбекистонда яшаётган одам бўлиши керак, демоқдалар. 2006 йида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Демократик Ўзбекистон Конгресси ўз мажлисини ўтказди. Меҳмон сифатида Абдураҳим Пўлат ҳам қатнашган бу йиғилишда мухолифатнинг умумий нозодини чиқариш қарори яна бир марта тасдиқланди. Шу йилнинг охиригача АҚШда Ўзбекистон мухолифатининг қурултойтни ўтказишга уриниб кўришга ҳам келишилди. Айни замонда, бутун фаолияти билан демократик тамойилларни оёқ ости қилаётган ва демократик мухолифатнинг обрўсини тушираётган “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракцияси билан сайлов-ларга тайёрланиш жараёнида ва бошқа жабҳаларда ҳамкорлик қилмаслик фикри маъқулланди. Охирги фикр “Бирлик” Партиясининг баъзи фаоллари тарафидан тўғри деб ҳисобланмади. Уларнинг нуқтаи назарича, “Эрк”нинг бу фракцияси тарфидан қилинаётган ножўя ҳаракатлар - “Ҳаракат” журнали ва сайтида бу фракция раҳбарларига қўйилаётган айбларга нисабтан алмзадалик кайфиятидан келиб чиқмоқда. Абдураҳим Пўлат бу масалада бошқача қарайди. Унинг айтишича, “Бирлик” ва “Эрк” раҳбаралари орасида бугунгидек қарама-қаршилик бўлмаган 1993 йил ўрталарида, Туркиялик ўзбек Аҳат Андижоннинг илтомослари ҳам, 1995 йилда Ўзбекистон собиқ Бош вазири Шукрулло Мирсаидовнинг ташаббуслари ҳам ерда қолган, Салой Мадаминов ҳамкорликни рад этган. Русларнинг “судралишга яратилган учолмайди” мақолида айтилгани каби, бир маҳаллар Каримов тарафидан мухолифатни парчалаш учун ўрта чиқарилган бу одамлар мухолифатни бирлаштиршга ҳеч қачон ҳисса қўшмайдилар, тўғрироғи, қўшолмайдилар. Шундай бўлса ҳам. “Бирлик”да демократик принципларнинг тўла ишлашини яна бир марта намойиш қилиш мақсадида, Абдураҳим Пўлат ўз партиясига яқин бўлган нашрларда “Эрк”нинг бу фракцияси раҳбарлари тарафидан бугун ҳам қилинаётган қўпол, баъзида прововкацион хатоларни танқид қилмаслик мажбурияти олинганини эълон қилди. Аммо, минг афсуски, “Эрк”нинг бу фракциясида бунга адекват қадамлар қилинмади ва у билан ҳамкорлик қилмаслик фикри тўғри эканлиги яна бир бор исботланди. Мухолифатнинг президент сайловларига тайёрланиш кампанияси қандай давом этгани билан қуйида танишасиз.
«Бирлик» ўз қарорини яна тасдиқлади
Сўнгги икки ой ичида мухолифатга оид бўлган энг йирик сиёсий воқеа – 11 ноябрь куни Тошкентда “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши мажлисининг ўтказилишидир. Партияниннг расмий хабарларидаги сайловга оид қисмида, жумладан, шундай дейилади: «Марказий Кенгаш мажлиснинг кун тартибидаги асосий масалалардан бири президент сайловига тайёрланиш эди. Маълумки, МКнинг шу йил 1 июлдаги мажлисида мухолифатнинг умумий номзодини чиқариш ғояси тасдиқланган ва умумий номзод масаласи “Давра Кенгаши” доирасида ҳал этилиши лозимлигига келишилиб, умумй номзодга номзод сифатида партия раисини кўрсатиш қарори олинганди. Ўшанда бошқа партиялар билан музокаралар олиб бориш учун маъсуллар ҳам тайинланганди. Бугун уларнинг фикрлари тингланди. Абдураҳим Пўлат Озод деҳқонлар партияси раиси Муҳаммадбобир Маликов билан гаплашилаётгани, мухолифат умумий номзод билан чиқиши кеарклиги хусусида ҳамфикр эканликлари, аммо ҳали ечилмаган бир қатор масалалар борлигини мажлисга юборилган ёзма нутқида билдирган. Партия раисининг ўринбосари Дайнов Ташанов ўзига топширилган вазифа бўйича шундай деди: “Мен бу борада мухолифатнинг қуйи бўғинларидаги монеликни кўрмаяпман, аксинча, баъзи партиялардаги лидерлик васвасасига йўлиққан сафдошларимиз бундай имкониятнинг сиёсатчи учун нақадар муҳимлигини тушуниб етишмаяпти, халос. Бизда, яъни мамлакатимизнинг жанубий минтақасида мухолифатнинг жипслигига монелик йўқ. Самад Мурод бошчилигидаги “Эрк” партияси бу масалада биз билан ҳамкорлик қилишга тайёр”. Абдураҳим Пўлатнинг ўша ёзма нутқидан яна билинишича, Исмоил Дадажон “Тадбиркорлар ва Аграрийлар” партияси раиси Марат Зоҳидов билан гаплашган. У ҳам сайловларда мухолифат умумий номзод билан қатнашиши кераклиги хусусидаги фикрни қўллаб-қувватлайди. Мажлисга раислик қилган Холиқназар Ғаниев ўзига тоширилган вазифани бажариб, “Эрк”нинг бошқа фракцияси раҳбарларидан Отаназар Орипов билан гаплашгани ва у тарафни долзарб сайлов масаласида биргаликда фаолият олиб боришга чақирганини маълум қилди. Аммо Отаназар Орипов ҳали сайловларгача узоқ вақт бор бўлганлиги учун “Эрк” бу масалани ўз кун тартибига олиб чиқмаганини билдирибди. Марказий Кенгаш аъзолари келаётган президент сайловида мухолифатнинг биргаликда ишлашини таъминлаш борасида фаолиятларни давом эттириш хусусида келишдилар. Айни замонда, президент сайловида иштирок этиш бўйича МКнинг шу йил 1 июлдаги қарорлари, хусусан президентликка мухолифатнинг умумий номзодига номзод сифатида Абдураҳим Пўлатни кўрсатиш ҳақидаги қарори асос бўлиб қолаверади. Президент сайловида иштирок этиш учун тайргарлик икки йўналишда, яъни партияни рўйхатда ўтказиш ва ташаббус гуруҳлари орқали номзод кўрсатишга тайёрланиш йўналишларида давом этиши назарда тутилади. Бошқа партия ва сиёсий гуруҳлар билан мухолифатнинг умумий номзодини кўрсатиш масаласида мулоқатлар давом эттирилиб, улардан шу йилнинг охиригача ниҳоий жавоби олишга ҳаракат қилинади. Умумий номзод чиқарувчи механизм сифатида бугун мавжуд бўлган “Давра Кенгаши” қабул қилинади. Партиянинг вилоятлардаги раҳбарлари бошқа мухолиф гуруҳлар билан келишган ҳолда “Давра Кенгаши”нинг вилоят бўлимларини жонлантиришга ҳам маъсуллар. Бу йўналишдаги фаолият “Давра Кенгаши”нинг координатори Пўлатжон Охун билан келишилган ҳолда олиб борилиши керак.»
Судралишга яратилганлар учолмайди
Отаназар Ориповнинг бу ерда келтирилган сўзларидан кўриниб турибдики, “Эрк”нинг 53-54-чилар фракцияси ўзини ўта ножиддий тутмоқда. Сайловлар қачон бўлиши ҳам номаълум бўлган бир пайтда, Ўзбекистон асосий қонунларини билмаслигини ҳам намойиш қилиб, президентликка ўз номзодини “кўрсатганини” бутун дунёга эълон қилиб кулгига қолган бу мухолифатчилар, энди мухолифат кучларни бирлаштириш таклифини “бу хусусда гапириш ҳали эрта” деган баҳона билан рад этишибди. Ростдан ҳам, судралишга яратилганлар учолмайди. Бу орада яқинда Швецияга оиласи билан сиёсий қочқин сифатида келган “Бирлик” Партияси раиси ўринбосар Исмоил Дадажон “Эрк” партияси фракциясининг Норвегияда яшаётган раҳбари Салой Мадаминов билан музокаралар олиб боришга киришди. Улар аввал тўғридан-тўғри телефон орқали, сўнгра бетараф одамлар воситасида умумий нуқтага келишга интилганлар. Аммо, натижа ижобий бўлмагани, - дейди бу хусусда Исмоил Дадажон, - мени кўп ранжитди. Унинг мен Абдураҳим Пўлат бор бўлган ташкилот билан бирга бўлолмайман жавоби анчагина мантиқиз эди. Чунки, мақсад - келаётган сайловларда умумий номзод кўрсатиш масаласида келишиш-ку. “Бирлик” раиси шу йил АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида “Эрк”чини мисли кўрилмаган равишда шарманда қилгани сабабли, оддий инсоний нуқтаи назаридан “Абдураҳим Пўлат билан бирга бўлмаслик” баҳонасини тушунса бўлади. Лекин маълум бўлишича, бундай баҳонани олға суриш, бу икки киши орасидаги муносабатлар бунчалик кескин бўлмаган вақтда ҳам бўлган экан. “Ҳаракат” журналида ёзилишича (№5 (26), 2000. “Биз ўзбеклар” мақоласи), миллатимизнинг чет эллардаги буюкларидан Шаҳобиддин Яссавий иккаласи ҳам Истанбулда яшайдиган “Бирлик” ва “Эрк” лидерларини (у пайтда “Эрк” бўлинмаган эди) бирлаштиришга ҳаракат қилган