Журнал Ҳаракат №5 (62) 2006. Кечагина ўтган кунларимиз
«Ҳаракат» Ахборот Агентлигининг янгиликлар тасмасидан -2
Манба: www.harakat.net Cентябрь - Октябрь, 2006 йил (Давоми. Бошланиши бундан авалги мақолада) 1 октябрь: Абдураҳим Пўлат ва Крег Маррей Америкада конференцияда учрашдилар 28 сентябрь – 1 октябрь кунлари АҚШдаги Мичиган Университетида (Мичиган штати, Анн Арбор шаҳри) Марказий Евросиё Тадқиқотлари Жамиятининг йиллик 7-чи конференцияси бўлиб ўтди. Бу йилги конференция асосан Кавказ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Шарқий Туркистондаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний вазият, бу соҳаларга оид тарихий воқеаларнинг анализи, келажакка назар ташлаш каби масалаларга бағишланди. Бу тадбирга, америкалик олимлардан ташқари, МДҲ мамлакатларидан келиб АҚШнинг турли университетларида магистрлик ёки докторлик диссертациялари устида ишлаётган тадқиқотчилар ҳамда МДҲ. Англия, Франция, Япония, Корея, Монголиядан келган илм одамлари иштирок этдилар. Конференция турли секциялар шаклида иш олиб борди, аммо ҳар куни кечқурун бир умумий мажлис ўтказилиб, унда таниқли олим ёки сиёсатчининг доклади тингланди. Масалан, 30 сентябрдаги шундай ялпи мажлисда Буюкбританиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крег Маррей “Ўзбекистон ва Марказий Осиёда озодликка таҳдидлар” мавзусида нутқ сўзлади. Бу ерга махсус Крег Маррей билан танишиш учун келган “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат бошқа бир қатор илм одамлари билан ҳам мулоқотда бўлди. “Мақсадим фақатгина жаноб Маррей билан танишиш эмасди, - дейди Абдураҳим Пўлат. – У шу кунда етарлича популяр киши. Бунинг устига, Ўзбекистондаги вазиятни ҳам яхши билади. Ғарб мамлакатларида эса, ўзбек мухолифатига эътибор биз истаган даражада эмас. Менинг асосий мақсадим – жаноб Маррейдан Ғарбда бизга бўлган муносабатни ўзгартиришда ёрдам сўраш ва ҳатто мухолифат ичидаги муносабатларни мувофиқлаштиришда ҳам иштирок этишга жалб қилиш эди. Ўйлайманки, шу маънода, учрашувимиз жуда фойдали бўлди. Биз бу умумий масалалардан ташқари жуда конкрет масалаларни ҳам муҳокама қилдик. Булардан энг муҳими – келаётган пркзидентлик сайловлари арафасида мухолифатни бирлаштириш. Жаноб Маррей бу масалада ҳам қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилажагини билдирди. Менинг тушунишимча, у мухолиф гуруҳлар орасида принципиал фарқлар борлигини, уларни осонликча ҳатлаб ўтиб бўлмаслигини фарқ эта бошлади. Мен лидерлар орасида рақобат табиий эканлигини, бундай рақобат Ғарбда ҳам ҳар қадамда учрашини айтиб, энг муҳими лидерларда маъсулият бўлиши кераклигини таъкидладим. Хуллас, муаммолар устида биргаликда ишлашга келишдик”. 3 октябрь: Навбат Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғлидан Самад Муроднинг жиянига Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Ипак йўли қўргонида яшовчи Хўжамқуловлар хонадони саросимада қолди. Бугун хонадон фарзанди Икром Қарши туман ИИБ майори Нурулла (?), катта лейтенант Ўткир Бозоров, маҳалла посбони Шавкат Тўраев ва бошқалар томонидан қаттиқ калтакланиб, уйига оғир аҳволда келтириб ташланди. Хонадон соҳибаси Зулхумор опанинг айтишича, Икромни мелисалар дўконда савдо қилиб ўтирган чоғида ИИБга олиб кетишган ва изоляторга қамаб қўйишган. Бироқ бу ҳодисанинг нима сабабдан содир бўлаётганини ҳеч ким билмайди. Икром "Эрк" демократик партияси раиси Самад Муроднинг опасини ўгли. На сиёсий, на ижтимоий соҳада фаол бўлган бу йигитнинг қилмиши не, бу ҳакда ИИБ маъмурияти изоҳ бермаётир. Самад Мурод эса бундай кўз қўрқитарлар, қариндошлар билан шантаж қилиш ҳуқуқни мухофаза қилиш идораларининг доимий одати эканини айтмоқда. Бирлик" фаоли 6 йилга озодликдан маҳрум этилди Бугун, 5 октябрда жиззахлик мухбирларимиздан яна бир совуқ хабар олдик. Куни кеча тергов изоляторидан суд залига келтирилган "Бирлик" фаоли, журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг иши ҳарбий дала судларига хос зудлик билан кўрилиб, судья Шуҳрат Худойбердиев томонидан уни олти йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқилган. Амалдаги Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбланган мухолифатчига прокурор саккиз йил қамоқ жазосини сўраган эди. Ўзбекистоннинг “одил” суди эса уни бор-йўғи 6 йилга ҳукм қилди. Бу ишда ягона жабрланувчи Раҳима Абдуллаеванинг суд мобайнида Улуғбекнинг фойдасига кўрсатма бергани, суддан унга берилажак жазони енгиллаштиришни сўраганини ёзишмоқда. Мухбирларимизнинг бу хусусдаги сўровларига жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди маъмурияти воқеанинг бундай бўлмаганини айтиб, жавоб берди. Улуғбекнинг адвокати Ғиёс Номозов билан эса, боғланишнинг имкони бўлмади. Ҳозирда маълум бўлишича, Улуғбекнинг ўзи, авваллари ҳам бошқалар билан бўлгани каби (масалан, Дадахон Ҳасан, Ҳамдам Сулаймон ва бошқаларнинг судлов жараёнини эсланг) судда кузатувчиларнинг иштирок этишини хоҳламаган. 6 октябрь: ЕХҲТ Варшавада инсон ҳуқуқлари бўйича йиғилиш ўтказмоқда Шу кунларда Польшанинг пойтахтида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти анъанавий йиллик мажлис ўтказмоқда. Унда бу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирликлари ва инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари қатнашмоқдалар. Ўзбекистондан келган расмий вакиллар – Ташқи ишлар вазирлигидан Азиз Алиев, Инсон ҳуқуқлари марказидан Лариса Кашинская. Ноҳукумат ташкилотлардан – Васила Иноят (“Эзгулик” жамияти, “Бирлик” Партияси), Тамара Чикунова (Оналар ўлимга қарши комитети), Суҳроб Исмоилов ва Дилобар Худайберганова (Веритас жамияти). Ҳукумат хўжа кўрсинга тузиб қуйган қандайдир ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг вакиллари ҳам бор. Чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлган яна бир қатор ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам бугун-эрта бу ерга келиб, йиғилишга қатнашишлари кутилмоқда. Йиғилиш турли масалаларга бағишланган секциялар шаклида ишлар экан, уларда асосан ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари тингланмоқда. Масалан, кеча эрталабги секция инсон ҳуқуқлари топталаётган мамлакатларда судларнинг аҳволига бағишланган бўлса, тушдан кейинги секция қийноқлар масаласига бағишланди. Бу иккала секцияда ҳам номлари тилга олинган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари фаол қатнашдилар. “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг яқинда АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида қилган “Мухолифат тарқоқ, лекин ҳаракатда, Ғарб эса ёрдамга шошилмаяпти” номли мақоласи инглиз ва рус тилларида йиғилиш қатнашчиларига тарқатилди. 7 октябрь: Ҳа, сотқинлик бор ерда қуллик бор “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат тарафидан тез-тез қайтарадиган Жавахарлал Нерунинг бу сўзлари қанчалик тўғри эканлигини бугун чечен халқи мисолида кўриш мумкин. Интерфакс агентлиги тарқатган хабарга кўра, чечен ватанпарварлари Жохарқалъа деб аташадиган Чеченистон пойтахти Грознийнинг бош майдонига бугун тўпланган 60 минг ёш чечен Россия президенти Влдаимир Путиннинг туғилган куни муносабати билан оммавий шаклда Россия гимнини айтиб, дунё рекорди ўрнатибди ва Путинни учинчи муддатга президентликка сайланишга чақирибди. Мустқаллик учун Жохар Дудаев ва Арслон Масхадовлар бошчилигида курашга чиқиб, дунёни лол қолдирган ва қаҳрамонлик символига айланган чеченларнинг авлодлари нима ҳолга тушганини кўринг. Улар қулликларини дунёга кўз-кўз қилиб рекордлар ўрнатмоқдалар. Ҳамма нарса имом Аҳмад Қодировнинг сотқинлиги билан бошланганди. Бугун у Россия қаҳрамони, халқ эса - ўз қуллигини мадҳ қилиш даражасига етиб келган манқуртлар тўдаси. 11 октябрь: Абдураҳим Пўлат: Кураш қурбонсиз бўлмайди, аммо Баҳром қурбон эмас “Ҳаракат” журналининг Россиядаги вакили Бахром Ҳамроевни кўпчилик таниса керак. Россиядаги демократик доиралар уни нафақат журналнинг, балки “Бирлик”нинг у ердаги вакили сифатида ҳам кўришади. Норасмий доираларда масаланинг расмий тарафи, яъни Бахром Россия фуқароси сифатида Ўзбекистондаги партиянинг вакили бўлолмаслигига кўз юмилади. Бу табиий нарса. Аммо, масала расмий савияга келиши биланоқ, бундай нарсалар асосий нуқтага айланади. Яқинда Баҳром “Бирлик” Партиясидаги аъзолигини тўхтатиши ҳақида гап-сўзлар ўртага чиққач, биз дарҳол масалага расмий ёндошиб, бу каби спекуляцияларни тўхтатишга эришгандик. Шу кунларда туркманларнинг қандайдир бир сайтида яна Баҳромнинг номи аралашган баёнотлар чиққани маълум бўлди. Менга мурожаат қилган бир қатор сафдошларимиз, Бахром диний партия ва ҳаракатлар билан бирлашиш ғоясини анчадан бери олға суришга интилаётганини айтиб, “Ҳизб-ут-Таҳрир”чилар билан ўралашиб қолгани сабабли, у билан алоқаларни тезда узишни истадилар. Мен бу масалада бироз бошқача фикрдаман. Бахром узоқ замондан бери сафдошимиз. Тўғри, бу курашда ҳар доим қурбонлар бўлган. Шовруқ Рўзимуродов каби дўстларимизнинг ваҳшийларча ўлдирилиши, бир қатор сафдошларимизнинг Каримов томонига ўтиб кетиши ва бошқалар. Бахром диний фанатиклар тарафдори бўлиб қолса, бу ҳам биз учун йўқотиш, аммо, ҳар бир дўстимизнинг тақдири учун охиригача курашишимиз керак, биз уни дарҳол қурбонлар рўйхатига қўшмаймиз. Шу мақсадда, мен бугун Бахром билан телефонда гаплашдим. Унинг “курашни Ўзбекистон ичидан қўшни давлатларга ўтказиш” хусусидаги таклифи ўта мантиқсиз эканлиги, диний партия ва ҳаракаталр билан бирлашиш таклифи эса, ҳозир “Ҳизб-ут-Таҳрир”дан бошқа уюшган диний гуруҳнинг ўзи йўқ бўлганлиги сабабли, бундан ҳам ўта мантиқсиз эканлигини билдириб, бу масалаларда ундан изоҳ талаб қилдим. “Бирлик” демократик партия сифатида сайловлар йўли билангина ҳокимиятга келишни ўйлар экан, Бахром бунга альтернатив қандай йўл кўраётганини сўрадим. Маълум бўлишича, Бахром бундай гапларни гапирмаган, туркман журналисти унинг фикрларини хато тарқатган. Шундай бўлса ҳам, мен Бахромдан унинг ўзи қайси диний партия ва ҳаракатлар билан бирлашишни ўйлаётгани ва Ўзбекистондаги бир демократик партиянинг келажакдаги йўли қандай бўлиши кераклиги хусусида фикрларини сўрадим. У бу каби саволларга ҳозир жавоб беришга тайёр эмас эканлиги айтганидан кейин, шундай келишдик. Табиий эркакчасига келишдик. У бир муддат ичида бу масалалардаги фикрларини мақола сифатида “Ҳаракат” журнали учун тайёрлайди. Агар у шу каби сиёсий мақолалари билан етуклигини кўрсатолса, биз уни “Ҳаракат” журналининг Таҳририятига киритиш учун иш бошлаймиз. Акс ҳолда, у авваллари каби, сафдошимиз сифатида, журнални Москва орқали транспартирвка қилиш бўйича Россидаги вакилимиз бўлиб қолаверади. Шу билан бир қаторда, вақти келганидан фойдаланиб, “Ҳизб-ут-Таҳрир” хусусида гаплашдик. Мен 5 йил Туркияда яшаб, бу партия тарафдоралри билан жуда кўп гаплашганим ва бахслашганим туфайли, бу йўналишда тажрибали эканлигимни алоҳида таъкидламоқчиман. Англияда партия эмас, оддий бир NGO, яъни ноҳукумат ташкилот сифатида рўйхатга олинган “Ҳизб-ут-Таҳрир”нинг ҳалифат қуриш ғояси утопик бўлгани учун, уни тортишиб ўтириш ҳам бефойда. Бу ташкилотнинг исломий давлат қуриш ғояси эса, унинг асосчилари замонавий давлатчиликнинг асосларидан жуда узоқда эканлигини кўрсатади, халос. Давлат нима ўзи? Давлат, энг содда шаклда гаплашадиган бўлсак, бу ҳудуд (территория), унда яшаётган аҳоли (нуфус) ва давлат системасидан (жамиятни бошқариш воситаларидан) иборатдир. Давлат системасини, яъни бошқариш воситаларини диний қилишга интилиш, транспорт аоситаси бўлмиш автомобилларни ёки алоқа воситаси бўлмиш телефонларни динийлаштирамиз дейиш каби ножиддий нарсадир. Аммо, шу ножиддий ишга жиддий шкалда белини боғлаганлар етарлича бор. Аслида, бундай ножиддийлик элементлари фақат мусулмонларга хос эмас. Бор йўғи бундан бир неча юз йил аввал насроний инквизиторлар “ер ўз ўқи атрофида айланади” деган одамларни оловда ёқишгача боришган, чунки ернинг ўз ўқи атрофида айланишини тан олишмаган. Ҳизбутаҳрирчилар ернинг ўз ўқи атрофида айланишини тан олишса керак-ку, давлат диний бўлолмаслигини тушунишмаяпти. Насронийлар ўз тарихларининг бу ножиддий, аммо фожеали саҳифасидан ўтиб олганлари каби, биз мусулмонлар ҳам бу фожеали кунлардан ўтиб оламиз, давлат диний бўлолмаслигини ҳамма тушуниб етадиган кун ҳам келади. Минг афсуски, қурбонлар бўлади. Аммо, ўйлайманки, Бахром у қаторга кирмайди, биз билан қолади. Германия Бундестагининг ҳайъати Тошкентда ўзбек демократлари билан учрашди Кеча Гермения элчихонаси биносида, шу кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган немис Бундестаги аъзоларидан иборат делегация бир гуруҳ демократик мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашди. Учрашувда Васила Иноятова - “Эзгулик” жамиятининг раиси ва “Бирлик” Партиясининг Бош котиби, Тошпўлат Йўлдошев - мустақил сиёсатшунос, Суръат Икромов, Турғун Аъзамов ва Елена Урлаевалар – ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида қатнашишди. Учрашувда Хьюман Райтс Вотчнинг Ўзбекистондаги вакили Андреа Берг ҳам иштирок этди. Германия делегацияси раҳбари Andrea Kerstges авваломбор йиғилганлардан мамлакатдаги вазият, мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг аҳволи ҳақида фикр билдиришларини сўради. Суръат Икромов ҳукук ҳимоячилари, журналистлар ва оддий мусулмонларга нисбатан сохта айбномалар билан узоқ муддатга қамашлар авжга чиққани, суд органлари қонунга эмас, балки юқоридан бериладиган кўрсатмаларга асосланиб иш юритишлари ҳақида гапириб, Германия ҳукумати Каримов режимини қўллаб қувватлаётганлигидан норози эканини билдирди. Тошпўлат Йўлдошев ўзининг дипломатик табиатидан келиб чиқиб бўлса керак, Германия ўзининг Ўзбекистон билан алоқаларини яқинлаштиргач, инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотларга ҳам аҳамият беражагига умид билдирди ва умумий гаплар айтиш билан чекланди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Урлаева ва Турғуновлар ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан ўзларига нисбатан бўлаётган босимлар ҳақида гапириб, немис делегация раҳбаридан, буларни Германия раҳбариятига етказишни илтимос қилдилар. Васила Иноятова чет эллик муҳмонларнинг диққатнинг демократик мухолифатнинг аҳволига қаратишга ҳаракат қилди. У «Бирлик» Партияси раҳбарларидан бири сифатида партиянинг давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлиги билан олиб борилаётган ҳуқуқий майдондаги кураш, 2004 йилги парламент сайловларида иштирок этиш учун қилинган уринишлар, Андижон воқеаларидан кейин мухолифат партияларининг аҳволи ҳақида тафсилотли маълумотлар берди. Бир қатор “Бирлик” Партияси фаоллари ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларининг турли муддатларга қамалиши, Америка ва ва бошқа Ғарб давлатлари айтилган масалаларда демократларни қўллаб-қувватлаш учун етарлича ғайрат кўрсатмаганларини ифода этди. Лекин олдинда Ўзбекистон президенти сайлови бор, деди у. Бу сайловда “Бирлик” Партияси ўз номзодини кўрсатмоқчи, аммо, асосий мақсадимиз, бу масалада мухолифатнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишини таъминлаш. АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари, хусусан,Германия Федератив Республикаси Ўзбекистонда демократиянинг ривожланиши ва фуқаровий жамият қурилишини истасалар, бундан манфаатдор бўлсалар, улар Ўзбекистон ҳукуматининг ислом экстремизмини реалликдан ортиқча бўрттириб кўрсатишларига эътиборни камайтириб, ўзбек демократлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини қўллаб қувватлашлари лозим. Чунки, уларнинг кучи билангина Ўзекистонда демократик давлат қурилади. “Бирлик” фаоли Германия ҳукумати нималар қила олиши мумкинлиги тўғрисида ҳам тўхтаб ўтди. Делегация раҳбаридан ташқари, унинг аъзолари Burkhardt Muller-Sonksen, Volker Beck уч кун давомида Ўзбекистонда ўтказган учрашувлари ҳақида ўз таассуротларини гапириб, ҳукумат идораларининг фикрлари билан бир қаторда, ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакилларининг фикрларини ҳам Германия раҳбариятига етказажакларини билдиришди. Улар Ўзбекистонда демократик жамият қурилишига ёрдам бериш учун Германия имкон доирасида қилиниши мумкин қадамларни қилаётгани, Германия ҳукумати демократик ташкилот вакиллари, мухолифат аъзолари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳар томонлама қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини билдирдилар. Маълум бўлишича, бу учрашувга Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳтиёр Ҳамраев ҳам таклиф қилинган, аммо, кеча сайтимизда хабар берилганидек, у бу учрашувда қатнашишдан воз кечган. Унинг бу қадами хатодир, дейди мухбиримиз. Бундай демаршлар билан Германиядек бир мамлакатнинг ташқи сиёсатини ўзгартириб бўлмайди.Ҳақиқий курашчилар ҳар қандай шароитда бор имкониятлардан самарали фойданишга интила беришлари керак. 15 октябрь: Туркияда таҳорат суви жанжали Туркияда мактабларда ўқитиладиган “Дин маданияти ва аҳлоқ” китобининг бу ўқув йили учун чиқарилган нашрида “Таҳорат суви инсон қонидаги қизил ҳужайраларни кўпайтиради” деб ёзилиши катта жанжалга сабаб бўлди. Ёзувлар қандайдир бир немис олимига асосланиб берилаётгани китобда айтилган бўлса ҳам, буни хурофотчилик деб баҳолаганлар кўп бўлди. Аввал журналистлар Туркия Маориф вазири Ҳусайин Челикка “ёпишдилар”. Вазир бу айбномалар туркча китоб ёзганларга эмас, немис олимига тегишли эканлигини рўкач қилиб, ўз вазирлигини оқлашга интилди. У ҳатто “олим буни исботлаган бўлса, бизда нима айб” каби сўзлар ҳам айтди. Кейин саволлар Бош вазир Эрдўғанга берилди. У ҳам бу иддаонинг илмга асослангани айтиб, “Немис олимининг бу сўзлари ёзилган китобини (немис олимининг асл китоби назарда тутилмоқда, туркча дарслик эмас. – “Ҳаракат”) ўзингиз кўрдингизми?” деган саволига “ҳа” деб жавоб ҳам берди. Аммо, кейинчалик, немис олимининг сўзлари бошқача эканлиги маълум бўлди. Туркиянинг Бош вазири билан Маориф вазири қанчалик шарманда бўлганларини гапириб ўтириш ортиқча. Ниҳоят, Туркия вазири танқидчиларга таслим бўлди ва бу сўзлар жиддий дарс китобига қандай тушиб қолганини ўрганиш учун текшириш бошлатганини эълон қилди. Худога ишонган одам, илоҳий кучга ҳам ишонади. Бу кучнинг бор йўқлигини исбот ҳам қилиб бўлмайди, инкор қилиб ҳам. Унга фақат ишонилади. Аммо, таҳорат сувининг қудрати ҳақидаги иддао биринчи марта илоҳий кучнинг борлигини исботи бўлган бўларди. Шундай жиддий масалада “қовун туширганлар” - исломчилар партияси ҳисобланадиган ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясига оид одамлар бўлгани сабабли, бу жанжал исломий ва дунёвий давлат тарфдорлари ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган жангни яна оловлантирди. 20 октябрь: Гулнора Каримова мухолифатчининг қўшиғини куйламоқда, аммо ўзи буни билармикан? Бундан бироз муқаддам Ўзбекистон телерадиокомпанияси ТВ-Марказ канали орқали беармон эфирга берилган Гугуша (Гулнора Каримова)нинг "Мени эсла..." қўшиғи матни таниқли мухолифатчи, «Бирлик»чи шоир Ёдгор Обид қаламига мансублигини кўпчилик билмаса керак. Мазкур қўшиқ илк бор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова томонидан ижро этилиб, режиссёр Али Ҳамроевнинг "Водиллик келин" кинофильмига ҳам тушган. Лирик, ўйноқи оҳангдаги мазкур сатрлар президент қизи тилида бироз жозибасини йўқотгандек бўлди. Гарчанд, маҳаллий ТВ хитпарадлар мазкур ижрони ойнинг, йилнинг энг сара ашуласига чиқарган бўлса-да. Гулнора ижросидаги оҳангда бирмунча дағаллик, овознинг ўта пастлиги, овоз кўтариш техникаларидан ҳаддан ташқари ортиқча фойдаланганлик сезилиб қолган. Бироқ замонавий клипмейкерлик ютуқлари билан безатилган қўшиқ клипида ўзига хослик бор. Клипда қимматбахо бриллиант ва дурлар билан оро берилган Гулнора ярим яланғоч баданини оҳиста силайди. Саҳна узра эсаётган оҳиста шабада хонимнинг бўялган сочларини ўйнайди. ТВ-Марказ анъанасига кўра, қўшиқ айтилаётганда хонанда исми-шарифи, қўшиқ номи титрда пайдо бўлади. Аслида, бундай ҳолатда қўшиқ муаллифнинг номи ҳам кўрсатилиши керак, аммо кўрсатилмайди. Эхтимол, ТВ-Марказ мутасаддилари мазкур сатрлар муаллифи Каримов режимига исён қилган ҳурриятпарвар Ёдгор Обидлигини билмас. У ҳолда нечун муаллиф исми беркитилди, унга берилиши керак бўлган гонарарни ҳам Гулноранинг чўнтагида қолдириш учун эмасми? 24 октябрь: Швед газетасида “Бирлик” фаоллари билан суҳбат Кеча бу мамлакатда чиқадиган «Helsingborg dagblad/Landskrona posten» газетасида икки ўзбек мухолифатчиси билан катта суҳбат-мақола эълон қилинди. Газета ўз меҳмонларини “Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашда сиёсий саҳнага чиққан Пўлатжон Охунов ва Исмоил Дадажонов – “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари”, деб таништиради. Мақола Швецияда сиёсий қочқин мақоми билан яшаётган бу икки бирликчининг қисқа биографияларини беришдан бошланган. Газета ўз ўқувчиларини Исмоил Дадажоновнинг қандай қилиб қайта қуриш йиллари сиёсий фаолиятга қўшилгани, “Бирлик” Партиясининг раис ўринбосарлигигача кўтарилгани, 2004 йилдадаги парламент сайловларида депутатликка номзод бўлгани каби воқеалар билан бирга унинг оиласига оид бир қатор маълумотлар билан танишадилар. Пўлат Охунов комсомол фаоли сифатида Горбачев замонида СССР халқ депетати бўлиб сайлангани, машҳур Сахаров ва Ельцинлар тарафидан ташкил этилган Регионлараро депутатлар гуруҳига кирган биринчи ва ягона ўзбек бўлгани, шу вақтдан бери демократия курашчисига айланиб, бироз кейин “Бирлик”га қўшилгани айтилар экан, у ҳам 2004 йил сайловларида Ўзбекистон парламентига сайланиш учун ҳаракат қилгани билдирилади. Сиёсий қочқин мақоми билан Швецияда яшаётган бу икки ўзбек мухолифатчиси Ўзбекистонда демократиянинг ғалабаси учун курашларини ҳеч тўхтамасдан олиб бораётганларини таъкидлаган журналист, уларнинг яқинда Ўзбекистонга қайтиб 2007 йилда бўладиган президент сайловлари кампаниясига ўз партияларинг иштирокини таъминлаш ниятлари борлигини уларнинг ўз сўзлари билан маълум қилади. Суҳбат фақат сиёсий мавзу билан чекланиб қолмаган. Швеция журналисти ўз ўқувчиларини Ўзбекистон билан таништирар экан, бу мамлакатда пилла етиштириш ва ипакчилик ҳам кенг ривожланганини айтади, юз йилча аввал Швецияда ҳам бу соҳани ривожлантириш учун муваффақиятсиз уриниш бўлганини эслатади. Ўша пайтда бу мамлакатда ҳатто 150 минг дона тут кўчати ўтқазилгани ўзбек ўқувчилари учун ҳам қизиқдир. Шундан кейин Исмоил Дадажонов касби бўйича ипакчиликка яқинлигини айтиб, ҳозир Швецияда яшаётган бир неча ўн ўзбек қочоғи билан биргаликда пилла етиштиришдан бошлаб ипакчиликнининг бутун циклини бу мамлакатда замонавий имкониятлар доирасида яратишга ҳаракат қилиш мумкинлигини билдирган. Вақтдан фойдаланган журналист эса, Швециялик ишбиармонларга мурожаат қилиб, бу соҳа билан шуғулланиш, бунинг учун ўзбек қочқинлари ёрдамига суяниш хусусида таклиф киритган. 30 октябрь: Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Бирлик”нинг Марказий Кенгаш мажлиси ҳақида огоҳлантирилди Партия Бош котиби Васила Иноятнинг билдиришича, у буган Тошкент шаҳар ҳокимига ариза йўллаб, “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Адлия вазирлигининг партиянини рўйхатда олиш масаласи бўйича берган навбатдаги жавобини муҳокама қилиш учун шу йил 11 ноябрь куни йиғилиш ўтказажагини билдирган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону