Холдор Вулқон -
Олисларда ёнган чироқлар (ҳужжатли қисса)
Кириш сўзи
Андижон воқеаларидан кейин, бир қатор мухолифатчилар қатори мен ҳам қамалиш хавфи остида ватанни тарк этишга мажбур бўлдим. Сиёсий бошпана олиб бошқа бир давлатга кетиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг офисига ариза топширганимдан сўнг илк бора муҳожират нима, ғурбатда яшаш нима эканлигини билдим.
Бу ерда мен каби ўндан ортиқ “Эрк” ва “Бирлик” аъзолари бор бўлиб, бизнинг бошқа-бошқа партиялардан эканлигимиз бир-биримизни қўллаб-қувватлаш учун ҳалақит бермас, Ўзбекистонда ва Ғарб мамлакатларида яшаётган мухолифатчи сафдошларимиздан келган хабарларни ўртоқлашардик.
Чет элда яшаётган “Бирлик” партиясининг лидерлари ўз сафдошларига телефон қилиб туришар, уларнинг ҳол-аҳволидан хабар олиб, уларга қўлларидан келганча моддий ёрдам ҳам беришарди. Бизда, яъни «Эрк» партасида бундай нарса умуман йўқ эди. Шундай кунларнинг бирида “Бирлик” фаоли Акбартой Орифов раислари Абдураҳим Пўлат мен учун ҳам озгина моллиявий ёрдам юборганини айтиб, уни менга берди. Мен ҳижолат чекдим.
Бир кун Абдураҳим ака менга телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрагач: “Мен “Эрк”чи бўлсам, “Бирлик” партиясига хизматим сингмаган бўлса, дея кўрсатилган арзимас ёрдамдан ҳижолат чекибсиз. Бизнинг кўрсатган ёрдамимиз ортида қандайдир мақсадлар ётмайди. Бировни “Озод деҳқонлар” партиясидан, бировни “Бирлик” партиясидан, яна бирларини “Эрк”чи ёки ҳуқуқ ҳимоячиси дея ажратиб ўтирмаймиз. Мен ҳам бир маҳаллар худди сизлар каби муҳожиратга кетганман. Биз ҳам қийналганмиз. Шу сабабли, сизларнинг аҳволингизни жуда яхши тушунаман. Қўлдан келганча ҳамма сафдошларимизга, ҳатто, Ўзбекистон ичида ўлдирилган ёки ҳали ҳам қамоқда ётган дўстларимизнинг оилаларига бахоли кудрат кўмаклашмоқдамиз. Шу сабабли, сизларга кўнгилдагидек ёрдам беролмаяпмиз”, деди.
Шундан кейин Интернет орқали хат ҳам ёзишиб турадиган бўлдик. Бир кун Абдураҳим Пўлатдан хат олдим. Унда шундай дейилганди: “Холдор, Сиз ёзувчисиз, агар вақтингиз бўлса, ўзингизни ҳаётингиз мисолида, кейинги ўн йиллик ичида мухолифат бошига тушган оғир кунлар ҳақида сиёсий эсдаликлар ёзсангиз, ҳам тарих учун фойдали иш бўларди, ҳам мухолифатга янги келаётган ёшлар учун яхши дарс бўларди. Хўп десангиз уларни “Ҳаракат” журналида эълон қиламиз”.
Менга бу таклиф маъқул бўлди, ва мен бу ишга астойдил киришдим. Барча замонларда қитмирлик, қилвирликдан кибру хаводан, тожу тахт васвасасию молу дунё хирсидан йироқ, қалби тоза, буюк лидерлар ҳамиша бошқаларни ҳам буюк ишларга илҳомлантира олганлар.
Ватандан ташқарида, турли сиёсий партияларга аъзо бўлган Ўзбекистонлик мухолифатчилар билан яшаш сўнгги йилларда ҳаётимни қайтадан таҳлил қилиб чиқишга мажбур қилди. Партиямиз раҳбариятининг олиб борган во олиб бораётган сиёсатини мамлакатимиз ва миллатимиз манфаатлари нуктаи назаридан қайта кўриб чиқдим. Интернетга кириш имконияти бўлгани учун, мухолифат партияларининг сайтларини кузатиб бордим, “Бирлик” ва “Эрк” орасидаги кўпчилик назарида “бир-бирига тош отиш” деб баҳоланадиган ўзаро танқидий ёзишмаларни ўқиб, бугун ҳақиқий демократнинг жойи “Эрк”да эмас, “Бирлик”да эканини англаб етдим ва «Эрк» партиясини тарк этдим. “Бирлик” сафларига ўтганимдан хурсандман.
Мен ушбу асаримни қамоқхоналарда, қийноқларга солинган ва ҳалок бўлган мухолифат вакилларининг порлоқ хотираларига бағишлайман. Оллоҳ уларнинг ётган жойларини обод, покиза руҳларини шод қилсин.
Холдор Вулқон
«Бирлик» Партиясининг аъзоси
2006 йил,16 декабрь
Бишкек шаҳри
1. Болалагим
Бишкекда қиш. Бола-чақаларим билан жон сақлаб ижарада яшаётган уйнинг айвонидаги устунга елкамни тираганимча ёғаётган қор учкунларига термуламан. Қор гох шошиб, гоҳ беғам учқунлайди. Шу кунларда сочларим пўстакка ўхшаб, соқолим ўсиб, озиб кетганман. Мен жимгина ёғаётган лайлак қорга термуламан-у, ўтган телба умрим ҳақида ўйланаман.
Ҳаётим мундарижасига синчиклаб разм соламан кўрган-кечирганларим тропик туўфонлар ичра очиқ океанда елканлари йиртилган каноэ кайиғи писта пучоғидай тўлқинлардан тўлқинларга ўтаётган Полинезиялик балиқ овчининг океанга ғарқ бўлмаслик учун олиб бораётган тинимсиз курашига ўхшади.
Трагикомедия ҳаётим киприкларда музлаган кўз ёшдай қайғули, кулгули воқеаларга бой. Бундай уйласам мен туғма мухолифатчи эканман. Эсимда, болалик пайтларим дадам тайинлаган ишлар эсимдан чиқиб болалар билан Қорадарё соҳилидаги чучқахонага футбол уйнагани кетиб, оқшом чоғи дадамнинг ғазабига дучор бўлардим. Яъни, уйдан қувилардим. Шундай маҳаллар мен отбоқар бобом мулла Абдусаломдан сиёсий бошпана сўрардим. Бобом билан энам ортиқча бюрократлик қилмай, ҳужжат визасиз менга уйларидан бошпана берарди.
Бобом узун бўйли, дўнг пешона, чўзиқ юзли, Имоми Аъзам мазҳабидаги мусулмонларга хос соқол муйлови калта кузалган одам бўлиб, гарчанд отбоқар бўлсаларда, «Қуръони Каримни» хатм қилган олим киши эдилар. Энам эса, бўйи пастак, оғзида атиги икки дона тиши қолган, номозхон, меҳрибон кампир эди. Гарчанд бўйи бастлари худди Дон Кихот билан Санчо Пансадай бир-бирларига номутаносиб бўлсаларда, бобом билан энам чунги чиқмай аҳил-иноқ яшашарди. Пастак уйларида тахта пол бўлмагани боис, қалин қилиб тўшалган хашак устига полос ёзилганди. Полос устида юрган одам ўзини худди кўпчиган хамир устида юргандай хис қилар. Уйда радио-телевизор бўлмаганидан хонада қутб жимлиги ҳукмрон эди. Жимликда соат кафгирининг товуши қаттиқ эшитиларди, худди калтакесак чиқиллаётгандай.
Энам менга юмшоқ кўрпачалардан ўрин тушаб берар, мен деразадан Кўки холанинг баҳайбат бақа терагини, терак ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кузатиб ётардим. Бу пайт энам бобомнинг яктагини ямаб-ясқар, бобом бўлса 30 - йилларда расм бўлган юмалоқ гардишли кўзойнагини тақиб, араб имлосида ёзилган қандайдир қадимий китобни ўқир, ҳар замон китобнинг сарғайиб кетган саҳифаларини варақларди. Мен Кўки холам ҳақида уйлай бошладим, эри иккинчи жаҳон урушига кетиб қайтиб келмаган, бу бева кампир, арматурадай озғин боши кичиклигидан ғознинг бошига ўхшашиб кетадиган, бир қўли қийшиқ бу ҳам камдай бир кўзи кўр бўлиб, кўзининг ковагида каптарнинг тухуми қисилиб тургандай туюлар, устига-устак чувак юзида ияги деярли йўқ эди. Худоё тавба қилдим, унинг шунақа қиёфаси сабаб эри ҳам урушга кетворган бўлса керак, деб уйлайман. Кўки холамнинг тушуниксиз исми, исмдан кўра кўпроқ тахаллусга ўхшарди. Исми жисмига монанд Кўки холам афтидан эрини қаттиқ севар эканми, ҳайтовур қайта турмуш қилмай эрини кута-кута оламдан ўтиб кетди, раҳматли.
Мен Кўки холам ҳақида уйлаб ётгандим, бир маҳал бобом кўзойнагини олганича энамга қараб: «Э, ухласангчи, латтапараст!» деса бўладими? Тўғриси, бунақа қизиқ сўзни биринчи бор эшитишим эди. Кулгим қистади, лекин кулвориб бу ердан ҳам қувилмай, ҳозир қоронғида қаерга бораман, деган уйда кулгимни тийишга урундим. Кулгидан лунжим шишиб юзларим зўриқиб қизарди. Охири кулиб юбордим. Мени кўриб бобом ҳам кулиб юбордилар. Қарасам гўдакники каби тишсиз милклари ва тили жинчироқ шуъласида ялтираб энам ҳам кулаяпти.
Учаламиз роса кулдик. Кулавериб энамнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Бобом кулгидан ўзини тийиб истиғфор айтди. Биз кулишдан тўхтадик. Мен Кўки холамни бақатераги ортидан кўтарилган порлоқ ойга, ёруғ осмондаги бир парча булут пўстагини кемираётгандай ғимирлаган олмос куяларга ўхшаш сон-саноқсиз юлдузларга боқиб, гўё хум ичида хураётгандай буғиқ аккилаган тун итларининг хорғин овозларини тинглаб ётдим. Бир маҳал кўзим илиниб ухлаб қолибман. Эрталаб нонуштадан сўнг бобом мени худди қўлга олинган десседент каби яна уйимизга департация қилди.
2. Жудолик
Мен ушбу қиссамда жафокаш онам кечмишларини ёзмасам бир буюк қарз гардинимда кетадигандай. Онам бечора узоқ вақт бетоб бўлиб ётгач, дадамнинг нияти бузилиб бошқа аёлга уйланмоқчи эканини, қизларини олиб кетишларини Миржалол опоқ дадам ва Магфират энамларга айтгач, улар онамни кўрпа тўшагини эшак аравага юклаб кўрпалар устига бемор онамни ёткизишиб, мени кўтариб йиғлаб-йиғлаб жўнаб кетишган экан. Мен у пайтлар етти ойлик бола бўлганман. Кўп ўтмай дадам уйлангач, рашк ўти онамни адойи тамом қилган. Муборак холам «боласини ўзи боқсин» дея, мени дадамларникига олиб келиб: «Ол, болангни узинг боқ!», деб сўрига отиб юборган экан. Эртасига бу воқеадан хабар топган дадамнинг укаси Фазил амаким мени олиб бориб: «Ол, ўзларинг қара!», дея Миржалол бобомларникига ташлаб келибди.
Мен теннис коптогидай у ёкдан бу ёққа сур-сур бўлаётганимдан хабар топган Абдусалом бобом дадамни, амакимни сўкиб танбеҳ бериб, мени ўз қарамоғига олган эканлар. Мени энди эрдан ажраб келган бефарзанд Патила аммам боқа бошлаган. Аммам ҳам Исмон ака деган кишига турмушга чиқиб кетгач, мени дадамнинг иккинчи хотини - ўгай онам парвариш қилиб бефарзандлиги боис, мени ўз боласидай меҳр қуйиб тарбиялай бошлаган.
Шундай қилиб, акам иккимиз ўгай она қўлида ўса бошладик. Мен секин-аста эс таниб улғайиб мактабга қатнайдиган бўлдим. Мактабдан бўш пайтларимиз Эркин деган дўстим билан Қорадарё йилғизорларида сигир боқардик. Йилғизорлар аро чивинларни думи билан ялқовларча ҳайдаб беғам ўтлаётган сигирлар, сигирлар шохига қўнганича сайр қилиб юрган майналар, ёйилиб оқаётган дарё, қий-чув қилиб шовқин солганича учаётган соҳил қушлари, узоқда тириллаётган экскаваторлар, кузгудек ялтираётган шолипоялар, олис «Зилолмас», яъни «Зеленый мост» томонида юк ташувчи поездлар чинқириги, дарёнинг нариги соҳилидаги ям-яшил аэродромда кўтарилиб қўнаётган АН-20 дорисепар самолётлари.
Эркин иккимиз ёввойи одамлар каби сигир ҳайдаб ўтгувчи дарёнинг тошлари кўринган саёз кечувчи, узоқда қорайиб қуриган тўқайзор, баланд ҳайбатли жарлар пойи ялаб оқаётган дарёнинг ваҳимали тўлқинлари ҳамон ёдимда. Баъзан онам мени туққан ўша жонажон ватанимнинг бир парча жаннатий гушаси тушларимга киради.
Мен у ерларни соғинаман, Ватанимга кетгим келади, лекин бунинг иложи йўқ. Мен яқинда телефон орқали қариб қолган отам билан гаплашдим.
Салом-аликдан сўнг ҳол-аҳвол сўрашгач дадам:
- Қаёкларда юрибсан ? Нега келмаяпсан ? - деди.
- Дада, мен боролмайман. Борсам қамаб қўйишади, - дедим.
- Нега қамашади? Биронтасини ўлдириб нетиб қўйдингми? - деди, яна дадам.
Мен «ҳақиқатни айтганим учун» демоқчи эдим, томоғимга тош тиқилгандай димоғим ачиб, куз ёш деган заҳарли суюқликдан кўзларим ачишиб хиралашди, кабина деворига ёпиштирилган эслатма харфлари шувалиб кетгандай булди.
- Бегона юртларда бола-чақаларингни ҳам сарсон қилиб нима зарил. Жўн юрсанг бўлмасмиди, болам? -деди дадам. У ҳам йиғлар эди. Анча сукунатдан кейин у яна гапира бошлади. Бўпти, энди, қаерда бўлсанг ҳам соғ-омон бўл.
Дадам мени узоқ дуо қилдилар.
Майли булар ҳақида кейинроқ ҳикоя қиламан. Ҳозир онамнинг ўлими билан боғлиқ бир воқеага тўхталгим келди. Ёз кунлари эди, ўшанда. Жийдалар қийғос гуллаб ётган соҳилда болалар билан сигир боқиб юргандик.
Бир пайт дамба томондаги тупроқ йўлни чангитиб келаётган велосипедли одамга кўзим тушди, у яқин келганда менинг тоғам эканлиги маълум бўлди. Тоғам велосипедни қўйиб менга яқинлашди. Кўришаркан у менга: “Юр, сени олиб кетаман. Онанг сенларни кўргиси келибди”, - деди. Мен ортга тисарилдим : “Йўқ, мен мол боқаяпман, боролмайман, менинг вақтим йўқ”, - дедим. Бу гапимдан аччиқланган тоғам сигиримни дўстларимга тайинлаб топшириб мени мажбур уйга олиб кетди. Уйда дадамнинг онаси Фотима энам кутиб турган экан. Тоғам билан энам ва акам иккимиз юк машинасининг аравасига чиқиб жўнаб кетдик. Энам менинг бошимни силаб нуқул йиғлар эди. Буни қаранки, бизлар етиб борганимизда, бечора онам оламдан ўтиб бўлган эканлар. Бизни онам ётган уйга олиб киришди.
Шунда акам соғиниб кетган эканми кўрпага ўраб қўйилган онамнинг жасади устига ётиб уни қучоқлаб олди. Мен боргани қўрқдим. Жанозадан аввал онамни кафанлашиб тобудга солишгач, тобуд атрофида тоғаларим, холаларим, эналарим «айтиб» йиғлай бошладилар. Бир маҳал бундай қарасам қиморбоз тоғам оқ қанд еяпти, ие, нега ҳамма йиғлаётганда тоғам қанд еяпти экан, дея ажабландим. Адашган эканман. «Қайғу аламдан юзлари махсидек бужмайган» тоғамнинг оғзида оқариб кўринган оқ қанд эмас, тишлари экан. Юқорида алоҳида таъкидлаганимдек, менинг шайтоним тез, ўзимни тутолмай елкаларимни силкитиб кула бошладим.
Холаларим йиғлашдан тўхтаб менга қахрли нигоҳ ташладилар. Катта холам кутилмаганда бармоқлари билан биқинимни бураб: нега кулаяпсан, тошбағир! Йиғла! – деди. Мен бўлса, йиғлаш ўрнига баттар кулдим. Энди билсам бекор кулган эканман, ўшанда. Ўша пайт бутун дунё одамлари жўр бўлиб қораласа ҳам, мени оқлагувчи, пора олмайдиган яккаю ёлғиз адвокатим, жафокаш, меҳрибон онамдан мангуга жудо бўлаётганимни билмаган эканман.
3. Дисседент
Мени мухолифатчи бўлишимга ёшликда чеккан жабру жафоларим, ноҳақ зулмлар сабаб бўлган. Акам иккимиз гарчанд бир ота, бир онадан дунёга келган бўлсакда, феъл-атвор жиҳатидан бутунлай бошқа-бошқа, қарама-қарши қутблар эдик. Акам жангари, меҳнаткаш бўлса, мен романтик эдим. Декабрнинг қор шамоли эсаётган совуқ кечалари қор учқуни тушармикан деб, соатлаб қоронғу осмонга тикилиб турардим. Қор ёғишини орзиқиб кутар эдим. Қор ёғаётган кечалар мен ухлай олмасдим.
Зулматда буралаб ёғаётган қор учқунларини деразадан кузатиш, энг завқли машғулот эди, мен учун. Айниқса, эрталаб турсанг дов-дарахтлар, уйларнинг томи, чорбоғлару далалар оппоқ қорга беланиб ётган бўлса!
Шундай қорли тонгларнинг бирида қор оғирлигини кўтараолмай эгилган дарахт шохларига ҳаяжон ичра ҳайрат билан боқиб «Эх-хе-ей!» деганимча кўчага чиқибман. Ариқ устидаги бетон кўпригимизнинг темир тўсиғи устидаги қорни тилим билан олиб емоқчи бўлдим. Бир пайт тилим темирга чип этиб ёпишиб қолса бўладими. Тилинг темирга ёпишиб қолса гапираолмай қоларкансан одам.
- А-а-а-а! - дейман нуқул.
Яхшиям денг, ташқарига чиққан ўгай онам мени кўриб қолибди.
- Вой, вой, ўлмасам, - деди у нима қилишини билмай эсанкираб. Кейин югириб уйдан чойнакда иссиқ сув олиб чиқдида, темирнинг тилим ёпишиб турган ерига қуйди. Мен «қопқондан» озод булдим.
Шундан кейин уйдагилар ўша воқеани эслаб узоқ вақт кулиб юришди. Мен айниқса, баҳорни яхши кўрардим. Омборхонамизнинг лойпахса томига чиқиб, кўм-кук баҳор осмонида ликкиллаб юқорилаётган варақларга, чорбоғларда гуллаган ўрикларга, томда хуштак чалаётган болаларга ва ҳавода умбалоқ ошаётган каптарларга термулиб ўтираверар эдим.
Бир куни ёз пайти ўша томда ўтиргандим, қўшнимизнинг ҳовлисида хотин-халаж овози эшитилиб қолди. Қарасам қўшнимизнинг хотини қизлари билан чойшаблардан қилинган тўрт бурчак тўсиқ ичида 16 ёшлардаги кичик қизини тоғорага қип-ялонғоч ҳолда ўтқизиб чўмилтиряпти. Мен бунақа порнаграфик томошани ҳаётимда илк бор кўришим эди. Вужудимда жунбушга келган нотаниш ғалати ҳиссиётдан ўзимни ноқулай сезиб томоғим қуриб кетди. Қилт этиб ютиндим. Мен бўйнимни чўзиб, яна томоша қилаётсам кутилмаганда акам чақириб қолди. Мен шундай томошани белига тепган акамдан норози булиб «оббо!» дея томдан тушдим.
- Юр молларга ўт ўриб келамиз, - деди акам қўлида уроқ билан велосипедни етаклар экан.
- Боягина ўт уриб келдикку. Яна борамизми? Иссиқни қара. Бошимиздан офтоб ўтиб кетади, - дедим мен. Акам ғазабдан кўзларини чақчайтириб остки жағини олдинга чиқарди.
- Ортиқчасини қуритиб томга босиб қўямиз. Қишда хашак сотиб олмаймиз, - деди у. Мен бормаслигимни айтдим. Шунда акам:
- Яшиликча юр деяпман сенга. Учгача санайман. Би-и-ир, икки-и-и…
Шу пайт уйдан дадам чиқиб қолди:
- Ҳа? - деди у акамга.
- Ўтга борамиз десам манавинингиз унамаяпти, - деди акам.
Бу гапдан кейин дадам менга қовоқ ўйиб қараб турдида, акамга деди:
- Гапинга кирмаса, ётқизволиб қорнига теп.
Менинг акам билан жўнашдан бошқа чорам қолмади. Иссиқда ўт ўргани Қорадарёга жўнадик. Биз Қорадарё соҳилига баланд жарлар аро «сувот» деб аталган тик нишабликдан тушиб бордик. Бу нишабликдан тушиш қийин эмас. Қайтиб чиқиш ит азоби. Биз шолипояларнинг пушталарида ўсган курмакларни ўришга киришдик. Акам ўради, мен ўрилган ўтларни ташиб тўплайман. Ниҳоят ўтларни арқонга боғлай бошладик. Ихчам қилиб боғланган ўтлар тайёр бўлгач боғламаларнинг бирини елкасига олмоқчи бўларкан, акам менга бақирди:
- Нега қараб турибсан, ёрдамлаш!
Мен ўт боғламини кўтаришда акамга кўмаклашдим. Акам боғламни кўтаришга кўтарди-ю, юк оғирлигидан мувозанатни йўқотиб, ёнбош-ёнбош бўлиб балчиққа қулади. Мен акамнинг балчиққа беланган афти ангорини кўриб, кулиб юбордим.
Акам бўлса ғазабланиб:
- Нимага куляпсан? Бувингни фалондакасига куляпсанми-а? Эй, - дея ердан ярим килоча келадиган тошни олди. Қарасам вазият жиддий. Мен қоча бошладим. Акам яна бақира кетди:
- Тўхта! Тўхта, деяпман сенга, яхшиликча бу ёққа кел, бола.
Мен тўхтаб йиглай бошладим:
- Борсам, урасанда…
Шу маҳал акам «Ур, Хамзани!», дея қўлидаги тошни бор кучи билан менга отди. Ярим килодан мўлроқ келадиган ҳалиги тош «гуп!» этиб, менинг белимга тегди. Мен: «ахх!» дея, белимни ушлаб азобдан буришган юзим билан осмонга қараб инградим. Нафасим чиқмай қолди. Акам булса:
- Баҳона қилма, ифлос, ҳозир ўроқ билан калангни олиб қўяман, бу ёққа кел, - деди.
Мен қўрқиб қисқа-қисқа нафас олганимча белимни пайпаслаб, йиғлаб акамнинг олдига келдим. Биз бир нарса қилиб ўт боғламларини ялангликка олиб чиқиб велосипедга юкладик.
Сувот деб аталган қияликдан юқорига кўтарилгунча бир ёқлик бўлиб қолдик.
Ўз яқинларимдан кўрган, кўп жабру зулмлар менинг юрагимда ноҳақликка, зўравонликка нисбатан нафрат уйғотди.
Гарчанд ўша пайтларда акамнинг ёш эканини, дадамнинг тарбия усули ўшандай бўлганини ҳисобга олиб, уларни аллақачон кечириб юборган бўлсамда, улғайгач золимлар билан курашиб, мазлумларни ҳимоя қилиш одатимга айланди.
4. Шоирнинг ўлими
Менинг бадиий адабиётга қизиқишим жуда эрта бошланган. Ўша пайтлари кўчамизда Олимжон Матмуродов деган шоир яшарди. Озғин, бўйи пастдек, сочларини ўстириб елкасига тушириб юргувчи, Сталинча мўйлов қўйган, қўй кўз бу кимса ҳазил-ҳузулни, шароб ичишни яхши кўрар, гўзал лирик шеърлар ёзар, ёзган шеърлари, чизган масхара расмлари туман газетасида пайдар-пай босилиб турар, менинг бу ноанъанавий ҳаёт кечиргувчи одамга ҳавасим келарди.
Асфальт ёткизилмаган кўчамиз ёмғир ёғса, тизза бўйи лой бўлиб кетар, катталар йўл четларидаги тошдан-тошга сакраб ўтишар, баъзи ёш яланг ёғоч оёқда шолипоядан бақа излаётган лайлаклардай юриб ўтишарди.
Колхоз раиси ва бошқа мутасаддилар бу ҳолатга панжа орасидан қараб келаётган, бир пайтда «Муштум» журналида Олимжон Матмуродовнинг «Сувонқул сувоқчи» номли мақоласи чиқди. Ўшанда шоир биринчи рекламага асос солиб:
- Кимнинг уйини суваш керак бўлса, менга мурожаат қилсин. Ёмғир ёққанда кўчамизга сомон ташласак йўловчилар ёрдами билан хаш-паш дегунча, сомонли лой тайёр булади. Уйларингизни сифатли сувоқдан чиқариб берамиз. Ҳурмат билан Сувонқул Сувоқчи, - дея ёзган эди.
Шу мақоладан кейин кўчамизга шагал тўка бошладилар. Энг қизиғи, мақола ёзган Олимжон Матмуродовнинг уйи рўпарасига атайлаб шағал тўкишмади. Табиийки, шоир ўз норозилигини намойиш қилди.
Шунда Қоравой ака деган қурилиш бригадири тош билан уриб, Олимжон Матмуродовнинг бошини ёриб қўйди. Лекин шоир барибир ўз танлаган йўлидан қайтмади. Калами билан ноҳақликларга қарши курашаверди. Охири уни пичоқлаб қуйишди. Маҳалламиздан чиққан бир ўжар шоир шу тариқа касалхонада оламдан ўтди.
Мен «Андижон воқеалари»дан бироз олдин, Қорадарёга бориб баланд жарликлар устида турганимча, дарё соҳилида узун чўпак билан юзлаб ўрдакларни ҳайдаб юрган Баҳодирни - шоир Олимжон Матмуродовнинг ўғлини кўрдим. Киприкка қўниб, эриб кетган қор заррасидай қисқа, лекин, гўзал умр кечирган шоирни ёлғиз қолган кезларим бот-бот эслайман. Шоирлик дарди, золимлар кўзига тик қараш касали менга ўша Олимжон Матмуродовдан юққан бўлса не ажаб…
Бишкек, 2006 йил, декабр
(Давоми бор)