экан. Аввал “Бирлик” кейин “Эрк” раҳбари билан кўришган Шаҳобиддин ака шундай дейди: “Мухаммад Солий Абдураҳим Пўлат билан ҳеч қачон бирлашмаслиги қатъий қарор эканлигини билдирди”. Кўриниб туибдики, бу эркчи ҳамма маслаларни шахсийлаштиришдан нарига ўтолмайдиганга ўхшайди. Яқинда, - деб давом этади Исмоил Дадажон, - иккаламизни ББСда суҳбатга чақиришди. “Эрк”чи қайта-қайта Каримов билан мулоқот қилиб бўлмаслигини такрорлайбергач, “Сиз ҳеч ким билан мулоқотга тайёр эмассиз-ку, сиёсатчи эмассиз”, дедим ўзига. Шундай экан, судралишга яратилганлар учолмайди, деган нақлнинг нақадар тўғрилигини таъкидлашдан бошқа хулоса чиқариб бўлмай қолди. Абдураҳим Пўлатнинг ўзи бу хусусда бундай дейди: Бу ва бу каби баҳоналарни кўп марта эшитганман. Асл сабаб бошқа. Ҳар қандай ташкилот, ҳар қандай бирлашманинг лидери бўлади. Сайланган ёки тайинланган раҳбарни эмас, лидерни назарда тутмоқдаман. Кўпинча, раҳбар қилиб айнан лидерни сайлайдилар, аммо бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. “Эрк”нинг 53-54-чилар фракцияси раҳбари мухолифатни бирлашишидан қўрқади. Чунки, амалда у ҳеч бир ерда лидерлик қилолмайди, демак, бирлашган мухолифатда ҳам. Мени эса, нима учундир, борган еримда лидерликка кўтаришади. Шундай экан, бу 53-54 учун қоғоздагина, ёки сайтлардагина бор бўлган партия фракциясининг лидериман деб юришдан бошқа “ширин ҳаёл” борми? Судралишга яратилганлар учолмайди, дейилганда шу каби ҳақиқатлар ҳам назарда тутилган бўлса керак.
Воқеаларнинг кейинги ривожи
21 ноябрь: “Ҳаракат” сайтининг мухбири Улуғбек Бакировнинг “2007 йилги президент сайловларида амалдаги мухолифатга изн берилади, деб уйлайсизми?” деган саволига собиқ Ўзбекистон халқ депутати, собиқ “Эрк” аъзоси Насрулло Сайид шундай жавоб берди: “Каримов 2007 йилги Президентлик сайловини мухолифатсиз ўтказмайди. У ҳозир мухолифат излаяпти. Бундан буёғига энди Ўзбекистонни мухолифатсиз ушлаб турмаслик кераклигини у ҳам тушунмокда, деб уйлайман. Унга ўта радикал бўлмаган мухолифат керак. Унинг шу хоҳишидан фойдаланиб, "Бирлик" Партияси Ўзбекистон ичига янада жадаллик билан кириб борса ва ўзбек жамиятида мухолифатни ўрнини тўлдириб қолса, яхши бўларди. Қолганини эса, вақт кўрсатади. Дунё ҳар кун ўзгаради. Ким билади дейсиз, "Бирлик" мамлакат ичида, халқ орасида янада яхши таянч топиб, Ўзбекистондаги диктатурани тезроқ емирилишига хизмат қилиб қолса, ажаб эмас. Четда туриб, кўп иш қила олмагандан кўра, мамлакат ичида оз бўлса ҳам иш қилиш маъқулроқдир, деб ҳисоблайман.” Аммо, минг афсуски, бугунгидек муҳим бир вақтда таниқли сиёсатчи Насрулло Сайиднинг ўзи воқеаларни тамошабин сифатидагина ташқаридан кузатиб қолмоқда. 22 декабрь: Швециянинг шимолий минтақаларида муҳожиратда яшаётган “Бирлик” Партияси фаолларининг йиғилиши бўлди. Набижон Норбўтаев (партия Марказий Кенгашининг аъзоси), Ҳайитбой Қўзиев (партиянинг Поп туман ташкилоти раиси), Лутфия Йўлдошева (партиянинг хотин-қизлар ташкилоти “Тўмарис”нинг раҳбари), Одилжон Муҳиддинов ва бошқалар (жами 10 киши) қатнашган мажлиснинг кун тартибидаги масалалардан бири келаётган президент сайловлари эди. Мухолифат умумий нозод билан қатнашган тақдирдагина бирон натижага эришиш мумкинлигини таъкидлаган йиғилиш қатнашчилари, партия Марказий Кенгашининг шу йил 11 ноябрдаги мажлисида қабул қилинган қарорга тўла қўшилишларини билдирдилар. Маълумки, Марказий Кенгашнинг қарорида “Бирлик” 2007 йилда бўладиган президент сайловида умумий номзод билан қатнашиш ғоясини тўла қўллаб-қувватлаши билдирилган ва “Бирлик” номидан умумий номзодга номзод қилиб Абдураҳим Пўлатни кўрсатишга келишилган. * * *

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону