Журнал Ҳаракат №6 (63) 2006. Кечагина ўтган кунларимиз
"Ҳаракат" агентлигининг янгиликлар тасмасидан
Манба: www.harakat.net Ноябрь - декабрь, 2006 йил 1 ноябрь: Миллатимиз буюкларидан Боймирза Ҳайитдан айрилдик Турк дунёсининг буюк сиймоларидан бири, ўзбек халқининг улуғ фарзанди, Ўзбекистон мустақиллиги учун умри бўйи курашган инсон Боймирза Ҳайит кеча, 31 октябрда Германиянинг Кельн шаҳрида 89 ёшида вафот этди. Боймирза ака узоқ хасталик, сўнгги йиллардаги амалиётлардан кейин ҳам ҳаёт учун курашди, аммо охир-оқибат абадийликка дохил бўлди. Янаги йил 17 декабрда бу улуғ зотнинг 90 йиллигини унинг ўзи билан биргаликда нишонлашни Оллоҳ бизга раво кўрмасдан, Баймирза акани мангуликка олиб кетди. Ўз ватанининг мустақиллиги, Туркистоннинг бутунлиги учун аввал қурол, сўнгра қалам билан курашган Боймирза ака, минг афсуски, коммунистик тузум пайтида бўлгани каби, миллий демократларнинг қўли баланд бўлган қисқа вақтни ҳисобламаса, мустақилликдан кейин ҳам Ўзбекис-тоннинг манқуртлашган ҳукумрон доиралари тарафидан тан олинмади, мавжуд ҳокимият уни ўлимига қадар сурганда яшашга мажбур қилди. Аммо ўзбек халқи, турк қавми ўзининг Вали Қаюмхон, Эргуш Булоқбоши ва бошқа ўнлаб-юзлаб буюк фарзандлари каби Боймирза Ҳайитни ҳам ҳеч қачон унутмайди. Халқимиз ҳурриятга эришган кунларда бу буюкларнинг хоклари юртга олиб келинади, миллат уларни боши устига қўяди. Бугун қулликдаги халқимиз ўз миллий қаҳра-монларини эъзозлашга ҳам имкони йўқ. Бирликчи-шоир Ёдгор Обид айтганидек, халқнинг армонини Боймирза ака каби инсонлар кўксида таширдилар: Ҳасратли кўксида ҳасратли Ватан Туркистон – имони, умрига шоҳид. Ўзида, сўзида, кўзларида шаън – Эл эркин элтади Боймирза Ҳайит. Эътиқод – нигоҳда. Кулиб турибди. Ҳаёл – бор. Ишонч – бор. Руҳ аро собит – Мажруҳ Туркистонни олиб юрибди Армонли кўксида Боймирза Ҳайит. Аслида, Боймирза Ҳайит ўлгани йўқ, чунки унинг кўксида ҳали армон бор. 2 ноябрь: Янги веб-сайт ишга тушди 1 ноябрдан интернет тармоғида Ўзбекистонда ҳали таниқли бўлмаган "Адолатли сўз" журналистлар клубининг erkinminbar.com адресли веб саҳифаси ишга тушди. Мундарижасига кўра, янгилик ва хабарлардан иборат бўлган мазкур сайт АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси демократик комиссияси кичик грантлар дастурининг бир марталик кўмаги билан шакллантирилган. Веб сайт муҳарририга кўра, ҳозир бу ахборот тармоғининг турли минтақаларида мухбирлик тармоқларига тартиб берилмоқда. Саҳифа дизайнида ҳали бир қатор камчиликлар мавжуд. Кўрамиз, бу сайт ўзи иддао қилаётганидек ҳақиқий эркин минбарга айлана оладими ёки интернетдаги баъзи ахборот воситалари сингари буюртма-навбатчи саҳифа бўлиб қоладими? “Бирлик” номидан Боймирза Ҳайит оиласига таъзия изҳор этилди Кеча кечқурун Бойирза Ҳайитнинг турмуш ўртоғи Рутте хоним билан телефонда гаплашган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ўзи ва бутун бирликчилар номидан Бойирза аканинг вафоти муносабати билан чуқур таъзияларини изҳор этди. Сўнгги 4 ҳафта Боймирза ака билан касалхонада ётиб, у билан баробар ҳаёт-мамот жанги олиб борган бу немис аёли олдида ҳаммамиз бош эгишимиз керак, дейди Абдураҳим Пўлат. Боймирза ака бир неча йилдан бери феълан тўшакда ётдилар, оғир амалиётларини бошдан кечирдилар. Ҳамма вақт улар билан, сал кам 50 йилдан бери бўлгани каби, Фрау Рутте бор эди. Шу йил апрель ойида Боймирза акани Кельндаги уйларида зиёрат қилганимда, Фрау Рутте билан ҳам охирги марта учрашгандим. Ўзи ҳасса билан юрадиган бу аёлнинг бир оёғи қирқилган ва ўрнидан туролмайдиган бўлиб қолган Боймирза ака учун нималар қилаётганини кўриб, ҳайратланиш керак эди. Мен Руттега хонимга бутун бирликчилар номидан таъзия изҳор қилиш билан бирга, биз ҳаммамиз ундан қанчалик миннатдор эканлигимизни, доим у билан бирга эканлигимизни билдирдим. Шу куни Фрау Руттеге таъзия изҳор қилиб, у билан гаплашган Анвар Усмондан олинган маълумотга кўра, Боймирза аканинг жанозаси 7 ноябрь куни соат 12 да Кельндаги 3 жоменинг бирида ўқилади. Қайси биридалиги ҳали аниқланмаган, аммо уччала жоме ҳам жанозани ўзида ўқилишини сўрашмоқда. Дафн масалалари билан Европа Турк-Ислом Маданий Маркази шуғулланмоқда. Улуғ бобомизнинг жасади оила аъзоларининг истагига кўра Кельндаги Калькер Фридхоф қабристонида тупроққа берилади. 4 ноябрь: Душман эмас кутилмаган бу меҳмон, у бор-йўғи ўзимизнинг Нурсултон Кеча тўсатдан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентда пайдо бўлиши изоҳга муҳтож эканлигини англаб етган Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари “тили вa дини бир, тaриxи умумий вa мaдaнияти муштaрaк бўлгaн Ўзбeкистoн вa Қoзoғистoн xaлқлaри aзaлдaн бир-бири билaн яқин ҳaмкoрлик қилиб кeлиши, истиқлoл йиллaридa Ўзбeкистoн вa Қoзoғистoннинг бир-биригa тaянч вa суянч бўлиб яшaши, жoрий йилдa Ўзбeкистoн-Қoзoғистoн мунoсaбaтлaридa кaттa ўзгaришлaр рўй бeриб, Ислoм Кaримoвнинг Қoзoғистoнгa, Нурсултoн Нaзaрбoeвнинг Ўзбeкистoнгa дaвлaт тaшрифлaри aмaлгa oшгани, прeзидeнтлaримиз Шaнxaй Ҳaмкoрлик Тaшкилoти, Еврooсиё Иқтисoдий Ҳaмжaмияти сaммитлaри дoирaсидa ҳам бир нeчa бoр учрaшиб улгурганлари” ҳақида сафсатабозлик қилсаларда, кутилмаган меҳмонни душман билан солиштирувчи машҳур рус латифасини эсга олмадилар. Аслида, яқингача бир бирларига унчалик илтифот кўрсатмаган икки президент, шу йилнинг ўзида бир неча марта учрашган ва мунтазам телефондан гаплашиб тургани учун, бу кутилмаган ташриф орқасида жиддий сабаб борлигини ҳамма тушунса керак. Айнан шу жиддий сабаб икки президентни тез-тез учрашиб туришга мажбур қилмоқда. Бу сабаб – рангли инқилобларнинг борган сари минтақамизга яқинлашиб келаётган шамоли. Бишкекда бугун давом этаётган воқеалар бу учрашув учун фақат туртки бўлган бўлиши мумкин, асл сабаб – бу икки президентнинг қўрқувга солаётган ўша инқилоблардир. Бу ерда Каримов ва Назарбоевнинг қўрқув сабаблари бир биридан бир оз фарқли эканлиги ҳам аниқ, дейди мухбиримиз. Каримов ўтган йили бир неча ўн қуролланган акромийлар қўзғалонини бостириш учун шахсан ўзи “иш бошига” боришга мажбур бўлгани шуни кўрсатдики, на армия ва на ҳуқуқни муҳофаза қилиши керак бўлган органлар режимбоши учун жонларини тикмоқчи эмаслар, келажакда ҳам тикмайдилар. Бундай воқеадан кейин Каримов каби кишилар “соясидан ҳам қўрқиш” касалига чалиниши муқаррарлиги психиаторлар томонидан яхши ўрганилган ҳолдир. Назарбоев мамлакатида бугун ўзига бас келоладиган на диний на демократик мухолифат йўқлигини билса ҳам, Каримовдан кейин навбат ўзига келишини жуда яхши тушунадиган даражада ақлли. Демак, у ўзини сақлаш учун авваломбор Каримовни сақлашга интилиши керак. Айтилган мулоҳазалардан келиб чиқадиган бўлсак, бу икки президент нималарни маслаҳатлашишгани аниқ. Улар кеча матбуот конференциясида айтганларидек, “қaтoр xaлқaрo муaммoлaр юзaсидaн фикр aлмaшиб, улaргa нисбaтaн умумий ёндaшувлaрини бaён қилганларига (Каримов), Ўзбeкистoн ва Қoзoғистoн ўртaсидa сaвдo-иқтисoдий ҳaмкoрлик кeнгaйиб бoрaётгaнини, ўзaрo тoвaр aйирбoшлaш ҳaжми бу йил 30 фoиз ўсиб, тўққиз oйда 450 миллиoн AҚШ дoллaридaн oшиб кетганию бу рақамни 1 миллиардага чиқариш хусусида келишганларига” (Назарбоев) ҳеч ким ишонмайди. Ҳеч шубҳа йўқки, улар Қирғизистонда бошланган демократик жараёнларни қандай қилиб орқага қайтариб юбориш ва ўз тахтларини мустаҳкамлаш учун нималар қилиш кераклигини гаплашдилар. Аммо, бу уларни қутқарадими? 7 ноябрь: Боймирза Ҳайит билан сўнгги видолашув Бугун эрталаб Кельн шаҳрининг Марказий жомесида халқимизнинг буюк фарзанди Боймирза Ҳайит билан видолашув маросими бўлди. Мотам маросимини қисқа кириш сўзи билан Европа Турк-Ислом Бирлигининг раҳбари Сардор Челеби очди. Сўнгра Европа Демократик Вақфининг раиси Ойдин Ёрдамчи, Туркиянинг “Тўғри йўл” партияси раиси Меҳмет Ағлар, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Исмоил Дадажон, Боймирза аканинг катта ўғли Эртой, Европа Қрим татарлари маданий марказининг раиси Рафет Қабонлик ва бошқалар қисқа видолашув нутқи сўзладилар. Исмоил Дадажан Боймирза Ҳайитни ўзбек халқининг буюк фарзанди деб таърифлар экан, Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган “Бирлик” Партияси учун бу инсоннинг қанчалик қадрли бўлганини алоҳида урғулади, ўзбек халқи, хусусан, бирликчилар уни хеч қачон унутмасликларини такрорлади. Бошқа нотиқлар Боймирза Ҳайитни нафақат турк қавми, балки бутун инсониятга хизмат қилган улуғ инсон сифатида таърифладилар ва унинг тобути олдида ҳар ким бош эгиши кераклигини айтдилар. Шу жоменинг ўзида ўқилган жаноза намозидан кейин ҳамма шаҳарнинг Калькер Фридхоф қабристонига йўл олди. Бу ерда ўқилган дуо-фотиҳалардан сўнгра, маҳаллий вақт билан соат 12 лар атрофида (Тошкент вақти билан соат 16) Боймирза аканинг жасади унинг турмуш ўртоғи Рутте хонимнинг оилавий мозорлигига қўйилди. Бу маросимларга “Бирлик” партиясининг фаоллари Исмол Дадажон, Пўлат Охун, Анвар Усмон, Рафиқжон Ғани билан бирга Швецариядан турмуш ўртоғи билан келган ўзбек ёзувчиси Сафар Бекжон ҳам қатнашди. Жанозада қатнашган Ўзбекистоннинг Франк-фурт- Майндаги консули қабристонга бормади. Бир неча телеканалларнинг операторлари бугунги маросимни тасвирга туширдилар, 20 яқин журналист уни кузатди. Қирғизистон: Лола инқилобининг давомими ё ақаевчиларнинг реваншга уриниши? Қўшниларимизда 1,5 йил аввал бўлгани каби яна ҳукумат билан мухолифат қарама-қарши. Қарама-қаршиликнинг сабабини ҳамма билади. Мухолифат ҳукуматни лола инқилоби вақтида берилган ваъдаларни бажармасликда айбламоқда, ҳокимият эса, буни жуда тез қилиб бўлмаслигини, жарёнлар аста-секин бўлса ҳам тўғри йўлдан кетаётганини айтмоқда. Икки томонни ҳам тушунса бўлади. Аммо, на илож, ҳар доим шундай бўлган ва шундай бўлади: мухолифат кутишни истамайди, ҳукумат шошилишни. - Қирғизистондаги воқеаларни ҳали чуқур ўрганишимиз ва ўзимиз учун ҳам керакли сабоқлар чиқаришимиз керак,- дейди шу кунларда Бишкекда сиёсий қочқин сифатида яшаётган “Бирлик” Партияси Андижон вилояти ташкилотининг раиси Акбарали Орипов. - Биз воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Мен бугунги воқеаларнинг ҳам гувоҳи бўлдим. Оқ ўй олдида ҳукумат тарафдорларининг, Олатоғ майдонида мухолифатчиларнинг митинги бўлмоқда. Икки майдон ҳам одам билан тўла. Мухолифатчилар ўз сафдарида бир неча ўн минг одам борлигини айтмоқдалар, ҳукумат эса уларнинг бор-йўғи бир неча минг киши эканлигини таъкидлайди. Одамларнинг ичида туриб, оломаннинг сонини баҳолаш жуда қийин. Бугун соат 15 атрофида икки майдондаги митингчилар бир бирларига қарши юриш бошладилар, яқинлашгач, бир бирларига қўлларида бор нарсаларни отиш бошланди. Булар асосан пластик сув идишлари эди. Милиция уларни кўз ёшлатувчи газ ишлатиб ажратди ва ҳозир ҳам у ерда милиция кордонлари бор. Олатоғ митингда сўзга чиққан "Ислоҳатлар учун" ҳаракатиниг раҳбарлари Омирбек Текебоев, Бешимбеков ва Сариевлар йиғилганларни ҳар-хил провакацияларга учмасликка чақириб, ғалабага фақат тинч йўл билан эришиш мумкинлигини тушунтирмоқдалар. Душанбадан сешанбага ўтар кечаси Қирғизистон парламентининг бир қисм депутутлари (уларнинг сони 40 га яқин эканлиги айтилмоқда) ноконституциявий қадам қилиб, парламент функцияларини ўзига оладиган ва дарҳол мамлакатнинг янги конституциясини тасдиқлаши керак бўлган Таъсис Мажлиси тузилганини эълон қилдилар. Бу воқеа вазиятни янада кескинлаштириши мумкин. - Қирғиз инқилобчилари асосий хатоларини бултур қилган эдилар, - дейди “Бирлик Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. - Чунки ўша пайтда парламент сайловларидан қониқмаганлари учун лола инқилоби қилган Қурмонбек Боқиев тарафдорлари, у парламентни тарқатиб юбормадилар. Аслида, шундай қилиниши керак эди. Асосан Ақаев тарафдорларидан иборат бўлган бу парламент, кўринишидан, қулай вақтни кутган ва бугун ўтган йилги мағлубияти учун реванш олмоқчига ўхшайди. Ҳозир шароит мутлақо ўзгаргани учун, Ақаевни ҳокимиятга қайтариш мумкин бўлмаса керак, ҳозир ҳар қандай янги ҳокимият демократик йўлдан кетишга мажбур. Аммо, ўтган йилиёқ янги парламент сайловлари ўтказилганда эди, бугунгиси каби тўқнашувлар балки бўлмасди. Ҳар ҳолда жамиятдаги қарама-қаршилик ўша вақтдаёқ анча ҳовуридан тушган бўларди. - Бундай тажрибасизча иш қилишлар фақат қирғизларга хос эмас, - деб давом этади “Бирлик” лидери. - 1992 йил май ойида феълан қўзғалон йўли билан ҳокимиятга келган Озорбайдон халқ жабҳаси дарҳол парламент сайловларига кетиш ўрнига, мавжуд парламент ичида Миллий Мажлис номли ноконситициявий структура тузиб, ҳокимиятни унга топширди. Мен 1993 йилнинг бошларида бир неча ой Бокуда турганимда, жабҳачиларнинг диққатини шу масалага тортишга ҳаракат қилдим, аммо ўша кунларнинг кайфи остидаги дўстларимиз менга қулоқ солишмади. Бир неча ойдан кейин эса, ҳукумат кризиси чиққан эди, Миллий Мажлиснинг ноконституцион тузилма эканлигидан усталик билан фойдаланган Ҳайдар Алиев расман тарқатилмаган эски парламентни янгидан чақириб, осонликча ҳокимиятни қўлга олди. 9 ноябрь: Бишкекдан хабар: Ва ниоят митинглар тугади! Қирғизистон пойтахтидан Акбарали Орипов ниҳоят митинглар тугагани хусусида хабар берди. Кеча кечаси мамлакат парламенти президентнинг ваколатларини қисқартириб, парламентнинег ваколатларини кенгайтирувчи янги конституцияни қабул қилгач, бугун эрталаб Қурмонбек Боқиев уни имзолади. Оқ ўй олдидаги митингчилар тарҳол тарқалиб кетишди. Аммо Олатоғ майдонида бир неча минг одам тушдан кейин ҳам тарқалмади, у ерда ғалабани нишонловчи концерт бўлди. Мухолифатчилар халқ ҳали тўлиқ ғалабага эришиб бўлмаганини айтишмоқда. Лекин чодирлар йиғиштирилиб бўлинди, концертда шаҳар марказида транспорт қатнови бошлангани эълон ҳам қилишди. Нима бўлса ҳам қирғиз халқи етуклигини кўрсатди, мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги қарама-қаршилик демократик йўллар билан компромис шаклда ҳал қилинди. Марказий Осиёда, энг камида унинг бир мамлакатида, демократия институтлари ишлашга бошлади. Бу биз ўзбеклар учун ҳам катта дарс бўлиши керак. Ҳозиргина Ўзбекистон президенти Каримов мамлакат парламентига сиёсий партияларга катта имконятлар берувчи қонун лойиҳасини киритгани эълон қилинди. Агар бу навбатдаги ўйин бўлмаса, балки Ўзбекистонда ҳам Қирғизистоннинг таъсири ва Европа Иттифоқи билан бўлаётган музокаралар натижасида сиёсий ўзгаришлар бошланар, деб хулоса қилади “Бирлик” фаоли Акбарали Орипов. 19 ноябрь: Ўзбекистон байроғини “Бирлик” фаоли Ёдгор Обид чизган Одатда давлат Гимни (Мадҳияси) кимлар тарафидан ёзилгани маълум бўлади, сўзлар ва мусиқа муаллифлари миллат томонидан танилади. Аммо байроқ тўғрисида бундай дейиш қийин. Баъзи ҳолларда байроқлар узоқ тарихдан келгани учун, уларнинг муаллифи тўғрисида гапириб ҳам бўлмайди, замонавий далатларда байроқ бир одам ёки гуруҳ томонидан яратилса ҳам, улар одатда тарихда қолмайди. Шундай бўлса-да, Ўзбекистоннинг ҳозирги байроғини ким яратди, деган савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Айниқса, кечагина мамлакатимиз байроғи расман қабул қилинган куннинг 15 йиллиги бўлгани учун. Байроқ расмини мен чизганман, дейди бирликчи шоир, ҳозир муҳожиратда яшаётган Ёдгор Обид. Ўша пайтда Ёзувчилар Уюшмасида ишлардим. Ўзбекистон байроғининг камида 10 вариантини чиздим. У ердаги ҳамкасбларим, олдимга турна қатор келиб турадиган бирликчи сафдошларимга ҳам уларни кўрсатардим. Эскизлар иш хонамдаги столнинг тортмасида турарди. Уларни мукаммаллаштириш учун анча ишлаганман. Бир кун келсам, байроқларнинг эскизлари йўқ бўлиб қолибди. Маълум муддатдан кейин, Олий Кенгашда янги байроғимизни қабул қилишди. У мен яратган вариантлардан

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону